Саналар
21.12.2024
Баннер
Бухоро халқининг ҳасрати тарихи.
PDF Босма E-mail

Сўнгги Бухоро амири Саййид Олимхон (1881—1944 йиллар) қаламига мансуб хотиралар тўлиқ холича ўз ватанида илк бор нашр этилмоқда. Унинг толиби илм бўлган чоғларидан, амирлик чоғи, большевикларнинг Бухорони зўрлик билан босиб олиши ва ватандан узоқда, муҳожирлик йилларга қадар кечган умри суронли ва мураккаб тарихий давр кўзгусида яққол намоён бўлган. Ўлкамиз кечмишини ўрганишда тарихий шахслар ўзи ёзиб қолдирган, жуда камчил ва ноёб бўлган бундай асарларнинг қиммати йиллар ўтгани сайин ошиб бориши табиий экан, мазкур асарни ўз ўтмишига бефарқ бўлмаган кенг ўқувчилар оммаси диқкат-эътиборига ҳавола этамиз.

Форсийдан таржима, муқаддима ва изоҳлар муаллифи
Абдусодиқ ИРИСОВ

СЎЗБОШИ

1966 йил апрель ойининг охирларида Тошкентда машҳур ва машъум зилзила юз берди. Бу воқеадан бир ҳафта ўтар-ўтмас мен Сурия Араб жумҳуриятининг бош кенти ҳисобланган Дамашққа ишга кетдим. Орадан бир ярим-икки ой ҳам ўтмаган эди, Дамашқдаги уйимга бир қорачадан келган, ўрта бўйли, ўзига ярашган мўйлаби ҳам бор бир киши ташриф буюрди. Кўринишидан у худди сувратини кўрганим Абдулла Қодирийга ўхшарди. Бу киши ўзбекчалаб менинг исми шарифимни сўради. Биз кўришдик, мен ўзимни таништирдим, ичкари кирдик.
-   Мен Жўра қори бўламан, баъзан ёзувларда Сургун деган от ҳам қўшиб айтилади, тахаллусим Бўтакўз. Мамлакатдан узоқда — сургунда юргандайман, баъзида шундай аташ билан ўзимни овутган, ўзимга тасалли берган бўламан. Шу йили апрель ойида Дўстлик жамиятининг даъвати билан мамлакатга боргандим. (Хориждаги ҳамшаҳарларимиз «Ўзбекистон» номи ўрнига кўпинча «мамлакат» ёки «ватан» сўзини ишлатадилар). Эсимни таниганимдан бери орзу қилганим — ватанни кўришга муяссар бўлиш эди, бир хафта ҳам ўтмасданоқ ўша мудҳиш зилзила юз берса бўладими, ёпирай, мени ажал қувиб келган экан, шу ерда ўлар эканман-да, деган хаёлга ҳам бордим. Йўқ, худога шукр, кечмиш бўлди (яъни ўтиб кетди). Ўша ерда дўстларингиз бир нарсани сиздан ҳикоя қилишди, сўнг жанобингиз исми-шарифлари зикр қилинган чоғда суҳбатга чорлаш учун сизга қўнғирок қилишса, аллақачон бу томонларга равона бўлган экансиз. Шу билан мен мамлакатдан чиқиб Истанбулга келдим, у ердан бу томонларга ўтдим, кейин Урдунга (яъни Иорданияга) ўтаман.
-   Буни бир мутолаа қилинг, сизга совға, — деб бир китоб берди. Китобга қарасам, Бухоро амири — Олимхон қаламига мансуб, меҳмонга миннатдорчилик билдирдим. Китоб форсийда ёзилган, Ғарбда чоп этилган эди.
Мен китобни мутолаа қилиб, юртга қайтганда ўзбекчага ағдарарман, деган хаёлга келдим. Мана, орадан чамаси йигирма беш йилча вақт ўтди. Орзиқиб кутилган дамлар келди. Бу чоғлар ошкоралик деб ном олди. Бор ҳақиқат аста-секин қалқиб юзага чиқа бошлаётир. Шундай мулоҳазалар андишасида ниҳоят ўша китобнинг форсийдан қилган таржимасини ҳурматли ўқувчилар эътиборига ҳавола этаётирман. Муаллиф фикрини яхши ифодалай олдимми — йўқми, бу муҳтарам китобхонлар ҳукмига ҳавола. Мабодо баъзи ибораларда фикр яхши ифодаланмаган бўлса, ўтиб кетган камчилик учун китобхондан олдиндан узр сўрайман. Мабодо улар ўз мулоҳазаларини менга ёзиб ё матбуот орқали билдиришса, мулоҳаза отига миниб мақсад сари отланишимиз турган гап.
Рисолани таржима қилишда иложи борича муаллиф руҳи, услуби, ҳатто ўша даврда ишлатилган маъмурий бўлинишлар номи (чунончи, туман, беклик кабилар)ни сақлашга ҳаракат қилинди. Ўша даврда Бухоро давлати йигирма саккиз бекликка бўлинган. Чунончи, ҳозирги Нурота, Қоракўл, Чоржўй, Шаҳрисабз, Китоб, Ғузор, Денов, Яккабоғ каби жойларнинг ҳар бири бекликдан иборат бўлган. Беклик бизнинг ҳозирги истеъмолимизда районга тўғри келади, шу билан бирга «туман» гушунчаси ҳам бунга тўғри келгандай бўлаяпти. Чупончи, Ғиждувон тумани, Вобкент тумани, Лаълака тумани. Китобда Нурота эса вилоят сифатида битилади.

Амир Олимхоннинг ёзишича, ўша даврда Бухоро давлатига қарашли ерлар 225000 квадрат километр бўлган, бу эса тахминан Италия майдони билан тенг деганидир. Унинг ёзишича, Бухоро аҳолиси асосан ўзбек, туркман, қирғиз, козоқ, тожик, яҳудий ва араблардан иборат эди. Бундан кўринадики, Бухоро давлати кўпмиллатли мамлакат бўлган, унда Ўрта Осиё халқларининг барча вакиллари яшаган. Олимхон бу ерларда яшовчи яҳудий ва арабларни китобига битишни ҳам унутмаган.
Амир Олимхон ёзади: «Бухоро хонлари бутунлай манғитларнинг ўзбек тоифасидан бўлган. Бухоро подшоҳлари мўғил одатларига кўра тўшакча (у оқ кигиздап тайёрланган — А. И.) устига табаррукона ўтқазилиб, саййидлар, хўжалар ва муллолар уни ердан кўтарардилар». Туркий подшоҳларни ок кигизга солиб кўтариш қадим-қадимдан қолган анъана бўлган.
Бу гапда келтирилган «мўғил» сўзи аслида туркий қабилалардан бирининг номи, у «монгол» эмас. «Мўғил» билан «монгол» томомила бошка-бошка халқ. Шу жиҳатдан Ҳиндистонда Бобур тузган империя баъзан янглиш ишлатилиб келаётган «Монгол» эмас, балки «Мўғил империяси»дир. Бунга Саййид Олимхон битган сатрлар ҳам гувоҳлик беради. Олимхон ёзади: «Бухоро Марказий Осиё мамлакатларининг энг қадимгиларидан бири бўлиб, бунда навбатма-навбат шаҳзодалар салтанат қурганлар... Сўнгги сомоний подшоҳларининг вафотидан сўнг (1005) Бухоро икки марта турк ва салжуқлар сулоласининг қўлига ўтди. Ундан сўнг Чингизхон ва Темур, кейин шайбонийлар, аштархонийлар сулоласи, ўзбек — манғитлар Бухорода ҳукм сурдилар, Манғит тоифаси 1783 йилдан то 1920 йилгача Бухорода салтанат сурдилар».
Мана бу сўзлар тарихимизни тузукроқ тушунишга, янада чукурроқ билишга ёрдам беради.
Бухородан хорижга чиқариладиган маҳсулотлардан ташқари от ҳам экспорт қилинган. «Бухоро отлари, — дейди муаллиф, хусусан, қорабайир нави 1914 йилги урушда аҳамият қозониб, яхшилигини исботлайди. Бухоро амири канчадан-қанча минг бош отни Русия давлатига берди».
Шу билан бирга амир эсдаликларида ўша даврда Русия билан Бухоро ўртасида бўлган савдо миқёси ҳақида ёзилади: «Большевиклар инқилобидан олдин Бухоро савдоси фақат Русиянинг ўзи билан икки юз эллик миллион франкка етар эди. Лекин бахтга қарши юкларни элтиш воситаларининг йўқлиги савдо ишининг ривожланишига катта тўсқинлик қилди. Ваҳоланки, қанчадан-қанча темир йўл воситалари мамлакатнинг бошидан охиригача чўзилган эди».
Амир Олимхон ўз даврида бирмунча маданий қурилишлар қилади, мадраса, масжид, кўприк қурдиради. «Бухоро минорасининг паст томонида, — дейди муаллиф, — ўз номимдан Дорул-улум бўлган бир мадраса қурдирдим; турли илмлардан дарс берувчи муаллимлар тайин этдим. Мазкур мадрасада истиқомат қиладиган талабалар сарф-харажати, маош ва кийим-кечаги ҳам ўз тарафимдан белгиланиб, унга бир нафар нозир ҳам тайин этдим; уларнинг емак-ичмак, маош ва кийим-кечакларини муайян бир вақтда етказдирардим».
Амир қурдирган бу ўқув даргоҳи мисоли ҳозирги интернат мактаби ё техникумига тўғри келадиган бир билимгоҳ деса ҳам бўлади. Бу эса ўша давр савиясидан туриб қаралса, албатта, жуда катта воқеа бўлган.
Қолган гапларни ўқувчининг ўзи эсдаликлардан ўқиб олиши мумкин.

Абдусодиқ ИРИСОВ.

РАҲМДИЛ ВА МЕҲРИБОН АЛЛОҲ ИСМИ БИЛАН

Аллоҳга мақтовлар, оламлар Рабби ва унинг элчиси Муҳаммадга ва унинг оиласига ва барча дўстларига покликлар ва саломлар бўлсин.
Аммо баъд билим эгаларининг виждони ва хотир эгаларининг олдида яширин қолмасинки, мен таг-тугли Бухоройи шариф халқининг фидойиси Саййид Амир Олимхон — Бухоро мулкининг ҳукмрони эдим.
Ўз аҳволим ва бошдан кечирганларимни ёшлик чоғимдан олиб борилган то Бухоро пойтахтида салтанат учун большевиклар билан олиб борилган жангларда бўлиб, ўзимнинг Қобул доруссалтанасига кўчишим воқеаларини таҳрир ипига тизиб ушбуда баён қилдим, унга «Тарихи ҳузни милали Бухоро» («Бухоро халқининг ҳасрати тарихи») деб ном кўйдим, токим ўқувчилар ва унга кўзи тушган зотлар бу фақирнинг баён қилган ҳолларидан ва Буҳоро салтанати пойтахти ва унга тааллуқли бўлган маълумотга эга бўлсалар ва большевиклар билан бўлган муҳораба ва Афғонистонга кўчишим сабабларини мутолаа қилиб, унга инсоф назари билан боқсалар.
Энди тил нутқини баён этувчи тўти бўлмиш — қаламни тилга киритиб, аҳвол баёнини ушбу битикда тараннум этадиган бўлсам, шундайки, бу банда  даргоҳи олий Саййид Амир Абдулаҳадхон ўғли Саййид Олимхон дор ул-фохира бўлмиш Бухоройи шариф ҳукмдоридурман. Мен ҳазрати падари бузрукворим салтанати қарор топган даврда диёнат илми ва ўрганилиши лозим бўлган билимлардан таҳсил қилганимдан кейин салтанат ва мамлакатни идора қилиш конунларини эгаллаш мақсадида рус улуғларининг саҳоватидан фойдаландим. Шунда ўн уч ёшлигимда милодий йилнинг минг саккиз юз тўқсон учида буюк шаҳаншоҳ бўлмиш падари бузрукворим ҳазратлари амру фармонлари билан бир неча мўътабар намакхўр-яқин дўстлар ҳамроҳлигида Петербургга боришга азм қилдим.
Тартиб-қоида юзасидан у ер мактабларида етти йил ўқитилар эди. Бинобарин, падари бузрукворим истагига кўра таълимотни тезлаштириш мақсадида ўқиш муддати уч йил деб карор қилинди. Бу уч йил орасида ёзлари мактаблар ёпилган кезлари Бухорога, падарим хизматига келиб-кетиб турардим. Шундай қилиб, мен уч йил давомида таълим олиб, мамлакат тартиб қоидаларини биладиган даражада билим ҳосил қилдим, ўқишларни тугатиб, имтиҳон топширдим.
Рус давлати улуғлари мени Бухоро давлати валиаҳдлигига мансуб бўлганлигим учун Бухорога қайтаришди. Шу билан мен милодий йилнинг 1896 йилида Петербургдан Бухоройи шарифга, зоти шаҳона Падари бузрукворим ҳазратлари даргоҳларига қайтдим.
Шундай қилиб, мен қиблагоҳим қўлларини ўпиб, доим у киши билан бирга бўлишга мушарраф бўлдим. Падари бузрукворим мени икки йил давомида ўз хизматларида ҳамрикоб қилиб ёнларида олиб юрдилар. Мен қўл остимда бўлган муқаддас ватаннинг ички аҳволлари ҳақида баъзи бир таълимотларни у кишининг муборак тилларидан эшитиб тургандим; булардан мен кўп фойдалар кўрдим. Сўнг зоти шаҳона падари бузрукворим менга Бухоройи шарифга қарашли бўлган ўлкалардан бири Насаф  вилояти ҳукмронлигини марҳамат қилдилар.
Бу билан менга бахтиёрлик бахш этиб, шаҳона тўнларни кийдирдилар, хисравона ҳукмронлик тожини бошимга қўйдилар. Падари бузрукворим ижозатлари билан мазкур вилоятга азм айладим. Шунда мазкур вилоятпинг барча аъён ва хос кишилари менинг истиқболимга чиқиб кутиб олдилар.

Шундай қилиб, мен улар билан ҳол-аҳвол сўрашиб, улар илтифотидан бошим кўкка етди, уларга меҳру ҳурматимни билдириб Насаф вилояти қўрғонининг ичига кириб бордим, барча каттакон бўлган одамларни муборакбод этиб, уларни хурсанд ва мамнун эттирдим.
Бу ожиз банданинг Насаф вилоятидаги ҳукмронлиги муддати ўн икки йил давом этди. Бу муддат ичида менинг ҳукуматим ҳамиша фақирпарвар ва ғарибнавозликка интиларди, мазлумларни золимлардан асраб, ҳақни қарор топдирарди. Шундай қилиб, мазкур вилоят аҳолисини ўзимдан хурсанду мамнун эттирардим.
Мазкур вилоятга яқин жойда Қашқа деган шўх дарё оқарди. Ундан камбағал бева-бечораларнинг кечиб ўтишида роҳати бузилиб, доимо ғам-ташвишда эдилар. Аҳолининг осойишталигини кўзлаб мазкур дарёга тошу темирдан бир кўприк қурдирдим, кўприкни эса ўз номим билан атадим. Шояд фақиру фуқаролар сув кечиш ташвишидан қутилиб, тинчу осуда яшасалар, деб ўйладим. Шу билан яна бошқа бир қанча мадраса ва ибодатхоналар қуриб, бу борада анчагина юмушларни юзага келтирдим.
Бундан сўнг, ҳукм юритганимдан ўн икки йил ўтгач, зоти шоҳона падари бузрукворим мени дор-ул-фоҳира Бухоройи шарифга қарашли жойлардан бири бўлган Хўрок водийсининг Кармина номи билан машҳур бўлган вилоят ҳукмронлигига кўчирди. Бу билан зоти шаҳона мени ўзларига яқин бўлган жойга олиб келдилар. Насаф вилояти ҳукмронлигидан Кармина вилояти ҳукмронига айландим. Мана шу зикр этилган вилоятда икки йил давомида ҳукм юритдим. Шу аснода зоти шаҳона ҳазрат Саййид Амир Абдулаҳадхон — менинг Падари бузрукворим тақдири илоҳий амри билан фонийлик оламидан боқийлик дунёсига риҳлат этдилар. Шунда иқтидор эгаси бўлмиш падари бузрукворим подишоҳ ҳазратларининг салтанати муддатига йигирма олти йил бўлган эди.
Шу билан мен 1329 ҳижрий йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни, милодийнинг 1911 йили менга мерос бўлиб қолган марҳум ва мағфур падарим салтанати тахтига ўтирдим. Бухоройи шарифнинг барча аҳолиси бу ожиз бандага хизмат қилмоққа қасамёд этдилар.
Тахтга ўтирганимдан сўнг бу банда даргоҳи олийда мамлакатимнинг бир йиллик хирож тўлашдан озод қилиш фармойишини бердим. Шу тариқа иш тутишим билан фақир-фуқароларни кўп хурсанд қилдим, уларнинг бошлари кўкка етди.
Орадан бир йил ўтгач, элтутиш ва фақирпарварлик тартибини ўрнатишга интилдим, Бухоро давлатида тартиб-интизом ва ободлик ишларини бажо келтира бошладим. Буюк ишларни барпо этишга саъй-ҳаракат этдим, мадрасалар, ибодатхоналар бино қилишга киришдим. Барча илмларни ўргатиш борасида анчагина ҳаракат қилдим.
Бухоройи шариф аркининг яқинида, Балойи ҳавз дейилган жойда ўз номимга бир ибодатга масжид бино қилдирдим. Бухоро минорасининг паст томонида бозорнинг ички томонида ўз номимдан Дор-ул-улум — Билим уйи бўлган бир мадраса қурдирдим; ҳар хил илмдан дарс берувчи муаллимлар тайин этдирдим. Мазкур мадрасада истиқомат қиладиган талабалар сарф-харажатлари, маош ва кийим-кечаги ҳам ўз тарафимдан белгиланиб, унга бир нафар нозир тайин этдим; уларнинг емак-ичмак, маош ва кийим-кечакларини муайян бир вақтда етказдирардим. Бозор ва йўл ободлигига кўп ҳаракат қилдим, уч йил ичида Бухоро мамлакати анча обод бўлди, унга зеб-зийнат ва тартиб-интизом ўрнатдим. Менинг саъйи-ҳаракатимдан Бухоро аҳолиси ва бутун мамлакат мамнун бўлди.
Банда ўз халқим учун қўлимдан келадиган хизматимни бажо келтирганимга шукр қилардим. Бу бандайи ожиз Турон мамлакатида ўн йил давомида салтанат сурдим. Ўн йилдан сўнг, Совет давлатига қарши курашдим, ниҳоят Афғонистон давлатига кўчдим.


БОЛЬШЕВИКЛАР БИЛАН БЎЛГАН МУҲОРАБА ҲИКОЯСИ

Большевикларга қарши қилган юришим ва Бухородан кўчишга ихтиёр этишимга доир барча сабаблар ҳикоясини мушоҳада юритувчиларнинг хотиралари учун буларни таҳрир ипига тиздим, токи бошимдан ўтган аҳволотимдан ўзгалар ҳам хабардор бўлсалар.
Вақт келиб Бухоройи шариф давлати бувам, раҳматлик Саййид Амир Музаффархон даври салатанатидан то раҳматлик Саййид Амир Абдулаҳадхон мағфуру марҳум падари бузрукворим замонига ва ундан то бу бандайи ожиз салтанати муддатигача мана шу Бухорода ўтди. Бу орада ва муаззам рус давлати салтанати барқарорлигининг олтмиш уч йиллиги давомида бу томонларда дўстлик ва ошначалик юз бериб, икки давлат орасида дўстлик барқарор ва бардавом бўлди. Шу сабабдан рус давлати ходимлари билан Бухоро давлати ходимлари ўртасида келишув ҳам бўлиб ўтган эди. Қелишувларда аскарлар ва ҳарбий куроллар Бухоро тарафидан қисқартирилиб, (Уни қўриқлаш учун ) ҳарбий асбоб-ускуналар ва аскарларни рус давлати ўз зиммасига олган бўлди. Бухорода эса мамлакатни ҳимоя қилиш учун ўн икки минг аскар бўлишига қарор қилинди; мамлакатни ҳимоя қилиш борасида яна аскар лозим бўлса, рус давлати Бухоро давлатини қўллашга тайёр турадиган бўлди. Шу билан император давлати замони мавжуд бўлган қадар Бухоро давлати аскарлар ва ҳарбий қуролларга ҳеч эхтиёжи бўлмади, тинч ҳаёт ҳукм сурди, мен бўлсам мамлакат ободончилиги билан шуғулланишга интилардим. Бундан сўнг рус давлати инқилоби юз берди. Бу банда мамлакатни тартиб-интизом ва хавфсизлигига саъй-ҳаракат қилдим.
Бинобарин рус жамоати ичидан бир қанча беасл бўлмағур жоҳил шахслар пайдо бўлиб, улар ўзларининг ҳазрат жаноб олийлари-рус давлати улуғлари орасига раҳна солдилар. Улар қарор қабул қилишиб, одамларни мажбур қилишди. Бу беасл бўлган шахслар бу қонун билан одамларни тўплаб, ниҳоят рус императорлик давлатини ўз салтанатидан ағдариб, ўз жамоасидан бўлган бир неча нафар одамларни каттакон қилиб кўйдилар ва ўз ҳукуматларини муваққат шўро мажлиси деб атаб, Керенский деган одамни жумҳурият раиси мансабига кўтардилар.
Бу муваққат давлатлари бир неча ой давом этди. Мазкур Керенский ҳукумати тарафидан уларнинг Преображенский деган вакилларидан бири мухтор вазир қилиниб, дорулфохира Бухоройи шарифга келадиган бўлди. Ниҳоят у киши шаҳарга кириб келиб, бу бандайи ожиз билан учрашди. Бу киши келиб гапга қулоқ бериб, икки давлат ўртасида келишув бўлди, шунда Бухоро давлати мустақиллигини бу ожиз бандага берди ва келишувга имзо ҳам чекди. Сўнг у қайтиб кетди.

Бухоро давлати мустақиллик олганидан сўнг дўстлик ва ошнолик ипларини пайдо қилиш мақсадида Бухоро давлати номидан вазир Тўрахўжа ва мулло Қутбиддинларни Афғонистон давлатига юбордим. Бу аснода хожи Сафарбийни ҳам ўз намоёндам сифатида инглиз комиссионга, Машҳадга юбордим. Комиссион ҳам юқорида эслатилган жавобни мувофиқ кўрди. Сўнг мен большевикларга Бухорони бўшатиб қўйишсин, деган фикрни билдирдим. Большевиклар менинг илтимосимга қаршилик кўрсатишди, улар инглиз аскари билан ҳам жанг қилдилар.
Бу борада Мирза Салимбек парвоначи ва Абдуррауф карвонбошини инглиз аскарларига йўл кўрсатиш учун Чаҳоржўй томонга жўнатдим. Лекин уларнинг Чаҳоржўйга келиши пайтида инглиз аскарлари у ердан жўнаб қолишган экан.
Бу орада Афғонистон давлати Бритониё давлатига қарши уруш бошлаб қўйди, кейин муқаддас Бухоройи шариф давлатига афғон давлати томонидан генерал Муҳаммад Валихон мухтор вазир сифатида ташриф буюрдилар. У киши зоти шаҳона билан учрашмоқчи бўлиб, афғон амири олий ҳазратларидан кўпгина совға-саломлар келтирдилар ва бу бандайи ожизга топширдилар. Мен мухтор вазир билан учрашдим. Бу суҳбат асносида бандайи ожизга унинг шахсий саволи ҳам бор эди, мен унинг жавобини айтдим. Менинг мақсад-ниятим шу эдики, мен большевикларга қарши уруш қилсам, зеро шу фурсатда душманнинг ниҳоятда заиф экани кўриниб турибди. Шунинг учун вақтни ғанимат билиш керак, сўзсиз, бу-шундай, дедим. Мухтор вазир анча ақлли ва узоқни кўра оладиган шахс ҳамда ислом давлатининг хайрихоҳларидан бўлганидан менинг саволимга шундай жавоб берди.
Афғонистон давлати билан сиз ҳар иккаловингиз биродарсизлар. Бирингиз Британиё давлатига қарши бел боғлаб урушга киришганда, сиз ҳам бу тарафдан большевиклар давлатига шундай йўл тутсангиз, худо кўрсатмасин, сизнинг воситангиз сабабли миллат хизматкори бўлган ҳар икки биродар ислом оламидан икки давлатни харобаликка олиб келмасангиз, деб қўрқаман. Бу ишни орқага суринг, шунда биродарингиз иши нима билан тугашини кўришингиз мумкин. Бундан сўнг бир-бирингиз билан бамаслаҳат иш юритсангиз, яхширок бўлади.
Рост, вазири аъзамнинг бу сўзлари жуда тўғри гап эди. Мен ўзимга бўлган яхшиликни шу билан билдим ва бу мулоқотни анча вақт хотирамда сақлаб, сабрни ўзимга ҳунар қилиб олган бўлдим.
Муҳаммад Валихон Бухоро давлатидан рус давлати тарафига жўнаб кетди. Аъло ҳазрат афғон амири дўстликни мустаҳкамлаш йўлида Фазл Аҳмадхонни менга юборди. Ў икки юз нафар аскар, бир гуруҳ оркестр, еттита тўп, еттита филни менга юборди. Бу аснода элтутиш тадбирларини кўриб, Муваққат жумҳурият давлати Керенскийга бу бандайи ожиз ўз тарафимдан ишончли бир кишини бир вафд-намоёнда тариқасида юбордим, янгидан келишув тузиб, унга имзо чекишни истадим.

Мазкур муваққат ҳукумат бу қисқа фурсатда инқилобга йўлиқиб қолди. Улар икки кисмга ажралдилар; бири меньшевик, бошқаси большевиклар бўлиб, иккала жамоа ҳам бир-бирига уруш эълон қилдилар. Шу сабабдан булар иккалови ўртасида бир-бирига қарама-қаршиликлар юз бериб, ниҳоят большевиклар қарор топишди, Шунда рус давлатида каттакон бўлганларнинг ҳаммаси хар хил мамлакатларга пароканда бўлдилар, у ерларда паноҳ топган бўлдилар. Большевиклардан бўлган бу жамоанинг тартиб-қонунларини на кўриб бўлинди, на билиб бўлинди. Чунки ҳамиша беқарорлик юзага келди, бу жамоа ҳукуматни хароб этиб, мамлакатни вайрон қилишга йўл кўйди, динларни, ибодатхоналарни йўқ қилишди, мўътабар ва давлатманд бўлган ҳар бир гуруҳ мол-мулкини босиб олиб, талон-тарож қилдилар, ўзларини қатл этишни ўзларига бурч деб билардилар. Уларнинг сўзларига ишонилмайдиган даражага келинди.
Бу вақтда бу бандайи ожиз Бухоро ўлкасини тартибга туширишга киришдим. Бу борада анчагина саъй-ҳаракат этиб, дуруст ишлар қилдим. Бу орада большевиклар жамоаси беасл конун-қоидаларни чиқариб, ёлғон-яшиқ ишлар билан, бузуқ йўл-йўриқларни тўғри йўл деб билдилар. Шу тариқа иш тутиб, уларнинг бу тартиблари муқаддас Бухоро давлатига ҳам тарқалиб, бир мунча жоҳил ва илмсиз кишилар беасл русия большевиклари йўл-йўриғини қабул қилишди, ўзларнинг бузуқ ишларини жорий этишга интилдилар. Тахминан 117 нафар самарқандлик, тошкентликлар бирлашиб иттифоқ тузишди; бу жамоа ичидан чиқкан икки нафар каттаконлари — Файзулла Хўжаев  ва Мирзо Муҳиддин Мансуров бузғун большевикларга ўз мақсадларини баён қилиб, улардан ёрдам исташди. Большевиклар ҳам бу жадид бузғунчиларга кўмак бериб, темир йўли орқали номи Колесов деган кимсани Бухорога чақириб, 1336 ҳижрий жумодис-соний ойининг шанба кунида (1918 йил) уруш эълон қилиб, Бухоро давлатига қарши юриш бошладилар. Аллоҳнинг инояти, пайғамбар шариатининг мадади билан ҳарбий қуролларнинг камлигига қарамай, Бухоро ислом аҳлига зафар кулиб боқди, бу банда ғалабага эришди. Большевиклар ўз мақсадларига эришолмай сулҳ тузишга розилик билдиришди. Бу банда сулҳ тузишни яхшироқ деб билиб, аҳволни тузатиш мақсадида аҳд тузишга рози бўлдим.
Бу урушдан сўнг Ленин ва Троцкий томонидан большевикларнинг раиси сифатида Элиава  ва Брайдо деган киши мухтор вазир бўлиб Бухорога келди. У киши бандайи ожиз билан сўзлашиб, Бухоро мустақиллигини бутунлай менга бермоқчи бўлди, ҳамда ҳарбий қурол билан ёрдам беришга ваъда берди, ҳатто юз йил олдин Бухоро давлатига қарашли бўлган ерларни менга қайтариб бермоқчи хам бўлди. Шу билан бирга эллик минг милтиқ, беш юз тўп-пулемёт, эллик аэроплан, эллик миллион сўм тилло тўлашга ваъда берди.

Совет давлати томонидан Аксельрод деган киши Бухоро давлатига элчи қилиб тайин этилди, Афғонистон давлатига нисбатан дўстлик истеҳкомларини тузиб, Тошкентдан менга ўн битта ўқссиз тўп совға қилиб юборишди. Большевикларнинг муомалаларининг қандай эканлигини шу ўқсиз тўпдан билиб олдим. Бу ожиз банда большевиклар ва уларнинг элчилари муомалаларини келишувга мувофиқ иш олиб бормаганликларини кўрганимдан сўнг хаёлимга бир фикр келди. Шу сабабдан мен аскар ва ҳарбий қуролларни тайёрлаш ишига киришдим. Икки йил ичида Бухоро ҳарбий аскарлар ва қурол-асалаҳалар тўплаб, қўшинларни урушга тайёр туриш даражасигача олиб келдим.
Большевиклар жамоаси ўз қонунларини бажо келтира бошладилар, аммо ҳар тарафдан меньшевиклар бош кўтариб, уларга қарши чиқа бошладилар. Натижада улар большевикларни беқувват қилиб, изтиробга солиб қўйдилар. Улар ҳар ерда Русиядаги темир йўлларни қўпоришарди, ҳамма жойда улар бош кўтариб большевик давлатини анча заиф қилиб қўйдилар. Шунда бу бандайи ожизнинг хотирига шу нарса келдики, большевик жамоаси андак куч тўплай олса, албатта, у Бухоро давлатидан ўз қасосини олади. Бу вақт ўз аскарларимни ҳаракатга келтириб, муҳорабага киришмоқчи бўлиб турдим. Хоразм ҳукумати ҳам мен билан келишув олиб борди. Менинг қўл остимда бирлашиб, большевикларга қарши урушга истак билдирдилар. Бу аснода большевиклар давлати кундан кунга ривожланиш томон юз ўгира бошлади, бу муомалалар билан вақт ўтаверди, борган сари улар кучая бошлади. Шу сабабдан бу бандайи ожиз яхши ниятлар билан келишувни янгилаб, унга имзо чекиш учун ўз тарафимдан бир неча кишилардан вафд тузиб, Ленин ва Троцкий қошига жўнатдим. Бу жамоанинг эътиборсизлиги ва оқибатсизлигини яхши билардим. Бордию агар унга қарамай, бу хил беасл ва беоқибат ҳукумат билан келишув қилсам, хориждаги буюк давлатлар наздида Бухоро давлатининг бадном бўлишига сабаб бўлар эди. Бундай хаёлларни ўзимдан узоқлаштириб, мақсад ва муддаосиз, муросасозлик ниятида инқилоб замонини муборакбод этиб беш кишини: генерал Маҳдихон, Хожи Жўрабек тўқсоба, Ғайбулло Хўжа, Хожи Мирзо, Мирза Наврузбей ва яна бир нафар бошқа кишини Ленин ва Троцкий қошига Москвага юбордим.
Шуни айтиш етарлики, Бухоро давлати андак вақт ичида зарур ҳарбий чораларни кўриб, бирозгина тартиб-инизом ўрнатгач, исломда ҳаммазҳаб бўлганлиги жиҳатидан бир-бирига меҳрибонлик билан қараш оқибатида икки биродар (Афғонистон ва Бухоро) бир тану бир жон бўлиб қолди. Афғонистон давлати билан дўстлик аҳди тузилди. Шу жиҳатдан большевиклар жамоаси унга рашк билан қарар эди. Бордию агар аста-секин Бухоро ҳам зўрайиб тартиб-интизом даражасига эришиб қоладиган бўлса, бизнинг жумҳурият давлатимиз паришонҳолга тушиб қолиши ва ранжу кулфатга мубтало бўлиши турган гап, деб ўйлашди. Ваҳоланки, бизда етишмовчиликлар бор. Ана шу камчиликларни бартараф қилиш учун қаттиқ киришиб, ўзимизни бу қийинчиликлардан холос қилишимиз керак.

Бундан сўнг большевикларнинг Бухоро давлатига бўлган муомаласи кундан кунга ва борган сари қаттиқлаша борди. Улар Бухоро давлатига ғайриқонуний талаблар қўйиб, уларни ижро этилишини талаб қиладиган бўлишди, улар қандай бўлмасин, бир амаллаб уруш бошлашни ўзларига ҳунар қилиб олишди. Улар ўринсиз равишда бухоролик фуқароларни йўл-йўлакай тутиб, уларни қамаб қўйишарди, ниҳоят, ислом давлатининг бу душманлари анчагина аскар ва қурол-яроғлар тўплаб, қўққисдан Бухоройи шарифга ҳужум қилишни истардилар. Бу бандайи ожиз ўз душманига қарама-қарши туришга муҳайё бўлиб турди. Ҳар томондан одам тўплаб, Бухоронинг Когон темир йўл станциясида қуролланган ҳолда тайёр турдик.
Большевиклар бу орада кўп ҳийла-тадбир қўллашга, гўё дўстлик либосларини кийгандек бўлиб, аслида макру ҳийла тадбирларини ишлатиш йўлига, маккорлик йўлига ўтдилар. Гўё сулҳ тузиш учун Баранов деган ташқи ишлар вазири бўлмиш бир кимсани фавқулодда элчи қилиб, Тошкентдан Бухорога юбордилар. Мухтор вакил бу бандайи ожиз ҳузурига келиб учрашди. Шу киши узр баён этиб, гаплашди, гапларимизни эшитиб, биз билан келишди. У киши илтимос қилиб айтдики, рус давлати эллик беш йилдан бери Бухоро давлати билан дўстлик ва ошначиликда бўлиб келди, то шу пайтгача бизнинг давлатимиз Бухоро давлатидан барча манфаатларни кўриб келмоқда, шу билан бирга икки давлат ўртасида бу орада ҳеч қандай бир-бирига зарар кўрадиган ишларни бажо келтиришмади. Истардимки, бугундан кейин ҳам бу икки давлат ўртасида дўстлик ва ошначилик гуллаб яшнаса ва бизга ҳам сизнинг давлатингиздан ёрдам ва манфааат тегса. Сизлардан бизларга хар қанча хизмат бўлса, бизнинг жумҳурият давлатимиз уни ўрнига қўйса. Лекин сизлардан бир илтимосимиз бор, ўз аскарларингизни бизнинг темир йўл станциясидан олсангиз, чунки биз уни ўзимизга истеҳком қилмоқчимиз. Бизнинг аскарларимиз ваҳший ва нодон одамлардир. Мабодо сизнинг аскарларингизни кўриб қолса, унга тўқнашиб қолиб, сиздек зоти шаҳона олдида бизни уялтириб кўйишади. Бу борада сиз нимаики истаб, унга хоҳиш билдирсангиз, ўша айтганингизни бажо келтирамиз.
Шу тариқа у билан гаплашиб, гапларини эшитиб, келишув туздик, унга имзо ҳам чекдик. Шу билан у ўз жойига қайтиб кетди.
Большевиклар йўл тўсиб қўлга киритган бир канча фуқароларимизни бўшатиб, йўловчиларни қўйиб юборишди.
Шу билан бу бандайи ожиз аскарларимни рел тарафдан уч милча йўлдан олиб орқага чекиндик, у ерда бир истеҳком ҳам қурдик, сўнгра бу манзилга қирқ нафардан иборат аскарлардан қоровул қўйдирдим. Ҳар эҳтимол, бу нарса душман сиқиб келганда шояд фуқароларга мадад бўлиши мумкин эди. Аммо душманларимиз бу найранг билан бизни ғафлатда қолдириб, мисоли бир йўлтўсарлар каби, уруш эълон қилмасдан ҳижрийнинг 1339 йили (1920) зулҳижжа ойининг ўн бешида якшанба кечаси соат ўн иккида соқчилар ва қўриқчилар устига ҳужум қилиб келиб, ўша ерда темир йўл атрофига қўйилган барча қоровуллларни, тахминан, юз эллик нафар кишини банди қилдилар.

Шу тариқа улар Бухоро аскарлари устига ёпирилиб келиб ҳужум уюштирдилар, шу билан урушни бошлаб юбордилар. Натижада вақт ярим кеча соат иккида анча аскар ва ҳарбий қуроллар жамлаб, тўп отиш ва ўқ ёғдириш билан бирга темир қалқонли аравалар — броневиклар, темир қопланган моторлар — бронепоездлар билан уруш бошлаб юбордилар. Улар ўн битта тайёра билан Бухоро шаҳри устида ҳавода парвоз этиб, бомба ёғдирдилар. Бу бандайи ожиз ўз аскаримни мажбуран олдинга — фронтга чиқариб, ихтиёрни тақдири илохийга топшириб, тўрт кечаю тўрт кундуз урушдик. Бу уруш асносида душман тахминан Бухоронинг ярмини тўп ва пулемётдан ўққа тутиб, кўп талафот етказди. Мусулмон бечоралар душман дастидан мол-дунёсини, ўз фарзандларини ташлаганларича, нима қилишларини билмай, ҳар томонга қоча бошладилар. Шунга қарамай, бу бандайи ожиз тўрт кечаю кундуз душманга қарши урушдим, қаттиқ жанг қилдим. Тўп ўқларининг кўплиги, бомба ёғдиришлар, талафот ва харобаликлар Бухоро шаҳрида ортиб кетиб, камбағал бева-бечораларни қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Шунда ўзимча ўйладим. Бу бандайи ожиз ушбу Бухоройи шариф шаҳаридан кўчишни ихтиёр этсам, шояд шу сабабдан харобаликка бўлган сабаблар йўлини тўсиб, фақиру фуқаро бечораларни бу жабр-ситамлардан озод қилсам ва осойишталик бахш этсам, деган андишада чаҳоршанба куни тушдан кейин соат тўртларда фойтунга ўтириб, мисоли ҳазрат Пайғамбар алайҳиссалом суннати бўлмиш ҳижрат каби кўчишни ихтиёр этдим. Шоҳлик боғи саналган Ситорайи моҳи хоссадан чиқиб, Тумон Комот ва Хирқонрўд, яъни Ғиждувон тарафга равона бўлдим. Бу вақтда менга афғон элчиси ва бригад саркардаси Абдушукрхон ва Афғонистоннинг Тошкентдаги элчисининг ов бошлиғи Муҳаммад Асламхон, афғон ҳарбий қозиси (атташеси) ва йигирма беш минг нафардан иборат Бухоро хизматчи ва аскарлари, шунингдек, афғон аскарлари ва мансабдорлари менга ҳамроҳ бўлишди. Биз Ғиждувон туманига етиб келиб, бир кечани ўша ерда ўтказдик.
Менинг кўчишимни эшитиб фақиру хотин-халаж, бола-чақалари билан йиғлаб, нола қилишиб, менинг изимдан тушиб, панжшанба куни кечқурун ўша зикр этилган Ғиждувонга, қўноқжойимга етиб келишибди. Улар тахминан ўн минг нафардан ортиқроқ эди. Ҳаммаси йиғлаганча келишди, худди қиёмат кунини кўз ўнгимда келтиргандек бўлдим. Улар ўзларини ерга уриб, қанча-қанчаси бу ғам-андуҳ ва жудоликка чидай олмай тақдири илоҳий билан ҳаққа жон таслим қилиб, худойи таоло раҳматига эришдилар.
Бу бандайи ожиз шу аҳволда алам етган барча бечораларга насиҳат этардим, кўнгил кўтарадиган сўзларни айтиб тасалли берардим. Ҳар бир бечоралар ҳаққига дуо қилардим, ўзим ҳам ундай фақиру фуқаролар дуосини олардим. Шу билан нима қилишимни билмай, маюс, нимагадир мунтазар бўлиб қолдим. Шу билан Бухоронинг шарқий томонини истаб қолдим, натижада саккиз кун деганда Бухорога қарашли Қўрғонтепа деган жойга етиб келдим. Унда бир ўн кунча турдим. Ғиждувон муюлишида ногаҳон бронепоезд вагони пайдо бўлди ва йўлни тўсиб қўйди. Шу пайтда бир неча нафар менинг атрофимдаги одамларим, чунончи, Усмон қушбеги, қозилар қозиси Бурхониддин, раис Абдуррауф карвонбоши, Юсуфбей Муқимбий қўлга тушиб қолдилар. Душман йўлини тўсиш ниятида мазкур вилоятда истеҳком қуриш тараддудини кўрдик. Бу иш учун аскар ва фуқароларни тўплаб Бойсун вилоятига қарашли Бандар деган жойдан Дарбанд деган жойгача душман олдини олиш учун истеҳком қилдик, ўша ердан уруш бошлашни уйлаб қўйдик. Кейин Бухоронинг шарқи бўлган Ҳисор вилоятига келиб турдим. Ҳисор вилоятида большевикларга қарши олти ой давомида кураш ва жанг олиб бордим.

Жанг бошида ҳарбий вазир тоғам Муҳаммад Саидбек парвоначи ва уруш қўмондони Абдулҳафиз Парвоначи, Иброҳимбек бий аскар бошлиқлари эдилар. Шу билан олти ой давомида кураш ва жанг юз бериб, охийри большевиклар жамоаси ўзлари пайдо қилган мазкур урушга мажбур бўлишиб, Москвадан анчагина аскар ва ҳарбий қуроллар йиғиб келдилар. Шу билан улар бирдан ислом лашкари устига ҳужум бошладилар. Ислом аскарларида ҳарбий анжом ва қуроллар кам бўлганлиги жиҳатидан ўн кун давомида урушиб, жанг қиладилар, сўнгра бу бандайи ожиз ёрдам ва мадад сўраш ҳаракатида хорижий давлатларга мурожаат қилдим. Сўнг Ҳисор вилоятидан Кулоб вилоятига ўтдим. Бу вилоятда Мулла Муҳаммад Иброҳимбек девонбеги ва Давлатмандбек девонбеги – булар Бухоро шарқидаги ўзбеклардан эди, ўзлари Бухоро давлатига садоқатли бўлиб, анчагина лаёқатли хизматлар, жонбозликлар кўрсатиб қўйишган эди, ҳамда бу бандайи ожизнинг кўнглидагини топган ҳам эди, уларни лашкарбошиликка тайин этдим. Улар иккаловини ҳузуримга чорлаб, сипориш бердим:
«Бу бандайи ожиз доруссалтана Қобулга бориб, мадад ва кўмак олиш тараддудига киришай. Агар бу ердан чиқишим сабабли бизга бирор кўмак ва ёрдам тегса, уни бажо келтириб келгунимча, сизлар ўз аскарларингизни душманга қарши қўйиб туринглар. Ҳозир душман ҳужуми кўпроқ бўлиб турибди, агар унга бас келиб турмасангиз, фақиру фуқаролар ташвиши ортади. То мен қайтиб келгунимча, фақиру фуқаролар осудаҳол кун кўриб туришса», дедим.
Мен амр-фармон чиқариб, уни муайян жойларга юбордим, Муҳаммад Иброҳимбек билан Давлатмандбекка менинг ўша рухсатларим билан иш юритишга, душман йўлини истеҳком қилиб туришга буюрдим. Мен ўзим бўлсам, Кўлоб вилоятининг усти билан Амударёдан ўтадиган жойдан 1339 йилнинг (1921) жумадус-сонийсининг йигирма иккисида, чаҳоршанба куни дарёдан кечиб ўтиб, Афғонистон тупроғига дохил бўлдим.
Афғонистоннинг чегарасида тартиб-интизом сақловчи маъмури ўз аскарларини тизиб, бизни кутиб олишга пешвоз чиқди, бизга салом бериб Абдуназарбеги деган жойга қарашли бир қишлоқда тайёрлаб қўйилган қўноқ жойга тушдим. Мен бу ерда истироҳат қилиб ўша ойнинг йигирма учида панжшанба куни ўша жойнинг рустоқи — марказига етдим. Юқорида зикр этганим Муҳаммад Аъламхон тахминан уч юз нафар аскарини саф тортириб, менинг истиқболим шарафига ўн бир бор тўп отиб, қарши олди. Шу тариқа мен рустоқнинг ичига кирдим. Икки кунни ўша ерда ўтказдим. Менинг бу ердалигим хабарини Қатафан ҳокимига билдиртирдим, кейин мазкур ойнинг шанба куни Қатафанга азм этдим. Ҳукумат ноибининг ўғли ўша вилоятнинг бир неча нафар мўътабар кишилари билан бирга менга пешвоз чиқдилар, ўша аснода улар бу бандайи ожиз билан учрашиб, менга ҳамроҳлик қилдилар. Шу билан дор-ул-ҳукуматга равона бўлдик. Мазкур ҳукумат раисининг ноиби - губернатори Муҳаммад Акбархон ва бош қўмондон Бинбинхонлар аскарий маросим билан бир фарсаҳ йўлга пешвоз чиқишди, йигирма бир бор салом тўпи отишиб мени музика билан кутиб олишди. Шундай қилиб, жумадус-сонийнинг йигирма тўққизида чаҳоршанба куни Қатафан дор-ул-ҳукуматига кириб бордик. У ердаги Ҳаёт-ул-обод деган шаҳона боғда дам оладиган бўлдик. Шу билан ўттиз беш кун ўша ерда ором олдим.
Бу орада афғон амири олиҳазрат Омонуллахон тарафидан Муҳаммад Асламхонни Миршикор сифатида бу бандайи ожиз хузурига юборди, У киши бир қанча вақт мен билан бирга бўлиб, кўп меҳмоннавозлик кўрсатди. Бинобарин, амир ҳазратлари менга тасалли бериш мақсадида ўз тарафидан менга хат йўллаб, мени у билан учрашишга ва юз берган бесаранжом аҳволни бартараф қилишимга Дор-ус-салтана бўлмиш Қобулга, ўз наздига таклиф қилди.

Бу бандайи ожиз Амударёдан Афғонистон тарафига кечиб ўтаётганимда, Бухоронинг энг мўътабар навкарларидан таҳминан уч юз нафари менга ҳамроҳ эдилар. Шу билан бирга ҳар бир ўша эслатиб ўтилган дарё гузаргохида тахминан бир лак нафар одамлар ўтиб, ҳузуримда тўпланишар эдилар. Бу жамоадан тахминан беш юз нафарини, шу жумладан энг кўзга кўринган Бухоро аҳолисдан ўзимга йўлдош қилиб олиб, қолганларини Афғонистонга қарашли турли-туман ерларга тайинладим. Ўзим бўлсам, ўша беш юз киши ҳамроҳлигида доруссалтана Кобул томон юзландим.
Шу билан бир неча кун йўл юриб, ниҳоят, 1339 ҳижрий йили саккизинчи рамазонда, чаҳоршанба куни Дор-ус-салтана бўлмиш Қобулга етиб келдим. Ниҳоят, бу бандайи ожизнинг ором олиши учун қароргоҳ қилиб тайёрланган шоҳлик боғи бўлмиш — Муродбеги қалъасига, бизга ажратилган ерга ўрнашдик.
Олий ҳазрат афғон амири тарафидан чамаси ўн нафар вазир ва амирлар мазкур боққа келишиб, бизни кутиб олишди. Сўнгра афғон амири бу бандайи ожизни қанча-қанча нафар мўътабар кишилари келиб, биз билан учрашдилар ва биз амир билан бир-биримизни кўриш шарафига муяссар бўлган бўлдик. Шу тариқа мен Афғонистон давлатида бир ой давомида меҳмондорчиликда бўлдим. Бир ой ўтгандан сўнг менинг сарф-харажатимга ҳар ойга ўн икки минг қобул рупиясидан ойлик тайин қилишди.
Бу бандайи ожиз ўз ишимни саришта қилишга интилдим. Бинобарин, Аллоҳнинг иродасига мувофиқ тараддудларим такдир насибасига эришмади, менга мадад ва ёрдам етиши назардан узоқ эди. Шу сабабдан тақдири илоҳийга розилик бериб, Дор-ус-салтана бўлмиш Қобулда туриб қолдим.
Ниҳоят, мен у ерда туриб колишни ихтиёр этдим, зоти шаҳона олий ҳазрат афғон амири Қобулнинг жануб қисмидаги Фату деган боғни менга инъом этиб, менинг сарф-харажатимга бериладигаи ўн икки минг рупияни ўн тўрт мингу беш юз рупия қилиб тайин этдилар.
Мен вақт-соати етиб Бухоро тупроғидан Афғонистонга ўтган кезларимда большевиклар жамоаси келиб, Муҳаммад Иброҳимбек Девонбегига қарши тавсиф этилган урушга киришиб, шу тариқа бир неча кунлар ўтди. Ниҳоят, қурол-яроғнинг озлиги, душман ҳужумининг кўплиги жиҳатидан мазкур лашкарбошининг аскарлари хар тарафга яшириниб, кўздан ғойиб бўлдилар. Душман бўлса бу холда тараддудланиб қолди. Улар ҳар тарафда бор бўлган фуқароларни тутиб олавердилар. Улар ортиқча зулму истибдодини ҳаддан ошириб юбордилар.
Мулла Иброҳимбек Девонбеги ўша тавсифланган лашкарбоши бўлганидан ўз аскарларини тўплаб, улар ҳол-аҳволини кўриб оҳиста-оҳиста ишга киришиб, қайси қишлоққа душман кириб жойлашган бўлса, уларни топиб, устига ҳужум уюштирилди, натижада анчагина ҳарбий қурол-яроғларни тўплади. У фуқаролар ва мазлумларга хабар бериб андак фурсат ичида бир ўн мннг нафар аскар тўплади, шу билан Кўлоб ва Балчувонга ҳужум қилиб, бу икки вилоятни душман қўлидан халос қилди ва сарф-харажатини топиб, Қобул доруссалтанасига бу бандайи ожизга ўз аҳволи ва кайфиятларини битиб, ўзининг бир неча аскарлари, сардорлари ҳамроҳлигида менга юборди. Мазкур шахслар менинг ҳузуримга етиб келиб, Мулла Иброҳимбек аҳволи ва кайфияти хабарини менга етказди. Бу аснода Иброҳимбек Девонбегининг ўзи Қаротегин ва Дорвоз вилоятлари устига ҳужум қилиб босиб борди ва бу икки вилоятни ҳам эгаллади. Ўзининг бу кайфиятларидан мени хабардор қилгани одам юборди. Иброҳимбекнинг бу ғайрат ва мардлигидан анча мамнун бўлдим. Ўз тарафимдан Иброҳимбекни айтганим юқори мансабга кўтардим. Муҳораба учун маълум буйруқлар чиқариб, муҳорабани давом этдиришга ижозат бердим.

Иброҳимбек бўлса ўша тавсиф қилинган етти йил давомида большевикларга қарши мусулмон халқи ва бу бандайи ожизни деб уруш қилди, жанг асносида қаҳрамонликлар кўрсатиб, унинг якунларидан ҳамиша мени хабардор этиб турди.
Шундай қилиб мулло Иброҳимбек ўша тавсиф этилгандек, мендан буйруқ олгандан сўнг ўз лашкарларннн қўлга киритиш учун уларнинг барчасини жамлаб, Ҳисор вилоятининг устки кисмига отланиб бориб, душман билан анчагина юзма-юз бўлди, у билан жанг қилди, ҳарбий қурол ва хазиналарини ўлжа қилиб олди, ҳаттоки Ҳисор вилояти аркини қуршаб олди. У доимо бу бандайи ожизга ўз аҳволидан хабар бериб турарди. У худди мужохидларча хизмат қилиб, ўз ишидан бизни огоҳлантириб турарди. Шунда бу бандайи ожиз ислом йўлидаги мужоҳидлар учун юқори мансаблар, даража ва шонларини кўтариш учун муҳрим ва имзом билан буйруқ юборардим. Ҳар гал ҳол сўраш учун ўз тарафимдан Қобул доруссалтанасидан бир — икки нафар одам юбориб холидан хабар олардим. Шундай қилардимки, менинг тарафимдан борганлар ҳол-аҳвол сўрашиб, қайтиб келишарди; Иброҳимбек ҳам ўз ишини ҳеч маҳал менинг ижозатимсиз қилмасди. Шу аснода Иброҳимбек Ҳисор вилоятини ўраб олган бўлади. Бухоройи шариф тарафидан турк Анвар пошшо йигирма етти нафар турклар билан Бухоронинг шарқ тарафидан Қўрғонтепа вилоятида мужоҳид аскарларига яқин келади. Шунда мазкур аскарлар Анвар пошшонинг бу келиши кайфиятини мулло Иброҳимбекка хабар беришибди. Шу билан бу лашкарбошимиз бу маънодаги гапни бу бандага хабар қилади. Аҳволга кўра қандай сиёсат юргизишни у менинг фикр-мулохазамга ташлайди. У кайфиятни, доно бир тадбир ишлатиш йўлини ва хусусан мусулмонлар халифаси бўлмиш Султон Рашодхон ҳақида ҳам ёзиб юборди. Мен бу хабардан огоҳ бўлиб, Иброҳимбекка фармон йўлладим. Унда Анвар пошшони душман билан курашда ўта соҳиби тадбиркор эканини, унга сиз олижаноблик кўрсатишингиз лозим. Ўз ёнингизга чорлаб сўранг, агар ислом миллатига хизмат қилишга истак билдирса, бизнинг зоти олийимиздан ваколатан улуғвор ва олижаноб хизматларини деб, дарёдан ўтказиб, бу тарафга равона қилиб юборинг (деб ёздим). Бу банданинг фармони юзасидан Мулло Муҳаммад Иброҳимбек мужоҳид аскарларни тўплабди, уни кутиб олиб, олийжаноблик кўрсатиб, Анвар пошшони ўз ҳузурига чорлабди. Нихоят, унинг шахсий мақсадини сўрагач, Анвар пошшо ислом халқи учун хизмат қилишни истагини билдирган, шу тариқа биз айтган Иброҳимбек ўша айтилган Ҳисор вилоятида ҳужум уюштириб, истагига эришди, мазкур вилоятдан анчагина хазина ва ҳарбий қурол-яроғларни қўлга киритди. Бу вилоятни ўзига марказ қилиб олади. Деҳнав вилоятининг юқори қисми бўлган Бойсун, Ҳузор, Шеробод, Қаршида харакат қилиб, ўз кайфияти ва аҳволи хақида бу бандайи ожизга маълумот бериб турди. Мен бўлсам ўз тарафимдан Иброҳимбекни сифатлаб бир қитъа ризонома ва бир Қурьони шариф ҳамда бир зардор расмий тўн марҳамат қилиб юбориб, ҳурматини бажо келтирдим, бошини кўкка кўтардим.
Бухоро шаҳри теварак-атрофи ва Бухоро туманлиги Иброҳимбекнинг кураши хақида хабардор бўлганидан Бухоро шаҳри атрофидаги фуқаролар, Ғиждувон, Пирмаст, Вобкент, Хўжа Ориф, Хутфар, Вағонза, Қоракўл туманликлари аҳолиси ва фуқаролари, тахминан, ўн беш минг нафар одам тўплаб, бу бандайи ожизга табиълик ва фидокорлик билдирган. Буни менга мулла Иброҳимбек бир хатга битиб, бу бандайи ожизга юборди. Муллаа Иброҳимбек уларнинг арзи ҳолларини айтиб, мендан сардорлик қилишимни илтимос қилган. Мен Абдулқаҳҳор деган менинг бир мўътабар ҳамсуҳбатимни бухоролик фидокор фуқароларга йўловчи сардор қилиб тайинлашга қарор қилдим.

Шунда мен ўз тарафимдан ўша жамоадан бўлмиш бир қанча одамларни саркор қилиб тайин этдим, ўз номимдан фармон битиб юбордим. Зеро мулла Абдулқаххор менинг рухсатномамни олиб,
Бухоро шарқига, ўша Мулло Иброҳимбек даргоҳига етишган, у билан учрашиб, у ердан Бухоро тарафига ўтиб, у ердаги Бухоронинг фидокор фуқаролари жамоасига етишиб, менинг номимдан мазкур жамоадан ҳол-аҳвол сўрашган, бундан сўнг улар тадориклар қилишиб, большевикларга қарши жанг бошлайдилар. Миллатга жонфидолик кўрсатиш бир мақсадга айланди, Худо хоҳласа, Бухоройи шарифнинг дин йўлидаги жанг ва фидокорликлари, жонбозликларини таҳрир ипига тизмоқчиман.
Энди Анвар пошшога келсак, у Бухоро шарқида Иброҳимбек ёнида бир йил давомида динга эътиқод ва садоқатла хизмат қилди, бу аснода Бухоро шарқидаги бир қанча вилоятлар қўлга киритилди, Бухорони душман қўлидан халос қилинди.
Иккинчидан, Мулла Иброҳимбек Бухороннинг шарқида яшайдиган фукаролар билан келишиб, бу бандайи ожизни сўраб олий ҳазрат Афғонистон амирига арзиҳол қилишди. Ўзлари тарафидан саккиз нафар вакил тузишиб, Қобулдаги доруссалтанага юборишди. Зикр қилинган вакиллар Қобулга кириб келишди, улар афғон амири хузурида бўлиб, унга мурожаат қилишди.
Афғон амири арзу ҳолни эшитди ва уни маъқул топди. Шунда Анвар пошшо бу борада фикр баён қилиб қолди: унингча, ҳозир душман истеҳком йўлининг асосий қисми Бухоронинг шарқидаги қўрғон деб билиш— бу тўғри эмас, зероки бизнинг рўпарамизда турган душман ер юзидаги буюк давлатлар қабул қилган халқаро қонунларни инкор қилади. Биз ҳамиша урушга боғланиб қолганмиз. Худо хоҳласа, қулай фурсат келиб, Бойсун вилоятини эгаллаб, ўз тасарруфимизга киритсак, чегара жойларимиздаги қалъаларимизни ўзимизга истеҳком қилган бўлардик. Шундан кейингина ўз подшоҳимизни келтиришимиз мумкин. Шу ислоҳ билан Бухоро шарқининг вакиллари ўз жойларига қайтмоқчи бўлдилар.
Олиҳазрат афғон амири вакилларнинг ҳар бирига анчагина шафқат меҳрибонлик кўрсатиб, хурсанд қилишиб, уларга қайтишга рухсат бердилар. Мазкур вакиллар ўз жойларига қайтиб кетдилар. Бу кайфиятдан сўнг, 1345 ҳижрий, зулҳижжанинг ўнинчисида Анвар пошшонинг шаҳид бўлгани маълум бўлиб қолди. У Балжувоннинг юқори қисмида бўлган жангга кириб, ийди қурбон куни шахид бўлиш даражасига етишди. Унинг жасади Чакан мавзеида Ҳазрати Султон деган ном билан машҳур бўлган зиёратгоҳ жойга дафн этилди. Шу куни Давлатмандбек ҳам шоҳид бўлган эди.
Шарқий Бухорода Давлатмандбек айғоқчилари душман томонга ўтиб, хабардор бўлишса, большевик жамоалари қанча вақт тайёргарлик олиб бориб, аскар тўпламоқчи бўлган, иккинчидан, 1925 милодий йили Бухоро шарқининг лашкарбошиси Иброҳимбек устига қўққисдан ҳужум бошлаган, шу билан йигирма беш кун давомида икки ўртада пайдар-пай урушу қирғинлик юз берди, кечаю кундуз жанг бўлиб, мисоли қонли Сайхундан кечиб ўтилди.
Бу уруш пайтида Мулла Иброҳимбек ўшал тавсифли ғалаба қозонди, бир қанча тўп ва пулемёт ва 1800 бенготар милтиқ, уч юз минг бешотар милтиқ ўқи, иккита темир қопланган мотор — броневик, икки дона аэроплан осмондан уриб тушириб қўлга олинди. Аэропланнинг ичида бир қанча маузер тўппончаси бўлиб, улар ҳам ўлжа қилинган. Буларнинг хаммасини муфассам қилиб битиб, бу бандайи ожизга маълум қилишди. Болъшевиклар ўз истакларига эришолмайди. Улар бироз нафас ростлайди.

Юқорида зикр этилган Иброҳимбек бўлса мамлакатни тартибга тушириш, ўз аскарларини тузиш иши билан банд бўлди. Бир қанча вақт ўтгач, 1345 хижрий йилининг бошларида Мулло Иброҳимбек Шарқий Бухоронинг мужохид аскарларига тартиб бериб, уларнқ тўплаб, Бойсун вилоятининг юқори қисмига бориш азмида эди.
Бу аснода большевиклар Даркаднинг юқорисидаги Амударё бўйларида ўз аскарларини жамлаб Афғонистон давлатига қарши қаратди; чегара масаласида бир-бири билан гаплашишди, бир-бирини эшитишди. Бу икки зикр этилганлар орасида ишлар андак таранглашди. Иброҳимбек бу хабарни эшитиб, Бойсун юқорисига бориш ниятидан қайтди. У ўзининг бир неча нафар саркардалари билан ярим аскарини Бойсун тарафига равона этиб, ўзи ўн беш минг аскар хамрохлигида афғон давлатига ёрдам бермоқ ниятида Афғонистон чегарасига яқин ерда, тоғ тагига келиб турди. Бу ерда у қирқ кун давомида кутди. Шундан сўнг Афғонистон билан большевиклар ўртасида муомалалар бир ёқли бўлди, ўзаро келишишди. Иброҳимбек бу хабарни эшитиб, ўз жойига қайтиш ниятига тушди. Большевиклар унинг бу аҳволидан хабар топишиб, йигирма беш минг нафар большевик аскари бир неча томондан Иброҳимбек аскарлари устига хужум қилишга тушди. Шунда беш кечаю кундуз давомида жанг бўлди, икки тарафдан кўп одам ўлимга дучор бўлди. Душман ҳужуми ортаверганидан мужохидлар аскарлари ҳар томонга тарқалиб кетиб, Иброҳимбекнинг уч юз нафар навкари большевиклар орасида бўлган жангда ўзи қолиб, аҳволи танг бўлди, ниҳоят, Иброҳимбек ўз оти жиловини Амударё сувига бурди, дарёдан у Афғонистон тарафига ўтди. Сўнг у бу бандайи ожизга ўз аҳволи, кайфияти, кураши ва ўша маълум дарёга бурилгани, ташлангани хақида мени хабардор қилди.
Афғонистон давлати Иброҳимбекка одам юбориб, унинг хабарини эшитиш учун доруссалтана Қобулга чорлади, уч кун давомида унга меҳмондорчилик кўрсатди. Амир унинг учун маош, жой ажратди, аммо Иброҳимбек маош ва турар жой олишни истамади. Афғонистон давлатидан илтимос қилди. «Мен Бухоро пошшоҳининг фидойи хизматкорларидан бириман. Истардимки, ўз валинеъматим қошига борсам ва қолган умримни у киши остонасида ўтказсам».
Шу сабабдан Иброҳимбекни мен билан учрашдириш учун қошимга равона этдирибдилар. У мен билан бирга яшади. Унинг кунлик харажати учун Афғонистон давлати тарафидан хар ойига беш юз эллик қобилий рупияси тайин этилди.


МУЛЛО АБДУҚАҲҲОРНИНГ БУХОРО АТРОФИДА ТЎРТ ЙИЛ МОБАЙНИДА УРУШИ

Мулло Абдулқаҳҳор доруссалтана Қобулдан бу банданинг рухсати билан Бухоро ва унинг туманлари атрофида фидокор мужоҳидларга раҳбарлик қилиб, аскарлар орасида тартиб-интизом ўрнатгач, у Ғиждувон туманини озод қилиш ниятида душман устига бостириб борди, шу билан, Ғиждувон туманини душман қўлидан қутқарди ва уни ўз тасарруфига киргазди. Шу билан у ердан анчагина дин ва бу банда тарафдорлари фидойи кишилар унга ҳамроҳ бўлдилар. Шу жумладан Бухоро атрофидан тахминан олти минг нафар, Вобкент туманлиги тарафидан икки минг нафар, Вағанза туманидан икки минг нафар, Шофриком туманидан икки минг нафар, Пирмаст туманидан икки минг нафар, Хутфар ва Лақлақа туманидан икки минг беш юз нафар, Баҳоуддиндан икки минг нафар аскар йиғилди. Шундай қилиб, барча жойдан йиғилганларни жамласак, йигирма беш минг нафардан ортиқроқ жамоа йиғилибди. Ҳар бир фирқа ичидан бир ёки иккитадан ўз-ўзларига саркарда тайинладим. Натижада Ғиждувон туманидан душманга қарши уруш бошланиб, икки ўртада қаттиқ жанг бўлди, бир ой ичида большевиклар қўлидан икки минг бешотар милтиқ, юз минг бешотар ўқ, ўнта пулемёт ва учта темир қопланган броневик ўлжа олинди. Шу билан бир неча туманларни эгаллаб, Нурота вилоятининг юқори қисмига бориб, у ерда бир қанча нафар улуғ одамлар истиқболига чиқишиб, мужоҳид аскарларнинг аҳвол ва кайфиятларини англашиб, кейин аскарларни олиб Нурота вилоятига кириб боришди. Шаҳар большевикларини ушлаб банди қилиб олди. Бундан у ердаги фуқаролар анча хурсандчилигини изҳор қилишиб, хутбани бу бандайи ожиз номига ўқишган.
Мулло Абдулкаҳҳор большевиклардан анчагина ҳарбий асбоб-ускуналардан ўлжа олиб, Нурота вилоятини ўзига марказ қилиб олди. У ўз ишларини саранжом қилганини кўриб, у ердан Бухоронинг юқори томонига юриш қилди; Сарипул, Меҳтар Қосим кўприги бошигача борилган аснода Бухоро жадидларининг Абдулдаҳамид афанди деган ҳарбий вазири олтмиш нафар бухоролик, турк, ҳинди одамлари ҳамроҳлигида ўз олдиларига анчагина қурол-яроғ қўйиб Мулла Абдулқаҳхорни кутиб олишди. Абдулҳамид афанди шунда мулло Абдулқаҳҳорга олти минг инглиз фунти, иккита пулемёт ҳадя қилди.
Абдулҳамид афанди мулло Абдулқаҳҳордан Бухоронинг шарқий томонига бориб, Анвар пошшо ва Иброҳимбек Девонбеги ёнига бориш учун рухсат олди. У ерга келиб, ундан узр сўраб, унинг хизматига бойаниб қолди. Буни Анвар пошшо хабар қилди.
Большевиклар жамоати мулло Абдулқаҳҳорни Меҳтар Косимдаги кўприкка етишганда хабар топиб, тўпланган аскарлари билан урушга киришиб, жанг бошлади, икки кечаю кундуз жанг қилди.

Мулла Абдулқаҳҳор большевиклар устидан зафар қозонди, яна Бухоро шаҳри теварагини ўраб олди, натижада, шахарнинг олти дарвозасини эгаллади. Шу билан у большевикларни сиқиб чиқариб, Бухорони бўшатди. У темир йўл тўхтами — Когонга юриш қилиб, шаҳар ичкарисига киради, тўрт соатдан кўпроқ бу ерда туриб, кейин шаҳар ичкарисидан чиқиб Баҳоуддинга борди, у ерда ўн соат жанг қилиб, у ерни хам большевиклар қўлидан халос қилди. Абдулқаҳҳор Бухоро ва Баҳоуддиндан қўлга анчагина ўлжа киритди. У ўз аҳволи кайфиятларини ёзиб менга билдирди, шу билан мен уларнинг барча аҳволларидан хабардор бўлдим. Абдулқаҳҳорнинг бу хизматларидан эса кўп мамнун бўлдим. Шу билан унга бир аскарий зарли тўн ва маузер тўппонча хадя юбордим.
Бу кунларда большевиклар безовталаниб, саросимага тушишди, аскар тўплашга уриниб, Масков ва Тошканд тарафидан анчагина аскар йиғди. Шу билан ҳар тарафдан бирданига ўўа зикр қилганим мулло Абдулқаҳҳорга ҳужум қилишди, Бухоро ва Бахоуддинни мужоҳидлар қўлидан олиб, большевиклар минг нафарга яқин мужоҳидларни асир қилиб қўлга киритишди. Ҳатто большевиклар мулло Абдулқаҳҳорни қўлга олиш йўлида анчагина уриндилар; кечаю кундуз жангни давом этдириб, душман хужуми кундан-кунга орта борди. Большевиклар мужоҳид аскарлар ўртасида кўплаб давлатлар сарф этди, уларни инқилоб қилишга ундади. Йигирма беш кун ичида мулло Абдулқаҳҳорнинг икки биродарини шаҳид этдилар. Фақиру фуқароларни изтироб-ташвишга солишди, кўп харобаликларни юзага келтиришди. Шу сабабдан мулло Абдулқаҳҳор ўз фуқароларининг тинчлигини кўзлаб, от жиловини чўлга, Қозоғистон ерлари томонга бурди. У ерларда яширинди, бу йўл билан у фуқаролар устига тушадиган нотинчлик ташвишларини енгиллаштирмоқчи бўлган эди.
Большевuклар туманлар  устига аскарларни кўпайтирдилар. Улар тағин ҳукумат - Олимхон аскарлари тарафдорлари кўтарилиб, бирор бир харакат қилиб қолишмасинлар, дейишди.
Бу банда шаҳзодалик пайтимдан тортиб то Бухоройи шарифда салтанат тутганимга қадар, шу билан бирга вилоятларга тааллуқли гапларни ёздим. Большевикларга қарши, бинобарин, инқилоб замонида хам курашдим. Бундан сўнг кўчишни ихтиёр қилиб, Дорус-салтана Қобулга ўтдим. Бухоро ахолиси ва унга тааллуқли вилоятлар менинг тарафдорим бўлиб, большевикларга қарши етти йил давомида курашдилар; ёдгорлик тариқасида шу воқеаларни кўриб турганлар учун бу борадаги тарихимни таҳрир ипига тиздим, токи улар бошимдан ўтганлардан хабардор бўлсинлар.

Ўқигандан дуо таъмадорман,
Чунки мен бандайи гуноҳкорман.
(Ҳар ким хонад дуо тама дорам,
Зи онки ман бандайи гунохкорам).


ИККИНЧИ ФАСЛ

Бухоро амири Олий ҳазрат Саййид Амир Олимхон юқорида баён қилинган эсдаликлари 1927 йили сентябрида ўзининг мутлақ вакили бўлмиш генерал Ҳожи Юсуф бий Муқимбий тавассути билан Миллатлар Иттифоқига тақдим қилинган эди.

БУХОРОНИНГ ТАБИИЙ ЖУҒРОФИЯСИ

Бухоро мамлакати Амударёнииг шарқий соҳилларидан, яъни Русия Помиридан то Хеванинг кенг даштларигача чўзилиб боради. Русия билан Бухоро ўртасида бўлган урушдан олдин 1868 йили ва большевиклар ҳукумати тасарруфида (1920) бўлган чоғда Бухоро шимол тарафдан Қизилқум сахроси билан чегарадош. Ғарб тарафдан Сирдарё билан ҳамда Ҳўқанд хонлиги билан, жанубдан эса Афғонистон, Шарқдан туркман ўлкаси ҳам Хева дашти билан чегарадош.
Бухоро аҳолиси уч ярим миллион нафардан иборат. Унинг майдони 225 000 км2 келади, яъни тахминан Италия майдони билан тенг. Унинг аҳолисинннг асосий қисми ўзбек, туркман, қирғиз, қозоқ, тожик, яхудий ва араблардан иборат. Бухоронинг ғарбий қисми, хусусан, Амударё соҳилларидан ташқари жойлари экин экишга ва деҳқончилик қилишга қобил эмас. Аксинча дарёга яқин жойлар анча серҳосил ерлардир. Қашқадарё, Сурхондарё, Зарафшон, Кофирнаҳанг ва Ғийшлар теварагида деҳқончилик қилишади.
Қадимий маданий ёдгорликлар мавжуд шаҳарлар, чунончи, Қарши, Китоб (Кифти об), Шаҳрисабз, Ғузор, Бухоро, Зиёуддин, Кармана, Чаҳоржўй, Карки, Бойсун, Қоратоғ, Кўлоб, Болжувон, Шеробод, Ҳисор, Душанба, Файзобод ва бошқалари ҳануз машҳур ва маълумдир.
Бухоронинг шарқий қисмини улуғ тоғлар ўраб турадики, улар дунёнинг энг баланд тоғларидир Хисор тоғларини ўраб олган қанчадан қанча чўққилари борки, ундайлар жуда оз бўлиб, уларнинг баландлиги беш минг беш юз метрга етади. Бир-бирига занжир бўлиб уланган ерлари то олти минг бир юз метрга етади. Жумладан, Дарвоз тоғлари то Помир даштигача чўзилади. Бухорода, яъни Марказий Осиё мамлакатларининг энг қадимгиларидан бири бўлиб, бунда навбатма-навбат шаҳзодалар салтанат қурганлар. Бухоро пойтахти милодий тарихдан неча аср аввал бино бўлган. Унинг халқи турклар тасарруфидан аввал ориёний ирқидан эдилар. Ҳижрийнинг еттинчи ва саккизинчи асрларидан, яъни араблар хукмронлиги даврида Бухоро шаҳзодаларида Бухоро хонлари салтанат сурар эди, Бу шаҳар машҳур сомонийлар сулоласининг марказига айланган эди. Сомонийлар сулоласининт асосчиси Исмоил Сомоний (892-908) вақтида Бухорони Самарқанддан афзал кўрганидан, унинг аҳамияти кундан-кунга орта борди. Унинчи аср, яъни сомонийлар салтанати даврида Бухоро улуғвор ва буюкликка эришди. Санъат, савдо-сотиқ ва турли-туман фанлар ривожланди. Сомоний подшоҳларининг сўнггиси вафотидан кейин (1005) Бухоро икки марта турк ва салжуқлар сулоласинингг қўлига тушди. Ундан сўнг Чингиз ва Темурланг, кейин шайбонийлар ва Аштархонийлар сулоласи, ўзбек манғитлар тоифаси Бухорода ҳукм сурдилар. Манғит тоифаси 1783 йилдан то 1920 йилгача Бухорода салтанат қилдилагр. Ниҳоят большевиклар хукуматининг жабр ва сиқуви билан Амир Олимхон Бухородан кўчишга мажбур бўлди.

БУХОРОНИНГ СИЁСИЙ ВА ИДОРИЙ ТАШКИЛОТЛАРИ

Гарчи Бухоро мамлакати Русия давлати химоясида бўлган бўлса-да, лекин у ўзининг қадимги мустақиллигини сақлаб қолган эди.
Бухоро амирлари ҳукм юритишларида шариат усул ва одатларига риоя қилар эдилар.
Бухоронинг ислом уламолари амирни пайғамбар халифаси ўринбосари, усул ва шариат ҳимоячиси деб биларди.
Амирнинг тирикчилиги бутунлай шариатга мос бўларди, уни бузиши мумкин эмас эди.
Бухоро хонлари бутунлай манғитларнинг ўзбек тоифасидан бўлган.  
Бухоро подшоҳларининг мўғил одатларига кўра, тўшакча устига табаррукона ўтқазилиб, саййидлар, хўжалар ва муллолар уни ердан кўтарардилар.
Бухоро мамлакати йигирма саккиз бекликка бўлинган эди. Шу қарорга мувофиқ Нурота, Қоракўл, Қабоқли, Чахоржўй, Карки, Бурдолик, Калиф, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб, Ғузор, Қаротегин, Бойсун, Ҳисор, Дехнав, Қўрғон (тепа), Болжувон, Кўлоб, Қабодиён, Дарвоз, Рувшон бекликлари ва мирликларига бўлиниб, бу вазифалар қадим-қадим айёмлардан буён ирсий, яъни мерос бўлиб қоларди. Бироқ Амир Саййид Олимхон замонига келиб сайлаш усулига ўтилди.
Бухороннинг сиёсий ва идорий ишлари эса Қушбеги деб аталган бир киши раислиги қўл остида идора қилинарди.
Мамлакатнинг молиявий ишлари девонбеги қўл ости ва назорати остида амалга оширилар эди.
Диний масалалар, қозилик ишлари, умумий таълимот масалалари билан шуғулланиш қозиюл-қуззот — қозилар қозисининг бурчига кирарди.
Аскарий ишлар эса тўпчибоши рахбарлигида ўтар эди. Унинг вазифа даражалари ушбулар қароридан келиб чиқади: Қушбеги, девонбеги, парвоначи, инок, додҳобий, тўқсоба. Учинчи Искандар (Искандар солис) нишони энг муҳим нишонлардан бири эди. Бухоро амири у билан мансабдор кишиларни ва ҳарбий офицерларни мукофотларди. Қуввайи қазоия-мамлакат тақдирини ҳал қилиш масаласи — амирнинг ўз қўлида эди. Бу Қуръон хукмлари ва ислом шариати қонунлари асосида юритилади.
1868 йилда Бухоро билан Русия ўртасидаги тузилган қарорга биноан Русия фуқаролари Бухоро амирлигига солиқ тўлашдан озод эди, лекин улар Бухоро бозорларида ўзларининг тижорий молларини сотганларида сотилганнинг юздан икки ярим фоизинн Бухоро ҳукуматига беришлари шарт эди.

Бухороннинг табиий бойликлари: тилло, кумуш, қўрғошин, мис, темирлар Бухорода кўп миқдорда топилади. Хусусан Шарқий қисмларда маъданлар борки, улар то шу маҳалгача ишлаб чиқилмаган. Табиий бойликлар ичида нефт, кўмир, гугурт, нашатирлар бор. Савдо-сотиқ ишида тери, юнг, шойи гиламлар — мамлакатнинг ташқарига чиқарадиган асосий молларини ташкил этади.
Бухоро мевалари дунёга машҳурдир. Бухоро отлари, хусусан, қорабайир нави 1914 йилги урушда аҳамият қозониб, яхшилигини исботлади.
Бухоро амири қанчадан-қанча минг бош отни Русия давлатига берди. Ҳар хил фаслларда тоғу чаманзорлар ранг-баранг бўлганидан қўй, эчки, от ва туя сурувлари ўз ўтлоқларида мириқиб ўтлаб юришади.
Бухоронинг асосий савдоси Русия, Эрон, Афғонистон мамлакатлари билан бўлади.
Большевиклар инқилобилан олдин Бухоро савдоси фақат Русиянинг ўзи билан икки юз эллик миллион франкка етар эди. Лекин бахтга қарши юкларни элтиш воситаларининг бўлмаслигидан савдо ишининг ривожланишига катта тўсқинлик пайдо бўлди.
Ваҳоланки, қанчадан-қанча темир йўл воситалари мамлакатнинг бошидан оёғигача чўзилган эди.

Большевикларнинг Бухорога хамласи:  1917 йил февраль инқилобидан сўнг большевиклар ўзларининг ёмон ниятда бўлган илк қадамдарини тарғибот ва ташвиқот йўллари билан бошлаб юбордилар. Ичкаридаги мажаропараст унсурлар билан ҳангома талаб унсурлар бир-бирлари билан тил бириктириб большевиклар билан ҳамкорлик қилишди. Улар хукумат учун кўп қийпнчиликлар туғдирди.
1918 йилнинг ўнинчи мартида большевиклар Буҳорога ҳамла қилиб, Зиёуддинни эгаллаб олдилар. Шунданки, Бухоро аҳолиси ҳақиқатни букиб юборадиган тарзда бўлаётган большевикларнпнг бу оёқ олишларини мушохада қилишарди.
Афғонистон чегарасида бўлган барча рус аскарларини ўлдирдилар, оз-оздан, бўлсаям инқилоб олови бошдан-оёқ мамлакат бўйлаб алангалана бошлади, натижада большевикларнинг қўмондони Колесов мажбур бўлиб, 1918 йил йигирма бешинчи мартда амир билан сулҳ тузишга қарор қилди.
Лекин бахтга қарши большевиклар ўзларининг пасткашлик ишларидан қўл тортмадилар, 1920 йил бешинчи сентябрда Вухоройи шариф большевик аскарлари қўлига тушди.
Ота-боболари 1783 йилдан бошлаб салтанат сурган Амир Саййид Олимхон Бухорода ҳукм суратуриб бир оз киши билан Афғонистонга қочиб кетди; қизил аскарлар бўлса одамларни беҳонумон қилди. Зулм қўлини узун қилиб, мамлакатни бошдан-оёқ ғорат қилиб таладилар, бунинг натижасида, ниҳоят, эллик минг нафарга яқин одамлар бехонумон бўлдилар. Шундайки, 1921 йили большевиклар етказган зулм ва бедодликлар авжига миниб, ахолининг барчаси бира тўласига кўтарилди, мамлакатда қаттиқ бир инқилоб юзага келди.
Иброҳимбек кўп шерюрак аскарлар тўплади, қизил аскарлар билан қонли жанглар қилди ва ниҳоят, охир-оқибатда большевиклар билан етти йил курашгандан сўнг Бухорода бир қур муваққат хукумат ташкил хам қила олди.
Бугунга келиб, большевиклар шундай саъй-ҳаракат қиляптиларки, халқнинг миллий ифтихорларини одатлардан, ҳатто ахлоқ, одоб, дин ва мазхабдан, оила ва жамиятдан чиқариб ташлашга, уларни йўққа чиқаришга уриняптилар. Аҳолининг юқори табақасидан тортиб то қуйисигача бўлган хамма тоифаси Амир Саййид Олимхонни севардилар, унинг юртга қайтишини орзу қилардилар. Қизил хукумат аввал бўлган барча ташкилот-тузумларга бархам берди. Мамлакатни бир қанча совет жумҳурмятларига, чунончи, Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақолпоғистон кабиларга бўлиб юбордилар. Бухоройи шариф шаҳри, яъни Марказий Осиёнинг Маккаси бўлган шаҳарни Совет Ўзбекистоннинг бир вилояти этиб қўйишди. Амир хонадони эса 1922 йилда ўз юртидан узоқлаштирилди, унинг уч нафар ўғиллари Москвага юборилди.
Бирлашган Миллатлар таъсисидан асли мақсад заиф миллат ва зулм кўрганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш экан, Бухоро Амири кувонч билан орзу қиладики, юқорида зикр этилган анжуман бу афсуснок вазиятга ўз лутф-таважжуҳини қаратиб, мамлакатни ва бу ерда яшаётган фуқароларнинг хотиржамлигини таъминлаб, Осиёнинг бу минтақасида тинчликни барқарор қилади, деб ишонади.


УЧИНЧИ ФАСЛ

БУХОРО АМИРЛАРИНИНГ ТИРИКЧИЛИК ТАРИХИ

Саййид Амир Музаффархон ўғли Саййид Амир Абдулаҳадхон 1859 йили Бухорода туғилди. У киши йигитликнинг дастлабки кезларида мамлакатда ислоҳот ўтказишга ўта майл пайдо қилган эди. 1883 йили учинчи Александрнинг тахтга ўтириши тантанасида иштирок этиш учун Москвага боради.
Янгиликларга қадам қўйиш, темир йўл, телеграф ва бошқа нарсаларни қуриш хусусида тажриба орттириш каби ишлар у кишини хос кишилар ва омма ўртасида шухратини яна ҳам ошириб юборган эди. Шундай қилиб, Русия билан дўстлик ипларини мустахкамлаш учун ҳукуматдан бир нарсани — Бухорода Русиянпнг бир сиёсий шўъбоси таъсис этилишини истаб қолишди. Ниҳоят йигирма олти йил пурифтихор салтанат суриб, 1911 йилнинг феврал ойида эллик уч ёшида Амир Саййид Музаффархон бу фоний дунё билан видолашди.
Амир Саййид Олимхон: ҳижрий йилининг 1298-си мухаррам ойи ўн бешида, милодий йил айланишига кўра, 1881 йилда Карминада туғилди. Сўнгра бошланғич таҳсилни тамом қилгач, ўн уч ёшлигида ҳарбий фанлардан таълим олиш мақсадида падари бузруквори буйруғи билан Москвага боради. Ўн етти ёшга тўлган чоғидан то отаси вафот этиб, салтанат тахтига ўтирганга қадар Қарши вилоятида ҳукм юритди.
Амир Саййид Олимхон салтанатга ўтирган чоғидан тўққиз йил фуқаропарвар, адолатпарвар ҳукм юритиб, большевикларнинг қонли ҳамла ва хужумидан сўнг, ахийри 1921 йил апрель ойида Афғонистонга кўчишга мажбур бўлди.

Генерал Ҳожи Юсуф Муқимбой эсдаликлари:  сўзни тугатишдан олдин шуларни айтишни лозим кўраманки, олийхазрат Бухоро амирининг Женевада бўлган шикоятидан сўнг унинг номини хурмат-эхтиром ва самимият билан эсладилар. Франция, Италия, Германия, Англия ва Эрон вакиллари бу фавқулодда кишига нисбатан ҳурмат-эҳтиромда бўлдилар. Бу сафарим натижаларини Амир олийхазратлари хузурига келиб изхор қилдим.
Олийхазрат Амир ўз навбатида Миллатлар Иттифоқи ҳайъатида инсон қадри ва ҳуқуқининг қадрига етишидан иккинчи марта мени Оврупога равона бўлишга буюрдилар. У киши баъзи буюк давлатлар бошлиқлари номига мен орқали мактуб йўлладилар. Шу билан мен ўз вазифамни меъёрига етказиб бажариш бахтига муяссар бўлдим.
Шундай қилиб мен олам мусулмонларига қуйидагиларни маълум қилмоқчиман: улар бахти кетган бу халқ ва унинг подшоҳининг бу борадаги кечмишларидан огох бўлсалар.
Бу эсдаликларни ўқиган ўқувчилардан яна шу нарсаларни орзу этаман: Шояд улар бизнинг бу муқаддас бурчимизни бажо келтиришимизга бизга кўмак беришса ва Русия большевикларпнинг бизга нисбатан қилаетган барча тухмат ва бўхтонларини хақиқатдан холи эканлигини билиб олишса.

ТАРЖИМОНДАН

Ўзбекистон ССЖ Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инсититутининг катта илмий ходими, дўстимиз ва ишдошимиз Шоҳниёз Мусо ўғиллари бир печа йил Афғонистон диёрида бўлиб ватанга қайтганлар. У киши муносабат топиб оиласи ва дўстлари билан бирга 1973 йил июль ойида Амир Олимхоннинг қабрларини зиёрат қилганлар. Ҳикоя қилишларича, амирнинг мақбараси Қобул шаҳри теварагидаги «Шаҳидони ислом» («Ислом шаҳидлари») қабристонида бўлиб, қабр тошига ушбу сўзлар битилган экан:
«Бу қабр соҳиби алам-ситамга тўла амир бўлмиш ва салтанат сурмиш зоти олийнинг бир кафт тупроғидан хотира бўлиб, бу киши Бухоройи шарифдаги манғитлар сулоласининг еттинчи ва охирги саодатпаноҳ подшоҳларидан эдилар. Яъни бу жаноб Аллоҳнинг мағфиратига сазовор бўлган Амир Саййид Олимхон ибн марҳум Амир Саййид Абдулаҳадхон ибн Амир Музаффархон ибн Амир Саййид Насруллахон ибн Амир Ҳайдархон ибн Амир Шоҳмурод - бу киши маъсум Ғозий лақаби билан ҳам машҳур — ибн Амир Дониёлхондурлар. Бул марҳумнинг Бухоройи шарифда амирлик салтанатининг ўнинчи йилида рус кофирлари томонидан Бухоройи шариф босқинчилик билан истило қилингач, фисабилиллоҳ муҳожир сифатида қўшни юрт бўлган Афғонистонда панох топган эдилар. Орадан йигирма уч йил ўтгач, 64 йил умр кўриб, бу ислом мамлакати ерида 1323 шамсий йили саврнинг бешинчи шанбаси куни ва ҳижрий қамарийга мувофиқ 1363 йили жумодил аввал ойининг бешинчисида (1944 йил 28 апрель куни) бу фоний дунёдан кўз юмдилар.
Йигирма уч йилдан бери ул зоти олий мана шу тупроқда ётибдурлар».

Ҳаёти ва фаолияти йиллари

1881 — Бухорода манғит ўзбеклари сулоласидан бўлмиш Амир Олимхон Карминада туғилди.
1893 — 1896 йиллар Амир Олимхон Петербургда ўқийди.
1896 — Амир Олимхон Петербургдан Бухорога қайтади.
1898 — Амир Олимхон Насаф вилоятига хукмрон этиб тайинланади.
1910 — Амир Олимхон Кармина волийси.
1911 — Амир Олимхон Бухоро мамлакати тахтига ўтиради.
1921 — йили Амир Олимхон Афғонистонга кўчади.
1944 — йили Амир Олимхон Қобилда вафот этади.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин