Саналар
05.10.2024
Баннер
Ҳукмдорнинг ибратли ишлари
PDF Босма E-mail

Темурийлар сулоласига мансуб ҳукмдорлар ва шаҳзодалар ичида илму фан, адабиёт билан машғул бўлганлари анча. Аммо улар орасида Мирзо Улуғбек алоҳида ажралиб туради. Биз бу гал Улуғбекнинг фан тараққиётига қўшган ҳиссаси тўғрисида эмас, инсоний хусусиятлари, ибратли ишлари ҳақида тўхталишни маъқул топдик.

Давлатни ҳам олимона бошқарган

1394 йилнинг 22 мартида таваллуд топган Муҳаммад Тарағай болалигидан бобоси Амир Темур, отаси Шоҳруҳ ва устози Қозизода Румийдан юксак тарбия олгани боис, ўз даврининг етук фузалоси бўлиб етишганди. Мирзо Улуғбек ҳаёти (1394-1449) давомида асосан, салтанат сиёсати туфайли вақтининг кўпини давлат бошқаруви ва урушлар банд қилса-да, фан билан шуғулланишга имкон топа олди. «Зижи кўрагоний», «Тарихи арбаъ улус» асарларини ёзди. Бухоро, Самарқанд ва Ғиждувонда учта Мадраса бунёд қилдирди. 1424- 1429 йилларда Самарқандда муҳташам расадхона барпо эттириб, атрофига Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи, Муиниддин Кошоний сингари кўплаб алломаларни тўплади. Уларга зарур шарт-шароитлар яратиб берди. Шундай катта ишларни қилган ҳукмдор ва алломанинг ўзи ҳам доимо илмга интилар, тарозининг илм палласи сиёсат палласини босиб кетарди.
Ғиёсиддин Жамшид 1417 йили отасига ёзган мактубида бир воқеани келтириб ўтган. Унга кўра, кунлардан бирида Улугбек ва алломалар отда кетаётиб, 818 йил ражаб ойининг ўнинчи ва ўн бешинчи кунлари орасидаги (милодий 1415 йил 15-20 сентябр) душанба куни йил мавсумининг қайси кунига тўғри келишини аниқламоқчи бўлишади. Улуғбек отда борганича хаёлий ҳисоб билан қуёшнинг тақвими ўша куни бир даража ва икки дақиқа эканлигини топади. Кейин эса манзилга келгач, отдан тушиб қоғозга ёзиб ҳисоб қилишганида, Улуғбек Мирзонинг хаёлан қилган тақвими тўғри эканлиги ойдин бўлади. Бу ҳолат ҳукмдорнинг қувваи ҳофизаси ва ақлидроки нақадар кучли бўлганини кўрсатади. Шу билан бирга у давлатни ҳам олимона, адолатли равишда бошқарган.

Ҳийла ёхуд адолатли жазо

Зайниддин Восифийнинг «Бадое ул-вақое» асарида шундай бир ибратли воқеа келтирилади:
Бир куни Улуғбекнинг ҳузурига номаълум шахс келиб арз қилади:
-    Ҳукмдорим! Бундан олти ой олдин Рум тарафларга сафарга кетишда, беш минг ашрафий ақча пулим бор эди. Пулимни шу шаҳарда бирон кимсага омонат қўйиб кетмоқчи бўлдим. Ушбу шаҳарда қозидан бошқа диёнатли ва инсофлироқ одам бўлмаса керак, дея ўйладим. Шу боис ўша пулни офтобага солдим ва оғзини маҳкам беркитиб, қозига топширдим. Сафардан қайтгач, қозиникига бориб омонатимни талаб қилсам, у ўзини танимасликка олиб, пўписа қилди.
Улуғбек бу воқеани эшитиб ўйланиб қолди ва деди:
-    Эртага қозиникига бормоқчиман. Сен ҳам бор ва мени кутиб тур. Қозиникидан чиқиб отга минаётганда «дод-вой» кўтар ва бўлган воқеани баён қил.
Эртасига Улуғбек Мирзо қозини чақиртириб:
-    Эй, қози! Мен беҳисоб нақд ақча, сандиқ тўла қимматбаҳо мато ва кўза-кўза олтину жавоҳир тўпладим. Қазо қилсам, фарзандларим оғир аҳволга тушиб қолса, шу бойлик уларнинг ёмон кунига яраб қолар, дея ўйлайман. Шаҳарда бундай хазинани ишониб топширадиган бирон ишончли одамим йўқ. Сени диёнатли инсон дейишади, шунинг учун хазинамни сенга омонат топширишга аҳд қилдим. Буни иккимиз билсак, бас! Зинҳор бошқа одам эшитмасин!
Қози Улуғбекдан бу гапни эшитиб, ич-ичидан суюнди, қувонганидан юраги ёрилишига сал қолди.
-    Сен уйингга боравер, - деди Улуғбек қуллуқ қилаётган қозига. - Мен изингдан чиқиб, хазинани яширадиган жойни ўз кўзим билан кўриб келаман.
Шу тарзда Улуғбек қозининг уйига борди ва «хазина»ни яширадиган жойни белгилашди. Ҳукмдор қозиникидан чиқиб энди отга минаётганида, қозига омонат қолдирган кечаги одам келиб, «дод-вой» қила бошлади.
-    Ҳукмдорим! - деди у. - Шу қозиникида омонат қолдиргандим. Лекин ҳеч қайтариб ололмаяпман.
Буни эшитиб, қозини титроқ босди, ранг-рўйи ўчди. Ичидан ўзича мулоҳаза қилди: «Борди-ю, унинг даъвосини рад этсам, подшоҳнинг ишончи йўқолади. Оқибатда арзимас беш минг ашрафи (ўша давр пул бирлиги - У. Б.) деб улгуржи давлатдан қуруқ қоламан. Яхшиси, шу каззобнинг омонатини қайтариб берай».
Шундан сўнг қози ўша одамга ўшқира кетди:
-    Эй, баттол! Нега дод соласан? Қачон сен омонатингни мендан талаб қилдинг-у, мен йўқ дедим? Диёнатли бир қози¬га туҳмат қилгани қандай журъат топдинг?
Шундай қилиб қози ғуломига: «Омонат фалон жойда, тез бориб бунга олиб чиқиб бер!», - деб буюрди.
Ана шу тариқа Улуғбек ҳийла ишлатиб, қозидан омонатчининг пулини олиб берди. Диёнатсиз қозига «хазина»ни топшириш ўрнига, уни жазолади ва ишдан бўшатди. Бу тадбир Мовароуннаҳр аҳлини қойил қолдирди. Ана шу воқеадан сўнг омма Улуғбекнинг адолатпарварлигига қаттиқ ишониб, унга ихлос қўйди...

Хотираси кучли инсон эди

У ҳаётининг 40 йилини Самарқанд тахтида ўтириб, Мовароуннаҳрни бошқариб ўтказди. Қисқа умри давомида нафақат сиёсий арбоб, балки тарих ва фалакиёт илмларининг зукко билимдони, бир нечта куйлар яратган бастакор ҳамда созанда сифатида ҳам тарихда қолди...
Бундан ташқари Мирзо Улуғбек ўз замондошлари орасида хотирасининг кучлилиги билан ҳам донг таратган эди. Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро» номли асарида Улуғбекнинг ана шу хислатига оид мисоллар келтирилган. Барча ҳукмдорлар сингари шикорга ҳам ғоят қизиқадиган Мирзо Улуғбек ов пайтида бирор жониворга ўқ отиб теккизганида, ўша вақтни эслаб қолар, бу воқеа қайси куни, қаерда содир бўлгани, қайси жонивор овланганини дафтарга битиб қўярди. Тасодифан бир куни ўша дафтар ғойиб бўлади. Амалдору хизматкорлар қанча изласалар ҳам, дафтар топилмайди. Дафтарни сақловчилар саросимага тушадилар.
Шунда Мирзо Улуғбек:
-    Ташвиш тортмангиз, мен дафтарга ёзилганларни бошдан оёқ билурмен, - дейди ва котибларни чақириб, айтиб туради, улар эса ёзиб олишади.
Хуллас, ов ҳам кўпайиб, шикорда отилган жониворлар қайд этилавериб, янги дафтар тўлай деган эдики, йўқолган эскиси топилиб қолди. Шунда котиблар йўқолган дафтар ва янгидан Улуғбек айтиб туриб ёздирган қайдларни таққослаб кўрдилар. Котибу сарой амалдорлари Мирзо Улуғбекнинг фаросати ва хотирасига тасанно айтишди. Чунки қайси ҳудудда, қачон, кимлар билан қандай ҳайвон овланганини ҳукмдор ёддан аниқ ва бехато айтиб берган эди.
Бошқа бир ибратли воқеани Улуғбекнинг замондоши Шайх Озарий (1382-1462) шундай ҳикоя қилади:
«Мен ҳижрий 800 (милодий1398) йили Қорабоғда, улуғ Амир Темурнинг қиссахони тоғоим бирлан бирга эрдим. Ўшанда Улуғбек Мирзонинг хизматига тайин этилдим. Ўша пайтда ҳали ёш бола эрдим ва бир неча йил болаликнинг шоду хуррамлигини шаҳзода бирлан бирга кечирдим. У бирлан бирга ўйнардим, унга нақлу ривоятлар айтиб берар эрдим. Шаҳзода мен ила яқин дўст ва ўртоқ бўлиб қолдилар.
Ҳижрий 852 (милодий 1448) йили мазкур подшоҳ (яъни Мирзо Улуғбек) Хуросонни забт этди ва Исфароинга келиб тушди. Ёшлик ўтиб, қартайиб қолган эрдим. Ўрнимдан туриб подшоҳ нинг ҳузурига бордим. Мени узоқдан фақиру тақводор либосида кўрди. Салом-аликдан кейин сўрадилар: «Эй, дарвеш, сен эски суҳбатдошимизга ўхшайсен, қиссахонимизнинг жияни эрмасмусен?» Подшоҳнинг ўткир зеҳни, фаросат ва пок идрокидин лол қолиб дедим: «Ҳа, жаноби олийлари, ўша қиссахоннинг жияни эрурмен». Улуғбек Қорабоғда айтилган ҳикоятлар, Гуржистон ғазовати ҳамда Озарбайжон ажойиботларини ўртага ташладилар...».
Эллик йилдан кейин ҳам болалик хотиралари, айтилган ҳикоятларини айнан хотирада сақлаб қолишга ҳамманинг ҳам ақл, хотира қуввати етмайди. Мирзо Улуғбек эса ўз даврининг жангу жадаллари, сарой ўйинларининг фисқу фасодлари, илму нужум, фалакиёт сирлари билан оворалигига қарамай, болаликдаги дўстини, шикордаги қайси жониворни қачон овлаганини эсида сақлаб қолиш даражасидаги, хотираси ниҳоятда кучли инсон эди.

Дунёга тарқалган «Зижи Кўрагоний»

Улуғбекнинг энг иқтидорли шогирди Али Қушчи 1471 йилда Самарқандни тарк этиб, Истанбулга кетишга мажбур бўлади. Туркияда «Зижи Кўрагоний» асарини тарғиб қилади. Нати- жада, бу асар секин-аста Европага тарқалади.
Жумладан, Оксфорд университети профессори Жон Гривс (1602-1652) 1648 йилда унга ўзи сўзбоши ёзиб, нашр қилдиради.
1665 йили эса яна Оксфорд университети шарқшуноси Томас Хайд (1636-1703) ҳам мазкур асарни лотин ва форс тилида тўлиқ чоп эттиради.
Поляк астрономи Ян Гевелий (1611-1687) Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний»сини шарҳлаб берган.
Англиядаги Гринвич расадхонаси астрономи Флемстид (1646-1719) «Зижи Кўрагоний»ни яна бир бор нашр эттириб, европаликларга тақдим қилади.
1839 йилда эса француз шарқшуноси Л.Седийо Улуғбек ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиб, «Улуғбекнинг астрономик жадваллари» китобини француз тилида нашр эттирганди.
АҚШлик Э.Нобл эса 1917 йилда «Зижи Кўрагоний»ни Америкада тарғиб қилган.
Хуллас, XX асрдан Мирзо Улуғбек асари бутун дунёда оммалашиб, фан соҳасида, ҳаётда муҳим ўрин тута бошлади.

Умид Бекмуҳаммад

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин