Саналар
30.12.2024
Баннер
Бобурнома (4)
PDF Босма E-mail

ТЎҚҚИЗ ЮЗ ИККИНЧИ (1496-1497) ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ

Ушбу қишда Бойсунқур мирзонинг иши анча ривож топган эди. Султон Али мирзо томонидан Абдулкарим ашрит Кўфин ва унинг яқинидаги мавзеларга келган эди. Самарқанддан Маҳдий Султон Бойсунқур мирзо лашкарининг ҳужумчи қисмини бошлаб келиб, буларнинг   устига ташланди. Абдулкарим ашрит билан Маҳдий Султоннинг ўзлари юзма-юз бўлдилар. Абдулкаримнинг отига Маҳдий   Султон черкасий қилич солиб йиқитди. Ўзи тураётган ҳолатида Маҳдий Султон қўлининг тирсагидан чопди. Уни қўлга тушириб, ўша ҳужумчи лашкарни яхши босдилар. Бу султонлар Самарқанд ишини ва мирзоларнинг салтанатини кучсиз билиб, айрилиб, баҳорда Шайбонийхон қошига кетдилар.
Шунча воқеалардан сўнг самарқандликлар тўпланиб, Султон Али мирзонинг қаршисига лашкар тортиб чиқдилар. Бойсунқур мирзо Сарипулга келди. Султон Али мирзо Хожайи Кордзанга келди. Ушбу фурсатда Хожа Мунир Ўшийнинг қутқуси билан Хожа Абулмакорим ва Андижон бекларидан Вайс Лоғарий, Муҳаммад Боқир ва яна Қосим дўлдой ҳамда Бойсунқур мирзонинг бир гуруҳ яқин кишилари Бухоро устига юрдилар. Яқин етганларида Бухородагилар хабардор бўлдилар, буларнинг ишлари юришмай, ортга қайтдилар.
Султон Али мирзо билан кўришга-нимизда, ёзда улар Бухородан, мен Андижондан келиб, Самарқандни қамал қиламиз, деб келишилган эди. Ўша ваъдалашувга кўра, рамазон ойида Андижондан отланиб, Ёряйлоқ мавзесига етганда, мирзоларнинг юзма-юз ўтирганлари хабарини эшитиб, Тўлун Хожа мўғулни икки-уч юз жангари йигитлар билан ҳужумчи қисм қилиб айирдик. Яқин етганимизда Бойсунқур мирзо бизнинг бораётганимиздан хабар топиб, сафи бузилган йўсинда орқасига қайтади. Бу йигитлар ўша кеча уларнинг йўлини кўндалангига кесиб чиқиб, кўп кишини отиб, анча ўлжа келтирдилар.
Биз бир-икки кундан сўнг Шероз қўрғонига етдик.
Шероз Қосим дўлдойда эди. Қўрғонбеги Шерозни сақлай олмай, қўрғонни топширди. Шероз қўрғони Иброҳим сору ихтиёрига берилди. Тонгда фитр ҳайити намозини ўша ерда ўқиб, Самарқанд сари йўлга чиқиб, Обёр истироҳатгоҳига тушдик. Ўша куни Қосим дўлдой, Вайс Лоғарий, Ҳасан набира, Султон Муҳаммад Сайфал, Султон Муҳаммад Вайс уч-тўрт юз киши билан келиб, мулозамат қилдилар. Бойсунқур мирзо кўчиб, орқага қайтгач, биз айрилиб подшоҳ қуллуғига келдик, дейишди улар. Охири маълум бўлдики, булар баҳслашиб Бойсун-қур мирзодан айрилиб, Шерозни мудофаа қилгани келган эканлар. Шероз иши бундай бўлгач, ноилож қолиб келишибди.
Қорабулоққа тушганимизда баъзи ерли кишиларга бебошлик қилган (талаган) мўғулларни тутиб келтирдилар. Қосимбек сиёсат учун икки-учтасини парча-парча қилдирди. Тўрт-беш йилдан сўнг ҳарбий саргардонликларда Масчодан хон қошига — Тошкентга йўл олганимизда Қосимбек шу сабабли биздан айрилиб, Ҳисорга кетди. Қорабулоқдан ўтиб, сув кечиб, Ём тўғрисида тушдик. Ушбу кун баъзи хос беклар Хиёбон бошида Бойсунқур мирзонинг одамлари билан тўқнашдилар. Султон Аҳмад Танбалнинг бўғзига найза санчиб йиқитдилар, лекин қўлга тушмади. Хожа Калоннинг катта акаси Хожаго Мулло Садрнинг йўғон томири-га ўқ тегди. Ўша заҳоти Тангри раҳматига борди. Жуда яхши йигит эди. Отам ҳам қадрлаб, муҳрдор қилиб эди. Толиби илмлиги бор эди, тилни хийла билар эди, мактуб ёзиши ҳам яхши эди. Қушчиликни ва дуо билан ёмғир ёғдиришни ҳам биларди.
Ём атрофларида эканимизда шаҳардан кўп бозорчилар ва ҳар хил одамлар чиқиб, ўрдамиз бозорга айланиб, савдо-
сотиқ қилар эдилар. Бир куни кечқурун бирдан халойиқ ғавғо кўтариб, мусулмонлар молини батамом талон-торож қилдилар. Лашкар забти шу даражада эдики, элнинг таланган нарсаларининг ҳаммасини сақламай қайтариб берсин-лар, деган фармон бўлди. Эртаси эрталаб икки-уч соат ичида бир қатим ип ва игна синиғигача бирор нарса лашкар қўлида қолмади, ҳаммасини эгаларига қайтариб бердилар.
У ердан кўчиб Самарқанднинг шарқ тарафидаги Хон юртига тушилди. Бу жой Самарқанддан уч курўҳ масофада. Қирқ-эллик кун бу юртда ўтирилди. Бу юртдалигимизда бир неча маротаба ташқаридан ва ичкаридан юракли йигитлар Хиёбонда яхши қилич чопишди. Бир марта Хиёбонда Иброҳим бекчик қиличбозлик қилганда юзини чопдилар. Шундан сўнг уни Иброҳим чопуқ дер эдилар. Яна бир сафар Хиёбонда Пули Мағокда (Ғор кўприги) Абулқосим кўҳбур бировни гурзи билан урди. Яна бир марта Хиёбонда Тарнов мавзесида жанг бўлди. Мирзошоҳ қавчин гурзи билан бировни қулатди. Мирзошоҳ қавчинни эса шундай чопдиларки, бўйнининг ярмигача кесилганди, катта томиригина кесилмаганди.
Хон юртида эканимизда қўрғондагилар фириб билан киши юбориб, кечаси Ғори Ошиқон тарафига келинг, қўрғонни берамиз, дедилар. Бу хаёл билан кечаси отланиб, Пули Мағокка бордим. Бир гуруҳ сара йигитлар ва пиёдалар ваъдалашган ерга юборилди. Ичкаридан бизнинг пиёдалардан ғафлатда қолдириб тўрт-бештасини ўлдирдиларки, хабардор бўлдик. Хийла жасур пиёдалар эдилар. Бирисининг оти Ҳожи эди. Менга ёшлигидан хизмат қиларди. Яна бирини Маҳмуд Кундури сангак дер эди. Барчасини ўлдирдилар.
Бу юртда эканимизда Самарқанддан шаҳарликлар ва бозорчилар шунчалик кўп чиққан эдики, лашкар ўрдаси шаҳарга айланганди. Шаҳардан ҳар нима истасалар, лашкаргоҳдан топиларди. Бу муддатда Самарқанддан бошқа барча қўрғонлар ва тоғу туз қўл остимга кириб эди. Шовдор тоғининг этагида Ургут номли қўрғонни бир жамоа беркитди. Зарурат бўлиб бу юртдан кўчиб, Ургут устига борилди. Тоқат қилолмай Хожа Қозини орага солиб келдилар. Биз ҳам гуноҳларини афв қилдик. Яна Самарқанд қамалига қайтдик.
Ушбу йили Султон Ҳусайн мирзо билан Бадиуззамон мирзо орасидаги нифоқлар урушга айланди. Бунинг тафсилоти шуки, ўтган йили Балхни Бадиуззамон мирзога, Астрободни Музаффар мирзога бериб қуллуқ қилдирган эди, бу ҳақда юқорида ёзган эдик. Ўша муддатдан бу муддатгача кўп элчилар бориб-келдилар.
Охири Алишербек ҳам элчиликка келди. Ҳарчанд ҳаракат қилсалар ҳам Бадиуззамон мирзо Астрободни инисига бермоққа рози бўлмади: „Менинг ўғлим Муҳаммад Мўмин мирзони хатна қилганда, мирзо унга бағишлаган", деди.
Бир куни Алишербек билан Хусайн Бойқаро орасида бир суҳбат бўлиб ўтдики, бу мирзонинг тезфаҳмлигига, Алишербекнинг кўнгли нозик ва юмшоқлигига далилдир. Алишербек махфий сўзларни мирзонинг қулоғига кўп гапирди. Тағин дедики: „Бу сўзларни унутинг". Мирзо дарҳол айтдики: „Қайси сўзларни?". Алишербек кўп таъсирланиб, роса йиғлади.
Охири ота-ўғил орасидаги бу гап-сўзлар шунга олиб келдики, отаси отасининг устига ва ўғли ўғлининг устига Балх ва Астрободга лашкар тортдилар. Султон Ҳусайн мирзо Бадиуззамон мирзо устига, Музаффар Ҳусайн мирзо Мўмин мирзо устига лашкар тортди. Гурзивоннинг қуйисида Якчироғ ўтлоғига қуйидан Султон Ҳусайн мирзо, юқоридан Бадиуззамон мирзо келдилар. Чоршанба куни рамазон ойининг бошида Абулмуҳсин мирзо Султон Ҳусайн мирзонинг бир неча беклари ва бир даста ҳужумчиси билан илгарироқ келди. Унчалик кўп уруш ҳам бўлмади, Бадиуззамон лашкари босилди. Кўп сара йигитлар қўлга тушди. Султон Ҳусайн мирзо барчасининг бошини кестирди. Ёлғиз бу эмас, қачонки бир ўғли ёвлашган бўлса, ҳамиша бостирди. Қўлга тушган навкарларининг барчасининг бошини кестирди. Ҳақ унинг томонида бўлгач, у не қилсин.
Бу мирзолар шунчалик бузуқчилик ва айш-ишратга машғул эдиларки, рамазондек табаррук ва азиз ойга бир кечалик фурсат қолганда, отасидек кўпни кўрган ва ишбилармон подшоҳ ярим кун-
лик йўлдан келган вақтда ҳам, отасидан ийманмай, Худодан қўрқмай, ҳануз иши май ичмоқ, мажлисоролик билан дилхушликка берилмоқ бўлди: муқаррардирки, бундай киши ўшандай шикаст топади ва бундай яшаган элни ҳар ким енга олади.
Неча йилки, Астробод ҳукумати Бадиуззамон мирзода эди, хонадон аҳли ва хизматкорлар ҳамда йигит-яланги жуда серзавқ ва зеб-зийнатга ботган эди. Олтин ва кумуш асбоб-анжомлари жуда кўп эди. Дабдабали кийинган йигитлари ва чопқир отлари беҳисоб эди. Барчасини шу ерда бой берди. Қочаётганида тоғ йўлига учраб, эниш ва учма жойларга йўлиқиб, ўзи ташвиш билан учмадан тушди. Кўп эли бу учмада нобуд бўлди.
Султон Ҳусайн мирзо ўғлини бостиргандан сўнг, Балхга келди. Бадиуззамон мирзо Балхга Шайх Али тағойини қўйиб эди. Чора қила олмай, чиқиб Балхни топ-ширди. Султон Ҳусайн мирзо Балхни Иброҳим Ҳусайн мирзога бериб, Муҳаммад Валибек ва Шоҳ Ҳусайн танқўриқчини у билан қолдириб, ўзи Хуросонга қайтиб кетди.
Бадиуззамон мирзо шикастдан сўнг таланиб, бор-будини олдириб, йигит-яланг ва яёв-яланги билан Қундузга—Хисравшоҳга томон йўл олди. Хисравшоҳ ҳам яхши хизматлар қилди. От ва туядан, чодир ва шоҳона чодирлардан, балки барча сипоҳилик яроғ-аслаҳасидан мирзога ва мирзо билан бўлганларга бериб, шу даражада хизмат ва одамгарчилик қилдики, буни кўрганлар: бурунги яроғ-аслаҳа билан бунинг ўртасида фарқ йўқ, тафовут балки тилла ва кумуш нарсалардагина холос, дедилар.
Султон Масъуд мирзо билан Хисравшоҳнинг орасида Султон Масъуднинг беқарорлиги, Хисравшоҳ обрў-эътиборининг ортганидан жанжал ва гина-кудуратлар чиққан эди. Хисравшоҳ Вали ва Боқини Бадиуззамон мирзога қўшиб, Султон Масъуд мирзонинг устига — Ҳисорга жангга юборди. Улар қўрғонга яқин ҳам кела олмадилар. Атроф-теваракдан наридан-бери бир-икки қилич солишдилар. Бир навбат Ҳисорнинг шимол тарафи Қушхона ўлангида Муҳиб Али қўрчи элдан айрилиб келиб, яхши жанг қилди. Отдан йиқилиб қўлга тушиш олдида яна у томондан зўрлаб, халос қилдилар.
Бир неча кундан сўнг нари-бери сулҳ тузган бўлиб, қайтиб кетдилар.
Бир неча кундан сўнг Бадиуззамон мирзо тоғ йўли билан Қандаҳор ва Замини Доварга: Зуннун арғун ва унинг ўғли Шоҳ Шужоъ арғун томонга жўнади. Зун-нун арғун хасислик ва бахиллигига қара-май, яхши хизматлар қилди. Бир тортиқ қилганда қирқ минг қўй совға қилди.
Ғаройиб воқеалардан бири шуки, Султон Ҳусайн мирзо Бадиуззамон мирзони енгган чоршанба куни, Астрободда Музаффар мирзо Муҳаммад Мўмин мирзони енгади. Бундан ҳам ажаброғи шундаки, Чаҳоршанба исмли киши Муҳаммад Мўмин мирзони қўлга тушириб келтиради.

давоми бор

 

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин