Саналар
03.07.2025
Баннер
Туркистон тарихи (1)
PDF Босма E-mail

Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади. Тарихий хотираси бор инсон - иродали инсон. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка чақиради.
Ислом КАРИМОВ

СЎЗБОШИ

«...Илми таворих [тарих илми] нинг фойидамандлиғиға тамоми фирқа муттафиқ ур-ройдурлар. Аксар тавойифи умам, балки, тамоми аҳли олам бу илмни амалга қўйуб, гумоштагон-лариндин ривоят ва ҳикоятлар қилиб, онинг ўзлариға далил қила-дурлар. Хусусан, тавойифи атрок [турклар] ва ўзбеклар ўтган уруғ ва қабилаларни ёдда тутмоққа ғоят жадду-жаҳд қиладурлар. Аммо бизнинг Туркистон сартиялари тарихга кўп аҳамият бермай, икки-уч отадин илгари ўтган салафларин ва аларни замонларидаги ҳикоят ва вокеотларини асло билмайдурлар. Бинобарин, каминаи ҳеч мадон [нодон] ажз ва қусуримни иқрор ва эътироф айлаб, саҳв ва қусури бўлса, хонандаларини авф қалами илан тасҳиҳ ва дуруст қилмақларини рижо ва илтимос умидида Фарғона ва Ҳўқанд хонлари ва оларнинг аҳволотла-рини баъзи таворихлардин ва куҳансол [қария] одамлардин ва ҳам худди камина ўзим эшитган ва кўрганларимни содца ва расмий чиғатой турк тилида мусаввада [қоралама] айлаб «Та-рихи Туркистон» ном қўйуб нашриға шуруъ қилдим. Аллоҳ таоло муваффақ айлаб итмоми [якуни]га еткурмоқни муяссар қилғай, токим туркистонлик биродарларимиз Фарғона хонлари, оларнинг замонлари ва воқеотлари ва Русия давлатиға тобеъ бўлғондин эллик йиллик муддатда бўлғон аҳвол ва атворимиз [хулқимиз]нинг қандай тағайюр [ўзгарган] ва табдил ва тараққийсиға мулоҳаза айлаб, наъм ул-инқилоб натижасиға иб-рат кўзи билан боқсалар экан деб, ва биллоҳи тавфиқ».
Бугунги кунда ёш авлодни тарихни чуқур ўрганмасдан туриб келажак йўқ шиори остида тарбиялаш, тарихий онгни шакллантириш борасидаги маънавий-маърифий ишларни ривожлантиришда ўзбек зиёлиси, Мирзо Олим Махдум ҳожининг «Тарихи Туркистон» асари муайян рол ўйнайдики, муаллифнинг юқорида келтирилган, ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотмаган эътирофлари диққатга лойиқдир.
Умуман, Қўқон хонлиги ва шу ном билан аталувчи давлат ҳақида яратилган маҳаллий тарихчиларнинг асарлари сони 30 дан ошади. Кенг кўламдаги бу манбаларда хонликнинг сиёсий тарихи, маданияти ва унинг турли ҳудудларида юз берган воқеалар тафсилотлари баён қилинган. Қўқон тарихчилари асарларида қўшни мамлакатлар тарихи ҳам мавжуд. Қўқон тарихчилари мактаби ва уларнинг намояндалари ҳамда асарларига бағишланган махсус тадқиқот ҳалигача яратилган эмас. Уларнинг асарларидан жуда кам қисми илмий муомалага киритилган ёки таржима этилиб чоп қилинган.
Мазкур киришда биз Қўқон тарихи тарихшунослиги, манбашунослиги ва хонликнинг қисқа сиёсий тарихини ушбу «Тарихи Туркистон» нашридан олдин беришни лозим топдик.
Биринчи «қўқоншунос» олимларимиз Қўқон тарихи ва маданиятига доир асарлар ёзган маҳаллий тарихчилар ҳисобланади. Улар турли манбалардан, воқеа ва ҳодисаларнинг ишти-рокчилари берган маълумотлардан фойдаланиб, яратганлиги боис асарлари муҳим ҳисобланади.
Кейинчалик туркистонлик ва россиялик олимлардан Гр. Потанин, Д. Н. Романовский, В. Ханнков, А. Макшеев, В. Вельяминов-Зернов, В. В. Григорьев, А. П. Хорошхин, А. Нурекин, Н. Петровский, А. Ф. Мидендорф, А. Федченко, А. Кун, А. К. Гейнс, (Дм. Д-ой), В. В. Наливкин, М. Наливкина, С. Аб-дулғаффоров, Н. Веселовский, Н. Энгельгард, М. Михайлов, Л. Соболев, Н. Г. Малицкий, А. Брянов, В. В. Бартольд, Н. Г. Павлов, В. Ласточкин, А. Г. Серебрянников, Ч. Валиханов, А. 3. Валиди, Л. А. Зимин, П. О. Кузнецов, Н. Я. Бичурин, М. В. Лавров, М.С. Андреев ҳамда хорижлик олимларнинг баъзи-лари маҳаллий муаллифлар асарларидан ҳам фойдаланиб, ўз тадқиқотларини яратган. Сўнгра А. А. Семенов, Р. Н. Набиев, А. П. Қаюмов5, А. Ўринбоев6, П. П. Иванов, В. М. Плоских, В. А. Ромодин, Н. Д. Миклухо-Маклай, «Собрания Восточньгх Рукописей АН Узбекистана» (1-Х1 тт.)нинг муаллиф-лари" , Б. В. Лунин, Ч. А. Стори, Ф. А. Озодаев, Ҳ. Н. Бо-бобеков, Р. К. Бекмаханов, А. 3. Валидов, Ч. Ч. Валихонов, С. С. Губаева, А. X. Жувонмардиев, М. Қутлуғов, Е. А. Маджи, А. А. Мухторов, Е. А. Полякова, Ҳ. Содиқов, Э. Хуршут, А. Т. Тагиржанов, Т. И. Султанов, А. Л. Троицкая, А. Саъдиев, Т. К. Бейсембиев, Т. Саидқулов, X. Ғ. Гуломов, яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар олимларидан С.С. Сооданбеков, Ю. Лунёв, Н. Терлетски, С.С. Ливай ва бошқалар ўз асарларида хонликнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётини ёритганлар.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, юқоридаги олимлардан бирортаси ҳам бевосита Қўқон тарихчилари асарлари билан махсус шуғулланмаган. Қўқон тарихчилари мактабининг шаклланиши, унинг намояндалари ва асарларининг мазмунини ёритиб берувчи тадқиқотлардан А. Ўринбоев ва О. Бўриев, Т. К. Бейсембиев, Э. Хуршут, Ш. Воҳидов ва Д. Сангирова, Ў. Султонов, Б. Турсунов, Ш. Маҳмудов ва Солижон Йўлдошев ва оммавий услубдаги ишлардан Муҳаммад Яҳёхон, Ш. Юсупов асарларини тилга олиш мумкин.
Бугунги кунда Қўқон тарихчилари мактаби намояндалари асарларидан саналмиш
Муҳаммад Ҳакимхоннинг «Мунтахаб ут-таворих» асари (факсимилеси, Душанбе, 1984, 1985; Токио, 2006, II жилди), Тожир Хўжандийнинг «Ғаройиби сипоҳ»(Хўжанд, 1991), Мирзо Олим Махдум ҳожининг «Тарихи Туркистон» (Қарши, 1992), Мирзо Олим Мушрифнинг «Ансоб ус-сало-тин ва таворих ал-хавоқин» («Қўқон хонлиги тарихи» номи билан нашр этилган. Тошкент, 1995; рус тилида Солижон Йўлдошевнинг илмий нашри. Тошкент, 2007), Муҳаммад Юнус Тоибннг «Тарихи Алиқули амирлашкар» («Шарқ юлдузи», 1996, 1-2-сон; Лондон, 2003) ва «Туҳфайи Тоиб» (Тошкент-Токио, 2002), Муҳаммад Азиз Марғилонийнинг «Тарихи Азизий» (Тошкент, 1999) номли асарлар чоп қилинган.
Қўқон тарихчилари асарларининг турли тил ва жанрда яратилишига хонликнинг қуйидаги тарихий-сиёсий жараёнлари туртки бўлган.
Қўқон хонлигига асос солган минг қабиласининг бопшиғи Шоҳрухбий ибн Ашур Муҳаммаддир. У тахминан 1669-1670 йиллари таваллуд топган. Минг уруғи XVIII асрнинг бошларида сиёсий ҳукуматни хўжагон сулоласининг қўлидан куч билан тортиб олган эди.
Хўжалар ёки хўжагон сулоласи - руҳонийнасаб Шарқий Туркистоннинг ҳокимлари бўлган. Сулоланинг асосчиси Махдуми Аъзамхўжа Аҳмад ибн Саййид Жалолиддин бўлиб, у «Хўжагон» тариқатига мансуб. У ҳижрий 956 йили таваллуд топиб, милодий 1542 йили вафот этган. Бу хўжалар Шарқий ва Ғарбий Туркистонда ҳукм сурган чиғатой ҳокимлари даврида катта мансаб ва вазифаларга эга бўлиб, иқтисодий-сиёсий кучларга соҳиб бўладилар. Сулоланинг буюк намоёндалари бўлмиш Оффоқхўжа Қошғарийдан (XVII а.) Шарқий Туркистон ҳамда Фарғонада фаолият кўрсатган хўжалар келиб чиққан. Оффоқхўжа ўғиллари Хонхўжа (Хўжа Яҳё ибн хўжа Ҳидоятуллоҳ ибн хўжа Муҳаммадюсуф ибн Хўжа Муҳаммадамин ибн Махдуми Аъзам Даҳбедий ва Кунхўжа (Хўжа Бурҳониддин) Шарқий Туркистондагина эмас, Ўрта Осиёда ҳам катта обрўга эга бўлган.
Бу хўжалар - Оқхўжалар ва Қорахўжаларга бўлинган. Қорахўжалардан бўлмиш Оффоқхўжа Цин ҳукуматини тан олган. Махдуми Аъзамнинг ўғли Муҳаммадамин Оқхўжаларга мансуб бўлиб, Цин ҳукуматини тан олмаган. Унинг авлодлари Хитой Шарқий Туркистонига бостириб кирганда Ғарбий Туркистон, яъни Қўқон хонлигига кириб қолади.
Маълумки, хўжагон жамоаси Махдуми Аъзам - Аҳмад ибн Жалолиддин хўжагон Косоний авлодларидан бўлиб, уларнинг ҳукмронлиги XVII асрда Шарқий Туркистонга ҳам тарқалган эди. Шоҳрухбий ҳам хўжалар билан иттифоқ тузиб, ҳукмронлигининг мустаҳкамлаш учун Чодак хўжаларидан бирининг қизи-га уйланади. 1709 йили уруғ зодагонлари ҳамда хўжалари розилиги билан Шоҳрухбий хонлик тахтига кўтарилади. Унинг қасри Эски қўрғондан Қўқонга кўчирилади. Шоҳрухбий даврида Ўш, Ўзган, Хўжанд ҳали мустақил бўлиб, Қўқон давлатининг шимолий чегараси Наманганнинг Шоҳидонигача чўзилади. Шоҳрухбий ўлимидан сўнг унинг ўрнига уч ўғлидан бири бўлмиш Абдураҳимбий ҳижрий 1132 (милодий 1721) йили шаввол ойида (июль) тахтга ўтиради. Низомиддин Муҳаммад Абдураҳимбий ҳижрий 1110 (милодий 1690) йили оламга келган эди. Отаси даврида у Наманганда ҳоким бўлиб, унга Муҳаммад Баҳодур номли киши оталиқ бўлган. 1725 йили у Хўжандни Оқ Бўтабий юз қўлидан олиб, бир йиддан сўнг Ўратепани забт этиб, Қўқон давлатига қўшади.
1729-1730 (баъзи манбаларда ҳижрий 1145, милодий 1732) йилда Абдураҳимбий Самарқандга юриш қилиб, шаҳарни қамалга олади. Лекин шаҳар аъёнлари ва оқсоқоллари бир неча кун ўтмай, шаҳар дарвозаларини очиб беради. Бу вақтда Туркистоннинг кўп жойларида қабила ва уруғлар ўзаро уруш ва жанглар билан машғул эди. Шу боис Абдураҳимбий қабила ва уруғ раҳбарлари билан иттифоқ тузиб, давлат чегараларини кенгайтиради. Шаҳрисабз волийси Иброҳим оталиқ кенагас билан эса қариндош бўлиб, унинг қизига уйланади. Мингларнинг кенагас уруғи билан тузган бу иттифоқи XIX асрнинг 60-йилларигача давом этади. Аммо орада олти ой ўтмай, Бухоро хони Абулфайзхон Самарқандни ўз тасарруфига қайта киритади. Абдураҳимхон бундан хабардор бўлгач, Қўқондан Хўжандга келганида ўлдирилади ва ўрнига Абдулкаримбий ибн Шоҳрухбий (1734-1750) хон бўлди.
Муҳаммад Абдулкаримбий ҳижрий 1115, милодий 1703 йилда таваллуд топган. У хон бўлишидан олдин валиаҳд сифатида Наманганда ҳоким эди. Абдулкаримбий асосий эътиборини давлатни мудофаа қилиш ишларига қаратади. Унинг замонида Қўқон шаҳри атрофи қўрғон билан ўралади, Исфара, Қатағон, Марғилон, Ҳайдарбек дарвозалари қурилади. 1741-1745 йилларда Фарғона жунғорлар ҳужумига дуч келади. Абдулкаримбий қипчоқ-қирғизлар ҳамда Ўратепа ҳокими Фозилбий юз ёрдамида улар билан урушлар олиб боради. Шу вақтда Абдул-каримбий ҳам Тўрақўрғон ва Самарқандга Абулфайзхон илтимосига биноан юришлар қилади. 1745 йили Миёнколда хитой-қипчоқлар Ибодуллоҳбий раҳбарлигида бош кўтаради. XIX асрнинг бошларида Хитой ҳукумати тазйиқи остида Шарқий Туркистондан Фарғона водийсига қалмоқлар, уйғурлар, қирғизлар, қорақалпоқ ва қозоқ-қипчоқлар кўчиб келишади. Фарғона водийси XVIII асрнинг ўртасида кўплаб халқ ва жамоалар учун ватан бўлади.
Водийда хўжалик ва маданий ҳаёт ривожлана бошлади. 1749 йили Абдулкаримбий қалмоқ (жунғорлар) билан сулҳ тузади. Сулҳ шартларига кўра, қалмоқлар ватанига қайтганига қадар қозоқ даштларида яшаб туриш ҳуқуқига эга бўлади. Қўқон хонлиги даврида эса уларга ўтроқ халқ билан савдо-сотиқ қилишга ижозат берилади. Қалмоқлар Қўқон ҳудудига бостириб кирмасликни зиммаларига олади. Яна иттифоқ тулиқ ишонарли бўлиши учун жунғор-қалмоқлар ўз томонидан бир шаҳзодани Ҳўқандга жўнатади ва Ҳўқанддан Бобобек ибн Абдулкаримбий кўчманчилар қароргоҳига юборилади.

1750 йили Абдулкаримбий вафот этади ва ўрнига унинг ўғли Абдураҳмон тахтга кўтарилади. Аммо тўққиз ойдан кейин Марғилонга ҳоким этилиб, хонликка Абдураҳимбийнинг иккинчи ўғли Эрдонабий (Абд ул-Қаюмхон) ўтқазилади. Лекин бир йил ўтмай Бобобек Ўратепа юриши вақтида Бешариқда қатл этилади ва Эрдонабий қайта Қўқон тахтига ўтиради. Эрдонабий хонлиги даврида музокаралар олиб бориб, Хитойнинг Қўқон хонлигига ва Қўқон хонлигининг Шарқий Туркистон -Қошғар ишларига дахл қилмаслиги ҳақида шартнома тузилади ва анча муддат тинчлик ўрнатилади.
Эрдонабий даврида (1750-1762) Фарғона тўрт вилоятга бўлинар эди. Булар: Андижон вилояти, Наманган вилояти, Чуст ва Қўқон мулки. Қўқон дор ус-салтанат, яъни давлатнинг пойтахти эди. Эрдонабий Исфара ва Хўжандни мулкларига қайта қўшиб олиб, 1754 йили Ўратепага юриш қилади, лекин шу юришда мағлуб бўлади. Эрдонабий 1762 йили вафот қилади. Уруғларнинг бий ва оқсоқоллари ўзаро маслаҳатлашиб, Сулаймонхон ибн Шодибий ибн Шоҳрухни тахтга кўтариш хусусида қарор қабул қилишади. Аммо бир неча ойдан сўнг у тахтдан туширилади ва хонлик тахтига Абдулҳамидхон ибн Абдураҳимхон «Норботир» - Норбўтабий (таваллуди ҳижрий 1163 йили, муҳаррам ойининг учинчи куни, милодий 1749 йил 13 декабр, вафоти ҳижрий 1213, милодий 1798 йили) ўтиради. Норбўтабий ва Олимхон даврида (1798-1810 милодий йиллар) Қўқон хонлигининг бирлашиш жараёни охирига етади. Олимхон даврида Тошкент ва Чимкент хонлик ҳудудига қўшилади.
Унинг даврида хонликнинг хўжалик ва маданий ҳаёти ривожлана бошлади ва Қўқон Фарғонанинг маданий ва иқтисодий марказига айланади. ХIХ аср бошларида Қўқон хонлиги қўшни давлатлар билан алоқалар ўрнатиб, уларга ўз элчиларини ҳам юборади. Қўқоннинг Хива, Шарқий Туркистон, Бухорога юборган элчилари ҳақида маълумотлар бор.
1805 йили етти йиллик ҳаракатлардан сўнг Олимхон Хўжандни, 1806 йили эса Ўратепани забт қшшб, итоатига киргизади. Лекин кўп ўтмай Ўратепа мустақилликни қўлга киритиб, Маҳмудхўжа ҳоким бўлади. Олимхон Бухоро қўшинидан мағлуб бўлиб, сиёсатини ўзгартиради. Энди у Тошкентга юриш қилишга қарор қилиб, 1809 йили бу вилоятни ишғол этади. Бу ерда туриб Олимхон қишнинг ўрталарида қўшинини Сайрам ва Чимкентга, чекинган тошкентликлар қўшинига қарши юборади. Об-ҳавонинг қийинчиликлари, қишнинг совуқ келгани ҳамда Олимхон қаҳру-ғазабидан тўйган қўшин бошлиқлари ва хон душманлари унинг укаси Умархон тарафига ўтади. Умархон ҳам бу кишиларни қўллаб туриб, эътироз билдирмайди. Умархон қўзғолон кўтарган қўшни билан Қўқонга қайтади ва хонлик тахтига кўтарилади. Олимхон Тошкентда қолган яқинлари билан Қўқонга қайтаётганда Умархон ва Тошкент зодагонлари одамлари томонидан Сарой деган мавзеда отиб ўлдирилади.
Олимхон ўлимидан сўнг (ҳижрий 1225, муҳаррамнинг биринчи куни, милодий 1810 йили олтинчи февраль) Қўқон тахтита Умархон ибн Муҳаммад Абдулҳамид (Норбўтахон) Баҳодир ўтиради. Умархон даврида эса зодагонлар қайта ҳокимият устига келиб, руҳонийлар ҳам давлат ва сиёсат ишларига аралашадиган бўлади.
Бу даврда Самарқандга Юсуф мингбоши раҳбарлигидаги қўшин юборилиб, бу вилоятнинг чегаралари талон-тарож этилади. 1816 йили эса Ражаб қўшбеги бошчилигидаги қўшни Туркистонни забт этиб, у хонлик ҳудудига киритилади. Шу юришдан сўнг Умархон руҳонийлар розилиги билан «амир ал-муслимин» унвонини олиб, ҳам диний, ҳам дунёвий ҳокимиятга эга бўлади. Умархон даврида Қўқон хонлигининг давлат тузуми, давлат ишларини юргизиш қонун-қоидалари, диний ишлар тартибга келтирилиб, мамлакат чегаралари аниқпаб олинади. Энди Қўқон давлатининг чегараси шимолда Туркистон ва Дашти Қипчоққача, ғарбда Самарқандгача, Жанубда Кўҳистон ҳамда Кўлоб, Ҳисор ва Шаҳрисабзгача, Шарқда эса Шарқий Туркистонгача етарди. Умархон 1822 йили 30 декабрда вафот этгач, унинг вориси Муҳаммадалихон даврида (1822-1842) Қўқон ҳукуматини Кўлоб, Ҳисор, Бадахшон, Дарвоз, Масчоҳ тан олади. Муҳаммадалихон даврида қирғизларнинг баъзи туманлари Қўқонга қўшиб олинади.
Сирдарё бўйларидан Александр тоғлари ёнларигача Қўқон истеҳкомлари қурилди, уларнинг атрофида зироатчилар ва савдогарлар келиб яшарди. «XVIII аср воқеаларидан (жунгарлар истилоси давридан) сўнг қишлоқ ва қисман шаҳар ҳаёти қайта тиклана бошлади», деб ёзган эди В. В. Бартольд. Бу жойларда Бишкек ва Тўқмоқ қалъаси (1825 й), Куртка (1823 й) ва бошқа истеҳқомлар қурилди. Аммо Ўратепа вилояти Қўқон ва Бухоро учун жанг ва урупшарнинг майдони бўлиб қолди. Бу урушлардан фақат халқ азоб чекарди, холос.
Умархон давридан бошлаб Қўқон Ўрта Осиё минтақасида сиёсий жараёнлар ва халқаро муносабатларда фаол аралаша бошлади.
Муҳаммадалихон 1822 йили Маъсумхон Тўра, шайх ул-ислом Домулло Зокирхўжа эшон ва тоғалари Қосим бекларбеги томонидан хонлик тахтига кўтарилади. XIX асрнинг 20-йилларида Қўқон давлати хўжаларнинг ҳаракатлари сабабли Шарқий Туркистон ишларига аралаша бошлайди. 1824 йили Жаҳонгирхўжа Маҳдуми Аъзамий Қўқондан қочади ва Қошғарга бориб, Шарқий Туркистон халқларининг Хитой ҳукуматига қарши кўтарган қўзғолонларига бошчилик қилмоқчи бўлади. Бу сиёсатга Ҳаққули мингбоши ибн Ирисқулибек бошчилик қилиб, Шарқий Туркистондаги Оқхўжалар ҳукумати, яъни Жахонгирхўжа Маҳдуми Аъзамнинг ҳукуматини қайта тикламоқчи бўлади. Жаҳонгирхўжа Маҳдуми Аъзамнинг катта ўғли Муҳаммад Амин авлодларидан бўлиб, Хитой давлати Қўқон билан тузган шартномага кўра, уларни Қўқон давлатида сақлаши шарт эди. Қорахўжалар, яъни Оффоқхўжа Маҳдуми Аъзам Хитой ҳукуматини тан олиб, Шарқий Туркистонда ўз ҳукуматини сақлаганди. 1832 йили Пекин Қўқон билан сулҳ тузиб, Қўқонга баъзи енгилликлар берди. Масалан, Қўқон хони ўз оқсоқоллари орқали Қошғардаги раъийатдан солиқ олиш ҳуқуқига эга бўлади.
1833-34 йиллари Қоратегин босиб олинди. Юқорида таъкидлаганимиздек, Қўқон ҳукуматини Кўлоб, Ҳисор, Бадахшон шоҳлари ҳам тан олди. Қирғизлар яшайдиган ерлар ҳам хонлик ҳудудига қўшиб олинди. Лекин Муҳаммадалихон ҳукмронлиги даврининг охирги йилларида Қўқон давлатининг ички аҳволи оғир эди. Қўқон ҳудудига қўшилган қирғиз ва қипчоқ бошлиқлари бир томондан, ўтроқ аъён ва зодагонлар кучлари, раҳбарлари иккинчи томондан ўзаро қаршилик ва душманликни бошлай берди. Тошкент ашрофлари, муҳожирликда бўлган турли гуруҳлар намоёндалари (Муҳаммад Ҳакимхон бошчилигида) марказий ҳукуматни қўлга олиш учун курашни кучайтирди. Сарой ва хон атрофидаги мансабдор шахслар ҳам баъзан иғволарга қўл урарди. Бухоро амири Насруллоҳ (1826-1860) ҳам қарама-қаршиликлардан фойдаланиб, бу бой ўлкани эгалламоқчи эди.
Натижада, 1842 йили май ойида Бухоро амири Насруллюҳ Қўқон шаҳрини эгаллайди. Бу юриш ҳар хил гуруҳларнинг ички сиёсий қаршиликлари натижаси эди. «Шу гуруҳларданг бири -Тошкент аъёнлари ва Шаҳрисабздаги қўқонлик муҳожирлар бирлашгач, ўз душманларини йўқ қилиш учун ҳамма воситалардан фойдаланиб, мақсадларига эришолмай, Бухоро амири Насруллоҳдан мадад сўрашди», деб ёзилган манбаларда. Бу юриш ташкилотчиларидан бири муҳожирликда бўлган Қўқон хонлари авлодига мансуб Ҳакимхон тўра ибн Маъсумхон шайх улислом эди. Амир Насруллоҳ қўшини Фарғона водийсини талон-тарож этиб, Қўқонни ҳам ғорат қилади. Қўқон хони Муҳаммадалихон ҳамда унинг яқинлари, укаси Султон Муҳаммад, онаси шоира Моҳларойим (Нодира), ўғли хонзода Муҳаммадаминхон ҳам ўлдирилади. Бу воқеадан олдин Бухоро амири Хўжа Қаландар мисгар қўзғолонини ҳам бостиради. Қўзғолон Бухоро истилосига қарши кўтарилган бўлса ҳам, унинг натижасидан хон душманлари фойдаланди.
Бухоро амири Қўқонда 13 кун туриб, хонликдаги кўплаб ҳунарманд косиблар, усталарни мажбуран Бухорога олиб кетади. Кўплаб хотин-қизлар ҳам ўз ватанларидан кетиб, ғурбат ва ғарибликка дуч келади. Амир Насруллоҳ Иброҳим парвоначи манғитни Қўқонда ҳоким этиб, ўзи Бухорога қайтади. Иброҳим парвоначи «Хаёл» икки ой ҳукмронлиги даврида янги-янги солиқлар солиб, Фарғона халқига ниҳоятда жабр-ситам етказади. 70 кундан сўнг Қўқон халқи қипчоқ ва қирғиз жамоалари кучлари билан манғитларни Қўқондан ҳайдаб, тахтга Шералихонни кўтарадилар. Янги хон муваффақиятига Хива хонининг Бухоро амирлигига қилган ҳужуми ҳам мадад бўлади. Кўп вақт ўтмай, Қўқон хонлиги олдинги чегараларини тиклаб олади. Қўқондан Тошкент, Хўжанд ва жанубий Қозоғистонгача бўлган мулкларга волийлар қайта тайинлана бошлади. Шералихонни тахтга кўтарган қипчоқ-қирғиз жамоаси раҳбарлик мансабларини қўлга олади. 1842 йили кузда Талас қирғизларининг бошлиғи Муҳаммадюсуф Шералихонга ёрдам бериб, уни хонлик тахтига кўтариб, ўзи мингбоши бўлиб олади. Манғитлар лашкарини Қўқон мулкидан ҳайдашда иштирок этган қипчоқларга олий мансаблар тегмайди. Муҳаммад-юсуф ҳам уларга қарши хатти-ҳаракатларни бошлайди. Бу хабарни эшитиб, қипчоқлар Андижон ва Шаҳрихонга бориб қўшин йиғади. Олдиларига музокара учун Юсуф мингбоши ва Шералихоннинг ўғли Саримсоқбек юборилади. Қипчоқлар талаби билан Муҳаммад-Юсуф мингбошилик мансабидан олинади ва ўрнига Кали Шоди деган киши вазир бўлади. Муҳаммадюсуф Марғилонга ҳоким этиб юборилади. Каримқули додхоҳ Андижонда ҳоким бўлгач, Мусулмонқул унга ботурбоши этиб тайинланади. Шу билан «Мусулмонқул давлат отига миниб, ўнг қўлига қудрат қиличини олиб, белига душманга қирон келтирадиган шамширини осади». Мусулмонқул асли қипчоқларнинг қулон уруғидан бўлган экан. У Марғилон қўшинига сардор эди ва 1843 йили қўзғолон кўтариб, Муҳаммадюсуфни Чуст яқинида мағлуб этади. Мусулмонқулнинг норозилигига қипчоқларга қарши уюштирилган суиқасд сабаб бўлган эди. Юсуф мингбоши қабиладошлари билан Шоди додхоҳни, Шоди додхоҳ эса Юсуф ва Мусулмонқулни давлат ишларидан четлаштирмоқчи бўлади. Мусулмонқулни қипчоқлар ҳамда қора-қалпоқ ва қалмоқлар қўллайди. У Наманганни олгач, Шоди додхоҳни ҳам мағлуб этиб ўлдиради. Қипчоқлар Қўқонни босиб олади, натижада Ўтамбий Марғилонда, Кўри Сидиқ Андижонда, Мирзот Наманганда, Шер Кировучида, Нормуҳаммад Тошкентда, Норбахши Хўжандда ҳоким бўлиб олади. Каримқули дастурхончи ва Қулбобо (Ҳотамқули қипчоқ) рисолачи бўлишади. 1844 йили қирғизлар ҳам куч йиғиб, Моду ва Ўш атрофида бош кўтаради. Улар Алимбек, Сайид додхоҳ ва Пўлод додхоҳ бошчилигида Мусулмоқулга қарши жангга чиқади. Мусулмонқул Қўқон лашкари билан Ўшга келади. Аммо унинг йўқлигидан фойдаланган махаллий аъён-ашроф-лар Олимхоннинг ўғли Муродхонни тахтга кўтариб, Шералихонни ўлдиради. Бу хабарни эшитган Мусулмонқул Ўшдан тез