Саналар
21.12.2024
Баннер
Туркистоннинг фиғони
PDF Босма E-mail

Ман бурунғи замонда илм ва маданият ўчоғи бўлғоним учун дунёнинг маъмур ва масъуд ўлкасидан саналар эдим. Шунинг учун эдики, ҳозирда қўйнимдаги (харобазорлардан иборат бўлғон) Самарканд — «Самарканд фирдавсмонанд» аталур эди. Чин ўғлонларимдан бўлғон у ботур, у жаҳонгир Темур даврида кўргон умроният ва бахтиёрлиғим қиёматғача эсимдан чиқмас.
Оҳ! На бўлдиким, сўнгғи болаларим илм ва маорифдан узоклашдилар. Ота-боболарининг йўлларидан чиқцилар. Нега оталариндан мерос қолғон маорифни ташлаб жаҳолатни ихтиёр этдилар? Бирликни қўйиб, нифоқ ва низоға недан киришдилар? Илгари ёт ва душманлар қонини тўкмак билан ифтихор қила эканлар, сўнгра жаҳолат ва нафсоният сабабли ўз диндош ва қондошларининг қонларини тўкдилар. Бошқа иборат билан айтганда, ўз томурларига ўзлари болта урдилар. Мана бу озғунлиқ ва ахлоқсизлиқлари сабабли бир-бирларидан айрилишиб бўлак-бўлак бўлдилар-да, ётлар тарафиндан қулайгина ютилдилар, ўз истиқболларига хотима чекдилар. Бу орада маним устимдаги маданият осориндан бўлғон тоғ каби мадрасалар ва расадхоналар ҳам харобазорға айланиб қолди.

Оҳ! Ҳар на бўлди, энди ўтди... Модомики, маним қўлимдан чидам, тўзим ва яхши дуодан бошқа иш келмас эди, у нохулқ болаларим ҳақинда Тангридан тавфиқ ва инсоф тилаб тура эдим. Йўқ, бахтсизлиғимдан булар тезликда инсоф ва интибоҳға келмадилар. Теварагимдағи ёт элларға қарасам, аларнинг ҳар бирлари кундан-кун маданийлашмоқда, олдай бормоқда ва тинчгина яшамокдалар.
Аларнинг бу ҳолларини кўруб, яна қот-қот дардим зўраядир, ҳасратим кўпаядир, бурунғи шон ва шавкатим, иморат ва маданийим эсимга кела бошлайдир. Ҳўнгир-ҳўнгир йиғлайман, нола ва фарёд қиламан... Аммо маним бу ҳолимни кўрувчи кўз қайда? Қайғули товушимни эшитгувчи қулоқ қани?..

Оҳ! Қандай бахтиқаро эканман, нечук толесиз эканманки, бу кунда маним қўшниларим интибоҳ азонин эшитиб уйғонғон ва ўз саодатлари сари югурмоқда бўлғон ҳолда, маним бахтсиз авлодим бир-бирлари билан нифоқ ва адоват кучи билан талашиб, ёқалашиб, охири ҳориб, кучсизланиб жаҳолат тўшагинда ҳануз ухламоқда ва жонсиз гавдалар каби ҳануз ётмоқдалар...

Ай туркистонли турк ўғлонларим! Энди турингиз! Жаҳолат уйқусиндан уйғонингизки, кичик қиёмат қўпди!.. Агар бу чоғда ҳам уйғонмай ўзингизни асорат кишанингиздан, ёқангизни жаҳолат чангалиндан, юртингизни душманлар тирноғиндан ажратиб қутулмасангиз, сўнгра буюк қиёматда сизларга тамуғ ериндан бошқа юрт берилмас, заққум ошиндан бўлак емак едирилмаски, расвои олам бўлурсиз.

Ай турк болаларим, уйғонингиз! Уйғонингиз! Мана, боқингиз, кичик қиёмат бўлиб қолди. Ҳар кимсанинг номаи аъмоли ўз қўлиға берилди. «Аъмоли» тарозуси ҳам қурилди. Мана қарангиз! «Аъмоли солиҳ»и ортуқ келган миллатлар шодлиқ билан учмоқ, саодат сари чопмоқда. Аммо ёмон илми ортқон қавмлар «сирот» кўприкиндан ўтолмай, тамуғ сари тушмақда ва йиқилмоқдадирлар...

Ай суюкли ўғлонларим, уйғонингиз! Уйғонингиз! Тонг отди, энди ухламоқ ҳаром!.. Қиёмат қўпди, энди тек турмак маҳол! Ана тинглангиз! Ҳозирги маданиятнинг сури Исрофили, охир замоннинг муаззини на дер? Дерки, «Ҳаййа ъалал фалаҳ!».

Ҳожи Муин, «Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 10 ноябрь

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин