Саналар
12.12.2024
Баннер
Адолф Ҳитлер немисларнинг виждоними?
PDF Босма E-mail

Ҳар йилнинг 20 апрелида Германия полициясидан ҳушёрлик кўпроқ талаб қилинади. Сабаби, бу санада Адолф Ҳитлер туғилган (аслида Ҳитлер деб ёзиш тўғри, чунки бизга рус тилидан Гитлер номида кириб келган - муаллиф). Германияда иккинчи жаҳон урушида бир неча миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлган, янги тарихдаги энг жирканчли шахснинг тарафдорлари ҳали ҳам топилади. Хусусан, 2011 йилнинг кеч кузида Германияда НСУ (Натионал Созиалистисчер Унтергрунд) деб ном олган агрессив миллатчи яширин ташкилот борлиги маълум бўлди. НСУ аъзолари 10дан ортиқ хорижликларни (кўпчилиги турклар) отиб ўлдирганлари фош этилди. Бу ташкилот ҳозирда Германияда рўйхадан ўтган НПД (Немис Миллатчи Партияси) томонидан қўллаб келиниши ҳеч кимга сир эмас. Адолф Ҳитлер Германияда жуда куп ўрганилган шахслардан биридир. Унинг шахси ҳақида бир неча минглаб адабиётлар ёзилган, илмий тадқиқотлар олиб борилган. Аҳамиятлиси, у ҳали ҳам Германия матбуотидан бош мавзуларидан бирига айланган. Бу ҳолатни икки хил тушуниш мумкин. Биринчиси, немис ҳукумати оммани Ҳитлернинг жиноятларини унутмасликка ундамоқчи. Иккинчиси, Ҳитлер ҳақида чоп этилган мақола газета ва журналлар жуда кўп сотилади. Табиийки, бунинг молиявий фойдаси бор. Германияда Ҳитлернинг шахсига қизиқиш ҳали ҳам юқоридир. Биз Адолф Ҳитлерни фашистлар отаси сифатида яхши билсакда, аммо унинг шахсий ҳаёти ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз. Қуйидаги мақолада ўта зиддиятли шахснинг келиб чиқиши ва унинг “Учинчи империя” ғояси ҳақида фикр юритамиз. 

Адолф Ҳитлер 1889 йилнинг 20 апрелида Австриянинг Германия билан чегарадош Браунау шаҳрида туғилган. Унинг отаси Алоис Ҳитлер божхона хизматчиси, онаси Клара Ҳитлер эса уй бекаси эди. Унинг муштумзўр отаси 1903 йил, онаси эса узоқ касалликдан сўнг 1907 йил вафот этади. Ҳитлер ёшлигида санъат соҳасига қизиқади ва рассом бўлиш мақсадида 18 ёшида Австрия-Венгрия империяси пойтахти Вена шаҳридага санъат академиясига ўқишга топширади. Аммо у “етарлича талантга эга эмаслиги” туфайли икки марта имтиҳондан ўта олмайди. Унинг рассом бўлиш орзуси шунчалик кучли эдики, ўқишга киролмасада Венада қолиб, кўча ва гавжум майдонларда ўзи чизган расмларини сотиб кун кечиради.

Австрия-Венгрия ўша даврда кўп миллатли империя бўлиб, у ерда немис тилида сўзлашувчилар ўзларининг янги миллатчилик ғоялари билан чиқа бошлаган эди. Яъни, немис халқи - “олий ирқ” тушунчаси кенг тарқалаётганди. Чунки иқтисодий инқироз кучайиб, империянинг таназзулга юз тутиши экстемистик-миллий ғояларни тарғиб қилувчи гуруҳларга йўл оча бошлаганди. Адолф Ҳитлер ҳам немис миллатчи гуруҳларига аъзо бўлиб, унинг таъсири остида, ўзининг миллатчилик - “Буюк Германия” ғоясини шакллантиради. Сиёсат оламига кириб бораётган Ҳитлер бирданига рассом бўлиш орзусидан воз кечади ва 1913 йилда Австрия-Венгрия армиясига хизмат қилишдан бош тортади. Ўз тили билан айтганда “ҳақиқий немислар юрти” бўлмиш Германияга, Мюнхен шаҳрига кетади. Биринчи жаҳон уруши бошланганида у Бавария қўшинлари сафига кўнгилли аскар бўлиб кириб, урушда фаол иштирок этади ҳамда бир неча бор жароҳат олади. Уруш давомида “кўрсатган жасорати учун” 1 чи ва 2 чи даражали темир хоч билан тақдирланади.

Германия империяси биринчи жаҳон урушда енгилгандан сўнг, Ҳитлер сиёсатга янада чуқурроқ шўнғийди. Боиси, у уруш вақтида ўзининг нотиқлиги ва ташкилотчилиги билан кўпчиликка танилиб бўлган эди. 1921 йилда Ҳитлер бир неча сафдошлари билан Мюнхен шаҳрида “Немис ишчилар партиясини” тузади. Ўзи партия раиси этиб сайланади. Унинг партияси тез орада катта муваффақиятга эришади ҳамда бошқа миллатчи партиялар билан бирлашиб Бавария ўлкаси сайловларида кўп овозга эга бўлади. Чунки бу партиялар консерватив халқнинг миллий ғурурини оловлантира олган, бунда Ҳитлернинг шахси ва унинг нотиқлик санъати муҳим рол ўйнаган эди. Унинг мақсади нима қилиб бўлса ҳам тезда ҳукуматга эга бўлиш эди. Шунинг учун унинг бошчилигида миллатчи гуруҳлар 1923 йили Мюнхендаги ҳукуматга қарши давлат тўнтаришини ўтказишга ҳаракат қилишади. Тўнтариш амалга ошмай қолади ва Адолф 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Ҳитлер қамоқдалигида ўзининг бутун дунёқарашини акс эттирган “Меин  Кампф” (Менинг мужодалам) китобини ёзади. Бу китобда Ҳитлер миллий-социалистик ва фашистик ғояларни тарғиб қилиб, немис халқини марксист-большевикларга қарши курашга чорлайди ҳамда немис халқини “олий ирқ”қа мансублигини таъкидлаб, яҳудийларни таг-томири билан қириб ташлашни талаб қилади. Бунинг хосили шуки, орадан кўп ўтмай 50 миллион инсоннинг умрига зомин бўлган иккинчи жаҳон уруши бўлиб ўтди. Урушда фашистлар инсоният тарихида мисли кўрилмаган жиноятларни содир этишган. Жумладан, одамларнинг концентрацион лагерларда тириклайин куйдирилиши, ёш болалар билан ҳар-хил жарроҳлик синовлар ўтказилиши ҳамда она-болаларнинг газ бункерларида ўлдирилишидир.

Шу ўринда, Ҳитлер нега айнан яҳудийларни ёмон кўрган, деган савол туғилиши табиий. Унинг антисемитик ғоялари, Вена кўчаларида рассомлик билан кун кечириб юрган вақтида пайдо бўлган. Ўша вақтларда Венада “Германизация” – Немислаштириш ҳаракати пайдо бўлиб, у яҳудий, чех, славян ва ҳоказоларга қарши идеологик кураш бошлаган эди. Биринчи жаҳон урушида Гемания мағлуб бўлади ва Версалда шармандали келишувга имзо чекади. Ҳитлер энди кўп миллатли эмас, бир миллат, яъни, “ориёр–ирқли” енгилмас миллатни пайдо қилиш керак, деб тушунади. Унингча бу ирқ - “Ориё-немис ирқи” эди.

1919 йилдан бошлаб Ҳитлер “ориёр-ирқи”нинг Европадаги асосий мақсади – биринчи навбатда ер юзини яҳудийлардан тозалаш, деб таъкидлайди. Бунга сабаб, бу бир тарихий зарурарт бўлиб, унда ориёр-ирқи ҳамда яҳудийлар дунё ҳукмронлиги учун курашни бошлаганди. Қиёматдаги “апокалиптик охирги жанг”да ҳам мана шу икки миллат ҳукмронлик учун майдонга чиқиши мумкин эди. Ҳитлернинг фикрича, буни олдини олиш учун яҳудийларни ҳозирдан бошлаб ер юзидан тозалаш лозим ва дунёда битта ҳукмрон ирқ – Ориёрлар бўлиши керак. Совет Иттифоқи Ҳитлернинг фикрига кўра, славян-осиёлик танадан ва яҳудий калладан иборат бир махлуқ эди. У немис миллати учун келажакда катта хавф соларди.

Баъзи мақолаларда Ҳитлернинг оиласи ҳам яҳудийлар оиласи эканлиги тахмин қилинади. 1932 йил генеалоглар Ҳитлернинг авлодларини текшириб, унда яҳудий қони йўқлигини тасдиқлашган. Бундай “текширув”ларга ишонч бўлмасада, унинг яҳудийларга тааллуқли жойи борлигини исботловчи далил ҳам йўқ. У яҳудийларни қанчалик ёмон кўрмасин, 1938 йили онасини даволаган бир яҳудий шифокорни оиласи билан Австриядан АҚШга кўчиб кетишига шахсан ўзи бош-қош бўлган экан.

Адолф Ҳитлер 1924 йили муддатдан аввал қамоқдан озод этилади. Шундан сўнг у бутун Германия Миллий Социалистик ишчилар партиясида асосий рол ўйновчи шахсга айлана бошлайди ва тез орада унинг етакчиси бўлади. Унинг партияси учун 1929 йилги жаҳон иқтисодий инқирозидан сўнг катта имконият очилади. Дунёнинг бошқа давлатлари каби Германия иқтисодиёти ҳам бутунлай инқирозда бўлиб, миллионлаб ишсизлар мавжуд эди. Миллий-популистик шиорлар билан 1932 йил июль ойидаги бутун немис сайловларда НСДАП (Натионалсозиалистисче Арбеитспартеи – Националсоциалистик ишчи партияси) энг кўп овоз олади. Чунки бошқа ҳамма партиялар ўз ишончини йўқотган, қолаверса, халқ учун Интернационализм ва Социал-Демократиядан кўра миллатчилик шиор, ваъдалари янгилик эди. Адолф Ҳитлер эса, қонунга мувофиқ, Германиядаги ҳукумат бошлиғи Реичсканцлер – бош вазири бўлади. Аммо у ҳали катта сиёсий кучга эга эмас эди. Сабаби, Парламентда рақибларининг – бошқа сиёсий партиялар, айниқса, коммунистик партиянинг роли анча кучли ҳисобланарди. 1934 йил август ойида Германия президенти Ҳинденбург вафот этгач, Ҳитлер аввал ўз рақибларини, шу жумладан Коммунист Энст Телманни ликвидация қилади ва бутун немис армияси қўмондонлигини қўлга олади. Шундан сўнг у президент ва Канцлер амалини бирлаштириб “Фуҳрер унд Реичсканцлер” яъни, Доҳий ва империя бош вазири номини олади. У бутун куч ишлатар тизимларни ўз атрофида йиғиб, ўз шахсига мужассамлантиради. Шундай қилиб миллатчилар Германиясини машҳур тўртлик ўз қўлига олади: Ҳитлер – Фюрер; Ҳеинрич Ҳиммлер - ички ишлар вазири, шу жумладан, Гестапо (давлат махфий полицияси), СС (Мудофа гуруҳи), СД (хавфсизлик хизмати) СА (оператив бўлим) бошлиғи; Жосеф Гоббелс - Пропаганда Вазири; Ҳерман Горинг эса ҳаво кучлари ва ҳарбий денгиз флоти вазири.

Ҳитлер Давлат тепасига келгач, халқ орасида жуда тез обрў эътибор қозонади. Чунки у халқни ҳам қорнини ҳам миясини алдайди. У биринчи жаҳон урушида эзилган немис халқини ўзининг олий ирқ ғояси билан руҳлантира олади ҳамда Германия жуда тез суратларда иқтисодиётини тиклаб, ишсизлик камаяди. Ҳитлернинг иқтисодий режаси кўра, аввал сунъий кредит ва векселлар орқали давлатнинг ҳарбий базасини кучайтириш кейин қўшни давлатларни босиб олиш орқали мамлакатни арзон ишчи кучи эвазига тўлдириш эди.

У тарихий зарурат сифатида немис халқига ернинг ноҳақ тақсимланганини важ қилиб, ўзининг асосий мақсади – агрессорлик сиёсатини аста-секин амалга ошира бошлайди. Ҳитлернинг енгиллик билан Европани катта қисмини босиб олишининг кўп сабаблари бор. Бир томондан ғарб мамлакатлари Ҳитлер ёрдами билан Совет Иттифоқига қарши курашга умид боғлашган бўлса, совет диктатори Сталин эса, Ҳитлер билан “ўзаро ҳужум қилмаслик шартномаси” ҳамда шарқий Европа ва Польшани иккига бўлиш махфий келишуви (1939 йил) орқали ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилади. У шу билан Ҳитлерни қўшни мамлакатларга ҳужумига хайрихоҳлик билдиради. Сталин Ҳитлерга шунчалик ишонган эдики, 1941 йил 22 июнда вермахтинг СССРга қарши ҳужум қилганига унинг ҳеч ишонгиси келмайди ва буни ғарбнинг навбатдаги провокацияси, деб тушунади.

Биз бу ерда иккинчи жаҳон уруши ҳақида тўхталмаймиз, аммо Германиянинг урушда енгилишининг оддий сабабларини айтиб ўтишимиз мумкин. Биринчидан, Германия сунъий кредитлар ҳисобига ривожланган иқтисоди билан узоқ уруш олиб боролмасди.  Ҳитлер ”Барбаросса” – Блитзкриег (яшин тезлигидаги уруш) режаси билан Совет Иттифоқини босиб олишга тўла ишонади. Уруш унинг ҳисобига кўра 3 ойдан зиёд давом этмаслиги керак эди. Вермахт фақат Уралгача бориб, у ерда Европани Осиёнинг ёввойи тўдаларидан сақловчи буюк бир девор қуриши керак эди. Совет Иттифоқи парчаланиб, немис колонияларига айлатирилиши режалаштирилганди. Аммо у Қизил Армиянинг моддий потенциалини назарга илинмаганди. Қолаверса, Жаков Жугашвили (Сталиннинг немис лагерида ҳалок бўлган ўғли) айтганидек, Россияснинг бепоёнлиги ва совуқ қишининг ўзи ҳар қандай душманни енгиб қўярди.

Иккинчидан, Ҳитлернинг енгилмаслик иштиёқи ва ишончи 1942 йил декабр ойларидаги Сталинград жангларидан кейин сўна бошласада, у ҳамон немис ҳарбий кучларини ортиқча баҳоларди. У ўзининг бош уруш тезисларида, “Урушда хато қилинмаслиги лозим. Ақлсизларгина икки фронтда жанг олиб боради”, деб айтар эди. Кутилганидек, 1944 йил ёзида Вермахтга қарши ғарбий ва жанубий фронтлар очилади, яъни, Америка-Англия қўшинларининг Франция ва Италия қирғоқларига келиб тушишлари билан Германия иккимас, уч жабҳада курашишига мажбур бўлади.

Уруш охирлагач Ҳитлер, ҳақиқатдан ҳам ақлдан оза бошлагандек кўринади. Чунки у бутун немис халқи Фюрерни сотди, охигача курашмади, деб айблайди ва Германияни душман қўлига қолдирмаслик учун бутун давлат инфраструктурасини ишдан чиқаришга буюради. Боиси, Националсоциализмдан сўнг немис халқи яшамаслиги керак эди. 1945 йил 30 апрелда Адолф Ҳитлер Берлиндаги ўз саройи бункерида узоқ йиллик машуқаси Эва Браунга уйланади ва ўша куни аввал рафиқасини, кейин узини жонига қасд қилади. Уларнинг жасадлари Канцлер саройида куйдириб юборилади, қолдиқлари эса 4 метр чуқурликка кўмиб қўйилади (Берлиндаги Ҳитлернинг собиқ саройи ва мурдаси ёқиб юборилган  жойининг ўрнида ҳозир Яҳудийлар учун Ҳолокауст ёдгорлиги ўрнатилган).

Ҳитлернинг суяк қолдиқлари сақлангани ҳақида кўп дискуссиялар мавжуд. Баъзи манбаларга кўра, қолдиқлар руслар томондан ковлаб олиниб, аввал Германаниянинг Сачсен-Анҳалт ўкасидаги ўрмонларидан бирига кўмилган, кейинчалик у ер янги миллатчилар учун қадамжой бўлиб қолмаслиги учун яна қазиб олиниб, Москвадага КГБ Арчивида сақланар экан. АҚШ олимлари Совет Иттифоқи қулагач, Ҳитлер бош чаноғини сақланиб қолган бир парчасини текширишга мувафақ бўлишади. Лекин улар бош чаноқни бир аёлга (яъни Ҳитлернинг рафиқаси Эва Браун бўлиши мумкин) тегишли эканлигини таъкидлашмоқда. Аммо бу ҳам аниқ исботланмаган кўринади, чунки руслар бу фикрни қатъий рад этиб келишмоқда. Ҳар ҳолда бу ҳам бир сиёсий ўйин бўлиши мумкин. Сабаби, Ҳитлерни ўлик ёки тиригини ҳеч ким қўлга киритмаган, у том маънода ликвидация қилиниши шарт эди. Қарангки, Ҳитлерники деб ҳали тўлиқ исботини топмаган бир парча бош чаноғи ҳам бутун бир катта мунозарага сабаб бўлмоқда. 

Олдин таъкидлаб ўтганимиздек, баъзи бир немис миллатчилари ҳанузгача Ҳитлернинг домидан қутулганларича йўқ. Унинг ғоялари айнан ҳозирги миллатчилар фикрлари билан ҳамоҳангдир, яъни, мамлакатнинг ҳар қандай иқтисодий-ижтимоий муаммоларига чет элликлар ва мигрантлар айбдордир. Германиянинг шарқий (собиқ ГДР) ўлкалари чекка қишлоқларига боришга, бу ерда яшаётган ҳар қандай хорижликни юраги дов бермайди. Чунки у ерлар расмий немис ҳукумати тан олмасада, ўша миллатчи гуруҳлар қўлида бўлиб қолмоқда. Ҳолбуки, баъзи бир немислар ўзларининг яқин авлодлари қилган жиноий ўтмишларидан ҳалигача хулоса чиқариб олмаганлар. Улар ҳар қандай ғояни виждон эркинлиги билан хаспўшлашга ҳаракат қилишади. Нацист Ҳаво Кучлари Вазири Ҳерманн Горингдан, миллионлаб қурбонлар учун виждонингиз олдида қандай жавоб берасиз, деб сўрашганда, шундай деб жавоб берган экан: ”Менинг виждоним йўқ, менинг виждоним Адолф Ҳитлер!”

Ифтихор Шомуродов
Берлин, Ҳумболдт Университети

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин