Тарихи Рашидий (1) | ||||
СЎЗ БОШИ «Тарихи Рашидий» ва унинг муаллифи Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳақида Муҳаммадниёз Абдулшфур ўғли Ниёзий Марказий Осиё мамлакатлари ҳақида ёзилган фун-даментал тарихий асарлардан Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» («Зафарли юришлар достони»), Фазлуллоҳ Рашидиддиннинг «Жомеъ ут-таворих» («Тарихлар тўплами»), Ҳамидуллоҳ Муставфийнинг «Тарихи гузида» («Сараланган тарих»), Отамалик Жувайнийнинг «Тарихи жаҳонкушой» («Фотиҳлик тарихи»), Муҳаммад Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» («Поклик боғи»), Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома», Шермуҳаммад Муниснинг «Фирдавс ул-иқбол» («Сао-дат боғи»), Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарлари қаторида Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг «Тарихи Рашидий» асари ҳам алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон ва жаҳон тарихчи олимлари «Марказий Осиё ҳақидаги ягона мукаммал асар» деб бир оғиздан тасдиқлаган «Тарихи Рашидий» нафақат Мўғулистон, айни пайтда Ўрта Осиёнинг ўша даврдаги йирик шаҳарлари Андижон, Тошкент, Хўжанд, Сайрам, Туркистон, Ўратепа, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Ҳисор, Қундуз, Марв ва бошқа мамлакатлар: Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Шарқий Туркистон ва Кашмирнинг ХV-ХVI асрлардаги тарихини ўрганишда бирламчи асосий манбалардан бўлиб хизмат қилади. Бежиз эмаски, машҳур япон олими Эйжи Мано ХV-ХVI асрлардаги Марказий Осиё тарихини Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» ва Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг «Тарихи Рашидий» асарлари тадқиқи асосида яратиш мумкинлигини «Бобур ва унинг даври» фундаментал монографияси билан исботлади. «Чиғатой ва мўғуллар тарихини тадқиқ қилиш учун биз фойдаланган асосий тарихий манбалар - Бобурнинг «Бобурнома»си ҳамда Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» асаридир ... - деб ёзади у, - Марказий Осиё Бобур ҳаётлигида мўғул, чиғатой, ўзбек, қозоқ ҳамда уйратлардан ташкил топган олтой халқларига мансуб бўлган кишиларнинг фаолиятларига гувоҳ бўлган. Асарнинг ушбу жилди Бобурга қон-қариндош бўлган чиғатойлар ва Бобур яқин алоқада бўлиб келган мўғулларга диққатингизни жалб этади. Ҳар икки улуснинг тадқиқот учун танланганига сабаб шуки, бу улуслар сиёсий жиҳатдан фаол бўлишган. Бобур яшаган XV ва XVI асрларда чиғатой ва мўғуллар Марказий Осиё тарихида темурийлар салтанати, мўғуллар салтанати, шунингдек, мўғул хонлиги каби номлар билан машҳур бўлган буюк давлатларнинг ҳукмдорлари сифатида катта аҳамиятга эга бўлишган». Ҳайдар мирзо мактабга ўз илк қадами хусусида ёзади: « Отам Хуросонга келганидан кейин бир неча кун ўтгач, бола тўрт ёшу тўрт ою тўрт кунлик бўлганда мактабга бериш одатига кўра, мени мактабга бермоқчи бўлди ва оқ фотиҳа олиш учун аввал шайхулислом олдига олиб борди ва у ки-шидан менга сабоқ беришни сўради. Шайх: « Аллоҳ енгиллик беради» деб ёзди ва ғоятда мулойимлик ҳамда меҳрибончилик билан мени тиззасига ўтқазиб, ширин сўзлар билан менга сабоқ бердики, ўша пайтдан бери ўттиз саккиз йил кечган бўлса-да, Шайхнинг муборак юзи, унинг сабоқлари ва меҳрибончилиги нақши худди тошга ўйилгандек хотирамда қолган. Ишончим комилки, ўша сабоқларнинг шу кунларгача етиб келган шарофати бу дунёда ҳам, охиратда ҳам етиб туради, иншооллоҳ». Деярли ўттиз йил давомида дин маърифати бобида Ҳиротда ягонаи даврон бўлган шайхулислом Сайфуддин Аҳмад ҳақидаги Ҳайдар мирзонинг қайдларини ўқийлик: « Шайхулислом Султон Ҳусайн мирзо ҳукмронлиги давридан бошлаб то Шоҳ Исмоилнинг Шоҳибекхон (Шайбонийхон) устидан ғалаба қилгунига қадар шайхулислом эди. Шу муддат ичида у шунчалик тақво, диёнат ва авлиёлик кўрсатдики, Шайхнинг сўзларига эътироз билдиргулик зот топилмас эди. Ўша даврнинг кўплаб уламолари унинг шогирдлари эди. Улар унинг шогирди бўлганликларидан ғурурланиб юришарди: Шай-хулислом (Сайфуддин Аҳмад) ҳузуридан кетишаётганда уламолар: « Инсоннинг ҳаётда шунчалик кўп билимни тўплаганига ҳайрон қоласан киши» дея ҳайрат изҳор қилишарди. Шайхнинг дарслари йигирма тўрт йил давомида шу тариқа кечди ва бу олимлар ҳамиша Шайхга муҳтожлик сезишди». «Отам Ҳиротга биринчи марта келганида мен учун устоз-муаллим топган эди. У ҳофиз Мирим исмли тақводор, олим киши эди. Дарҳақиқат, у мўмин, ҳофизи Қуръон, турли фазилатларга эга бўлган камсуқум инсон эди. Қуръонни ёқимли овозда қироат қилар, насхтаълиқ хатида яхши ёзар эди. У мени Қуръонни қироат қилишга ва хаттотликка ўргатар эди.» 1509 йилда Шайбонийхон Муҳаммад Ҳусайнни яширинча қатл эттиради. Муҳаммад Ҳусайн кўрагон Ҳиротдаги амир Саид Ҳусайн Содот қабристонига қўйилган. Убайдуллоҳхон Ҳайдар мирзонинг поччаси эди. «Тарихи Рашидий»да бу ҳақда ёзилади: «Убайдуллоҳхон деган султон бор эди. Кўплаб юриш ва босиб олишлар ўшанинг номи билан боғлиқ эди. У отамерос подшоҳлигининг маркази бўлган Бухорога жўнади. У отамдан менинг у билан бирга кетишимга рухсат сўради. Отамнинг тўнғич фарзанди - қизи Ҳабиба Султон Хониш эди. Отам Шаҳрисабздан қочган вақтда Шоҳибекхон ўша қизни Убайдуллоҳ султонга берган эди. Отам-дан ижозат олиб Убайдуллоҳ мени Бухорога, опам олдига олиб келди». Шайбоний унга ўсмир Ҳайдар мирзони Аму дарёсига чўктириш ҳақида буйруқ беради. « Тарихи Рашидий»дан: « Ана шундай қаҳри қаттиқ, зулмкору қудратли ҳукмдор мени ўлдириш қасдига тушди. Ҳали ёшим болаликнинг ярмидан ҳам ўтмаган эди. Мен ҳали ўнг қўлимни чап қўлимдан, яхшиликни ёмонликдан ажратолмасдим. Ҳали овқат топиб ейишга кучим етмас, ақлим ҳам бирор нарсани ўзимча ҳал қилиш даражасида эмас эди. Ота-онасиз етим бўлиб қолдим. Амакиларим ҳар қаёққа тарқалиб кетишган, тоғаларим шаҳид бўлган, менга ғамхўрлик қилса бўладиган акам ҳам, кўнглимга таскин берадиган қариндошим ҳам йўқ эди. Мен Бухорода, ажалнинг оғзида, Шоҳибекхон тасарруфидаги ерларнинг марказида эдим. Мендек ночор ва ожиз бола-кайни ўлдиришга чоғланган Шоҳибекхон шунча буюклиги ва қудрати билан ҳатто бошимдаги бир тола сочимни ҳам узолмади. Ўн саккиз минг оламни яратган, мислсиз куч-қудрат, буюклик соҳиби бўлган ягона зотга, Аллоҳу субҳонаҳу ва таолога ва унинг фаришталарига ҳамду санолар бўлсин!» Хожа Нуро Ҳайдар мирзонинг устози Мавлоно Муҳаммадга болани олиб қочиш маслаҳатини беради. Устози уни минг бир азобу таҳликалар остида Бадахшонга - Мирзохон ҳузурига етказишга муваффақ бўлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзохонга чопар юбориб, Муҳаммад Ҳайдар мирзони хавф-хатарсиз макон - Кобулга жўнатиш ҳақида буйруқ беради. Ҳайдар мирзо устози билан ўн олти киши Кобулга жўнайдилар ва у ерга етиб борадилар. Ҳайдар мирзо «Тарихи Рашидий»да Бобур Подшоҳнинг унга кўрсатган меҳр-оқибати ҳақида ғоятда тўлқинланиб ёзади: « Мен Бобур Подшоҳнинг хизматига келганимда, унинг бахт нурлари балқиб турган назари менга тушгани заҳоти чексиз раҳм-шафқат ва поёнсиз меҳр-муҳаббат туфайли инжулардек кўз ёшлари нурли кўзларидан ипга тизилган дурлардек тўкиларди. У меҳрибонлик билан менга қаради. Марҳаматли қўлини мен тарафга узатди ва яқин келгин деб ишора қилди. Тиз чўкиб салом бергандан кейин яқин бордим. У мени раҳм-шафқат қучоғига олиб, оталик меҳри билан бағрига босди. Анча вақт қучоғида ушлаб турди. Мен таъзим расмини адо қилмоқчи бўлгандим, бунга йўл бермай, ёнига ўтқазди. Чексиз куюнчаклигидан анча вақт ўзини босолмай, кўзларидан дув-дув инжулар тўкди. Шунда у мана бу гапларни айтди: «Сенинг отанг - поччам, менинг тоғам - хон, сенинг ака-укаларинг, қариндош-уруғларинг шаҳидлик шарбатини ичишди, Лллоҳга беадад шукурки; сен менинг ёнимга эсон-омон келдинг. Энди улардан айрилганингга ҳеч ҳам ғам чекма. Чунки мен уларнинг ўрнини ортиғи билан босаман. Улардан қанчалик меҳр-муҳаббат ва раҳм-шафқат кутиш мумкин бўлса, шуларнинг ҳаммасини, ҳатто ундан ҳам кўпини мен сенга бера оламан». У менга шундай меҳр-шафқат кўрсатиб, шунчалик илти-фотлар қилдики, етимлик ғам-ғуссаси, дарбадарлик азоблари юрагимдан батамом ғойиб бўлди...». Бобур мирзо Ҳайдар мирзога ҳам оталик, ҳам талабчан устозлик қилди. Кобулда кечган уч йиллик умри ҳақида ёзар-кан, «Тарихи Рашидий»да Бобур хусусида тўхталиб: «Шундай қилиб, мен Кобулда анча вақт Бобур Подшоҳ хизматида доруло-монликда кун кечирдим. У мудом меҳрибончилик билан бошимни силаб, гоҳ илтифот билан, гоҳ қатъий амр билан мени илм эгаллашга ундарди. Лгар менинг озгина билим эгаллаганимни сезса, у янада илтифотлироқ бўлиб, ҳаммага бу ҳақда гапирар ва мени руҳлантиришларини талаб қиларди. Қисқаси, менинг сабоқ олиш пайтимдан ташқари бирор лаҳза ҳам ёнидан жилдирмас, дарсдан бўшасам, мени олиб кетишга одам юборар, шу тахлит менга мудом оталарча ғамхўрлик қиларди». 1510 йили Марвда Шоҳ Исмоил Сафавий Шайбонийхонни маҳв этгач, Бобурнинг опаси Хонзода бегимни (унинг кейинги эри Саид Ҳоди жангда ҳалок бўлиб, ўзи асира бўлиб тушган эди) Қундузга юборди. Бобур бундан мамнун бўлиб, Мирзохонни Шоҳ Исмоилга элчи қилиб юборади. У Бобур миннатдорчилигини изҳор этади ва ундан Самарқандни олиш учун лашкар ёрдам сўрайди. Шоҳ Исмоил бу таклифни бажаради, фақат хутбага ўн икки имом номларини қўшиш ва Бобурни шиа мазҳабига хос кийимда бўлишини шарт қилиб қўяди. Бобур шу ёрдамчи лашкар ва ўз кишилари билан Бухоро ва Самарқандни 1511 йили жанг билан олганида унинг ёнида Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳам бор эди. Бобур Кўли Малик жангида Убайдуллоҳхондан енгилиб, Ҳисорга чекинганида, Султон Саидхон муттасил илтимос қилгани учун ўн икки ёшли Ҳайдар мирзони Андижонга жўнатади. «( Бобур) Подшоҳ мулозаматида Ҳисорга келдим. Султон Саидхон бир неча марта Подшоҳга одам юбориб, менга ижозат беришини сўради. Ниҳоят, Подшоҳ ранжиб, истар-истамас менинг кетишимга рухсат берди. Мен ёшлигимга бориб, унинг кўнглини тополмадим, аслида шундай қилишим - қолишим керак эди. Амир Нажм келгач, Подшоҳ урушга жўнади, мен эса Андижонга кетдим». Муҳаммад Ҳайдар мирзо Султон Саидхон даргоҳида 24 йил бўлди. Султон Саидхон уни Султон Аҳмадхоннинг учинчи қизи Муҳиб Султон хонимга уйлантириб, уни кўрагонлик - хон куёви мартабасига кўтарди. Бу ҳақда Ҳайдар мирзо шундай ёзади: « Султон Лҳмадхоннинг фарзандларидан учинчиси Муҳиб Султон хонимни Султон Маҳмудхон укаси ўлгандан кейин ўз ёнига олган эди. Султон Маҳмудхон Ахсига келиб, Шоҳибекхоннинг буйруғи билан шаҳид бўлгач, Муҳиб Султон хоним Султон Маҳмудхоннинг қизи Қутлуқ хоним ёнида қолади. Тошкент босиб олингач, Қутлуқ хонимни Жонибек Султонга беришади. Амаким Жонибек Султонни тор-мор қилиб, Фарғонадан қувиб юборгач, у акаси Султон Саидхон ёнига келади. Тўртта опа-сингил ичида хон шу синглисини ҳаммадан яхши кўрарди. Муҳиб Султон хоним Султон Саидхон ҳузурига келгач, у синглисига меҳр-оқибат кўрсатиб, ҳамиша юмшоқ муомалада бўлди. Хон мени ўзига куёв қилганида шундай катта зиёфат бердики, буни одамлар узоқ вақт эслаб юришди». Султон Саидхон Ҳайдар мирзони сабот билан салтанат ишларига тайёрлай борди. Шу вақтдан бошлаб то 939 йил зулҳижжа (1533 йил июн) ойигача, яъни хон ёруғ оламдан кўз юмгунига қадар Ҳайдар мирзо унга чин дилдан хизмат қилди ва унинг шоҳона ҳиммату илтифотларига сазовор бўлиб яшади. У Султон Саидхон қаерга борса унга ҳамроҳлик қилди. « Тарихи Рашидий»да бу ҳақда шундай сатрларни ўқиймиз: « У менга турли-туман ишларни буюрар ва уларнинг фойдаси ҳақида шундай деярди: « Йигитларимиз хизматга қадам қўймагунча уларда қобилият пайдо бўлмайди. Улуғ ишларда, катта йиғинларда, обрў-эътиборли кишилар - хоқонлар, султонлар, вазирлар, амирлар йиғилган жойларда катталар билан бирга бўлиб, уларнинг хизматида бўлишса, бу ишлар-да кўнгиллари ва кўзлари пишиб, йирик йиғинларда ҳайрон қолиб ўтиришмайди. Ёшлар дадил, ўзларига ишонган бўлишса, уларни кўрган одамнинг дилида уларга нисбатан ишонч пайдо бўлади, улардаги бу фазилатлар юрт сўраш ишида куч-қудратга эга бўлишларида асқотади. Агар бундай хизматни билим ва кўникмага эга бўлмаган одам бажарса, у бошқаларга зарур топшириқларни беролмайди, уларнинг ишларидаги кам-чиликларни кўролмайди, бу камчиликларни бартараф қилиш йўлларини билмайди». Йигирма тўрт ёшгача мен жуда кўп хизматларни қунт билан бажардим. Маҳкамадаги амирларнинг йиғинларида мартабамга мувофиқ ўз жойимга ўтирардим. Борди-ю мен у ерда хонга бирон-бир хизмат кўрсатиш учун қулай пайт топсам, у мени тўхтатиб: « Халқнинг кўзига хор кўриниб қолмаслик учун йиғинларда мавқеинг ҳурматини сақлаш лозим», дерди. Ёшим йигирма бешга етганда у мени бу хизматлардан батамом озод қилди ва: « Мен сенга қандай топшириқ берган бўлсам, сен бекаму кўст бажардинг. Энди барча хизматларни ўзинг топиб, ўзинг билиб қилишга одатлан», деди. Ўттиз ёшга тўлганимда у менга лашкарни ишониб топширди. Лекин ёнимга билимдон, таниқли амирларни қўшиб қўйди ва: « Ҳеч қачон мана шу одамларнинг маслаҳатидан четга чиқма. Уларга қулоқ сол, барча ишларда бўйсун», деди. Ўттиз ёшимгача хон ҳузуридаги кенгашларда ўз мулоҳазаларимни айтишга ижозат йўқ эди, шунинг учун йиғилишларда мен балиқдек жим ўтирардим. Шу тахлит анча вақт ўтди. Кейин хон: « Энди сенинг фикрингга тўлиқ ишонаман», деди. Шундан сўнг у менга бутун ҳарбий ва салтанат ишларини ҳам ишониб топширадиган бўлди. Барча жабҳаларда менга чекланмаган ҳуқуқ берди». Шу жиҳатдан «Тарихи Рашидий» асарининг ёшлар тарбиясига, уларни буюк ишларга жалб этишга эътибор бериш борасидаги аҳамияти беқиёсдир. Хуллас, Муҳаммад Ҳайдар мирзо Султон Саидхоннинг салтанатидаги етакчи давлат арбоби сифатида хизмат қилди. Энг муҳим ҳарбий юришлар бош қўмондони ҳам Ҳайдар мирзо эди. Бадахшон, Кофиристон, Тибат, Ладак, Кашмир юришлари шулар жумласидандир. Муаллиф қайд этганидек, Султон Саидхон ҳаётлигида ҳамиша бирга бўлди. Охирги пайтда Султон Саидхон Муҳаммад Ҳайдар мирзони Тибатга - Урсангдаги ибодатхонани вайрон қилиб келишга жўнатди ва ўзи Кошғарга қайтаётганида, йўлда нафас қисилиш касаллигидан вафот этди. Тахтга чиққан ўғли Абдурашидхон Мирзо Али Тоғай қутқуларига ишониб Ҳайдар мирзонинг амакиси Саид Муҳаммад мирзо (Султон Саидхон салтанатининг иккинчи йирик устуни) ни таъзия куниёқ ўлдирди, сўнгра унинг ўғилларини ва Муҳаммад Ҳайдар мирзо яқинларини қатл эттирди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо Абдурашидхондаги бу мулоҳазасизликдан хавфсираб, Кошғарга қайтмади ва Тибатдан Бадахшон орқали Ҳиндистонга - Ҳумоюн ва Комрон мирзолар ёнига кетди. Комрон ва Ҳумоюн мирзолар даргоҳида 6-7 йил бўлди. 1540 йилда Ҳумоюн Шерхон Сур билан жангда енгилгач, ака-укалар ноиттифоқлигидан ранжиган Муҳаммад Ҳайдар мирзо Ҳумоюннинг розилиги билан ўзи бир марта юриш қилиб эгаллаб, ташлаб келган Кашмирга иккинчи маротаба яна юриш қилди. Кашмирни забт этиб, у ерда ўн йил подшолик қилди ва 1551 йилда маҳаллий исёнлардан бирини бостириш пайтида ярадор бўлиб, вафот этди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо қабри Кашмирда, Сринагар шаҳрининг подшоҳ Зайнулобиддин мозори ёки Мазори Салотин ( Султонлар мозори) қабристонидадир. « Тарихи Рашидий» 1541-46 йилларда ёзилган. Бобур Подшоҳ «Бобурнома»нинг икки ўрнида Муҳаммад Ҳайдар ҳақида ғоят муҳим маълумот беради. Жумладан «Ҳайдар мирзо эди. Отасини ўзбек ўлтургандин сўнг келиб, менинг мулозаматимда уч-тўрт йил бўлди, сўнгра ижозат тилаб, Кошғарга хон қошига борди. Бу тарихда дейдурларким, тойиб бўлуб, яхши тариқа пайдо қилибтур. Хат ва тасвир ва ўқ ва пайкон ва зиҳгир ҳар нимага илиги часпондур. Табъи назми ҳам бордур. Манга арзадошти келиб эди, иншоси ҳам ёмон эмас». Ушбу қисқа ахборотларда Бобур Подшоҳ Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳақида жуда кўп маълумотларни берган. Ҳатто унинг Султон Саидхон даргоҳида ичкиликка берилгани ва тавба қилиб ичмай қўйгани қайд этилиб, мактубига кўра унинг баёни иқтидорига яхши баҳо берилган. « Бобурнома» билан «Тарихи Рашидий»нинг муштарак ва фарқли томонларига тўхталсак. Бобурнинг қизи Гулбаданбегимнинг форс тилида ёзилган «Ҳумоюннома» асарини биз маълум маънода «Бобурнома»нинг мантиқий давоми дея оламиз. «Бобурнома» матнида 18 йиллик воқеалар баёни йўқлиги ва шу йилларнинг энг муҳим ( Бобурнинг 1511 йилда келиб Бухоро ва Самарқандни олиши ва енгилиб Кобулга қайтиши) воқеалари жуда изчиллик билан « Тарихи Рашидий»да берилгани ҳамда ХV-ХVI асрлардаги Марказий |Осиё мамлакатларидаги тарихий воқеа-ҳодисаларнинг, адабий-маданий, тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолиятларини ёритишдаги муштараклиги учун ҳам лутфан «Тарихи Рашидий»ни форсий тиладаги иккинчи «Бобурнома» дейиш мумкин. « Тарихи Рашидий»нинг аҳамияти устида тўхталганимизда бу қомусий асарнинг «Бобурнома»да ёзилиши лозим бўлган, аммо ёзилмаган воқеаларини аниқлаш, тўлдиришда Гулбаданбегимнинг «Ҳумоюннома», Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» (« Дўстлар таржимаи ҳоли») асарларидан кўпроқ маълумотлар берувчи ноёб манба эканлигини инобатга олмоғимиз даркор. «Тарихи Рашидий» асари номига кўра Султон Абдурашидхон ибни Султон Саидхонга аталиб, унинг тарихи ҳам ёзилгандир. Лслида эса, муаллифнинг ушбу тарихни яратишдан кузатган бош мақсади: мўғул хонлари номларини тарих саҳифаларида абадийлаштиришдир. Лна шу бош мақсад ўзаги эса, Султон Саидхон салтанати тарихини муфассал ёритишдан иборат. Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг орзубоп сиймоси - Султон Саидхон эди. Султон Саидхоннинг тарих саҳнасида мўғул хони Султон Саидхон бўлиб тикланишида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳал қилувчи хизмати бор. Тарихдан маълумки, Мансурхон Мўғулистондаги укалари Султон Саидхон ва Султон Халил султон устига лашкар тортади. Укалари жангда енгилиб, Андижон томон бош олиб кетишади. Саидхон қочиб Кобулга, Бобур ҳузурига боради. « Бобурнома» да Султон Саидхоннинг адои тамом бўлиб, Кобулга боргани ва Бобур томонидан унинг яхши қабул қилингани ҳамда бирор йилдан сўнг Андижонга жўнатилгани хусусида « Бобурнома» да қуйидагича ёзилган: « Султон Саидхон - Кошғар хони беш-олти яёғ-яланг билан келди. Туғишган укаларимдек кўриб, Ламғон туманларидан Мандировар туманини бердим. Шоҳ Исмоил Шайбонийхонни Марвда енгган маҳали, Қундузга ўтганимда, Андижон вилояти мен томонга боқиб, баъзи қўрғонбегиларни қувиб, баъзи ерларини беркитиб, менга киши юбордилар. Мен Султон Саидхонга барча навкарларимни топшириб, кўмак қўшиб, туғилиб ўсган ерим - Андижон вилоятини унга бағишлаб, хон қилиб юбордим». Бобур Подшоҳнинг ушбу қайдлари жияни Султон Саидхоннинг келажакдаги ҳукмдорлик истиқболи - Андижон ва Мўғулистонда йигирма тўрт йил хон бўлишини таъминлади. Шунинг натижасидирки, Мўғулистонда Саидия давлати деб номланган давлат пайдо бўлди. « Бобурнома» дан келтирилган иқтибосга аҳамият берсак: а) Бобур ўзининг барча жанг-жадалларда чиниққан навкарларини Султон Саидхонга топширди, кўмак ҳам қўшиб берди; б) Бобур зоду буди Андижонга, яъни ўзи туғилиб ўсган жонажон юртига Султон Саидхонни хон қилиб юборди. Муҳаммад Ҳайдар кўрагон Кашмир подшоси тахтида ўлтириб, «Тарихи Рашидий» асарида ушбу тарихий воқеаларни ёзар экан, ҳукмдор сифатида шунга тўлиқ амин бўлганки, Султон Саидхонни аввал Андижонда икки йил, сўнгра Мўғулистонда йигирма икки йил хон бўлиб, Саидия давлати асосчиси даражасига етиши - Заҳириддин Муҳаммад Бобур подшоҳнинг ўша буюк хизмати натижаси туфайлидир. Муҳаммад Ҳайдар кўрагон ана ўша Султон Саидхон ҳузурида 24 йил хизмат қилди, йирик давлат арбоби бўлиб етишди. Икки фундаментал асар - «Бобурнома» ва «Тарихи Рашидий» Ҳирот адабий-маданий муҳити талқинида шунчалик бир-бирига яқинлашади ва бир-бирини тўлдирадики, бу ишда Муҳаммад Ҳайдар мирзо Бобур мирзо билан ижодий мусобақага тушгандай бўлади. «Бобурнома»дан кўпчилик хабардор бўлганликлари учун қайд этамизки, Бобур ўз асарида Абдураҳмон Жомий исмини табарруккагина эслатган бўлса, Ҳайдар мирзо Жомий ҳаётининг ажойиб саҳифаларини жуда изчиллик билан баён этади, унинг рисоласи матнини тўлиғича келтиради. Ҳирот шоирларидан кўпроқ Алишер Навоий ва Биноий ҳақида, Мир Шайхим Аҳмад Суҳайлий, Ҳусайн Али Жалойир, Осафий, Оҳий, Ҳилолий, Сайфий Бухорий, Мирҳусайн Муаммоий хусусида тазкираларга хос ихчам маълумот келтиради ва ўша адабий муҳитга Наргисий, Ҳажрий, амир Муҳаммад Солиҳ, Хожа Абул Барака Фироқий, Ҳайдар Калича ва бошқалар ҳам мансублигини қайд этади. Хаттотлардан Мир Али Табризий, Мавлоно Жаъфар, Мавлоно Абдуллоҳ ошпаз, Мавлоно Муҳаммад Котиби Самарқандий, Мир Абдулҳай, Мавлоно Азҳар, Мавлоно Шайх Лбдуллоҳ Хоразмий, Мавлоно Султон Али Машҳадий, Мавлоно Ллоуддин, Султон Муҳаммад Хандон, Мавлоно Зайниддин Маҳмуд, Султон Муҳаммад Нур, Мавлоно Қосим Али, Мавлоно Муҳаммад Абришимий, Қосим Шоди Шоҳ, Мавлоно Мир Али ва бошқаларнинг ҳар бирининг хаттотликдаги салоҳияти, зако ва қобилиятлари ҳамда хатлари-нинг савияси ҳақида бафуржа мулоҳазалар юритилган. Рассомлардан Шоҳ Музаффар, Камолиддин Беҳзод, Қосим Лли Чеҳракушой, Мақсуд, Мавлоно Мирак Наққош, Устод Бобоҳожи, Устод Шайх Аҳмад, Мавлоно Жунайд, Устод Ҳисомиддин, Мавлоно Вали, Мулло Юсуф, Мавлоно Дарвеш|Муҳаммадларнинг маҳорат, қобилият ва ишлари савияси таҳлил этилган. Китоб музаҳҳиб-зарҳалчиларидан Мулло Ёрий, Мул-ло Вали, Мавлоно Маҳмуд, ҳофиз ва мусиқа чолғучиларидан Ҳофиз Басир, Ҳофиз Ҳасан Лли, Ҳофиз Жомий, Хожа Абдуллоҳ Марворид, Устод Саид Муҳаммад Ғижжакий, Мазҳари Удий, Устод Қул Муҳаммад, Устод Ҳайдар Шоҳ Балабоний, Устод Шайх Нойи номлари зикр этилган. Ушбу узундан-узоқ рўйхат шуни кўрсатадики, ҳиротда илк сабоғини олган Ҳайдар мирзо Шарқ тамаддунининг ушбу маркази маданий муҳити манзарасини ҳар томонлама мукаммал ўргана олган ва ўз тарихида муҳим қайдлар қилган. Ҳайдар мирзо назарида ушбу маънавият дарғалари сафида турувчи кишилар, Алишер Навоий таъбири билан айтганда «асл илм - дин илми» донишмандлари, арбоблари, азиз-авлиёлар ҳам борлар: Абдураҳмон Жомий, Мавлоно Саъдиддин Кошғарий, Мавлоно Низомиддин Хомуш, Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Убайдуллоҳ Лҳрор, Мавлоно Довуд Ҳисорий, Мавлоно Шайх Ҳусайн Муҳтасиб, Мавлоно Шамсиддин Баҳрободий, Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад (Завжий) Румий, Хожа Абдулазиз Жомий, Шайх Пурон, Мавлоно Абу Саид Убаҳий, Мавлоно Муъин Воиз, Мавлоно Хожа Кўҳий, Ҳофиз Маҳмуд Зиёратгоҳий ва бошқалар ҳақидаги маълумотлар янада муфассалроқ берилгандир. Бобур мирзо ва Ҳайдар мирзолар шахсиятида дин ва шариатга муносабат деярли бир хил. Ҳар иккиси ҳам Муҳаммад ( с. а. в) дини, шариати ва бу соҳанинг жонбозлари - тарғиботчилари бўлган улуғ пирларга: Бобур Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, унинг ўғиллари Хожа Яҳъё ва набиралари Хожа Яъқуб, Андижон қозиси ва пири Муҳаммад Қозига кучли эътиқод билан яшаганидек, Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ҳам Хожа Муҳаммад Нурога, Мавлоно Тожиддин, Мавлоно Аршадиддинга улуғ эҳтиром билан қарайди. Бобур « Бобурнома» да Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг, Хожа Яъқубнинг унинг жонига ора кирганларини тушлари ва ҳаётий воқеалар билан далиллаганидек, Мирзо Ҳайдарнинг Убайдуллоҳхон томонидан Амуга чўктирилмагани боиси Хожа Муҳаммад Нуронинг Мавлоно Муҳаммадга Ҳайдарни олиб қочишга берган буйруғи бўлади. Шу тавсия ва кўрсатма туфайли Мавлоно Муҳаммад уни аввал Бадахшонга, сўнгра Кобулга - Бобур ҳузурига олиб боради. Демак, азиз пирлар ҳам Бобур мирзо, ҳам Ҳайдар мирзо жонларига бевосита ёки билвосита ора кирадилар. Азиз-авлиёлар, пир-муршидларга «Бобурнома» ва «Тарихи Рашидий» да ажратилган ўринга аҳамият берсак, Ҳайдар мирзо Бобур Подшоҳга кўра кўпроқ эътибор берган деса бўлади. Бироқ Бобур мирзонинг фиқҳга доир: «Эътиқодия», «Китоб ул-ҳаж», «Китоб ус-салот», «Китоб уз-закот» асарлари ва Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг «Волидия» асарини таржима қилганлигини инобатга олсак, бу тарозу паллалари тенглашади. Бобур мирзо ҳам, Муҳаммад Ҳайдар ҳам китобларини подшоҳлик тахтига чиққандан сўнг ёза бошлаганлар. Ушбу ёзувларнинг тарихий-адабий, маърифий аҳамиятини ҳар икки шоҳ-адиблар яхши билишган. Ҳар икковлари ҳам ўз ёзаётган асарлари ҳаққонийлиги учун қаттиқ ҳаракат қилишган. Бобур мирзо ҳам, Ҳайдар мирзо ҳам озгина бўлсада, ёлғондан ҳазар қилишган, шубҳали фикр ва далилларни келтиришдан сақланишган. Шуниси ҳам борки, бирон-бир киши ва воқеа ҳақида қалам тебратилганда муаллиф қисматига дахлдорлиги туфайли ҳақиқат тўла-тўкис юзага чиқмаслиги мумкин. Масалан, Кобулдаги исёнда Бобур Муҳаммад Ҳайдарнинг отаси Муҳаммад Ҳусайнни тўла айбдор деб билади ва у «рухсат» олиб кетгач, Шайбоний ҳузурида Бобур ҳақида ғийбат ва шикоятлар қилгани ҳақида « Бобурнома»да сўз боради. Муҳаммад Ҳайдар эса фарзанд си-фатида отадан камчилик изламайди ва уни оқлайдиган асослар келтиришга ҳаракат қилади... Подшоҳ Бобур «Вақоеъ» («Бобурнома»)ни туркий - эски ўзбек тилида ёзди. У туркий хонадон фарзанди бўлгани учун Алишер Навоий сингари шу тил ва шу адабиёт учун жон куйдирди. Мирзо Ҳайдар кўрагон эса туркий оиладан чиққан бўлса-да, Кашмирда зиёлилар орасида форс тили ва адабиёти анъанаси ҳукмрон бўлгани учун «Тарихи Рашидий»ни форс-тожик тилида ёзди. « Бобурнома» тарихий асардан кўра, эсдаликлар деб аташга муносиброқ туйилса, « Тарихи Рашидий»да аксинча мемуар асарга нисбатан тарихийлик устунлик қилади. Шунинг учун «Вақоеъ» («Бобурнома»)да асосан Бобур мирзо ўзи ҳақида ёзган бўлса, Муҳаммад Ҳайдар мирзо ўзи билан боғлиқ воқеаларни асарга камроқ киритади. Шу маънода «Бобурнома» ижодкорида адиблик салоҳияти, « Тарихи Рашидий» муаллифида тарихчилик иқтидори устуворлик қилади. Буни аниқроқ тасаввур этадиган бўлсак, Подшоҳ Бобур шахси «Бобурнома»нинг асосий воқеаларида бошдан-оёқ иштирок этади. Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳақидаги маълумотлар «Тарихи Рашидий»да айрим боблардагина берилади, холос. « Бобурнома» - қомусий асар. Ундаги маълумотларга асосланиб ижодкорини шоир, адиб, тарихчи, тилшунос, элшунос, набототшунос, зоолог, хуллас йигирмадан ортиқ касб-ҳунар эгаси деб айтиш мумкин. « Тарихи Рашидий» муаллифини ҳам биз тарихчи, географ, адиб, шоир, элшунос, диншунос, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос, хаттот, ҳунарманд дея оламиз. Ушбу икки асардаги яна бир муштарак ҳолат: ҳар икки но-дир ёдгорликда тарихий шахслар сонларининг ҳаддан ташқари кўплигидир. « Тарихи Рашидий» бу масалада «Бобурнома»дан қолишмайди. « Тарихи Рашидий»да темурийлар сулоласи, бобурийлар сулоласи, мўғул хонлари сулоласи, ўзбеклар сулоласининг тарихий манзараси китобхон кўз ўнгида бутун кенглиги ва кўплиги билан намоён бўлса, айни пайтда қозоқ хонлари, сафавийлар сулоласи ҳамда қирғиз бийлари ҳам маълум маънода тарихчи назаридан четда қолмаган. Соҳибқирон Амир Темур, Шоҳрух мирзо, Мирзо Улуғбек, Лбусаид мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Бобур Подшоҳ, Ҳумоюн мирзо, Комрон мирзо фаолиятлари, жанг-жадаллари тасвири бир ёқдан; Абулхайрхон, Шайбонийхон, Убайдуллоҳхонлар иккинчи томондан ва учинчи томондан мўғул хонлари: Туғлуқ Темурхон, Юнусхон, Султон Маҳмудхон, Султон Лҳмадхон, Абобакр мирзо, Султон Саидхон, Абдурашидхон ва ниҳоят, тўртинчи томондан қозоқ хонлари: Гирайхон, Қосимхон, Тоҳирхонлар, Бўйдошхон бешинчи томондан, сафавийлардан Шоҳ Исмоил Сафавий, Шоҳ Таҳмосплар силсилалари асар бўйлаб ҳаракатдадирлар. Мирзо Ҳайдар «Тарихи Рашидий»да мирзолар, хонлар, ўзбеклар ва қозоқ ҳукмдорларига доир воқеаларни талқин қилар экан, буюк инсоншунос сифатида (бу сифат Бобурга ҳам жуда хос эди) ҳар бир ҳукмдорнинг маънавий-ахлоқий оламини ҳам очиб бериш пайида бўлади. Муаллиф-адиб бир неча хил ижтимоий сиймоларни китобхон кўз ўнгида тизади. Улуғ мақсадли буюк жаҳонгир ва лашкарбоши ҳукмдорлар: Амир Темур, Туғлуқ Темурхон, Абу-саид мирзо; маърифатли ҳукмдорлар - Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Юнусхон, Бобур мирзо, Убайдуллоҳхон, Султон Саидхонларни бир томондан, разил-шафқатсиз, инсофсиз, мутакаббир, ёвуз хон, шоҳ ва беклар: Абобакр мирзо, Мирзо Али Тоғай, Кучлук, Дўстмуҳаммадхон, Муҳаммадиларни иккинчи томондан гавдалантиради. Дарҳақиқат, Амир Темур буюк жаҳонгир сифатида Ҳиндистондан Туркиягача лашкар тортиб улкан бир мамлакат соҳиби бўлганидек, Абусаид мирзо ҳам Шарқий Туркистондан Кавказ Қорабоғигача чўзилган ҳудудларни ўз забтига олиб, Амир Темурнинг оёғи теккан ерларни яна бир мамлакат ҳолига келтиришга тиришди. Мўғул хонларидан Туғлуқ Темурхон ҳам Чингиз даврида Чиғатойга мансуб кенг ҳудудларда ўз ҳокимиятини тиклаш учун Ўрта Осиёга босқинчилик ҳужумлари уюштириб турди ва бу мўғулларнинг салтанати соясидан Амир Темур, Шоҳрух ва Улуғбек мирзолар даврида ҳам давлат ҳужжатлари бошида фалон хон номи турарди. Чунончи, Амир Темур фармонлари «Суюрғотмишхон ёрлиғидин Темур Кўрагон сўзум» деб бошланади. Кейинги ҳукмдорлар ҳам ана шундай фармонлар ёздиришган; ўзларини хон исмидан кейин келтиришган. Бу нохуш анъанага Абусаид мирзогина чек қўйди. Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг пойтахт шаҳарлари Самарқанд ва Ҳиротни нафақат меъморий обидалар жиҳатидан, балки илм-фан, маданият ва санъат соҳасида ҳам жаҳонга кўз-кўз қиладиган даражага етказдилар. Бобур ва Убайдуллоҳхон ҳам ўзлари буюк шоир, лашкарбоши бўлишлари билан бирга шаҳарсозлик ва илм-фан ривожига катта ҳисса қўшдилар, ўз саройларида адабий муҳит яратдилар. Мўғул хони Юнусхон тақдир тақозоси билан отаси Увайсхон вафотидан сўнг Самарқандга келди. Шоҳрух мирзо ўн уч яшар Юнусхонни буюк мутафаккир Шарафиддин Али Яздий тарбиясига топширди. Ўсмир Юнусхоннинг улуғ тарихчи хонадонига келиши нақадар қувончли ҳодиса бўлганлигини Мавлоно Шарафиддин Али Яздийнинг қуйидаги байтидан тасаввур этиш мумкин: «Хитодан хон келди» деб айтган инсон, Уйинг куйгур, бундай дегин: «Жон келди, жон!». Юнусхон йигирма беш ёшларида беш-олти йил Форсда -Шерозда бўлиб, мирзолар салтанатини кўрди. Ниҳоят, Абусаид мирзо уни Самарқандга чақиртириб шоҳона зиёфатлар берди ва Ўрта Осиё ҳукмдорларига расм бўлган давлат буйруқларида хон сўзига барҳам берилганини уқтирди: « Ҳозир сиз ўзингизнинг аввалги хонлик одатларингизни ҳатто хаёлингизга ҳам яқин келтирманг: « Яъни, энди шоҳ фармонлари ўз сулоласи номи билан зийнатланади. Бундан буён орамизда фақат дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм суради» деди ва Юнусхонни Мўғулистонга жўнатди. Маърифатли Юнусхон мутафаккир сифатида Абусаид мирзо яхшилигини унутмади ва унинг фарзандларини куёв қилиб, яхши дўстона қариндош-уруғчиликка асос солди. Бу ҳақда Ҳайдар мирзо «Тарихи Рашидий»да шундай деб ёзади: «Юнусхоннинг олижаноб қалби маълум даражада хотиржам бўлгач, у Яратганнинг азалий иродасига амал қилиб, яъни «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса ўша иборани қайтаринглар)» деган ояти карима мазмунидан келиб чиқиб, «Султон Абусаид мирзо азалий адоватни янги дўстлик билан алмаштирди, биз эса шу дўстликни қариндошлик ришталари билан мустаҳкамлаймиз», деди. У Султон Абусаид мирзонинг уч ўғлига - Султон Аҳмад мирзо, Султон Маҳмуд мирзо ва Умаршайх мирзога ўзининг уч қизи - ақлу ибода тенгсиз бўлган Меҳр Нигор хоним, Султон Нигор хоним ва Қутлуқ Нигор хонимни берди». Тарихдан маълумки, Юнусхон то вафотига қадар ана шу муросасиз куёвларининг ўзаро можаро ва урушларига барҳам берувчи ягона муросасоз шахс сифатида хизмат қилиб келди. Айтиш керакки, мўғул хонларининг аксарияти Юнусхонга-ча ўттиз ёшлар атрофида ўлиб кетишган. У эса етмиш ёшдан ортиқ умр кечирди. Бу ҳақда «Тарихи Рашидий»да шундай қайд этилади: « Юнусхоннинг муборак ёши етмиш тўртга етган эди. Мўғул султонларидан ҳеч бири бу ёшга етмаган, уларнинг кўпчилиги ҳатто қирқ ёшга етмай ўлиб кетишган. У Тошканддаги Шайх Хованд Таҳурнинг табаррук мозори ёнига дафн этилган. У ерга машҳур улуғвор обида қурилган».
Маълумки, Юнусхон мақбараси худди Муҳаммад Ҳайдар мирзо ёзгандек, ҳозир Тошкентда, Шайхонтаҳурдаги Ислом Университети ҳовлисида асл ҳолига келтирилиб сақланмоқда. Унинг ўғли Султон Маҳмудхон ҳам шоир бўлганлигини Бобур зикр этган. Набираси Султон Саидхон ҳам маърифатпарварлик, одамийлик ва инсофни кўзлайдиган, унга амал қиладиган киши эканлигини бир неча мисол билан асослайлик: Ҳисорда исёнчи мўғуллар сардорлари кўпайишиб Бобурни олиб ташлаб, сизни хон кўтарамиз, деб таклиф қилишганда Саидхон розилик бермайди. «Бобур Подшоҳ мени ҳалокатдан қутқариб тахтга ўтқазди», дейди. Саидхонни камонда отиб, икки йиллик ярадорлик азобига гирифтор қилган навкарни тутиб келтиришганида Султон Саидхон уни илиқ кутиб олиб, ягона тўнини унинг устига ёпиб жўнатади. Ана шундай, олийжаноб инсонлар қаторида феъл-хулқда буларнинг мутлақо тескариси бўлган Кошғар ҳукмдори Або-бакр мирзо бор эди. Умаршайх мирзога қарши Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад мирзо ва Тошкентдан қайноғаси Султон Маҳмудхон лашкар тортганда, учинчи бўлиб, Лбобакр мирзо Кошғардан Ўш ва Ўзгандга ҳужум қилган эди. «Тарихи Рашидий»ни ўқиган китобхонлар ёвуз типлар тарихан ўзлари аниқ шаклланган ҳолатда эканлигини уларнинг фаолиятидан кузата оладилар. Абобакр мирзо подшоҳликка эришгунга қадар саховатли киши сифатида кўринади. Аслида эса бу усул ўз атрофига лашкар йиғиш учун тузоқ олдига сепилган донлар эди, холос. Тахтга чиққач, у узоқ йиллар очофатларча мол-дунё йиғади. Талончилик ва солиқ-олиқлар билан қаноатланмай эски қалъа-шаҳарларда маҳбусларни қуллардан баттар қийнаб қазиш ишларига сафарбар қилиб, қоп-қоп олтин-кумушлар йиғади. У ўзи гуноҳкор ҳисоблаган ёки кўнглида бир оз шубҳа туғилган кишиларга нисбатан энг ёвуз жазо чораларини қўллайди: Андижон яқинидаги тоғларда яшовчи чакракларни «Улар менинг ҳаётимга суиқасд қилмоқчи» дея уч мингдан ортиғини қатл эттиради (чакраклар қаердаю Кошғар қаерда!..). Салтанатининг охирги йили ўз шоҳлигининг икки улуғ устуни - Мир Вали ва Шоҳданани не кунларга солганини эшитган китобхоннинг аъзойи бадани ларзага тушади. Андижонга ҳужум қилиш арафасида сулҳ тузиш учун Султон Саидхон томонидан Саид Муҳаммад мирзо ва Абобакр мирзо томонидан Мир Валилар учрашишади. Суҳбат тугагач, Саид Муҳаммад мирзо Мир Валига хилватда гапим бор, деб овлоқда бир-икки оғиз сўз айтади. Элчилар қайтгач, Абобакр мирзо элчилар ҳайъатидан воқеани суриштириб, билиб олади ва Мир Валига «Сенга Саид Муҳаммад овлоқда нима деди?» деб суриштиради. У сидқидилдан: «Фақат сулҳ ҳақида сўз борди» деса, ишонмайди. Бу ҳақдаги « Тарихи Рашидий» ҳикоясини келтирамиз: «Абобакр мирзо: « Худди шу сўзларни у кўпчилик олдида ҳам айтган. Ёлғиз қолганда тағин уларни такрорлашга ҳеч бир ҳожат йўқ эди», деб қўйди-ю, ортиқ ҳеч нима сўрамади. Шундан кейин у Мир Валидан хавфсирай бошлади. У, Мир Вали Саид Муҳаммад билан овлоқдаги гапларни яширяпти, деб ўйлади: « Эҳтимол, у Саид Муҳаммад билан иттифоқ тузиб, менинг ишимга халал бермоқчидир». У Мир Валини одамлари билан тутиб, оға-инилари билан биргаликда қазиққа (эски қалъаларни қазишга) жўнатди. Улардан баъзиларини ахта қилдирди, азобларга гирифтор қилди... Мир Вали билан ишни битиргач, Абобакр мирзо Шоҳдана кўкалдошдан хавфсирай бошлади. Шоҳдананинг хаёлига ҳам келмаган, нафақат унинг, ҳатто бошқа бирор кишининг ҳам хаёлига келмайдиган аҳмоқона фикрлар билан у Шоҳданани қамоққа олди. Маҳкамада унинг соқолини юлиб, ахта қилишни буюр-ди. Яралари тузалгандан кейин маҳбуслар қиладиган ишга жўнатди. Худо денг, одамнинг бахти қайтмасин, Бахт қайтса, кўргилик ёгар ҳар ёндан. Қазою қадарга чора бўлмас ҳеч, Оқиллар ожиздир ёвуз фармондан». Тарихда одатда ёвуз шахслар камдан-кам бу дунёда жазо топадилар. Абобакр мирзо шу дунёда ўз жазосини топган мудҳиш нусхадир. Султон Саидхон лашкари келиб Кошғар, Янги Ҳисорни эгаллайди. Абобакр мирзо қочиб «Хўтанга кетди. Бироқ Хўтан қалъасида қолишга ҳам имкон топмай, Қоронғутоғ томонга жўнади. Қоронғутоққа етганда орқасидан мўғул лашкарлари келаётгани ҳақида хабар етди. Йўллар тор эди. Шунча юкни олиб юриш нафақат мушкул, балки иложсиз эди. У ҳамма нарсаларни тўплаб ёқиб юборди. Ишончли одамлардан эшитишимча, буларнинг ичида тўққиз юз хачирга юклан-ган кимхоб, парча, шойи кийим-кечаклар бўлиб, асосий қисми Оврупо, Византия ва Хитой безаклари туширилиб, зар билан тикилган экан. Кумуш, олтин гулдонларни, идишларни, турли қадама нақшли, қимматбаҳо тошлар билан нақшланган буюмларни, олтин қумлари тўлдирилган хуржунларни Қоронғутоғ орқали оқиб ўтадиган Оққош дарёсига ташлаб юборди», деб ёзади муаллиф « Тарихи Рашидий»да. Зулм-зўрлик билан йиғилган нарсаларнинг «эгаси»га насиб қилмагани қиссаси мана шу. Абобакр мирзо қочиб Тибатга борди ва нажот йўқлигига кўзи етиб, бола-чақаларини қолдириб, ўзи ортга қайтди. Йўлда Саид Муҳаммад мирзо юборган ўз мулозимларига дуч келди ва «Мени Султон Саидхон олдига тирик олиб боринглар» деб ялинди. Бироқ унинг собиқ мулозимлари Абобакр мирзо уйқудалигида бошини кесиб, Султон Саидхонга олиб бордилар. Унга ўхшаган хонлар, бекларнинг кўп қилмишлари ушбу тарихий асарда ҳаққоний берилгандир: Булар - Дўстмуҳаммадхон, Муҳаммади, Мирзо Лли Тоғай сингарилар. «Тарихи Рашидий»ни тарихий ва эсдаликлар асари десак, бу ёдгорликнинг моҳиятига анча юзаки ёндошган бўламиз. Бу асардан баҳраманд ўқувчи китобнинг теран фалсафий, буюк ахлоқий-таълимий, нурафшон маърифий обида эканлигига чин юракдан тан беради ва муаллифнинг ардоқли қариндоши - Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби қомусий билимли мутафаккир бўлиб етишганини эътироф этади. Биз тарихий асарларни оддий ўқувчи учун севимли китоб бўлиб қолганини жуда кам эшитганмиз. Бироқ бу китоб мутолаасига киришган идрокли, заковатли китобхон учун «Тарихи Рашидий» севимли асар бўлиб қолади, деб комил ишонч билан айтамиз. Маълумки, Муслиҳиддин Саъдий Шерозий Шарқда ахлоқ отаси сифатида донг таратган. Бунинг асосий боиси шоирнинг «Гулистон» ва «Бўстон» асарларидир. Уларда гоҳ ҳаётий, гоҳ тарихий ҳикоятлар берилиб, эзгу хислатлар олқишланган, ёмон феъл-атворлар танқид қилинган. Биз, таржимонлар, «Тарихи Рашидий»ни тарихлар «Гулистон»и деб аташга журъат қилдик. Чунки тарихнинг бош ҳукми: қилмиш-қидирмишдир. Бировга чоҳ қазиган киши албатта ўзи унга тушади. Шу маънода «Тарихи Рашидий»да ушбу ҳақиқат исботи Муҳаммад Шайбонийхон ( асли исми Шоҳибекхон) қилғиликлари ва қисмати орқали ўзининг яққол ифодасини топган: «Тарихи Рашидий»дан: «Шоҳибекхон Султон Маҳмудхон ва отам Муҳаммад Ҳусайн мирзонинг тириклик қадаҳини шаҳидлик шарбати билан тўлдириб, уни ичишга мажбур қилди. Байт: Нечук шарбатки сен элга ичирдинг, Ўзинг ҳам охири уни симирдинг, деганларидек, Шоҳибекхоннинг ҳам умр паймонаси тўлиб, бахт ундан юз ўгирди. Омад жоми - ағдарилди. Бошқаларга ичирган шарбатни ўзи ҳам бир кўтаришда сипқорди. Байт: Эй кўзум нури, эшит сен, келди пандимни гали: Тут қадаҳ элга, келар тез сенга навбат ичгали. Бунинг тафсилоти бундай: у хонларни ва отамни ўлдириб кўнглини хотиржам қилгач, куч-қудрат отини тўрт тарафга қараб қамчилади, сиёсат ўқларини ҳар томон қараб отиб, нима қилишни хоҳласа, шуни қилди... Шоҳибекхон тасарруфидаги ерларнинг чегаралари Ироқ заминига бориб туташганда, ўзбеклар Хуросоннинг ўша чегара кентларига ҳужумлар уюштиришди. Шоҳ Исмоил қимматбаҳо совға-саломлар ва мактуб билан Шоҳибекхонга киши юбориб, хатда шундай сўзларни битган: «Кўп замонлардан бери аҳдномаларга амал қилиниб, иккала тарафнинг кўнглига келишмовчилик чанг-ғуборлари қўнмаган эди, шу сабабдан орамизда гина-адоват излари йўқ эди. Агар у тарафдан оталик қоидаси намоён бўлса, бу тарафдан фарзандлик муносабатлари мустаҳкамлангусидир. Назм: Мухолифлик ниҳолин юлки, бергай ғам-алам, эй инсон, армон». Шоҳ Исмоил ана шундай сулҳ мактубини ёзиб юборди. Унинг элчиси Шоҳибекхон даргоҳига етиб келиб, элчилик расм-русумларини бажарганидан кейин, совға-саломларини Шоҳибекхон назаридан ўтказди ва Шоҳ Исмоилнинг мактубини узатди. Шоҳибекхон мактуб мазмунидан хабардор бўлди. У муросага чорловчи мактубга бундай номувофиқ жавобни ёзиб юборди: «Ҳар бир киши онасининг эмас, отасининг ҳунари билан машғул бўлгани дуруст. Негаки Узун Ҳасан қизини (Султон Яъқуб ҳамшираси) отангга берган кундан бошлаб у замон маликалари қаторидан чиққан. Бизнинг замонимизда бир она худди мендек султондан бўлган султонни туғмаса эди, сен она томондан салтанат даъвосини қилишинг мумкин эди. Ахир «Ўғил отанинг ҳунарини қилсин, қиз - онанинг» деган мақол бор-ку». Назм: Мамлакату давлат ишин шоҳлар билар, эй Хофиз, Фарёд этма, бир гўшада тек тур, сен бир гадосан...» Шунга ўхшаш сўзлар билан мактубини тугатиб, элчига топширди. Бир таёқ, бир жанда, бир қовоқ качкул ҳадя қилиб юборди: «Агар сен отанг ҳунарини унутган бўлсанг, бу ҳадялар орқали мен уни ёдингга соляпман». Назм: (Ҳофиз Шерозийдан): Насиҳат тинглагил, жоно, тутарлар жону дилдан дўст, Ақлли, бахтли ёшлар ҳурмат айлаб кекса донони. ( Хуршид таржимаси). Агар оёғингни салтанат тахтига қўйишни истасанг, унда бо-шингни гаровга қўй. Назм: Ярқироқ қилични ўпган баҳодир, Салтанат келинин қучишга қодир». Шоҳибек Ироқдан келган элчини жўнатиб, ўзи ҳазора устига қўшин тортди. Элчи Шоҳ Исмоил қошига келиб, мактуб ва ҳадяларни бергач, Шоҳ Исмоил мактуб мазмуни билан танишди ва мана бундай мазмунда жавоб хати ёзди: «Агар ҳар бир ўғилга отанинг ҳунари билан машғул бўлиш лозим бўлганида эди, унда ҳамма одамларга, улар Одам алайҳиссаломнинг авлодлари бўлганлиги боис пайғамбар бўлиш лозим бўларди. Агар мерос сифатида фарзандга ўтиши зарур бўлганида эди, унда подшолик Пешдодийлардан Каёнийларга ўтмаган бўларди. Подшоликни Чингиз қандай йўл билан қўлга киритгану сен қандай қўлга киритгансан? Назм: Ўлган отанг билан мақтанишни қўй, Итдай суяк билан қувонишни қўй». Шоҳибекхоннинг туҳфасига жавобан унга чарх ва дук жўнатиб, мактубга шундай сўзларни қўшди: « Сен менга номангда нимани ёзган бўлсанг, мен ҳам сенга шуни айтаман: Ярқироқ қилични ўпган баҳодир, Салтанат келинин қучишга қодир. Энди мен сен билан кураш камарини белимга боғлаб, ҳеч бир ҳаялламай оёғимни жанг узангисига қўяман. Агар сен менга қарши чиқсанг, иккимизнинг бир-биримизга қилган даъволаримиз жанг майдонида ҳал бўлади. Мабодо майдонга чиқмасанг, унда мен юборган чархни йигириб ўтиравер». Тағин мана бу байтни қўшиб қўйди: Қайтар дунёда қолар балога Ташланса ҳар ким Оли Абога. Бу мактуб келган пайтда Шоҳибекхон бутун лашкарини тарқатиб юборган, ўзи эндигина Марвга келган эди. У ҳар тарафга шошилинч равишда чаққон одамларни жўнатиб, лашкар йиғишни буюрди. Бироқ лашкар йиғилиб улгурмай, Шоҳ Исмоил етиб келди-да, Марв яқинида тўхтади. Уч кун давомида иккала тараф ўртасида тўқнашувлар бўлиб турди. Бу орада Шоҳибекхоннинг жангчилари йиғилиб кела бошлашди. Шоҳ Исмоил қўнган манзилидан бошқа жойга кўчди. Ўзбекларнинг соқчилари буни кўриб, душман келганидан пушаймон бўлиб қайтиб кетишяпти, деб ўйлади. Бу воқеани Шоҳибекхонга хабар қилишди. Улар шаҳардан пешин намози пайтида 916 (1510 йилнинг декабри) йилнинг рамазон ойи арафасида чиқишди. Шоҳибекхоннинг лашкарларидан йигирма минг киши тўпланган эди. Амир Қамбар, амир Рой сингари айрим маслаҳатчилар шундай кенгаш беришди: « Агар биз бугун жангни қолдирсак, бизга Убайдуллоҳ султон билан Темур султонлар келиб қўшилишган бўларди, уларнинг ҳар бирида йигирма мингтадан лашкар бор, биздан бор-йўғи бир фарсах масофа нарида. Душманнинг аҳволи ҳам маълум бўлиб қоларди: улар чиндан ҳам қайтиб кетишдими ёки бизни чалғитмоқчи бўляптими? Агар душман ростдан ҳам қочган бўлса, уни хоннинг ўзи қувиб юришига ҳожат йўқ, уларни Убайдуллоҳ султон, Темур султон ва бошқа амирлар қувишса ҳам бўлаверади. Хон ҳазратлари шошилмай, хотиржам, дам ола-ола тўғри Ироққача борсалар бўлади. Агар у бу ердан қайтиб кетаётган бўлса, унда халқ уни қувиб ҳайдайди, унинг Ироқда қолишга куч-қуввати бўлмаса ҳам керак». Шунда Шоҳибекхон: «У билан бўладиган уруш - иймон учун бўладиган катта жангдир. Шу билан бирга, бу жанг катта ўлжа ҳам олиб келади. Бу дунё учун ҳам, охират учун ҳам фойдали ва манфаатли бўлган ишга бошқа султонларни аралаштиришга ҳожат йўқ. Мардона бўлмоқ лозим», деб жанг қилишга отланди. Ўнқир-чўнқир жойлардан ўтиб, текис ерга етишганда, қарашса, душман кетмаган экан. Улар душман лашкари тахминан қирқ минг кишидан иборат бўлса керак, деб тахмин қилишди. Ўзбек жангчилари ҳали саф тортиб улгурмасларидан туркман лашкари улар устига ташланди. Шоҳибекхоннинг лашкари ўзларидан анчагина кўп душман лашкарини кўриб, оёқлари қалтираб, қўрққанларидан қочишга тушишди. Аммо лашкар сардорлари охиригача, Шоҳибекхон ва барча лашкарбошилар ўлдирилгунларича мардона туриб курашдилар. Ҳали тарихда ҳеч қачон қўшиндаги барча лашкарбошилар ўлдирилган бундай жанг бўлмаган эди». Ушбу жанг ўзгача якунланиши ҳам мумкин эди. Негаки тарихчи Муҳаммадёр ибн Араб Қатағаннинг «Мусаххир ал-билод» (Мамлакатларнинг эгалланиши) номли асарида айтилишича, Шоҳ Исмоил биринчи тўқнашувдан кейин Шайбонийхонга сулҳ таклиф қилиб мактуб юборган. У « хатни ўқиб кўрди-ю, аммо ундаги гапларга илтифот назари билан қарамади... шоҳнинг хат келтирган хабарчисини қамаб қўйишни буюрди» (« Янги 1аср авлоди» нашр. 2009, 119-бет). Шу тариқа Шайбонийхон иккинчи марта тинчлик сулҳини рад этиб, катта хато қилди ва ўз ҳалокатига йўл очиб берди. Шайбонийнинг Ўрта Осиё шаҳарларига қилган қонли юришлари ана шундай ўз ниҳоясига етди. Тарих ўз ҳукмини чиқарди. Китобхон ҳам ушбу воқеадан ўзига керакли хулосаларни чиқариб олади. Булар китобхон идроки даражасига кўра бир нечта бўлиши мумкин: Биринчиси: золимнинг заволи аниқдир. Иккинчиси: мағрурлик, ўзгани менсимасликнинг оқибати тубан хўрлик ва ҳалокатдир. Мактубда Шоҳ Исмоил сулҳ истамоқда, жанг эмас. Шоҳ Исмоилнинг одоб доирасида битилган мактубининг мазмунини билган китобхон, Шоҳибекхоннинг қўпол жавобидан ижирғанади. Шоҳ Исмоилнинг иккинчи мактуби гарчи душманга душманлик сўзлари билан жавоб берилган бўлса-да, китобхон унинг мантиқий далилларига тан беради. Учинчидан, бировнинг устидан кулиш, ўзгани таҳқирлаш Аллоҳга ёқмайди. Ўша ҳолатга таҳқирланувчи эмас, таҳқирловчининг ўзи тушади. Тўртинчидан, саломга алик ҳақидаги ҳадис поймол қилинган эди. Биз бундай бадиият ва таъсирчанликка бой воқеа ва лавҳаларни «Тарихи Рашидий»да кўп маротаба учратамиз. Бадиий асарга хос бундай ифода назокати, воқеадан лўнда ахлоқий-таълимий хулосалар чиқариш бошқа тарихий асарларда сийрак ёки тасодифан дуч келинади, холос. « Бобурнома» ва «Тарихи Рашидий»да айрим фактларни айнан бир хил, айримларини бир озгина фарқлар билан такрорланганини кўрамиз. Чунончи, «Бобурнома»да Юнусхоннинг кенжа ўғли Султон Аҳмадхон ҳақида ёзиладики: « Султон Маҳмудхондан кичиги Султон Аҳмадхон бўлиб, Олачахон исми билан машҳур. Олачахон деб аталишининг сабаби шундаки, айтишларича, қалмоқ ва мўғул тилида қотилни «олачи» дейдилар. Қалмоқларни бир неча марта босиб, кўплаб одамларини қиргани учун «Олачи» дейилавериб, истеъмолда Олача аталиб кетган». « Тарихи Рашидий»дан айни ушбу маълумотларнинг тўлдирилган ҳолатини ўқиймиз: Султон Аҳмадхон «Бир неча марта қалмоқларга қарши муваффақиятли ҳужумлар қилди, улардан кўпини ўлдирди. Икки марта Эсан Тойши билан жанг қилиб, ҳар иккаласида ғолиб бўлди. Қалмоқлар ундан ниҳоятда қўрқишган ва уни Олачахон деб аташган. Бу - мўғул тилида « Қотил хон» деган маънони беради. Бу лақаб хонда умрбод қолган, одамлар уни Олачахон дейишган. Ҳозир мўғуллар уни Султон Аҳмадхон деб, бошқа қавмлар эса « Олачахон» дейиша-ди. Мирхонд, Хондамир Ҳиравий ва бошқа тарихларда « Олачахон» деб ёзишган». Бундай муштаракликни Кобулдаги исённи тайёрлаш, ўтказиш ва бостирилиши ҳақидаги «Бобурнома» ва «Тарихи Рашидий»даги талқинлар юзасидан кузатиш мумкинки, иккинчи асар бу исён жараёнига анча-мунча янгиликлар ҳам киритади. Муҳими, муаллиф гарчанд отаси бу ишда гуноҳкор бўлса-да, воқеанинг тўғрисини ёзади: Бобур Подшоҳ олийҳимматлилигига бўлган ҳурматини сездириб туради. Айниқса, ушбу икки асар Ҳирот адабий-маданий муҳитини ёритишда бир-бирига жуда яқинлашиб кетади, дейиш мумкин. Афтидан, Муҳаммад Ҳайдар мирзо «Вақоеъ» («Бобурнома»)дан яхши хабардор бўлган. Шунинг учун Ҳирот илм-адаб ҳамда дин аҳллари хусусидаги маълумотлари бир-бирини такрорламайди, балки тўлдириб, мукаммаллаштириб боради. Ҳайдар мирзо маданий-адабий муҳит миқёсини кенгроқ қамраб олганидек, диний-тасаввуфий арбоблар ҳаёти ва ижодига ҳам жуда катта ўрин ажратади.« Тарихи Рашидий»даги шоир, олим, рассом, хаттот ва фузалоларнинг исмма-исм кўрсатилгани ва ҳар бири ҳақидаги маълумотларнинг аниқлиги, муҳимлиги кишини ҳайратга солади. Бу ўринда ушбу маълумотларнинг кўплиги, хилма-хиллиги, мукаммаллиги жиҳатидан «Тарихи Рашидий» « Бобурнома» билан бемалол беллашади. « Бобурнома»да тилга олинган шоиру олимлар ҳақидаги маълумотлар бу асарда янгилиги билан эътиборимизни жалб этади. Ҳатто «Вақоеъ» («Бобурнома»)да Алишер Навоий ҳақида Бобур қанчалик кенг тўхталган бўлмасин, Муҳаммад Ҳайдар мирзо маълумотлари уларни янада мукаммаллаштиради, аниқликлар киритади. Чунончи: «Тарихи Рашидий»да Алишер Навоий зикри: « Унинг тахаллуси - Навоийдир. Унгача ҳам, ундан кейин ҳам туркий тилда ҳеч ким унчалик кўп шеър битган эмас. У шеър илмининг устаси, унинг туркийча шеърларининг шуҳрати Мулло Жомийнинг форсча шеърлари шуҳрати билан тенг. У форс тилида ҳам кўп шеърлар ёзган. Форсча шеърларини Фоний тахаллуси билан битган. У Хожа Ҳофиз Шерозий девонига назира тарзида девон тузган. Хожа Хисрав Деҳлавийдан кейин « Дарёи аброр» (« Яхшилар дарёси») қасидасига ҳеч ким Мир Алишер Навоийчалик жавоб ёзолмаган. Мана ундан бир байт: Оташин лаълеки тожи хисравонро зевар аст, Ахгаре баҳри хаёли хом пухтан дар сар аст. Мазмуни: Шоҳлар тожидаги олов ранг лаъл тош, Чўёдирки пиширар хом хаёлин бош. Ҳазрат Махдум - инсониятнинг ифтихори Мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳаж сафаридан қайтганларида Алишер Навоий уларга мана бундай рубоий ёзиб жўнатган: Инсоф бидеҳ, эй фалаки минофом, То з-ин ду кадом хубтар кард хиром: Хуршеди жаҳонтоби ту аз матлаъи субҳ Ё моҳи жаҳонгарди ман аз жониби Шом? Мазмуни: Ўзинг айтақол, эй зангори кўк сан Бу иккидан қайси хушхиром экан? Сенинг жаҳонкезар тонгги қуёшинг Ё элкезар ойим - қайтгучи Шомдан? Унинг учта туркийча, битта форсча девони бор, у «Тазкират ул-авлиё»ни туркийча битган, «Хамса»ни туркийча назм қилган. Булардан ташқари, унинг жуда кўп асарлари мавжуд, битта девондан ташқари барчаси туркий тилда ёзилган. Унинг келиб чиқиши бахшиларга бориб тақалади. Отасини «Кичкина бахши» дейишган, у саройда амалдор бўлган. Мир Алишер болаликдан Султон Ҳусайн мирзо билан дўстлашган. Султон Ҳусайн мирзо подшоҳ бўлгач, Алишер Навоий унинг хизматига келган, мирзо уни беҳад қадрлаб, ғамхўрликлар кўрсатган, Мир Алишер эса халққа худди шундай ғамхўрлик қилган. Шундай қилиб, ўша замонда халқнинг турли тоифалари ичи дан фозил, беназир инсонлар чиққани унинг саъй-ҳаракатлари туфайлидир. У амир сифатида шундай жидду жаҳд кўрсатдики, натижада катта бойлик тўпланди, деҳқончиликдан ва бошқа тарафлардан тушган кунлик даромад ўн саккиз минг шоҳрухийни ташкил этган. Ўз амирлик мансабининг барча жиҳатларини - хизматкорларни, мулозимларни, хазинани, сайисхонани, подшоҳлик иморатларини у Султон Ҳусайн мирзонинг ноиби амир Бобо Алига топширган. Бу ўша даврнинг энг буюк сипоҳларидан эди. Мир Алишер амалдорлик ишларини йиғиштириб қўйиб, бошқа амалдорлар ва мулозимлар билан бир қаторда ўзини Султон Ҳусайн мирзо хизматига бағишлади. У ўзига ёрдам сўраб мурожаат қилган муҳтожларга, олиму фозилларга қудрати етганча ҳомийлик қилди. Ўз мулкидан тушган барча даромадни эл-юрт фаровонлиги учун хайрия ишларига сарфлади. У хонақоҳлар, масжидлар, бошқа иморатлар қурдирдики, уларнинг кўпчилиги то ҳозирги кунгача Хуросонда сақланган. Эҳтимол, шунча кўп қурилишларни амалга ошириш бошқа бировнинг қўлидан келмаган бўларди. Ўша пайтда бирорта олиму фозил киши йўқ эдики, унга Мир Алишер ҳомийлик қилмаган бўлсин. У беҳад зукко ва заковатли киши эди. У бошқаларда ҳам худди шундай фазилатлар бўлишини хоҳлар, бунга эришиш қийин бўлар, шундан одамларда гинахонликлар содир бўларди. Унинг нозик мизожлиги ва тез ранжиб қолиш хусусиятидан бошқа камчилигини топишолмаган. Гарчи у фозил ва беҳад давлатманд киши бўлса-да, бутун қимматли ҳаётини нафсини тийиш ва хайрли ишлар билан ўтказди. Байт: Теран денгизларнинг маҳсули гавҳар, Инсонга кераги - бир яхши ҳунар. Демак, Мир Алишернинг битта камчилиги - нозик мизожлигидан ўзгаси бутунлай фазилат эди». Кўриняптики, озгина бизга маълум маълумотларни ҳисобга олмасак, муаллиф шоир ҳаёти ва ижодининг асосан янги-янги қирраларини кашф эта борган. Биноий билан Навоий зарофатлари баҳсида ҳам «Тарихи Рашидий» «Бобурнома»даги маълумотларни такрорламасдан фақат янги-янги воқеаларга китобхон диққат-эътиборини тортади. Ҳатто бизга ривоят тарзида - самарқандлик қаландардан сотиб олинган байтнинг: Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокрок. Кипригим шабнам тўкулган сабзадин намнокрок, муаллифи номаълум эди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо буни аниқлайди. Байтнинг ижодкори Мавлоно Соҳиб Доро экан. Бу ва шу сингари кўпдан-кўп муҳим фактларга ушбу парчадаёқ назаримиз тушади. Биз «Тарихи Рашидий» таржимасига киришганимизда учта савол бизни қизиқтириб қўйди. Булар: Мўғулистон қаер? Мўғуллар қайси тилда гаплашишган? Уларнинг юз тузилишлари монголоидми?» Асар таржимаси бизга шундай жавоблар берди. ХV-ХVI асрдаги Мўғулистон деган жуғрофий тушунчага Хуросон, Мовароуннаҳр, ҳозирги Қашқару Бадахшонгача, Ҳиндистон шимолидан бутун Олтой ўлкаси ҳудудлари кирган. Ҳозирги география билан собиқ Мўғулистонга (Монголия эмас) дахлдор ерларни белгиласак: Шинжонг автоном райони ерлари, Қозоғистоннинг катта қисми, бутун Олтой ўлкаси, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ерлари эди. Бинобарин, муаллиф мўғул хонлари тарихи деб ҳисоблаган «Тарихи Рашидий» асари аслида биз туркийларнинг ҳам тарихимиз бўлиб ҳисобланади. Мўғуллар саройда ва уйларида туркий тилда гаплашишган. Саройда тожик тили ҳам амал қилган. Биз мўғул деб атаган ва ўзларини мўғул ҳисоблаган Султон Маҳмудхон, унинг қизи Мўғулхоним (Ойиша Султон хоним), Султон Саидхонлар ва Муҳаммад Ҳайдар мирзо шеърлари худди Бобурникидай эски ўзбек тилида битилган. Бу фикримизни «Тарихи Рашидий»дан олинган ушбу парча ҳам тасдиқлайди: «Амакимга ва Рашид Султонга айтган сўзлари асосли бўлиши учун Султон Саидхон буларни туркийча айтди. Бу унинг табиатига хос хусусият эди». Муҳаммад Ҳайдар мирзо Мўғулистон хони Султон Саидхон ҳақида «Тарихи Рашидий»да ёзадики: «Насхтаълиқ хатида чиройли ёзарди. Имлоси форсийда ҳам, туркийда ҳам, арабийда ҳам тўғри ва бекаму кўст эди. У туркийда чиройли қилиб иншо тузишда беназир эди. Бунақаси кўплаб билимдонларнинг қўлидан келмасди. У ўйлаб ўтирмасдан шеър тузарди. Йиғинлар ва суҳбатлар пайтида олдидаги қандай девонни очишмасин, ўша шеърларнинг исталган вазни ва қофиясига мослаб, бадиҳа шеър тўқиб ташларди... Хон йиғинлар пайтида тўқиган бадиҳалардан айримларини мен эслаб қолганман. Қайси гулшаннинг юзингдек бир гули раъноси бор, Қайси гулнинг бир манингдек булбули шайдоси бор? Хур бирла жаннат ул-маъвони кўнглум найласун, Ёрнинг кўйида юз минг жаннат ул-маъвоси бор... Юзи узра кокилу зулфин паришон кўргали Эй Саид, ошуфта кўнглумнинг ажаб савдоси бор... Бир куни мен хондан форсийда бадиҳа айтишини илтимос қилдим. Қаттиқ сўрайверганимдан кейин хон Хожа Ҳасаннинг шу ерда турган девонини очишни буюрди. Очган эдим, бир ғазал чиқди. Матлаидаги биринчи мисра будир: Эй зи сар то ба қадам жони каси, (Эй сен, бошдан-оёқ бировга жонсан). Йиғинда ҳозир бўлган одамлар ҳам бадиҳагўйлик қила бош-лашди. Хон шундай байт тўқиди: Чанд гўйики: Бигў жони каси? Рост гўямки, туи хони касе. (Неча дерсен: «Айт, кимнинг жонисан?) Рост сўзлай: «Ўзинг биров хонисан». Мана шу синов байтидан ҳам у нечоғлик иқтидор эгаси бўлганлиги кўриниб турипти». Мўғуллар тили хусусидаги ушбу қарашларимиз «Марказий Осиё ва Ҳиндистон тарихида Бобурийлар даври» тадқиқотини яратган олим Ғофуржон Сатимовнинг хулосаларига муштарак бўлиб чиқди: «Бобур яшаган даврга келиб, - деб ёзади монография муаллифи, - чиғатой улусида истиқомат қилаётган мўғуллар ҳам туркийда сўзлашар ва маҳаллий аҳоли билан қоришиш натижасида улар ўзларининг асл тили ва маданиятини бутунлай унутиб юборган эди ва кўпинча уларнинг маҳаллий туркий қавмлардан фарқлаш қийин кечарди. Бобур гапирган ва ёзув ишларини олиб борган тил - чиғатой туркий тили деб аталиб, чиғатой улусининг барча ҳудудида шу тилда сўзлашилар эди». Энди мўғул ҳукмдорларининг юз тузилишлари ҳақидаги маълумотга мурожаат этайлик. « Тарихи Рашидий»да Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг Марғилонга Султон Аҳмад мирзо ва Умаршайх мирзони яраштиришга ташрифлари ҳақидаги маълумотларда мўғул хони Юнусхон хусусида бизга керакли чизгилар бор: «Юнусхон Эшонни кутиб олишга ёлғиз борди. Эшон яқинлашганда хон отдан тушдида, отини бир жойга боғлаб қўйиб, лаъл товоқдай юзини қора тупроққа қўйиб турди. Эшон ҳазратлари яқинлашиб келганларида Эшоннинг хонни танийдиган муридларидан бири: «Мана шу Юнусхон бўлади» деди. Эшон ҳазратлари изтироб билан отдан тушиб, хоннинг бошини ердан кўтариб, уни дуо қилдилар. Эшон ҳазратлари Марғилонга келганда айтган эканлар: «Мен Юнусхонни мўғул деб эшитгандим ва мўғулларни соқолсиз, қилиқларини саҳройилардек тасаввур қилар эдим. Аммо хонни кўрганимда фикрим ўзгарди. У соқолли, хушмуомала, очиқ чеҳра киши экан. Бундай назокатли ва зукко муомалали киши кам топилади. Бундай киши донишманд Мирзо Улуғбеккача ва ундан кейин ҳам бўлмаган». «Тарихи Рашидий»да чиғатой сўзи матндаги ўрнига кўра тўрт маънода қўлланади: 1) исм, Чингизнинг ўғли; 2) Чиғатойдан тарқалган мўғул хонлари; 3) чиғатойлар - темурийлар; 4) чиғатойлар - бобурийлар. Биз ушбу асар таржимасини ният қилганимизда мақсадимиз илмий матн яратиш эмас, балки оммабоп «Тарихи Рашидий»ни бунёд этиш бўлди. Токи ўзбек халқи худди «Бобурнома»ни ўз тилида ўқиганидай мириқсин, дедик. Чунки бу тарихий асарнинг адабий-маърифий қиммати « Бобурнома»дан қолишмайди. Япон олими Эйжи Мано Марказий Осиёнинг ХV-ХVI асрлардаги тарихини «Бобурнома» ва «Тарихи Рашидий» асосида яратиш мумкинлиги тажрибасини «Бобур ва унинг даври» номли фундаментал тадқиқотида исботлаб берди. Биз эса бу таржимамиз билан ушбу минтақа аҳолисининг тилдош, дилдош ва маданиятдош халқлар эканлигини тасаввур эттириш учун, бу икки асар бир-бирининг давоми дегулик хулосага келтиришга кўмаклашдик, холос. «Тарихи Рашидий» XVIII асрдан бошлаб ҳозиргача дунёнинг 10 дан ортиқ тилларига таржима қилингандир. Жумладан, инглиз (бир неча маротаба), немис, француз, хитой, қозоқ, турк, уйғур, рус, қирғиз ва бошқа тилларга ўгирилганини ҳисобга олсак, ўз тарихимиз ва маънавиятимизнинг мумтоз манбаи бўлган «Тарихи Рашидий» аллақачонлар ўзбек тилига таржима қилиниши лозим эди, дегимиз келади. Не бахтки, бу юмуш бизнинг зиммамизга тушди. Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг «Тарихи Рашидий» асарини форсий тилда нашрга тайёрлаган, илмий-танқидий матн яратган, ўз тилларига таржима қилган ва илмий муомалага киритган: туркийларнинг фозил фарзандлари - Муҳаммад Содиқ Кошғарий, Мулло Муҳаммад Ниёз Абдулғафур ўғли, инглиз олимлари Денисон Росс, Уильям Эрскин, Томас Арнольд, Америка олими Уилер Текстон, франқуз олими Рене Гроссе, Эрон олимлари Ҳусайн Размжў, Қози Аҳмад Татавий, ўзбек олимлари Ҳамидулла Ҳасанов, Бўрибой Аҳмедов, Асомиддин Ўринбоев, Азамат Зиё, Сабоҳат Азимжонова, Омонбек Жалилов, Ғулом Карим, Раъно Жалилова, Лариса Епифанова, қозоқ олимлари Абдусаттор Дербесали, Ислом Жеменей, Б. Комаков, Байузак Кожабекули Албани, уйғур олимлари Аюпжон Элиюп, Раҳматулла Жорий, Муҳаммадтурди Мирзоаҳмат, Фарҳод Жолан, Мирсултон Усмонов, рус олимлари В.В.Бартольд, В.В.Веляминов-Зернов, Т.Султанов, озарбайжон олими Азиз Мираҳмедов, ҳинд олими Муҳаммад Қосим Ҳиндушоҳларнинг арзанда хизматларини қайд этамиз. « Тарихи Рашидий» яратилгандан бери ўтган давр мобайнида бу асардан кўплаб турли савиядаги котиблар нусхалар кўчиришган, таржимонлар бир неча маротаба туркий тилга ўгирганлар . Ана шу жараёнда нусхалараро фарқлар тобора кўпая борган. « Тарихи Рашидий»нинг нусхалараро фарқларининг ғоят кўплиги ўқувчини хавотирга солмаслиги учун (бунга асос ҳам йўқ даражада) илмий-шарҳий аппаратга мурожаат этмадик. Бироқ умидимиз борки, ҳар қандай талабчан тарихчи олим асар таржимасидаги аслиятга мувофиқликдан қониқади. Чунки биз фарқларга барҳам беришда ақл-идрок ва воқеликка мосроқ келадиган ҳолатларни яратишга уриндик, муаллифга содиқ котиблик учун ғайрат қилдик. Муайян асарнинг ёзилиши ёки таржима қилинишига ҳақиқий ижрочи - муаллиф ва таржимондан ҳам ҳиссаси му-ҳимроқ бўлган - тавсия этувчи, буюртма берувчи киши сабабчи бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов «Маънавиятимиз фидойиси» деб алқаган Бобур жамоат фондининг раиси Зокиржон Машрабов агар бизнинг диққатимизни « Тарихи Рашидий»га тортиб «Бу иккинчи «Бобурнома»дир», дея бу асар таржимасига бизни жалб этиб, моддий ва маънавий мадад бермаганларида биз бу иш ижросига киришмаган бўлардик. Биз бу хизматни зиммамизга олиб қўшимча манбалар излаётган пайтимизда (гарчи қўлимизда «Тарихи Рашидий»нинг Текстон тайёрлаган илмий нашри (Гарвард, 1996) ва ушбу асарнинг Асомиддин Ўринбоев, Р. П. Жалилова ва Л.М. Епифановалар 1996 йилда рус тилига ўгирган таржималари бўлса-да) Зокиржон Машрабов Бобур ва унинг топилмаган асарларини излаб Хитойга сафар қилдилар ва бизга ҳам асқотган - « Тарихи Рашидий»нинг Муҳаммад Ниёз Абдулғафур ўғли бажарган туркий таржимасини - Шинжонг халқ нашриётида босилган (2007 йил) икки жилдли китобни олиб келдилар. Ва бизга шундай истак билдирдилар: «Ушбу ўзбекча таржима «Тарихи Рашидий» таржималарининг энг мукаммали ва ўқимишлиси бўлса эди». Шунинг учун биз асарни илмий таржимадан кўра, бадиий таржима бўлиб шаклланиши учун кўпроқ ҳаракат қилдик. Мукаммаллик учун бир неча нусхалардан фойдаландик. Ўқимишлилик савиясини ўйлаб, шеърлар мазмунини бериш билан чекланмай, уларнинг шеърий таржимасини яратишга уриндик. Амир Темур ва темурийлар, Бобур ва бобурийларнинггина эмас, балки ўзбек халқи фани, маданияти, адабиёти ва санъати намояндаларининг чет элларда хоклари қолган вакиллари ва уларнинг маънавий меросларини излаб топиш ва ўрганишда буюк жонкуярлик кўрсатиб келаётган Зокиржон Машрабовнинг «Тарихи Рашидий»ни она тилида ўқишни бежиз орзу қилмаганликларини биз асарни таржима қилиб бўлгандан сўнг теранроқ тасаввур этдик. Бизга иш жараёнида, таҳририда илмий маслаҳатчи ва мададкор бўлган шарқшунос олим Ғулом Каримнинг хизматларини қайд этамиз. Чунки бу олим қисман бўлса-да, «Тарихи Рашидий»нинг ўзбек тилидаги таржимасига замонамизда илк қўл урган мутахассисдир. Шунинг учун биз табаррукка Ғулом Карим таржималарини матн таркибига киритдик. « Тарихи Рашидий»нинг муаллифдошликда рус тилига деярли тўла таржима қилган марҳум устод Асомиддин Ўринбоевнинг ҳам бизга намуна берганликларини уқтирамиз. Матн саҳиҳлиги ва воқеа-ҳодисалар талқинида сергаклик ва синчковликни биз кўпроқ ушбу русча таржимадан ўргандик, дегимиз келади. Таржиманинг матн таҳририда адиб Хайриддин Султонов, тарих фанлари доктори Абдумажид Мадраимов, филология фанлари доктори Ансориддин Иброҳимов ва шоир Абдулҳамид Пардалар сидқидилдан имдод кўрсатдилар. Шунинг учун биз ушбу «Тарихи Рашидий» асари таржимасининг сабабчиси - Зокиржон Машрабовга, таржима аниқлиги ва матн саҳиҳлигига кўз-қулоқ бўлган шарқшунос олимлар Абдумажид Мадраимов ва Ғулом Каримга, адиб Хайриддин Султоновга, ҳиндшунос олим Ансориддин Иброҳимовга, шоир Абдуҳамид Пардага беминнат мададлари учун миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бу асардаги воқеалар кечган музофот-ҳудудларнинг деярли бир қитъа доирасича кенглиги, асар тилида қадимий туркий, мўғул, ҳинд, уйғур, қалмоқ, помир, хитой, Кашмир, Тибет, араб, форсий сўз ва истилоҳларнинг жуда кўплиги ҳар қандай таржимонни қийнаши табиийдир. Чунки муайян бир сўз қайд этилган тилларда XVI асрда қандай бўлса, ҳозир жуда ози ўз ҳолида сақланган, бунинг устига араб алифбосидаги ёзувда бир сўзнинг ҳар хил ўқилиши хусусиятлари ишимизни қийинлаштирганидек, нусхалар орасидаги фарқлар шу жараённи янада мураккаблаштирди. Ана шундай қийинчиликлар олди-да таржимонларнинг ҳоли не кечишини тарихчи олимларимиз аниқ тасаввур эта оладилар, деб ўйлаймиз. Ҳадик ва шубҳа қалқонини қанчалик маҳкам тутмайлик, тарихчи олимларимиз мададига қанчалик суянмайлик, ушбу ишда талай нуқсонларга йўл қўйганлигимизни таъкидлаймиз. Чунки асар ҳажми йирик, ўнлаб соҳаларга тегишли сўз ва истилоҳлар, ўнлаб тилларда сўзлашадиган ҳудудлар тарихи-га тегишли реалийлар талқинида хато қилмаслик ҳақида оғиз очиш имконсиздир. «Тарихи Рашидий»дай қомусий асарни таржима қилиш журъатини бизга ўзбек адабиётидан Алишер Навоий «Хамса»сини нашрга тайёрлаганимиз ва Гёте асарларини таржима қилганимиз сингари тажрибаларимиз берди. Бироқ журъатнинг ўзи ҳали муваффақият гарови бўла олмайди. Ҳар бир фан ва соҳанинг ўзига хос сир-синоатлари бўладики, бошқа яқин соҳа кишиси ҳам бундан бехабар қолиши аниқдир. Шунинг учун «Тарихи Рашидий»нинг мазкур таржимасида йўл қўйилган ҳар қандай нуқсон ва кемтиклар ҳақидаги мутахассислар фикр ва мулоҳазаларини биз бажону дил кутамиз ва эътиборлари ҳурмати учун олдиндан уларга ўз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. Ваҳоб РАҲМОНОВ, филология фанлари номзоди, доцент, Сайтимизни кузатиб борсангиз ушбу китоб тўлиқ сайтга қўйилади... Китобни харид қилмоқчи бўлганлар эса "Шарқ зиёкори" китоб растларидан харид қилишлари мумкин. Китоб нархи 34 000 сўм. |