Саналар
21.12.2024
Баннер
Мозийнинг қора саҳифалари
PDF Босма E-mail

Бугун кўпчилик тиббиёт ходимлари Марям Султонмуродова номини умуман эшитмаган бўлишлари мумкин. Чунки, у қатағон даври жабрдийдаларидан бири. Аслида Марям Султонмуродова Германияда ўқиган, Европа дипломини Ўзбекистонга олиб келган биринчи ҳамшира эди. Аммо унинг умри қатағон даври қамоқхоналарида, таъқибу тазйиқларда кечди. Марямхон 1905-йил Урганчдаги Чандирқиёт қишлоғида туғилган. Отаси Жуманиёз Султонмуродов Черников деган заводчи бойнинг Урганч шаҳридаги пахта тозалаш заводида ишларди.
Жуманиёз Султонмуродов 1916-йилдаги чор мустамлакачилигига қарши бўлиб ўтган халқ қўзғолонида фаол қатнашган. Феврал ва март ойларида генерал Галкиннинг Тошкентдан келган олти минг кишилик қўшини қўзғолонни аёвсиз бостиргач, кўпчилик қатори у ҳам қочишга мажбур бўлади. Қорақалпоқлар орасида ва Тошкентда муҳожирликда юрган Жуманиёз Султонмуродов 1916-20-йилларда Хива хони ва мустамлакачиларга қарши бўлган «Ёш хиваликлар» ҳаракатининг фаолларидан Полёзҳожи Юсупов, Бобоохун Салимовлар билан танишиб, улар билан бирга истибдодга қарши курашади. Ниҳоят 1920-йилнинг февралида «Ёш хиваликлар» большевиклар мададига таяниб, Хива хонлигини тугатадилар ва Хоразм Халқ Республикасини ташкил этишади. Янги ташкил топган бу Республиканинг муваққат ҳукумат раиси этиб эса ташкилотчи ва жасур инсон Жуманиёз Султонмуродов тайинланади.
Ана шундай фидойи инсоннинг қизи бўлган Марям ҳам тараққиётга интилиб яшарди. Отаси муҳожирликда юрган пайтларда Тўрткўл ва Тошкент мактабларида ўқиган Марям 1920-21-йилларда Оренбургга бориб, педагогика институтида таҳсил олади. 1922-йилда эса Германияда ўқиш имконияти пайдо бўлади ва  Марям ҳам кўпгина ёшлар қатори Германияга илм-фан сирларини ўрганиш учун кетади.
«Туркистон» газетасининг 1923-йил 29 июл сонидаги бир мақолада ёзилишича, Марям Султонмуродова Германияда ўз таъминоти ҳисобидан таҳсил олган. Яъни, ўша вақтдаги Хоразм Халқ Республикаси унинг учун пул ажратмаган. Олти йил давомида хорижда ўқиш Марямхонга осон кечмаган. Эртой тахаллусли ижодкорнинг «Туркистон» газетасининг 1924-йил 2 сентябр сонида эълон қилинган мақоласида бу тўғрида шундай ёзилади: «...Хивалик Марямхон моддий томондан яхши таъмин қилинмагани учун йўлларида кўп чатоқликлар кўрадир. Чиндан ҳаёт хотини бўлмоқ ва Туркистонда қолғон опа-сингилларимизнинг истиқболи учун ҳеч ким кўрсатмас қаҳрамонлик қилиб келган қимматлик қизимизга Хоразм жумҳуриятимизнинг шундай совуққонлик билан қарашиға Туркистон ёшлари таассуф этолмай туролмайдурлар».
Марямхон қийин шароитларда яшашига қарамай, 1922-26-йилларда Берлин ва Дармштат шаҳарларидаги ўқувчилар семинарийсида ўқиб билим олади. 1926-27-йилларда эса Берлин мактабларида амалий машғулотларни ўтайди. 1927-28-йилларда Берлиндаги профессор Финкельштейн номидаги касалхона қошида тиббий ҳамширалар тайёрлаш курсларида ўқийди.
1928-йилда ватанига қайтган Марям Султонмуродова Тошкентдаги кечки коммунистик университетда бўлим мудири, «Ёрқин турмуш» («Саодат») журналида адабий ходим бўлиб ишлайди. Қатор ҳикоя ва очерк¬лар ёзади, рус ва немис адабиётидан таржималар қилади.
Бироқ, хорижда олган билимларини ўз ватанида илму фан истиқболи учун йўналтиришни истаган Марямхоннинг қувонч ва орзу-умидлари узоққа бормади. 1937-йилнинг 13 сентябрида у аксилинқилобий фаолиятда айбланиб, Тошкент шаҳрида ҳибсга олинади. Марям Султонмуродовага Германияда таҳсил олган даврида «Озод Туркистон» деган жосуслик ташкилотига аъзо бўлганлик айби қўйилади. Бу пайтда Саттор Жаббор, Абдувоҳид Муродий, Хайринисо Мажидхонова сингари кўплаб хорижда таҳсил олиб қайтган ёшлар ҳам ҳибсга олинган, айримлари отиб ташланганди.
Марям Султонмуродова ҳибсга олинган вақтда ўттиз икки ёшда бўлиб, Пўлат исмли етти яшар ўғли ва Анор исмли эмизикли чақалоғи бор эди.

Ўн бешг йил қамоқда

1938-йилнинг 9 октябр куни Тошкент шаҳрида Олий суд ҳарбий ҳайъати сайёр сессиясининг ёпиқ суд мажлисида Марям Султонмуродовани жиноят процессуал мажмуасининг 14-54- ва 67-моддаси билан айблаш бўйича иш кўрилиб, мазкур мажмуанинг 128- ва 131-моддаларига биноан Мар¬ям Султонмуродова ўн йил қамоқ жазосига ҳукм этилади, беш йил муддатга сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилади.
Марямхон гўдакларини қайнонасига ташлаб, то 1947-йилнинг 13 сентябрига қадар Қозон, Суздаль қамоқхоналарида, кейин НКВДнинг Колимадаги Дальстрой лагерида жазони ўтайди.
Ниҳоят, муддатни ўтаб Хоразмга қайтган Марямхон ўз қишлоғида эндигина ишга киришганда, 1949-йилнинг 29 мартида яна ҳибсга олинади. Ўша вақтда Марям Султонмуродовани ҳибсга олиш ҳақидаги қарорда бундай дейилади: «М.Султонмуродова 1922-28 йилларда Германияда ўқишда бўлганида таниқли миллатчи, муҳожирлар йўлбошчиси Мустафо Чўқай ва Олимжон Идрисийлар томонидан тузилган ва раҳнамолик қилинган миллатчи жосуслар ташкилоти бўлмиш «Озод Туркистон» ташкилотининг аъзоси бўлган. 1927-йил М.Султонмуродова кейинчалик советларга қарши миллатчилик фаолияти учун ҳукм қилинган ва отиб ташланган Хайринисо Мажидхонова билан бирга Берлиндан Парижга борган ва у ерда ашаддий миллатчилар М.Чўқаев ва Аҳмад Нойимлар билан учрашган. Баён этилганларга асосланиб, Урганч райони Янгибозор қишлоқ шўросида ишлаб ва яшаб турган Марям Султонмуродова ҳибсга олинсин ва уйи тинтув қилинсин».
Хуллас, 1949-йилда ҳам унга яна эски айблар: «миллатчилар билан учрашганлик ва жосуслик» айби қўйилиб, 29 март куни қайтадан жиноий иш қўзғатилади. Натижада Марям Султонмуродова беш йилга озодликдан маҳрум этилиб, Красноярскдаги қамоқхонага жўнатилади.
Юрак хасталигига, пневмосклерозга йўлиққан шўрлик Марямхон шу тариқа яна беш йил ватани ва болалари дийдорига тўймай, маҳкумлик азобини тортади.
У 1957-йилнинг 10 майида бош прокурорга йўллаган хатида ўзига қўйилган айбларни асоссиз дея ҳисоблаб, уларни рад қилади:
«Мени айблашларича, гўё мен Берлинда бўлган вақтимда «Озод Туркистон» аксил-инқилобий жосуслик ташкилоти аъзоси бўлиб, шу ташкилотнинг топшириғи билан Германия фойдасига жосуслик ишлари олиб борган эмишман.
Мен ҳеч қачон бирорта аксилинқилобий ташкилотнинг аъзоси бўлган эмасман! «Озод Туркистон» деган ташкилотнинг борлигини мен биринчи бор тергов вақтидагина эшитдим.
Менинг билишимча, 1922-йил Бухоро ва Туркистон Жумҳуриятларидан олтмишга яқин киши Германияга ўқишга юборилган эди. Ўша йилнинг кузида Хоразм раҳбарлари қарори билан мен ҳам шу сафга қўшилдим. Менга энди бизнинг олдимизда Европа фан-техникасини қувиб етиш ва ўзиб кетиш вазифаси турганлигини айтишганларидан кейин мен у ерда ўқишга розилик берган эдим.
1922-йилдан то 1924-йил бошларигача Берлинда бўлдим, кейин Дармштатга ўқишга кетдим. Шунинг учун мен ўзимнинг талабаларимиз билан кам муносабатда бўлар ва кўплари билан шахсан таниш ҳам эмас эдим. Ўша вақтларда мазкур талабаларни «Туркистон талабалари жамияти» номли ҳам¬юртлар жамияти бирлаштириб туришини билардим. Бу юртдошлик мазмунидаги очиқ ташкилот бўлиб, унинг фаолияти давлатимизнинг воситачилиги билан боғланган эди. Кейинчалик бу уюшмани Германиядаги бутун Советлар Иттифоқи талабалари уюшмаси билан бирлаштирдилар. Бундан бошқа яна қандай талабалар уюшмаси бўлганлиги менга сира маълум эмас.
Мени Тошкентга келган вақтимда аллақандай Энгланц номли профессор орқали жосуслик ишларини олиб борганликда айбладилар. Бу туҳмат! Мен ҳеч қачон бундай одам билан таниш бўлмаганман. Шундай одамнинг борлигини ҳам биринчи бор терговчидан эшитдим.
Мен душманга қандай маълумот бердим ва у қандай амалга оширилди? Бундай айбнинг тасдиғи учун бирорта фактик далил ва гувоҳлар кўрсатилмади. Менга нисбатан сохта гувоҳлик берган одам билан эса юзма-юз қилишни рад этишди. Шунинг ўзи менга қўйилган айбнинг ёлғон ва сохталигини кўрсатиб турибди...»
Ҳа, гарчи у 1954-йил муддатни ўтаб қайтган бўлса-да, айби йўқлиги учун ўзидан «халқ душмани» тамғасининг олиб ташланишини истарди.
Ниҳоят, Марям Султонмуродованинг иши олий суд ҳарбий ҳайъатида полковник Лихачев томонидан кўриб чиқилиб, 1957-йил 2 августда унга қўйилган барча айблар бекор қилинди.

Таъқибу тазйиқларда кечган умр

Хорижда илм олиб қайтган, юртга фойдам тегсин, ўлкам истиқболига хизмат қилайин, деган аёлнинг ўн беш йиллик умри турма азобларида ўтди. Энди Маряхон ўз қишлоғида ҳамширалик қила бошлайди.
Бундай қараганда, у ўз қишлоғига қайтиб, тинчгина ҳамширалик қилгандек. Аммо Марям Султонмуродова қамоқхонадан озод этилган бўлса-да, таъқиблардан бутунлай эркин юролмасди.
У журналист ҳам бўлиб ишлагани учун ўша ситамли йилларда кечирган дардларини фақат қоғозгагина тўкиб солганди:
«Жоним азобда қолди. Юрагимни очиб сўзлайдиган кимсам йўқ. Қалбимни қоғозга тўкиб солмоқчиман. Шу ниятда қўлимга қалам олдим. Меним виждоним пок эди. Мен берилиб, виждон билан меҳнат қилардим. Аммо, ҳеч қачон жиноят қилмаган эсамда, мени яна қамоқхонага ташладилар. О, қанчалар азобда қолганимни билсалар эди...
1954-йилда яна юртимга қайтиб келдим ва Урганчнинг Қорамон қишлоғида ишлай бошладим. Бу ерда ҳам атрофимни ўшандай жоҳил одамлар қуршади ва менга аввалгидай азоб бериб, мазах қила бошлашди. Уларнинг баъзилари менинг тақдирим уларнинг қўлида эканини англатиб қўйишга уринса, бошқалари мен билан яқинлашишга, дўстлашишга ҳаракат қилишарди. Ўзларини яқин кўрсатиш учун ҳар хил гаплар қилишарди. Масалан, бир киши менинг сиёсат билан қизиқиш-қизиқмаслигим, газета ўқиш-ўқимаслигимни суриштирганларини сўзлади.
Суриштирса суриштираверишсин, менинг ҳеч қандай ёмон одамлар билан ошначилигим йўқ. Ҳокимиятга қарши бирор ёмонлик қилиш хаёлимга ҳам келмайди. Мен билан қизиқишса қизиқаверишсин. Бу уларнинг иши.
Аммо, барибир, алам қиларкан кишига. Одамлардан уяларкансан. Бу алпозда яшамоқ қанчалар оғир!
Менга болаликдан, виждонли инсон халқи ва давлати дардига малҳам бўлмоғи керак, деб ўргатишарди. У ўз ватанининг ижтимоий ҳаёти билан қизиқмоғи, ҳукуматнинг мақсади ва вазифалари нимадан иборатлигини билмоғи керак, дейишарди. Акс ҳолда, у юртининг ҳақиқий фуқароси бўлолмайди.
Матбуот - ижтимоий ҳаёт мактабидир!
Матбуот - кишиларни олға ундовчи байроқ!
Шундай экан, менинг нега газета ўқишим мумкин эмаслигини тушуна олмайман. Она юртида нима бўлаётганидан бехабар киши унга қандай хизмат қила олади, ўз халқига қандай фойда келтира олади?
Лекин шундай деб суриштираётган бўлишса, демак, ҳақиқатдан газета ўқимаслигим керакдур, дедим-да, уч йил мобайнида қўлимга газета ва журнал ушламадим. Лекин бундан сўнг ҳам менга ўша-ўша муносабатда бўлишгач, хато қилаётганимни, мени барибир ўз ҳолимга қўймасликларини англадим, бўлганича бўлар, деб қўл силтадим. Келаси 1960-йил учун кўпгина газета ва журналларга обуна бўлдим.
1957-йилда мени оқлашган. Мендан бахтли одам йўқ эди. Ахийри орзуим ушалди! О, менинг хурсанд бўлганларим...
Лекин афсус, кўп ўтмай ихлосим қайтди. Мен ҳамон назорат остида эканлигимни, шармисорлик тамғасининг юки ҳамон босиб ётганлигини англадим. Ўзлигингни пастга уришларини ҳис этишдан ортиқ алам йўқ оламда. О, бу қанчалар оғир!
Агарда менга юқоридан, масхаромуз қараётган мана шу кимсалар мендан яхшироқ ва мендан покроқ бўлишганда-ку, балки бу ҳолга чидардим. Лекин асло ундай эмас эди. Аксинча, уларнинг бири чайқовчилик, ичкиликбозлик, бузуқлик қиларди. Иккинчиси, бировнинг эрини тортиб олган, фарзандини отасиз қолдирган эди. Ўз юрти қонунларини ҳурмат қилмаган кимсани виждонли киши деб бўладими, унга ишониб бўладими? Виждон қонунини писанд қилмаган, бошқаларнинг кўз ёшларини оқизган кимсани инсон деб бўладими?
Ҳақиқий инсон ҳамма ерда: ҳаётда ҳам, ишда ҳам соф виждонли бўлмоғи даркор.
Ўзлари аслида чиркин табиатли, пасткаш одамлар мени қўрқитишар, осуда ҳаётимни заҳарлашга уринишарди. Бир куни ўша аёл гўё менга ачинган бўлиб, ўғлимни ишончлироқ жойга жойлаштиришни маслаҳат берди, «Ким билади, ҳали бошингизга не савдолар тушади», деди. Мен унга ўғлим ҳали ёш бола, менга бирор кори ҳол бўлишига ақлим бовар қилмайди, дедим-да, хотиржам ишлай бошладим. Шунда у истеҳзоли тиржайиб: «Жуда иродангиз кучли экан», - деди.
Ҳеч бўлмаса мана шу кимсалар мени тинч қўйишса эди, кўнглимга ғулу солишмаса эди. Йўқ, улар менга сира тинчлик беришмас, оловга мой қуйишарди. Менга ўзларини яқин кўрсатиб, ҳар нималарни очиқ гапирган бўлиб, қандай мақсадни кўзлашаяпти экан?
Мендан бирга ишлаган ҳамкасбларим ҳақида суриштирганида бир аёлнинг номини тилга олгандим. Орадан бир мунча вақт ўтгач у менга:
- Афсус, улар сизни тинч қўймайдиган кўринади, - деди.
Яқинда эса, орамиз бузилиб қолганда:
- Шуни билиб қўйингки, тақдирингиз менга жудаям боғлиқ! - деди зарда билан.
Ҳар кимса кайфиятига қараб мен билан ҳоҳлаганича гаплашиши мумкин экан-у, мен тилимни тийиб, индамаслигим керак...
Ҳамма вақт шундай. Ҳатто ҳамширалик мактабида ҳам бир киши бўлгувчи эди. Қаерга борсам рўпарамдан чиқаверарди. Наҳотки мен шунчалар хавфли жиноятчи бўлсам, наинки мени назорат қилиш учун бутун бошли штат белгиланса? Наҳотки шундай қилишга улар ҳақли бўлсалар? Давлат манфаати мени назорат остида тутишни талаб қилди дейлик, нега улар буни намойиш қиладилар? Нега энди мен буни билиб туришим керак? Ёки мени қўрқитишмоқчими? Нега? Агар менинг поклигимга заррача бўлсада ишончсизлик бўлса, мени оқламасликлари мумкин эди-ку?!
Мана шундай хаёллар мени қийнайди. Жоним азобда қолди.
Мен бутун умр виждон билан яшадим ва меҳнат қилдим. Ҳаётимда бир бор беихтиёр қоқилган бўлсам, наҳотки қайта-қайта йиқитиш, қайтиб қад ростлай олмайдиган қилиб ташлаш керак? Наҳотки менга қўл чўзиб тўғри йўлга бошлаш мумкин эмас? Наҳотки мени ҳам халқимизга хизмат қилиш учун барча қатори тўғри йўлга бошлаш мумкин эмас? Нега энди меним дилдираган қалбимни илиқ сўз билан, дўстона эътибор билан иситиш мумкин эмас?..»
Ҳа, совет давридаги мустамлакачилик йилларида Марям Султонмуродованинг умри ана шундай таъқиблар, тазйиқлар билан кечди. Хоразмнинг бу жафокаш қизи 1971-йилда оламдан ўтди.
Марям Султонмуродова қаламига мансуб кўплаб мақола ва очерклар, «Меҳр кўзда», «Кутилмаган бахт», «Қалбим нидоси», «Раҳмат десинлар», «Мажнунтол», «Карвонлар келганда», «Бетамиз йигит» сарлавҳали ҳикоялар бу аёлнинг юксак иқтидоридан дарак беради. Агарда Марям Султонмуродова ўн беш йил ноҳақ қатағон даври жабрини тортмаганида, бундан-да яхшироқ, бундан-да савияли асарлар битган бўлармиди...
Аммо шундай бўлса-да, Марям Султонмуродова илм-маърифат фидоийси, бардошли журналист, меҳрли ҳамшира сифатида юртдошлари қалбида мангу қолди.

Муаллиф: Умид БЕКМУҲАММАД

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин