Саналар
04.10.2024
Баннер
Орденлар тарихидан
PDF Босма E-mail

Орден, медал ва унвон фидойи меҳнат эвазига берилган юксак баҳо бўлиб, унинг таркибида маълум миқдорда қимматли металл улуши ҳамда муайян совға-саломлар ҳам бўлади. Хўш, орден, медал дегани нима?

«Орден» - лотинча «ordo» - «даража» деган атама бўлиб, у ҳарбий ёки фуқаролик  бурчини аъло даражада адо этганлик, қаҳрамонлик кўрсатганлиги учун бериладиган қимматбаҳо металлдан ясалган кўкрак нишони ҳисобланади.
Орденлар дунёда дастлаб Рим католик империяси даврида расм бўлган Монархия ташкилоти аъзоларига, ҳарбийларга, бошқалардан ажралиб туриш учун берилган имтиёз нишонаси вазифасини бажарган.
Орденнинг арабча синоними «мукофот» деб аталган ва тарихда махфий хизматларни тақдирлаш учун ҳукмдорлар томонидан топшириладиган қимматли нишон, белги, баъзан номи ёзилган ханжар (қилич), тўппонча, орден ёки пул мукофотидир. Шарқ мамлакатларида ер-мулк, уй-жой, сарой, ҳатто канизаклар ҳам мукофот тариқасида берилган.
Орден ва медаллар, мукофоту унвонлар, совға ва инъомларга эга бўлиш ҳар қайси ижтимоий-сиёсий даврнинг ўз талаб ва эҳтиёжлари, мафкураси билан боғлиқ ҳолатларни акс эттирувчи кўзгу, яна ҳам тўғрироғи, тарих драмасига ўхшайди.
Эсга олайлик, «Авесто»дек таълимотни эгаси аллома Зардушт (эрадан аввалги 689-612 йиллар), ҳамюртимиз Муҳаммад Мусо ал Хоразмий, Ибн Сино, ал Беруний, ал Бухорий, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Алишер Навоий Машраб, Мунис, Огаҳий, Муқимий ёки Аваз Ўтар ўғли каби улуғларнинг бирон орден ёки нишонлари бўлганми? Йўқ, албатта.
Вақтни олий ҳакам дейдилар. У ҳамма нарсани: буюк салтанатлар, шоҳу гадони, олим ёки золимни ўзининг беқиёс адолат тарозусида ўлчаб, жой-жойига қўяди. Эл-юрт, авлодлар, ҳар қандай шахснинг ҳақиқий баҳосини беради ва муносибларни муносиб сифатлар билан шарафлайди.

Ўз эл-юрти учун меҳнат қилган эдилар

Хива тарихчилари Мунис, Огаҳий, Баёнийларнинг ёзишларича, уруш пайтида душманлар билан бўлган жангларда ғолиблар мағлуб ёғийнинг кесиб келтирилган боши, бурни ёки қулоғи миқдорида тилло пул билан мукофотланган. Лашкарбошилар ишғол этилган қалъа учун туман ёки ўлкага ҳоким этиб тайинланган.

Чор Россияси даврида I, II, III даражали «Георгий Екатерина» каби орден-нишонлар таъсис этилган. Ҳарбий соҳадаги катта хизматлари учун баъзи генералларга ер-мулк, уезд, ҳатто губерниялар ҳам мукофот тариқасида бериб юборилаверган.
1873 йилда рус подшоси Александр I буйруғи билан Хивани эгаллашдаги хизматлари учун оз эмас, кўп эмас нақд 14 минг дона медал зарб этилган. 1883-1917 йилларда Хива хонлари Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз), Асфандиёрхон, Ислом Хўжа каби 20 киши Россия ҳукуматининг орден-медал ва ҳарбий унвонлари билан тақдирланган.
Шўролар ҳокимияти йилларида 89 хил орден, медал, унвонлар таъсис этилган. 1933-1945 йилларда собиқ Иттифоқда таъсис этилган «Ленин ордени», «Социалистик Меҳнат қаҳрамони», «Суворов», «Кутузов» «Александр Невский», «Қизил Юлдуз» сингари унвон ва нишонлардан ташқари Москва, Ленинград, Киев, Одесса, Минск, Берлин, Будапешт, Варшава, Прага каби шаҳарларни немис-фашистлардан озод этилгани учун кўкрак нишонлари билан тақдирланганларнинг сони бир неча миллион кишини ташкил этади. Улар орасида 268 киши жарима (штрафной) батальонларида хизмат қилган, Сибирдаги қамоқ лагерларидан тўппа-тўғри жангга жўнатилган собиқ «халқ душман»лари бўлган.
Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги тинч қурилиш йилларида Ўзбекистондан сал кам бир минг нафар пахтакор, қурувчи, ижодкорлар собиқ шўролар ҳукуматининг Меҳнат Қаҳрамони ва олий орденларига сазовор бўлишган.
Ижтимоий-сиёсий тузум қандай бўлганлигидан қатьий назар, улар ўз халқи, ўз оиласи, эл-юрти равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган эдилар...

Инсоний бурч

Даҳолар шунинг учун ҳам даҳоки, улар илм-фанни, адолат ва ҳалолликни ҳамма нарсадан устун қўядилар. Манбаларда келтирилишича, Хуросон ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавий қимматбаҳо ер ости бойликлари калитини топганлиги учун Беруний ҳазратларига мукофот тариқасида икки туя олтин-кумуш ҳадя этади. Аллома «Мол-дунё, бойлик - мени илм-фандан чалғитиб қўяди» - деб мукофотни қайтариб юборган экан. Худди шунингдек, рус ёзувчиси Лев Толстой инсонларга қирғин келтирувчи портловчи модда - «динамит» ишлаб чиқариш ва сотишдан келадиган даромад асосида таъсис этилган Нобел мукофотини рад этган экан.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Истиқлол шарофатидан улуғ элдошларимизнинг бебаҳо мерослари халқ мулкига айланди. Уларга атаб боғ ва уй музейлар барпо этилди, асарлари кўп нусхада босиб чиқарилди, юбилейлари нишонланди, ҳайкал-ёдгорликлар ўрнатилди. Энг муҳими, уларнинг номи билан аталувчи «Ал Беруний», «Маҳмуд Қошғарий», «Беҳзод», «Зулфия», «Бердақ», шунингдек «Офарин», «Ниҳол» каби Давлат мукофотлари таъсис этилди. Энг сара адабиёт, санъат, архитектура, рассомлик соҳасидаги илмий ва бадиий асарлар муаллифларига юқоридаги каби миллий мукофотлар тақдим этилади.
Халқимизнинг минг йиллик тарихидан дарак берувчи тилло тангалар, тақинчоқлар, уй-рўзғор буюмлари, нишонларни келажак авлодлар учун асраш ҳам чин инсоний бурчимиз ҳисобланади.

Комилжон Нуржонов ўлкашунос тадқиқотчи

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин