Саналар
21.12.2024
Баннер
Темур тузуклари (3)
PDF Босма E-mail

ХУРУЖ КУНЛАРИ ҚИЛГАН ЕТТИНЧИ КЕНГАШИМ

Қўшинимнинг сонини ҳисоблаб кўрсам ҳаммаси бўлиб уч юз ўн уч отлиқ экан. Кенгаш қилиб бирон қалъани қўлга киритиб ўринлашишга қарор қилдим. Дастлаб Аложу қалъасини босиб олишга жазм қилдим, Илёсхожа томонидан Менгли Буғо сулдус бу қалъага қўйилган экан. У ерни озиқ-овқат ва юклар сақланади-ган жойга айлантирмоқчи бўлдим. Шу мақсадда Аложу қалъасига йўл олдим. Шер Баҳром ва [Менгли Буғо сулдус] ўрталарида қадимдан ошнолик бўлганлигидан, у, «мен қалъага бориб, уни ўзимизга эл қилиб олсам»,— деб рухсат сўради. Бироқ Шер Баҳром қалъа атрофига етиб боргач, менга «Менгли Буғонинг сўзига қараганда, Илёсхожа қалъани унга ишониб топширган, шундай бўлгач, энди Амир Темурга эл тутиниб, қалъани унга топширса, мардлик ва мурувватдан узоқ иш бўлур эмиш. [Шунинг учун] қалъани бизга топширишдан бош тортди»,— деган хабар келди. Лекин менинг қўшин тортиб келаётганимдан хабар топгач, кўнглига ваҳима тушиб, қалъани ташлаб қочди. Илгари менинг хизматимда мулозимлик қилган, дулон жовун қавмидан уч юз йигит у билан (Менгли Буғо бирлан) шу қалъада эди, улар келиб менга қўшилдилар. [Бу ердан кўчиб] Дарайи Суф деган жойга келдим. Ўша вақтда Туман-баҳодирнинг ўғли Имлис Балх шаҳри атрофида талончилик билан машғул эди. Менинг келганимдан хабар топиб, икки юз отлиғи билан келиб менга мулозим бўлди. Мен ҳам унинг кўнглини олиб овунтирдим. Шу ерда туриб, Тамука7баҳодирга уч отлиқ кўшдим ва Термиз дарёсидан кечиб ўтиб, Жете лашкари ҳақида, унинг аҳволи ва режалари тўғрисида хабар топиб келтиришини буюрдим. Тамука тўрт кундан кейин келиб шуни хабар қилдики, Жете лашкари Термиз вилоятига келмишлар, халқини талаб, уруш-талаш билан машғул эмишлар. Буни эшитиб, Дарагез деган жойга бориб туришни лозим кўрдим. Кейинроқ қулай фурсат топиб, Жете лашкари устига тўсатдан бостириб боришни ўйладим. Дарагезга келгач, Жайҳун дарёси бўйида жойлашган Элчибуғо майдонига келиб тушдим. Илёсхожа Дарагезга келганим ҳақида хабар топиши биланоқ қўшинидан бир неча фавжни менга қарши урушга ҳозирлади.
Шу орада Жете қўшинидан бўлмиш амир Сулаймон барлос, амир Мусо барлос, амир Жоку барлос, амир Жалолиддин, амир Ҳиндука барлос Жете амирларидан юз ўгириб, ўз аскарлари билан эски Термизга келиб тушганлари ҳақида хабар келтирдилар. Улар менинг ҳузуримга юборган Тулан-Буға етиб келиб, мулозиматимда бўлди.
[Номлари юқорида тилга олинган) амирлар минг отлиқ аскари билан менга қўшилмоқчи ва мулозим бўлмоқчи эканликларини маълум қилдилар. Мен эрсам уларнинг келишини ишимнинг ўнгланишидан даракчи деб тушундим. Улар менга тунда Жете лашкари устига кутилмаган босқин қилишни маслаҳат бердилар. Отланиб йўлга чиққан ҳам эдикки, Жете қўшини етиб келгани ҳақида хабар келтирдилар. Мен ўз қўшинимни сафга тизиб, душман қаршисига келиб турдим. Ҳар икки лашкар ўртасида сув бор эди. Ғанимларимни чучук сўз, ширин ҳикоятим билан ўз томонимга эгмоқчи ва улар вужудидаги ёндирувчи [ғазаб] ўтини тўгри тадбир суви билан ўчирмоқни маслаҳат кўрдим. Шу тарзда уларни ром қилмоқчи бўлдим. [Айнан шу мақсадда] Жете лашкарининг сардори амир Абу Саъидга [кўп яхши] сўзлар айтдим. У айтган гапларимни маъқуллади. Бироқ бошқа амирлар унга қарши чиқишиб, уруш қилиш тарафдори бўлдилар. [Буни кўргач] менинг ҳам [ғазаб] ўтим алангаланиб, лашкаримни сафга тиздим.

ЖЕТЕ ЛАШКАРИНИ СИНДИРИШ МАҚСАДИДА ҚИЛГАН САККИЗИНЧИ КЕНГАШИМ

Уз-ўзимга дедим: «Жете қўшини билан жанг қилсам-у, улар кўп сонли бўлгани туфайли мабодо менинг лашкаримга зарар етса-чи? Лекин шу заҳотиёқ ғайратим ёқамдан тутиб деди: «Салтанат-ни эгаллашга даъвогарлик қилиб хуруж қилган экансан, салтанат шаъни ва мартабасига лойиқ иш тутишинг зарур. Жангга кириб, ё зафар қучиб ғолиб бўлгайсан, ёхуд ўлдирилгайсан». Жанг қилишга тутиндим. Қарасам, ғанимлар уч фавжга бўлиниб, урушталаб бўлиб турибдилар. Мен ўз лашкаримни етти фавжга бўлдим. Етти фавж қўшинимни кетма-кет душман устига юбориб туришни маслаҳат кўрдим. Жангу жадал ўти [кўкка] кўтарилгач, амр қилдимки, ҳировул фавжлари пистирмадан туриб ғанимга ўқ-ёй ёғдирсин. Шиқовул ва чаповул қанотидаги фавжларга эса ҳужумга ўтишни буюрдим. Ўзим бўлса жаронғор" ва баронғор" фавжлари билан ҳаракатга келдим. Биринчи ва иккинчи ҳамланинг ўзидаёқ Жете лашкарининг бош қўмондони (амир ул-умаро) Абу Саъидни енгдим. Шу пайт Ҳайдар Андхўди ва Менгли Буғо менга қарши жанг қилиш учун майдонга тушдилар. Уларга қарши ўзим отландим ва биринчи ҳамладаёқ ҳар иккисини ҳам тумтарақай к.илдим. [Шундай қилиб] Жетенинг лашкари енгилиб, тарқалиб ва сочилиб кетди.

САЛТАНАТНИ ТИКЛАШ ЙЎЛИДАГИ ТЎҚҚИЗИНЧИ КЕНГАШИМ

Жете қўшини бошлиқлари устидан ғалаба қозонганимдан кейин ва салтанатни қўлга киритиш учун хуруж қилганлигим ҳақидаги хабар Туронзаминда тарқалгандан сўнг, салтанатни ўз тасарруфимга олгудек бўлсам, адолат билан ҳукмронлик қилишга азму жазм этдим.
Салтанатимнинг барқарорлиги кенгашини шундан топдимки, тўпланган хазинамдаги нақд пуллар ва [қимматбаҳо] буюмларни сипоҳга тақсимлаб бердим ва даставвал Қаҳалқа қалъасини олишга қасд қилдим. Сўнгра қўшинга [етарли даражада] озуқа бериб, сафга тортиб, Жайҳун дарёси бўйига келиб тушдим. Термиз кечувидан нариги қирғоққа ўтгач, Қаҳалқа қалъаси тарафига қоровуллар юбордим. [Ўзим] Жайҳун бўйида бир неча кун турдим ва қоровуллар олиб келадиган хабарни сабрсизлик билан кутдим.
Менинг бу ерга келганим хабари Илёсхожага эшитилгач, Бекчакнинг иниси Олчун-баҳодирни катта қўшин билан устимга юборди. Қоровулларим ғафлат уйқусида қолган эканлар, уларнинг ёнидан ўтиб, фақат кечалари ҳаракат қилиб тун қоронғусида тўсатдан ҳужум қилдилар. Мен уч томони сув билан ўралган ярим оролда ўринлашгандим. Ярим орол ташқарисида қурилган бир неча чодир Жете лашкари томонидан талон-торож қилинди. Омон қолган аскарлар ярим оролга кўчиб ўтдилар [ва жон сақлаб қолдилар]. Мен бўлсам уруш талаб бўлиб, зудликда ярим оролнинг кириш қисмига бордим. Душман мендан қўрққани сабабли урушга ботиниб киролмади. Ўн кунгача мен шу ярим оролда Турдим. Сўнг у ердан чйқйб, сув бўйларида олачуқ (чодир)лар тиктириб, Жете лашкарларининг қаршисида бир ойча кузатиб ётдим. Охири ғанимни қўрқув босиб, ортларига қайтиб кетдилар. Мен сувдан ўтиб, уларнинг манзилига тушдим ва душман орқасидан таъқиб қилиш учун бир фавж аскар жўнатдим.

САЛТАНАТИМНИ МУСТАҲКАМЛАШ УЧУН ҚИЛГАН ЎНИНЧИ КЕНГАШИМ

Жете лашкарини мағлубияга учратганимдан сўнг, Вадахшон вилоятига бориб, уни эгаллашга, [бу билан] салтанат ишларига ривож беришга қарор қилдим. [Шу ниятда] дарё бўйидан кўчиб  Хулм деган жойга тушдим. [Шу ерда] амир Қозоғоннинг набираси ва қайноғам бўлмиш амир Ҳусайн билан учрашдим. Унинг шарафига зиёфат бердим. Сўнгра Амир Ҳусайн билан кенгашиб, Бадахшонга боришга қарор қилдим. Қундузга етиб боргач, Юрулдой элининг сардорлари у ерда тўпланиб, менга қўшилмагунича ўринлашиб турдим. Келишгач, уларнинг ҳар бирига фахрли халатлар кийгизиб, кўнгилларини овладим.
Қўшинимнинг жангга ҳозирлиги ҳақидаги хабар Бадахшон шоҳларига етгач, урушга тайёргарлик кўра бошладилар. Маслаҳат-ни шунда кўрдимки, эпчиллик, уддабуронлик қилиб, душман қўшин тўплаб улгурмасдан бурун уларга зарба бериб, уларни тўзитиб юбормоқчи бўлдим. [Шунинг учун] юриш қилиб, Толиқонга етиб келдим. Толиқонга келганимдан Бадахшон шоҳлари хабардор бўлгач, тинч йўл тутиб, менга мулозим бўлишни ихтиёр қилдилар. Қўллаган тадбиримдан кўнглим тўлди ва хато қилмаганлигимни англадим. Менинг салтанатим бутун Бадахшон вилоятига ёйилди. Бадахшон сипоҳларининг аксари менинг хизматимда бўлишни ихтиёр этдилар.

САЛТАНАТГА РИВОЖ БЕРИШ УЧУН ҚИЛГАН ЎН БИРИНЧИ КЕНГАШИМ

Бадахшон шоҳлари менинг итоатимга киргач, Хутталон5га қараб юрдим. Бу мамлакатга келсам, қайноғам Амир Ҳусайннинг қўрслигидан Пўлодбуғо ва Шер Баҳром ундан ажралиб, ўз улусига кетиб қолган эканлар. Бу ердан кўчиб, Дашти кўлак жилғасига бориб тушдим. [У ердан] Жете ва Илёсхожа лашкарлари аҳволидан хабар олиб келиш учун жосуслар жўнатдим. Жосуслар ўн кундан кейин хабар келтирдиларким, Жете амирлари: биринчиси — Куч-Темур Бекчик ўғли, иккинчиси — Темур Нўбкон, учинчиси Сориқ-баҳодир, тўртинчиси — Шанкум, бешинчиси — Ҳожибекнинг иниси Туғлуқхожа йигирма минг отлиқ аскарлари билан Халотий билан Пули сангин оралиғида ўринлашган эмишлар.
Улар мен турган ер ва қўшиним қай аҳволда эканлигини билиб келиш учун олдимга элчи жўнатдилар. [ЭлчиНинг кўзини бўяш мақсадида] лашкарларимни икки марта қайта-қайта унинг олдидан ўтказтирдим, сўнг элчига рухсат бердим. [Кейин] кенгашиб, элчи ортидан кетма-кет [қўшин тортиб] боришга қарор қилдим. Лекин лашкарларим бу ишда мен билан ҳамжиҳатлик қилмади. Лашка-римни атрофимга бирлаштирмоқчи бўлдим. Шунинг учун баъзиларига мурувват, меҳрибонлик қилдим, бошқалари билан келишишга интилдим, яНа бир гуруҳини эса молу дунё билан ўзимга эгмоқчи бўлдим. Яхши сўз, аҳду паймон ва ваъдалар билан қолганларининг кўнглини кўтаришни маслаҳат кўрдим.
Шу аснода хабар келтйрдиларким, илгари менинг навкарим бўлган Туғлуқ сулдус ва Кайхусрав, Жетенинг олти минг отлиқ аскарига бошчилик қилиб, менинг устимга келмоқда эмишлар. Бу хабар менинг лашкарим ўртасида тарқалгач, уларнинг иттифоқсизлиги янада кучайиб, саросимага тушиб қолдилар. Лекин амир Жоку, Ики Темур, амир Сулаймон ва амир Жалолиддин менинг ёнимда қолдилар.

ЛАШКАРИМНИ ИТТИФОҚҚА КЕЛТИРИШ УЧУН ҚИЛГАН ЎН ИККИНЧИ КЕНГАШИМ

Амир Жоку, Ики Темур, амир Сулаймон ва амир Жалолиддинларни хилватроқ ерга чорладим ва уларни ўзимга иттифоқ қилмоқчи бўлдим. Хилватда улар билан суҳбат қуриб, «давлатимга шерик бўласизлар»,— дедим. Бу билан ўзларига ишонч ва менга хизмат қилишда қатъият уйғотдим. Шунга ўхшаш, мен билан иттифоқи бузилган тоифадаги бошқа амирларни ҳам бирма-бир холи жойга чорлаб, ҳар қайсиси билан алоҳида Гаплашдим. Булардан мол-дунёга ҳирс қўиган очкўз ва тамагирларига мол-ашё ваъда қилдим, мансаб-мартабага ва мамлакатларни бошқаришга кўз тиккан амалпарастларни қўлим остидаги мамлакат ва вилоят-лардан бирига   [ҳокимлик]   қилишга  номзод қилиб кўрсатдим.
Уларнинг ҳаммасини умид ва қўрқинч орасида сақладим. Ҳар бирига биттадан ноиб ва кутвол тайинладим.
Қолган лашкарларни ҳам емак-ичмак (луқма) ва кийим-кечак (хирқа) билан умидвор қилдим, ширин сўз ва очиқ юз билан уларни ўзимга ром этдим. Қилган бир хизматини ўн баробар қилиб тақдирлаб, дилларини хушнуд қилдим. Натижада мени қўллаб-қувватлаганлар ҳам, тескари бўлган мунофиқлар ҳам барчаси энди атрофимда бирлашди. [Ҳар ерда] ва ҳар ишда бирлик-иттифоқликни қўлдан бермасликка, амримдан чиқмасликка ваъда бериб, мен учун мол-жонларини аямай, майдонда жонбозлик қилишга аҳд қилдилар.
Лашкардан кўнглим тинчлангач, Илёсхожага қарши жангга ҳозирлик кўра бошладим. Уни дафъ этиш ва қай йўсинда уруш олиб боришим ҳақида қилган кенгашим шу бўлдики, ғанимлар хабардор бўлиб улгурмасдан, чапдастлик билан уларнинг устига қўққисдан босқин қилиш (турктоз) га қарор қилдим. Бу хусусда Қуръони мажиддан фол очиб қарасам, ушбу ояти карима (улуғ) чиқди: «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган».
Ушбу башоратни топганимдан кейин лашкаримни тартибга келтирдим, уни етти фавжга бўлиб, йўлга тушдим. Тонг ёриша бошлаганда [Туғлуқ-Темурхоннинг] ҳировули бўлмиш Туғлуқ сулдус ва Кайхусравга етишдим. Икки ҳамла билан уларни енгдим ва Илёсхожа жойлашган Пули сангин (Тош кўприк)гача қувиб бордим.
Оқшом тушгач, етган еримизда тўхтадик. Жанг майдони совиб қолмасдан, қизиғида Илёсхожанинг қарийб ўттиз минглик Лашкари устига тўсатдан босқин қилишга қарор қилдим. Бордию [юришни] тўхтатсам ва бирон кор-ҳол юз бергудек бўлса, унинг иложини топиш учун [ўзгаларнинг] кўмагига муҳтож бўлиб қолишим мумкинлиги тўғрисида ўй сурдим. Орқадан Амир Ҳусайн [лашкари билан] мени қўллаб-қувватлаб келаётган бўлса ҳам, бироқ мен ўзимни унинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолиш даражасига етказма-дим. Тўғри чораю тадбир ишлатиб, Илёсхожа лашкарини синдирдим.

ЖЕТЕ ВА ИЛЁСХОЖА ЛАШКАРИГА ШИКАСТ ЕТКАЗИШ ҲАҚИДА ҚИЛГАН ЎН УЧИНЧИ КЕНГАШИМ

Биринчи навбатда Илёсхожанинг барча зафарли фавжларини бир жойга боғланган ҳолда ушлаб туришга қарор қилдим. Шу мақсадда   амир   Муайяд  орлот,   Учқора-баҳодир,   Амир   Мусо бошчилигида икки минг отлиқ аскаримни Илёсхожа рўбарўсидаги кўприк ёнига жойлаштирдим. Ўзим бўлса беш минг отлиқ билан Илёсхожа қўшини тепасида жойлашган тоққа чиқиб ўрнашдим ва кечаси кўп жойга гулхан ёқишни буюрдим. Жете сипоҳийлари тоғдаги кўп гулханлар, қаршиларида Пули сангин бошида турган лашкаримнинг катта фавжини кўриб, қўрқувдан саросимага тушиб қолдилар. Ўша тунни Илёсхожа қўшини «жангга ҳозирлан!» буйруғини кутиб [уйқусизликда] ўтказди. Мен туни билан тоғ устида ухламай тангри таоло даргоҳига илтижо қилиб, ундан ожизу муҳтож бандасига мадад беришини тилаш ва пайғамбаримиз Муҳаммад, саллоллоҳу алайҳи васаллам, унинг яқинлари ва саҳобаларига салавот айтиш билан машғул бўлдим. Ярим уйқу ва ярим уйғоқлик орасида қулоғимга аллакимнинг: «Темур, фатҳу зафар сенга ёр бўлади!»— деган овози эшитилди. Тонг отиб, ёруғ тушгач, намозни жамоат билан ўқидим. Шу вақт қарасам, Илёсхожа ўз амирлари билан отланиб, фавж-фавж бўлиб кетаётибдилар. Амирларим ва сипоҳийларим уларнинг кетидан қувиш қасдида мендан буйруқ беришимни илтимос қилдилар. Мен ўзимча кенгашиб, уларни то мақсадлари маълум бўлгунча таъқиб этишни бир оз кечиктиришни маслаҳат кўрдим. [Тахминан] тўрт фарсанг ерга бориб тўхтаганларидан кейин мен уларнинг фикрини тушундим. Максаддари бизни тоғдан. тушириб, яланг ерда жанг қилиш экан. [Бир неча кун илгари] мен шикаст етказган ҳировул амирлари ҳам [Илёсхожа] қошига қочиб борганди ва Илёсхожа уларни тоза койиб берганди.
Бу пайт мен уларнинг фикридан воқиф бўлганим ва тоғдан тушмаётганлигимни кўриб, орқаларига қайтишга ва менга ҳужум қилишга мажбур бўлдилар. Мен фавжларимни тоғ этагида сафга тизиб, жангга киришни мўлжалладим. Жете лашкарлари тоғ этагига етиб келиб, нима қилишини билмай ҳайрон бўлиб турганда, баҳодирларимга ёв устига қалин ўқ ёғдиришни буюрдим. Душманнинг кўпини ярадор қилдилар. Кеч кириб қоронғу тушганда, қўлларидан бир нима келмаслигини кўришгач, тоғ этакларини гир айлантириб жойлашдилар. Ўша кеча лашкаримни тўрт фавжга бўлиб, ўзим бош бўлиб, тунда ғаним устига тўсатдан босқин қилиш фикрига келдим. Менинг бу кенгашим амирларимнинг ҳам дилига ўтиргач, тонгга яқин отландим ва тун панасида тўрт томондан ғаним устига ҳамла қилдим. Жете лашкари ўзини йиғиб, тартибга келтиргунча баҳодир йигитларим уларни тўзғитиб ташладилар. Чопқилаш пайтида ҳар икки томондан кўп одам ўлди. Жете лашкари «ал-фарор», «ал-фарор» дея чекиндилар. Мен Илёсхожага етиб олиб, «Йўл бўлсин?»— деб бақирдим. Овозим Илёсхожанинг қулоғига етгач, у ғазаб билан лашкарига дўқ-пўписа қилди ва аскарлари ортларига қайтдилар. Кун кўтарилгунча қўшинларимиз ўртасида жангу чопқин давом этди. Садоқ-ўкдонларимиз бўшади. Ғаним лашкари чекина туриб жанг қилдилар ва тўрт фарсанг узоқликдаги ўз қароргоҳларига йўлда тўкилиб-сочилиб, шикаета ҳол, базўр етиб олдилар. Мен ҳам тизгин тортиб, ортларйдан бошқа қувмадим ва ўша атрофда қўндим.
Жете лашкари урушда енгилганига иқрор бўлганидан кейин иккинчи бор жанг қилишга ботинолмади. Мен эса сипоҳим билан Илёсхожа қарорюҳи (ўрду)ни қуршаб олдим. Сўнг вақти-вақти билан уларга қужум қилиб, муҳорабалар солдим. [Ҳоли жонига қўймай] тинкасини қуритдим. Охири чорасиз қолган Илёсхожа Хўжапд сувидан ўтиб кетди. Мен ҳам уларни таъқиб қилиб ўтирмасдан фатҳу зафар билан Мовароуннаҳрга қайтдим.
[Шундан сўнг] салтанатимнинг мустақиллиги ва мустаҳкамлиги борасила кенгашлар ўтказдим. Кенгашларим ўзини шавкатли буюк амир (амири азим уш-шаън) деб ҳисоблаган ва бошқа амирлардап ўзини улуғроқ билаётган амирларни- итоат эттириб, бўйсуидиришга қаратилганди. Биринчи навбатда Мовароуннаҳрда салтанат байроғини кўтарган амир Қозогоннинг набираси Амир Ҳусайнни давлатимга шерик деб [элга] эшиттирдим ва у билан муросаю мадора қилдим. Гарчи у ташқи кўринишидан менга дўстлик билдирса ҳам, аммо ичидан ҳамиша ҳасад ва нифоқ мақомида турди. Унинг ўзи Мовароуннаҳр салтанати тахтига ўтиришнй орзу этардй. Унга ишончим йўқлиги туфайли хожа Шамсиддип [Кулол] мазорига бошлаб бориб, дўстлик изҳор қилиб қасам ичдим. У ҳам дўстликка хилоф бирон иш қилмаслик ҳақида ақду паймон қилди.
Шуидан кейин яна уч бор Қуръони мажидни қўлига олиб, дўстлик бобида онт ичди. Аҳдига вафо қилмагани учун охири менинг [жазойимга] гирифтор бўлди.
Амир Боён сулдуснинг ўғли амир Шайх Муҳаммад ўзини улуғ амир деб ҳисобларди. Унинг ҳам [кўнглини топиб] ўз томонимга огдириб олдйм ва етти қўшинга бошлиқ қилиб, ўзимга мутеъ ва мулрзИм этдим. Мазкур қўшинларнинг амирларидан ҳар қайсисига иплоят инъом қилдим. Мендан ажралиб ўз улусига кетиб қолган Шер Баҳром ҳали ҳам менга бўйсунишни истамас эди. Уни ҳам ўзимга оғдириб олдим ва ҳузуримга чақиртирдим. У ўз улуси билан келиб, менга итоат қилажагини билдирди. Шер Баҳромни ўз мулозимим этиб, бир вилоятни унга тортиқ қилдим.
Амир Ҳусайн билан орамизда қариндошчилик бор бўлганлигидан унга ҳар хил мурувват кўрсатиб, муросаю мадора қилдим, лекин дўст бўлмади. Иш шу даражага бориб етдики, Балх ва Ҳисори Шодмон вилоятларини мендан тортиб олди. Мен [эсам] унинг синглиси ҳарамимда эканлигининг хотирини қилиб, Амир Ҳусаййни сиқувга олмадим. Илгари менга ёвлик қилган барча амирлар охири бўйсундилар-ку, деган хаёлда у билан муроса қилиб келдим. Лекин Амир Ҳусайн ҳамиша мени мағлуб этиш пайида фириб бериб келарди. Охир-оқибат уни шамшир зарби билан мутеъ қилишга қарор қилдим.
Турон вилоятини забт этиб, Мовароуннаҳр вилоятини ўзбеклар вужудининг хас-хашагидан тозалаганимдан кейин, баъзи улусларнинг амирлари менга итоат этиб бош эгишни истамадилар ва ҳар бири ўз қабилалари олдида [ҳеч кимга бўйсунмаслигини кўрсатмоқчи бўлиб]  ноз қилиб турардилар. Амирларимдан баъзилари уларнинг ёнини олиб менга «бу давлатга баримиз шерик бўлганимиздан кейин, уларни ҳам давлатга шерик деб билайлик» дедилар. Лекин уларнинг гаплари менинг салтанат юритишимдаги ғайратимга таъсир қилмади. Ўзимча кенгашдимки, «худо битта, унинг шериги   йўқдир.   Шундай   бўлгач,   Аллоҳ   таолонинг   муқаддас мулки — ер юзига эгалик қиладиган (кадхудо) киши ҳам битта бўлиши керак». Шу вақт [авлиёлардан деб ҳисобланган] Бобо Али Шоҳ олдимга келди ва: «Ҳой Темур, тангри таоло буюрганки, агар ерда ва кўкда икки худо бўлса, жаҳоннинг иши бузилур» деди. Мен унинг сўзларига эргашдим. Қуръони мажиддан фол очсам ушбу қутлуғ оят чиқди: «Инно Жаалнока халифатан фил арз», яъни «Биз сени ер юзида халифа қилдик». Мен буни [истиқболнинг] хайрлик ва муборак фоллари сирасига кйритдим ва ўзларини давлат шериги билиб, менга бўйсунишни истамаган амирларни турли тадбирлар ишлатиб ўзимга итоат эттириш учун бир неча бор кенгаш ўтказдим. Кейин, энг аввал Амир Ҳожи барлос олдига бориб, уни ўзимга иттифоқдош қилдим. Баён сулдус ўғли Шайх Муҳаммад шаробхўрликка муккасидан берилиб кетганди. Охири атароб унинг бўғзидан олди ва у олам билан видолашди. Унинг вилоятини ўзимга қўшиб олдим.
Амир Боязид жалоир ҳам Хўжанд вилоятини тасарруф этган эди. Унга [дўстона] насиҳат қилсам қабул қилмади. Оқибатда ўз улусининг одамлари унга қарши чиқишиб, тутиб олдимга келтирдилар. Мен [ўтган ишларни юзига солмай] унга илтифотлар кўргиздим. Буни кўргач, ўзи [уятдан] шарманда бўлди.
Элчи-Буғо сулдус Балхда ўз салтанати туғини кўтарган эди. Бобоси Амир Қазоғон тахти шу ерда бўлганлиги учун Балх тахтига даъво қилаётган Амир Ҳусайнни Элчи-Буғога қарши қайрадим.
Муҳаммад Хожа Аперди, найман аймоғидан бўлиб, Шибирғоно вилоятини босиб олгач, менга қарши исён туғини кўтарганди. Мен унга бошқа вилоятни бериб, уни ўзимга содиқ навкар қилиб олдим.
Бадахшон вилоятига эгалик қилаётган Бадахшон шоҳлари эса менга қарши душманлик йўлини тутдилар. Уларнинг ҳар бири билан турли келишув қилдимки, бир-бирлари билан урушиб кетдилар. Охири менинг паноҳимга кириб, [бўйсундилар].

Кайхусрав Хутталон вилоятини ва Ўлжойту Аперди Арҳанг вилоятини эгаллаб олгандилар. Кайхусравга Ўлжойту Апердининг вилоятини босиб олиши учун мадад кучи жўнатдим. Оқибатда Ўлжойту Аперди паноҳ излаб менинг хизматимга келди.
Амир Хизир Ясовурий халқи — ясурийлар билан Тошканд вилоятини босиб олган эди. Кайхусрав билан Ўлжойту Апердини бир-бири билан яраштирдим. Буларга ёрдамчи куч йўсинида бир тўда киши қўшдим. Икковлари бирлашиб Ясовурий фуқароларига ҳужум қилиб, талон-торож қилдилар. Амир Хизир  [Ясовурий] ожиз қолиб, менинг паноҳимга келди. Шундай қилиб, Мовароун-наҳрни уруш-талашдан тинчитдим. Менинг қаҳрамон аскарларим тўла куч-қувватга кирди. [Ҳар томонга] барлос улусининг номи ва донғи тарқади. Менинг ҳимматим билан Чиғатой қўшинлари ва тумонларининг овозаси   [оламга]   ёйилди3.   [Мовароуннаҳрдаги] жами элу халқ, қўшунот ва тумонот ҳамда кўчманчилар менинг ҳукмронлигим остига ўтди. Бироқ Мовароуннаҳрдаги баъзи қалъ-алар [ҳамон] Дмир Ҳусайн қўлида бўлиб, уларга менинг ҳукмим ўтмасди.
Амир Ҳусайн салтанатим азимати ва шан-шавкатининг кучайганини кўргач, унда ҳасад томирлари ура бошлади. Қасам билан қилган аҳд-паймонларини бузиб, менга қарши исён туғини кўтарди. Мен   унинг  олдига   кўп   марта   [лутф-марҳаматлар   кўрсатиб] бордим, у бўлса асло қошимга келмади. Бунинг устига сиртидан такаллуфлар билдириб, аслида ҳийла-найранг ишлатиб, мендан Қарши қалъасини олиб қўйди. Қарши қалъасини қўриқлаб туриш учун қўрғонбеги амир Мусо бошчилигида етти минг отлиқ аскар тайинлади. Кейинроқ у ерга яна қўшимча беш минг отлиқ аскар юборди. Бу билан кифояланмай мени ўлдирмоқчи бўлди. Мендаги салтанат ғайрати туғёнга келиб, мени Қарши қалъасини ундан тортиб олишга ундади. Баъзи амирларим у ерга юриш қилиб, қальани жанг билан қўлга киритишни менга маслаҳат бердилар. Жанг режаларини туза бошладим. [Улар айтгандай] уруш билан олсам,  бунинг  хатарли  томонлари   кўплиги   кўнглимдан  ўтди. Ўзимча, «мабодо қалъани жанг билан олмоқчи бўлсаму ғаним лашкарининг  ёмон  кўзидан  қўшинимга  зарар етса-чи?» — деб ўйладим.  Шундан  сўнг бошқа  тадбирни  қўллашга  киришдим. Хуросон томонга юзланиб, бу билан Қарши қалъаси бекларининг хотирини  жам  қилмоқчи  бўлдим.   Кейин  эса  қўшиним  билан [яширинча] орқага қайтиб, тунда тўсатдан қалъага ҳужум қилиб, у ерни босиб олишни режаладим. Хуллас, бу ердан кўчиб, Хуросон томонга қараб йўлга тушдим. Аму дарёсидан кечиб ўтганимда, Хуросон  томондан   Қаршига   келаётган   карвонга   дуч   келдим. Карвон бошчиси менга совғалар тақдим этди. Мен ундан Хуросон амирларининг ҳол-аҳволини суриштирдим ва Хуросон вилоятига кетаётганлигимни изҳор этиб, кетишларига рухсат бердим.  [Лекин]  карвонга айғоқчи қўшиб юбордим ва у хабар келтиргунича дарё соҳилига жойлашиб, кутдим. Айғоқчи олиб келган хабарга кўра, карвондагилар Амир Мусога шундай деган эмишлар: «Амир Темурни Амударё ёқасида кўрдик, Хуросон тарафга кетаётган экан». Бу гап Амир Мусо ва Амир Ҳусайннинг лашкарига етгач, хурсанд бўлиб  ва  ўйин-кулги,  айш-ишратга  берилибдилар.  Бу хабарни эшитишим билан қўшиним ичидан энг ишончли, довюрак, жанг кўрган баҳодир йигитлардан икки юз қирқ учтасини танлаб олдим ва дарёдан ўтиб, олдинга юбордим. Ширкент аталмиш ерга етдим ва ўша ерда бир кеча-кундуз тўхтаб,  [сўнг]  яна йўлга тушиб, Қарши қалъасидан бир фарсанг масофага келиб тушдим. [Одамларга] арқонларни бир-бирига боғлаб зина ҳозирлаб қўйишларини буюрдим. Шу пайт амир Жоку тизза уриб: «Бир гуруҳ баҳодирлар орқада қолдилар, улар етиб келгунча тўхтаб туриш зарур»,— деб ўтинч қилди. Шунда хотирамга бир фикр келди. Баҳодирларим етиб келгунча қалъани ўзим кўздан кечирмоқчи бўлдим. Қирқ киши  ҳамроҳлигида Қарши қалъаси  томон йўл олдим.   Йироқдан   қалъа   қораси   кўринганда,   баҳодирларимни келган ерда тўхтатиб қўйдим ва уйимизда туғилиб ўсган Мубашшир ва Абдулло исмли [йигит]ларни бирга олиб ўзим кетдим. Сув тўлатилган ҳандақ  бўйига етдим. Қарасам, ҳандақ сув билан лиммо-лим экан. Теварак-атрофга назар солиб, ҳандақ тепасидан ўтган, қалъага сув олиб борадиган тарновга кўзим тушди. Отимни Мубашширга қолдириб, ўша тарнов орқали ҳандақ устидан ўтиб, қалъанинг хокрезига етдим. Дарвоза олдига бориб, эшик қоқдим. [Лекин] дарвозабонлар ухлаётган экан, [ичкаридан садо чиқмади]. [Ҳар эҳтимолга қарши] дарвозани ташқарисидан кесак-тош ва лой билан тўлдириб қўйишган экан. Қалъа девори атрофини кўздан» кечириб, нарвон ва зиналар қўйса бўладиган жойни топдим. [Сўнг] орқамга  қайтдим  ва  отланиб  баҳодирларим  ҳузурига  бордим. Орқада қолган лашкар фавжи ҳам нарвонлар билан етиб келишган экан. Ҳаммалари шайланиб, нарвонларни кўтаришди ва қалъа сари юзландик. Ҳандақдан тарнов орқали қалъага ўтдилар. Зиналарни ҳам олиб ўтдилар ва деворга қўйдилар. Эр йигитлардан қирқтаси тепага чиқишиб, қалъага кириб олдилар. Мен ҳам нарвонга оёқ қўйиб энди қалъага кирмоқчи бўлгандим, карнай тортиб, бурғу чалдилар.   Тангри   таолонинг   қўллаши   билан қалъани   қўлга киритдим.
Бу хабар Амир Ҳусайнга етгач,   [энди]   макру ҳийла йўли билан, дўст-ошно либосини кийиб, мени ром этмоқчи бўлди.

МЕНИ ҚЎЛГА ТУШИРМОҚЧИ БЎЛГАН АМИР ҲУСАЙННИНГ МАКРУ ҲИЙЛАСИДАН ҚУТУЛИШ УЧУН ҚИЛГАН КЕНГАШИМ

Амир Ҳусайн, «менинг дўстлик ва қариндошликни риоя қилишдан бўлак ниятим йўқ»,— деб Қуръон устида қасам ичди ва ўша Қуръонни менга жўнатди. У яна мана буларни ҳам айтганди: «Агар сенга айтган гапларимга хилоф бирон иш тутиш ниятим бўлса ва ўртадаги аҳд-паймонимни бузиб сенга ёмонлик қилсам, шу ушлаган Қуръон — худонинг китоби мени урсин». Уни мусулмон деб билганим учун сўзларига ишондим. Шундан кейин у менинг ҳузуримга одам юбориб, «ўртадаги аҳд-паймонимизни янгиласак, худо ҳаққи дуруст бўларди», деб мени Чакчек дарасида учрашишга даъват этганди. Унинг мақсади мени макру фириб билан қўлга тушириш эди. Аҳд-паймони, сўзига ишониб бўлмаслигини билсам ҳам, аммо Қуръон ҳурматини сақлаб, [айтган жойига] учрашувга боришга қарор қилдим. [Бироқ бу борада] кенгашиб, Чакчек дараси атрофига баҳодирларимдан бир гуруҳини юбориб, яшириб қўйишни, кейин эса ўзим бир неча одамимни олиб, учрашувга бормоқчи бўлдим. Амир Ҳусайн хизматида бўлган дўстларимга хат юбориб, улардан Амир Ҳусайн қилмоқчи бўлган ишидан мени огоҳ қилиб туришларини сўрадим. Дўстларимдан бири Шер Баҳром Амир Ҳусайннинг нияти шум эканлигидан мени огоҳлантирди, Амир Ҳусайн [буни сезиб қолиб] Шер Баҳромни қатл эттирди, менинг устимга эса минг отлиқ аскар билан ҳужум бошлади. Бу хабар менга етиб келганида энди дарага келиб тушган эдим. Қўшинимни тартибга солдим. Шу вақт Амир Ҳусайн лашкарий фавжининг қораси кўринди. Қоровуллар Амир Ҳусайн лашкарининг фақат бир фавжи эканлиги, Амир Ҳусайннинг ўзи келмаганлигини хабар қилдилар ва «Амир Темур бир ўзи келибди, деган гапни эшитиб, сизни қўлга тушириш учун лашкарининг бир фавжини юборди», дедилар.
Мен [жангу жадалга] ҳозирлана бошладим. Мен билан ҳаммаси бўлиб икки юз отлиқ аскар бор эди. Амир Ҳусайн қўшинининг фавжи дарага кириб келгунча сабр қилиб турдим. Ўзим келгунга қадар [бу ерга] юборган одамларимга уларнинг қайтиш йўлини тўсишларини буюрдим, ўзим эса ёғийга юзма-юз турдим. [Шу тариқа] дарада икки ёқдан қамалиб қолган ғаним лашкарининг кўп қисмини қўлга туширдим. [Сўнг] одамларимни тўплаб, саф-саф қилиб туздим ва Қаршига қараб юзландим. Тажрибамдан шуни кўриб билдимки, дўст ҳар ерда асқотар экан.
Амир Ҳусайнга ушбу мазмунда туркий байт ёзиб юбордим:
Ёрга еткур сабо, ким макр килмишдир манға,
Қилди эрса кимга макрин, қайтадур бир кун анға.
Бу хатим Амир Ҳусайнга бориб етгач, кўп хижолат бўлиб, уялди, мендан узр сўради, [лекин] мен иккинчи бор унинг сўзига ишонмадим.

ТУРОНЗАМИННИ ЎЗБЕКЛАР ТОИФАСИ ҚОЛДИҚЛАРИДАН ТОЗАЛАШ УЧУН ҚИЛГАН КЕНГАШИМ

Жете ва Илёсхожа лашкарини Мовароуннаҳрдан қувиб, Хўжанд дарёсининг нариги қирғоғига ўтказиб юборган бўлсам ҳам, ўзбекларнинг баъзи фавжлари Мовароуннаҳр қалъаларида мустаҳкам жойлашиб олган эдилар. Аввалига уларни бостириш учун қўшиним фавжларини юбормоқчи бўлдим, бироқ мабодо бу иш чўзилиб кетсачи, деган фикр мени ташвишга солди. Шу орада менга ўзбеклар қалъаларга  яшириниб олганлари ҳақида хабар келтирдилар. Лашкар фавжларини у ерга юбориш тўғри бўлмас, деб ўйланиб қолдим ва Илёсхожа номидан қалъадагиларга қарата ёрлиғ ёзиб, урушсиз топширишларини  буюрдим.  Ёрлиқни  бир ўзбек қўлига тутқазиб, унга ҳамроҳ қилиб лашкаримнинг бир фавжини жўнатдим. Бу аскарларимга чанг-тўзон кўтариб, ўзлари-ни ғанимга намоён этишни амр қилдим. Илёсхожанинг талаби ёзилган ёрлиғ ғанимлар қўлига теккач ва лашкарларим кўтарган чанг-тўзонни   кўришгач,   тун   қоронғусида   қалъаларни   ташлаб қочдилар. Хуллас, Мовароуннаҳр тупроғи мени ўлдиришга қасд қилган ўша золимлардан тозаланди ва мамлакат тамоман менинг қўлимга ўтди.
Қариндошлик ҳурматини қилиб, Балх билан Ҳисори Шодмон вилоятларини Амир Ҳусайнга тортиқ қилдим. У бўлса унга қилган эҳсону мурувватимни билмади, мени маҳв этишга қасд қилдй. Мен ҳам кенгашиб, Амир Ҳусайнни ўлдиришга қарор қилдим.
Амир Ҳусайн мен қўлга киритган ғалаба ва ютуқларимни кўролмай, ҳасад ичини кемириб, менга ва ҳарамимдаги ўз синглисига кўп озор берди. У Мовароуннаҳрни мендан тортиб олишга, мени ўлдириб тахтга ўзи ўтиришга бел боғлаган эди. Ўртамизда неча бор урушлар бўлиб ўтган бўлса-да, барчасида енгилди. Унинг адолатсизлиги, инсофсизлиги чегарадан ошган, мени енгиш ва ўлдиришига оз қолган вақт ҳам бўлди. Айнан шу вақтда қўрслиги, ёмон йўл тутиши туфайли амирлари ундан юз ўгирдилар. Хутталон ҳокими амир Кайхусравниш инисини сабабсиз қатл эттирди. Оқибатда, амир Кайхусрав ҳам Хутталонда унга душман бўлиб қолди. Амирлари |анчадан бери| ундан норози бўлиб, адоват сақлар эдилар, у бўлса уларни ўз тарафдори деб биларди. Шу сабабли яна мени тор-мор қилиб, маҳв этиш қасдида қароргоҳини Балх чеккасидаги бир жойга кўчирди. Бу хабарни эшитишим билан Амир Ҳусайн ҳаракатга келмасдан бурун устига бостириб боришга қарор қилдим. Бор лашкарим билан Балх сари, юзландим. Йўлда ҳар ёқдан зафарли лашкар фавжлари келиб менга қўшилди ва Балх атрофига келиб тушдим. Амир Ҳусайн қарши чиқиб, мен билан жанг қилди. Охири қочиб қалъага кириб олди. Сўнгра бошига нима келган бўлса, ўз қилмишидан бўлиб, кўргилигини кўрди.

МЕНГА ТУРЛИ ЁМОНЛИКЛАР ҚИЛИБ ЧЎЧИБ ЮРГАН ВА ҚИЛМИШЛАРИ УЧУН МЕНИ ЎЛДИРАДИ ДЕБ ВАҲИМА ҚИЛИБ ЮРГАНЛАРНИ ЎЗИМГА ЭЛ ҚИЛИБ ОЛИШ БОБИДА ҚИЛГАН КЕНГАШИМ

Амир Ҳусайн менга асир тушгандан кейин унинг навкарлари ва амирлари «энди бизни ўлдиради», деб гумон қилган эдилар. Гарчанд аввалига ниятим уларни ўлдириш бўлган бўлса ҳам, кейинроқ, «ахир улар аскарлар-ку?» деб уларни афв этдим ва яна аскарлик ишларига тайинладим.
Бадахшонда ҳоким бўлмиш уларнинг бош амири (амир ул-умаро), кўп мартаба жангда мен билан юзма-юз келиб, қилич чопишган киши эди. Амир Ҳусайн қатл этилганини эшитгач, менинг қаҳримдан қўрқиб, ўзини сергак тутди ва бордию уни тутиш учун қўшин юборгудай бўлсам тўғри иш қилмаган бўлур эдим. [Шунинг учун] ўзимни уни унутган кишидек тутдим ва [унинг борасида] ушбу тадбирни қўлладим: мажлисларда, йиғин-ўтиришларда уни яхши сўзлар билан ёд этиб, мардлиги ва баҳодирлигини мақтадим, токи дўстлари: «Амир сенга нисбатан марҳамат ва иноят мақомида, турибди» деб унга хат ёздилар. У зорланиб менга мактуб юборди ва инояту марҳаматимдан умидвор бўлиб менинг паноҳимга келди.

ХУРОСОН ПОЙТАХТИ (ҲИРОТ)НИ ОЛИШ БОБИДА ҚИЛГАН КЕНГАШИМ

Амир Ҳусайн ўлдирилиб, [унга қарашли] Балх, Ҳисори Шодмон ва Бадахшон вилоятлари менинг тасарруфимра ўтгани қақидаги хабар Хуросон ҳокими малик Ғиёсуддинга етганида, уни қўрқинч босди, [уруш қилиш учун] лашкару сипоҳ тўплаб, мудофаага шайланди. Кенгашиб, хуросонликлар ҳушёрлигини сўндириб, ғафлат уйқусига чўмдириш учун, мен ҳарбий ҳийла ишлатишни фикр қилдим. Шў мақсадда Самарқандга юриш қилмоқчидай бўлиб орқага қайтдим. Шу аснода малик Ғиёсуддиннинг [мендан кўнгли тинчиб], жабр-зулм қилмоққа қўл урганлиги ҳақида пиримдан хат олдим. Менинг Самарқанд тарафга қайтганим ҳақидаги хабарни эшитиб Ғиёсуддин хотиржам ўлтирган эди. Шунда мен ўзимга кенгашиб, «ана энди хуросонликларнинг кўнгли мендан хотиржам бўлди, уларнинг устига бостириб боришнинг айни пайти», дедим ва Балх чеккасидан қайтиб, Балхда қолдирган аскарларим билан Ҳиротга қараб юрдим, малик Ғиёсуддинни ғафлат уйқусида босдим ва у ночор шаҳардан чиқди, хазина ва тамом бойлигини менга пешкаш қилди. Шундай қилиб, Хуросон мулки менинг қўлимга ўтди. Хуросоннинг барча амирлари менга бўйсундилар.

СЕИСТОН, ҚАНДАҲОР ВА АФҒОНИСТОН МАМЛАКАТЛАРИНИ ЗАБТ ЭТИШ ҲАҚИДАГИ БОШҚА КЕНГАШИМ

Хуросон мамлакати бўйсундирилгандан кейин амирларим юқо-рида эслатилган уч мамлакатга лашкар юборайлик, деб маслаҳат бердилар. Мен дедимки, агар лашкарнинг ўзи билангина иш битмаса-чи? Унда ўзим боришим керак бўлади. Менинг мўлжаллаб қўйган бошқа ишларим кўп. Маслаҳатни шунда билдимки, ўша диёрлар ҳокимларини ўзимга оғдириб олиш учун «Агар менга қўшилсанглар [қутиласизлар], курашсанглар йиқиласизлар. У ҳолда тақдирингизда нима бўлса ўшани кўрасизлар», деган мазмунда хат ёздим. Бу тадбирим тақдирга тўғри келди. Ёрлиғларим уларга етиши биланоқ итоат бошларини бўйсуниш мақомига қўйдилар.

давоми бор...

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин