|

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил воқеалари
Тангри таолонинг инояти ва коинот сарвари бўлган ҳазрат Расули акрамнинг шафоати, поккўнгил чаҳорёрларнинг ҳиммати билан сешанба куни, рамазон ойининг бешинчисида, саккиз юз тўқсон тўққизинчи йили Фарғона вилоятига ўн икки ёшда подшоҳ бўлдим.
Фарғона вилояти бешинчи иқлим-дадир. Шарқи Кошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадахшоннинг чегараси — тоғлар, шимолида илгарилар Олмолиқ, Олмоту ва Янги сингари шаҳарлар бўлган экан, уни китобларда Ўтрор деб ёзадилар, мўғул ва ўзбаклар юришлари туфайли ҳозирги пайтда бузилиб кетган, асло ободонлик асари қолмаган. Кичик вилоятдир, ғалла ва меваси фаровон. Теварак-атрофи тоғлар билан ўралган. Ғарбий тарафида, яъни Самарқанд ва Хўжанд томонида тоғ йўқ. Ушбу ёқдан бошқа ҳеч бир томондан қишда душман кела олмас. Сайҳун дарёси Хўжанд суви номида машҳур, у шарқу шимол тарафдан келиб, вилоятнинг ичи билан ўтиб, ғарб сари оқади; Хўжанднинг шимоли ва Фанокатнинг(ҳозир Шоҳрухия сифатида машҳур) жанубий тарафидан ўтиб, яна шимолга бурилиб, Туркистон сари боради. Туркистондан анча қуйироқда бу даре бутунлай қумга сингиб кетади, биронта дарёга қўшилмайди. Етти қасабаси (шаҳарчаси) бор: беши Сайҳун (Сирдарё) сувининг жануб тарафида, иккитаси шимол томонида. Жанубий тарафидаги шаҳарлардан бири — Андижон, ўртада жойлашган, Фарғона вилоятининг пойтахтидир. Ғалласи мўл, меваси кўп, қовун ва узуми яхши бўлади. Қовун пишиғида полиз бошида қовун сотмоқ раем эмас. Андижоннинг ношвотисидан яхшироқ ношвоти(нок) бўлмас. Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш (Шаҳрисабз) қўрғонидан кейин бундан каттароқ қўрғон йўқ. Уч дарвозаси бор. Арки (подшоҳ саройи) жануб тарафида жойлашган. Шаҳарга тўққиз тарнов сув киради. Ажабки, бирор ердан ташқарига чиқмайди. Қалъанинг теварак-атрофи — хандақ. Унинг ташқариси — тош тўкилган катта кўчадир. Қалъанинг атроф-айланаси тамоман маҳаллалар билан қуршалган. Бу маҳаллалар билан қалъа оралиғи хандақ ёқасидаги катта кўчадир. Ов қушлари ҳам кўп бўлади. Қирғовули беҳад семиз бўлади. Шундай ривоят қиладиларки, бир қирғовул гўштини тўрт киши еб тугатолмаган. Эли туркдир(ўзбекдир). Шаҳар аҳолиси ва бозорга келувчилардан туркийни билмайдиган киши йўқ. Элининг тили адабий тилга мувофиқ. Шунинг учун ҳам Мир Алишер Навоийнинг асарлари, гарчанд Ҳирий (Ҳирот)да шуҳрат қозонган бўлса-да, бу тил билан ёзилган. Элининг орасида санъаткорлари кўп. Мусиқада машҳур Хожа Юсуф андижонликдир. Ҳавосининг рутубати бор. Куз пайтлари халқ кўп безгакка чалинади. Яна бири Ўш шаҳарчасидир. Андижоннинг шарққа мойилроқ шарқи жанубий тарафида. Андижондан тўрт йиғочлик йўлдир. Ҳавоси яхши, оқар суви мўл. Баҳори жуда яхши бўлади. Ўшнинг фазилати ҳақида кўп овозалар бор. Қўрғонининг шарқи жанубида бир куркам тоғ қад ростлаган, Барокўҳ деб номланади. Бу тоғнинг чўққисида Султон Маҳмудхон бир ҳужра солган. У ҳужрадан қуйироқда, ушбу тоғнинг тумшуғида тўққиз юз иккинчи йили (1497) мен бир айвонли ҳужра солдирдим. Гарчи у ҳужра юксакроқда бўлса-да, бу ҳужра ҳам кўп яхши жойда қад кўтарган: бутун шаҳар ва маҳаллалар шундайгина кўриниб туради. Андижон сойи Ўш маҳаллалари ичидан ўтиб, Андижонга кириб боради. Бу сойнинг иккала томони ҳам боғлар билан обод. Боғлар шундайгина сойга туташиб кетган. Бинафшаси беҳад нафис бўлади. Оқар сувлари бор, баҳори жуда яхши бўлади. Кўп лола ва чечаклар очилади. Барокўҳ тоғининг этагида — шаҳар билан тоғ орасида бир масжид қад кўтарган, масжид и Жавзо номли. Тоғ тарафидан бир катта ариқ оқади. Ушбу мас-жиднинг ташқари саҳни нишаброқ, себаргалик, серсоя, сафолик майдондир. Ҳар мусофир ва ўткинчи ўша ерда истироҳат қилади. Ўш бебошларининг қалтис ҳазиллари буки: кимки у ерда ухласа, шу катта ариқдан унга сув сочадилар. Умаршайх мирзо салтанатининг сўнгги пайтлари ушбу тоғдан қизил ва оқ товланадиган тош топилди: пичоқ дастаси, такбанд ва баъзи нарсалар қиладилар, анча яхши тошдир. Фарғона вилоятида ҳавоси тозаликда Ўш сингари шаҳар йўқ. Яна бири Марғинондир. Андижоннинг ғарбида. Андижондан етти йиғочлик йўлда. Яхши шаҳарча, неъматларга бой: анори ва ўриги жуда кўп ва яхши. Бир нав анори бўлади: йирикдона, дейдилар, чучуклигидан бироз ўрик ширинлигича таъми бор. Самнон анорларидан юқори қўйса бўлади. Яна бир нав ўрик бўладики, данагини олиб, ичига мағиз солиб қуритадилар, буни субҳоний дейдилар, кўп лазиздир. Ов қушлари яхши, оқ кийик шаҳарга яқин жойда топилади. Эли сорт(тожик)-дир, мушти югурук ва сержанжал эл. Жангарилик Мовароуннаҳрда одатдир. Самарқанд ва Бухородаги номдор жангариларнинг аксари марғинонликдирлар. „Ҳидоя" асари муаллифи Марғиноннинг Рушдон номли кентидандир. Яна бири тоғ этагида жойлашган Исфарадир. Оқар сувлари, сафолик боғ-боғчалари бор. Марғиноннинг ғарби-жанубидадир. Марғинон ва Исфара ораси тўққиз йиғочлик йўлдир. Мевали дарахтлари кўп, бироқ бв^ларида аксар бодом дарахти экилади. Халқининг барчаси сорт,форсий сўзлашади. Исфарадан бир шаръий масофада жануб томонида тепаликлар орасида бир йирик тош бор, уни „Санги ойина"(кўзгу тош) дейдилар. Узунлиги тахминан ўн қари келади, баландлиги баъзи ери одам бўйи, баъзи ери пастлиги киши белигача бў-либ, ойнадек ҳар нима акс этади. Исфара вилояти тоғ этагидаги тўрт бўлукдан иборат: бири Исфара, бири Ворух, яна бири Сўх, яна бири Ҳушёр. Муҳаммад Шайбонийхон Султон Маҳмудхон билан Олачахонга шикает бериб, Тошканд ва Шоҳрухияни олган пайтда ушбу Сўх билан Ҳушёр тоғ этакларига келиб, бир йилга яқин муддатни қийинчиликда ўтказиб, Кобулга томон йўлга тушдим. Яна бири Хўжанддир, Андижондан ғарб томонга йигирма беш йиғочлик йўлда. Хўжанддан Самарқандга ҳам йигирма беш йиғочлик йўл. Қадимий шаҳарлардан. Шайх Муслиҳиддин ва Хожа Камол Хўжанддандирлар. Меваси мўл ва жуда яхши бўлади. Анори машҳурдир. Чунки „Самарқанд олмаси" ва „Хўжанд анори" дейдилар. Бироқ бу тарихий санада Марғинон анори янада афзалдир. Қўрғони баланд ерда жойлашган. Сайҳун суви шимол томонидан оқади. Даре қўрғондан бир ўқ отими масофададир. Қўрғон билан дарёнинг шимол тарафида бир тоғ тушган, Мевағул номли. Бу тогда феруза кони ва бошқа маъданли конлар топилади, дейишади. Бу тоғда илон кўп бўлади. Хўжанднинг ҳайвон ва қуш овланадиган жойлари жуда қулай. Оқ кийик, буғумарал, қирғовул ва ёввойи қуён кўп бўлади. Ҳавоси жуда рутубатли: куз пайтлари безгак кўп тарқалади. Шундай ривоят қилдиларки, ҳатто чумчуқ ҳам безгакка чалинган экан. Ҳавосининг нохушлиги шимолдаги тоғ туфайли эмиш. Бунга тобе мавзелардан бири Кандибодомдир. Шаҳар деб бўлмайди-ю, аммо яхшигина шаҳарчадир. Бодоми яхши бўлади. Бу жиҳатдан шу исм билан номланган. Ҳурмуз ва Ҳиндистонга кўпроқ шу ернинг бодоми боради. Хўжанддан беш-олти йиғоч шарқий тарафдадир. Хўжанд ва Кандибодом орасида Ҳодарвеш номли бир дашт бор. Бу даштда ҳамиша шамол эсади. Бундан шарқ томонда бўлган Марғинонга ҳам шу ернинг шамоли боради. Хўжанд бунинг ғарбида бўлиб, мудом бу ердан у ерга шамол эсади; қаттиқ шамоллари бор. Дерларки, бир неча дарвеш бу даштда қаттиқ шамолга йўлиқиб, бир-бирларини тополмай, „Ҳо, дарвеш!" „Ҳо, дарвеш!" дея-дея ҳалок бўлганлар. Ўшандан бери бу даштни Ҳодарвеш дейдилар. Сайҳун сувининг шимолий тарафидаги шаҳарлардан бири Ахсидир. Китобларда Ахсикат деб ёзадилар. Чунончи, Асириддин шоирни Асириддини Ахсикатий дейдилар. Фарғонада Андижондан кейин бундан йирикроқ шаҳар йўқ. Ахси Андижондан ғарб сари тўққиз йиғочлик йўлда. Умаршайх мирзо буни пойтахт қилган эди. Сайҳун дарёси қўрғонининг пасти дан оқади. Қўрғони баланд жар устида жойлашган. Хандақ ўрнида чуқур жарлар бор. Буни пойтахт қилган Умаршайх мирзо бир-икки маротаба ташқарироқдан яна жарлар қаздирди. Фарғонада бунчалик мустаҳкам қўрғон йўқ. Маҳаллалари қўрғондан бир шаръий йироқроқда жойлашган. „Қишлоқ қаердаю, дарахтлар қаерда?" мақолини афтидан Ахси учун айтганлар. Қовуни яхши бўлади. Бир нав қовунини „миртемурий" дейдилар, бундай қовуннинг бошқа жойда ҳам борлиги маълум эмас. Бухоро қовуни машҳурдир. Самарқандни олган пайтимда Ахсидан, Бухородан қовун келтириб, бир ўтиришда сўйдирдим. Ахси қовунининг ҳеч мисли йўқ эди. Овланадиган қушлари беҳад яхши бўлади. Сайҳун дарёсининг Ахси тарафи даштдан иборат. Оқ кийиги кўп бўлади. Андижон тарафи тўқай; буғу-марал, қир-ғовул ва ёввойи қуён кўп. Аксари жуда семиз бўлади. Яна бири Косон. Ахсининг шимолида жойлашган кичикроқ шаҳарчадир. Андижонга сув Ўшдан келганидек, Ахсига сув Косондан келади. Ҳавоси яхши. Сафоли боғ-боғчалари бор. Бироқ сафоли боғ-чалари бутунлай сой ёқасида бўлгани учун уни олди барра терили пўстинга ўхшатадилар. Хушҳаволикда Ўш билан Косоннинг ўхшашлиги бор. Фарғона вилоятининг атроф-теварагидаги тоғларда яхши яйловлар бор. Тобулғу шу тоғларда бўлади, бошқа ҳеч ерда бўлмайди. Тобулғу шундай бир бутасимон дарахтдирки, пусти қизил, ундан ҳасса, қамчи дастаси, қушларга қафас қиладилар; йўниб камон ўқи ясайдилар, анча яхши дарахтдир. Табаррук билиб йироқ юртларга олиб борадилар. Баъзи китобларда „ябруҳ ус-санам" шу тоғлардадир, деб ёзганлар. Бироқ бу муддатгача ҳеч кўрмадик. Бир гиёҳни Еттикент тоғларида бўлади, дейишади, номи „айиқўти" эмиш; меҳригиёҳ хоси-ятли, афтидан ўша меҳригиёҳдир, у эл бу ном билан айтади. Бу тоғларда феруза ва темир конлари бўлади. Фарғона вилоятининг ҳосили билан, агар адолат қилсалар, уч-тўрт минг кишилик лашкар сақласа бўлади. Умаршайх мирзо олийҳиммат ва улуғ орзули подшоҳ бўлгани учун ҳамиша унда бошқа мамлакатларни эгаллаш истаги бор эди; бир неча маротаба Самарқанд устига лашкар тортди: баъзи маҳал шикаст топди, баъзи маҳал умиди амалга ошмай қайтди. Бир неча маротаба қайнотаси Юнусхонни(Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатойхон наслидан. Чиғатойхон юртида мўғул халқининг хони у пайтларда ўша эди. У менинг катта отам бўлади) илтимос қилиб келтирди. Ҳар гал чорлаганда вилоятлар берарди. Умаршайх мирзо кўнглидагидек бўлмагани учун гоҳо Умаршайх мирзонинг ёмон муносабатидан, гоҳо мўғул халқининг мухолифатидан вилоятда тура олмай, яна Мўғулистонга қайтиб кетар эди. Охирги дафъа чақирган пайтида Тошкент вилояти Умаршайх мирзо тасарруфида эди (китобларда Шош, баъзан Чоч деб ёзадилар; „камони чочий" (Тошкент камони) ибораси шу туфайлидир, унга берди. Ўша фурсатдан тўққиз юз саккизинчи(1502) йилгача Тошкент ва Шоҳрухия вилояти Чиғатой хонларининг тасарруфида бўлди. Бу фурсатда мўғул улусининг хон ва султонлиги Юнусхоннинг катта ўғли — менинг тоғам Султон Маҳмудхонда эди. Умаршайх мирзонинг оғаси Самарқанд подшоҳи Султон Ахмад мирзо ва мўғул улусининг хони Султон Маҳмудхон Умаршайх мирзонинг емон муомаласидан безор бўлганликларидан бир-бирлари билан иттифок тузиб, Султон Аҳмад мирзо Султон Маҳмудхонни узига куёв қилиб, ўша йили Сайҳуннинг жануб томонидан Султон Ахмад мирзо ва шимол тарафидан Султон Маҳмудхон Умаршайх мирзо устига лашкар тортдилар. Бу аснода ғалати воқеа юз берди. Зикр этилганидек, Ахси қўрғони баланд жар устида жойлашган, иморатлари ҳам жар ёқасида эди. Ушбу йили душанба куни, рамазон ойининг тўртинчисида Умаршайх мирзо жардан кабутарлар ва кабутархонаси билан учиб, ҳалок бўлди. Ўттиз тўққиз ёшда эди.
Таваллуди ва насл-насаби. Саккиз юз олтмишинчи (1455) йили Самарқандда туғилди. Султон Абусаид мирзонинг тўртинчи ўғли эди. Султон Аҳмад мирзо, Султон Муҳаммад мирзо, Султон Маҳмуд мирзодан кичик эди. Султон Абусаид мирзо Султон Муҳаммад мирзонинг ўғли эди. Султон Муҳаммад мирзо Мироншоҳ мирзонинг ўғли эди. Мироншоҳ мирзо Темурбекнинг учинчи ўғли эди. Умаршайх мирзо билан Жаҳонгир мирзодан кичик, Шоҳрух мирзодан катта эди. Умаршайх мирзога бериб, Бобои Кобулийни бекота қилиб, жўнашга рухсат берганди. Мирзоларнинг суннат тўйи сабабли Дараи Газдан қайтариб, Самарқандга келтиртирди. Тўйдан сўнг, Темурбек катта Умаршайх мирзога Фарғона вилоятини берганидек, Султон Абусаид мирзо ҳам ўғли Умаршайх мирзога Андижон вилоятини бериб, Худойберди Туғчи Темуртошни бекота қилиб юборди.
Шакл-шамойили: паст бўйли, юмалоқ соқолли, сарғиш юз ли норғил киши эди. Тўнни роса тор кияр эди. Шунчаликки, белбоғ боғлаганда қорнини ичига тортиб боғлатар, боғлагандан сўнг ўзини қўйиб юборса кўпинча боғлари узилиб кетарди. Киймоқ ва емоқда бетакаллуф эди. Саллани дасторпеч (махсус салла ўрайдиган киши) ўраб қўярди. У замонда саллалар бутун тўртўрама бўларди. Текис чирмаб, учини осилтириб қўярдилар. Ёз пайтлари маҳкамадан бошқа ерларда аксар мўғулча бўрк киярди.
Феъл-атвори: ҳанафий мазҳабида, покиза эътиқодли киши эди. Беш вакт намозни тарк қилмасди. Умрий намоз цазоларини бутунлай тамомлаган эди. Аксар тиловат цилар эди. Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳга мурид эди. Суҳбатларига кўп мушарраф бўлган, Хожа ҳам уни фарзанд дер эдилар. Яхши саводи бор эди. „Хамсатайн" (Низомий Ганжавий ва Амир Хисрав Деҳлавий ,,Хамса"лари), достонлар ва тарихларни ўқир эди. Кўпинча „Шоҳнома" ўқир эди. Шеърий истеъдоди бор, бироқ шеър ёзишга қунт қилмасди. Адолати шу даражада эдики, Андижоннинг шарқий тарафидаги тоғларнинг пастида Хитойдан келаётган минг қорамоллик карвонни шундай қор босдики, икки киши қутулиб қолди, холос. Хабар топиб, одамларини юбориб карвоннинг ҳамма нарсаларини йиғдирди. Ўша пайтда ворислари бўлмаганидан, эҳтиёт юзасидан сақлаб, бир-икки йилдан сўнг Самарқанд ва Хуросондан ворисларини суриштириб, топтириб келтириб, молларни эсон-омон топширди. Ғоят саҳоватли эди. Хулқи ҳам саховатича бор эди. Хушхулқ, ҳазилкаш, гапга чечан ва ширинсўз киши эди. Шижоатли ва мардона киши эди. Икки марота6а жангда ўзи барча йигитларидан ўзиб килич чоптди ва бир маротаба Ахси дарвозасида, яна бир маротаба Шоҳрухия дарвозасида. Ўқни ўртача чоғлиқ отар эди. Мушти жуда қаттиқ эди, унинг муштидан йиқилмаган йигит йўқдир. Юрт олиш дағдағаси туфайли анча ярашлар урушга ва дўстликлар душманликка айланарди. Авваллари кўп ичарди, кейинчалик ҳафтада бир ёки икки марта ичадиган бўлди; хушсуҳбат киши эди. Бирор баҳона билан хўб шеърлар ўқирди. Кейинги пайтлари кўпроқ маъжун истеъмол қиларди. Маъжунийликда қалтис ҳаракатларга йўл қўяр, ҳазил-шўхликка ўч, ҳамиша нард ўйнар, гоҳо қимор ҳам ўйнарди.
Жанг ва урушлари. Уч маротаба саф тортиб уруш қилган. Аввал Юнусхон билан Андижоннинг шимол тарафи — Сайҳун дарёсининг ёқасидаги Такасекретку деган ерда. Бундай номланишининг боиси шуки, тоғ этаги бўлганидан бу ерда дарё шундай тор жойдан оқадики, ривоят қилишларича, у ердан така сакраб ўтган экан. Мағлуб бўлиб, қўлга тушди. Юнусхон яхшилик қилиб вилоятига рухсат берди. Бу ерда уруш бўлгани учун „Така-секретку уруши" ул вилоят тарихида қолгандир. Яна Самарқанд туманларини талон-торож этиб келаётган ўзбаклар билан Туркистонда музлаган Арис сувини кечиб жанг қилиб, ғалаба қозонди; асирларни озод қилиб, молнинг ҳаммасини эгаларига қайтариб бериб, ҳеч нима тамаъ қилмади. Яна бир марта Султон Аҳмад мирзо билан Шоҳрухия ва Ўратепа орасида, Хавос деган кентда урушиб енгилди.
Вилоятлари. Отаси Фарғона вилоятини берган эди. Бир неча маротаба Тошкент ва Сайрам ҳам мирзонинг тасарруфида бўлди. Бу шаҳарларни унга акаси Султон Аҳмад мирзо берган эди. Шоҳрухияни фириб билан олиб, анча вақт фойдаланиб турди. Охирги чоғларда Тошкент ва Шоҳрухияни қўлдан чиқарган эди. Фарғона, Хўжанд ва Ўратепагина қолди. Ўратепанинг асл номини китобларда Усрушнадир, Усруш деб ҳам ёзадилар. Хўжандни баъзилар Фарғонага кирмайди, дейди. Султон Аҳмад мирзо Тошкентга мўғуллар устига лашкар тортиб, Тошкентдан икки шаръий йўл наридаги Чир (Чирчиқ) сувининг ёқасида шикаст топди; Ўратепа Ҳофизбек дўлдой қўлида эди, Умаршайх мирзога берди. Ўшандан кейин Ўратепа Умаршайх мирзо тасарруфида бўлди.
Авлоди: мирзодан уч ўғил, беш қиз қолди. Бари ўғлонларидан каттаси мен— Заҳириддин Муҳаммад Бобурман. Менинг онам — Қутлуғ Нигорхоним. Яна бир ўғли Жаҳонгир мирзо мендан икки ёш кичик эди. Унинг онаси Фотима Султон мўғулнинг туман бекларидан бирининг қизи эди. Яна бир ўғли Носир мирзо бўлиб, унинг онаси андижонлик Умид исмли ғунчачи эди; у мендан тўрт ёш кичик эди. Қизларидан каттаси Хонзодабегим мен билан бир онадан туғилганди, у мендан беш ёш катта эди. Мен Самарқандни иккинчи марта олганимда Шайбонийхондек киши билан Сарипулда чиқиб урушдим, имкон борича ғайрат ва шижоатда хато қилмадик (ҳали ўз вақтида бу ҳақда ёзилур), бироқ енгилиб, беш ой қалъадорлик қилдим. Қалъани сақлаш, уни мустаҳкамлаш ва сардорликда камчиликка йўл қўймадик. Теварак-атрофдаги подшоҳу беклар ҳеч қандай мадад-кўмак бермадилар, руҳим тушиб, шаҳарни ташлаб чиқдим. Ўша таҳликали тўполонда Хонзодабегим Муҳаммад Шайбонийхон қўлига тушганди. Бир ўғил курган эди. Исми Хуррамшоҳ, яхши ўғлон эди. Шайбонийхон унга Балх вилоятини берган эди. Отаси ўлгандан кейин бир-икки йил ўтгач, вафот этди. Шоҳ Исмоил ўзбак (шайбонийлар)ни Марвда мағлуб этганда Хонзодабегим Марвда эди. Менинг ҳурматим туфайли, у ердан узатдилар, Қундузда менга келиб қўшилди. Жудолик муддатига ўн йил бўлган эди. Мен ва Муҳаммадий кўкалдош икковимиз келдик, бегим ва бегимнинг ёнидагилар танимадилар. Исмимни айтганимда ҳам анча муддатдан сўнг танидилар. Яна бир қизи Меҳрбонубегим эди. Носир мирзо билан бир онадан туғилган, мендан икки ёш катта эди. Яна бир қизи Шаҳрбонубегим эди. У ҳам Носир мирзо билан бир туғишган бўлиб, мендан саккиз ёш кичик эди. Яна бир қизи Ёдгор Султонбегим эди, унинг онаси Оға Султон исмли ғунчачи эди. Яна бир қизи Руқия Султонбегимнинг онаси Махдум Султонбегим эди, уни Қоракўзбегим дердилар. Бу иккови мирзонинг вафотидан сўнг туғилдилар. Ёдгор Султонбегимни менинг улуғ онам Эсон Давлатбегим асраган эди. Шайбонийхон Андижон ва Ахсини олганда Ёдгор Султонбегим Ҳамза Султоннинг Абдуллатиф Султон исмли ўғлига тушган эди. Мен Ҳамза Султон бошлиқ султонларни Хатлон вилоятида босиб, Ҳисорни олганимда менга қўшилди. Ўша талотўп пайтида Руқия Султонбегим Жонибек Султонга тушганди, бир-икки ўғилли бўлди, бироқ болалари турмади. Яқинда хабар келдики, тангри раҳматига борибди.
Хотинлари ва канизлари: Қутлуғ Нигорхоним, Юнусхоннинг иккинчи қизи, Султон Маҳмудхон ва Султон Аҳмадхоннинг эгачиси эди. Юнусхон Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатой наслидандир. Юнусхон ибн Вайсхон ибн Шерали ўғлон ибн Муҳам-мадхон ибн Хизр Хожахон ибн Туғлуқ Темурхон ибн Эсан Буғахон ибн Дўвахон ибн Бароқхон ибн Йесун Тува ибн Мўтугон ибн Чиғатойхон ибн Чингизхон. Шунчалик тўхталдик, энди хонларнинг аҳволини ҳам қисқача зикр этайлик. Юнусхон ва Эсан Бўғахон Вайсхоннинг ўғлонлари эди. Юнусхоннинг ўғлонлари Офоқхон ва Жонбобохон эди. Юнусхоннинг онаси Темурбек (Амир Темур) қадрлаган туркистонлик қипчоқ бекларидан Шайх Нуриддинбекнинг қизи ё невараси бўлади. Вайсхоннинг ўлимидан сўнг мўғул улуси иккига бўлинади. Бир бўлаги Юнусхон томон ва кўпроғи Эсан Бўғахон томон бўлади. Улуғбек мирзо бурунроқ Юнусхоннинг эгачисини Абдулазиз мирзога олиб берган эди. Шу муносабат билан Борин туман бекларидан Эрзан, Чарос туман бекларидан Мирак туркман Юнус-хонни уч-тўрт минг уйли мўғул улуси билан Улуғбек мирзога келтирдилар. Мақсадлари кўмак олиб, яна мўғул улусини эгаллаш эди; мирзо мурувват қилмади, баъзисини асир қилди: баъзиларини бирин-сирин вилоятларга тарқатди. Эрзан таназзули мўғул улусида бир тарих бўлиб қолган. Юнусхонни Ироқ сари ўтказиб юбордилар. Бориб бир йилдан ортиқроқ Табризда турди. У маҳалда Табриз подшоҳи Жаҳоншоҳ Вороний қорақўйлуқ эди. У ердан Шерозга келди. Шерозда Шоҳрух мирзонинг иккинчи ўғли Иброҳим Султон мирзо эди. Беш-олти ойдан сўнг Иброҳим мирзо ўлиб, ўғли Абдуллоҳ унинг ўрнига ўтирди. Абдуллоҳ мирзога хон навкар эди, мулозамат қилар эди. Ўн етти-ўн саккиз йил хон Шероз ва бошқа вилоятларда турди. Улуғбек мирзо ва ўғилларининг ғавғоси пайтида Эсан Бўғахон фурсатдан фойдаланиб Фарғона вилоятини Кандибодомгача босиб, Андижонни олиб, элини батамом асир қилди. Султон Абусаид мирзо тахтни қўлга киритгач, лашкар тортиб бориб Янги шаҳридан наридаги Исфарада, Мўғулистонда Эсан Бўғахонни тор-мор қилди. Унинг фитнасини даф этиш учун Абусаид мирзо илгари Абдулазиз мирзо олган эгачиси хонимни олиб, Юнусхонни шу муносабат билан Ироқ ва Хуросондан чорлаб, тўйлар қилиб, дуст бўлиб, мўғул улусига хон қилиб юборди. Сағрийчи туман бекларининг барчаси бу пайтда Эсон Бўғахонни ёмонлаб, Мўғулистонга келгандилар. Юнусхон уларга қўшилди. Бу пайтда сағрийчи бекларнинг улуғи Шер Ҳожибек эди. Юнусхон унинг қизи Эсон Давлатбегимга уйланди. Мўғул урф-одатига кўра, |