Саналар
21.12.2024
Баннер
Нобелнинг васияти
PDF Босма E-mail

“Мен, қуйида имзо чекувчи Альфред Бернхард Ноель ўйлаб, бир қарорга келдим ва ушбу нома орқали вафотимгача орттирган мол-мулким хусусидаги васиятни эълон қиламан.
Мендан кейин қоладиган, сотса бўладиган барча мулкни васийларим қимматбаҳо қоғозларга айлантириб, жамғарма ташкил қилишлари керак. Ундан келадиган фоизлар ўтган йилда одамзодга энг катта фойда келтирганларга мукофот тарзида берилсин.
Фоизлар бешта тенг бўлакка тақсимланиб, қуйидагиларга берилади: биринчи қисми – физика соҳасида муҳим кашфиёт ёки ихтиро қилган одамга, иккинчиси – кимё соҳасида йирик кашфиёт қилгн ёки уни такомиллаштирган одамга, учинчиси – физиология ёки медицина соҳасида буюк ютуқларга эришган одамга, тўртинчиси – инсоний идеалларни акс эттирган буюк бадиий асар ёзган одамга, бешинчиси – халқларнинг жипслашувига, қулликни йўқотишга, мавжуд армияларни қисқартиришга ва тинчлик шартномаларига ҳисса қўшган одамга.
Физика ва кимё соҳасидаги мукофотлар Швеция қироллик фанлар академияси томонидан, физиология ва медицина соҳасидагилар – Стокгольмдаги қироллик Каролин институти томонидан, адабиёт соҳасидагилар Швеция академияси томонидан, тинчлик мукофоти – Норвегия парламенти сайлайдиган беш кишилик қўмита томонидан берилиши керак.
Менинг алоҳида истагим шуки, мукофот берилишига номзоднинг миллати таъсир этмасин, мукофотни скандинавияликми ё бошқа, бундан қатъий назар, энг муносиб одамлар олишсин.
Ушбу васиятим охиргиси ва узил-кесилдир, у қонуний кучга эга ва агар, вафотимдан кейин олдинги васиятномаларим чиқиб қолгудек бўлса, улар ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
Ниҳоят, менинг сўнгги талабим шуки, охирги нафасимдан кейин ваколатли врач ўлим етганини аниқласин ва шундан кейингина жасадим куйдирилсин”.

Париж, 1895 йил, 27 ноябр
Альфред Бернхард Нобель

Нобель мукофоти Васиятномада айтилган беш йўналиш бўйича 1901 йлдан бошлаб берилган. Васиятномада кўзда тутилган мукофот икки лауреатга тенг тақсимлаб берилиши мумкин. Ярим мукофотнинг биттаси яна икки қисмга тақсимланиши мумкин. Шундай қилиб, қайсидир соҳада кўпи билан уч кишига битта мукофот берилади. Шу сабабдан турли йиллардаги мукофот пули турли миқдорда бўлиб қолади. Ундан ташқари, мукофот пули Нобель жамғармасининг йиллик даромадига ҳам боғлиқ. Энг биринчи мукофотлар 42 минг доллар бўлса, кейин 100 минг 200 минг долларга, 1999-2000 йилларда эса бир миллион долларга чиқди.

“Нобель мукофоти олган адиблар”
китобидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин