Саналар
21.12.2024
Баннер
Метро ва унинг очилмаган қирралари
PDF Босма E-mail

Замонавий дунёмизга хос бўлган «пробка» сўзи автомобиль йўлларидаги тиқилинчни англатади ва айни пайтда у бизни тезкор метро томон қочишга ундамоқда. Зеро, у ерда ҳеч қандай тиқилинч ва ортиқча кутишларга дуч келмайсиз. Ҳаммаси сизнинг режангиз асосида бўлади. Тағинам бизда автомобиллар ҳаракати ҳозирча кўнгилдагидек, ҳали 5-10 йил ўтсин кўрамиз, худди Европадаги каби тиқилинчлар пайдо бўладими? Ана ўшанда машиналарнинг турган жойида қимирламай, бир соат қолиб кетиши одатий ҳолга айланади. Хуллас, метронинг қадри янада ошади, унга талаб кучаяди, йўловчилар метро томон олдингидан кўра ҳам икки ҳисса кўпчилик бўлиб ҳаракатлана бошлашади…

Поезд, автомобиль, пароход – буларнинг пайдо бўлиши ҳақида кўпчилигимиз биламиз. Аммо метро-чи? Метро ҳақида сиз қандай маълумотга эгасиз? У қачон ва қаерда кашф қилинган, ким ихтиро этган?

Худди буғ машиналари каби метро ихтирочиси ҳам ўша кўҳна Англиядан бўлади. Демак, лондонлик Чарльз Пирсон 1846 йилда ўзининг ақлли миясига келган ушбу фикрдан «дўпписини осмонга отган эди». У аввалига шошилмади. Ҳаммасини пухта ўйлаб, ишни маромига етказди – чизилиши керак бўлган архитектура чизмаларини оққа тушириб, тўғри темир йўллар бўйича қироллик комиссиясига йўл олди.

Тасаввур қилаяпсизми, бу салкам икки аср муқаддам — 1846 йилда рўй бермоқда! У пайтларда ҳали на автобус, на автомобиль бор эди.

Шундай қилиб, Пирсоннинг лойиҳаси комиссияда муваффақият қозонади ва орадан 14 йил ўтиб – 1860 йилда Лондонда метро қурилиши бошланди. Ўшанда машҳур «Euston Square» учун биринчи туннель кавланганди. Қазиш ишларини олиб борган қурилиш компаниясининг номи эса «Metropoliten» эди. Энди ўзингиз ҳам пайқаган бўлсангиз керак, «метро» сўзи қай тарзда пайдо бўлгани, қаердан келиб чиққанини!

Шундай қилиб дунёдаги биринчи метронинг очилиши 1863 йилда рўй берди.

Линияда 7 та бекат бор эди, узунлиги эса бор-йўғи 3,5 км.ни ташкил қиларди. Шу йўл 33 дақиқада босиб ўтиларди. Вагонларни ёритиш газда амалга ошириларди. Битта поезддаги вагонлар сони эса 4 та бўлиб, уларни локомотив тортарди, натижада метро йўли буғ ва тутунга тўларди. Фақат 1890 йилга келибгина метрога электр қўлланилди, унда илк бор мамлакат шаҳзодаси сайр қилди. Дарҳақиқат, тутунсиз ва олдингисига нисбатан анча паст овозли метрода инсон ўзини анча яхши ҳис қиларди.

Деярли ҳар куни қурилиш ишлари давом этиши сабабли Лондон метроси йил сайин такомиллашиб борди. Илк ҳалқа йўли 1868 йилдаёқ пайдо бўлганди, 1908 йилда эса Альберт Стэнли йўловчиларга яна бир қулайлик қилиш усулини топди: метрода йўналиш схемаларини чизиб, уларни станцияларга осиб қўйишни таклиф қилди.

Инсониятнинг янги ихтироси дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам тез тарқалди. Масалан, Англиянинг ўша пайтда «укаси» бўлган АҚШ метро тархини 1872 йилдаёқ ўз мамлакатига олиб кетиб, Нью-Йоркда барпо қилиб бўлганди. 1896 йилда метро шарқий Европага ҳам кириб келди – бу гал уни Будапештда қуришди. Яна икки йил ўтиб Париж, 1900 йилда эса Берлин аҳолиси ҳам янги транспорт турини ўз кўзлари билан кўришди.

Метронинг пайдо бўлиш тарихи билан ҳам танишиб олдингиз. Энди дунёдаги энг чиройли ва ғайриоддий метро — Париж метроси ҳақида батафсил ҳикоя қиламиз.

Париж метроси нафақат Европада, балки дунёда ҳам энг зич метро бўлса керак. Бу ерда баъзи бекатлар оралиғи бор-йўғи 500 метрни ташкил қилади. Метрога кириш эшиги ер ости йўлига олиб борадиган махфий эшикни эслатади. Жуда тор ва кичкина, XIX аср охирлари — XX аср бошида қурилган ва ҳозиргача ўзгартирилмаган. Ичкарига киришингиз билан сизни ажиб бир ҳис-туйғу қамраб олади: бекатларининг сирли, миниатюравий шаклини дарров ҳис қиласиз. Метро деворлари қўлда чизилган турли расмлар билан безалган, худди кўчалардаги безори ёки ёш болалар деворларга чизиб кетадиган расмларга ўхшайди. Зинапоя эса жуда тор, спирал шаклида – у сизни жуда-жуда чуқурларга олиб тушиб кетади! Тахминан беш қаватли уйдан пастга тушганчалик масофа босиб ўтилади.

Метродаги кўрсатиш белгилари «арт-нуво» услубида бажарилган: ёзув, чизма ва унга таралиб турадиган қизил чироқлар. Бу кўриниш ер ости махлуқотини эслатади, ўзингизни худди кинолардаги каби сезасиз, бу ерда.

Метродан чиқиш эшигида (уни топиб олишнинг ўзи азоб) эскалатор хизмат қилади, у тўғри кўчага йўналган. Бекатдан ташқарига чиқмоқчи бўлсангиз, одамлар оқими сизни ўзи билан олиб кетиши ҳеч гап эмас, шу боис сиз қайси томонга йўналмоқчи эканингизни олдиндан ҳал қилиб олишингиз керак: лифтгами ёки зинага?

Париж метросининг линиялари ҳам анча экстремал — вагонлар бирданига бурилиши, юқорилаши ёҳуд пастлаши мумкин. Линиянинг қурилиши ҳам биздаги каби эмас: яъни туннель биттагина бўлиб, қарама-қарши юрадиган вагонлар рельси ёнма-ён жойлашган. Сиз қаршидан келаётган поезддаги одамларни бемалол кўра оласиз. Бу нарса айниқса, бекатда қийинчилик туғдиради: нотўғри йўналишга туриб қолган бўлсангиз, нариги томондаги платформага ўтиш йўлини қидиришингиз керак. Уни топиш эса, ишонинг, роса қийин! Бошқа йўналиш бекатларига ўтиш йўллари лабиринтни эслатади – роса чалкашиб кетган. Яхшики кўрсаткич белгилари бор, бироз бўлса-да ишингизни осонлаштиради. Ўтиш йўлакларидаги деворлар кичкина оқ плиткалар билан безалган, пол эса смола тўшалган жойни эслатади: қора рангда, бироз юмшоқ, ҳатто сиз ўз аксингизни кўрасиз!

Умуман олганда, Парижга келган инсон метрони фақат сайёҳ каби томоша қилгани маъқул, яъни ундан транспорт тури сифатида фойдаланмаслиги керак. Парижликларга эса метро линиялари ва бекатлари аллақачон ёд бўлиб кетгани боис, улар бу ерда манзилларини осонгина топиб олишади.

Энди поездлар ҳақида. Метронинг вагонлари оқ-яшил рангда, ҳар бир поезд 5 та вагондан ташкил топган. Баъзи вагонларда резина ғилдираклар ҳам борки, уни кўриб ажабланасиз. Эски вариант бўлса керак. Вагонларнинг эшиклари қўлда очилади – ичкарига кириш учун эшикдаги мурватни бурайсиз. Аммо эшиклар автоматик ёпилади, поезд юриб кетаётган пайтда ҳеч ким уни оча олмаслиги учун.

Париж метросининг алоҳида ғурури бор – «№14» деб номланадиган йўналишда поездни машинист бошқармайди. Яъни, вагонлар автоматик тарзда ҳаракатланишади. Бу охирги йилларда қурилган ягона йўналишдир. Агар йўлингиз Парижга тушиб қолса, мана шу линияга албатта тушинг. Тушганда ҳам биринчи вагонга чиқишга ҳаракат қилинг, ўшанда олдинга боқиб, ўзингизни бемалол машинист ўрнига қўйиб кўришингиз мумкин бўлади.

Сизнинг олдингизда худди автобус ойнаси каби йирик ойнадан бошқа нарса бўлмайди. Ҳеч қандай пульт, ҳеч қанақа тугмани босиш шарт эмас, поезд ўзи кетаверади, мазза қилиб олдинни томоша қилиб кетасиз! Битта қўрқинчли томони – бирданига қаршидан нариги рельс-дан келаётган метро поездини сезмай қоласиз ва у ҳам худди сизники каби маши- нистсиз бўлади.

Ана шуни эсдан чиқармасангиз, ҳаммаси О'кей!

314 та бекатдан иборат Париж метросида йўқолиб қолиш жуда осон. Шунинг учун метро линиялари картасини ўзингиз билан олиб юрганингиз маъқул.

Дунёнинг кўпгина мамлакатларидаги каби, бу ерда ҳам йўналишлар ранг ва рақамлар билан белгиланади. Масалан, «учинчи» сариқ линия ёҳуд «олтинчи» яшил линия. Битта бекатга турли линиялар бўйича ҳаракатланадиган поездлар келиши мумкин. Дейлик, сиз «Porte D'Orleans» бекатдасиз. Бу ерда сиз яна 1 дақиқадан сўнг келадиган метрога чиқсангиз, сўнгги бекати «Porte D'Clignancourt» бўлган 6-линия (бордо рангли) бўйлаб кетасиз, агар 6 дақиқадан сўнг келадиган метрога чиқсангиз, охирги бекати «Ch. De Gaulle-Etoile» бўлган яшил 6-линиядан кетасиз. Қолган барча йўналишлар ҳам шунга ўхшаш. Яъни, битта бекатга турли линиядаги метролар келади. Буни фарқлаш учун электрон соатлар осиб қўйилади, йўловчиларни айнан улар бошқариб туради (асосий расмга қаранг).

Париж метросининг чипта тизими ҳам биздаги каби эмас. Ким қанча узоқ юрса, шунча кўп йўл ҳақи тўлайди. Аввалига, метрога киришда автоматлардан билет сотиб оласиз, сўнгра чиқишда уни яна кўрсатиб ўтасиз. Ўрта масофаларга билет нархи тахминан 1,5 доллар туради. Ҳамма автоматлар фақат француз тилида ишлаши эса, ҳатто, англияликларни ҳам қийнаши табиий.

Биласизми, Париждаги метрода билетсиз йўловчи ҳам турникетлардан осонгина ўтиб кетиши мумкин, ҳеч ким уларни текширмайди. Баъзида, ҳатто уларни тутиб ҳам олишади. Лекин одатда 99 фоиз йўловчи бундай қилмайди.

Сайёҳлар учун бир кунлик йўловчи билетлари сотилади. Уларни харид қилгач, сиз бир сутка давомида хоҳлаган йўналишда, хоҳлаганча юришингиз мумкин. Зеро, Париж метроси бекатлари ва йўлларини томоша қилишнинг ўзи ҳам кишига ҳузур бағишлайди.

Мақоламиз якунида шу мавзуга оид янги хабар: 2020 йилда Хитой қурувчилари Пекин метросини дунёдаги энг узун метрога айлантиришмоқчи экан. Қурилиш ишлари 2010 йилда бошланади ва кейинги ўн йил оралиғида яна 19 та линия ишга тушади. Якунда метронинг умумий узунлиги 561,5 километрга етади ва бу кўрсаткич бўйича Нью-Йорк ортда қолдирилади.

Беҳзод Аҳмаджонов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин