Саналар
20.11.2024
Баннер
«Жаннат»дан ҳайдалган Колумб...
PDF Босма E-mail

Христофор Колумб — уни Американи Европа учун очган шахс, машҳур денгизчи сифатида эътироф этишади. Ҳақиқатан ҳам, у ҳаёти давомида юксак чўққиларни эгаллади. Денгизчининг ўлимидан кейин ҳам шуҳрати ошса-ошдики, асло пасайгани йўқ. Ҳатто унинг жасади оддий одамларникига нисбатан юксакроқ муносабат қаратишга ундади. 1506 йил. Испаниянинг Валядолид шаҳри.

Айнан шу маконда Колумб дунё билан хайрлашди. Бир умр худони зикр этиб, қийин вазиятларда унинг ёрдам беришига ишониб яшаган денгизчи, диндорлардек иззат-икром кўрсатилиб дафн этилди.

Амалга ошмайдиган иш эканлигини билса-да, у ўлими олдидан ёзган васиятида ўзи кашф этган ажиб мамлакат, яъни, «Янги Дунё»га дафн қилишларини ёзиб қолдирди. Кариб ороллари соҳилига етганда у жаннат манзараларини кўраётгандек бўлди. Шу боис, оролнинг туб аҳолисини соддадил ва пок одамлар тимсоли деб ўйлади. Ўша жаннатмакон ҳудуд унинг кемаларида Европада янги, шу билан бирга қўрқинчли касаллик пайдо қилган бўлса-да, Колумб умри охиригача яхши таассуротлар билан яшади.

У шу ерда ўлишни ва ўзи очган заминда мангуга ётишни хоҳларди. Унинг васияти амалга ошмади. Сабаб қилиб эса, Испания учун қаҳрамон саналган инсонни сўнгги йўлга кузатиш учун арзийдиган черков йўқлиги кўрсатилди.

Жасад Валядолидда дафн қилингач, 3 йил ўтиб, бу ер унга арзимаслиги айтилди ва ўша пайтларда ўғли ҳукмронлик қилган Севиля монастрлигига олиб кетилди.

Ниҳоят, орадан 18 йил ўтиб, испанияликлар Христофор Колумбнинг охирги тилагини бажаришга қарор қилишди. Орзу қилинган кема унинг тобутини олиб, океан ортига жўнади. Денгизчининг охирги қўним топадиган жойи Санто-Доминго ибодатхонаси деб белгиланди, аммо саёҳат бу билан тугаб қолмади. Қабристон жойлашган ҳудуд Франтсия мустамлакасига айлангач, Испания ўзига қадрли бўлган барча нарсаларини бу жойдан олиб кетди. Ўз-ўзидан Колумб жасадини ҳам Кубага кўчиришди. 1898 йилда Куба йўқотилгандан кейин яна тобут океан ортига қайтиб, Севилядаги ўғли Фернандо қабри ёнига дафн қилинди.

Тарих учун аҳамиятли ҳисобланган бу қайтиш, Колумб тасаввуридаги жаннат ўзининг кашфиётчисини қабул қилмади, деб баҳоланди...

Лекин, ХИХ асрнинг охирига келиб Колумб қабри атрофида кўпгина жумбоқлар пайдо бўла бошлади. 1877 йилда ишчилар Санто-Доминго ибодатхонаси пойдеворларини мустаҳкамлаш вақтида урна (ўликлар кули сақланадиган ертўла)да «Шуҳратли эркак Кристобал Колон» деган ёзувга дуч келишди ва топилма ичида 13 та катта, 28 та майда суяклар бор эди. Доминиканликлар бу топилмани сохта деб билишди. Шу билан бирга испан монахлари ҳам бу воқеа мутлақо ёлғон деган фикрга келишди.

Бутун ХХ аср давомида Испанияда ҳам, Доминикан Республикасида ҳам ҳақиқий тобут ўзларида деб ҳисобланди.

2002 йилда Севилялик тарих ўқитувчиси Марсиал Кастро ва эстеплик биология ўқитувчиси Серхио Алгаррада бу жумбоққа ечим топишга уриниб кўрдилар. Улар Колумб ва ўғли Фернандо қабридан ДНКлар олиб, солиштириб кўриш мақсадида, руҳонийлар жамиятига мурожаат қилишди. Рухсат олишолмагач, Гринад университетининг бир гуруҳ олимларини қизиқтириб қўйган бу тажриба ишлари руҳонийларнинг розилиги билан амалга оширилди. 2004 йилга келиб, тадқиқотчилар антропологик экспертиза натижаларини эълон қилишди. Шу нарса аниқ бўлдики, Испаниянинг Севиля ибодатхонасидаги суяклар 45 ёшли одамга тегишли эди.

Колумб эса вафот этганида 55-60 ёшлар орасида, кучли ва бақувват шахс бўлган. ДНК анализлари ҳали тугагани йўқ, бироқ олимлар асрлар давомида испанияликлар ўзларида деб билган денгизчи жасади бошқа бировга тегишли эканини бугун ишонч билан айта олишади.

Шу йўсинда, бугунги қарашларга кўра, Христофор Колумб жасади Доминикан Республикасидаги ибодатхонада сақланмоқда.

Суҳроб Шеров

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин