Саналар
08.10.2024
Баннер
Асл мақсад истило эди...
PDF Босма E-mail

Чор Русиясининг Марказий Осиёни узоқ йиллар мустамлака кишанларида тутиб тургани тарихдан маълум. Уларнинг бу улкан ҳудудни ўз тасарруфларида тутиб туришларининг асл мақсади ўзлари даъво қилгандай Туркистон халқларига тараққиёт ва маданият олиб келиш эмас, мазлум халқни тинимсиз ишлатиш ҳисобига топилган бойликларни юртларига ташиб кетиш, кўп йиллар гуллаб-яшнаган ўлкани иложи борича талон-тарож қилиш эди. Бунга узоқдан дадил қидирмайлик-да, яхшиси мустамлакачиларнинг вакилларига ва кўзи очиқ мутафаккирларнинг сўзларига мурожаат қила қолайлик:
Бу халққа (ўрта осиёликлар — туркистонликларга) иложи борича, мумкин қадар кўпроқ пахта эктириш, уларни тинимсиз ишлашга мажбур этиш керак, токи бу халқнинг бошқа нарсаларни ўйлашга, сиёсий воқеаларни англаб етишга бир зум ҳам вақти, хоҳиши қолмасин... Амир исёнкорларидан бирортаси ҳам асир олинмасин, қулга тушганларнинг ҳаммаси, ҳаттоки ярадорлар ҳам отиб ташлансин!... Биз хон билан эмас, балки халқ билан тўқнашдик. Уни бостириш осон бўлмади, Руслар Ўрта Осиёда бундай (Қўқондагидек) узоқ ва қаттиқ қаршиликка дуч келмаган эдилар...
Улуғ рус подшоҳи бизга қўшни давлатларда хон ва халқ ўртасида низо чиқишига йўл қўймаслигига инончимиз комил...
Фон Кауфман, Туркистон генерал-губернатори.

Ўлкани (1860-70-йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистонни) руслар эгаллаганидан кейин аҳолининг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб ва оғирлашиб борди. Аҳолидан биз кўп нарсани талаб этмоқдамиз. Улардан солиқ йиғишда эса биз тобора юксакликка кўтарилмоқдамиз, лекин халққа нима қилдик? Тошкентда ва турли комиссияларда айтилган сўзлардан бошқа халқ хўжалиги учун биз ҳеч нарса қилмадик.
Ч. Раевский, чор Россияси амалдори.

Туркистон ўлкаси Россияга фойда келтириши мумкин бўлибгина қолмай, балки шундай қилишга мажбурдир. Бу фойдалар Россиянинг ўлкани истило қилиш давридаги ҳамда қурилиш ишларига кетган харажатларни қоплаши керак.
Россия империяси ҳарбий вазирлигининг 1906 йил март ойида граф Вите жаноблари номига йўллаган мактубидан.

Приставларнинг ҳокимлик суришлари шу даражага етдики, улар, ҳатто масжидларга қўнғироқ осиш ҳаракатида бўлдилар. Ўзларининг тўраликларини ва ҳукмдорликларини кўрсатмоқ учун намоз вақтида масжидга итлар билан кириб келдилар...
Туркистонда ишлатилмоқда бўлган ерларнинг 55 фоизи рус келгиндиларининг қўлига ўтди. Шундай қилиб, чор ҳукумати Туркистонда ерли халқларни эзишдан бошқа ҳеч бир иш кўрсатмади. Ўзининг кетинда (орқада) қолганлиги ва фойдалана олмаганлиги сабабли, чор ҳукуматининг энг бой бўлган тоғ маъданларини ишлатишга ҳеч кимга ихтиёр бўлмади...          
Турор Рисқулов, давлат ва жамоат арбоби.

Биз Туркистонга маданият олиб келдик, деб ўйлаймиз. Бўйсундирилган осиёликларга тинчлик ва осойишталик бердик, деб ўзимизни овутамиз. Аммо буларда (туркистонликларда) ҳам бир олий туйғу борки, бу миллат ва унинг миллий ифтихоридир. Мусулмонлар аҳволини тушунишимиз керак. Сиёсий ўлим (миллий давлатчиликнинг йўқотилиши) оғир, миллий ўлим эса ундан ҳам оғирроқдир. Бизнинг ҳукмронлигимизда улар худди шундай аҳволга тушдилар. Бас, шундай экан, ҳукмронлигимизга қарши ғалаёнлар рўй берса, ажабланишга ўрин йўқ. Шундай миллий манфаатлар борки, улар халқ оч ёки тўқлигидан қатъи назар, бир кунмас бир кун ўзини намоён этажак.
Н. Н. Веселовский, тарихчи.

Агар рус ҳукумати ўз даврида илм-фаннинг қанчадан-қанча яловбардорларини етказган шонли араб мадрасаларини мусулмон фуқаролари учун рус замонида қайта тиклаганларида эди, Ватан ва инсоният олдида буюк хизмат қилган бўларди...
Биз — туркий халқлар қадим-қадимдан Мармар денгизидан Хитой деворигача ёйилган йирик бир тарихий этнографик бирлик ўлароқ яшаб келдик, худди шундай яшамоғимиз керакдир...
Руслаштириш авжида, Идил-Волга бўйидаги татарлар орасидан бирор мансабдор у ёқда турсин, масжидга имом ҳам миссионер Н. Илминский рухсатисиз тайинланмайди. Туркистонда Остроумов тўра, Кавказнинг ҳам ўз тўралари (руслар)дан бошқасини миллат деб ҳисобламайдилар...
Исмоилбек Ғаспирали, буюк маърифатпарвар адиб.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин