Саналар
05.10.2024
Баннер
Автомобил тарихидан
PDF Босма E-mail

“АВТОМОБИЛЛАР ҚИРОЛИ”НИНГ ОРЗУСИ — АРЗОН ВА ТЕЗЮРАР МАШИНА
Кўп йиллар давомида дунёда бу автомобилларни фақат бадавлат одамларгина сотиб олишлари мумкин эди. Бироқ уни яратувчи Генри Форд эса ҳаммада машина бўлишини истарди... Дунёнинг турли бурчакларидаги миллионлаб автомобил ишқибозлари яхши билишадики, АҚШнинг икки юз йиллик тарихидан юз йили автомобиллар даврига тўғри келади. Бу тарихга катта ҳисса қўшган Генри Форднинг шижоати ҳаммани ҳайратга солган...

1863 йил, 30 июл. АҚШ. Мичиган.

Оддийгина фермер оиласида дунёга келган Генри ёши улғайган сари худди отасидек фермер бўлишни ҳам, фермада ишлашни ҳам  истамаганди. У кўпроқ турли машиналар яратишдан завқланар, 16 ёшга кирганида мактабни ташлаб, Детройт шаҳрига боради ва ўзи учун қизиқарли иш ахтара бошлайди. Чунки бу шаҳар ҳозирги кунда бежизга Американинг “автомобиллар пойтахти” деб аталмайди. АҚШга ташриф буюрадиган сайёҳларни доим ҳайратга солган Детройт ёш ва бўлажак “автомобиллар қироли”ни ҳам қучоқ очиб кутиб олади. 

1896 йил, Дейтрот: “Тўрт оёқли велосипед”
Дастлаб бу ерда механик бўлиб ишлай бошлаган Генри худди шу йили ўзининг дастлабки машинасини яратади. Энг қизиғи, бу машина шу пайтгача яратилган машиналардан бутунлай фарқ қиларди. У ушбу машинасини “квадрисайкль”, яъни – “тўрт оёқли велосипед” деб атайди. Чунки бу машинанинг оёқлари худди велосипедникига ўхшаш эди.
1902 йили Генри Форд ўзи ясаган машинаси билан машҳур пойгада ғолиб деб топилади. Чунки унинг мазкур машинаси шу вақтгача яратилган машиналар ичидаги «энг тезюрар машина» деб тан олинади. Бу машина соатига етмиш милл йўл босар эди.
Ва ниҳоят, Генри Форд «Ford Motor Company»га  асос солиш учун етарли маблағга эга бўлади.

АРЗОН ВА ТЕЗЮРАР
Дунёдаги барча одамларда машина бўлишини чин дилдан истаган Генри Форд кейинги яратадиган машиналарини арзонроқ бўлишини хоҳлайди. У ўйлардики, агар машиналар бир хил қилиб яратилса, уларга камроқ сарф-харажат ва вақт талаб қилинади. Натижада  машиналар шубҳасиз арзон бўлади. Шундай қилиб у ўзининг яна бир янги моделини яратди. Генри Форд ишонардики, бу бошқа машиналарга қараганда анча арзон бўлади. Ниҳоят у кутган «А-модель» дунёга келди.
1908 йилда эса Генри Форд ўзининг энг машҳур «Т-Форд» моделини яратди. Бу машиналар миллионлаб сотувга чиқарилди. Машҳур автомагнатнинг бу машинаси ўша вақтларда сотувга чиқарилган машиналарнинг энг арзони, яъни уни бор-йўғи 850 долларга сотиб олиш мумкин эди.

ЯНГИ УСУЛ: ЯНАДА ТЕЗ ВА ҚУЛАЙ
Америка тарихидан Генри Форд йирик маркетологлардан бири сифатида ҳам ўрин олган. У йиғадиган конвейрни ташкил қилиб, нархларни янада туширишга эришди ва ўзининг арзон ва тезюрар  автомобилларини миллионлаб реализация қилди...
Кунлардан бир кун Генри Форд тасодифан гўшт қадоқлайдиган фабрикага кириб қолади ва бу ерда у гўшт бўлакларини «конвейр» усулида қадоқлашаётганини кўриб, худди шу усулни машиналар ясайдиган цехда ҳам фойдаланса қандай бўлиши ҳақида ўйлаб қолади. Ахир бу айни у орзу қилганидек, ҳар бир ишчи бир вазифани бажариши, натижада иш тез ва қулай бажарилиши мумкин бўлган усул эди.
Шундай қилиб, машиналар Генри Форд ўйлаб топган «конвейр» усулида муваффақиятли йиғила бошлайди. Бу усул шундан иборат эдики, машинанинг ўзи ишчининг олдига келар, ишчи эса жойида турганча, унга маълум бир қисмни ўрнатарди. Натижада иш тез фурсатда бажариларди. Шу вақтгача бир машинани йиғиш учун 14 соатдан кўпроқ вақт талаб қилинган бўлса, энди бу вақт икки соатни ташкил қилаётганди. Ўз навбатида, Форд ҳам машиналар нархини туширади. Энди одамлар «Т-Форд» моделини 250 долларга сотиб олишлари мумкин эди.

ОРЗУ АМАЛГА ОШДИ
Ҳеч шубҳасиз, XX асрнинг энг муваффақиятли тадбиркорларидан бири саналган Генри Форд техника ихтироларидан тижорат мақсадида жуда юксак самара билан фойдаланди. Ниҳоят “автомобиллар қироли”нинг орзулари амалга ошди. Одамлар арзон ва тезюрар машиналарда ўзлари кўзлаган манзилларига етиб борардилар. У ўзининг машҳур «Т-Форд» моделини ишлаб чиқаришни тўхтатган вақтда 15 миллиондан ортиқ машина аллақачон ўз эгаларини топган эди...
Бироқ бугунги кунда харидорлар учун танлов имкониятлари янада кўпаймокда. Буюк компаниялар ўзларининг жорий имкониятлари билан ҳеч қачон қониқмайдилар. Форд автомашиналари бугун янада замонавий тус олиб, компания дунёнинг энг йирик ишлаб чиқарувчилари қаторида ўз моделларини такомиллаштириш йўлида тинимсиз иш олиб бормоқда.

ҚИЗИҚАРЛИ ТАДҚИҚОТ
MCN портали келажакка назар ташлаб, 2020 йилда автомобиллар қандай бўлиши ҳақида ўз тахминларини эълон қилди. Портал мутахассисларининг таъкидлашича, келажакда ҳам хавфсизликка катта эътибор қаратилади ва тўқнашувларни камайтиришга имкон берадиган тизимлар янада такомиллаштирилади.
Масалан, радар маълумотлари асосида ишлайдиган адаптив круиз-назорат сизнинг машинангиз ва олдинда ҳаракатланаётган автомобил орасида хавфсиз масофани сақлашга кўмаклашади. Айни пайтда бундай назорат фақатгина ВМW, Ауди ва Форд машиналарида мавжуд.
Шунингдек, 2020 йилга бориб автомобил шунчаки транспорт воситаси бўлибгина қолмай, «ақлли қурилма»га ҳам айланади. Яъни, машиналар симсиз алоқа тизими орқали бир-бири билан боғланади. Ҳозирда Форд компанияси машинангиз турган жойни ва атрофдаги транспорт воситаларини аниқлайдиган ана шундай тизим устида ишламоқда. Бу тизим қарши томондан келаётган ёки қизил чироқда ўтиб кетган машина ҳақида маълумот узатади ҳамда олдиндаги машинани қувиб ўтишингизга ёрдам беради.

Шоҳ ЖАҲОН тайёрлади

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин