Саналар
21.12.2024
Баннер
Лаврентий Берия: қамалиши, суд қилиниши, қатл этилиши
PDF Босма E-mail

Берия ҳақидаги китобимга мен дастлабки кунданоқ, 1980 йилда Нью-Йоркда «Мустабиднинг қиёфаси» номи билан чиққан Сталин тўғрисидаги китобимнинг давоми сифатида қараганман.

Дарҳақиқат, мен Берияни мисоли бир Сталиннинг кўзгудаги аксидек тасаввур қиламан. Улар оммани бошқариш методлари ва усулларида устаси фаранг эдилар — бунда одамларга шубҳа билан, шафқатсизларча муносабатда бўлиш энг асосий восита саналарди. Г. Ягодани олайлик, унгача ишлаган Менжинский ва Дзержинский, кейин Ежов — Лубянкада фаолият кўрсатган бу кишиларнинг ҳаммаси, аслида ҳаваскор эдилар, деса бўлади. Лекин 1938 йилда Лубянкага Бериянинг келиши — бу НКВДга пихини ёрган кишининг келиши бўлди.

Сталиннинг атрофидаги, унинг қўл остидаги кишилар, юмшоқ қилиб айтганда, на ақлан, на мардоналиклари билан, на ўз касбини пухта эгаллаганликлари жиҳатидан ярқ этиб ажралиб турган кишилар эмасдилар. Булар орасида фақат Берия бошқача эди. У ҳатто — ақлга зид равишда! — узоқни кўрадиган одам бўлиб чиқди: жаҳолатпарастнинг жаҳолатпарасти, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, жаллодликни касб қилиб олган бу одам шундай ислоҳотлар қилишни таклиф этдики (масалан, колхозларга нисбатан) ва ташқи сиёсатни шундай ўзгартириб юбормоқчи бўлдики (икки герман давлатини қўшиб юбориш мумкин деди), сафдошлари уни Совет давлатининг душмани ва Коммунистик партиянинг душмани, деб бемалол айтишлари мумкин эди.
Сталин ва Берия тўғрисидаги китобларим устидаги ишим узоқ вақт тўхтаб қолди, чунки менга анча вақт отамни оқлаш билан шуғулланишга тўғри келди. Хрушчев эълон қилган оқлов қуруқ гапдан иборат шунчаки иш бўлди, аслида эса Антонов-Овсеенкодан «троцкийчи» ва «халқ душмани» ёрлиғи охирги пайтларгача олиб ташланмаган эди. Хрушчев оқловидан кейин, бундай кулфат кўп йиллар Лениннинг сафдошлари бошига тушмаганида, мен бу ҳақда тўхталмаган бўлур эдим. Улар мутахассис тарихчилар учун, бу демак, ўқувчилар учун ҳам халқ душмани бўлиб қолдилар. Шунинг учун ҳам мен шу масала билан шуғулландим. 1965 йилда сиёсий адабиётлар нашриётида «Инқилоб номи билан» китобимни, кейин Ленинград нашриётида яна бир янги китобимни чоп эттирдим. Фақат шундан кейин Сталин ва Берия мавзуси билан шуғулландим.

Ҳокимиятнинг юқори поғоналарида Сталин ўлимидан сўнг ғалати вазият юзага келди. Марказий Қўмита котиби лавозимини эгаллаган Хрушчев ҳали йўлбошчи сифатида тан олинмаганди. Бу ерда ҳамма нарсани Берия билан Маленков ҳал қилар эди. Сталиннинг илгариги суюкли кишилари — Молотов, Каганович, Ворошилов, Микоян — бу икки қудратли шахсга қарши туриб, Никита Хрушчевнинг позициясини мустаҳкамлай олишмади ва буни хоҳлашмади ҳам. Сарой фитначилари, тажрибали амалпарастлар бўлган бу кишилар ҳеч қачон бир-бирларига ишонишмасди, ўз рақибларининг ҳар бир қадамини ғайрлик билан кузатиб боришарди, уларни ҳеч нарса бирлаштирмасди. Дарвоқе, улар учун умумий бўлган нарса — ҳокимият ишқи, мансабдан ажраб қолишдан, қўрқувдан иборат эди.

Хрушчев партия аппарати, кўп йиллик тажрибага таяниб, марказдаги ва жойлардаги ходимларнинг ўз иродасига сўзсиз бўйсунишига эришди. Лекин унда дадиллик етишмаётганди. Берия эса кутарди. Эллик учинчи йилнинг баҳорида Президиумда кучларнинг беқарор мувозанати юзага келди. Уни биринчи бўлиб ким бузади?

Берия партиянинг юқори органини қаттиқ силкиб ташлаш учун замин ҳозирлай бошлади. Унинг садоқатли, ўз тасаввурича, ёрдамчиси — Маленков бор эди. Бу одам бой тажрибага ва марказий аппарат билан мустаҳкам алоқага эга эди. Берия қудратли жазо ва қидирув органларига таянарди ва Президиум аъзолари уюшмаганидан кўнгли таскин топарди. Бундай вазиятда унга ким ҳам қарши тура олади?

Май ойида Хрушчевнинг Киевда бирга ишлашган дўсти Тимофей Строкач ташвишли хабар келтирди: Украинанинг ички ишлар ташкилотлари барча кучларни жалб қилиш ва жанговар тайёр ҳолатда туриш тўғрисида махфий топшириқ олди. Партия котиби бўлган Никита Хрушчев Сталин қўл остида дам масхарабоз, дам малай аҳволига тушиб, қалтираб, жилпанглаб неча йил яшади? Эндиликда эса Берия пайдо бўлаяпти...
Лекин унинг режаларини қандай билса бўлади? Шунда тақдир омадсиз партия етакчисига раҳм қилгандай, унга душман томондан иккита қочоқни юборди. Ички ишлар вазири ўринбосарлари Иван Серов ва Сергей Круглов, ўз бошлиқларининг имкониятларини чамалаб кўришиб, уни сотишга қарор қилишди. Улар Никита Сергеевичга Бериянинг барча режаларини маълум қилишди, қуролли исён қандай режалаштирилганлигини, қисмлар жойлашган ерларни, фитначиларнинг исм-шарифларини айтишди.

Биринчи навбатда энг қийин вазифани бажариш—Марказий Қўмита Президиуми аъзоларини ягона мушт қилиб бирлаштириш керак эди. Кейинчалик унинг ўзи ҳикоя қилишича, Сталин қўл остида ишлаганларнинг биронтаси ҳам ишонса бўладиган, қатъиятли кишилар эмасдилар. Кўп йиллар бурун экилган «уруғ» ўз самарасини бераётган эди. Молотов — «у ҳали тип эди» (Хрушчевнинг ўз ибораси). Маленков — Лаврентий Бериянинг яқин дўсти. Ворошилов — қўрқоқ ва лаганбардор. Каганович — охирги пайтда қаёққа оғишини, кимга қўшилишини ҳеч қачон билиб бўлмайдиган Лазарь-муғамбир. Булганинга ишонса бўлади, лекин бошқалар бош тортса, у ўзини қандай тутар экан?

У Николай Булганиндан, мудофаа вазиридан бошлади. Қўриқчилар двизиясини фақат армиягина енгиши мумкин. Хрушчев Булганин билан Сталин ҳаётлигида умумий тил топишганди, Бериянинг зўравонликларига биргаликда чидашганди, бундан буён ҳам бирга бўлишга аҳд қилишди. »
Анастас Микоян билан Хрушчев бир машинада шаҳар ташқарисига чиқишди, автомобилни тош кўчада қолдириб, иккиси ўрмон ёнидаги ялангликда сайр қилиб, жиддий мавзуда суҳбатлашишди. Микоян иккиланди: «Мен Лаврентий Павловични 1919 йилдан бери биламан, менинг кўз ўнгимда у йирик партия ходими даражасига етди, хизмат кўрсатган одамни бирдан суриб ташлаш яхши эмас... Унинг хатоларини кўрсатишсин... У ўртоқларча танқидни ҳисобга олади...»

Хрушчевга Микоян билан яна гаплашишга тўғри келди.
Молотов билан музокаралар, кутилмаганда, силлиқ ўтди. Хрушчев билан шаҳар ташқарисига борганидан бир неча кун аввал Давлат хавфсизлиги хизмати, Вячеслав Михайловични огоҳлантирмасдан, унинг шахсий қўриқчисини алмаштирди. Молотов хавфли фитначиларга анчадан бери ташвиш ва шубҳа билан қараб юрган эди. Улар уни иккинчи, йўқ, энг орқа қаторга суриб қўйишди ва эндиликда бундан ҳам ёмонроқ бир нарсани тайёрлашмоқчи. Сталиннинг кўп йиллик сафдоши бўлган бу кишининг ақли калта эди, лекин табиат ўзини муҳофаза қилиш. туйғусидан уни ҳам бебаҳра қилмаганди. Молотов Хрушчевни сўзсиз қўллаб-қувватлашни ваъда қилганида, у бир зарб билан Берияни ҳам, Маленковни ҳам гумдон қилади, деб ўйлаганди. Лекин Никита Сергеевич бу икки дўстнинг орасини бузишга уриниб кўрмоқчи бўлди. Уларнинг дўстлиги у қадар мустаҳкам бўлмаса керак? Бошқалар қатори Маленковнинг ҳам қулаб кетиш хавфи бор-ку.

Хрушчев Маленков билан очиқчасига гаплашишга қўрқди: кутилмаганда сотиб қўйса-чи? Лекин у, бу нозик масалада сўз очиши биланоқ, Маленков дарҳол кўпчилик тарафида эканлигини маълум қилди. Шу куни Хрушчев Воздвиженкага борди. Олий Совет Президиуми Раиси воқеа бундай чаппасига айланиб кетишини кутмаган эди.
— Менга нимани таклиф қилаяпсиз? Ўртоқ Берия—ажойиб ленинчи-ку. Мен Лаврентий Павловични ҳамиша ҳурмат қилганман ва ҳеч ким мени бу фикримдан қайтара олмайди! — деб баланддан келди Клим Ворошилов.
— Кўп дод-вой қилаверма, худо ҳаққи, бу ерда сен билан мендан бошқа ҳеч ким йўқ. Сен бехабарсан, Президиумнинг барча аъзолари биз билан. Агар ҳозир шошилинч чоралар кўрмасак, у бизни битта-биттадан гумдон қилади, наҳотки шуни тушунмасанг?..
Лекин маршал қўрқоқлик қилди.

Лазарь Каганович ҳам Ворошиловники сингари фикр билдирди. Хрушчев унга ҳамма гапни очиқ айтди: Маленков, Молотов, Сабуров, Булганин «розимиз» дейишди. Ниҳоят, Каганович кўпчилик тарафида бўлишини маълум қилгач, Ворошилов тўғрисида сўради. Хрушчев маршалнинг сўзларини такрорлади. Каганович тутоқиб кетди: «Қари туллак! У сизни алдабди, менга Берияни хушламаслигини, у хавфли одам эканлигини, ҳаммамизни йўқ қилиши мумкинлигини айтган-ку...»

Хрушчев Ворошиловни яна бир синаб кўришга қарор қилди ва унинг олдига Маленковни юборди. Маленков аниқ ҳаракат режасини маълум қилганида, Ворошилов уни қучоқлаб йиғлади...
Бирликка эришилган заҳоти Булганин билан Жуков кучларни жалб қилишга киришдилар. Лекин Бериянинг айғоқчиларига билдирмаган ҳолда Москва остонасида ва Москванинг ўзида қандай қилиб қўшинларнинг кучли жанговар гуруҳини юзага келтириш мумкин? Москва ҳарбий округи қўшинлари қўмондони бўлмиш Артемьев Бериянинг садоқатли хизматкори-ку. Илгари у ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари дивизиясига командирлик қилган. Мудофаа вазирининг биринчи қилган иши шу бўлдики, ёзги маневрлар баҳонасида Артемьевни Москвадан узоққа — Смоленск туманига жўнатиб юборди.

Май ойи ўрталарида Берлинда тўполонлар, ишчиларнинг иш ташлаши бошланди. Марказий Қўмита Президиуми у ерга Лаврентий Берияни юборишга қарор қилиб, унга бир гуруҳ ҳарбийларни қўшиб жўнатди. Берия йўғида Маленков, Булганин ва Хрушчев тор доирада кенгаш ўтказишиб, қудратли вазирни бартараф этишнинг аниқ тадбирларини белгилаб олишни режалаштиришганди. Кимдир 20 майга Президиум мажлиси белгиланганлигини Берияга маълум қилишга улгурди. Берия ўша заҳоти қўнғироқ қилди:
— Сиз у ерда нима мақсадда йиғилмоқчи бўлаяпсизлар? Кун тартиби қандай?
— Одатдаги мажлис, қишлоқ хўжалиги масаласини муҳокама қиламиз.
— Нима сабаб билан? Менга ҳамма материалларни юборинглар. Референтларга тегишли материалларни дарҳол тайёрлаб, Берлинга жўнатишга
тўғри келди. Эртаси куни Берия яна қўнғироқ қилди:
— Нега Марказий Қўмитанинг қишлоқ хўжалик бўйича вазири йўқ, нега вазир йўқ? Нега бундай бемаънигарчилик қилаяпсизлар? Мен учиб бораман.

У Москвага йиғилиш арафасида етиб келди ва бизнинг фитначиларимизга қишлоқ хўжалиги муаммолари муҳокамасининг чинакам саҳнасини ўйнашга тўғри келди. Ўйланган операция кечиктирилди, ҳали бу ишга зарур тайёргарлик кўрилмаганди. Сталиннинг кекса сафдошларидан бўлган Анастас Микояннинг позицияси айниқса ташвишлантирар эди. Ахир Хрушчевга у билан икки марта гаплашишга тўғри келди. Микоян кўпчиликка қўшилишга тайёрга ўхшарди, лекин у ўз ваъдасига вафо қилармикан? Ворошилов ҳам иккиланаётган кўринади...
Бу орада вазият янада кескинлашди.
Маленков ва Булганинга Минск шоҳйўли туманида, Москва яқинида яширин равишда десант дивизияси тузилаётганлиги ҳақида хабар етиб келди. Бу маълумотлар ҳарбий разведка ташкилотлари орқали маршал Жуковга маълум бўлди.
Июнь ойи бошида, Берия қандайдир баҳона билан мамлакатнинг турли вилоятларидан 400та партия ходимини қисқа муддатли курсга тўплаганлиги маълум бўлди. Курсантларнинг ярмига яқини Кавказорти жумҳуриятларидан келди. Уларга тўппончалар берилди ва Кремлга чақирилиб қолишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилдилар.

* *

26 июнь Берия қамаладиган кун қилиб белгиланди. У Кремлга йиғилишга келиши билан барча ҳарбий академиялар тревога билан кўтарилади ва пойтахтга алоҳида ишончли дивизиялар киради.
Марказий Қўмита Президиумининг барча аъзолари бўлажак йиғилишдан хабардор эдилар, фақат уч киши — Маленков, Булганин ва Хрушчевнинг ўзи — бу мажлисда нима бўлишини, операциянинг умумий режаси қандайлигини билишарди. Яна бир кишига — маршал Жуковга ишнинг барча икир-чикирларини маълум қилишди. Ўша пайтда у фақат Марказий Қўмита аъзолигига номзод эди.
Мана, шу кун етиб келди. Кремль коменданти генерал Ваденин Москва яқинидан ўғли командирлик қилган полкни чақирди.
РСФСР Олий Совети номидаги билим юрти қуролларини шай қилиб турди, худди Кремлни қўшинлар босиб олгандай эди.
1953 йил 26 июнь. Шу куни соат бирда Никита Хрушчев Москва шаҳри ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари қўмондони генерал-полковник Кирилл Семенович Москаленкони ҳузурига чақирди:
— Садоқатли кишиларинг борми? Шундай кишилар бўлсинки, сен уларга худди ўзингга ишонгандай ишонгин?
Москаленко: Топилади, Никита Сергеевич.
Хрушчев: Ўзинг билан тўртта кишини олиб кел. Ёнларида сигаралари ҳам бўлсин.
Москаленко: Қандай сигаралар?
Хрушчев: Нима, сен унутдингми, фронтда буни қандай аташларини?
Генерал эслади. Хрушчев тўппончани назарда тутган эди.
Хрушчев: Бош штаб ҳовлисида сени Булганин кутади. Тез бўлақол. Москаленко шу заҳоти қўл остидаги офицер Виктор Иванович Юферевни чақирди ва Хрушчевнинг топшириғини маълум қилди. У подполковникдан сўради:
— Қандай ўйлайсан, Батицкийга ишонса бўладими?
Юферев ҳарбий ҳаво кучлари бош штаби бошлиғини ишончли одам, жанговар гёнерал сифатида биларди. У, Москва шаҳри ҳаво ҳужуми мудофааси штаби бошлиғи Алексёй Иванович Баксовга ҳам тўла ишонса бўлади, деди.
— Яна кимни олсак бўлар экан? — сўради Москаленко.
Юферев Сиёсий бошқарма бошлиғи Иван Григорьевич Зубанинг номини тилга олди.
Ҳайдовчини ҳисобламаганда беш киши бўлиб йўлга тушишди. Бош штаб ҳовлисида Москаленконинг гуруҳини маршал Булганин кутиб олди. Унга шахсий қўриқчилар бошлиғи подполковник Федор Безрук ҳамроҳ эди. Вазирнинг автомобили, яна ўшанақа ЗИС-110 га ўтиришди.
— Кремлга ҳайданг, — деб буйруқ берди Булганин.
Троицкий дарвозасига яқинлашганларида, Булганин огоҳлантирди:
— Кўринмайроқ ўтиринглар.
Ҳарбий қоровуллар олдидан муваффақиятли ўтишди, бурчакдаги алоҳида ҳукумат йўлагига яқинлашиб, иккинчи қаватга кўтарилишди. Мана, бир пайтлар Сталин ўтирган хона. Ҳозир бу ерда Марказий Қўмита Президиуми йиғилишлари ўтказилади. Булганин ичкарига кирди, бошқаларни қабулхона қаршисидаги туташ хонага олиб киришди. У ерда ўн беш-йигирма нафар одам — Марказий Қўмита ходимлари, бир неча генераллар ва маршал Жуков бор эди. Ҳамма бемалол гаплашиб, ҳазиллашиб ўтирарди, латифалар айтишарди...
Шу пайтда Хрушчев пайдо бўлди. У Москаленкога яқинлашди:
— Сизга Президиум аъзоларидан бирини ҳибсга олишга тўғри келади. Эҳтимол, у қуролланган бўлиши ҳам мумкин...
Хрушчев барваста қоматли Батицкий ва Юферевга қаради.
— Сизлар унга яқинлашасизлар. Қачонлигини сизга айтишади... Кейин уни қўлга оласизлар.
Юферев: Отиш ҳам мумкинми?
Хрушчев: Йўқ, қамаб, тергов учун сақлаш керак. Қурол ишлатилмасин. Ҳозирча ҳамма шу ерда қолади. Иккита узун қўнғироқ товушини эшитишингиз билан, котибнинг ёнидан ўтиб, ҳеч кимга эътибор бермай, мажлис бўлаётган жойга кириб бораверинглар.
Хрушчев чиқиб кетди. Берия йиғилишга кечикиброқ келди-ю ўз ўрнини эгаллаб, сўради:
— Кун тартибида нима масалалар?
— Кўриладиган масала битта, — деб жавоб берди Хрушчев, — Лаврентий Берия тўғрисида. — Маленковга қараб қўшимча қилди: — Маърузани бошла.
Чорак соат ўтмай, иккита узун қўнғироқ чалинди. Ҳарбийлар эшикни очишди, котиб уларнинг йўлини тўсди. Беш киши уни четлаб ўтиб, қаршидаги хонага киришди. Улар ортида маршал Жуков ҳам бор эди.
...Раислик ўрнида — Маленков, ўнг томонда — Хрушчев, унинг ёнида — Булганин, эшикка яқинроқ жойда — Берия, Лаврентий Павловичнинг қаршисида — Ворошилов.
Кирганлар Булганин яқинида, Бериянинг ортида тўхташди. Маленков маърузасини тугаллаётган эди: «...Кўриб турибсизки, Берия нафақат ички душман, балки халқаро миқёсдаги душман ҳамдир. Уни дарҳол қамаб, мана бу ўртоқларнинг қўлига топшириш таклиф қилинади.»
Батицкий ўзининг «парабеллуми»ни, Юферев — «ТТ»сини чиқарди.
Берия бошини эгиб ўтирар ва асабий ҳолатда қоғозга нималарнидир ёзар эди. Кейин маълум бўлишича, у фақат бир сўзни — «тревога»ни ёзган экан, бу сўзни ўн тўққиз марта такрорлабди. Ниҳоят, Берия бошини кўтарди, бу пайтда ҳарбийлар унинг ёнида туришарди — Юферев чап томонида, Батицкий ўнг томонида.
Жуков келиб: — Қўлингизни кўтаринг. Сиз қамоққа олиндингиз, — деди.
Тарихий бир сурат сақланиб қолган: Берия билан Ворошилов худди оға-инилардек қучоқлашиб туришибди. Лекин Клим омадли Лаврентийни ҳамиша ёмон кўрган ва ундан қўрққан. Қўрқоқ маршал воқеалар нима билан тугашини билолмай қийналарди — ахир бу қудратли чекистни унинг эски ошналари, ўша Иван Серовнинг ўзи ҳам қутқариб қолиши мумкин эди-да. Никита Сергеевич унга беҳудага ишонди. Берияни ниҳоят Марказий Қўмита Президиуми хонасидан олиб чиқишганда, Ворошилов ҳозиру нозир бўлди. Басавлат соқчиларнинг кўзларига синчиилаб тикилди. Подполковник Юферев ўз фуражкасини котиб хонасида қолдирган эди ва чиқиб кетаётиб уни олмоқчи бўлди. Шунда Ворошилов югургилаб келиб: «Мен сенга ҳозир, чироғим, узатиб юбораман», деди.
Марказий Қўмита Президиумининг шошилинч мажлисида Берияни Москва ҳарбий округи штабига ўтказишга қарор қилишди. Берия ва унинг қўл остидагилар иши бўйича терговга Бош прокурор Руденко бошчилик қилди.

Берияни майдони ўн икки квадрат метрдан ортиқ бўлмаган кичик бир хонага қамашди. Каравот, курси — бутун хона жиҳози мана шундан иборат эди. Тергов ўша ерда, бункерда олиб борилди. Бош прокурорга алоҳида хона ажратиб беришди.
Москаленко мунтазам округ штабида бўлиб турди. Юферев билан бирга шу ерда тунади. Штабни танклар ва бронетранспортёрлар қўриқлаб туришди.
Бериянинг уст-бошини — ипгазламадан тайёрланган солдат гимнастёркаси, шими билан алмаштиришга тўғри келди. Унга Москва ҳарбий округи штаби гаражидан солдатлар ейдиган таомдан олиб келиб бериб туришди, идиш-товоғи ҳам солдатларникидай: котелок ва алюмин қошиқдан иборат эди.
Дастлабки кунларда Булганин ҳар кеча 12 дан сўнг қамоқхонага қўнғироқ қилиб турди.
— Ишлар қалай? Тинчликми? Маҳбус ўзини қандай тутаяпти?
Агар генерал Москаленко ухлаб ётган бўлса, Булганин ер ости хоналаридан бирида мунтазам навбатчилик қиладиган подполковник Юферевдан ахборот олар эди.

Биринчи марта у 1920 йилда қамалган. Ушанда Багировнинг ёрдамида озодликка чиққан эди. Садоқатли дўстлар бу гал ҳам ёрдам беришса керак, улар анави маҳмадона Никитани ўз фикрлари билан ҳисоблашишга мажбур қилишади. Маленковчи, Маленков! Унга қанча яхшилик қилган эди-я!.. Агар Лаврентий бўлмаганида, у Ўрта Осиёда сургунда юрган бўларди. Шунда ҳам хўжайин унга тирик қолиш имконини берса.
Берия эшикни тақиллатиб, қалам ва қоғоз сўради. Унга дафтар варағи ва қоғоз беришди.
«Егор мени тасодифий кишилар олиб кетишганлигини наҳотки билмасанг аҳволни шахсан маълум қилишингни истайман қачон чақирасан».
Берия Григорий Маленковни Егор деб атарди. Хатдаги гапларни бош ҳарф билан бошлашни ҳам, имло белгиларини қўйишни ҳам унутди.
У хатни навбатчи офицёрга берди...
Икки кун ўтди. Маленковдан садо бўлмади. Маҳбус унга иккинчи бор мактуб юборди. «Егор нега жавоб бермаяпсан?».
Бир парча қоғозга қалам билан ёзилган ҳар икки хат ҳам Хрушчевга келиб тушди.
Терговда Берия ўзини такаббурона тутди, фақат прокурор гувоҳлар асосида исботлаш, мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлган айбларгагина иқрор бўлди. Ўзини оқлашнинг янгидан-янги усулларини ўйлаб топиб, терговчиларни ҳар жиҳатдан чалкаштиришга ҳаракат қилди.
Тергов ярим йил давом этди. Ҳужжатлар, гувоҳларнинг далиллари, сўроқ протоколлари ўн тўққиз томни ташкил этди. Иш бўйича Бериянинг олти сафдоши: Владимир Деканозов, Всеволод Меркулов, Лев Влодзимирский, Павел Мешик, Сергей Гоглидзе, Богдан Кобулов — Берия каллакесарлар армиясининг фақат бир қисми жавобгарликка тортилдилар.
Бу кишилар — Меркулов, Деканозов, Кобулов, Гоглидзе, Цанава... Лаврентий Берияга ўттиз йилдан ортиқ хизмат қилишди. Уларнинг аҳилчилиги бузилмасдай туюларди. Бироқ биринчи синовоқ — тергов ва суд — Берия тузган иттифоқ беқарорлигини кўрсатди. «Берия — амалпараст, бузғунчи ва бонапартист», — деди судда Богдан Кобулов. Владимир Деканозов унга қўшимча қилди: «Берия ўзини ҳар жиҳатдан амалпараст, шаддод ва ёвуз одам сифатида кўрсатди». Маълум бўлишича, ўттизинчи йиллардаги қарийб ҳамма қама-қамалар унинг шахсий топшириғига биноан амалга оширилган экан... Жиноятчилар тўдаси бошлиғининг жиноий фаолиятини баҳолашда Всеволод Меркулов анча босиқлик қилди, лекин Лаврентий Цанава аниқ-равшан қилиб гапирди. Белоруссиянинг собиқ Давлат хавфсизлиги вазири, 1937-1938 йилларда Берия ўзига ўринбосар бўлиб ишлаганларнинг ҳаммасини ва ўзининг кўпгина собиқ бошлиқларини оттириб юборганлигини маълум қилди. Цанава уни шафқатсиз, золим, деди. Савицкий ва Мичурин-Ларин судда Лаврентий Бериянинг ҳаддан ташқари ҳокимиятпарастлиги, шон-шуҳратга муккасидан кетганлиги ҳақида гапиришди.
Ниҳоят, Берияга айблов хулосаси билан танишишни таклиф қилишди. Руденко катта ҳажмли, юз бетли ҳужжатни ўқишга киришганида, Берия қулоқларини беркитиб олди. Прокурор изоҳ талаб қилди.
Берия: Мени тасодифий кишилар қамоққа олишди... Мен, ҳукумат аъзолари мени тинглашларини истайман.
Руденко: Сизни ҳукумат қарорига биноан қамашди ва сиз буни биласиз. Биз сизни айблов хулосасини тинглашга мажбур қиламиз.
Суд округ штабининг биринчи қаватида бўлаётган эди. Зал Марказий Қўмита Президиуми аъзолари хоналари билан микрофон орқали боғланган эди.
Дастлаб Берия ўзини жинниликка сола бошлади: қўлини силкиб, гавдасини дам олдинга, дам орқага ташлай бошлади... Шунда бирдан олдига Москаленко келиб, унинг шими тугмаларини кесиб ташлади. Шим тушиб кета бошлади ва маҳбус жим бўлиб қолди.

Судда қатнашаётганларга фаҳшнинг қурбони бўлган икки юздан ортиқ аёлнинг рўйхати тақдим қилинди. Шунда ҳеч кутилмаган ҳодиса юз берди: Берия суд раисига мурожаат қилиб, уларнинг номини айтмасликни, шарманда қилмасликни сўради. Суд кенгашгани кириб кетди ва бир овоздан қарор қилди — судланувчининг талаби қондирилсин.

Судга гувоҳ сифатида бир неча аёл таклиф қилинган эди. Леля Дроздова судланувчи билан алоқалари ҳақида анча батафсил гапирди, у бир неча йил унинг дала ҳовлисида яшаган эди. Уни кўргач, Бериянинг ранги оқариб кетди, гавдасини олдинга олди. Эҳтимол, у Дроздовадан жилла қурса бир неча оғиз миннатдорчилик сўзлари эшитарман, деб кутган бўлса керак... Лекин аёл сўзини уни қандай зўрлаганлиги ҳақидаги аччиқ ҳақиқатни гапиришдан бошлади. Бир оғиз ҳам яхши сўз айтмади. Кейин Дроздованинг онасини сўроқ қилишди. У қизининг далилларини тўлдирди ва судланувчининг хатти-ҳаракатларидан ғазабланганлигини баён этди. Она ўз сўзи охирида тавон сифатида Бериянинг мусодара қилинган барча буюмларини беришни талаб этди.
Берия юзини кафтлари билан беркитиб тинглади. У йиғлади. Унинг бу судда сўнгги марта йиғлаши эмасди. Қарийб чорак аср муқаддам, Кутаиси қамоқхонасида ҳам у йиғлаб, гуноҳларини кечиришни сўраган ва ниятига етган эди. Эндиликда у қандай мақсадни кўзлаётган эди? Л. Дроздованинг кўрсатмалари айблов хулосаси матнига киритилган. Унда шу нарса тилга олинганки, Берия 1944 йилда заҳм касали билан оғриган ва даволаш курсини тугалламай, тасодифий аёлларга касалини юқтирган. Шу муносабат билан суд уни жиноят кодексининг тегишли моддасига биноан жиноий жавобгарликка тортди.
Бу судда аён бўлган қонли воқеалар бир нечта даҳшатли романга етарли эди.

Ўлимга ҳукм қилинган жиноятчини Москва ҳарбий округи штаби бункерида қатл қилишди. Унинг гимнастеркасини ечиб олиб, ичкўйлакда қолдиришди, орқасига қайрилган қўлини тахтага қоқилган илгакка маҳкам боғлаб қўйишди. Бу тахта кузатувчиларни ўқ сакраб кетишидан сақлаши керак эди.
Прокурор Руденко ҳукмни ўқиб берди.
Берия: Гапиришга рухсат беринг...
Руденко: Сен ҳамма гапингни айтиб бўлдинг. (Ҳарбийларга): оғзини сочиқ билан беркитинглар. ,
Батицкий: Ўртоқ қўмондон, менга рухсат беринг (ўз «парабеллумиини олади). Мен бу тўппончам билан фронтда кўплаб аблаҳларни у дунёга жўнатганман.
Руденко: Ҳукмни ижро этинг.
Батицкий қўлини чўзди. Берия боғич устидаги кўзларини бирини олайтириб, иккинчисини қисиб қараб турарди. Батицкий тепкини босди, ўқ маҳбуснинг пешонасига тегиб, гавдаси арқонга осилиб қолди.
Қатл маршал Конев, прокурор, бир гуруҳ ҳарбийлар ва суд аъзоси Кучава иштирокида амалга оширилди.
Врачни чақиришди. «Унинг нимасини кўраман, — деди врач, — тайёр бўлибди-ку. Мен уни билардим, аллақачон чириб бўлган эди...»
Бериянинг жасадини хомсурпга ўраб, крематорийга жўнатишди. Ўша куни Лубянкада қатл этилган олти сафдошининг жасадларини ҳам ўша ёққа олиб боришди.
Инсоният тарихида энг машҳур золимлардан бирининг мураккаб ҳаёти ана шундай тугади.
Лаврентий Бериянинг ўлими билан аниқ ифодалаш қийин бўлган золимлик даври ниҳоясига етди. Энди ўша шармандали ўтмишни лаънатлашни бас қилиб, унинг қайта такрорланишига йўл қўймаганлардан миннатдор бўлайлик.

А. Антонов-Овсеенко. "Литературная газета" иловаси "Досьё"дан таржима қилинди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин