Саналар
30.12.2024
Баннер
Амир Темур фарзандлари
PDF Босма E-mail

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Соҳибқирон Амир Темурнинг икки қизи ва тўрт ўғли бўлган. Қизлардан бирининг исми Оғабегим бўлиб, у Султон Ҳусайннинг онаси эди. Лекин тарихчиларнинг маълумот беришига кўра, қизлардан бири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Ўғиллар эса Жаҳонгир, Умаршайх, Мироншоҳ ва Шоҳруҳ Мирзолардир.
Тўртта ўғилдан иккитаси Темурнинг ҳаётлигида қазо қилган.
Қуйида Соҳибқирон Амир Темурнинг ўғиллари билан қисқача танишиб чиқамиз.
Жаҳонгир – 1356-йилда таваллуд топган.
У болалигидан отасининг бошига тушган сарсонлик, жангу-жадал машаққатларини баробар тортди. Шу тариқа улғайиб, ўн уч-ўн тўрт ёшидан тажрибали амирлар қаторида ҳарбий юришларда иштирок этди.
Жаҳонгир 1373 йили Хоразм ҳукмдори Юсуф сўфининг Севинчбека исмли жиянига Конгилда катта тўю-тантана билан уйлантирилди.
Тарихий манбаларда келишича Жаҳонгир Мирзонинг яна бир аёлининг исми Руқия бўлиб, у амир Кайхисравнинг қизидир. Яна бир аёлининг исми эса Хонзода бўлган.
Соҳибқирон Амир Темур тўнғич ўғлини кўп яхши кўрар эди. Ҳатто у Жаҳонгир Мирзони валиаҳд этиб тайинлаб, унга ўн икки минг отлиқ аскарни инъом қилди. Аммо валиаҳдга шоҳ бўлишлик насиб этмади. Чунки у 1376-йилда, йигирма ёшида тўсатдан оламдан ўтди.
Жаҳонгир Мирзодан икки ўғил қолди. Тўнғичи Муҳаммад Султон бўлиб, Темур уни валиаҳд этиб тайинлади. Аммо тожу-тахт Муҳаммад Султонга ҳам насиб этмай, фоний дунёни тарк этди. Муҳаммад Султондан уч ўғил қолган бўлиб, улар Муҳаммад Жаҳонгир, Саъд Ваққос, Яҳё исмли эди.
Жаҳонгир Мирзонинг кичик ўғли Пирмуҳаммад отлиқ эди. Темур вафотидан олдин уни валиаҳд этиб тайинлади. Аммо Пирмуҳаммадга ҳам шоҳ бўлиш насиб этмади.  Ундан етти ўғил қолди: Қайду, Ҳолид, Яҳё, Бузинжар, Маҳдий, Санжар, Қайсар.
Умаршайх - 1356-йилда туғилган, 1394-йилда вафот этган.
Умаршайх Мирзо бир жангда отасининг буйруғига кўра, унга мадад кучлари этаётган вақтида Ҳармоту қалъасига етганда шу ерни сайр қилишни ихтиёр қилди. Шу пайт бир киши ўқ отаётган эди. Тасодифан ўқ келиб Умаршай Мирзога тегди ва унинг умрига хотима ясади.
Умаршайх Мирзодан беш ўғил қолди. Каттасининг исми Пирмуҳаммад бўлиб, у Умаршайхнинг отаси эди. Иккинчиси Рустам Усмон ва Алининг отаси эди. Учинчиси Искандар, тўртинчиси Аҳмад эди. Бешинчиси Бойқаро бўлиб, у Мансурнинг отаси эди. Ғиёсиддин Мансур Ҳусайн Бойқаронинг отаси эди.
Мироншоҳ – 1367-йил туғилган.
Мироншоҳ Мирзо Озарбайжонни бошқарар эди. У бу юртда кўплаб ободонлаштириш ишлари олиб борган, хусусан масжид, мадраса, саройлар қурдирган.
Кунларнинг бирида Мироншоҳ Мирзо шикорга чиқган пайтида отдан йиқилиб, боши қаттиқ лат еди. Бунинг оқибатида шаҳзоданинг хатти-ҳаракатлари тушуниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетди. У ўзи қурдирган биноларни буздириб, ичкиликка берилиб, Ўзбекхоннинг набираси бўлган хотинини хўрлашга ўтган. Албатта, ўғлининг бу ҳаракатларига қарши Соҳибқирон Амир Темур турли чора-тадбирлар кўрар эди.
Мироншоҳ Мирзо отасининг вафотидан сўнг, 1408-йилда туркманлар билан бўлган жангда ҳалок бўлди. Аскарлардан бири жароҳат олиб, чала жон бўлиб ётган Мироншоҳ Мирзони таниб қолди ва шу заҳоти унинг калласини кесиб олиб, найза учига санчиб, сардорлари амир Қора Юсуфга олиб борди.
Шоҳруҳ - 1377-йилда туғилган.
Бу Темурий шаҳзода ҳақида Бўрибой Аҳмедовнинг «Мирзо Улуғбек» номли китобида келган маълумотни келтириш орқали у киши билан танишсак:
«Вазмин ва иродаси кучли одам эди. Мулоҳаза билан «етти ўлчаб бир кес» қабилида иш тутарди. Қолаверса, интизомли одам эди. У ҳоҳ ҳарбий иш бўлсин, ҳоҳ давлат иши бўлсин, ҳоҳ дини Ислом ва шариат арконлари билан боғлиқ иш бўлсин ўз вақтида, ўз ўрнида адо этишга одатланган эди. Ҳоқони саид ҳар қандай шароитда ҳам беш вақт намозини узмас эди. Саройда ихчамгина масжиди хос бўлишига қарамай, Жумъа намозини кўпчилик қатори фақат Ҳиротнинг энг катта масжидида, Ғиёсиддин Муҳаммаднинг жомеъ масжидига бориб ўқирди».
Шоҳруҳ Мирзо отасининг вафотидан сўнг, 1447-йилда вафот қилди. Ундан тўққиз ўғил ва олти қиз қолди. Дунё тан олган аллома, юлдузлар илмининг султони Мирзо Улуғбек Кўрагоний ҳам унинг фарзандидир.

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф


Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Ҳелда Ҳекҳем «Етти иқлим султони».
Хуршид Даврон «Соҳибқирон набираси».
Низомиддин Шомий «Зафарнома».
Бўрибой Аҳмедов «Мирзо Улуғбек».

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин