Саналар
05.10.2024
Баннер
Уч марта ўлдирилган вазир
PDF Босма E-mail

Занжирбанд ҳолда Жориберд қалъасида сақланаётган Шарафулмулк ҳузурига беш нафар жаллод келдию, унга шоҳнинг фармонини кўрсатди. Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ўз фармонида вазири Шарафулмулкни қатл этишга ҳукм қилганди.
—    Бўғиб ўлдирайликми ёки бошингни узиб ташлайликми, ўзинг танла,—деди бош жаллод вазирга.
—    Сизлар учун бўғиб ўлдириш осон бўлса керак, — жавоб берди Шарафулмулк.
—    Биз учун иккаласиям осон, асосийси, сени ўлдириб, шоҳ фармонини бажармоқ лозим, — сўйлади жаллодлардан бири.
Ўзи рози бўлгани учун бешта жаллод вазирни бўғиб ташлашди. Шарафулмулкни тинчитдик, деб жаллодлар бироз қалъни айланиб, марҳумни кафанлаб кўмайлик, деб келишса вазир ўлмаган экан. Шундан кейин улар вазирни ўлдириш учун бошини танасидан жудо қилиб, шоҳ олдига олиб кетдилар. 1230 йилда Аррон вилоятининг Жориберд қалъасида ўлдирилган вазир ҳақидаги хабар бутун салтанатга тарқалди. Халқ вазирни жиноятига яраша жазолашибди, дея эркин нафас олди.
Зеро, Шарафулмулк халқ назарида энг қари тулки, зулму ситамни авжига чиқарган, порахўрлик ботқоғига ботган вазир эди. У Хоразмшоҳ Аловуддин Мухаммад (1200-1220) даврида Жанд вилоятининг ҳокими бўлиб, халққа кўп зулм ўтказгани, устидан кўплаб шикоятлар келгани учун султон уни ищдан бўшатиб, ўтда куйдиришга буйруқ берганди. Ўлимга ҳукм қилинган ҳоким иложини топиб қочишга эришади.
Ғоят ҳийлакор, кўринишию, гап-сўзидан жуда мўминқобил Шарафулмулк Жалолиддин Мангубердининг шохлик давридан олдин хожиблик, сўнг вазирлик лавозимига эришади. Мўғулларга қарши тинимсиз жанглар билан машғул Мангуберди кекса вазирнинг гап сўзларига ишониб, уни махсус текшириб ўтирмаганди. Аммо вақт ўтиб, Хоразмшоҳ Жалолиддин уни вазирликка тайинлаб, хато қилганини тушуниб етади.

Тарихчи Насавийнинг ёзишига кўра, «Шарафулмулк учун пул ҳеч бир қийматга эга эмасди. Усулсиз бир шаклда пора олар ва лаёқатсиз кимсаларга тарқатиб, исроф қиларди. Унинг ёзув-чизувга хуши йўқ. Маълумоти етарли бўлмаган ва давлат арбоби билиши лозим бўлган илмлардан тамоман беҳабар эди. Форсчани бир сатр ҳам тўғри ёзаолмас, кўп хато қиларди».

Бироқ ғоятда айёр вазир олиму сайидларни ҳурмат қилган бўлиб, беҳисоб молу-мулкидан тиллалар бериб, улар ишончини қозонишга интиларди. Баъзида уламою, сайидлар олдида ваъз эшитган, Қуръон ўқилган кезлари кўзларидан ёш тўкиб, ўтирар, Жалолиддин туркий ҳукмдор бўлгани сабаб, олдига келган ҳар бир туркийга яхши муомила қиларди. Булар айёр вазирнинг юзаки иши бўлиб, асл башарасини ниқоблаб кўрсатиш учун эди. Уни яқиндан биладиганлар Шарафулмулкни саботу диёнатсиз киши деб билар, айтилган гап-сўзларига ишонмасдилар.

1221 -1231 йилларда Жалолиддин мўғуллар билан урушда гоҳ енгиб, гоҳ мағлубиятга учраб, ўзга элларда юрганида, Шарафулмулк «Мангуберди энди тамом бўлди, шу боис бирор жойга ҳукмдор бўлиб, унинг салтанатидан узоқлашмоқ лозим» деган мақсадни олдига қўйди.

Айниқса, Яссичамавдаги айюбийларга қарши ва Мукондаги мўғулларга қарши жангда Жалолиддин енгилганидан сўнг вазир Хоразмшоҳдан бутунлай узоқлашишга қарор қилди. У Онадўлидаги салжуқийлар султони Аловуддин Кайкубодга ва Шомнинг айюбий ҳукмдори Малик Ашрафга мактуб йўллаб, агар Озарбайжонни беришса, уларга вассал бўлиб, Жалолиддиннинг муҳим давлат сирларини айтишини маълум қилади. Айни пайтда туркман бекларидан Хусомиддин Қилич Арслонга ҳам 1229 йили мактуб йўллаб, «Жалолиддиннинг куни битгани, ўзининг яқин кунларда Озарбайжонга ҳукмдор бўлишини, шу боис, Хоразмшоҳнинг хазинасию харамини ўзи учун сақлаб туриши»ни маслаҳат берганди.
Бу вақтга келиб Шарафулмулкнинг золимлигию, порахўрлиги тўғрисидаги халқнинг шикоятларию, жосуслар ахборотлари Жалолиддинга тинимсиз кела бошлаганди. Ҳатто, Хуй вилоятида салжуқий беклардан Тўғрул ибн Арслоннинг қизи ва саройдаги канизакларнинг номуси Шарафулмулк томонидан топталгани ҳақидаги хабар текширилганида, рост бўлиб чиққани Жалолиддиннинг ғазабини келтирди. Айни пайтда Хоразмшоҳнинг жосуслари Шарафулмулкнинг ҳиёнаткорона тарзда Кайкубод, Ашраф, Хусомиддинга йўллаган мактубларини қўлга киритадилар.

Буларнинг барчаси Жалолиддиннинг жаҳлини чиқариб, халқ олдида салтанат обрўсини тўкаётган вазирини жазолашни маъқул топди. Бу орада Табриз вилоятида очлик таҳликаси пайдо бўлиб, жосуслар айни маҳалда Шарафулмулк омборида моллар тиқилиб ётганини етказадилар. Хоразмшоҳ Жалолиддин фармонига кўра, вазирнинг омборлари очтирилиб, бор маҳсулотлари халққа тарқатилади. Очлик таҳликасидаги табризликларга вазирнинг омборларидаги маҳсулотларни тарқатишга бир хафта вақт кетди. Бу хол беҳисоб молу-дунё тўплаган ҳиёнаткор вазирни қатл этмоқ керак, деган Жалолиддин фикрини қатъийлаштирди. Натижада вазир Арон вилоятидаги Жориберд қалъаси қўмондони Самлон Силк томонидан 1230 йилнинг охирларида ҳибсга олинди. Халққа беҳисоб зулм ўтказган, мансабидан фойдаланиб, сон-саноксиз молу-мулк тўплаб, яқинлари орасида Хўжатош (қимматбаҳо тош) лақабига эга бўлган вазир Шарафулмулкнинг куни шу ерда тугади.

Ўтда куйдирилишдан, бўғиб ўлдирилишдан омон колган вазир учинчи марта калласи танасидан жудо қилиниб ўлдирилди.

Умид Бекмуҳаммад

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин