Саналар
05.10.2024
Баннер
Шошлик алломалар
PDF Босма E-mail

“Насаб” арабча сўз бўлиб, келиб чиқиш, насл-насаб, сулола, аждод маъноларини англатади. Ислом аҳлининг кўпайиши, араб халқларининг ажам халқлари билан қўшилиб кетиши насабларни ўрганиш ҳақидаги илмнинг дунёга келишига замин яратди. Унинг асосчиси насаб илмининг имоми Ҳишом ибн Муҳаммад ибн Соиб ал-Килабий (вафоти ҳижрий 204 (милодий 820) йил)дир.
Шу анъана давомчиси “Ал-Ансоб” муаллифи — тож ал-ислом Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний ал-Марвазий ал-Ҳофиз ҳижрий 506 (милодий 1113) йилнинг шаъбон ойида Марвда дунёга келганлар. (Ҳижрий 562 (милодий 1167) йилда Марвда вафот этганлар). Тамим қабиласининг бир тармоғи ҳисобланган самъонийлардан бўлганликлари учун бу зотга Ас-Самъоний нисбати берилган.
“Ал-Ансоб”, шубҳасиз, қомусий билимлар соҳиби Ас-Самъоний ижодининг баркамол намунасидир. Бу нодир дурдона ўрта асрлар географик манзарасини тиклашга ҳисса қўшувчи улкан солнома ўлароқ ислом манфаатлари йўлида жонбозлик кўрсатган бир қатор шайхлар, муҳаддислар, муаррихлар ва адиблар ҳақида маълумот бериши билан илм-фан тарихида беқиёс ўрин тутaди.
Мусулмон оламида VIII — XII асрларда машҳур бўлган уламолар ҳақида мухтасар маълумот берувчи асарнинг Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган алломаларга оид маълумотларидан танланган таржимаси ҳижрий 1408 (милодий 1988) йилда Байрут (Ливан)нинг “Дор ал-жинон” матбаасида чоп этилган 5 жузлик нашри асосида амалга оширилди.
“Насабнома” (“Ал-Ансоб”) муаллифи берган маълумотлар аниқлиги, ишончли манбаларга таянганлиги билан диққатни тортади. Жумладан, асарда жой номлари билан боғлиқ атамалар масаласида баҳсли фикрлар туғилишининг олди олиниб, уларнинг ёзув шаклига алоҳида эътибор берилган, бу сўзларнинг ўқилиши ҳам махсус транскрипцион тамойиллар асосида изоҳланган. Абдулғафур Раззоқ Бухорий ва Комилжон Раҳимовлар ғайрати билан араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинган мазкур асар Абдухолиқ Fиждувоний таваллудининг 900 йиллиги муносабати билан 2003 йилда “Бухоро” нашриётида чоп этилди (Абдулкарим ас-Самъоний. Насабнома (Ал-Ансоб). Араб тилидан Ҳожи Абдулғафур Раззоқ Бухорий ва Комилжон Раҳимовлар таржимаси. “Бухоро” нашриёти, 2003).
Қадрли муштарий! Маълумингизким, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 апрелдаги “Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармонига биноан, жорий йилда мамлакатимизнинг муаззам пойтахти Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги кенг миқёсда тантана қилинади. Эътиборингизга ҳавола этилаётган — Абдулкарим ас-Самъонийнинг “Ал-Ансоб” асаридан олинган ўз замонасида мусулмон Шарқи илм-фани ривожида беқиёс ўрин тутган шошлик алломалар ҳақидаги қимматли мулоҳазалар Сизнинг кўҳна Шош тарихига оид тасаввурингизни бойитишига, маънавий оламингизга кўрк бўлиб қўшилишига ишонамиз!

* * *

Ал-Одамий — Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Одам ал-Одамий аш-Шоший (X аср) Шош аҳлидан. Боболарининг исмлари Одам бўлганлиги учун бу кишига “Ал-Одамий” нисбати берилган. Илм талабида Ироқ ва Ҳижозда бўлганлар. Ҳабиб ибн Муғира аш-Шоший, Ҳомид ибн Довуд аш-Шоший, Убайдуллоҳ ибн Восил ал-Бухорий, Абу Ҳотам Муҳаммад ибн Идрис ар-Розий ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Муқридан таълим олганлар. Ўзларидан эса Абул Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад аш-Шоший, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ал-Fаззол ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Иштиханий ҳадис ривоят қилганлар.
Ал-Усбоникатий — Усбоникат — Мовароуннаҳрдаги шаҳар бўлиб, Исфижоб яқинида жойлашган.
Абу Наср Аҳмад ибн Зоҳир ал-Усбоникатий шу шаҳардан бўлиб, адиб, фозил, ишончли муҳаддис, қалблари яхши амаллар қилишга мойил эди. Фақиҳ Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Калободий ал-Бухорий ас-Сибадмунийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Абу Саъд ал-Идрисий ал-Ҳофиз ҳадис ривоят қилганлар ва айтадилар: “Аҳмад ал-Усбоникатий Самарқандда яшар эдилар. Ҳижрий 360 (милодий 972) йилдан кейин Самарқандда вафот этганлар”.
Абу Али Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Фақиҳ ал-Усбоникатий ҳам шу шаҳардан бўлиб, юқорида номлари зикр қилинган адибнинг жиянлари. Бу киши фақиҳ, фозил ва ҳисоб (математика) илмига моҳир эдилар. Самарқанд олимларидан таълим олиб, фақиҳ бўлганлар. Кейинчалик ўз шаҳарлари Усбоникатга жўнаб кетганлар. Самарқандга келиб, тижорат билан ҳам шуғулланар эдилар. Ҳижрий 370 (милодий 981) йилдан кейин Усбоникатда вафот этганлар.
Абул Ҳасан Саид ибн Ҳотам ал-Фақиҳ ал-Усбоникатий Самарқандда яшар эдилар. Шайх, фозил, тақводор, парҳезкор ва фақиҳ эдилар. Самарқандда узоқ муддат яшаганлар. Ўғиллари Ҳасан шу ерда туғилган. Самарқандда фақиҳ Абул Ҳасан ар-Раҳбийдан таълим олганлар. Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ас-Самарқандийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Абу Саъд Абдураҳмон ал-Идрисий таълим олганлар. Ҳижрий 380 (милодий 991) йилдан олдин турк юртларига чиқиб кетиб, кейинчалик Усбоникатга қайтиб келганлар ва шу ерда вафот этганлар.
Зафар ибн Лайс ал-Усбоникатий Исфижоб шаҳридан. Фақиҳ ва муҳаддис эдилар. Қози Муҳаммад ибн Асламдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 320 (милодий 933) йилдан кейин вафот этганлар.
Абу Бакр Муҳаммад ибн Суфён ал-Усбоникатий ал-Фақиҳ Насафда анча муддат ҳоким бўлганлар. Парҳезкор, тақводор, покиза ва фозил ҳоким эдилар. Бу киши ҳақида Абу Саъд ал-Идрисий “Тарихи Насаф” китобларида зикр қилиб қуйидагича айтганлар: “У киши фиқҳ илмини Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳасан ал-Форисийдан олганлар. Йирик фақиҳлардан эдилар. Шош муфтиси фақиҳ Абул Ҳасан Али ибн Закариёдан эшитдим. У айтар эди: “Абу Бакр ал-Форисийнинг бирорта шогирди ундан фиқҳ ва калом илмини Абу Бакр ал-Усбоникатийдек яхши ўрганган эмас. Агар кишилар девор орқасидан Абу Бакр ал-Усбоникатийнинг овозини эшитсалар, Абу Бакр ал-Форисий гапираяпти, деб ўйлар эдилар”. Ҳижрий 375 ёки 376 (милодий 986 ёки 987) йили Суғдда вафот этганлар.
Ал-Ийлоқий — Ийлоқ (Оҳангарон водийси) — Шошдан ўн фарсах узоқликдаги шаҳар. Бу ерга келганлар бундай сўлим ва тоза шаҳарни кўрмаганлар. Сув водийдан келган. Унинг тоғларида тилла ва кумуш бор. Бу ердан кўп олим ва имомлар етишиб чиққанлар. Уларнинг машҳурларидан:
Абу Раби Тоҳир ибн Абдуллоҳ ал-Ийлоқий буюк фиқҳшунос эдилар. Марвда Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Марвазий, Нишопурда Абу Тоҳир Муҳаммад ибн-Маҳмаш аз-Зиёдий ва Бухорода олим Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Ҳасан ал-Ҳалиймий қўлларида фиқҳ илмидан таълим олганлар. Шош аҳли бу кишидан фиқҳ илмидан таълим олган. Абу Наим Абдулмалик ибн Ҳасан ал-Азҳарийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 465 (милодий 1073) йили 96 ёшда вафот этганлар.
Фиқҳшунос Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Довуд ал-Ийлоқий — Ийлоқ аҳлидан. Хуросонда Ҳасан ибн Масъуддан, Марвда Ар-Равздан, Нишопурда Муҳаммад ибн Яҳёдан фиқҳ илмидан таълим олганлар. Чиройли сийратли бу киши кўп хайрли иш қилувчи ва кишиларнинг ҳожатларини чиқаришга доимо мойил эдилар. Биз билан Марвга келиб, менинг мадрасамда бир неча муддат яшадилар. Мен у кишидан ҳадисдан дарс олгандим. Ҳижрий 539 (милодий 1145) йилда вафот этганлар ва Синждонда дафн қилинганлар.
Яна шу қишлоқлик Абу Салама Наср ибн Муҳаммад аш-Шоший ас-Суфий ал-Ийлоқий Шошда турардилар. Фозил, яхши хулқли, ҳожи, муҳаддис эдилар. Кишилар бу зотдан ҳадис ёзиб олардилар. Имом ал-Бухорийнинг дўстлари Абдураҳмон ибн Муҳаммад ал-Бухорий ва Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шошийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 370 (милодий 981) йилда вафот этганлар.
Ал-Борискатий — Борискат — Шош шаҳарларидан.
Абу Аҳмад аш-Шоший ал-Борискатий шу шаҳардан. Абд ибн Ҳумайд ал-Кеший (ваф. 249/864)дан ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан Абул Фазл ибн Муҳаммад аш-Шоший ҳадис ривоят қилганлар.
Ал-Боробий — Бороб (ёки “Фороб” деб ҳам айтилади) — Сирдарё ортидаги ноҳия.
Абу Закариё Яҳё ибн Аҳмад ал-Адиб ал-Боробий — Бороб аҳлидан. Бу киши наҳв илми соҳиби, араб тили билимдони ва адиб эдилар. “Ал-Масодиру фи ал-луға” (Тилшуносликдаги ўзаклар) китобининг тузувчиси. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ ал-Бухорийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Исфижобда Ҳасан ибн Мансур ал-Муқри ҳадис ривоят қилганлар.
Ал-Бискатий — Бискат (ҳозирги Пискент) — Шошдаги таниқли шаҳар. Бу шаҳардан бир гуруҳ уламолар етишиб чиққанлар.
Абу Иброҳим Исмоил ибн Аҳмад ал-Бискатий аш-Шоший фақиҳ эдилар. Илм олиш мақсадида Марвга келиб, Абу Наср Аҳмад ал-Анмотий ал-Марвазийдан таълим олганлар. Ўзларидан эса Абу Туроб Исмоил ибн Тоҳир ан-Насафий таълим олганлар. Ҳижрий 400 (милодий 1010) йилдан кейин вафот этганлар.
Ал-Бинкатий — Бинкат (ҳозирги Бекобод) — Шош қишлоқларидан.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший ал-Бинкатий шу қишлоқдан. Бу киши асли термизлик бўлиб, Бинкат қишлоғида яшаб, шу ерда қолиб кетганлар. Шунинг учун шу нисбат берилган. У киши адабиётни Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Қутабийдан ўрганган бўлиб, энг яхши шеърларни ёдлар эдилар. “Ал-Муснад ал-кабир” китобини жамлаганлар. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий, Аббос ибн Муҳаммад ад-Дуварий, Исо ибн Аҳмад ал-Асқалоний каби Хуросон ва Ироқ олимларидан дарс олганлар. Ўзларидан эса Абул Фазл Мансур ибн Наср ал-Коғазий ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 350 (милодий 962) йилда вафот этганлар.
Ат-Тункатий — Тункат — Шош шаҳарларидан. Сирдарё ортида жойлашган бу шаҳардан кўп илм аҳли етишиб чиққан.
Абу Лайс Наср ибн Ҳасан ат-Тункатий шу қишлоқдан. У кишини “Абул Фатҳ” деб ҳам айтганлар. Fарб мамлакатларида бўлганлар ва Андалус (Испания) шаҳрида бир неча муддат яшаганлар. Машҳур тижоратчи ҳам эдилар. У киши ўша ерлик олимлардан дарс олардилар ва Муслим ибн Ҳажжожнинг “Саҳиҳ ул-Муслим” китобидан дарс берардилар. Ўзларидан кўп олимлар дарс олганлар. Умрларининг охиригача Нишопурда яшаганлар. Одамлар сув ичсинлар деб жоме масжидида қудуқ қазганлар. Кўп хайрли ишларга бош-қош бўлганлар. Наср ибн Ҳасан аш-Шоший айтадилар: “Бир кун кемада денгизда сайр қилдим. Денгизнинг қирғоғига етиб борганимда, тошдан ясалган, сувдан кўтарилган, аммо қўли эгри бир суратга дуч келдим. Унда: “Бу ердан ўтма! Чунки чумолилар сени ейди”, — деб ёзилган эди. У киши ҳижрий 406 (милодий 1016) йилда туғилиб, ҳижрий 486 (милодий 1094) йилнинг зулқаъда ойида Нишопурда вафот этганлар ва “Ҳайрат” қабристонида дафн қилинганлар.
Абу Жаъфар Ҳалим ибн Умар ал-Бухорий ат-Тункатий Бухоро аҳлидан бўлиб, Тункат қишлоғида яшаганлар. Имом ал-Бухорийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 313 (милодий 926) йилда вафот этганлар.
Ал-Харашкатий — Харашкат — Шош шаҳарларидан. Бу шаҳардан кўп олимлар чиққан.
Булардан Абу Саид Саъд ибн Абдураҳмон ал-Харашкатий Юсуф ибн Яъқуб ал-Қози, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳазрамийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 340 (милодий 952) йилда вафот этганлар.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 16-сонидан олинди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин