Саналар
05.10.2024
Баннер
Тарихи Рашидий (2)
PDF Босма E-mail

БИРИНЧИ КИТОБ
МУҚАДДИМА

Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳийм

У подшоҳ (Худо)га ҳадду ҳисобсиз мадҳия ва қиёссиз миннатдорчиликлар бўлсинки, У зот шак-шубҳасиз энг қадимийдур, мангудир ва айбу нуқсонсиздир. У якка-ягонадир, «У зотнинг биронта шериги йўқдир» (6.163)  деган оятлар бунга далилдир. У ҳоким олимга узлуксиз мақтов ва ташаккурлар бўлсинки, унинг ҳикмати умидсизлик водийсида сарсон бўлганларнинг юзига раҳмат эшигини очгандир. Ғам-қайғу кўчаларида саргардон бўлганларнинг қўлига умид гулларини тутқазгандир.
«Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз» (39.53) деган улуғ сўзи бунинг далилидир. Унинг улуғ даргоҳида ер юзининг такаббурлари хору зор ва эътиборсиздир. Фақирлик ва ожизликка мубталолар – чақасиз ва сармоясиз бечоралар унинг саховат дастурхонидан насибалик ва баҳраманддир.
Шу қадар хайр-эҳсон эгасидирки, унинг қабул қилишининг баракотидан қабул қилингувчиларнинг кўнглига иқбол қуёши нур сочгандир. Айбларни ёпувчидирки, фалакдек қудратли подшоҳлар унинг олий даргоҳида илтижо ва талаб қўлларини тавозеъ ва ёлвориш билан узатгандир.
Қудрат эгасидирки, турк жанговари деб аталган Баҳром (Миррих, Марс сайёраси) унинг улуғ даргоҳида хизмат камарини белига боғлаган бешинчи осмон посбонидур.
Ҳинд ботири деб аталган Кайвон (Зуҳал, Сатурн) юлдузи унинг салтанат пардаси олдида туришга белгиланган еттинчи осмон соқчисидир. Бош котиб Аторуд сайёраси бўлса, абадийлик девонида ўз амри билан яратган «Қалам ва у билан битиладиган битиклар билан» (68.1) машғул бўлишга белгиланган назоратчидир.
Назм:
Боши кўкка етган улуғ шоҳлар ҳам
Унинг даргоҳида бошин қилур хам.
Қайсарга у дарҳол қаҳр этмагай,
Узр сўраганга жабри етмагай.
Улуғлик, мартаба фақат унга хос,
Мулки қадимийдир, зоти хосулхос.
У зотнинг жамоли даргоҳи шу қадар юксакдирки, ўй-фикр даракчиси унинг атрофидаги улуғ соясига етишга ожиз, улуғлик даргоҳининг саҳналари шу қадар кенгдирки, хаёл жодуси унинг атрофларига яқинлашиш имкониятидан маҳрумдир.
Назм:
Унинг таъзимига тизилиб шоҳлар
Қўл чўзиб туришар тиланчи мисол.
Чунки у энг азиз, якка-ягона,
Энг улуғ, абадий, бемислу тимсол.
Пайғамбар алайҳиссаломга пок саломлар ва барча улуғ мадҳиялар бўлсинки, унинг лавҳларининг саҳифаси «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою саловат айтурлар» деган марҳамат ёрлиғи билан зийнатланган.
Назм:
Унинг нури малаклар машъалининг ёлқинидандир,
Унинг файзи фазолар тоқи Аршнинг манзилидандир.
Унинг даргоҳига тортиқ бутун шоҳлар ва тожу тахт,
Унинг маҳрамларининг манзили қудсий макон ҳар вақт.
У шу қадар илм ва давлат эгасидирки, Исои Руҳуллоҳ: «Албатта, мен Аллоҳнинг сизларга юборган пайғамбаридирман. Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи зот сифатида юборилдим» деган башоратни оламнинг ҳамма тарафларига етказган ва бу башоратнинг шарофати билан «Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман», деган шарафли манзилга етишди.
Назм:
Масиҳо ташрифингдан берди мужда,
Шу мужда туфайли тиргузди мурда.
Мусо алайҳиссалом ҳам: «Аллоҳ Аҳмад (Муҳаммад)нинг умматларини яратади» деган орзуси унинг абадийликка туташган давлати далилидир. Ана шу орзунинг шарофатидан у оппоқ хосиятлик қўл (Яди Байзо)га эришиб бахт-саодат топди.
Назм:
Муҳаммад олам аҳлин кўз нуридир,
Ёруғ жаҳон бўстонининг гулидир.
Бори шоҳлар узра у келди сардор,
Икки оламдаги шаҳаншоҳ – тождор.
Унга, унинг оиласи аҳлига, саҳоба ва авлодларига дуо ва саломлар бўлсинки, улар сараланганлар тахтгоҳининг юксак мартабасида ўрин олган ва «Мен сизлардан бу даъватим учун ажр-мукофот сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги дўстлик-яқинликнигина, яъни «Мен сизлар билан насл-насаб жиҳатидан қариндош бўлганим ҳаққи-ҳурмати бу даъватимга тўсқинлик қилмасликларингизнигина сўрайман» (42.23) деган хитоб майдонининг кўзга кўринган зотларидир. Унинг барча издош, дўст ва ёрдамчиларига дуо ва саломлар бўлсинки, улар ҳақиқат майдонининг жасур жангчилари, тариқат даргоҳининг садоқатманд ошиқларидир.
Хусусан, қариндошларнинг улуғи, яхшиларнинг яхшиси «Унга фақат бир киши (Яъни Абобакри Сиддиқ) йўлдош эди. Айни замонда у иккиси ғорда эди» (9.40) деган оятда зикр қилинган зот, мўминларнинг амири, ростгўй – садоқатли дўст Абобакри Сиддиққа (Тангри ундан рози бўлгай ва салом юборгай).
Назм:
Қай маъракада вафо, сахо сўзи қизиқдир
У ким дея сўрама: Абобакри Сиддиқдир.
Аҳду вафода устувор, халифалик мартабасининг соҳиби, савоб ва хато (ҳақ ва ноҳақ)ни аниқ фарқ этувчи, мўминларнинг амири Умар ибни Хаттобга (Тангри таоло ундан рози бўлгай).
Назм:
Дин қуёши камол кўкига етди,
Мусулмонларга соя солди Умар.
«Қуръон»ни жамлаб чиққан, ҳар ишда мулойимлик ва шарм-ҳаёнинг кони бўлган, мўминларнинг амири ҳазрати Усмон ибни Аффонга (Тангри уни раҳмат қилгай, ундан рози ва мамнун бўлгай).
Назм:
Аторуд, Ою Зуҳра – кўкни нақши,
Вале мен қуёшни васф этсам яхши.
Ҳашаматлик, тамкинли ва улуғвор имом, Дулдул ва Зулфиқор эгаси, «ло фато» (ёшларнинг улуғи) исми билан танилувчи, пайғамбаримизнинг ички ва ташқи сир-асрорларининг маҳрами – сирдоши, пайғамбарнинг ғолиб қариндоши, мўминларнинг амири Али ибни Абу Толибга (Аллоҳ унга яхшиликлар ато қилгай).
Назм:
Аллоҳга валию набийга ворис
Али валий эди тенгсиз фаворис.
Шу важдан қуёшдек эди равиши,
Тўртинчи осмондан юз кўрсатиши.
Назм:
Илму ҳалимлигу ҳаё шиори,
Муҳаммад жияни, Аллоҳнинг шери.
Яна икки шаҳзода – Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнга ҳисобсиз салому мадҳиялар бўлсинки, улар пайғамбар алайҳиссаломнинг кўз қорачиқлари, жигарпоралари, Аршга етган улуғ зотнинг азиз неваралари, бутун оламни ёритувчи ва парвариш қилувчи Аллоҳнинг дўсти (Муҳаммад с.а.в)нинг кўз нурларидир.
Назм:
Ундан ҳам, бундан ҳам дин топди камол,
Ҳар икки имомга дуою салом.
Яхшиларнинг хўжаси, хушхабарларнинг манбаи пайғамбар алайҳиссаломнинг шарафли тоғалари бўлган ҳазрати Умар Ҳамза ва ҳазрати Аббос – улар шариат чодирига ёпқич, дин уйига асос эди – қаторларида ва покликда номи камол топган ўнта улуғ саҳобага ва уларнинг пок руҳларига кўпдан-кўп дуою саломлар бўлгайки, ҳаловат тахти улар вужуди билан зийнат топгандир. Улар ҳокимият ишларининг моҳир саркардалари, шариат дунёсининг қобил ҳокимлари эди (Тангри таоло уларнинг ҳаммаларидан рози бўлгай).
Булардан кейин ўткир кўзлилар назарига ва донишмандлар кўнглига махфий қолмагайки, Тангрининг муқаддас самовий сўзларидан иборат бўлган, эъзозга сазовор улуғ китоб – «Қуръони Карим» Муҳаммад Мустафо (с.а.в)га тушган буюк ва очиқ-ошкора ҳужжатлардан бўлиб, «Аллоҳ сўзларининг тўплами» бўлганлиги билан азиздир ва у уч қисмга бўлинади: биринчиси, буюк ва муқаддас Тангрининг якка-ягоналиги; иккинчиси, Муҳаммад (с.а.в) шариатининг ҳукмлари; учинчиси, тарихлардан таркиб топгандир. Бинобарин, «Уни фақат таҳоратли – пок кишиларгина ушларлар» (56.79) деган оят мақсадларининг учдан бир қисми қадимда ўтганларнинг аҳволларини билишдан иборатдир. Бу ҳам бўлса, тарих илмининг фазилатларини исботлайдиган равшан далилдир. Яхши маълумки, бу илмнинг фойда-манфаатларини ҳар соҳа, ҳар қавм кишилари бирдек эътироф қилишади. Гап шундаки, халқ, балки олам аҳлининг ҳаммаси бу илмга амал қилади ва аввал ўтганларнинг ривоят ва ҳикоятларини келтиришади. Уни ўзларига далил – ҳужжат қилишади. Унга қатъий риоя қилишади.
Туркий қавмларда ҳамма воқеа-ҳодисаларда, ҳар қандай муҳим ишларнинг ҳаммасида, балки барча муомала-муносабатларда уларнинг сўзлари биносининг асоси илгари ўтганлар қолдирган ривоятлар ва ҳикоялар устига қурилган бўлади. Шу боис, мен – Аллоҳнинг энг фақир бандаси, Аллоҳ марҳаматидан ўзга бирон нарсага муҳтож бўлмаган Муҳаммад Ҳайдар ибн Муҳаммад Ҳусайн кўрагон, дўстлари орасида Мирзо Ҳайдар номи билан танилган кимса, имкониятим йўқлиги ва билимим етарли эмаслигига қарамай, бу залворли ишга киришмоқдаман, чунки мўғул хонлари, мана неча замонларки, дунёни фатҳ этиш ишларидан четлашиб, дунёнинг обод манзилларидан кўра саҳрони афзал билишди ва шу боисдан улардан ҳеч ким тарихни ёзмади, улар ўз аждодларини оғзаки ҳикояларда эслашади, холос. Мана ҳозир, 951 (1544-1545) йилда ўша ҳикояларни эслайдиган одамлардан ҳеч ким қолмаган. Бу муҳим ишни қилишга мен чоғланишимнинг сабаби шундаки, агар шунга мен киришмасам, унда мўғул хонлари тарихи замон саҳифасидан тамоман ўчиб кетади.
Мен қанчалик мулоҳаза қилган ва ақл кўзи билан кузатган бўлмайин, китобнинг муқаддимасида буюк Тангрига ҳамду сано айтиш, карамлик пайғамбаримизга саловату дуолар йўллаш учун ўзимда бу ишга ярайман, деган ишончни тополмадим..
Назм:
Мен шўрлик саргардон бир бечораҳол,
Кимманки Аллоҳни мадҳ этсам? Ҳайҳот!
Юрагим титрайди сўз очай десам,
Зикр этай Аллоҳнинг сўзини бот-бот.
Китобнинг бошида табаррук қилиб, яхши ният билан уламолар етакчиси, тариқат аҳлининг йўлбошчиси, шариат қонунларининг билимдони, ўзидан олдин ўтганлар қолдирган илмларни ва ўзи етишган илмларни пухта ўзлаштирган олим Мавлоно Шарафиддин Али Яздий (Аллоҳ уни раҳмат ва мағфират қилгай)нинг «Зафарнома» асарининг муқаддимаси ва бошланиш қисмини тўлиқ келтирдим.
Чингизхондан то Туғлуқ Темурхонгача бўлган мўғул хонларининг ва мўғул қавмининг тарихи тарихий китобларда сақланган бўлса-да, бироқ Туғлуқ Темурхондан кейин ҳукмронлик қилган хонлар ҳақида у китобларда ҳеч нарса йўқ. Тўғрироғи, гап ўша хонларга етганда, тарихчилар уларнинг ҳаётларини юзакигина ёритиб кетишган, холос.
Хуллас, фақир ушбу тарихни Туғлуқ Темурхондан бошладим. Бунинг учта сабаби бор: Биринчиси шуки, Туғлуқ Темурхонгача бўлган хонлар ҳақида ёзишган, ундан кейингилари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Мен тарихий китобларда келтирилмаган маълумотларни ёритишни лозим топдим. Туғлуқ Темурхон давригача етарли тарих бўлатуриб, яна уни такрорлаш Фурот дарёси ёқасида қудуқ қазишдек иш бўлади. Иккинчи сабаб: Туғлуқ Темурхондан кейин ҳеч бир хонга у даражада улуғ мартаба, у қадар кўп фатҳ-зафар, у қадар улуғлик ва салтанат муяссар бўлмаган. Учинчи сабаб: мўғул хонларидан ана шу Туғлуқ Темурхон биринчи бўлиб ислом йўлига мушарраф бўлгандан кейин бутун мўғул халқи кофирлик асоратидан халос бўлди. Бошқа халқларга ўхшаб мусулмон бўлишди. Зотан, мана шу сабабларга кўра бу «Тарих» Туғлуқ Темурхоннинг номи ва унинг муборак зикри билан бошланди.
Яна учта сабаб туфайли бу китоб «Тарихи Рашидий» деб аталди. Биринчиси: Туғлуқ Темурхон ҳазрати Мавлоно Аршадиддин қўлларида мусулмон бўлган эди. Бунинг боиси тез орада зикр қилинади. Иккинчи сабаб, Туғлуқ Темурхондан илгари Бароқхон ва Бароқхондан кейин Кебекхон мусулмон бўлишди. Аммо, мўғул хонлари ва мўғул улуси исломда тўғри йўлни тополмай, ундан чекиниб, ўз ғаддор табиатлари чангалидан чиқолмай, дўзахга кирувчилар қаторида қолишди. Лекин бу саодатманд Туғлуқ Темурхон мусулмон бўлгандан кейин мўғул улусига исломда тўғри йўл топиш бахти муяссар бўлди. Бу китобнинг ибтидоси Туғлуқ Темурхоннинг зикрлари билан бошлангач, ушбу китобни «Тарихи Рашидий»  деб атамоқ муносиб кўринди. Учинчи сабаб: Мўғул хонларининг бу кунлардаги вакили Абдурашидхондир. Бу «Тарих» унинг исмига ва унинг қилган ишларига бағишлаб битилди. Шунинг учун, ана шу учта сабаб билан бу китобга «Тарихи Рашидий» деб ном берилди. Бу тарих икки китобга бўлинади. Биринчи китобда Туғлуқ Темурхон ҳаётининг дастлабки даври баёнидан тортиб то Абдурашидхоннинг зикригача ҳикоя қилинади. Иккинчи китобда фақирнинг аҳволларим ва ўзбек, чиғатой хонлари ҳамда бошқаларнинг ҳаётларидан  мен ҳақир кўрган, эшитганларим – чунки мен уларга замондош эдим – ўша вақтларда бўлиб ўтган воқеалар баён қилинади. Бу фақир бандасини Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ўз пок инояти билан мўғул халқлари доирасидан чиқариб, ўзгалардан мумтоз ва бадавлат мустақил арбоб қилди, яқинларимга зору муҳтож қилмади. Мен билан бир қавмдан бўлган амаким, тоға, аммаю холаларимнинг фарзандлари бўлган мўғул хон ва хоқонлари томонидан менга нисбатан ёмонлик, мухолифат ва келишмовчиликлар содир этилди. Шулар хусусида ҳам иккинчи китобда бирозгина сўз юритилади. Уларнинг кўнгиллари шунчалик қаттиқки, менинг исмим «Ҳайдар» эканлиги, маъноси ҳаёт, тириклик эканлигини билатуриб менга ўлим тилайдилар.
Фард:
Хоҳласанг сен биҳиштга бормоқ,
Ўзгалар хоҳиши сақарга юрмоқ,
Ушбу жиҳатдандирки.
Рубоий:
Сенингки дарду ғаминг ёри азизимдир,
Жафою жавр етар барча дилпазиримдир.
Ушбу саодат етар, бас мани агар кўрсанг
Ки хотирингга кечар: «Бу гадо асиримдир».
Бу фақирнинг онаси ва онамнинг онаси шундай бир неча аждодгача  ҳаммаларининг  онаси хоқонларнинг аммаларидир ва ота тарафдан ҳам ушбу нисбат бордур. Шунчалик бўлишига қарамай мен фақир ўн уч ёшда аянчли етимликда Султон Саидхоннинг хизматларига етдим. У хон оталик шафқати билан мени ризқ топиш машаққатидан улуғлик мансабига етказди. Дўстлик йўсини ва қадрдонлик ришталарини шундай маҳкам ва мустаҳкам қилдики, ҳатто у хоннинг болалари ва биродарлари бунга ҳасад этдилар.
Йигирма тўрт йил Султон Саидхоннинг хизматларида фазилатларини ўзлаштириб, уларнинг тарғиб ва таълимлари билан улуғлик ва ҳашамат чашмасига чўмдим. Хат-савод чиқармоқ, шеър айтмоқ ва шеършунослик фанида ва баён услубини яхшиламоқ ва зийнат бермоқликда, мусаввирлик, хаттотликда ўзим ҳам замондошларим орасида мумтоз ва моҳир бўлдим. Ва бошқа ҳунарларни: муҳр ўймоқ, тош кесмоқ, заргарлик ва зарҳаллаш, совут ва ўқу ёй ясаш, меъморлик ва дурадгорлик ҳамда бошқа хилма-хил касбларни эгалладим. Ушбу ҳунарларни шу даражада ўзлаштирдимки, ушбу касбдаги моҳир устозларнинг кўплари менга шогирд даражасида қолдилар. Бунчалик фазилат ва ҳунарларни эгаллашимга хон саъй-ҳаракатлари ва рағбатлантиришлари сабаб бўлди. Бунинг устига салтанат ишлари, кенгаш-машварат усуллари, жанг қоидалари, тунги босқинлар, ўқ-ёй отиш, ов қилиш, овга етакчилик қилиш сингари давлат ишларида зарур бўлган барча ҳунарларни эгаллашимда устозим ва тарбиячим Султон Саидхон ҳазратлари бўлди. Юқорида зикр қилинган касб-ҳунар, санъатларнинг кўпчилигида хонга шогирд эдим. Гарчи хоннинг ўғилларидан менга ва туғишганларимга нисбатан энг даҳшатли ёмонликлар содир этилган бўлса-да, буларни менга хон томонидан кўрсатилган марҳаматлар билан қиёслаб ўша ёмонликлардан кўз юмиб, бу «Тарих»ни унинг ўғли шарафига битдим. У буни қабул қиладими-йўқми, барибир, бу мендан унга, ундан эса халққа ёдгор бўлиб қолади. Китобнинг номи ҳам унинг муборак номи билан боғлиқ, унинг шарафли унвонлари ҳам қуйидагилар: Хоқон ибн Хоқон, Султон ибн Султон, Аллоҳга такя қилувчи шафқатли ҳукмдор Абулмузаффар Абдурашидхон бахтиёр ҳаёт кечириб, шаҳидлик мартабасини топган Абулфатҳ Султон Саидхоннинг ўғли.
Қитъа:
Тилим йўқ ҳеч, Илоҳо, сўзламакка,
Ки Ҳайдарга не сўзларга ҳад бўлгай.
Ки шоҳ Абдурашид аъзам Уммону
Улуғлик тоғига у сармад бўлгай.
Бу шоҳ васфию жоҳу жалолин
Демак, бундан зиёда ибрат бўлгай.


 

Биринчи фасл. «Тарихи рашидий»нинг ибтидоси

Яратувчи Тангри таоло олам ва одамни яратаётган пайтда уларга: «Мен сизларнинг Парвардигорингиз эмасманми?» дея мурожаат қилди. У бахт-саодатга мушарраф қилган баъзи бандаларини (Аллоҳ хоҳлаган бандасига иноят кўргизади) «ҳа» жавобини бериш шарафига муяссар қилди. Айрим бандаларини эса бахтсизликка мубтало этди. Зеро, «Аллоҳ уларнинг диллари ва қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса парда қоплаб олган» (2,7) деган оятга кўра, Аллоҳ уларнинг пешоналарига инкор муҳрини босиб: «Улар кар ва соқовдирлар» (6.39) деди. Биринчи гуруҳдаги одамларга қилинган иноятдаги ва иккинчи гуруҳга берилган жазодаги донолик шундаки, ҳеч бир сабаби йўқлигига қарамасдан, улар ақлга сиғмайди ва уларни мулоҳаза қилиш ман этилган, камина – фақир қул буни баён қилмоғим керак. Гарчи иймон дил билан тасдиқ қилмоқ ва тил билан иқрор қилмоқ бўлса-да, иймоннинг моҳияти – ғайбга ишониш демак ва бу бахт-саодатни ақл билан англаб бўлмас.
Фард:
Ақл йўли ҳам гоҳ айлагай хароб,
Яратгандан ўзга барчаси сароб.
Азалий ҳидоят – бу Аллоҳнинг иноятидир, бундай иноятга ноил бўлмоқ – демак, ғайбга иймон келтирмоқдир, бу нарса инсонга юқоридан берилади, уни одам ўзи яратмайди.
«Кашф ал-маҳжуб» («Ғойибни кашф этиш») асари муаллифи ҳикоя қилади: Одамлар мусулмонларнинг амиралмўминини Али (Аллоҳ уни раҳматига олган бўлсин)дан «Маърифат (танимоқ) нима дегани» деб сўрадилар. У дедики: «Мен Аллоҳни Аллоҳ кўмагида танидим, Аллоҳнинг ғайрини Аллоҳ нури билан танидим».       
Шундай қилиб, қудратли Аллоҳ танани яратиб руҳга, танага ҳаёт бер, деб буюрди, дилни яратиб, унга жон ато қилишни ўз бўйнига олди. Зеро, ақлда танага жон ато қилиш қудрати йўқдир, унда тирилтириш қудрати ҳам йўқ, Аллоҳ айтган: «Улар аввал ўлик бўлган, биз уларни тирилтирдик» (6.122) ва  шу тариқа дилни тирилтиришни ўз зиммасига олди. Шунда у: «Биз унга одамлар орасида ўзи билан олиб юрадиган нур (иймон)ни ато этдик» (6.122) деди. Яратгувчи айтди: «Мўмин бандаларимга таралиб турган нур мендирман». Шунингдек, у яна айтди: «Ва қалбини бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нарсага қул бўлган, қилар иши исрофгарчилик бўлган кишиларга эргашган ҳамда (ўзларининг ҳам) қилган ишлари исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (18.28). Модомики дилга Аллоҳ жон ато этган экан, унда ғайри илоҳий бўлган ҳамма нарса – баҳона ва сабаб эканлигини билган кишига ана шу баҳона ва сабабни Яратганнинг иноятисиз тушунтириб бериш мушкулдир. Шу пайтгача биз «Кашф ал-маҳжуб» асаридаги изоҳларни келтирдик, зеро бунга бандаи ожизнинг билимлари камлик қилади.
Барҳаёт ҳидоятнинг насими эсган чоғ дил гулшанида иймоннинг ғунчаси очилур. Агар Аллоҳ бандаларини ҳидоят сари бошламай қўйса, унда Од  қавмининг тўзонлари кўтарилиб, дил гулшанидаги гулларни томири билан қўпориб ташлайди ва гуллар очилмасдан нобуд бўлади.
Фард:
Болта ўтин ёрган каби бегумон,
Тонг ели учирар гул баргин ҳар ён.
Чунончи, Пири Ҳирот Хожа Абдуллоҳ Ансорий (Аллоҳ уни раҳмат қилсин) айтди:
«Абу Жаҳл Каъбадан чиқди, Иброҳим Халил бутхонадан чиқди. Ҳар икковиям Аллоҳ иноятига сазовор бўлиш умидида чиқишди, қолган барчаси мақсадга эришиш йўлидаги баҳонадир».
Бу муқаддимадан мақсад Туғлуқ Темурхоннинг исломга кириш сабабини кўрсатишдир. Унинг олдига Шайх Жамолиддинни келтирдилар, қарашса, хон итларни тўнғиз гўшти билан боқиб ўтирарди.
Хон сўради: «Эй тожик, сен яхшироқми ёки бу итми?» Шайх (Аллоҳ уни раҳмат қилсин) жавоб берди: «Агар иймон мен билан бўлса, мен яхшироқман, иймон мен билан бўлмаса, ит мендан яхшироқдир». Бу сўзлар хонга қаттиқ таъсир қилди ва унинг дилида исломга муҳаббат қарор топди ва қодир Аллоҳ бунга изн берса, биз ҳам бунинг шарҳини битурмиз.
Туғлуқ Темурхон Эсан Буғахоннинг ўғлидир. Мана, Эсан Буғахоннинг шажараси: Эсан Буғахон ибн Дувожихон ибн Бароқхон ибн Қаро Ису  ибн Мотукан ибн Чиғатой ибн Чингизхон ибн Йасукой ибн Биртон ибн Кобил ибн Тумана ибн Бойсунғар ибн Қайду ибн Думанин ибн Буқо ибн Бузанжирхон, у Аланқува Кўрклукхоннинг ўғли эди. Аланқува жуда пок аёл бўлган. У ҳақда «Зафарнома»да шундай ҳикоя қилинади: «Туйнукдан унинг уйига бир ёруғлик нури тушди ва у нур Аланқуванинг оғзига кирди, шундан сўнг у ўзининг ҳомиладор эканлигини сезди, бу худди Жаброил алайҳиссаломнинг нафасидан Имроннинг қизи Марямда эркак дахлисиз ҳомила пайдо бўлганига ўхшайди» .
Фард:
Марям қиссасини эшитсанг тилдан,
Аланқува ҳолин англайсан дилдан.
Ушбу китобнинг – бу ҳикоялардан мақсади шуки, Бузанжирхон онадан отасиз туғилди. Онаси Аланқува Кўрклукка келсак, унинг номи барча тарихий битикларда қайд этилган ва у Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли Ёфас (уларнинг руҳлари шод бўлсин) га бориб тақалади. Аланқува Кўрклукнинг боболарининг ҳар бири тарихларда зикр этилган, улар ҳақида ҳикоямиз чўзилиб кетмаслиги учун бу ерда тўхтаб ўтирмаймиз.
Бу китобда, илгари айтилганидек, мўғулларнинг исломни қабул қилганларидан кейинги ҳолати зикр этилади, ундан олдингиси тилга олинмайди. Китобнинг бошида бу ҳақда тўхталган эдик.


Иккинчи фасл. Туғлуқ Темурхон ҳаётининг дастлабки даврлари.

Мўғулларнинг ишончли кишилари оғзидан эшитганим ва отам ҳамда амаким (Аллоҳ таоло уларга беҳишт боғларидан жой ато қилсин)нинг ҳикоя қилишларича, Туғлуқнинг отаси Эсан Буғахоннинг катта хотинининг оти Сотилмиш Хотун, иккинчисининг оти Менглихон эди. Сотилмиш Хотун туғмас эди. Хон лашкарлари билан урушга кетади. Мўғулларнинг қадимий удумига кўра энг катта хотин ҳарамдаги аёллар устидан ҳукм юргизиш ҳуқуқига эга бўлади. У кимни хоҳласа ҳарамда қолдирар, хоҳламаганини истаган кишига тортиқ қилиб юборар эди. Сотилмиш Хотун Менглик Хотуннинг хондан ҳомиладор эканлигини билиб қолиб, ҳасади келиб, уни Шировул дўхтуйга бериб юборади. Шировул дўхтуй улуғ амирлардан эди. Хон юришдан қайтиб келиб Менгликни сўраганида Сотилмиш Хотун: «Мен уни бир кишига бериб юбордим» деди. Хон: «У мендан ҳомиладор эди» деди. Хон хафа бўлди, мўғулларда одат шундай бўлганлиги боис у ҳеч нарса демади.
Кўп ўтмай Эсан Буғахон оламдан ўтди. Мўғуллар улусида хон қолмади; мўғуллар ҳар бири ўз хоҳишича яшай бошлади ва улус харобликка юз тутди. Шунда менинг бобокалоним, Эсан Буғахон даврида Кошғар ҳукмдори бўлган амир Буложи дўғлат, давлатда интизом ўрнатиш учун бирорта хон топишга киришди. У –   Тоштемур исмли кишини Шировул дўхтуй ёнига юборди ва Менглик ҳолидан, унинг боласидан хабар топишни, агар ўғил туғилган бўлса, уни ўғирлаб олиб келишни унга топширди. Тоштемур айтдики: «Бу ишни бажаришга катта муддат керак, йўл озуқаси ва ажратилган отлар камлик қилади. Марҳаматингиз билан менга уч юз туёқ эчки ажратингки, биз мақсадга эришмоқ учун элатма-элат юрганимизда уларнинг сутидан ичайлик». Амир Буложи у сўраган ҳамма нарсани бериб, уни жўнатди.
Тоштемур бутун Мўғулистон бўйлаб узоқ кезди. Шировул дўхтий юртига етиб борди. У ерда Менглик ва унинг боласини суриштирди. Айтдиларки, Менглик бир ўғил туққан, дўхтуйдан ҳам бир ўғил кўрган, улар бирга туришади. Хоннинг ўғлига Туғлуқ Темур деб, Шировулнинг ўғлига Инжу Малик деб от қўйишди. Хуллас, у бир йўлини қилиб Туғлуқ Темурни олиб қочди ва амир Буложи ҳузурига йўл олди.
Амир Буложи Оқсувда эди. Чиғатойхон ўз мулкини тақсимлаган пайтда Манглай Субени («Кунгай тараф» дегани) амир Буложининг бобоси Уртубуга берган эди. Манглай Субенинг шарқида Кусан ва Торбугур, унинг ғарбий чегарасида эса Сомғар билан Фарғона вилоятининг чеккаси ҳисобланмиш Жоқисман жойлашган эди. Унинг шимолида Иссиқкўл, жанубида Чарчон ва Сариқ Уйғур жойлашган эди. Ушбу ҳудудни Манглай Субе деб аташар ва у амир Буложи тасарруфида эди. Ўша пайтда бу ўлкаларда кўплаб шаҳарлар бор эди. Улардан энг йириклари Кошғар, Хўтан, Ёрканд, Ўзганд, Косон, Ахсикат, Андижон, Оқсув, Отбоши, Кусан шаҳарлари эди. Амир Буложи булар ичидан ўз қароргоҳи қилиб Оқсувни танлади.
Тоштемур хонни олиб қайтиб келганида унда бор-йўғи битта кўк эчки қолган эди, шу боисдан унга «Кўк эчку» деган лақаб беришди. Ҳозиргача авлодларида шу лақаб сақланиб қолган.
Улар Оқсувга яқин қолишганда бир карвонга ҳамроҳ бўлишди. Муз билан қопланган Музот довонидан ўтишаётганда хон музли дарага тушиб кетди. Тоштемур дод-вой қилди, аммо ҳеч ким унга эътибор қилмади. Довондан ўтаётганда карвон тўхтади. Тоштемур савдогарлардан бирининг ёнига борди, унинг исми Бекжак эди, унга хон воқеасини айтиб берди, у воқеани ўз ҳамроҳларига билдирди. Улар Тоштемур билан  биргалашиб музли дара олдига боришди. Бекжак пастга тушиб, хонни соғ-саломат топди. Шу ернинг ўзида хоннинг ваъдаларини олиб, эҳтиёт юзасидан, хондан узр сўраб деди: «Агар биринчи бўлиб сиз юқорига чиқсангиз, эҳтимол мени тортиб олишмас. Аввал, мен чиқаман, сизни бўлса сўзсиз тортиб олишади». Астойдил узр сўраб бўлгач, арқон ташланглар, деб қичқирди. Арқон ташлашгач, аввал у чиқди, сўнгра хонни чиқариб олишди. Биргаликда уни Оқсувга, амир Буложи ҳузурига олиб  боришди. Амир Буложи уни хон кўтарди. Туғлуқ Темурхон ўз ҳукмронлиги даврида нафақат бутун Мўғулистонни, балки Чиғатой тасарруфидаги ерларнинг катта қисмини эгаллаб олди, бу ҳақда ҳали сўз юритамиз.


Учинчи фасл. Туғлуқ Темурхоннинг исломни қабул қилгани баёни.

Ожиз банда Мавлоно Хожа Аҳмад (Аллоҳ унинг сирларини муқаддас қилсин) Мавлоно Аршадиддин авлодларидан бўлиб, бағоят ҳурматли, художўй, авлиё киши эди ва Хожагон силсиласига мансуб эди (Аллоҳ уларнинг дилларини равшан қилсин). Камина йигирма марта унга таъзимга келдим. Унга таъзим қилмоқ учун иккита жомеъ масжидидан ўзга жой топа олмадим. У ҳамиша узлатда, ўз ибодатхонаси бурчагида юзини қиблага бурганча, Аллоҳга маҳлиё бўлган ҳолатда ўтирарди. У ўзи мансуб бўлган мазҳабдаги авлиёларнинг сўзларини жуда яхши ифода этганидан ҳатто ҳеч бир алоқаси бўлмаган одам ҳам шубҳасиз уларнинг таъсирига тушиб қоларди. Мен унинг шундай ҳикоя қилганини эшитганман: «Менинг аждодларим ҳақида тарихий битикларда мана бундай деб ёзилган: «Мавлоно Шужоиддин Маҳмуд (Ҳафизиддин Кабир Бухорийнинг иниси) сўнгги мужоҳидлардан бири эди, ундан сўнг бошқа мужоҳид дунёга келмади. Чингизхон даврида Бухоронинг барча имомларини тўплаб, Чингизхон ўрнатган тартибга мувофиқ Хожа Ҳафизиддинни шаҳид қилишди. Мавлоно Шужоиддин Маҳмудни эса сургун қилиш одатига кўра бутун оиласи билан Қорақурумга жўнатишди. Мавлоно ўша ерда вафот этди. Қорақурумдаги тартибсизликлар пайтида унинг ўғли Турфон ва Хўтан оралиғидаги кўзга кўринган шаҳарлардан бўлган Луб ва Катакка кетди. У ерда уни иззат-ҳурмат қилишар, бир қанча издошларни тарбиялаган эди. Мавлоно Хожа Аҳмад уларни тўлиқ келтирган эди ва ҳар бирининг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилар, аммо ҳикоянинг тўлиқ тафсилоти  хотирамда  аниқ қолмаган. Сўнггисининг исми Шайх Жамолиддин эди. У юксак билим эгаси эди ва Катакда яшарди. Бир куни жума намозидан сўнг у амри маъруф ўқиди ва одамларга қарата деди:
«Шу пайтгача биз сизларга кўп бора амри маъруф ўқидик, бироқ ҳеч ким бунга қулоқ солмади. Мана энди маълум бўлдики, қудратли ва қодир Аллоҳ бу шаҳар бошига катта балою офат юборипти. Мен бу шаҳардан қочиб, балодан қутулмоқ учун ўзидан имдод олдим. Бу менинг сўнгги амри маъруфим, менга изн беришларингни сўрайман ва сизлар билан хайр-маъзур қиламан, негаки биз энди қиёмат куни учрашамиз».
Шайх минбардан тушди. Масжид муаззини унинг ортидан борди ва йўлга отланаётганини кўрди. У Шайхнинг сўзларига тўлиқ ишонди ва унга ҳамроҳлик қилишга рухсат сўради. Шайх: «Яхши бўлади» деб марҳамат қилди ва муаззин унга ҳамроҳ бўлди. Улар шаҳардан уч фарсах нарида тўхташди. Кейин муаззин Шайхнинг рухсати билан шаҳарга қайтиб, қандайдир муҳим бир ишни бажарди ва тағин Шайх ҳузурига жўнади. У жоме масжиди ёнига етаёзганда йўлакай ўйлади: “Кел, хуфтон намозига азон айтай”. У минора тепасига чиқиб, азон айтди. Азон айтаркан, осмондан қуп-қуруқ қор мисол бир нарса тўкилаётганини пайқади. Азон айтиб бўлиб, бироз турди, Аллоҳга сиғинди ва пастга тушди. Кўрдики, минора эшиги очилмаяпти. Чиқишга йўл топмасдан, яна минора тепасига қайтиб чиқди-да, атрофига назар ташлади. Шунда у осмондан қум ёғилиб, бутун шаҳарни қоплаётганини кўрди. Бироздан сўнг у замин яқинлигини пайқади. Диққат билан тикилиб, ергача бир-икки қадам қолганини кўрди, пастга сакраб тушиб, қўрқувдан титраб-қақшаганча, жадал йўлга тушди. Ярим кечаси у Шайх ёнига етиб борди ва бўлган воқеани унга айтиб берди. Шу заҳоти Шайх йўлга тушди ва: “Яхшиси Аллоҳнинг ғазабидан узоқроққа қочайлик”  деди, улар қочишди.
Ўша шаҳар ҳозир ҳам қум остида ётипти. Аҳён-аҳёнда шамол қумларни учирганда миноранинг тепаси ёки гумбазнинг юқори қисми кўзга ташланади. Баъзан шундай бўладики, шамол уйни тамоман очиб ташлайди ва уй ичига кириш мумкин бўлиб қолади. Барча уй-рўзғор буюмлари жой-жойида, ҳеч бир шикаст етмасдан турибди, уй эгаларининг суяклари бўлса оқариб кетган. Бунақасини кўп марталаб кўришган. Шундай қилиб, қум остида қолган Катак шаҳри катта шаҳар бўлган.
Қисқаси, Шайх у ердан Оқсувга ёндош бўлган Ойкўлга келди. Бу пайтда Туғлуқ Темурхон Оқсувда эди. Уни Оқсувга келтиришганда ўн олти ёшда, Шайх  билан учрашганда эса ўн саккиз ёшда эди. Учрашув шундай юз берди: хон ов қиларди, ҳеч ким овдан бўйин товламасин, деб буйруқ берди. Ов пайтида улар кўришдики, бир жойда бир нечта одамлар лаш-лушлари билан ўтиришибди. Хизматкорлар бориб, уларни тутиб, қўлларини боғлаб, хон ҳузурига келтиришди, сабаби улар буйруқни бажаришмаган ва овда иштирок этишмаган. Хизматкорлар хондан, буларни нима қилайлик, деб сўрашди. Хон: “Нега буйруғимни бажармадинглар?” деб сўради. Шайх тушунтирди:
”Биз ғариб кишилармиз, вайрон бўлган Катакдан келяпмиз, овдан, сизнинг буйруғингиздан хабаримиз йўқ эди, акс ҳолда буйруғингизга хилоф иш қилмаган бўлардик”. Хон ўша аснода бир нечта итга тўнғиз гўштини едириб ўтирарди ва ғазаб ичида сўради: ”Сен яхшироқми ёки мана бу итми?” Шайх жавоб берди: ”Агар иймонли бўлсам, мен яхшироқман, бордию иймонсиз бўлсам, унда ит мендан яхшироқ”. Хон шу заҳоти туриб кетди, бир одамини юборди ва ўз отига ўша тожикни ўтқазиб, иззат-ҳурматини жойига қўйиб, қароргоҳга олиб келишини  буюрди.
Ўша мўғул ўз отини Шайх олдига кўндаланг қилди. Шайх қараса, бутун эгар тўнғиз қони ила булғанган, шунда: ”Мен яёв бораман“ деди. Мўғул, буйруқ шунақа, отга мининг, деб туриб олди. Мавлоно таҳорат сочиғини эгарга ёпиб, отга минди. Келиб кўрдики, ёлғиз ўтирган хон устида ҳам қон излари бор эди. Шайх келгач, хон ундан сўради: ”У нима эканки, ўшанга эга бўлган одам итдан яхшироқ бўлади?”. ”Бу иймон“ деди Шайх ва мусулмон дини ҳамда мусулмончиликни аниқ изоҳлаб берди. Хон йиғлаб юборди ва агар мен хон бўлиб, мустақилликка эга бўлсам, ўшанда сиз, албатта, менинг ёнимга келасиз ва мен сўзсиз мусулмон бўламан, деди-да, Шайхни ҳурмат-эътибор билан кузатиб қўйди.
Бу воқеадан кейин Шайх оламдан ўтди. Унинг Мавлоно  Аршадиддин исмли ўғли бор эди, у ҳам ҳаққа етган инсонлардан эди. Шайх ўғлига васият қилди: «Бир туш кўрдим, гўё чироқни баланд бир жойга қўйибману бутун машриқ томон ёришган эмиш. Шундан кейин мен Оқсувда Туғлуқ Темурхон билан учрашдим». Сўнгра, ҳозиргача зикр этилган воқеаларни унга гапириб берди ва сўзида давом этди: «Менинг умрим етмади, энди сен йигитнинг хон тахтига ўтиришини кут, ўшанда унинг ёнига бор; эҳтимол у ўз ваъдасини бажариб, исломни қабул қилар. Бу саодатмандликка йўл кўрсатувчи сен бўлгил, токи бутун дунё сен туфайли мунаввар бўлсин». Шуларни васият қилди-да, Шайх дунёдан кўз юмди.
Кўп ўтмай Туғлуқ Темурхон хон бўлди. Бу хабар Мавлоно Аршадиддинга етган заҳоти у Оқсувдан Мўғулистонга жўнади. Хон улуғвор ҳукмдор эди, Мавлоно у билан учрашишга ва мулоқот қилишга қанча уринмасин, бунга муяссар бўлолмади. Шунда у хон қароргоҳига яқин жойда ҳар тонгда азон айта бошлади. Бир куни тонгда хон ўз мулозимларидан бирини чақириб: «Мана бу товушни эшитяпсанми? Анча кундан бери тонг маҳали кимдир мана шундай қичқиради. Бориб уни келтир», – деди. Мавлоно жаноблари ҳали азонни тўхтатмай ўша мўғул пайдо бўлди-да, Мавлонони гирибонидан тутиб, хон қошига судраб келди. Хон уни ёнига чорлаб: «Сен қандай одамсанки, ҳар куни тонгда, уйқунинг энг ширин пайтида дод соласан?» деб сўради. «Мен бир вақтлар сен мусулмон бўламан, деб ваъда берган одамнинг ўғли бўламан» деди у ва юқорида зикр этилган ҳикояни айтиб берди. Хон эса: «Яхши, нега сен келдинг, отанг қаерда?» деб сўради. Мавлоно: «Отам вафот этди ва бу ишни менга васият қилди» деди. Хон айтдики: «Хон кўтарилганимдан буён шундай сўз берганимни доимо ёдга оламан, ўша одам эса келмасди, сен энди хуш келибсан. Нима қилиш керак?».
Ўша тонг ҳидоят офтоби иноят машриғидан чиқиб, кофирнинг қоронғу кечасини ёритди. Мавлоно жаноблари хонни ғусл қилдириб, иймон моҳиятини тушунтирди. Хон мусулмон бўлди. Бундан ташқари, улар исломни ошкора тарғиб қилиш ва ёйиш режасини туздилар ва келишдиларки, амирларнинг ҳар бирини якка-якка чақириб, исломни қабул қилишга буюришади, мабодо қабул қилишмаса, муқаддас Қуръоннинг «Кофирларни қиринглар!» деган ояти ишга солинади.
Белгиланган куни биринчи бўлиб амир Тўлакни чорладилар, у ожиз бандага она томондан аждод ҳисобланади, ўша пайтда дўғлат унвонига эга эди. Хон ҳузурига киргач, қараса, хон аллақандай тожик билан ўтирипти. Амир Тўлак ҳам кириб ўтирди. Хон сўз бошлади ва уни исломга даъват қилди. Амир Тўлак йиғлаб юборди-да деди: «Мен уч йил бурун Кошғар мўминлари ҳузурида ислом динини қабул қилиб, иймон келтирган эдим. Сиздан қўрқиб, буни ошкор қилмагандим. Иймон келтирмоқдан-да ортиқ саодатмандлик борми?». Хон ўрнидан туриб уни қучоқлади. Мусулмонлар учта бўлди. Кейин худди шу тахлит амирларни бирма-бир чақириб, исломга даъват қилишди, навбат амир Журасга етди. У рад қилди ва: «Менинг Санғуй Буға исмли бир одамим бор. Агар манави тожик ўшани йиқитса, мен исломга кираман», деган шартни қўйди». Бу қанақа бемаъни шарт? –дейишди хон ва бошқа амирлар. Мавлоно:
«Майли, шундай бўла қолсин, агар мен уни йиқитолмасам, унда сени мусулмонликка даъват қилмайман», деди. Хон Мавлонога қараб деди: «Мен ўша одамни биламан. У икки ёшли туяни кўтара олади. У – кофир, у бани Одам тоифасига кирмайди». «Ҳамма нарсага қодир Аллоҳ агар истаса, менга, албатта, куч-қувват беради», деди Мавлоно. Хон ва исломни қабул қилган кишилар бунга рози бўлишмади. Нима бўлганда ҳам, улуғ одамлар жам бўлишди, ўша кофирни олиб келишди, у олдинга чиқди. Мавлоно ҳам ўрнидан туриб, олдинга чиқди. Ул кофир, ўз кучига мағрур бўлиб, гердайиб, такаббурларча яқинлашди; Мавлоно унга беҳад арзимас бўлиб кўринди. Улар бир-бирларига қўл узатишганда, Мавлоно унинг ёқасидан олди ва кофир ерга беҳуш қулади. Бир қанча фурсат ўтгач, у ўзига келиб ўрнидан турди, калимаи шаҳодатни тилига жо қилиб, йиғлаганча ҳазрати Мавлононинг оёқларига ўзини ташлади.
Халойиқ шовқин-сурон кўтариб, бақириб юборди. Ўша куни дарҳол сочларни қириб ташлашди ва бир юз олтмиш минг киши мусулмон бўлди. Хон ўзини-ўзи хатна қилди. Ислом нурлари жаҳолат қоронғулигини йўқ қилди ва ислом Чиғатойхон юртида ошкора бўлди. Алҳамдулиллоҳ, бу кунларгача ушбу хонадони олий мақомида ислом нури барқарордир. Шундан сўнг бахтиёр хон ўз аждодларидан фарқли ўлароқ диннинг барқарорлиги учун ҳаракат қилди, бу ҳақда ҳали сўз юритилади. Фақир бу тафсилотларни Мавлоно Хожа Аҳмаддан (Аллоҳ жамолини кўриш унга насиб этсин), ёқимли инсондан эшитганман. Туғлуқ Темурхоннинг Мавлоно Аршадиддин туфайли мусулмон бўлгани ҳақида мўғулларда бундан бошқа маълумот йўқ. Бу ҳақдаги муфассал маълумотни ҳеч ким билмайди. Туғлуқ Темурхоннинг бутун ҳаётига келсак, бу ҳақда мўғуллар тилида биронта гап йўқ, бироқ унинг ҳаёти ҳақида «Зафарнома»да маълумотлар бор, биз уларни ўша китобдан оламиз.


Тўртинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Туғлуқ Темурхоннинг Мовароуннаҳрга лашкар тортгани баёни.

Мовароуннаҳр вилояти зикр этилган воқеалар туфайли тарқалиб кетган эди. Туғлуқ Темурхон Эсан Буғахоннинг ўғли, Эсан Буғахон Дувохоннинг ўғли эди, Чиғатой наслидан бўлган Дувохон мўғул вилоятида подшоҳ эди. Ўзига қарашли одамларини йиғиштириб, етти юз олтмиш биринчи йилнинг рабиъ-ас-соний ойида (январ 1360), сичқон йилида лашкар тортиб, Мовароуннаҳр томон умид кўзини тикди. Тармаширин хондан бери ўттиз уч йил ўтган, бу муддат ичида саккиз хон Чиғатой улусида подшоҳлик қилдилар.
Туғлуқ Темурхон Тошканд атрофидаги Хўжанд дарёси яқинида жойлашган Чаноқ Булоққа етганда амирлари ва беклари билан кенгаш уюштирди. Шунга келишилдики, аймоғи караит бўлган Туқ Темур, аймоғи арканут бўлган Ҳожибек, аймоғи қангли бўлган Бекжак қўшиннинг олдида боришади. Бу уч бек хон амрига бўйсундилар. Хўжанд дарёсини кечиб ўтишгач, амир Боязид жалойир бутун қўл остидагилар билан бирга буларга қўшилди ва ҳаммалари иттифоқ бўлиб, Шаҳрисабз сари юрдилар. Амир Ҳожи барлос Шаҳрисабз ва Қарши лашкарини тўплаб, мудофаа ва уруш қилиш мақсадини кўзлади. Аммо ўз-ўзи билан фикрлашиб, қарор қилдики, бу келган лашкарга кучи етмайди. Ниҳоят улар етиб келмасларидан бурун бутун эл-улуси, киши-қаросини йиғиб, Хуросон сари жўнаб кетди.
Фард:
Тадбир билан ҳар мушкул битсин,
Соғлик керак, жанг-жадал – йитсин.



Бешинчи фасл. “Зафарнома“дан кўчирма. Ҳазрат Соҳибқироннинг Амир Ҳожи барлос билан кенгашиб, Аму дарёсидан кечиб ўтиб Шаҳрисабз вилояти сари бориб, Туғлуқ Темурхоннинг беклари билан мулоқот қилгани баёни.

Ақл жасоратдан олдин юради,
Аввал идрок, кейин журъат туради.
Иккиси бирлашса борми, оламда:
Энг юксак чўққилар забт этилади.
Ҳар нарсани билгувчи қудратли Аллоҳ ўз қудрати билан бирор ишни амр қилса, бунга албатта бирорта сабабни ҳам кўрсатади. Бирор мақсадга эришмоқ керак бўлса, бу ҳам бирорта воқеа воситасида юзага чиқади. Барча ишлардан улуғ бўлган подшоҳлик эса, инсонга иккита ноёб хислат туфайли иноят қилинади.
Биринчиси – ўткир ақл-фаросат бўлиб, унинг нури бирла қоронғу кечада ҳам нажот йўли топилади.
Фард:
Ўткир қилич чопар юзта аскарни,
Ақлинг енга олур бутун лашкарни.
Иккинчиси – шижоат ва баҳодирлик бўлиб, бундай одам қизғин жанг олатасири пайтида ҳам душмандан тап тортмай, урушади ва ғалабага эришади.
Ҳолингни танг қилиб келса фалокат,
Даф қилар ботирлик ҳамда шижоат.
Ақл-фаросат шижоатдан устунроқдир. Қилич ва камонга нисбатан тадбирдан фойда кўпроқдир. Қилич ҳар қанча ўткир бўлса ҳам ғалаба оятини (ояти фатҳ) тадбирдан ўрганади ва найза майдон ичида шамдай ёруғ кўринса-да, зафар шамъи тадбир нуридан ёришади. Агар қилич ҳаракати тадбир билан уйғунлашса, душманнинг бўйнига аниқ тушади. Агар камон тадбир билан тортилса, ўқ душман юрагига аниқ санчилади.
Байт:
Оқилона тадбир, дадил ҳаракат
Юзта лашкардан ҳам афзалдир албат.
Бу сўздан мақсад булким, Амир Ҳожи барлос мўғул лашкаридан қўрқиб, ўз қадимги юртини ташлаб, Хуросон сари юриш қилиб, Жайҳун соҳилига етган пайтда Ҳазрат Соҳибқирон, яъни  Амир Темур Кўрагон
Байт:
Осмондек бағри кенг, Уммондек сахий
Аллоҳ инояти мудом унга ёр –
аниқ билдики, агар у Ҳожи барлос билан борса, Шаҳрисабзда қолган уруғ-аймоғию эл-улуси батамом хонавайрон бўлади. Сабаби отаси Амир Тарағай ўша йили Тангри раҳматига борган эди.
Назм:
Отаси ўлдию ғам босди тамом,
Ғанимдан вилоят кўп бесаранжом.
Мухолиф иш узра, эл-юртда хатар,
Бало бургутлари ёзган қанот, пар.
Бу маҳалда унинг муборак ёши ҳали йигирма бешдан ошмаган, унинг қалби кўзгусида ҳали замон синоатлари ўз зангларини қолдирмаганига қарамасдан, Аллоҳнинг чексиз инояти ва мадад нурлари акс этиб турган ақл-фаросатини мана шу хавфли ҳолатни оқилона бартараф қилишга йўналтирди. У Қуръони каримдаги «…ишларингизда уларга маслаҳат солинг!» (3.159) деган ояти каримага риоя қилиб, Амир Ҳожи барлоснинг қалб китобига маслаҳат сифатида қуйидаги сўзларни зикр этди:  «Агар мамлакат ҳукмдорсиз қолса, у парокандаликка юз тутади ва бутун эл-улус душман зулмидан азият чекади.
Ҳокимсиз юрт жонсиз тана мисоли,
Маълумдир бошсиз тан не кечар ҳоли…
Маслаҳат шуки, сиз Хуросон томонга юриш қилсангиз, мен эса Шаҳрисабзга қайтсам, халқни тинчлантириб, у ердан кейин хон ҳузурига бораман. Мамлакат хароб бўлмаслиги, Парвардигорнинг бандалари заҳмат ва ташвиш чекмасликлари учун беклар ва давлат аъёнлари билан учрашаман».
Амир Ҳожи барлос, Аллоҳдан келган илҳомнинг меваси бўлган бу сўзлардан саодат ва иқбол исини туйиб, фикрини маъқуллади. Ҳазрат Соҳибқирон ундан айрилиб, Шаҳрисабз вилоятига жўнади, Хузорга етганда, мўғул лашкарини бошлаб келиб, ўша вилоятни талон-тарож қилмоқчи бўлган Ҳожи Маҳмудшоҳ Ясурийга дуч келди. Ҳазрат Соҳибқирон уни кўриб: «Сиз шу ерда бироз  кутинг. Мен бориб беклар билан учрашай, улар нима маслаҳат беришса, шуни қиласиз», деди.  Ҳазратнинг бу сўзларини у Аллоҳнинг амри деб қабул қилди ва олдинга юришга иштиёқлари жуда баланд бўлса-да, шу ерда тўхтади. Ва Ҳазрат Соҳибқирон Шаҳрисабзга эсон-омон етиб келганда, мўғул беклари ҳам ўша ерга етиб борган эдилар. Ҳазрат ўша учта бек билан учрашди. Улар унинг юзида илоҳий нур аксини кўрганлари боис, унинг «Хонга (Туғлуқ Темурхон) итоат этмоқ керак», деган сўзларини бажонидил қабул қилишди. Беклар Шаҳрисабз вилояти доруғалигини ҳамда Қарочорбек вилоятини бутун атроф туманлари билан унга бердилар ва унинг ақл билан иш юритиши туфайли ўша вилоятлар бошига ёғилган бало-қазолар дафъ бўлиб, эл-улус умидини ҳам узиб қўйган марҳамат ёмғири ёға бошлади.
Рубоий:
Ғам сенинг туфайли шодмонлик бўлсин,
Умр назарингдан мангулик бўлсин.
Даргоҳинг хокин ел элтса дўзахга
Оловлари оби ҳаёт – ичимлик бўлсин.
Узоқни кўролмайдиган кишилар Соҳибқироннинг елкасига бахт қуши қўнди, деб ҳисобласалар ҳам, аммо тақдир қуйидаги байт маъносини минг хил йўсинда кўрсатиб туради:
Исингни сабо таратмади элга ҳали,
Сен бўл жаҳонда сабо сенга эсгали.
Ҳазрат Соҳибқирон мўғул беклари билан мулоқот қилгандан сўнг, вилоятлари сари қайтди ва бутун диққат-эътиборини давлатни бошқариш ва ҳимоя қилишга қаратди. Шаҳрисабздан то Жайҳун дарёсигача бўлган ерлардан барча сипоҳийларни    йиғишга буйруқ берди, тез орада катта қўшин тўпланди. У ердан отланиб Амир Хизр Ясурий билан бирлашди. Бу маҳалда Мўғулистон беклари орасида келишмовчилик пайдо бўлиб, у ердан кўчиб, Туғлуқ Темурхоннинг ўрдасига боришди. Боязид жалойир эса ўз одамлари билан ҳазрат Соҳибқирон ва Хизр Ясурий қошига келдилар.


Олтинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Туғлуқ Темурхоннинг Мовароуннаҳр вилоятига иккинчи маротаба лашкар тортмоғининг баёни.

Туғлуқ Темурхон Мовароуннаҳрни ўз тасарруфига олиш иштиёқи билан иккинчи навбат у ёққа юриш қилишни ихтиёр қилиб, сон-саноқсиз қўшин тўплади ва етти юз олтмиш иккинчи йил жумодил аввал ойи (март 1361), сигир йилида ўша ўлкага лашкар тортди. Хўжандга етганида Амир Боязид жалойир итоат камарини белга боғлаб, хонни кутиб олишга чиқди ва Амир Баён сулдуз ҳам итоат йўлига кирди, унинг истиқболига чиқиб Самарқандгача борди. Амир Ҳожи барлос биринчи гал унга итоат этмаганига қарамай, таваккалига – Аллоҳ карамидан умид қилиб, хонга пешвоз чиқди.
Шунда хон, Амир Боязидни тутиб ўлдиринглар, деб буюрди. Бундан қўрқиб кетган Ҳожи барлос қочмоқликни ихтиёр қилди ва Шаҳрисабз вилояти сари жўнади. Ўзига тобе одамларнинг бир қисмини Жайҳун дарёсидан ўтказди. Мўғул лашкаридан кўпчилиги унинг изидан қувди, етиб олгач, жанг бўлди. Жуғом барлос бу урушда шаҳид бўлди. Амир Ҳожи эса Хуросонга кетди. У Сабзавор вилояти кентларидан бири Харошага етиб келганида, Жувайн шаҳридаги бир гуруҳ безорилар уни укаси Идигу барлос билан қўққисдан тутиб олиб, икковини ҳам ўлдирдилар.
Ҳазрат Соҳибқирон Хуросонни олгандан кейин ўша кентдаги кўплаб ёмон одамларни ўлдириб ўч олди ва Хароша кентини Амир Ҳожи ворисларидан бирига суюрғол қилиб берди. Ҳозиргача ўша кент Амир Ҳожи авлодларига тегишлидир.
Мўғул бекларидан аймоғи кирликут бўлган Ҳамидбек оқил ва доно киши бўлиб, Туғлуқ Темурхон қошида обрў-эътибори баланд эди ва у маслаҳат ёки истак тарзида хонга нима деса, сўзи ўтар эди. Бир куни у хонга Ҳазрат Соҳибқироннинг мислсиз матонати ҳақида сўзлаб, оталаридан қонуний мерос бўлиб қолган вилоятни Ҳазрат Соҳибқиронга беришини сўради. Хон бунга рози бўлди ва унга чопар юбориб, Ҳазрат Соҳибқиронни ўз ҳузурига чорлади. Ҳамидбек ҳам мактублар битиб, хоннинг шафқатини хабар қилди. Ул Ҳазрат хон хизматига келиб, ундан катта иззат-эътибор топди. Хон Ҳазратга ворисий Кеш вилояти ва унга тобеъ туманларни тортиқ қилди.
Ўша қиш хон Амир Ҳусайнга қарши уруш бошлашга жазм қилди. Амир Ҳусайн ҳам лашкар тўплаб, Вахш дарёси соҳилига келиб тўхтади. Хон Дарбанди Оҳаниндан ўтиб, ўша ерга етганида ва иккала тарафнинг аскарлари бир-бирларини кўриб сафга тизилганларида Кайхисрав Хатлоний ўз қўли  остидагилар билан бирга Амир Ҳусайнни тарк этди, сафни бузиб, хон лашкарига бориб қўшилди. Амир Ҳусайн буни кўриб қочишга тушди, ғолиб хон лашкарлари унинг ортидан қувиб, Жайҳун дарёсидан ўтиб, Қундузгача боришди. Унинг аскарлари ўша кент ва туманлардаги эл-улусни Ҳиндукуш довонигача талон-тарож қилдилар. Ўша йилнинг баҳор ва ёзини шу томонларда ўтказдилар.


Еттинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Туғлуқ Темурхоннинг ўз пойтахтига қайтиб боргани баёни.

Кузда хон Самарқандга йўл олди ва йўлда Баён сулдузни осишга буйруқ берди. Самарқандга етганда бутун Мовароуннаҳр мамлакати унинг тасарруфига кирган эди. Барча амирлару нўёнлар истаса-истамаса унга бўйсунишди. Кўнглида шубҳаланган ҳар бир кишини жазога тортди, ўзига итоатда бўлганларга лутфу иноятлар кўрсатиб, ўғли Илёс Хожа Ўғлонни Мовароуннаҳрга подшоҳ қилиб, Бекжак бошчилигидаги мўғул амирларидан ва лашкарларидан энг сараларини унинг ихтиёрига берди, Бекжак мўғул амирлари ва лашкарларининг энг улуғи ва муносиби эди. Ҳазрат Соҳибқиронга алоҳида ҳурмат-иззат кўрсатиб, ўғли ёнида қолдирди. Хон Ҳазрат Соҳибқиронда қатъият ва шон-шавкат белгиларини кўра билгани боис унга ўша мамлакат ишларини бошқаришни топширди-да, ўзи шон-шуҳрат ва ғалаба билан ўз салтанати тахтига қайтди.
Зафар мулозиму Аллоҳ мададкор,
Толеи баланду бахти унга ёр.
Туғлуқ Темурхон Мовароуннаҳрдан қайтаётиб, мўғул амирлари устидан ҳукмронликни Бекжакка, ўша мамлакат ишлари билан шуғулланишни Ҳазрат Соҳибқиронга юклади. Амир Бекжак хон кўрсатган йўлдан юрмай зулм ишларини авжига чиқариб, адоват ва туғёнга йўл қўйди. Ҳазрат Соҳибқирон, хоннинг амри бажарилмаётганини ва давлат ишлари таназзулга юз тутаётганини кўргач, бу мамлакатдан кетишга ва Амир Ҳусайнни излаб топишга қарор қилди ва шу мақсад билан йўлга тушди. Амир Ҳусайннинг қаердалигини билмасди, шу сабабли уни излаб чўлу биёбонларни кезди.
Қисқаси, мўғулларнинг оғиздан-оғизга ўтиб келган маълумотларида Туғлуқ Темурхон тасарруфида фақатгина Самарқандгача бўлган ҳудуд эди, холос, дейилади. Бундан ортиқ ҳеч нарса маълум эмас.
Бундан олдин эслатиб ўтганимиздек, Амир Буложи Туғлуқ Темурхон хонлигига асос солган ва Туғлуқ Темурхон унинг учун тўққизта имтиёзли фармон чиқарган. Бу  имтиёзларни Чингизхон Амир Буложи аждодларига берган эди. Фармон бизнинг оиламиз қўлида сақланган, мен уни кўрганман. Унда мўғул тилида «Қундузда битилган» деб ёзилган эди. Гап шундаки, мўғуллар шу фармон туфайли Қундузгача бўлган ҳудуд Туғлуқ Темурхон тасарруфида бўлганлигини англайдилар. «Зафарнома»дан маълумки, хон 764 (1362-1363) йилда вафот этган. Мўғулларнинг оғзаки маълумотларига кўра Амир Буложи хонни қалмоқлардан олиб келганида у ўн олти ёшда бўлган, ўн саккиз ёшида хон бўлган. Йигирма тўрт ёшида исломни қабул қилган ва ўттиз тўрт ёшида вафот этган. У 730 (1329-1330) йилда таваллуд топган.


Саккизинчи фасл. Илёс Хожахон ҳақида эслатма.

Илёс Хожахон ҳақида мўғуллар орасида ҳеч нарса маълум эмас. Фақир банда Илёс Хожахон ҳақида отам (Аллоҳ гўрини нурга тўлдирсин)дан эшитган гапларни эслайман, холос. «Зафарнома»да у ҳақда гап орасида зикр этилади. Қуйида ўша эслатмалар келтирилади.


Тўққизинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Амир Ҳусайн ва Ҳазрат Соҳибқироннинг Тойхон ва Бадахшонга ташрифлари ҳамда подшоҳлар билан сулҳ тузганлари баёни.

Амир Ҳусайн ва Ҳазрат Соҳибқирон биргаликда Қундуз тарафга азм этишди ва у ерда буролдай уруғидан одамларни тўплаб, мақсад жиловини Бадахшон сари бурдилар. Улар Тойхонга етишганда, Обишўр (Шўрсув) дарёси бўйида муроса таъмини «Муроса қилмоқ – яхши иш» деган зиравор билан мазали қилдилар: Бадахшон подшоҳлари маслаҳат эшигини очиб, уларнинг истиқболига очиқ юз билан чиқишди ва душманлик ҳамда келишмовчилик пардалари орадан кўтарилди. У ердан Арҳанг тарафга юзландилар. Дарёдан Солисарой томонга ўтиб, Хатлон томонга йўл олишди ва чўлга чиқишди. Чўлдан ўтиб, Дашти Кўлак деган жойда чодир тикишди ва ҳар бир киши роҳатланиб ором олмоқни майл этди. Ҳазрат Соҳибқирон ҳам тўн ва этикларини ечиб, истироҳат қилмоқни жазм этганлари замон Амир Ҳусайн Соҳибқиронни чорлаб келгани киши юборди. Соҳибқирон келиб мажлисга кирганда у ерда Пўлод Буға билан Шер Баҳромни кўрди. Амир Ҳусайн Соҳибқиронга Шер Баҳром устидан шикоят қилиб: «Биз айни душманга дуч келган маҳалимизда у биздан айрилиб, уйига кетишни ихтиёр қиляпти. У мурувват ва вафо йўлидан юришни истамаяпти» деди. Соҳибқирон унга кўп насиҳатлар қилди, у бўлса ўз сўзида туриб олди, бу қуйидаги мисрада яққол ифода этилган:
Насиҳат сўзинг эшитгувчи қулоғим йўқ.
Амир Ҳусайн ҳам унинг ўжарлиги ва қайсарлигидан аччиқланди, аммо шароит тақозоси билан сабр қилмоқни афзал кўрди.
Назм:
Эр кишида бўлсин куч-қудрат,
Эш бўлса соз тамкину тоқат.
Ниҳоят Шер Баҳром Балжувон тарафга жўнаб кетди. Шу пайтда, Туғлуқ сулдуз ва Кайхусрав мўғул лашкарига бош бўлиб, кўплаб амирлар билан илгари келиб туришгани ҳақида хабар келди. Тумаканнинг ўғли Темур, Сариқ, Шингум, Ҳожибекнинг иниси Туғлуқ Хожа, Бекжак ўғли Куч Темур ва бошқа ҳазора ҳамда қўшин беклари йигирма минг киши билан Жаладан то Пули Сангингача эгаллаб туришган эди. Ҳазрат Соҳибқирон ва Ҳусайнбек кишилари олти минг кишидан ошмас эди. Соҳибқирон «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган» – (2,249) деган ояти каримадаги илоҳий мададга суяниб иш кўрди ва бахт-иқбол кўзгусида Аллоҳ инояти билан юборилган зафар нурини кўриб, билар эдиким.
Назм:
Агар наҳанг билан тўлса ҳам уммон,
Дашту тоғлар шеру қашқирга макон
Кишига ёр бўлса илоҳий иқбол,
Унинг бир тукига етмайди зиён.
Соҳибқирон икки минг кишилик ботир лашкар билан жангари шерлардай ва оламни бузадиган селдай тоғдан қуйига отилиб олдинга чиқди ва Аллоҳ мададига суяниб, душман сари юрди. Иккала тараф аскарлари Пули Сангин ёнида юзма-юз келишди, тонгдан, яъни, «Тонг вақтига қасам» деган шоҳлик байроғини тикишган пайтдан бошлаб то ўз байроғини ёғочга ўрнатгунча «Зулмат билан чор атрофни қоплаб олган кечага қадар қасам» (93.2) жанг олови «Аланга ичида ёнмоқда» (88.4) оятини эслатса, пиёда ва отлиқ аскарларнинг ҳужуми ва чекинишларидан ларзага келган замин «Қачон ер зилзила билан ларзага тушганида» (99.1) оятини эслатарди. Ўқларнинг учиши ерга тушаётган думли юлдуз нуридек қулоқларга етиб келарди; найзаларнинг ялтираши одамлар кўзи олдида гўё «Яшин уларнинг кўзларини кўр қилгудек бўлади» (2.19) оятига мос эди; Қиличнинг тиғи «у отларнинг бўйни ва бошини «силай» бошлади» (38.33) оятининг моҳиятини очиқ-равшан кўрсатиб турарди ва чўқморнинг халокатли зарбаси «Қалбларни қаттиқ қоқувчи» (101.1) оятининг аниқ ифодаси эди. Ўша куни то тунгача ҳар иккала тараф лашкарлари Пули Сангин ёнида шундай шиддат билан жанг қилдиларки, охир-оқибат бирорта ҳам баҳодир жангчида бир томчи сабр-тоқат қолмади. Кечаси иккала тараф ҳам от бошини жанг майдонидан четга бурдилар. Рақиб лашкари сон жиҳатдан кўп бўлгани боис Ҳазрат Соҳибқирон вазиятни қалб кўзи билан чамалаб кўриб, шундай тўхтамга келдики, бу ишда ақл ва тадбирни ишга солмоқ керак. Агар шижоат ўқи яхши ўйламасдан чиқиб кетса, унинг чийиллашидан ғалаба хабарини эшитиб бўлмас. Илоҳий мадад қалами унинг ёрқин ақли лавҳига зафар манзарасини чизгунича у қилинажак ишларини обдон ақл-фаросат элагидан ўтказди.


Ўнинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма.

Ҳазрат Соҳибқироннинг Пули Сангин (Тошкўприк)дан ўтганлари ва (жета) мўғул лашкарининг қочгани баёни
Ҳазрат Соҳибқирон ўзининг ҳар бири мингта аскарга арзийдиган бир ярим минг отлиқ лашкари билан амир Мусо, амир Муаййад арлот ва Учқора баҳодирни Пули Сангин ёнида тўхтатиб турди. Ўзи эса жанг майдонининг гардини орзу-ният сурмаси деб билган бир ярим минг отлиқ лашкари билан дарёнинг юқори қисми бўйлаб Эсан Майдон томон жўнашди ва Эсан Майдон ўртасида дарё устидан арқон тортиб, ярим кечаси сувдан кечиб ўтишди ва тоғ тарафга юришди.
Эртаси куни душман соқчилари от туёқларининг изидан лашкар дарёдан ўтганини билиб қолишди ва талвасага тушишди. Тун бўлгани сабабли.
Назм:
Қоп-қора тўнини кийдию осмон,
Ойни фалак ичра айлади пинҳон.
Мамлакатларни эгалловчи, душманларга қирон келтирувчи Ҳазрат Соҳибқирон, тоғ тепасида гулханлар ёқинглар, деб буйруқ берди. Буни кўрган душман лашкарлари ваҳимага тушиб, заминда мустаҳкам турган оёқлари бўшашиб, қўрқув исканжасида ҳар тарафга қоча бошладилар. Шу билан ўшандай бир отлиққа қарши ўнта аскари бўлган, қилич чопишга ва найза санчишга уста кўп сонли лашкар Парвардигори оламнинг инояти билан жанг-жадалсиз тарқалди-кетди: «Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди» (3.13). Қандай оқилона тадбир бўлдики, йироқда ёқилган гулханлар ёлқинидан қанчадан-қанча Амир ва лашкарбошилар бошқараётган сон-саноқсиз душманнинг ғурур ва такаббур хирмонига ўт кетди.
Назм:
Қатъиятли бўлса, бир яёв навкар,
Бир отлиқ кучи-ла шоҳлик олинар.
Ҳақ таборак ва таолонинг лутфи мадад қилган жойда душманнинг хору зор бўлиши муқаррардир.
Душманлар талвасага тушиб, қочишга юз тутгач, Ҳазрат Соҳибқирон шердек ва шиддатли селдек, ҳайқириб, қичқириб ғолиб лашкарлари билан тоғдан пастга томон югуриб, уларни Гужарот майдонигача қувлаб бориб, ўткир қилич билан чопиб, найзаларни юракларига санчиб ўлдирдилар.
Назм:
У ерда қанчалаб душманлар ўлди,
Далаю майдонлар ўликка тўлди.
Аллоҳ мадад берган шонли лашкар юз шодмонлик оғушида ўша жойда тўхтади, Амир Ҳусайн ҳам қолган лашкарлар билан етиб келди. Бу ғалабанинг насимидан иқбол шохи ўсиб, давлат ва саодатлари қувват олди, орзу-умид боғида қайтадан чексиз гўзаллик ва тароват юз очди. Шоҳу лашкарнинг шон-шавкати ва журъатининг бири минг бўлди.
Ҳазрат Соҳибқирон туфайли бўлди,
Лашкарнинг қалб, қўли қувватга тўлди.
Ҳазрат Соҳибқиронга ҳокимият саҳнасида улуғлик азалдан ато этилгани боис у тағин икки минг кишилик лашкар билан илгари юрди. У Қаҳлағага етганида Шаҳрисабз ва унинг атроф туманларидаги халқ тўда-тўда бўлиб унинг шавкатли мулозимларига қўшила бошлашди. Ҳазрат Соҳибқирон аввал икки минг киши ичидан уч юзтасини ажратиб олиб, уларни мулозим қилди-да, йўлида давом этди. Қолганларга ўша ерда қолишни буюрди. Уч юзта отлиқдан икки юзтасини амир Сулаймон барлос, амир Жоку барлос, Баҳром жалойир, амир Жалолиддин барлос, амир Сайфиддин ва Йўлтемур билан биргаликда Шаҳрисабз томон жўнатди. Уларга: «Тўрт қўшинга бўлининглар, ҳар бир отлиқ отнинг икки ёнига катта бир боғдан узун шох-шаббани боғлаб олсин, ул шохлар ерга судралиб, чанг-тўзон кўтарсинки, буни кўрган доруғалар қўрқувдан қочишга тушсинлар», деб буюрди.
Улар буйруққа амал қилишди, бу ўйланган тадбир тақдирга мувофиқ келди. Улар Шаҳрисабз водийсида пайдо бўлганлари ҳамоно кўтарилган чанг-тўзонни кўрган мўғул доруғаси қочиб кетди. Улар Шаҳрисабзга кириб бориб, шаҳарни эгаллашга киришдилар. Аллоҳнинг мислсиз инояти билан гоҳида ҳокимият устунлари лашкар ёққан оловдан қулаб тушса, гоҳида эса тадбиркорлик билан кўтарилган чанг-тўзондан мамлакат қўлга олинади. Мисра:
Бандага Ҳазрат Ҳақдан бу эрур лутфу карам.
Ўша маҳалда Илёс Хожахон Шаҳрисабздан тўрт йиғоч наридаги Тош ариғида эди. Қўл остида улуғ амирлар ва сон-саноқсиз лашкар бор эди. Ўша пайтда Туғлуқ Темурхон вафот этган бўлиб, Улуғ Туқ Темур билан амир Ҳамидбек ўз отасининг ўрнини эгаллаши учун Илёс Хожахонни олиб кетиш мақсадида келишган эди. Ҳазрат Соҳибқирон унинг мулозимлари бўлиш бахтига эришган юзлаб отлиқ аскарлар билан тонгда йўлга чиқиб, Хузорга етиб келишди. Эл-улус ҳазратнинг келганидан хабар топиб, унга таъзим қилиб, ер ўпиш бахтидан баҳраманд бўлишга шошилди. «Хузор ва Кеш лашкарини тўпланг!» деб буйруқ берди ва Хожа Салимборини олдинги сафга қўйди. У шавкатли лашкар билан бирга Жигдаликка қайтиб кетди, у ёққа эсон-омон етиб бориб, жойлашган пайтида Баён сулдузнинг ўғли Шайх Муҳаммад етти қўшин лашкар билан келиб унга қўшилди. У ерда улар етти кун тўхташди. Шунингдек, у ерга амир Ҳусайн ўз лашкари билан ҳамда Ҳазрат Соҳибқирон Қаҳлағада қолдирган лашкар ҳам келди. Дашти Кўлакда улардан айрилиб, ўз элига кетган Шер Баҳром ҳам қирқ уч кундан сўнг Хатлон лашкари билан келиб буларга қўшилди. Амир Ҳусайн ва Ҳазрат Соҳибқирон бутун лашкарлари билан у ердан кўчиб, Хузорга томон юз бурдилар. У ерда улар Хожа Шамсиддиннинг муқаддас қабрини зиёрат қилиб, унинг пок руҳидан ҳиммат ва мадад сўрашди, бир-бирларига ваъдалар бериб, қасамёдлар қилиб, дўстлик ва иттифоқлик ришталарини маҳкамроқ боғлаб, барча иш ва ҳаракатларда якдил бўлишга аҳд қилдилар. Мисра:
Жаҳонни олса бўлгай иттифоқлик бирла ҳар они.
(Ҳофиз Шерозий)


Ўн биринчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Ҳазрат Соҳибқироннинг туш кўргани ва уни яхшиликка йўйиб, Илёс Хожахон сари лашкар тортгани баёни.

Пайғамбар (с.а.в) айтибдурларки: «Солиҳ мўминнинг кўрган туши пайғамбарликнинг қирқ олти жузвининг бир жузвидур» (Ҳадис).
Карами кенг Парвардигор ўз азалий иродаси билан бирорта соҳибдавлат бандасининг манглайига бахт-иқбол муҳрини босиб: «Дарҳақиқат, биз сени ерда халифа қилдик» (38.26) дея уни лутфу карам либоси билан ораста қилади, унинг тиниқ қалби ойинасини ўз инояти билан равшан қиладики, токи унда ғойибдан келган ҳамма нарса юз кўрсатсин, токи юз беражак ҳамма нарса юз бермасдан бурун унда маълум бўлсин, токи инсон руҳи нариги дунё дарчаси орқали келгусидаги ишлар ҳолатини кўра олсин.
Назм:
Қандай ажойибки, хаёл – мусаввир,
Жононим тимсолин айлади тасвир.
Юсуфи Сиддиқ алайҳиссалом (унга Аллоҳнинг марҳамати ёғилсин)нинг ота-оналари, ака-укалари ҳақида «У ота-онасини ўзининг тахтига чиқарди ва улар (Юсуфга) сажда қилган ҳолларида йиғилдилар» (12.100) оятида айтилган ҳолат анча йиллар олдин унинг тушида аён бўлган эди. Макка қўлга киритилгани хабарини (Аллоҳ унинг шон-шуҳратини янада оширсин) «Қасамки, Аллоҳ ўз пайғамбарига (у киши кўрган) тушни ҳаққи-рост қилди» (48.27) оятида айтилганидек, Ҳақ таоло олдиндан пайғамбарлар султони кўнглига солган эди. Бундай хислат давлатнинг муҳим ишлари ва манфаатлари билан боғлиқ ҳолда улуғ султонлар ва хоқонларга ато этиладики, зеро улар Аллоҳнинг бу ёруғ оламдаги ноибларидир. Ҳазрат Соҳибқиронда худди шундай бўлди. Сон жиҳатдан жуда кўп душман лашкарига бас келиш мушкул бўлиб қолган бир маҳалда Соҳибқирон бир куни чошгоҳда шуни мушоҳада қилиб ўтириб кўзи уйқуга кетади. Уйқусида кимнингдир аниқ-равшан қилиб: «Ғам ема, кўнглингни хуш тутгин, қудратли Тангри сени қўллаб, зафар ато қилди» деган овозини эшитди. Уйқудан кўзини очгани заҳоти, гумонга ўрин қолдирмаслик учун атрофидаги кишилардан: «Ҳозир бирорталаринг бирон нима дедингларми?» деб сўради. Улар «йўқ» деб жавоб беришди. Унинг қулоғига кирган сўзлар кўкдан етганига ва хушхабарнинг ёқимли насими лутфи илоҳий гулшанидан эсганига амин бўлди. Аллоҳ мадади туфайли унинг ишончи яна ҳам мустаҳкам бўлди. Ҳақ марҳаматидан руҳланган ҳолда у амир Ҳусайн ҳузурига келди ва бўлган воқеани унга айтиб берди. Бу хабардан ҳамманинг қалби қувончга тўлди. Ҳазратнинг ва унга тобе кишиларнинг қалби очилмаган ғунчадек тугун эди, бу хабардан ҳаммаси баайни тонг шабадасидан очилган атиргуллардек яшнаб кетди.
Лашкару шоҳ жанг фикрида чекди ғам,
Бу башорат элни қилди шод-хуррам.


Ўн иккинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Амир Ҳусайн ва Соҳибқироннинг мўғул лашкари билан жанг қилмоқлари ва ғалаба қозонмоқлари баёни.

Амир Ҳусайн ва Ҳазрат Соҳибқирон Яратганнинг лутфу карамига шукрлар қилиб, кўтаринки руҳ билан отланиб, эҳтиёткорликни эсдан чиқармасдан, лашкарни икки қанотга тиздилар. Ўнг қанотни амир Ҳусайн бошқарди, Ҳазрат Соҳибқирон эса чап қанотга ўз ғолибона байроғини тикди. Сафларни шу тахлит жойлаштириб, ишга киришдилар. Тошариқда рақиб лашкари ҳам икки қанотга бўлинди: ўнг қанотни Илёс Хожахон ва амир Ҳамиднинг ёғдуси, чап қанотни амир Туқ Темур ва амир Бекжакнинг улуғворлиги безаб турарди.
Ҳар иккала тарафнинг лашкарлари саф тортиб, бир-бирлари томон юрдилар.
Назм:
Жунбушга келдию замину замон
Гўё парчаланди бу ёруғ жаҳон.
Туёқлардан гардлар учди кўк томон
Тўзондан қуёшу ой бўлди пинҳон.
Иккала лашкардан чиққан дод-фиғон
Қиёмат қойимдан берарди нишон.
Икки тарафнинг лашкарлари Қуббаи Метин мавзеида учрашишди. Ноғоралар гумбур-гумбури ва баҳодирлар қичқириғидан осмон ларзага келди. Дастлаб душман лашкарининг илғор қисми кўпсон ва гўё енгилмасликларидан мағрур бўлиб, Ҳазрат Соҳибқиронга қарши беллашмоқ учун отларини жанг майдони томон суришди. Ҳазрат Соҳибқирон эса жойидан қўзғалмай, ўз давлатининг таянчи мисол устувор тураверди ва музаффар узангига оёқларини тираб, қўлларига ўқ-ёйни олди-да, чап қўлини алифдек, ўнг қўлини долдек қилиб абжирлик билан ўқ ота бошлади.
Назм:
Ўқи алиф каби, ёйи долу нун,
Унга нишонадир ёв кўкси бугун.
Жангчилар ҳам ўз ҳукмдорларига ўхшаб, баайни ой теварагидаги юлдузлардек душман тарафга ёйлардан ёмғирдек ўқ ёғдиришди. Ўқнинг ўткир учи баҳодирлар қони билан: «Уларни (жаннат йўлига) ҳидоят қилур ва ишларини ўнглар» (47.5) оятининг мазмунини битар эди ва уларнинг ҳолати: «Улар сажда қилган ҳолларида йиқилдилар» (12.100) ояти мазмунини эслатарди. Душман лашкарининг жангчилари, ғазабдан бўғилиб, ўзларини шамолдек у ёқдан-бу ёққа отишаркан, ерга тутдек тўкилишарди. Учқур ўқлардан ҳосил бўлган яралар азобига дош беролмай йиқилганча қолишарди. Назм:
Лашкар ғурур елида ёқса уруш оловин,
Ярадан оққан қондек қўлдан берар яловин.
Бу урушда шаҳид бўлган таниқли кишилар орасида икки баҳодир бор эдиким, бири денгиздаги жангда одамларни ютиб юборувчи наҳангдек, ўрмондаги жангда филга ҳужум қиладиган шердек Думаса, иккинчиси – хоннинг яқинларидан, ҳукмдор қошида ҳурмат-эътиборга эга Чанпу бўлиб, икковлари ҳам баҳрин қавмидан эдилар. Бундан ташқари, шаҳид кетганлар ичида Туқ Темур баҳодир, Бекжакнинг иниси Давлатшоҳ, тағин лашкарнинг ишонган таянчлари иккита шаҳзода ҳам бор эди.
Назм:
Лашкар ҳолдан тойди, кўп чекди озор,
Ўлган ўлиб, қолган бўлди ярадор.
Иккала тараф лашкарлари аралаш-қуралаш бўлиб, шу даражада урушиб-чопишдиларки, жанг майдони устидаги осмон жанг қилаётган ғанимлар аҳволига минглаб кўзлардан қонли ёш оқизди. Назм:
Тоғдай қўзғалишди иккита лашкар,
Ўнга-ўн бўлишиб тўқнашди улар.
Биёбонда дарё-дарё оқди қон,
Жанггоҳ лолазорга айланди алвон.
Жангчиларнинг ҳужумлари ниҳоя билмай, бало-офат денгизи мавж ураётган бир пайтда Ҳазрат Соҳибқиронга ғойибдан келган қутлуғ хабар ва авлиёларнинг руҳи мадад, яъни: «Бизларга ваъдасини рост қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин» (39.74) ояти аркони давлатнинг йўлчи юлдузи бўлди. Беҳад қудратли ғаним лашкари учун: «Сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз» (9.25) оятининг мазмуни мос келди. Беҳисоблиги билан ёмғир томчилари-ю, дарахт япроқларини эслатувчи шундай улкан лашкарни кам сонли лашкар баайни кузги хазонлардек тўзғитиб, пароканда қилиб ташлади; оят: «Бу (мададни) Аллоҳ фақат сизлар учун қилди» (3.126). Илёс Хожа, амир Бекжак, Искандар Ўғлон, амир Ҳамид ва амир Юсуф Хожа асирга тушдилар. Бироқ туркий қавмлардаги хоннинг қадр-қимматини эъзозлаш одатига мувофиқ хонни қўлга олган бир неча жангчилар бу ҳақда ўз лашкарбошиларига билдирмасдан хонни ва амир Бекчакни отга миндириб қўйиб юборишди. Бошқа асирлар маҳбуслик кишанида қолаверишди.
Шу кеча Ҳазрат Соҳибқирон, тунлаб йўл босиб Ём дарёси бўйига келди ва у ерда душманларнинг йўлини тўсиб, кўпларини ўлдирди.
Назм:
Ариқ суви алвон майга айланди,
Тошу каҳраболар лаълга айланди.
Амир Чоку билан амир Сайфиддин буйруққа биноан Самарқандга жўнашди. Ушбу шавкатли зафар 765 (1364) балиқ йилида қозонилди. Ҳазрат Соҳибқироннинг буюк хислатларидан бири шу эдики, у бирор ишни бошласа охирига етказмасдан қўймасди. У амир Ҳусайн ҳамда Шер Баҳром билан маслаҳатни бир жойга қўйиб, тағин душман изидан йўлга тушдилар. Хўжанд дарёсидан ўтиб, ёмон кўзлардан сақланиш мақсадида Тошкандда тўхтади, бу ерда Соҳибқироннинг бироз тоби бўлмади.
Байт:
Кўзларга яқинроқ ҳар нарсаки бор,
Фалак кўз тегизар аёвсиз ғаддор.
Ҳазрат Соҳибқирон ҳам, амир Ҳусайн ҳам худди ўша жойда касал бўлишди. Ва кўп ўтмай: «Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз» (17.82) оятидан шифо топдилар. Маҳди улё Ўлжой Туркон оғо Гармсердан эсон-омон бу ерга етиб келди.
Мисра:
Келди Сулаймон ёнига Билқиси замон.
Ҳазрат Соҳибқирон орқага қайтишга қарор қилди ва Хўжанд дарёсидан ўтгач, ҳалқа усулида ов қилиш билан машғул бўлдилар. Амир Ҳусайн ҳам Дизак деган жойда чарга овига киришди. Улар овни Оқарда ниҳоясига етказдилар ва бир неча кун айш-ишрат билан машғул бўлдилар, қуйидаги мисрада айтилганидек:       
Қўлингдан келганча хурсандчилик қил.
У ердан отланиб, эсон-омон, ҳушнудлик билан Самарқандга қайтдилар. Ва у жаннатмисол ўлкага Соҳибқирон қадами билан шодлик ва омонлик кириб келди. Мамлакат аҳолисининг умид кўзлари ғуборлардан халос бўлди. Кейинги уруш-талош даври заҳматини чеккан ёшу қарининг кўнгли Соҳибқироннинг лутфу эҳсонидан таскин топди. Ҳақиқатни ўз жойида қарор топтирган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.


Ўн учинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма.

Ҳазрат Соҳибқирон ва Амир Ҳусайннинг қурултой қилганлари ва Кобилшоҳ Ўғлонни хон кўтарганлари баёни.
Мовароуннаҳр ва Туркистон ўзларига тобе барча вилояту кентлари билан мўғул лашкари хавфидан халос бўлгач, йирик амирлар ва аслзода нўёнлар ҳокимиятга, бир-бирларининг буйруқларига бўйсунишни истамай қолишди. Мамлакатда бошбошдоқлик ҳукм сура бошлади. Шуни ҳисобга олиб Ҳазрат Соҳибқирон амир Ҳусайн билан кенгашиб, айтдики: «Ҳақ субҳонаҳу ва таоло бизга омад ва зафар каромат қилди ва вилоят бизнинг қўлимизга ўтди. Аммо бизга бир бош керакдир, орамизда бош бўлмаса, ишимизда саранжом-саришталик бўлмайди».
Байт:
Жаҳон жаҳондорсиз гўё бошсиз тан,
Бошсиз тана қора тупроқдан тубан.
Шу боис Ҳазрат Соҳибқирон амир Ҳусайн билан маслаҳатлашиб, Чиғатойхон авлодларидан бирини хон қилиб кўтаришни маъқул кўришди. Ушбу келишувни имзолаш учун улар ўша 765 (1364) йилда барча амирлар ҳамда нўёнларни тўплаб қурултой ўтказишди ва давлатнинг муҳим ишлари ва манфаатларини муҳокама қилишди. Улар замона зайли билан фақирлик ва дарвешлик хирқасида юрган Кобилшоҳ Ўғлон ибн Дуржи ибн Элчигдой ибн Дувохоннинг келишган қадди-қоматини улуғ хонлик либоси билан безантиришга қарор қилишди. Бахт-иқбол қуши бошига қўнган Кобилшоҳ Ўғлонни хонлик тахтига ўтқазишди ва турк султонларининг одатига кўра унга қадаҳ тутишди.
Назм:
Бир базм туздилар жуда ҳашамлик
Унинг васфин айтсам сўз қилар камлик.
Анвойи неъматлар, кумуш ва зардан
Олам юзи зебу зийнатга тўлган.
Гарчи улуғлару сипоҳлар бирдам
Тўққиз бор юкуниб тиз чўкди бардам.
Бандиликда ётган амир Ҳайдар Андхудийни Зинда Чашмга топширдилар, у шу кечасиёқ унинг ишини битирди ва унинг тириклик тахти ўз ҳукмдоридан айрилди. Назм:
Киши ўз ҳаддидан ошиб кетганда,
Билингки, у ўз бошига етган-да!
Бу вилоят қадимдан бери Ҳазрат Соҳибқироннинг ота-боболарига тегишли бўлганлигидан унинг меросхўри Ҳазрат бўлиши керак эди. Шу боис у амир Ҳусайн шарафига дабдабали зиёфат уюштириб, вилоятни ўз ихтиёрига олди. Ҳазратнинг ишонган кишилари Соҳибқиронга иззат ва ҳурматлар кўрсатиб, базмда хушнудлик ва масрурлик навосини тараннум этдилар.
Назм:
Бу базммас шунчаки, бу ажиб гулшан,
Шунчаки гулшанмас, яшнаган чаман.
Тўкисдир ҳадяю, тортиқ, ҳаловат,
Йиғилган эл, сипоҳ, кибор, бадавлат.
Созлар кеча-кундуз чалар бахт куйин
Даврада айланар жомлар тинмайин.
Ҳазрат Соҳибқирон ҳар кимнинг мавқеига қараб илтифотлар кўрсатди, амир Ҳусайнга эса ўзига муносиб ҳадялар қилди.
Назм:
Хоназот отлару қиличу камар,
Ва унга муносиб ҳашам нарсалар.
Амир Ҳамид ва Соҳибқироннинг оталари илгари яқин дўст бўлганлари боис, «Оталарнинг дўстлиги пайғамбарлар қариндошлиги билан баробар» деган ҳикматга амал қилиб, ўша тўйда Ҳазрат ва амир Улжайту Абардий биргаликда амир Ҳамид билан Искандар Ўғлонни озод қилиш ҳақида маслаҳатлашди. Амир Улжайту Абардийнинг ақл-заковати кўзгуси турли синовлар натижасида йиллар давомида сайқаллашган эдики, ҳамма ҳар хил ҳолатларда унинг қийинчиликларни енгиш қудратига суянар эди. Унинг маслаҳати билан Соҳибқирон амир Ҳусайндан уларнинг ҳаётини сақлаб қолишни илтимос қилди. Гарчи амир Ҳусайннинг ўз фикри қуйидаги шеър мазмунига мос келса-да:
Қўлга тушган ёвни оёғидан тут,
Йўқса, бармоқ тишлаб, қиларсан сукут.
Ҳазратнинг илтимосига кўнди ва уларни озод қилиш ҳақида буйруқ берди. Шунга қарамасдан оятда «Ҳар бир вақт учун муносиб китоб – ҳукм бордир» (13.38) дейилган бўлса-да, ҳеч нарса ёрдам бермади. Амир Ҳусайн Солисарой деб номланган ўз юртига кетмоқчи бўлиб турганида Ҳазрат Соҳибқирон амир Довуд билан амир Сайфиддинни жўнатиб, амир Ҳамидни қамоқдан бўшатиб, иззат-ҳурматини жойига қўйиб олиб келишни буюрди.
Амир Ҳамидни олиб келаётган Боязид билан Эмин узоқдан келаётган икки амирни кўриб, улар – Ҳамидни ўлдириш учун келишаяпти, деб ўйлаб, ўзлари шоша-пиша, бири гурзи билан уриб, иккинчиси шамшир солиб амир Ҳамидни ўлдириб қўя қолишди. Шўрлик амир Ҳамид озодлик боли ўрнига ажал заҳрини ютди. Зеро: «Аллоҳ ҳукм қилур, унинг ҳукмини текширувчи бўлмас» (13.41)
Ҳаёт ариғидан сув боғланса гар,
Хизр жомида ҳам ажал кўринар.
Бу ишдан воқиф бўлган амир Ҳусайн «Навкарнинг иши бекникидан яхшироқ воқеъ бўлди» деди ва киши юбориб, Искандар Ўғлонни олиб келтирди ва ўлдирди.
Ўша қиш амир Ҳусайн билан Ҳазрат Соҳибқирон ҳар бири ўз юрти ва вилоятида дам олиб, айшу ишрат сурдилар, тинчлик ва омонликда иқболу давлатлари янада зиёда бўлди.
Раҳмдил ва меҳрибон Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.


Ўн тўртинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. «Лой жанги» ва унинг шарҳи баёни.

Аллоҳ таоло бандасига давлат бермоқчи бўлса, аввал уни азоб-уқубатга гирифтор қилади, агар унга бойлик ва ҳузур-ҳаловат берса, паришонлик ва бахтсизликни ҳам қўшиб беради. Зотан давлат бор жойда машаққат бор, хорлик бор жойда иззат бор. Буларнинг бари илоҳий заковат қудратидир.
Ошиқ ёр қалбида меҳр сезса гар,
Йўлдаги тикону гулни бахт билар.
Кўпинча бахтсизлик бахт сабабчиси бўлади, гоҳида эса омадсизлик ва жанжал хотиржамлик ва тинчлик олиб келади.
Назм:
Мустаҳкамлик асосидир кўплаб телик-тешиклар,
Ғам-кулфатлар зиндонида қувонч номли эшиклар.
Кўп қулфларнинг занжирига ҳадиксиз боқ, синчиклаб
Кўрсанг агар улар қулфмас, балки калит – очқичлар.
Бундай қиёслашлар Соҳибқирон ҳазратларининг ҳаёт кечинмаларига мос келади. Ҳазрат ўз вилоятида ҳузур-ҳаловатда ўтказган қиш охирлаб, баҳор оламга ўз сепини ёйганда, мўғул лашкари йўлга чиқиб, шу томонга қараб йўл олди, деган хабар келди.
Ҳазрат Соҳибқирон амир Ҳусайнга бу ҳақда хабар бериш учун киши юборди ва ўзи лашкар тўплашга киришди. Амир Ҳусайн Пўлод Буға, Муҳаммадхожа Абардийнинг ўғли Зинда Чашм ҳамда Малик баҳодирга тезда лашкарни йиғиб, зудлик билан Ҳазрат Соҳибқиронга қўшилишни буюрди. Улар Ҳазрат Соҳибқиронга келиб қўшилгач, бутун лашкар бир бўлиб душман сари силжишди. Ақар мавзеига етиб келгач, от-улов, мол-ҳол бироз куч йиғсин, деб ўша ердаги ўтлоқда бир неча кун қолишди. Кейин яна йўлга тушишди, Хўжанд дарёсидан кечиб ўтиб, тўхташди. Амир Ҳусайн ҳам катта лашкар йиғиб, уларнинг ортидан жўнади. У дарё соҳилига етганда, нариги томондан душман лашкарининг олдинги қисми яқинлашиб қолди. Ҳазрат Соҳибқирон Чиноз ва Тошканд оралиғидаги дарё бўйида тўхтади ва одамларига ғофил қолмасликка, эҳтиёт бўлиб туришга буйруқ берди. Амир Ҳусайн бутун лашкари билан Сайҳун дарёсидан ўтиб, мўлжалланган жойда тўхтади. Кандибодом дарёси бўйига етиб келган душман лашкари ҳам тўхтади.
Амир Ҳусайн билан Ҳазрат Соҳибқирон қўнган жойларидан кўчиб, йўлга тушдилар.
Иккала тарафнинг соқчилари бир-бирларини кўриб, лашкарни тартибга келтириш ва сафлантиришга киришдилар. Ўнг қўлда амир Ҳусайн улуғлик байроғини осмон қадар юқори кўтарди. Унинг ортида қанбул да Тиланжи арлот турарди. Унинг ҳужумчи қисми Улжайту Абардий, Шер Баҳром, Пўлод Буға, Фарҳод Апарди, Малик баҳодир ва бошқа машҳур баҳодирлардан иборат эди. Дунёнинг жони ҳамда жанг майдонининг зийнати Ҳазрат Соҳибқирон ғолиблик нишони бўлган байроғини ярим ой шаклида учинчи фалакка кўтарган ҳолда чап қанотни эгаллаган эди. У олдинги қаторга қипчоқ уруғи билан амир Сори Буғани, ҳужумчи қисмга Темур Хожа Ўғлонни тайинлади. Амир Жокубек, амир Сайфиддин, амир Мурод барлос ва Аббос баҳодирни бошқа жасур жангчилар билан бирга марказда ушлаб турди. Мана шу тартибда душман лашкаридан сон жиҳатидан анча ортиқ бўлган лашкар олдинга ташланди.
«Ҳунайна кунини эсланглар! Ўшанда Сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди» (9.25) оятида айтилганидек, улар кутилмаган зарбадан ўзларини эҳтиёт қилолмадилар. Худди шунингдек, мўғул лашкари ҳам Қуббаи Метиндаги жангда сон жиҳатдан кўп бўлишига қарамай шу лашкардан мағлубиятга учраган эди, бу сафар бу томон лашкари кўп сонли бўлгани учун улар ҳийла йўлига ўтишди ва Яратганнинг қудратини ўзида жамлаган жада тошини  ишга солишди.
Ҳолдан тойди  мўғул-жета лашкари
Ҳийлаю макрга қолди кунлари.
Жада тоши билан ёғдирди жала,
Жаҳон бу ёғиндан бўлди дабдала.
Гулдирак, чақмоқлар самони тутди,
Булутлар тутуни дунёни ютди.
Осмонни қора булут қоплаб, ноғора товушларига момақалдироқ овози қўшилиб, еру кўкни чақмоқ найзалари тутиб, челаклаб қуйгандек ёмғир қуйди, булутларнинг кўзларидан шу қадар ёш қуйилдики, оламни гўё сел босди.
Назм:
Нуҳ зорин булутлар эшитдими ё?
Буткул сел остида қолди бу дунё.
Ер суву намликдан шу даражада тўйдики, ерни ўз шохида тутиб турган ҳўкиз гўё сувда сузарди. Жанговар отларнинг оёқлари шу қадар лойга ботдики, қоринлари ерга тегиб турарди. Намликнинг зўридан ёй чўплари ивиб, ўқ отишга ҳам ярамай қолди. Ёй ўқларининг патлари тўкилиб, пайкони узилиб тушди. Кийимлар ҳўл бўлиб, оғирлашиб кетганидан на отлиқлар, на пиёдалар жойларидан силжиёлмай қолишди. Шунга қарамасдан, беҳад куч-ғайрат ва матонат кўрсатиб, нариги тараф лашкарлари олдинга интилдилар. Душман лашкари эса бошларига намат ёпиб, ўзлари, отлари ва қуролларини ёмғирдан асраб турдилар. Лашкар уларга яқинлашганда, бошларидаги наматларини ирғитиб ташлаб, ёмғирдан ҳимоя қилинган отлари ва қуроллари билан жангга кирдилар.
Назм:
Икки лашкар наъралари кўкка ўрлаб,
Ўнгу сўлга суриларди «урҳо-ур»лаб.
Жангу карнай суронлари шунга етди:
Гўё жаҳон осмон билан силжиб кетди.
Бундай алғов-далғовда жангчилар бақир-чақири, ёмғир ва ўқлар визиллаши елкаларни «силаб», манглайдан «ўпар», юракларни тешиб, нафасни бўғарди. Ҳазрат Соҳибқирон Аллоҳнинг инояти билан чап қанотидан ҳужумга ўтиб, душманнинг ўнг қанотини синдирди, у ерни Шангум Нўён, яъни амир Ҳамиднинг укаси эгаллаб турган эди. Буни кўрган Илёс Хожахон қочишга тушди. Бироқ қисмат юзини тескари буриб, душман лашкарининг чап қанотини эгаллаб турган Шировул ва Ҳожибек ўнг қанотга ҳужум қилиб, Тиланжи ва Зинда Чашмни ўнг қанотни бошқараётган амир Ҳусайн ёнигача қувиб боришди ва бу қанот тарқалиб, қочишга тушишди. Шер Баҳром билан Ҳожибек бу тарафнинг ўнг қанотини қувиб  юборганини кўрган Фарҳод ва Бек Темур саросимада тўхтаб қолишди. У тарафдан амир Шамсиддин ҳам кўп сонли лашкари билан шижоат енгини шимариб, жасоратларини намойиш қилдилар.
Ҳазрат Соҳибқироннинг қалбида ғайрат ёлқини аланга олиб, Аллоҳ мадад бериб турган бақувват қўллари билан.
Назм:
Пўлат қиличини сермади дадил
Гўё олов кесиб, тўсди қуёшни.
Бўкирик шер каби отилди шахдам,
Оти аждар каби силтарди бошни.
Ўн еттита қўшини билан душман устига ташланди ва ҳужум ёлқинини уларнинг матонат хирмонлари устига йўллади.
Бундан даҳшатга тушган амир Шамсиддин отининг бошини жанг майдонидан четга буриб, қочишга тушди. Назм:
Соҳибқирон ҳужумин кўргани сайин,
Ҳар банданинг мадори кетиши тайин.
Соҳибқирон ғалабасидан амир Ҳусайннинг умиди куч олиб, чекинган лашкарини йиғиштириб, бир жойда турди. Назм:
Ғанимни қақшатиб қилди тантана,
Сипоҳ томирида қон жўшди яна.
Ҳазрат Соҳибқирон навкари Табан баҳодирни амир Ҳусайн ёнига қуйидаги сўзларни тайинлаб юборди: «Ҳозирги пайт учун энг тўғри йўл амирнинг бизга яқинлашишидир, агар бирлашсак, душманга ғавғо солган бўлардик, негаки уларда на биз билан юзма-юз бўлишга, на қаршилик кўрсатишга куч йўқ».
Амир Ҳусайннинг бахт юлдузи Соҳибқирон юлдузининг чарақлаши олдида хиралаша бошлагани боис унинг ҳокимияти куни ҳам омадсизлик шоми томон яқинлашар ва Қуръон оятида: «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (13.11) дейилганидек, унинг руҳияти ўша кунлари ўзгариб қолди. У ножоиз хатти-ҳаракатлар содир қилди. Табан баҳодир унга яқин келганида, у сўкиниб, уни шундай урдики, йиқилиб тушди. Ҳазрат Соҳибқирон тағин унинг ёнига амир Ҳусайн баҳодирларидан бўлган Малик ва Ҳамидларни юборди ва бу сўзларни тайинлади: «Қулай пайтни қўлдан чиқармаслик учун у албатта келиши керак». Бу сўзларни эшитган заҳоти амир Ҳусайн ғазаб отига миниб уларни урди ва «Мен қочиб кетдиммики, у мени чақирсин? Агар сизлар ғалаба қилсангиз яхши, агар ғалаба душманга насиб этса, улар менинг қасосимдан омонлик топишмайди», дея уларга дўқ-пўписалар қилди.
Кўнгиллари лат еган Малик билан Ҳамид Ҳазрат Соҳибқирон қошига келиб, унинг жиловига ёпишиб: «У ярамасдан ортиқ мадад кутманг, бунга энди ортиқ уринманг» дейишди. Ҳазрат уларнинг фикрини рад этмади ва мақсад қўлини ундан тортди. Ҳар икки тарафнинг чап қанотларини душманнинг қарама-қарши қанотлари тарқатиб юборгани оқибатида ҳар иккала лашкар ҳам бошлари қовушмай, душман манзилига етган жойда тўхтади.
Назм: 
Қуёш чавандози тушганда отдан,
Лашкар ҳам тўхтади қирғин-баротдан.
Неча минглаб лашкар тун бўйи ётиб,
Токи тонг отгунча ухлади қотиб.
Ўша кечаси амир Ҳусайн бир неча бор ҳазрат Соҳибқирон қошига одам юбориб, уни ўз ёнига чорлади. Унинг нолойиқ қилиқларидан дили оғриган Ҳазрат бу таклифни жавобсиз қолдирди ва илтимосини бажармади.
Назм:
Фалак узра чиқди хуршиди анвар,
У борлиқ оламни қилди мунаввар.
Иккала лашкар ҳам тушди жунбушга,
Қонсираб байроқлар чорлар урушга.
Ерни тутиб кетди фарёду фиғон,
Эс-ҳуш дегандан ҳеч қолмади нишон.
Иккала тарафнинг жангларда чиниққан аскарлари аралаш-қуралаш бўлиб, урушиб кетишгач, мўғул лашкари мағлуб бўлиб қочишга тутинди. Ҳазрат Соҳибқироннинг лашкари душман изидан қолмай баайни қасос олувчи қисматдек қувиб борди. Шу маҳал ўз лашкаридан айрилиб қолган амир Шамсиддин байроғи билан бориб, бир чеккада турди. Қочоқларни қуваётган лашкар жиловни тортиб, ўша байроқ томон бурилди. Қочаётган лашкар эса қайтадан тўпланиб, еру кўкни ларзага келтириб уларнинг устига ташланди.
Назм:
Ёвуз ғаним қайта ҳужумга ўтди
Қиличу ўқ теккан инсон қон ютди.
Ўқлар ёмғиридан қалқонлар – ғалвир,
Найза кўз, юракка санчилаётир.
Замонанинг бевафолигидан аввал ғалаба келтирган байроқ энди бахтсизлик чангалига гирифтор бўлди ва олдин ғолиб бўлган лашкар энди мағлуб бўлиб, қочмоққа тутинди.
Назм:
Ўзгарувчан фалак ишига бир боқ:
Аввал роҳат берар, сўнг келар – қийноқ.
Тўс-тўполонда кўплаб одамлар балчиққа ботиб қолди. Аввал енгилган душманлар яна қад ростлаб, ўз истакларини қондириш учун қасос қиличини ишга солдилар ва ўн мингга яқин киши ҳалок бўлди. Оятда айтилганидек: «Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди» (33.38). Бу  воқеа илон йилида, 766 (22 май 1365) рамазон ойининг бошларида содир бўлди. Буржлар силсиласидаги саккизинчи бўғин ақраб буржида содир бўлдики, мунажжимлар буни мустақил бўғин деб аташади. Сўзимиз охирида бу фикрни ерда содир бўлаётган ишлар осмон жисмлари таъсирида бўлишини тасдиқлаш учун келтирмадик. Зеро, оламга Аллоҳдан ўзга таъсир ўтказувчи куч йўқдир.
Амирлар бу ердан кетиб, Шаҳрисабзга етганларида ҳар бири ўз эл-улусини Жайҳун дарёсидан ўтказишга қарор қилишди. Амир Ҳусайн ҳазрат Соҳибқиронга: «Ҳозир оиламиз ва одамларимизни дарёдан ўтказмоғимиз мақсадга мувофиқдир», – деди. Соҳибқирон эса: «Улар дарёдан ўтиш учун кетишди. Менинг эса бу вилоятни ташлаб кетишга ҳимматим йўл бермаяпти, негаки у сотқинлик ва адолатсизлик қурбони бўлади. Мен яна лашкар тўплайман-да, душман билан олишаман», деди.
Амир Ҳусайн Солисарой томон йўлга тушди. У ерга етиб келгач, ўз эл-улуси ва қўл остидагиларни тўплаб дарёдан ўтказди, тепалик ва довонлардан ўтиб, Шибарту деган манзилда тўхтади. Мўғул лашкаридан огоҳ бўлиб туриш учун кишилар қўйди, мўғул лашкари қўзғолса Ҳиндистон сари жўнамоқчи эди.
Амир Ҳусайн Шаҳрисабздан жўнаб кетгани заҳоти қудратли Соҳибқирон лашкар тўплашга тушди ва тадбиркорлиги орқасида ўн иккита қўшин тузди. Темур Хўжа Ўғлонни, Жоварчи ва Аббос баҳодирни етти қўшин билан ҳужумчилар сифатида Самарқандга жўнатди. Жоварчи у ерда шароб ичишга берилиб кетиб, шароб унга қуйидаги мисрада айтилганидек таъсир этди:
Майнинг хушбўй сарин елдек ёқимлиси хуш,
Гар нажасга яқин турса, анқийди нохуш.
Ва ичида пайдо бўлган ғайирлик алангаси тилига чиқди. У Довудхўжа ва Ҳиндушоҳга: «Ҳазрат Соҳибқирон сизларни тутиб олиб, амир Ҳусайн қўлига топширади, у сизларни тирик қўймайди» деб уларни қўрқитди. Улар бу гапдан даҳшатга тушиб, қочишни афзал кўришди ва душман томонга ўтиб кетишди. Куланг деган манзилга етишганда мўғул лашкаридан ҳужумчи қисм сифатида Улуғ Туғ Темурнинг ўғли Кебек Темур, Шировул, Анғирчоқ, Ҳожибеклар у ерга келишди. Довудхўжа билан Ҳиндушоҳ буларга йўлбошловчи бўлиб, уларни Темурхўжа Ўғлон, Жоварчи ва Аббосга қарши бошлаб келишди ва уларга шикаст етказишди, бу билан лашкарлар ўртасидаги бирлик риштаси узилди.
Буни эшитган Ҳазрат Соҳибқирон англадики, давлат ишларида ҳали нуқсонлар ва тўсқинликлар мавжуд, ортиқча жаҳду жадаллик фойда бермайди.
Назм:
Аҳволин ўнглашга уринар, аммо –
Ушбу вазиятда бу бир муаммо.
У мудом ўз аҳволини яхшилашга уринар, аммо айни вазият бунга йўл бермасди. Шундай қилиб, у Аму дарёсидан ўтиб, Балхда манзил тутди, ўзининг тарқалиб кетган эл-улуси ва туманини тўплади. Шунингдек, у Кебекхоннинг туманини ҳамда Элчи Буға Сулдуз туманини ҳам тўплашни буюрди ва бир тўда кишиларни дарё соҳилини қўриқлаб, у ерларда бўлаётган ишлардан, ҳатто энг майда ишлардан ҳам хабардор бўлиб туриши учун тайинлади. Темурхўжа Ўғлонни урушда йўл қўйган хатоси учун жазолади.
Бахт қуёшининг бош кўтариб, оламга эгалик қилишини кутаркан, у тонгги маишатга берилди.
Назм:
Хуш кечир умрнинг ҳар лаҳзасини
Мудом ёринг бўлсин ҳузур-ҳаловат.
Ўткинчи дунёда ғам-алам мўл-кўл,
Шодлик дамларини билгин ғанимат.


Ўн бешинчи фасл. Мўғул лашкари томонидан Самарқанднинг қамал қилиниши баёни.

Мўғул лашкари Самарқандга етиб келган пайтда Самарқанднинг қалъаси йўқ эди. Шу сабабли Мавлонозода Самарқандий, Мавлоно Хурдак Бухорий ва Абобакр Калавий Наддоф шаҳар халқини кўчаларни тўсиқлар билан мустаҳкамлаб, шаҳарни муҳофаза қилишга чақирдилар. Ўша жасур кишилар маълум муддат шаҳарда ҳоким бўлмаган пайтда кўп сонли ва маккор душман билан мардонавор урушдилар. Улар душманлар ҳужумини шу қадар қаттиқ туриб қайтардиларки, зўравонлик қўли шаҳар халқининг мол-мулки ва ор-номусига етолмади. Шаҳар аҳли узоқ давом этган қамалдан беҳад мушкул аҳволда қолган пайтда Яратганга илтижо қилди, дуолари мустажоб бўлиб, роҳатбахш насим раҳмати илоҳийдан келди. Қуръони Каримда: «Албатта ҳар бир оғирлик билан бирга бир енгиллик ҳам бордир» (94.6) дейилган-ку. Мўғул лашкарининг отларига ўлат тегиб, отлар шунчалик қирилдики, тўртта отлиқдан фақат биттасида от қолди, холос. Шу сабаб улар саросимада қолиб ортга чекинишга мажбур бўлишди. Уларнинг кўпчилиги эгарни елкаларига боғлаб чекинишди. Бундай катта лашкарга бас келиш ҳақиқатан ҳам улуғ подшоҳлар ва уларнинг ноибларининг иши эди, бироқ бу ишни оддий фуқаро уддалагани боис айримлари бундан беҳад ғурурланиб кетишди ва халқни қийнашга, зўравонлик қилиб, ҳатто қон тўкишгача боришди.
Назм:
Ё Раббим, гадойга амал бермагил!
Мўғул лашкари орқага қайтмоқчи бўлган пайтда Ҳазрат Соҳибқирон Аббос баҳодирни Қаҳлағага юбориб, мўғул аҳволини билиб келишни тайинлади. У Қаҳлағага бориб воқеаларни билгач, келиб ҳаммасини юқорида баён этилгани сингари Ҳазратга етказди. Соҳибқирон мўғул лашкарининг қайтгани ҳақида хабарни эшитгач, амир Ҳусайнга бу ҳақда билдиришни, у ҳам шу тарафга томон ҳаракат қилиши лозимлигини тайинлади. Чопардан бу хабарни эшитган амир Ҳусайн беҳад шод бўлди. Дарҳол, у Шибартудан жўнаб, Солисарой томон йўл олди. Ҳазрат Соҳибқирон оиласи ва элини дарёдан ўтказиб, қадимги юртига жўнатди. Ўзи эса отга миниб, амир Ҳусайн истиқболига йўл олди. Улар Боғлон сайҳонлигида учрашишди. Бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришиб, иззат-ҳурматларини жойига қўйиб, ўтган воқеалар, келажакдаги ишлар ҳақида сўзлашишди. Улар шу тариқа мулоқот қилиб, эрта баҳордаёқ биргаликда Самарқандга жўнашга қарор қилишди. Ҳазрат Соҳибқирон эсон-омон Жайҳундан ўтиб, катта йўл босиб Қаршига келиб тўхтади. Бу шаҳарнинг Қарши номини олишига сабаб шуки, Кебекхон Нахшаб ва Насафдан икки фарсах нарида қаср қурдирган эди. «Қаср» сўзи мўғул тилида «Қарши» деган маънони англатади. Соҳибқирон қишни ўша ерда ўтказди ва Қаршини қўрғон билан ўрашни буюрди. Соҳибқироннинг улкан тадбиркорлик қудрати билан қишдаёқ қўрғонни қуриб бўлишди.
Назм:
Иқбол тилагига айлади восил,
Эккан уруғлари берди мўл ҳосил.


Ўн олтинчи фасл. Илёс Хожахон ишининг ниҳоясига етгани, унинг вафотидан кейинги воқеалар: Амир Қамариддиннинг ҳокимият учун кураши ва уни тиклашининг баёни.

Мўғулларнинг оғзаки маълумотларида Илёс Хожахон ҳақида биронта ҳикоят ҳам, ривоят ҳам йўқ. У ҳақда «Зафарнома»да қуйидагилар битилган: Туғлуқ Темурхоннинг вафотидан сўнг у тахтни эгаллади. Отасининг ўлимидан, «Лой жанги»дан ҳамда ундаги ғалабадан сўнг, Самарқанд қамали ва отларга ўлат келгани боис, у ердан қайтгандан сўнг унинг ҳукмронлиги узоққа чўзилмади. Туғлуқ Темурхон вафотидан кейин мўғуллар оғзида айтилиб келинган воқеаларнинг кўпи Илёс Хожахон ўлгандан сўнг содир бўлган, қолаверса, буёғи кўпроқ Аллоҳга аёндир.
Туғлуқ Темурхон вафотидан кейинги воқеаларга келсак, мўғуллар тилида мана бундай ҳикоя қилинади: Туғлуқ Темурхон ҳаёти ҳақидаги тасвирларимизда эслатиб ўтилган амир Буложи бешта ака-укалардан бири эди. Улардан биринчиси – амир Тўлак, у ҳақда хоннинг исломни қабул қилиш зикрида ёзган эдик. Иккинчиси – ўша Буложи. Учинчиси, «Зафарнома»да «Лой жанги» баёнида айтилган амир Шамсиддин. Тўртинчиси – амир Қамариддин, у ҳақда энди тўхталамиз ва бешинчиси – амир Шайх Давлат, у ҳақда ҳеч нарса маълум эмас.
Амир Тўлакдан сўнг улусбегилик мансаби амир Буложига тегди. Амир Буложи акасининг ортидан абадиятга равона бўлгач, улусбегилик унинг ўғли Амир Худойдодга насиб этди. Амир Қамариддин хонга таъзим бажо келтириб айтдики: «Акамнинг ўрнига мен лойиқман. Унинг ўғли етти ёшда, бу мансаб унга тўғри келмайди. Туғлуқ Темурхон, албатта, қароридан қайтмади ва бу мансабни етти ёшли Худойдодга берди».
Амир Қамариддин тап тортмас киши бўлиб, этиги ичига етти яшар боланинг жой бўлиши билан машҳур эди. Хуллас, у қаттиқ ранжиди, аммо қўлидан ҳеч нарса келмади. Хон вафот этгач, у тағин қўзғалди. Бироқ, «Зафарнома»да ёзилишича, у Илёс Хожахон вафотидан сўнг қўзғолган, бу фикр мўғулларнинг ривоятларига тўғри келмайди. Ўша пайтда кучли, мустақил хон бўлмагани учун амир Қамариддин юрагида йиғилиб ётган бор аламларини юзага чиқарди, кунлардан бир куни у ўн саккизта хонзодани ўлдириб, ўзига «Хон» ёрлиғини ёпиштирди ва шу билан Мўғулистонда ишлар издан чиқди.
Туғлуқ Темурхондан битта эмизикли ўғил қолган эди. Амир  Худойдод уни онаси билан бирга яширганди, онасининг исми Амир Оғо эди. Амир Қамариддин уларни қидириб топиш учун кишилар жўнатди, ҳар гал уларни шундай бекитишар эдики, амир Қамариддиннинг одамлари топишолмасди. 
Амир Қамариддин Мўғулистонда ҳокимиятни тиклаш ва изга туширишга киришди, аммо амирлар ўртасидаги низолар туфайли унинг иши юришмади. Амир Темур ва унинг қўшинларининг Мўғулистонга келиши Амир Қамариддин ишларининг олдинга силжишига таъсир кўрсатмади. Амир Худойдодга келсак, у Хизр Хожахонни амир Қамариддин тазйиқидан халос бўлсин деб Кошғардан Бадахшон ва Кошғар оралиғида жойлашган тоғларга жўнатди. Бу ҳақда ҳали ёзилади. Воқеаларга аниқлик киритиш учун аввал амир Қамариддин ҳақида тўхталамиз.

(давоми бор)

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин