Саналар
21.12.2024
Баннер
“Учбурчак иншоотлар”: инсоният маҳсулими ёки...
PDF Босма E-mail

«Ер юзидаги барча тирик мавжудотлар вақтдан қўрқади, вақт­нинг ўзи эса - пирамидалардан», деган ибора бор. Дарҳақиқат, қанча сувлар оқиб ўтмасин, қанча асрлар ҳукмронлик қилмасин, баҳайбат тошли осори атиқалар ҳали ҳамон илк давридагидай Ер юзида савлат тўкиб турибди. Ва ҳанузгача улар инсоният учун жумбоқлигича қолмоқда. Баъзилар уларни ўтмиш цивилизацияларининг яширин номалари, яна бирлари пирамидаларни ўзга сайёраликларнинг «ижод маҳсули» дейишса, қолганлар ушбу улкан мўъжизаларнинг пайдо бўлиш тарихини афсонавий Атлантида билан боғлашга ҳаракат қилишади.

Хўш, мазкур тахминларнинг қай бири ҳақиқатга яқин? Келинг, ҳаммасини бир бошдан бошлайлик.

Миср сир-асрори

Узоқ пайтлар давомида бу ҳайратланарли қурилмалар тсивилизатсияси милоддан аввалги ИИИ асрдан И асргача давом этган қадимги мисрликлар томонидан барпо этилган деб расмий равишда таъкидланиб келинарди. Эндиликда эса мазкур нуқтаи назар кўплаб мутахассисларда жиддий шубҳаларни уйғотмоқда. Негаки, бу катта харсанг тошлар бир-бирига шунчалик мукаммал ётқизилганки, уларнинг орасига тиғ ҳам кирмайди, энг катта Хеопс пирамидасининг қирралари дунё томонларига тўғрилаб 0,1 фоиз аниқлик билан қурилган.

Тадқиқотчилар фикрича, оддий инсонларнинг бунчалик аниқлик билан иншоотларни қуришига ишониш қийин. Шунинг учун ҳозирда илгари сурилаётган илмий фаразларнинг бирига кўра, пирамидалар Ер юзида 8-10 минг йил олдинги юқори даражада тараққий этган тсивилизатсия даврида қад кўтарган. Эътиборлиси, фаразларга кўра, ўша даврда Миср саҳроси иқлими нам тропик ўлка бўлган ва мазкур ҳудудда ёмғир жуда кўп ёққан. Юқоридаги тахмин олимларнинг синчковликлари туфайли вужудга келган: улар Буюк сфинксда одатда шаррос ёмғирлар натижасида юзага келадиган вертикал емирилиш ҳолати (эрозия)ни пайқашган, шамол ва қум таъсирида эса горизонтал нураш кузатилади.

Юқоридаги назарий фаразни далилловчи яна бир муҳим жиҳат бор: пирамидалар водийсининг космосдаги фотосуратида тадқиқотчилар иккинчи сфинкснинг сиртқи кўринишини аниқлашга муваффақ бўлдилар - у биринчисининг рўпарасида қад ростлаган бўлиб, бутунлай тупроқ остида қолган. Мутахассислар зодагон аёл сиймосини ўзида ифодалаган дея тахмин қилинаётган ушбу қурилиш намунаси узоқ ўтмишда қулаган бўлиши керак. Тахминларга қазиш ишлари якунланганидан сўнг аниқлик киритилади дейилади астролаб.су сайтида.

Хитой пирамидалари

«Биз уларга шарқий томондан яқинлашдик ва шимолий тарафда қад ростлаган учта йирик пирамидани кўрдик, қолганлари эса навбатма-навбат ҳажман кичрайган ҳолда қурилган бўлиб, энг пасти жанубий қисмда эди. Улар ҳайдалган ерлар ва қишлоқлардан баланд юксалиб, текисликда 6-8 мил (44-58 км.) ҳудудгача чўзилган.

Энг улкан пирамида баландлиги тахминан 1000 футга тенг эди (бу 3000 метрга яқин, яъни Хеопс пирамидасидан деярли икки баробар баланд дегани).

Хитой пирамидасининг тўрт тарафи компас нуқталарига мос равишда аниқлик билан мувофиқлаштирилган ҳолда ҳар бир қирраси дунё тарафларини кўрсатади. Қора ранг шимолни, кўкимтир яшил - шарқни, қизил - жанубни ва оқ ранг - ғарбни билдирган. Унинг юқори қисмига сариқ тупроқ сепилган, четларида эса қачонлардир тепага элтувчи зиналар бўлган.

«Ушбу ажойиб манзарани кўрганимда нафасим ичимга тиқилиб қолгандай бўлди. Биз пирамидаларга кириш йўлини топиш мақсадида уларни айланиб чиқдик, аммо уринишларимиз зоэ кетди. Таржимондан пирамидаларнинг «ёши» тўғрисида сўраганимда у «Ҳаттоки 5 минг йил олдинги ўтмишимизнинг энг қадимий манбаларида улар кўҳна пирамидалар сифатида тилга олинган», деб жавоб берди.

Ўтган асрнинг бошларида Монголия ва Хитой чегарасини кесиб ўтаётган авс­тралиялик савдогар Фред Шродер Чин ўлкаси пирамидаларини худди шундай таърифлаганди.

Европаликлар Хитойда еттита пирамида борлигидан космосда суратга олиш имкони туғилган даврда, аниқроғи, ХХ асрнинг ўрталарига келибгина хабар топишди. Ана шунда улар Чин мамлакатининг қадимий пойтахти Циан Фу яқинида қад кўтарган ҳайбатли «тош мўжизаларини» кўришга муваффақ бўлишган. Кейинчалик Янги зеландиялик учувчи томонидан топилган Фред Шродернинг кундаликлари ва мақоласи яхлит харсанг тошлардан барпо этилган қурилмаларга яна жамоатчилик қизиқишининг ортишига сабаб бўлди. Ҳозирда Хитой ҳукумати бирорта ҳам тирик жонзот ушбу ҳудудларга яқин йўламаслигини қаттиқ назорат қилади. Яна бир қизиқ маълумот: мамлакатнинг сунъий йўлдошларни орбитага элтувчи ракеталарни учириш майдончаси пирамидалар мажмуига яқин жойлашган. Мутахассисларнинг фикрича, бу бежизга эмас.

«Фиръавнлар қарғиши»

«Миср ҳукмдорининг мақбарасига кирган ҳар бир одам ўзини ўлимга маҳкум этади» каби ваҳимали ва машъум гап-сўзлар ўтган асрдаги археологик топилмалардан сўнг, айниқса, кенг тар­қала бошлаган. Ҳар ҳолда 1922 йили инглиз тадқиқотчиси Говард Картер томонидан топилган фиръавн бола - Тутанхамон даҳмасига айнан шу «Фиръавн­­лар қарғиши» номи берилган. Ўшанда илмий экспедициянинг кўплаб иштирокчилари (20 нафардан ортиғи) сағанадаги ишлардан сўнг сирли ҳолатларда бирин-кетин ҳалок бўлишган. Ҳукмдорлар қарғиши фақат Говард Картерга тегмаган, холос, сабаби 1930 йилга келиб экспедиция қатнашчиларидан биргина у ҳали ҳаёт эди.

Шундан сўнг, пирамидалар ҳақида бир биридан ваҳимали афсоналар тўқила бошланди. Бироқ 1962 йилнинг ­ноябр ойида Қоҳира университетининг биология ва медитсина бўйича профессори Азизиддин Таха пирамидаларни қазиш ишларида иштирок этган одамларда нафас олиш йўллари яллиғланишини келтириб чиқарувчи вирус аниқланганлигини маълум қилди. Фиръавнлар мўмиёларини текширувдан ўтказгач эса, бу турдаги яна кўплаб бактерияларни топди, дарвоқе, унинг фикрича, ушбу замбуруғларнинг баъзилари 4 минг йилгача ҳам умргузаронлик қилиши мумкин экан. Тадқиқотлардан сўнг олим «фиръавнлар қарғиши»га осонликча антибиотиклар ёрдамида барҳам бериш мумкинлигини ишонч билан айт­ди. Вирус нега битта Говард Картерга таъсир этмай қолган, деган саволга у қуйидагича жавоб берди: «Бу тадқиқотчи ҳаммадан ҳам кўп вақтини пирамидалар қад ростлаган Ҳукмдорлар водийсида ўтказган. Археологик қазилма ишлари давомида у бошқаларга нисбатан ўша ердаги ҳаводан кўпроқ нафас олган, шу сабаб унинг организмида аста-секинлик билан бактерияга қарши мус­таҳкам иммунитет шаклланган».

Марказий Африкадаги Порт-Элизабет шифохонасида фаолият юритган тиббиёт олими Жоффри Дин кўп сонли ўлим ҳолатларига олиб келган вазиятнинг сабаби кўршапалак чиқиндилари чириши натижасида пайдо бўлган заҳарли замбуруғ чангида эканлигини айтган. Бундай хулосага келишга туртки бўлган воқеа шундай рўй берганди: шифокор ишлайдиган касалхонага қитъа ғорларидаги кўршапалак чиқиндиларини ўрганаётган геолог Жон Уилз оғир аҳволда олиб келинади. Доктор Дин олдин ҳам бу каби ҳолатларга дуч келганди, чунки Жанубий Америкада инк қабилалари яшаган ғорларни ўрганишда тадқиқотчиларда Жон Уилзда кузатилган касаллик белгилари бўлган. Ўшанда беморларда касалликни келтириб чиқарувчи ва кўршапалаклар чиқиндиларида бўладиган гистоплазмолис вируси аниқланган. Шу тариқа, 1956 йили Жоффри Дин бу касалликка «ғор хасталиги» номини берди, бу йўл билан «фиръавнлар қарғиши» воқеасига нуқта қўйишга ҳаракат қилди. Айтганча, Жон Уилзни у охир-оқибат соғайтириб юборди, шунингдек, мингйиллик тарихга эга касалликни ҳам илмий асослаб берган дастлабки инсонлардан бирига айланди.

Улардан ташқари қатор мутахассислар қадимда мисрликлар ўзларининг муқаддас қадамжолари, яъни мақбараларга кириб, уларни таҳқирлайдиган инсонларга қарши радиоактив ва бошқа шу каби турли токсинлар (заҳарли моддалар) ишлаб чиққанлиги ҳақида гапиришдан чарчашмайди. Мазкур мавзуга бағишланган юзлаб, минглаб илмий тад­қиқот ишлари мунтазам равишда эълон қилиниб борилади. Қизиғи шундаки, сўнгги пайтларда пирамидалар умуман Миср ҳукмдорларини дафн этиш мақсадида қурилмаган деган қарашлар пайдо бўла бошлади. Аммо бунга бироз кейинроқ тўхталамиз.

Машъум Бермуд

Хабарингиз бор, узоқ пайтлардан буён олимлар Бермуд учбурчаги, деб номланган ҳудудда кема ва самолётларнинг ғойиб бўлиши ҳодисасига жўяли бир изоҳ топиб беришолмаяпти. Ваҳоланки, ХХ аср иккинчи ярмининг ўзида бу фалокатли жойда 1000 нафардан ортиқ инсон ҳалок бўлгани тўғрисида маълумотлар бор (ёурёга.орг веб саҳифаси). Аҳвол ҳаттоки ўтган аср­нинг 90-йилларида АҚШ гидрологик кемасида олиб борилган изланишлар давомида «учбурчак» тубида улкан пирамида топилганидан сўнг ҳам ўзгармади. Ҳа, ҳа, ажабланманг. Ушбу қурилма ҳажмига кўра Хеопс пирамидасидан уч баробар катта, унинг четлари шиша ёки сайқалланган сополга ўхшаш материалдан ясалган. Энг ҳайратланарлиси, пирамида қирралари океан тубидаги объектга хос бўлмаган тарзда пишиқ, равшан ва силлиқ. У энг замонавий ускуналар ёрдамида текширилганда эса, юзасида бирорта ҳам чиғир (юк кўтарадиган энг содда ғалтакли қурилма)лар, ажралувчи қисмлар ёки ёриқлар топилмаган. Худдики, пирамида бир бутун яхлит харсанг тошдан ясалгандек.

«Учбурчакли қурилмалар иши» билан жиддий шуғулланишга қарор қилган олимлар 2003 йилда океан тубида яна иккита сирли пирамида шаклидаги иншоотларга дуч келишган. Океанограф Верлаг Маер махсус аппаратура ёрдамида улар шишасимон моддадан ташкил топганини аниқлашга муваффақ бўлди. Ҳажман ушбу сув ости пирамидалари Ер устидагилардан бир неча баробар катта бўлса-да, ҳозирги тахминларга кўра, 500 йилдан кўп бўлмаган тарихга эга. Уларни ким ва нима учун қургани инсониятнинг очилмаган сирларидан бири бўлиб қолмоқда. Фақат бир нарсани аниқ айтиш мумкин: бу пирамидалар ерликларга ҳозирча номаълум технологиялар асосида қурилган.

Есореитер.фрc сайтида ёзилишича, бир неча йил олдин АҚШнинг денгиз ҳарбий қидирув хизмати Бермуд учбурчаги ҳудудида сувдан кўтарилаётган НУЖлар кўп кузатилишини маълум қилди. Бунда олдин бир неча метр диаметрдаги газли яримсфера ҳосил бўлади. Унинг орасидан номаълум жисм чиқиб парвоз қилади. Аслида Бермуд учбурчагидаги ғайритабиийлик хусусият (аномалия)лари сув остида ишлаб турган кучли энергетик мажмуа туфайли кузатилгани эҳтимолдан холи эмас. Бу фикр ҳам мутахассислар илгари сураётган тахминлардан биридир. Ҳозиргача мазкур ҳолат бўйича минглаб фаразлар ўртага ташланади, ҳудуддаги аномал ҳодисалар борасида ҳар қандай маълумот ўта махфий ҳисобланиб, эълон қилинмайди. АҚШ ҳарбий кучлари бу тушунарсиз объектларни кузатишда бир сония бўлса-да тўхтагани йўқ. Шунга қарамай, «машъум учбурчак»нинг сирига бироз бўлса ҳам ойдинлик киритишга эришилди, деган қатъий далиллар берилмаяпти.

Янги тамаддун куртагими бу?...

«Пирамидалар - бу фиръавнлар мақбаралари». Мазкур тушунчага биз тарих дарсларидан, саёҳат маърузаларидан, умумқабул қилинган илмий назарияга таянган ҳолда эга бўлганмиз. Бироқ улкан харсанг тошдан барпо этилган иншоотлар умуман бошқа мақсадларда қурилган бўлса-чи? Мана, масалан, Россия Илмий тадқиқотлар миллий институти ходими Андрей Вержбитский пирамидаларни қуришдан кўзланган мақсад йўлдошли антеннани яратиш муддаоси билан бир хил, дея таъкидлайди:

- Мазкур ускуналарнинг ишлаш тамойили мантиқан бир-бирига жуда ўхшаш, - дейди у. - Тарихчи олимларга тушунарсиз бўлган пирамидаларнинг ичидаги бўлмалар, дафн хоналари ва гўёки яна бошқа турдаги кўмиш маросими учун мўлжалланган иншоотлар аслида катта ҳажмдаги тўлқин узаткич, шлейф, улкан резонатор, филтрлар ҳамда юқори частотали техникада қўлланиладиган бошқа жиҳозлардир.

Тадқиқотчи шу билан ўз фикрини якунламади. У пирамидалар улкан сайёралараро алоқа тизимининг ташкилий қисми бўлганлиги ва улар бошқа сайёрада жойлашган худди шунга ўхшаш «терминал» билан боғланган, деган фаразни ҳам ўртага ташламоқда. Негаки, олис космос учун ишлаётган антенналар учун пирамида шакли муҳандислик нуқтаи назаридан олинган ўта ақлли қарордир. Мулоқот пункти вазифасини эса «дафн хонаси» ўтайди: космосдан келаётган сигнални тушуниш учун унга кириб, мақбара деб ўйланаётган тошли қутига ётишнинг ўзи кифоя. Ана шунда ўзга сайёрадан юборилаётган «нома»ларни худди шундай узаткич ёрдамида қабул қилиш мумкин.

Ақлбовар қилмас гапга ўхшайди, тўғрими? Аммо ким билсин, эҳтимол, у ҳақдир. Балки, айни дамда ҳам кўҳна «учбурчак мўжизалар» - пирамидалар ичида Ер сайёрасидаги инсонлар каби бошқа заминда ҳам ҳаёт кечираётган онгли мавжудотларнинг овози янграётгандир?..

Наргиза Иброҳимова

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин