Саналар
07.10.2024
Баннер
Ислом тарихидаги илк даволаш муассасалари
PDF Босма E-mail

Ислом жамиятидаги дастлабки шифохоналар сифатида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаёқ пайдо бўлган кўчма касалхоналарни қайд этиш жоиз. Бу касалхоналар мусулмон қўшини билан биргаликда кўчиб юрарди. Ушбу анъана Ислом тамаддунининг бутун тарихи давомида сақланиб қолди.

Ҳижратнинг 706 йилида Дамашқда уммавийлар халифаси Ал-Валид томонидан қурилган биринчи тўлақонли шифохона вужудга келгунга қадар бир неча ўн йиллар ўтди. Бу шифохонада турли касалликларга чалинган беморлар (жумладан кўзи ожизлар ва ҳатто моховлар ҳам) даволаниши мумкин эди. Ушбу дастлабки шифохонанинг жиҳозлари, ходимлари ва ундаги ишнинг ташкил этилиши келажакда юзага келадиган шифохоналар учун намуна бўлиб қолди.
Шунингдек, Бағдодда ҳам Ҳорун ар-Рашид ва ал-Мансур томонидан шифохоналар қурилди. Қоҳирада биринчи шифохона 872 йилда Фустатда, шаҳар волийси Ибн Тулун даврида таъсис этилди.
XII асрга келиб, шифохоналар илғор илм-фанни ривожлантириш муассасаларига айландилар. 1156 йилда Нуруддин Занги томонидан барпо этилган ан-Нурий шифохонаси бунга мисол бўла олади. Шифохонада беморлар яхшилаб даволанар, шунингдек, сифатли ва тўйимли овқатлар билан парваришланар эди. Бундан ташқари, шифохонада таълим олишни истовчилар учун катта кутубхона ҳам бор эди.

Султон Қоловун Мансур Қоҳирада Дюрант томонидан тавсифланган, ўша даврнинг энг улкан шифохонасини қуради.
Тўртбурчак шаклдаги бу улкан тиббиёт иншоотининг ҳовлисида тўртта муҳташам бино қад ростлаган бўлиб, теварак-атрофни фавворалар ва ариқчалар салқинлатиб турган. Шифохонада турли касаллик учун алоҳида бўлимлар, тузалаётган беморлар учун алоҳида хоналар, шунингдек, лаборатория, лазарет, амбулатория, парҳез таомлар ошхонаси, ҳаммомлар, кутубхона, маърузалар зали бўлган, бундан ташқари, шифохонада руҳий хасталар учун энг қулай яшаш шарт-шароитлари муҳайё қилинган. Даволаниш эркагу аёл, бою камбағал, қуллару ҳурлар учун бепул бўлган.  Қолаверса, тузалаётган беморларга йўл ҳақи тўланган, шу туфайли эндигина соғайиб, уйига қайган кишилар тезда ишга чиқишга мажбур бўлмаган. Кўзи ожиз беморлар учун майин мусиқа чалиниб турган, бадиий сўз усталари уларга тарих китобларини ўқиб берганлар.

 

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин