Мулла ниқоби остида | ||||
1833 йили Оренбург ҳарбий губернатори В. А. Перовскийнинг топшириғи билан Оренбургдаги Неплюев ҳарбий билим юртида араб, форс, татар тиллари муаллими бўлиб ишлаётган Петр Иванович Демезон Бухорога юборилди. Бу одам асли италиялик бўлиб, Сардинияда туғилган эди. У Русияга қандоқ келиб қолгани номаълум бўлса-да, кейинчалик у рус фуқаролигини қабул қилган. Унинг Бухорога тўрт ойлик сафаридан мақсад «Ўрта Осиё вилоятларида содир бўлаётган ҳамма нарсалар ҳақида ишончли ва батафсил маълумотлар тўплаш» эди. Бу борада Петербургдаги чор ҳукуматининг Афғонистон ва Ҳиндистон орқали келаётган инглиз молларининг Ўрта Осиё бозорларида рақобатбардорлиги кучаяётганидан, умуман чет эл агентурасининг бу ердаги фаоллиги ортаётганидан ташвишга тушаётгани ҳам ана шу сафарга туртки бўлгани аниқ эди. (Б. Лунин, «История Узбекистана в источниках», Ташкент, 1990 г.). Бизнинг изоҳ: ҳозиргача ниқоби ва номини ўзгартирган, аммо мақсадлари эскича қолган яна қанчалаб демезонларнинг иркит қадами табаррук ерларимизни топташдан тўхтагани йўқ. |