Саналар
21.12.2024
Баннер
Тарихи Андижон
PDF Босма E-mail

 

Андижон лафзи асли Андигон бўлса керак. Бу Форсистондан қўшулгондур. Чунончи, «бандигон» ёки «мардигон» дегандек, форсийда «гон» — «лар» ўрнида, «мардлар» ёки «озодагон» - «озодалар» деган сўздек, «Андигон» - «андилар» деган сўз. «Анд» турк уруғини(нг) ўзбекларини айтур. Бул ҳам форсийлар тарафидин айтилгон бўлиб, асли Андижон форсийлар, яъни эронийлар кулига ўтмасдан аввал ҳам бор эди. Чунончи, тарихи «Қутадғу билик»да ёзибдурки, Ўғузхоннинг Ҳиндустонға юргонининг зикрида айтур. Ўғузхон тамоми лашкари мўғуллар илан Талас ва Сарём келди. Тошканд ва Самарқанд ва Бухоро подшоҳлари саф тортиб уруша билмайдилар. Улуғ шаҳар ва маҳкам қалъаларга беркиндилар. Ўғузхон Тошканд ва Сарёмни ўзи қамаб олди. Туркистон ва Андижонға ўғлонларини юборди. Онлар 6 ойда Туркистон бирлан Андижонни олуб, атоси хизматиға келдилар, дейдур. Яъни Ўғузхон замонида ҳам Андижон шаҳар экан. Бу исм ила машҳур экан. Ўғузхон Бўкухонни(нг) саккизинчи бобосидур. Яъни Бўқухон Афросиёбни(нг) мўғулча исмидир. Афросиёб лақаби фарран осиё деган сўздур. Фарғонани Афросиёб бино қилди. Фарғонадан аввал Қубо бино бўлди, Қубодни(нг) вақтида. Аммоки Андижонни(нг) қайси подшоҳни(нг) биноси эканлигига мўътамад тарих ва маълумотимиз бўлмагандан бул тарихларға иктифо қилинди.

Тарихи «Қутадғу»дан мустафод бўлурки, Андижон тўрт минг йилдан муқадцам, яъни Ўғузхон вақтида шаҳар бўдся андан аввал ҳам ободон шаҳар экан. Ўғузхон ҳазрати Нух алайҳиссаломни(нг) тўққузунчи ўғилларидур. Валҳосилки, Андижон Фарғона шаҳарлари ичинда энг аввалги ва қадимийдур. Андин Афросиёб вақтига келганда, Афросиёб Турон подшоҳи бўлиб, Андижонни пойтахт қилиб, Кўникдар шаҳридин гоҳо Тошканд ва Андижон келур экан. Аммоки, афвоҳи носда қариялар сўзидурки, Андижон асли Одинажондур. Одинажон Афросиёбни(нг) қизидурки, анга ўрда ва боғ бино қилиб бериб, ани(нг) исмига тасмия қилиб эди. Одинажонни тилда бузуб, ағлоти авом ила Андижон қилган, дейдурлар. Бар ҳар боб бир эски шаҳар бўлуб, неча мартаба бузулуб, яна обод бўлуб, табодули замон ва инқилоби овон илан тузалуб, бузулуб, обод бўлган эски шаҳардур. Аммоки, «Тарихи фаришта»да ёзилибдур-ки, Умаршайх ўғли Бобурхон Андижонга саккиз юз тўқсон тўққузунчи ҳижрийда ўн икки ёшида подшоҳ бўлди. Тарихи валодатига шул тариқа назм қилибдур. Назм:
Андар шаши муҳаррам, зод он шаҳи мукаррам, Тарихи мавлидаш ҳам омад «шаши муҳаррам»1.
Аммоки, Умаршайх Мирзо душанба куни 14-муҳаррам рамазонда 899 ҳижрийда кабутархона томидан йиқилиб марҳум ўлдилар. Бобур Мирзо баиттифоқи умаро подшоҳ бўлди. Ул вақтда Ахси подшоҳи Узун Ҳасан подшоҳ эди. Аммо Фарғонада Ҳасан Яъқуб подшоҳ эди, дейдур.
1030 ҳижрийдаги зилзилада Ахсикент бузулган. Зилзилада Андижон ҳам бузулган эди. Яна андин буён Русия тасарруфига ўтгандан сўнг тезроқ ободликка қадам қўйган эдики, 1316 ҳижрийда бўлган зилзила ҳаммани(нг) маълумидур. Анда яна зилзила бўлуб, бузулуб, ҳукуматдан имдодлар бўлиб, аввалгидан неча даража обод бўлган. Мундан аввалги ободликни билмак бўлган киши «Бобурнома» тарихини кўрса бўлур. Ерларини(нг) ҳосилдорлиги, саноатлари ҳаммаси Фарғона бобида ёзилиб ўтди, такрорга ҳожат кўрулмади. Бинобарин, сўзимиз татвил этмай, қаноат этдук.

Исҳоқ тўра ИБРАТ, "Тарихи Фарғона"

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин