Саналар
05.10.2024
Баннер
Кўҳна Тошкент дарвозалари
PDF Босма E-mail

Дунёда шаҳарлар кўп - Рим, Лондон, Москва, Истанбул, Теҳрон, Мадрид, Душанбе, Нью-Йорк, Тошкент... Уларнинг рўйхатини яна анча давом эттириш мумкин. Бу шаҳарларга турли хил маъноларни англатувчи таърифлар берилган. Рим - модалар шаҳри, Лондон - туманлар шаҳри, Париж - гўзаллар шаҳри, Лиссабон - денгизчилар шаҳри... Ватанимиз пойтахти Тошкентни эса нон шаҳри ёки деворлар қуршовидаги шаҳар дея эътироф этишади.

Тошкент қадимий тарихга эга бўлиб, у ўтган давр мобайнида кўпдан-кўп босқинчилик ва шафқатсизликларни бошидан кечирди. Шу сабабдан шаҳар халқи озодлик ва мустақиллик йўлида узоқ йиллар қаҳрамонона кураш олиб борди. Тошкент қулай географик ўринда жойлашганлиги боис доим ўзга давлатларнинг эътиборини ўзига тортиб келган. Шаҳар ташқи душманлардан сақланиш учун ўша даврлардаёқ девор билан ўраб олинган эди. Тарихий маълумотларга кўра, 19 асрдаёқ Тошкент уч қатор айланма девор билан қуршаб олинган.

Ҳусниддин Нурмуҳаммедовнинг «Тошкентнинг қадимги дарвозалари» деб номланган асарида Тошкент девори ҳақида қуйидаги маълумотлар келтириб ўтилган: «18 асрнинг охирларида шаҳар мудофаа деворининг баландлиги салкам 8 метр, тепа қисмининг кенглиги 2 метргача бўлган. Девор айланасининг узунлиги 18,2 км., шаҳарнинг умумий майдони эса 26,4 кв. км.ни ташкил этган».

Тўхтовсиз урушлар натижасида шаҳар девори яроқсиз ҳолга келиб, қайта қуришни талаб қилгани боис ХИХ асрнинг ўрталарида Тошкент шаҳрининг беклар беги шаҳар деворини қайтадан таъмирлатади. Бу вақтда девор баландлиги 10 метрдан ошиб, деворнинг юқори қисмида душманга ўқ отиш учун кўплаб шинаклар очилган эди. Шаҳар мудофаа деворининг 12 та дарвозаси (Тахтапул, Лабзак, Қашқар, Қўқон, Қўймас, Беш­ёғоч, Камолон, Самарқанд, Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Қорасарой) ва иккита қоф­қаси (яъни, 1 нафар отлиқ кириб чиқадиган туйнукчаси) бўлган.

Бу 12 дарвозанинг ҳаммаси катта йўл устида қурилган бўлиб, дарвозалар мустаҳкам, қаттиқ ёғоч - тоғ арчасидан ясалган ва уст томонига нақшинкор безаклар берилган. Ҳар бир дарвозада жуфт халқалар ва калитлар бўлган. Калитлар дарвозабонлар қўлида сақланган. Дарвозабонлар дарвозани тонгда очиб, қуёш ботганда беркитганлар. Дарвоза ёпилгандан сўнг, уни очишга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмаган. Фақатгина шаҳар ҳокимининг ўта зарур фармойиши бўлгандагина дарвозани очишга рухсат берилган. Дарвозадан ичкарига кирганда узун йўлак бўлиб, унинг икки томонида ҳужралар жойлашган. Ҳужраларнинг бири овқатланиш жойи бўлса, иккинчиси дам олиш хонаси бўлган. Дарвозабонлар вақти-вақти билан алмашиниб навбатчилик қилганлар. Шаҳарнинг ўн икки дарвозаси ортида ҳаёт қизғин давом этган.

Маълумотларга кўра, шаҳарда боғдорчилик яхши ривожланган. Бу ерда ёнғоқ, олма, нок, шафтоли, узум етиштирилган. Шафтолининг шундай бир машҳур нави бўлганки, унинг бир донасидан бир пиёла шарбат чиққан. Ёнғоқнинг, айниқса, ғалвир деб номланган нави кўп бўлиб, унинг мағзи кўриниб турган. Тошкент ўзининг ажойиб манзараси ва гуллари билан ҳам ажралиб турган. Гуллар орасида, айниқса, Тошкент лоласи машҳурдир. Лоланинг бу нави саккиз, ўн икки япроқли бўлиб, улар бир-бирига ўхшамайдиган турли ранглар билан қопланган.

Тарихчи Ҳамид Зиёэвнинг «Тарих - ўтмиш ва келажак кўзгуси» асарида 1741 йили Тошкентга келган татар савдогари Шубай Арслоновнинг Тошкент ҳақидаги маълумотлари келтирилиб, шаҳарнинг ўша даврдаги таш­қи ва ички манзараси қу­йидагича тасвирланади: «Тошкент шаҳри қалин пахса девор ва зовурлар билан ўраб олинган. Шаҳар катталиги жиҳатидан Қозон шаҳрига тенг келади. Унинг ўн икки дарвозаси бор. Бу ерда иморатлар тартибсиз ҳолда пахса девор билан қурилган. Шаҳарда боғ ва масжидлар кўп. Катта масжидларда кўпчилик бўлиб намоз ўқиганлар. Дарвозалар олдида алоҳида миршаблар туради. Уларда тўп йўқ, узоққа отадиган милтиқлар бор. Бундай милтиқлар Тошкентда ясалади. Шаҳарни ўн икки кишидан ташкил топган кенгаш бошқарган. Ҳукумат қароргоҳи Кўкча дарвозаси ёнидаги қалъада иш юритади. Тошкентдан Туркистонгача бўлган йўлни юк карвони олти кунда босиб ўтган. Иргиз дарёсидан Уфагача уч кун, Бухорогача ўн кун, Балхга йигирма кун, Бадахшонгача ўн беш кун юрилган».

1865 йил 16 июнда чор Россияси қўшинлари шаҳарни босиб олгандан сўнг, ўн икки дарвозанинг рамзий олтин калитларини генерал Черняэв 1865 йилда Петербургдаги ҳарбий музейга топширган. Калитлар 1933 йил 14 июнда Ўзбекистонга олиб келиниб, Ўзбекистоннинг Москвадаги доимий вакили Муҳиддин Турсунхўжаэв томонидан қабул қилинган ва улар ёдгорликларни сақлаш қўмитасининг раиси Низомиддин Хўжаэвга топширилган. Бу ҳақдаги далолатнома Ўзбекистон ­халқлари тарихи музейида сақланмоқда. Низомиддин Хўжаэв ташаббуси билан калитлар устида текширувлар ўтказилганда, тахмин қилинганидек, кумушдан ясалиб, устига олтин суви юритилган бўлмай, балки соф олтиндан ясалганлиги аниқланган. Ҳозирда бу калитларнинг ўн биттаси Ўзбекистон Республикаси Марказий Банкида сақланаётган бўлса, биттаси Ўзбекистон халқлари тарихи музейида кўргазмага қўйилган. Бу калитларнинг ҳар бирида ясалган вақти (ҳижрий 1282 йил) ва дарвозалар номи ёзиб қўйилган.

Шуниси эътиборга моликки, барча дарвозаларнинг чиқаверишида қабристонлар бўлиб, уларнинг аксарияти ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Баъзиларидан бугунги кунда ҳозир ҳам фойдаланилади. Бу қабристонларга шаҳар мудофаасида қаҳрамонона кураш олиб борган юртнинг мард ўғлонлари дафн этилган.

Наргиза Убайдуллаева

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин