Саналар
21.12.2024
Баннер
АҚШ президенти муфтийни кутганмиди
PDF Босма E-mail

Ўша вақтдаги АҚШнинг 28-президенти Томас Вудро Вильсон (1856-1924) большевикларга қарши кураш ташаббускори бўлиб, қад тиклаётган «ўрис айиғи» ни «бешиги»даёқ бўғиш ниятида эди. У АҚШ президенти сифатида эмас, «Нобель» мукофоти совриндори сифатида ҳам дунёда обрўси баланд бўлиб, большевикларга қарши курашчилар билан музокарага тайёр эди. Вильсон 1919 йил 18 январда Парижда бошланган тинчлик конференциясида большевикларга қарши курашаётган барча мухолифатчиларга махсус хат йўллаб, уларни Шаҳзода оролларига таклиф этганди. Олти оролдан иборат мазкур сўлим маскан Истанбулнинг ёнгинасида бўлиб, ғарб давлатлари раҳбарларининг бу ерга денгиз йўли билан етиб келиши кутилаётганди.
Вильсон мухолифатчилар билан кучларни бирлаштириб, большевикларга зарба бериш ва тугатишни Париж тинчлик конференцияси кун тартибидаги долзарб масалалардан бири этиб қўйганди. Шу боис, бу масалани Истанбул яқинидаги оролда бевосита мухолифатчилар билан муҳокама қилиш, вазиятни батафсил таҳлил қилишга тайёр эди. АҚШ президенти билан эса теран мулоҳазали, вазиятни беш қўлдай биладиган туркистонлик большевиклар мухолифатчиси музокара олиб бориши керак эди. Бундай инсон эса ўша вақтда Беҳбудий бўлиб, у Бокуга, ундан Истанбулга ўтиб, Шаҳзода оролларига етиб бориши ва биринчи жаҳон урушида ғолиб бўлган давлат раҳбарлари билан болшевизмга қарши кураш буйича музокарани бошлаши керак эди.

Муфтийни ким қўлга туширди

Бу пайтга келиб, Хива хонлиги ва Бухоро амирлигидан ташқари, Ўрта Осиёнинг катта қисмини забт этган большевиклар, хусусан, уларнинг айғоқчилик маҳкамаси—ВЧК" кенг тармоқ отиб улгурганди. ВЧК аксилайғоқчилик тармоғи орқали Версал конференциясида большевикларга қарши кураш масаласи муҳокама этилишидан, унда болшевикларнинг ичкаридаги мухолифатчилари иштирок этишидан бохабар бўлганди. Шундай экан, қайсики мухолиф киши ёки гуруҳнинг четга чиқиши қандайдир йўллар билан Версал конференциясига боришидан дарак берарди. Ўша вақтда Туркистон ичида «босмачилар»дан ташқари, бош мухолифат лидери, табиийки, муфтий Беҳбудий ҳазратлари бўлиб, унинг 1919 йил февралида Тошкентга келиб, вазият билан танишиб кетгани ҳам ВЧКга маълум бўлган.
Кўп ўтмай, Самарқандга қайтиб келган Беҳбудийнинг у ерда туркиялик Наим афанди билан учрашгани ҳақидаги хабар тезда уларга етиб боради. Бундай вазиятда эса кузатув остидаги Беҳбудий уйида кўринмай қолди. Шунинг ўзиёқ ён-атрофдан муфтийнинг дарагини излаш ишлари олиб борилишига сабаб бўлди. Тошкентдаги большевиклар ВЧКасига Русиянинг Бухородаги элчихонаси ходими Уткин, Беҳбудийнинг Бухорога келганини кўрган одамлар борлиги ҳақида хабар беради. Муфтийнинг яна бир мухолифи—амир Сайд Олимхондан уни тутишда фойдаланиш маъқуллиги эса тезда энг мақбул вариант сифатида танланади. Бундан олдинроқ большевиклар Беҳбудийнинг амир билан рақиблигини билиб, муфтийдан Олимхонни қулатишда фойдаланишни ҳам ўйлагандилар. Бироқ Беҳбудийнинг нафақат амир билан, балки большевиклар билан ҳам муросага боролмаслиги аён бўлганди. Шундай экан, уни амир қўли билан гумдон қилиш энг осон йўл эди. Беҳбудийнинг Самарқанддан пинҳона чет элга чиққанлигидан огоҳ бўлгач эса бундан қулай пайт сифатида фойдаландилар. Яъни, олдинига чор охранкаси, эндиликда эса ВЧК айғоқчиси бўлган Уткин Бухородаги қизил Русия элчихонаси ходими сифатида амир билан тезда боғланиб, Беҳбудийнинг Бухорога келиб, «ёш бухороликлар» билан учрашгани, бу ердан Олимхонга қарши куч тўпламоқ мақсадида хорижга кетаётганини шипшитган. Бу эса муфтий Беҳбудийни шундоғам жини суймайдиган амир учун қулай бўлди. Боз устига, муфтий амирлик ҳудудида экан. Шу тарзда большевиклар амир қўли билан Беҳбудийнинг изига тушди.
Натижада, 1919 йил апрелида амир буйруғига кўра, Шаҳрисабзга етиб борган Беҳбудий ва унинг уч ҳамроҳи қамоққа олинади. Бу ҳақдаги хабар 1919 йилнинг 23 апрелида «Меҳнаткашлар товуши» газетасида чоп этилиб, муфтий «Бухоро тупроғидан ўтаётганларида турк муаллим Наим Афанди ила Қарши шаҳри беги тарафидан қўлга олиниб, зиндонга ташлангани» айтиб ўтилганди. Большевикча матбуот цензураси томонидан тайёрланган бу хабар орқали гўёки Беҳбудий амир буйруғига кўра, Тоғайбек томонидан зиндонга солингани, яъни муфтийнинг халқ орасида обрў қозонганини била туриб, халқдаям амирга қарши кайфиятни кучайтириб, ўзларини оқ қилиб кўрсатмоқчи бўлгандилар.

Зиндондаги раҳмдил... жаллод

Муфтийнинг ҳамроҳи бўлмиш Наим афандини Туркия билан муносабатларни ёмонлаштирмай, дея Қарши шаҳри беги кўйиб юбортиради. Беҳбудий, Мардонқул ва Муҳаммадқуллар эса, Қарши шаҳрига олиб келиниб, шахсан Тоғайбек томонидан зиндонда қийноқ ва азобларга солинади. Обрў-эътиборли муфтийнинг қийноққа солинишидан, ҳатто, бекнинг жаллоди Аҳмад ваҳимага тушиб, Тоғайбекдан муфтийни озод қилишни ўтиниб сўрайди. Бекдан буни илтимос қилишининг сабаби, улар муфтийни зиндонбанд қилганларида, Беҳбудий уларга ўз махфий сафарларини яшириб, ҳажга кетаётибмиз, деб айтган эди. Шу йўл билан у мусулмон бек ва жаллодларнинг қўлидан озод бўлишни ўйлаганди.

Аммо Тоғайбек муфтийга қарата: «сизлар жадид ва кофирдирсиз, Бухорога, жаноби олийга тиғ тортган сизнинг маслакдошингиз эмасмилар эди? Сизларни ўлдурмоқ керак. Сизлар қутулмоқ учун Байтуллоҳга бормоқни баҳона этиб кўрсатасиз», дейди. Ҳатто, муфтийнинг тарафини олган жаллоди Аҳмадниям калтаклатиб, сўнг ўлимга ҳукм қилади.
Беҳбудий ва унинг ҳамроҳларини эса, «Наука и просвещение» журналининг 1922 йил 1-сонидаги ҳожи Муиннинг мақоласидаги фикрларга кўра, «ўзлари учун қабр қазишга мажбур этадилар ва шу қабр ёнида уларни бўғизлаб, шу ерга кўмадилар».

Шу тариқа 1919 йил июн ойининг бошларида Қарши шаҳрида буюк маърифатпарвар муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий 44 ёшида фожиали қатл қилинди. Гарчи, улуғ маърифатчи Беҳбудий шаҳид бўлса-да, истиқлолга интилган аждодимиз сифатида тарихда қолди ва қолажак.

Умид Бекмуҳаммад

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин