Саналар
21.12.2024
Баннер
Тожмаҳал қулаш арафасидами?
PDF Босма E-mail

Маълумотларга кўра, Ҳиндистонда йилига бир ярим миллиард саёҳатчи меҳмон бўлади. Ҳинд давлати ҳар йили айнан шу соҳадан 2,5 млрд. доллар фойда кўради.
Бугун дунёдаги аҳоли сони бўйича энг йирик, Хитойдан кейинги иккинчи давлат, ўз ядро қуроли ва фазода учта сунъий йўлдошига эга бўлган ҳамда жаҳон миқёсида бетарафлик сиёсатини олиб боргани учун атрофига 120 давлатни жамлаган Ҳиндистондаги Тожмаҳал ҳақида гаплашамиз...
Пойқадамига бир кунда дунёнинг олтита қитъасидан ўн беш мингга яқин зиёратчи келадиган Тожмаҳал Бобурийлар сулоласининг вакили Шоҳ Жаҳон томонидан бунёд этилган...

ҲИНДИСТОН ҲАҚИДА ФАКТЛАР

Замонавий Ҳиндистон бутун дунё кино бозорининг тўртдан бирини қамраган.
Голливудда бир йилда 400 та фильм ишланса, Болливудда бу рақам 800 тани ташкил қилади.
Ҳиндистон шимолдан Афғонистон, Бутан, Хитой ва Непаль билан чегарадош, Шарқдан эса, Бангладеш ва Мьянма (Бирма), Ғарбдан Покистон билан чегарадош. Ҳиндистонни Шарқда Бенгал кўрфази, жанубда Полк бўғози ва Ҳинд океани, Ғарбда эса Араб денгизи ювиб туради.

АСОСИ — МУҲАББАТ, РАМЗИ — САДОҚАТ...

1612 йил. Бобурийлар салтанатининг шаҳзодаси Шоҳжаҳон 19 ёшли камбағал қиз Мумтозмаҳалга уйланади. Улар ўн етти йиллик саодатли турмушлари мобайнида 13 та фарзанд кўришади. Бироқ 14-чи фарзанд дунёга келиши арафасида Мумтозмаҳалбегим ёруғ оламдан кўз юмади. Бу айрилиқ ҳукмдорни тамомила танг аҳволга солди. Орадан бир йил ўтгач, у ўз маҳбубасига атаб дунёда тенгсиз обида бунёд этишга қарор қилди. Шарқ тарихидаги энг вафодор ва садоқатли тож соҳибларидан бири Шоҳжаҳон Мумтозмаҳалбегим вафотидан сўнг яна 31 йил умр кўради. Бу умрни у ёлғизлик, айрилиқ азоби, садоқат ва вафо алангасида ўтказди.

ТОЖМАҲАЛ ТАРИХИДАН

1631 йилда бошланган қурилиш ишлари нақ йигирма йил давом этди. Аграда, Жамна дарёси соҳилида бунёд этилган бу бетакрор обида Шарқу Ғарб меъморчилигининг энг нафис жиҳатларини ўзида акс эттирган. Ундаги оппоқ мармарлар 300 чақирим наридан ташиб келтирилган. Қурилишда турли мамлакатлардан келган уста ва ҳунармандлардан ташкил топган 20 минг одам меҳнат қилади. Айрим манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу ерда Самарқанд ва Бухородан ҳам қўли гул усталар иштирок этган.

Тож Маҳал ҳақида фактлар
Обиданинг умумий баландлиги 74 метр.
Мақбара лаҳорлик Усто Аҳмад ҳамда турк меъмори Муҳаммад Исохон афанди бошчилигида қурилган.
Ёдгорликнинг тўрт томонида жойлашган тўртта минорадан ҳар бирининг баландлиги 45 метр\
Тожмаҳал қурилган Агра шаҳри Деҳлидан 200 километр узоқликда жойлашган.
Мақбарага учта – шарқий, жанубий ва ғарбий дарвозалар орқали кирилади.
Мақбара атрофидаги 18 гектар майдонда боғ барпо этилган.
Тож Маҳал мажмуини ҳар бир ташриф буюрувчи оёқ қийимисиз зиёрат қилиши шарт!
Самолётларга Тож Маҳал устидан учиш тақиқланган.

АМАЛГА ОШМАГАН ОРЗУ

Шоҳжаҳон бу обиданинг қаршисида, Жамнанинг нариги қирғоғида ўзи учун ҳам алоҳида мақбара бунёд этмоқчи эди. Ушбу мақбара ҳам айнан Тожмаҳалнинг кўчирмаси бўлиб, фақат қора мармардан ишланиши ва махсус кўприк билан бириктирилиши лозим эди. Бироқ, шоҳнинг нияти амалга ошмади.
Кўп ўтмай, валиаҳд шаҳзода Аврангзеб отасига қарши исён кўтариб, тахтни эгаллайди. Отасини эса уй қамоғига ҳукм этади. У фақатгина ўзи ҳибс этилган ҳужранинг дарчасидан Тожмаҳални кўриб турарди, холос. Буюк ҳукмдор шу ерда бандаликни бажо келтиради. Васиятига кўра, уни худди шу мақбарада, севгилисининг ёнида дафн этадилар.

Бугунги кун: ТОЖМАҲАЛДА ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛГАНЛАР

Бугун Тожмаҳал пойига зиёрат учун келадиганларнинг аксариятини севишган ёшлар, турмуш қурганлар ташкил этади. Япон, француз, инглиз, рус йигит-қизлари бу ерда бир-бирлари билан аҳду-паймон қилишар, бир умр муҳаббат ва садоқат билан яшаш учун сўз беришар экан.
Иншоотнинг орқа томонида Жамна дарёси оқади. Унинг нариги соҳилида қурилиши бошланиб, битмаган обидага кўзингиз тушади. Севгилисига етишолмаганлар эса бу ерда тавалло қилишар, ҳатто, айрилиқ ва ҳижрон доғига чидолмаганлар, хиёнат чоҳига йиқилганлар, минора тепасига чиқиб ўзларини ерга ташлашлари ҳам қайд этилган.

ТОЖ МАҲАЛ ҚУЛАЙДИМИ?

Тадқиқотчи олимларнинг фикрига кўра, Ҳиндистоннинг юзи бўлмиш Тож Маҳал хавф остида. У яқин келажакда вайрон бўлиши мумкин. 360 йиллик меъморчилик обидасининг қизил ёғочдан қилинган пойдевори яқинидаги дарёнинг суви камайгани сабабли қуриб, ёрилиб кетмоқда. Агар тезкор чоралар кўрилмаса, Тож Маҳалнинг пойдевори мармар гумбазлар ва миноралар оғирлигини кўтара олмай, тез орада емирилиб кетиши мумкин. Ҳинд экологларининг айтишича, дарё сувини маълум сатҳда ушлаб туриш учун дамба қуриш керак. Бу эса 71 минг фунт стерлингга тушади.

САЁҲАТЧИЛАР УЧУН

Ҳиндистонга туристик мавсум октябр ойидан март ойигача амалга оширилади Чунки бу вақтда муссон ёмғирлари ва иссиқ ойлардан сақланиш имкони бор. Саёҳат қилиш учун энг маъқул вақт ноябр ва декабр ойлари.
Пул бирлиги – ҳинд рупияси, 100 пайсага тенг. Хорижий валютани олиб кириш чегараланмаган, миллий валютани олиб чиқиш эса таъқиқланган. Пулни айирбошлаш шахобчаларида, меҳмонхоналарда алмаштириш мумкин. Меҳмонхона ва дўконларда кредит карталари қабул қилинади: Visa, American Express, Master Card ва бошқалар. Пулни алмаштирганлик квитанциясини сақлаш лозим. Мазкур квитациялар чипта олиш вақтида ва рупияни валютага алмаштириш вақтида керак бўлади.

БИЛАСИЗМИ?

Ҳиндистонда 18 та расмий тил бор, шунингдек, инглиз тили – иш юритиш ва расмий ҳужжатлар учун ишлатилади. Барча билимдон кишилар, шунингдек, туризм соҳасига алоқадор касбдагилар инглиз тилида гапирадилар, баъзан эса, Деҳлида рус тилида ҳам сўзлашади.
Ҳиндистон – харидор учун ҳақиқий жаннатнинг ўзгинаси. Бозорларда албатта савдолашинг, молнинг нархини 2-3 баравар тушириш мумкин. Ҳиндистонда матолар сифатли ва унчалик қиммат эмас.
Ҳиндистон ҳудудига кириш учун виза керак
Транзит визасини олиш учун ҳужжатлар:
- чет эл паспорти (амал қилиш муддати - 6 ой);
- аризачи томонидан тўлдирилган ва имзоланган 2 нусхадаги декларация;
- кириб келаётган давлат визаси;
- аввалги давлатдаги барча авиачипталар;
- 2 та анкета (инглиз тилида тўлдирилади);
- 3х4 ҳажмдаги 2 та фотосурат.

“БИРОВНИ ЎҒРИ ТУТМАНГ”

Энг аввало, бу ерда “ўзингга эҳтиёт бўл, бировни ўғри тутма” деган ақидага амал қилиб юрсангиз, ютқазмайсиз. Агар сиз Ҳиндистонга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, иккинчи синф вагонларида сайр қилишни тавсия этамиз. Юкингиз билан хайрлашмоқчи бўлмасангиз, уни ҳеч қачон назоратсиз қолдирманг. Яна шуни унутмангки, Ҳиндистоннинг йирик шаҳарлари йўлларида энг кўп қурбонлик автомобиль ҳалокати туфайли юз беради. Шу боис автомобилга фақатгина ҳайдовчининг уста ва тажрибали эканлигига ишонч ҳосил қилгачгина ўтириш мумкин. Шунингдек, Ҳиндистонда йўл ҳаракати чап томонда эканлигига ҳам эътибор беринг.

Биласизми?
Чап томондаги ҳаракат – атиги бир нечта давлатларда бор ажойибот. Статистикага кўра, сайёрамизда бундай давлатлар сони 71 тани ташкил қилади. Булар, Австралия ва Буюк Британиядан бошлаб, Япония, Янги Зеландия ва Ҳиндистон билан тугайди.
Маълумот учун:
Ҳиндистонда ҳар 1000 кишига 12 донадан автомашина тўғри келади.

Шоҳ ЖАҲОН тайёрлади

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин