Саналар
21.12.2024
Баннер
Мансур Халложнинг қатли халолми?
PDF Босма E-mail

Ушбу мақола сарлавҳасидаги мавзу бир неча  асрлардан бери кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган масалалардандир. Шунингдек, “қатли халолми” деган сўз (ҳалол-харом, жоиз-ножоиз, раво-нораво каби) шаръий ибора бўлгани учун ҳам ҳаммага тушунарли бўлиши учун қўлланмоқда. Ҳозирги дунёқарашнинг моҳиятидан келиб чиқиб айтганда, замонлар алмашинишига қарамай кўпгина тадқиқотчилар эски ва янглиш  фикрда қолганлари маълум бўлмоқда.  У ҳам бўлса Мансур Халлож ножоиз ўлдирилган ва унинг қатлига фатво берганлар “диний реакцион тўдалар”, ёки “бир гуруҳ жоҳил руҳонийлар” деган қарашлардир. Шундай фикрни баъзи тадқиқотчилар ҳозир ҳам ўз илмий тезисларида илгари сурмоқдалар.

Абумаъфиб Абдулло ибн Аҳмад ибн Абутоҳир Ҳусайин Мансур Халлож Эроннинг Ботзо (айрим манбаларга кўра, Тур) мавзеида 858 йили ҳунарманд оиласида таваллуд топган.  Унинг “Халлож” (халлож – пахта тозаловчи, пахта йигирувчи) деб аталишига сабаб оиласи пахта тозалаш ва сотиш билан шуғулланган. Бошқа манбага кўра, дўконида пахтани чигитдан ажратиб ўтирган  дўстига  илтимос билан бир иш айтади. У рози бўлиб кетгач, Мансур мен дўстимнинг тирикчилигини зое қилдим, агар ишга буюрмаганимда ушбу юмушини тугатган бўлурди, деб каромат билан қўлида ишора қилиб бир қанча миқдор пахтани чигитдан   ажратиб қўяди. Шундан кейин у “Халлож” деб атала бошлади ( Фаридиддин Аттор. “Тазкиратул авлиё”). Мансур Халлож Қуръони Каримни ўн икки ёшида тўла хатм қилади (ёд олади). Аҳли сунна вал-жамоа таркибидаги (Ҳанафия, Шофиъя, Ҳанбалия, Моликия) тўрт мазҳабда руҳсат сўрамай,  ўз азимати билан амал қилади (бу мазҳабларнинг хоҳлаганида амал қилиш фақат ижтиходчиларга – диндаги комил олимларгагина руҳсат берилади). У жами юзга яқин шайхларга муридлик қилади. Улардан машҳурлари – Саҳл ибн Абдулло Тустарий, Абу Абдулло ибн Умар ибн Усмон Маккий, Жунайд Бағдодийлардир. 18 ёшида Тустарга келиб 2 йил Абдулло Тустарийнинг қўлида таълим олади. Усмон Маккий хизматида 8 йил таҳсил кўради. У  Яқуб Оқтонинг қизига уйланади. 27 ёшида унинг маънавий сармастлиги бошланади. Бағдодда Шиблий, Жунайд Бағдодийлар билан ҳамсуҳбат  бўлади. Жунайддан қаттиқ имтиҳон тарзида масала сўрайди. Жунайд оғриниб :
-    Яқин орада сени дорга осгайлар ва гўштингни парча-парча қилиб, ўтда ёққайлар,-дейди. Мансур жавобан:
-    Мени дорга осишадиган куни сен суратингни ўзгартириб, бошқа кийимлар кийгайсан ва менинг қатлимга фатво бергайсан, -дейди. Жунайд ҳайратланиб қолади. Ҳақиқатан тақдир шундоқ бўлади.  Қазо-қадар вақти келиб Бағдод шаҳрининг уламолари унинг қатлига фатво ёзадилар ва Жунайдга ҳам ёзиб имзо чек, дейдилар. Жунайд суфийлар либосини ечиб, уламолар кийимини кийиб, фатвога имзо чекиб  айтадики: “Биз унинг зоҳирини ҳукм қилурмизким, қатл қилингувчидир, ботинини эса Аллоҳ билур”.
Мансур Жунайддан саволига жавоб ололмай, ундан ижозат сўрамай Тустарга бориб бир йил туради. Халқ киядиган тўнни  кийиб  бир қанча вақт улар орасида бўлади. Одамлар унинг сўзини қабул қилмайдиган бўлади. У ердан чиқиб, Аҳвоз, сўнг Маккага келиб икки йил мужовирлик (ҳожиларга сув берадиган, уларни етаклайдиган ва шу каби юмушларни савоб учун бажарадиган хизмат тури) қилади. У ердан қайтгач аҳволи ўзгаради. Халқни маъно ва маърифат  билан даъват қилишга ўтади. Сўзлари одамлар “қурсоғига” сиғмайдиган бўлади, яъни уни саноқли шайхлардан ташқари ҳеч ким тушунмайдиган бўлади. Мансурни элликта шаҳардан қувадилар. Мансур Халлож борган  шаҳарлар – Тустар, Бағдод, Басра, Макка,  Аҳвоз,  Синд, Мўлтон, Кашмир, Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг кўп шаҳарлари, Бухорода ҳам бўлиб, бу ердаги мадрасаларда маъвизалар қилган (маъруза ўқиган). “Тазкиратул авлиё”да келтирилишича, ҳар куни тўрт юз ракат намоз ўқир (бошқа манбага кўра минг ракат) ва буни фарз қилиб олган эди. Ҳар бир намозини ғусл қилиб ўқийди. Кароматлари – қўлида ишора билан пахтани чигитдан чиқариш, тўни ичидан, қўйнидан  пишган овқат чиқариш, бошқаларнинг қўлидаги кишанларини ишора билан узиш, ўзи билан чаён олиб юриш ва ҳ.к. Асарлари – “Тавсин”, “Ал-ҳаёкал”, “Ал-кабирият ал-аҳмар”, “Нур ал-асл”, “Жисм ал-кабир”, “Жисм ал-сағир”, “Бўстонил маърифат” ва наътлар, илоҳийлик тараннум этилган шеърлар.
Одамлар, ҳатто баъзи  шайхлар ҳам унинг маънавий сармастлигини адабсизликка йўядилар, айрим борган жойларида тошбўрон қиладилар. Кўп валийларнинг одати шундайки, ўз маънавий ҳолатларини оммага  терс қилиб кўрсатадилар. Ўзи ҳам ҳажга борганида дуо қабул бўладиган жой – Арофатда “Эй Аллоҳ, мени расвойи жаҳон қил, токим халқ лаънатласин!” деб нола қилади.  Ўзининг ортидан эргашган муҳлисларига, муридларига кароматлар кўрсатади. Бундай кароматларини бошқалар жодуга ва куфрга нисбат берадилар.   У “ Анал Ҳақ”  (Ҳақман, яъни Худоман) дейди.  Фаридиддин Аттор “Тазкиратул авлиё”да: “...Энди мен ажабланурман  ул кишигаким, бир дарахтдан “Анал Ҳақ” чиқса, раво тутар (мумкин дер), ҳолбуки у ерда дарахт йўқ, сўзлаган Ҳақдир! Ҳусайн Мансур Халложнинг вужуд дарахтидан “Анал Ҳақ” чиқса, раво тутмаслар, ҳолбуки, Ҳусайн у ерда йўқ, сўзлаган Ҳақдир. Нечукким, ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат этарки: “Ҳақ таоло Умар тили билан сўз сўзлар. У ерда (Мансур вужудида) на мулҳиднинг (Худога мункир бўлган даҳрийнинг), на-да бошқанинг сўзи бордир” (Мирзо Кенжабек таржимаси).  Абул Қосим Кушайрий ривоятига кўра, агар у (Мансур Халлож – Ш.Ж) мақбули Ҳақ бўлса, халқнинг радди билан мардуд (рад этилган) бўлмас, агар мардуд (Худо рад қилган) бўлса, халқнинг қабули билан мақбул (Худога  мақбул) бўлмас.    
Кўп шайхлар Жунайдга ўхшаб Мансурни эътироф этганлари ҳолда ўзларини олдидан қувганлар. Масалан, Усмон Маккий Мансурнинг ёзув устида кўриб “Нима ёзурсан?” деганида, Халлож “Қуръонга муораза (эътирознома) ёзурман” дейди. Бу сўз шайхга оғир ботиб “Бадхудор бўлмагин!” деб ёнидан хайдайди. Айтадиларки, Мансур Халложга не бало келган бўлса, ана шу дуоибаддан келди. Яна бир нақлга кўра, Усмон Маккий  бир куни “Ганжнома” таржимасини бир қоғозга ёзиб, жойнамозининг тагига қўйган эди. Мансур келиб ўша саҳифани олади. Бу нарса шайхга маълум бўлиб айтадики:  “Хусайн келиб, сўрамасдан қоғозни олибди, тез орада унинг қўл-оёқларини кесгайлар ва уни дорга осиб ўтда ёққайлар, кулини кўкка совургайлар” дейди.
Султон Баҳоваддин Валад (Мавлоно Румийнинг фарзанди) “Маориф” асарида шундай ёзади: “Мансур Халложни унинг замондош уламо ва авлиёлари – ҳатто Жунайд Бағдодий, Абубакр Шиблий каби муршидлар ҳам – зоҳирда инкор этдилар ва жонига қасд қилдилар ва барчаси келишиб, уни дорга осишга фатво бердилар. Натижада ўшандай жаҳоннинг ягона азизини дорга осиб қатл этдилар. Дордан тушириб оловга солдилар, куйиб кул бўлгандан  кейин оламда асари қолмасин деб кулини кўкка совурдилар. Дейдиларки,  (қотиллар) нима иш қилмасинлар, ерда, осмонда олов ва сув устида “Анал Ҳақ” деган ёзув – Сўз пайдо бўларди. Бу кароматни кўргандан кейин барчаси пушаймон бўлдилар, бу пушаймонлик бизнинг замонгача давом этиб келмоқда. Ўшандан буён Мансур номи тилга олинмагунча, уни хотирламасдан мажлислар қизимайди, суҳбатларга файз кирмайди. Қиёматгача шундай қолажак! Раҳматуллоҳи алайҳа (унга Аллоҳнинг раҳматлари ёғилсин). 
Оқибат уни ушлаб Халифа Муқтадир хузурига олиб келадилар. Халифа унга “Анал Ҳақ дема, Ҳувал Ҳақ  дегил”, дейди. Мансур биз учун шундай демоқ керак, дейди. Халифанинг вазири Исо уни зиндонга солади. У ерда бир йил ётади.  Одамлар келиб ундан масалалар сўраб туради, кейинчалик бу ҳам тақиқланади. Сўнги беш ой олдига одам қўйилмайди. Машҳур шайхлар Ибн Ато билан Абу Абдуллоҳ Хафиф бир марта бориб кўрадилар. Яна бир марта Ибн Ато бир кишини жўнатиб айттириб юборадики: “ Эй, Мансур, бу сўзни айтдинг, узр сўра, зиндондан қутуласан”. Мансур жавобан: “Мен не дедимки, узр сўрайман? Холиқни қўйиб, халққа ёлвормайман” дейди. Ибн Ато эшитиб “Биз Ҳусайннинг ўндан бирича ҳам эмасмиз”, деб йиғлайди. Шиблий эса “Мен билан Халлож бир хилмиз, фарқимиз шундаки, мени жинни  деб эълон қилишди, қутулиб қолдим, уни эса ақли ҳалок этди” дейди. Фахруддин Али Сафий (Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ўғли) “Рашаҳоту айнил-ҳаёт” асарида Хожа Али Ромитаний (қ.т.с.) рашҳасида (12.Рашҳа): “Ойдиларким: “Агар ҳамайи рўйи заминда Хожа Абдулхолиқнинг фарзандларидин бирлари бўлса эрди, Мансур ҳаргиз дорға кетмас эрди, яъни  агар Хожанинг фарзанди маънавийларидин бирлари ҳаёт бўлса эрди,  Ҳусайн Мансурни тарбият бирла ул мақомдин ўткарур эрди” (59-бет). Бундан хулоса чиқадики, Мансур Халложнинг  мақоми, яъни “Анал Ҳақ”қа етиш  энг олий мақом ёки комиллик нуқтаси эмас экан.  Ундан ўтилганда ҳам бир неча ҳоллар (мақомлар) мавжуд. Эътибор қилинг, Хожа Абдулхолиқнинг ўзи ёки у каби авлиёларгина  эмас, ҳатто уларнинг маънавий фарзандлари, яъни муридлари Мансурнинг ўша жазабали ҳолатидан муроқаба, тасарруф ва тарбият билан ўтказишга  қодир эканлар. Демак, кейинги давр суфийликда валийлар янада юксак маънавий мақомларга чиқа олганлар. Шунингдек, тасаввуф тариқатлари шу даврлардан бошлаб юксалган, синтезлашган.  Масалан, жахрий зикрдан сокин зикрга ўтиш ва бошқалар. Хожа Алоуддин Атторнинг Хожа Баҳоуддин Нақшбандий ҳақидаги асарида ҳам шунга далил бўладиган мисоллар кўп. Хусусан,  Баҳоуддин Нақшбандий: “Менда Мансурнинг ҳолати жўш урди, Аллоҳнинг ёрдами билан  бу мақомдан ўтиб олдим” дейди.  Демак, бу эътироф суфийликда Халложнинг мақомидан кейин яна комилик сари сокин мақомлар  бошланишини билдиради. Фахруддин Али Сафийнинг   “Рашаҳоту айнил-ҳаёт”да  Хожа Убадуллоҳ Аҳрор Валий тўғрисидаги  рашҳада ( учланчи фасл,  83-рашҳа, 368-бет): “Ойтур эрдилар: “Одамлар тасаввур этибдурларким, магар камол “ана-л- Ҳақ” демакда турур. Камол онда турурким, лафзи “ана”ни аввали калимадин кўтариб, ҳаргиз онинг ёдини этмагайлар”.  Демак бизнингча, бу матнни шундай изоҳлаш керакки, “анал Ҳақ”нинг “анал”ини айтмай “Ҳақ”нинг ўзини айтса зикр ҳосил бўлади. Шунингдек, киши ёки зокир “анал” айтмаса битта борлиқни ифода   этган бўлади. “Анал Ҳақ”да эса омма наздида куфр калимасидан ташқари иккита борлиқ “мен – худо” сўзлари ясалмоқда. Икки борлиқни ифода этишдан кўра “бир борлиқ”-“Ҳақ”  дейиш олий мақомдир.  Хожа Аҳрор Валий ҳазратлари шунга ишора қилган бўлиши мумкин, яна Аллоҳ билади.  Қолаверса, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд  ҳазратнинг:
“ Худонинг мардлари худо эмаслар,
Лекин худодан ҳам жудо эмаслар ” деган байти Мансур Халложни тўғри идрок этишимизга ёрдам беради.

Энди  шайх Мансурнинг қатли саҳнасига келайлик. У зиндонда маҳбусларга айтадики: “Эй, аҳли зиндон! Агар хоҳласангиз, сизни озод айлайин, чиқинг, кетинг”, - деганида маҳбуслар жавобан: “Агар қўлингдан келса, ўзингни озод  этардинг, бу балодан қутулардинг” дейдилар. Мансур қўли билан ишорат қилганида барчаларининг кишанлари узилиб тушади. “Зиндон эшиги нима бўлади, қандоқ чиқамиз?” деганларида яна у бир ишорат билан зиндон эшигини очади. “Сен қочмайсанми?” деганларида Мансур “Менинг Ҳақ билан ишим бор, жойига тушмоғи керак” дейди. Посбонлар келиб ундан маҳбусларни сўрасалар “Озод этдим” дейди. У ана шу тариқа зиндонда “фитналар” содир этади. Бир гал Мансурни  зиндондан топа олмайдилар. Иккинчи куни зиндоннинг ўзини топа олмайдилар. Мансурдан “Нима бўлди, қайда эдинг” деганларида, жавобан у “Биринчи кеча Аллоҳга бордик, шунга мени топмадилар, иккинчи кеча Аллоҳ бизга келди, шунинг учун зиндонни ҳам топа олмадилар” дейди (тавҳидни ҳимоя қилиб айтганда, бизнингча, бу Ҳақнинг тажаллиси холос, шу ўринда Аллоҳ бевосита (вахийсиз, Жаброилсиз) Мусо калимуллоҳ билан сўзлашган тоғни эсланг, чунки, худога макон иснод этиб бўлмайди – Ш.Ж.). Шу ҳодисаларни ҳалифага етказганларида у “ Мансурга дарра уринг, гапидан қайтмаса  ўлдиринг!” дейди. Мансурни зиндондан чиқариб таёқ урадилар. Ҳар таёқ урганларида “ Ё, Ибни Мансур, Ла тахоф индал холлий” деган садо эшитилган экан.  Кейин уни дорга осиш учун олиб борадилар.  Кўп манбалардаги бир хил нақлга кўра Мансур дор томон хиромон, рақсга тушиб, ҳурсанд  борган экан. “Шу ҳолатда ўйнамоқ вақтими?” деганларида, у “Ахир қурбонлик ўрнида  (шахид мартабасида) кетаётирман” дейди. Бир дарвеш шу ҳолатда кетаётганида ундан “Ишқ нима?” деб савол сўрайди, Мансур жавобан: “Бугун, эртага, индинга нимани кўрсанг шу ишқдир” дейди. Ҳақиқатан, биринчи кун унинг оёқ-қўлини кесиб, тошбўрон қилиб, дорга осадилар, иккинчи кун жасадини ўтда ёқадилар, учинчи кун кулини йиғиштириб кўкка совурадилар ва  Дажла дарёсига ташлайдилар.  У дор томон шодлик кўрсатиб борар экан шогирдларидан бири Халложда васият  қилишни сўрайди. Мансур : “Нафсинг сени машғул қилишидан аввал сен нафсингни машғул қил, бундай ҳол авлиёларнинг ишидир” дейди.   У дор пиллапоясига етиб келгач, дор зинасини ўпиб, тавоф қилади. “Пиллапояни нечун ўпасан?” десалар, у “ Ошиқлар меърожи осилмоқдир”  дейди (ҳар кимнинг меърожи бор, жумладан, Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисига кўра, мўъминнинг меърожи – намоздир, меърож – арабчасига луғавий жиҳатдан руъжу, уръжу, меърож (шу уч масдарга кўра) – чиқиш, юксалиш маъноларини беради, қиёслашнинг ўринли эканлигига қарангки, дорга ҳам чиқилади). Одатга кўра осиш вақти юзига қоп кийдирмоқчи бўладилар, Мансур унамасдан очиқ юзлик билан ёпинчиқни ечиб ташлайди ва икки қўлини кўтариб қиблага қараб муножот қилади. Шу ҳолатда шайх Шиблий унинг олдига келиб Қуръони Каримнинг Ҳижр сураси 70-оятини ўқийди (маъноси: “Биз сени барча оламлардан қайтармаганми эдик?!” ) ва Халлождан “Суфийлик нима?” деб сўрайди. Халлож “Камтарин мақомини ҳозир кўрасан!” дейди. Шиблий “Аъло мақоми қандай?” деб сўраса, у “Сенга у томонга йўл йўқ!” деб жавоб беради. “Ҳол нима?” деб сўраганларга Мансур: “Ҳақ билганни ҳеч ким билмайди, ўзини ўзи ҳам билмайди” дейди.  Ҳамма Мансурни тошбўрон қила бошлайди. Шайх Шиблий ҳам шаръиатга муваққат қилмоқ учун гул (баъзи манбаларга кўра лой) отади. Шунда Мансур оҳ чекади. “Шунча одамлар тош отдилар индамадинг, Шиблий гул отса “Оҳ!” демоқдасан” десалар у “Тош отаётганлар билмай отмоқдалар маъзурдирлар (узрлидирлар), Шиблий эса билиб туриб отди” дейди. Халложнинг қўлини кесаётганларида  кулади. “Нега куласан?” десалар, у “Суврат қўлим кесилди, сифат қўлим кесилмади ва ўша қўлимни ҳеч қачон кесолмайсизларки, у билан ҳиммат бўркини Арш устидан олиб бошимга кийдим” дейди.   Унинг оёғини кесганларида ҳам табассум қилади ва айтадики: “Бу оёғим дунё сафарини қилардим, кесилса ғам эмас,  сифат оёғим  тургайки, у билан охират сафарини қилгайман!” дейди. Икки қўлини тирсакларига қадар қон суртади, кейин юзига ҳам булайди. “Нега бундай қилмоқдасан?” десалар, айтадики “Ишқ таҳоратини олмоқдаман, ишқ учун қон билан вузъу қилинади!” дейди. Халложнинг тилини кесмоқчи бўлганларида “Бир дам сабр қилинглар, муножот этайин”деб қиблага юзланади:
-    Илоҳи! Бу менга қилинган раҳматни Сенинг шаръиатинг ва буйруғинг ўрнига тушсин, деб қилмоқдалар. Илоҳи! Буларнинг гуноҳи йўқдир, барчаларини ёрлақагин ва умидларига етказгил! Илоҳи, Подшоҳо, Парвардигоро! Менинг қўл ва оёқларимни кесган бўлсалар, Сенинг ризонг учун ва Сенинг  йўлингда кесдилар. Илоҳи! Буларни ҳам раҳмат айла, бенасиб ва  маҳрум қилмагил!..  –дейди.  Бу гал унинг тилини кесиб, кўзларини ўйиб оладилар. Бир қанча кишиларга бу таъсир қилиб йиғлайдилар. Шом намози вақтида, қазо кунида, ризо майдонида, тавҳид муҳофазаси соатида,  922 йил зул-қаъда ойининг 23-куни, Наврўздан етти кун аввал, Дажланинг дарёсининг  тошишидан икки кун олдин  Ҳусайн Мансур Халлож жон беради. Уни парча-парча қилганларида ҳам этининг ҳар бўлагидан “Ҳақ, Ҳақ, Анал Ҳақ” деган садо чиқади. Эртасига майдонга келганларида ҳам бутун атроф “Анал Ҳақ” садосига тўлган эди. Тириклигида тилидан жорий бўлган “Анал Ҳақ” энди унинг ҳар бир узвидан (аъзосидан) чиқа бошлайди.  Одамлар, бунинг фитнаси аввалгисидан ҳам ошиб тушди, дейдилар. Бу сафар унинг гўштларини йиғиштириб олиб ўтда ёқадилар. Бошқа кун кулини Дажла дарёсига ташлайдилар.  Дажла устида ҳам “Анал ҳақ” садоси тўлиб кетади ва дарё тоша бошлайди. Кўп манбаларга кўра,  Дажланинг тошишига кулни ташлаш сабаб бўлган экан. Мансур Халлож ҳақида ёзилмаган бошқа манбалар ҳам дарё тошиш вақти уни қатл қилинган кунлар бўлганини эътироф этади.  Мансур ўлимидан аввал бир муридига куйлагини ечиб бериб “Менинг кулимдан Дажла тошгай ва Бағдодни хароб қилгай. Дарё тоша бошлаган заҳоти хирқамни сувга қарши тутгил”, деган экан. Ўша шогирд хирқани сувга қарши тутганида дарё сокинлашиб, ўзанига қайтган экан. Мансур Халлож қатлидан кейин кўп шайхлар уни тушида кўрганларини айтганлар. Кўрилган тушлар эса бир-бирига ўхшаш, яъни  тушда ҳотифдан овоз эшитилади: “Биз Халложга сиримиздан бир сир кўрсатдик, у эса фош қилиб қўйди, кимки Султоннинг сирини фош этса, жазоси шудир!”
Шайх Шиблий эса Халлож турбатида Аллоҳга муножот қилиб: “ Бу мўъмин ва ориф эди. Нечун бу балони унга қилдилар?”деб ниёз айлайди. У хотифдан  “Эй, Шиблий, бу балони шунинг учун қилдикки, у Бизнинг сиримизни ўзгага сўзлади. Сир сақламаганнинг жазоси шудир!” деган  овоз эшитади. Шиблий Халложни тушида кўриб сўрайди: “ – Сенга  шунча азоб берган халқни Ҳақ нима қилади?
-    Икки тоифасини ҳам раҳмат айлади. Бир гуруҳи менинг ҳолимни билиб шафқат этар эди, шунинг учун раҳмат қилинди. Бошқа гуруҳ менинг ҳолимни билмас эди,  Ҳақнинг амри бажо бўлсин, деб (тавҳидни ҳимоя қилиб) азоб берар эди. Шунинг учун раҳмат қилинди” –дейди. Нақлга кўра, дор осилаётган Халлождан масала сўрагани ҳатто Иблис ҳам  келади:  “Сен “Анал Ҳақ” дединг, сенга раҳмат айлади, мен “Анал хайр” дедим, менга лаънат ўқилди, сабаби недир?” –дейди Шайтон. Мансур у лаъинга жавоб бериб дейди: “ Сен ужб, кибр, манманлик қилдинг, мен кибрни ўзимдан қувдим, сабаби шудир” (Тазкирату авлиё). Дерларки, эрта қиёмат куни  аросат бўлгай, Мансурни занжир билан боғлаб келтиргайлар. Агар ҳайратга тушса, қиёмат қавмини бир-бирига ургай. (Ўша манба).
Мавлоно Жалолиддин Румийга кўра, Мансур Халложнинг нури 150 йилдан сўнг Фаридиддин  Атторнинг руҳониятига тажалли қилди ва унинг мураббийси бўлди. (“Фихи мо фихи” -  «Ичиндаги ичиндадир») Бундан ташқари  Атторнинг  увайсий (руҳдан таълим олганлиги) эканлигини кўп ёзганлар.

Баъзи тадқиқотчилар ёндашганидек, Мансурни “бир гуруҳ жоҳил руҳонийлар” ёки “диний реакцион тўдалар” ўлдирмаган. Матнга, умуман тарихга бундай ёндашиш ярамайди, собиқ тузум шароитида эмасмизки, бундай сўзларни қўлласак. Юқорида таъкидлаганимиздек,  унинг қатлида авлиёлар ҳам иштирок этган. Унинг қатлига Жунайд Бағдодийдек қутби замон (қутб-авлиёларнинг энг олий мақоми ва дунё уларнинг борлиги учун қойим турадиган,  Пайғамбар (с.а.в.)дан сўнг коинот  ана шундай еттита абдоллар борлиги учун бир низомда сақланадиган)  бўлган зотнинг фатвоси ҳам қўшилган. Ҳатто Мансурнинг қатлидан кейин эртаси кун майдон “Анал Ҳақ” садосига тўлиб кетганида бир гуруҳ солиҳ кишилар ва Халложнинг муридлари қатлга фатво ёзган қози калон Абу Умарнинг маҳкамасига келиб “Бу не ҳол? Уни нотўғри қатл қилдик?”деб ғавғо кўтарганларида унинг жаҳли чиқиб “Ахир буни ҳамма мўмин ҳам қила олади!” деб  сиёҳдонни зарда билан ташлаб юборганида ерда “Анал Ҳақ” ёзуви ҳосил бўлади. Шундан кейин одамлар  индамай тарқаб кетадилар.

Энди “Мансур Халложнинг қатли халолми?” деган масалага келсак, бизнингча, унинг қатли халол, ўлдирилиши керак эди. Тавҳидни, шаръиатни ҳимоя қилиш мақсадида, аҳли сунна вал-жамоа таркибидаги барча мазҳабларга (ханафия, шофия, ханбалия, моликия)  кўра, хусусан амал мазҳабимиз ханафийликка, эътиқод мазҳабимиз мотуридийликка  асосланиб қатли халол деймиз. Мотуридийнинг “Жомеъ ул мутун” (Аҳмад Кумушхонавий) асарида  “Халложнинг қатли халол” дейилади ва ҳукм шундай изоҳланади: Ҳусайн Мансурни тадқиқ қилинганида унинг бисотидан муҳлислари, муридлари ёзган хатларида “Сен Раббларнинг Раббисисан”, “Сен бизнинг Раббимизсан” каби жумлалар мавжуд номалар топилади. Шунингдек, “Анал Ҳақ” иқрори кишини қатлига етарлидир. Шу маънода Халложнинг қатли раводир. Лекин биз уни қатлига Жунайддек (суврати қатл қилингувчи, сийратини Худо билади) муносабатдамиз. Куфрга нисбат бермаймиз, унинг руҳониятига тош эмас, Шиблийдек “гул отамиз”, холос.  Кейинги давр тадқиқотчилари –  шарқшунослар Бартольд, Бертелсь, Эдуард Браун ва бошқа тадқиқотчилар “қатл қилувчилар”га нисбатан совуқ муносабатини уларнинг маданияти, дини бошқалигига йўйиб тушуниш мумкин. Лекин, бу ҳолатга ўзимизнинг тадқиқотчилар   хушёр бўлиб ёндашсалар фойдадан холи бўлмайди.
Таниқли олим – Ҳомиджон Ҳомидий домла “Тасаввуф алломалари” асарида Мансур Халлож ҳақида қуйдагиларни ёзган: “...сўфизмдаги пантеистик таълимотга кўра ҳар икки оламнинг ( икки олам эмас, ўн саккиз минг олам дейиш керак – Ш.Ж.) яратувчиси – Оллоҳ   ўзи халқ этган нарса ва махлуқларда зуҳур этади ( зуҳур этмайди, зухур бу зохир бўлиш, пайдо бўлиш, деганидир,  ваҳоланки, Аллоҳ макондан, замондан, яратган маҳлуқларидан муназзаҳдир  – Ш.Ж.), яъни улар мутлақ моянинг заррачаларидир”. Тухумнинг мояси бўлади, агар домла (Ҳомиджон Ҳомидий) “моя” деб фалсафа категориясидаги субстанцияни, жавҳарни,    физика тушунчасидаги атомни назарда тутаётган бўлсалар улар “заррачалар”га бўлинмайди.  Ҳомиджон домла кейинги жумлада давом этади: “ Мансур Халлож таълимотининг асосини ана шу нарсада “Тангрининг инъикоси” ташкил этади”. Домланинг  “инъикос” деган фалсафий хорижий  иборасини  “аксланиш” деб қабул қилсак ҳам мақсад ҳосил бўлмайди. Биринчидан,   Мансур Халлож  хозирги олимларга ўхшаб таълимот яратмаган, унинг ҳолатини ўрганувчилар таълимот, тасниф ишлаб чиқадилар. Иккинчидан, Тангри ҳеч қачон “инъикос” этмайди. Аллоҳнинг “тажалли”сини  ҳам биз тушунадиган илм билан ўрганиб бўлмайди. Бу худди  сувда ойнинг аксини кўриб мен ойни ариқда кўрдим деган боланинг тасаввурига ўхшайди. Ваҳоланки, салкам Ер сайёрасидек келадиган  Ой сайёрасининг кичик ариққа сиғмаслиги ҳаммага аён. Халложнинг ҳолатига ҳам “тажаллини (Аллоҳни ўзи эмас),  нурни соясининг бир жузви  етган, холос. Акс ҳолда “инъикос”га  тоғлар, сайёралар чидамайди, Халлож чидай олармиди. Кейинги жумлада “Шайхнинг мухолифлари  ана шу жиҳатни ҳисобга олмай, аниқроғи, чуқур тушуниб етмай, уни “пайғамбарлик”, “Худолик” даъво этди, деб жоҳилликка йўл қўядилар”. Домланинг бу тушунчалари  хорижий олимларнинг матнга беписанд ёндашишларига ўхшаб кетмоқда.  Ҳ.Ҳомидий ибораси билан айтганда Мансур Халложнинг “мухолифлари”, қатлга фатво чиқарган зотлар “жоҳил” эмасликларини эса юқорида таҳлил қилдик. Умуман, энди тарихий вазиятни, матнни герменевтик жиҳатдан ўрганмай  “фалон диний реакцион тўда”, “фалон жоҳил уламолар” каби ёндашишлардан чекинсак яхши бўларди.
Шунингдек,  Мансур каби  қисматга дучор бўлган кишилар (Насимий, Машраб каби)  қотилларини ҳам мазаммат қилиш, ёмонлаш мумкин эмас.  Ҳатто улар қанчалик нафратга лойиқ бўлса ҳам шаръиатни, тавҳидни  ҳимоя қилганлар. Масалан, бошидан товонигача териси шилиб олинган Имомиддин Насимий ўлимига шеър айтиб шодлик кўрсатиб бораётганида ( ибрат бўладиган жаҳондаги энг  ажиб ишлардан бири содир бўлади) қатлга фатво берган  уламолардан бири  “Бу зиндиқ шундай кишики хазир бўлинг, агар ҳозир терисини шилаётганингизда бир жойингизга қони тегиб кетса ўша аъзойингизни  кесиб ташлашга тўғри келади”, дейди. Фалакнинг ишини қарангки, ўша гапираётган одамнинг кўрсаткич бармоғига Насимийнинг қони томчилайди. Буни кўрган халқ “Сўзингизни исботланг!” , “Бармоғингизни кесиб ташланг!” деб талаб қила бошлайди, у эса  “Ҳа, энди мисол учун гапирган эдим” деб ўзини оқламоқчи бўлади. Ажиб ҳолатга эътибор қилинг “Оғламас” радифли шеърини айтаётган Насимий жони чиқаётганида сўнги байтни шундай тугатади:
“Зоҳидинг бир бармоғин кесса дўниб Ҳақдан қочар,
Бир Ошиқи сарупо сўярлар оғламас”
Мазмуни: Зоҳидинг  бир бармоғи учун Ҳақдан тониб, сўзига жавоб беролмади, Бир Ошиқни сарупо яъни бошдан оёқ терисини шилиб, сўймоқдалар, лекин бу унга ҳеч нарса эмас.
Машраб ҳам жуда кўп шеърларида “Шароби антахур ичиб, Мансур каби дор тагида титрагайман” ва шунга ўхшаш сатрлари билан ўз ўлимини башорат қилган.
Насимий, Машрабларнинг ўзи алоҳида мавзу. Сўз чўзилмасин учун мухтасар қиламиз. Матнни тушуниш ҳеч қачон охирига етмайди (Гадамер). Тарихий матнлар эса ёш келинларга ўхшайди, қачонки ўзимизни унга бағишласак, бизга бағрини очади. Хуллас, тарихий матн вазиятлар билан боғлиқдир. Тарихни ўрганиш эса уни қайта яшашдир.

Шукур ЖАББОРОВ

Илова

"....ВАХДАТУЛ ВУЖУД (Пантеизм) карашидаги мутаккалим яъни файласуфларнинг "ижоди"да мухим роль уйнаган бир адашиш эди. Манбъаларга карасак бу фикр билан ўрта асрларда тариқат аҳлларининг аксари "касал" бўлганди.
Уларниг энг машхури албатта Мансур Халлождир. Ундан кейингилар Мансур Халложни ўзларига пир қилиб олдилар.

"Хусайн ибн Мансур ул-Халлож "Аналхак"-"Мен Хакман, Хаксиз вужуд йук" дегани каби, баъзи мутасаввифлар хам: "Солик ғояга (мақсадга) етгач, ёш ниҳолга сув хулул этишдек, Аллоҳ ҳам унга ҳулул этади, ажратиш мумкин булмайди, шунда: "Мен Уман, У мендир" дейиш мумкин..." дейишади. Уларнинг фикрича, бу қўшилув ё иттисол (боғланиш), ё ижтимоъ (жамланиш), ёки истихола (ҳолдан қайтиш) йўли билан бўлади. Аллоҳ бу каби ҳоллардан муназзахдир. Булар даъво қиладиган иттисол ва ижтимоъ каби холлар, аслида Аллоҳнинг нури соликнинг қалбида акс этмоғидан иборат. Улар буни хулул деб (кириб ўрнашиш) деб уйлайдилар. Сувга қараган бола, қуёшнинг аксини сув ичида курганида, Шу қуёш дегани каби бу...
Бундай кимсаларга ушбу хусусдаги нарсалар тадбиқ этилади: Тавба қилсалар, тавбалари қабул қилинади. Бу айтган сўзлари важд ҳолида айтилган булса, охиратда нажотдадирлар. Дунёда эса барибир зоҳирига қараб ҳукм қилинади.

...Тилмисонийнинг ривоятига кўра, Мансур Халлож ўз тобиъларига (ёронларига) ЁЗГАН МАКТУБИДА БУНДАЙ ДЕГАН ЭКАНЛАР: "Раббиларининг Раббидан бандаси фалонча ўғли фалончага...
Тобъилари хам хат ёзганда у кишига ушбу иборалар билан хитоб этишаркан: "Эй зотларнинг зоти, Сен хар шаклга кирасан, Сен шу онда Хусайн ибн Мансур шаклидасан, Сен Алламул-Ғуйубсан, Сенинг раҳматингни истаймиз". Агар нақл рост бўлса, тортушувга лузум йук. Қатли вожибдир."Жомиъ ул мутун" китобидан )".

Тасаввуф ҳақида шайх ҳазратларининг "ТАСАВВУФ ХАКИДА ТАСАВВУР" китоби нашрдан чикққан. Биродарлар ушбу китоб билан танишиб чиқсалар кўп нарсалардан хабардор бўладилар, Инша Аллоҳ. Албатта ўқиб чиқишларингизни тавсия этаман. Қуйида ушбу китобдан баъзи иқтибослар келтирилади:

Имом Суютий ўзларининг «Тарихи хулафо» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Ҳижрий уч юз биринчи санада Халложни туяга миндириб сазойи қилинган ҳолда Бағдодга олиб кирилди ва: «Бу қарматийларнинг даъватчиларидан биридир! Уни таниб қўйинглар!» деб жар солинди. Сўнгра тўққизинчи йили қатл қилингунича қамаб қўйилди. Уч юз тўққизинчи йили Халложни қози Абу Амр, фуқаҳолар ва уламоларнинг унинг қони ҳалоллиги ҳақидаги фатвоси ила қатл қилинди».
Халложнинг қадимги ва ҳозирги мухлислари даъво қилганларидек, уни тўғри гапни айтгани учун баъзи жоҳиллар қатл қилган эмас. Балки уни энг нотўғри гапни айтиб, айтганида туриб олганидан кейин, тўққиз йил қамоқда қолиб ҳам ўзига келмаганидан кейин мусулмонларнинг ижмоъи ила қатл қилишга ҳукм қилинган.
Албатта, ҳижрий тўртинчи асрнинг бошида исломий илмлар ўзининг авжида, мусулмонлар дийнларида мустаҳкам ҳолларида, дийний эътиқод ва таълимотлар мусаффо ҳолида эди.
Аммо, кейинчалик таназзулга юз тутилди. Турли омиллар таъсирида мусулмонлар ичида Ислом таълимотларига зид нарсалар ҳам тарқала борди. Одамлар Қуръон ва Суннатни қўйиб, турли фалсафа ва ажабтовур фикрларга берилиб кетди.
Бора-бора Мансур Халложнинг «аналҳақ» – Ҳаққ менман» ёки «маа фил жуббати иллаллоҳу» – чопоннинг ичида Аллоҳдан бошқа йўқ» каби иборалари ҳам ип эша олмайдиган гап-сўзлар ва ишлар кенг тарқалди.
Ўша нарсаларга мисолларни шайх Абул Ҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳининг имом Сарҳандийнинг ҳаётлари ҳақида ёзган китобларидан таржима ҳолида келтирамиз.
«Тилмисоний вужудий мазҳабни амалда татбиқ қилар эди. У барча ҳаром нарсаларни ҳалол ҳисобларди. У: «Мавжуд битта бўлганидан кейин, ҳалол билан ҳаромнинг орасини фарқлашнинг нима ҳожати бор», дер эди».
Бир киши бошқа бировдан Ибн Арабийнинг «Фусу­сул ҳикам»ини ўқир эди. У ўз устозини Аллоҳнинг валий ва ориф бандаларидан деб билар эди. У китобни ўқиб туриб, унинг Қуръонга хилофлигини билиб қолди ва устозига: «Бу гап Қуръонга хилоф-ку», деди. Шунда ҳалиги устози: «Қуръоннинг ҳаммаси ширкдир. Тавҳид бизнинг каломимизда, холос», деди.
Бир киши ваҳдатул вужуд назариясига амал қилувчи шахс билан юриб бораётиб, сасиб ётган ўлик итни кўрди ва: «Бу ҳам Аллоҳнинг зотими», деди. Ваҳдатул вужудчи: «Ундан ташқарига чиқадиган нарса бормиди? Ҳа, ҳамма нарса Унинг зотидир!» деди.
Ваҳдатул вужуд назарияси тарафдорига: «Агар вужуд битта бўлса, нима учун хотин ҳалол бўлиб, она ҳаром бўлган», дейилди. Шунда у саволга: «Бизнинг наздимизда ҳамма нарса битта. Аммо анави сўқирлар «ҳаром» дедилар ва биз сизларга «ҳаром» дедик», деб жавоб берди.
Бу ҳолат ваҳдатул вужуд назарияси танқидчилари қаторига баъзи илмли сўфийларнинг ҳам қўшилишига олиб келди...

Абу Муслим тайёрлади

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин