Саналар
20.12.2024
Баннер
Темур тузуклари (6)
PDF Босма E-mail

РУМ МАМЛАКАТИНИ ЗАБТ ЭТИБ, ҚАЙСАР ЛАШКАРИНИ СИНДИРИШ БОБИДА ҚИЛГАН КЕНГАШИМ

Шом шаҳарларини забт этганимдан кейин ва Мисру Шом подшоси Малик Фараж жанг майдонини ташлаб қочгандан сўнг, Румга юборган элчим Йилдирим Боязиднинг тескари жавобини олиб келди. Лекин [Боязид] Миср ва Шом лашкари мендан ечгилганини эшитгач, ўйланиб қолгани ва саросимага тушиб, шошилинч равишда юришга тайёргарлик кўра бошлаганини ҳам айтди. Мен эса кенгашиб Дамашқ шаҳрини олиб, Шом вилоятларини бўйсундиргач, Мўсул йўли билан Бағдодга қараб юрдим. Бу билан қайсарнинг мен билан уруш қилиш нияти бор-йўқлигини билиб олмоқчи бўлдим. Табриз тарафга қараб юрдим. Амирзодалардан баъзиларига кўпсонли лашкар фавжларини қўшиб, Бағдод устига жўнатдим. Бу вақтда Бағдод ҳокими султон Аҳмад жалоир шаҳарни ва унинг қалъасини қўриқлашни навкари Фаррухга топшириб,. ёнига кўп одамларни қўшиб берганди.

Амирзодалар Бағдодга етиб, шаҳарни қуршаб олдилар. Иш уруш қилишга бориб тақалгач, [чопар орқали] бор ҳақиқатни менга арз қилдилар. [Бу хабарни] эшитиб ўзим Бағдодга бориб, шаҳар ва қалъани озод этишга қарор қилдим. Табриз йўлидан орқага қайтиб, юриш билан Бағдодга келдим ва эҳтиёткорлик билан ҳарбий ҳийлалар ишлатиб, қалъани қўлга олишга киришдим. Қамал муддати икки ойу ва яна бир неча кунга чўзилгандан кейингина қалъа билан шаҳар ишғол этилиб, ғалаба қозонилди. Қалъа бошлиғи Фаррух Дажла дарёсида ғарқ бўлди. Мен шаҳарга кирдим ва барча бебош, бузуқ кишиларни ўлдиришни, қалъа ва шаҳар иморатларини бузиб ер билан баробар қилишни буюрдим.

Бағдоддан кейин Озарбайжонга юриш қилишга жазм қилдим ва ўша ерда бир қанча вақт туриб қолдим. Шу аснода қайсар Ҳалаб, Ҳумс ва Диёрбакр вилоятларига лашкарий фавжларини юборгани ва мендан қочиб қайсар паноҳига кирган Қора Юсуф туркман эса қароқчилар бошлиғига айланиб, айниқса икки муқаддас шаҳар зиёратига қатновчиларнинг карвонларига кўп зарар келтираётганлиги хабари қулоққа эшитилди. Бунинг устига ўша тарафлардан бир жамоат кишилар келиб, улар ҳам Қора Юсуфнинг жабр- зулмидан арз қилдилар. Шунинг учун Қора Юсуфнинг жазосини бериб, қайсарнинг кўзини ғафлат уйқусидан очиб қўйишим лозим кўринди. Бу хусусда кенгаш ўтказиб, ҳар бир шаҳар ва қабиладан лашкар тўплаб, Қайсарнинг устига ёпирилиб боришга қарор қилдим. Лашкар жамъ бўлгандан кейин ҳижрий 804 йилининг ражаб ойида (милодий 1401 йил февралида) Озарбайжондан қайсар устига лашкар тортдим. Ўзимдан илгари лашкаримдан бир неча фавжини Рум мамлакати устига тўсатдан босқин қилишга тайин қилдим. Яна бир неча фавжга эса йўлимиздаги тўхташ манзилларини кўздан кечириб емиш ва ичмишни ҳозирлаб туришни буюрдим, ўзим Ангурия йўли билан қайсар устига лашкар тортдим. Қайсар тўрт юз минг отлиқ ва пиёда аскари билан менга қарши юзланди.

Урушни бошладим ва уни енгдим. Қайсарни лашкарбошиларимдан бири қўлга тушириб, ҳузуримга келтирди.

Етти йиллик юришдан сўнг зафар ва нусрат билан Самарқандга қайтдим!.

ИККИНЧИ МАҚОЛА

Мамлакатларни фатҳ этгувчи бахтли фарзандларим ва жаҳонни идора этгувчи қудратли набираларимга маълум бўлсинким, Тангри таоло даргоҳидан умидим шулки, кўплаб фарзандларим, авлодим салтанат тахтига ўтириб, мамлакатларни идора этгай. Шунинг учун салтанат қуриш, давлат тутиш ишларини бир неча тузукка боғладим ва салтанатни бошқариш ҳақида қўлланма (дастур ул- амал) ёзиб қолдирдим, токи фарзандларим ва авлодимдан бўлганларнинг ҳар бири унга мувофиқ иш юритсин, меҳнату машаққатлар, кўп ҳарбий юришлар, уруш-талошлар билан, тангрининг инояти ва ҳазрати Муҳаммаднинг, унга тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, толеъи баланд миллатининг шарофати, онҳазратнинг улуғвор авлоди ва қимматли саҳобаларига қилган муҳаббат ва дўстлигим орқали қўлга киритган давлат ва салтанатни сақлагайлар.

Бу тузуклардан ўз салтанат ишларини бошқаришда қўлланма сифатида фойдалангайлар, токи мендан уларга етадиган давлат ва салтанат зарару таназзулдан омон бўлгай.

Энди менинг номдор бахтиёр фарзандларим ва мамлакатларни забт этгувчи иқтидорли набираларимга йўл-йўриғим шулки, мен ўн икки нарсани ўзимга шиор қилиб олиб, салтанат мартабасига эришдим. Шу ўн икки нарса ёрдамида мамлакатларни забт этиб, салтанатимни бошқардим ва салтанат тахтига зебу зийнат бердим. Улар ҳам ушбу тузукка амал қилсинлар. Давлату салтанатимни ва ўзларини эҳтиёт қилсинлар.

Биринчиси — давлат ва салтанатимга боғлаган менинг биринчи тузугим — Тангри таолонинг дини ва Муҳаммад мустафонинг шариатига дунёда ривож бердим. Ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қувватладим.

Иккинчиси шулким, ўн икки табақа ва тоифадаги кишилар билан мамлакатларни забт этдим, уларни идора қилдим. Давлат, салтанат устунларини ўшалар билан қувватлаб, мажлисларимни шулар билан зийнатладим.

Учинчиси шулдирки, маслаҳат, кенгаш, тадбиркорлик, фаоллик ва ҳушёрлик-эҳтиёткорлик билан ғаним қўшинларини енгиб, мамлакатларни ўзимга бўйсундирдим. Салтанатим ишларини муросаю мадора, мурувват ва сабр-тоқат билан юргиздим. Кўп нарсани билиб турсам ҳам ўзимни билмасликка олардим. Дўсту душман билан муросаю мадора қилдим.

Тўртинчиси — давлат ишларини салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқардим. Тўра ва тузукка таяниб, салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим. Амирлар, вазирлар, сипоҳ, раият ҳар бири ўз лавозим ва мартабасидан мамнун ҳолда хизматимда бўлиб, ундан ортиғига даъвогарлик қила олмади.

Бешинчиси — амирларим ва сипоҳийларимни мартаба ва унвонлар, зару зеварлар билан хушнуд этдим. Базмларда уларга [ўз ёнимдан] ўрин бердим, шунинг учун жангларда жонларини фидо қилдилар. Дирҳам ва динор'ларни улардан дариғ тутмадим.

Уларнинг юмушларини енгиллаштириш учун меҳнату машаққатларини ўзимга юкладим ва тарбият қилдим. Амирлар, сипоҳсолорлар, баҳодирлар билан иттйфоқ бўлиб, уларнинг мардлигу мардонаворлигига таяниб, шамшир зарби билан йигирма етти подшоҳнинг тахтини эгалладим. Эрон, Турон, Рум, Мағриб, Шом, Миср, Ироқи араб ва Ироқи ажам, Мозандарон, Гилонот, Ширвонот, Озарбайжон, Форс, Хуросон, Дашти жете, Дашти Қипчоқ, Хоразм, Кобулистон, Бохтарзамин, Ҳиндистонга подшоҳ бўлиб, ҳукм сурдим.

Салтанат тўнини кийгач, тинчлигу соғлигим кетди, ўз тўшагимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим. Ўн икки ёшимдан турли диёрларни кездим, ранжу меҳнат тортдим. Ҳар хил тадбирлар қўллаб [ғаним] фавжларини синдирдим. Амирлар ва сипоҳийларнинг исёнларини кўрдим, улардан аччиқ сўзлар эшитдим. Лекин сабру бардош билан ўзимни эшитмаган-кўрмаганга солиб, уларни тинчитдим. Қилич кўтариб жанг майдонига отилдим ва шу тариқа дунёда ном чиқардим.

Олтинчиси — адолат ва инсоф билан тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм қилиб, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим. [Тўғри] сиёсат ва инсоф билан сипоҳийларим ва раиятни умид ва қўрқинч орасида

сақладим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, сипоҳийларга инъомлар улашдим. Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим. Золимлар етказган ашёвий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин, уларни шариатга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм ўгказмадим.

Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишймга кўп зиён етказганларни ҳам, илтижо билан тавба-тазарру қилиб келгач, ҳурматлаб ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим. Улар билан муомалада шундай йўл тутдимки, агар хотираларида менга нисбатан шубҳаю қўрқув бўлса, бутунлай унут бўларди.

Еттинчиси — саййидлар, уламою машойих, оқилу донолар, муҳаддислар, хабарчилар (тарихчилар)ни танланган, эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини жойига қўйдим. Шижоатли кишиларни дўст тутардим, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайдилар. Уламо билан суҳбатда бўлдим ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпиндим. Буларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини илтимос қилдим. Дарвиш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим, уларнинг кўнгилларини оғритмадим ва бирон талабларини рад этмадим. Бузуқи ва оғзи шалоқ ғийбатчи одамларни мажлисимга йўлатмадим, сўзларига амал қилмадим. Бирор кимсага туҳмату ғийбат қилсалар, қулоқ солмадим.

Саккизинчи — азму жазм билан иш тутдим. Бирон ишни қилишга қасд қилган бўлсам, бутун зеҳним, вужудим билан боғланиб, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим. Ҳар неки деган бўлсам унга амал қилдим. Ҳеч кимга ғазаб билан қаттиқ муомала қилмадим ва ҳеч бир ишда танглик қилмадим, токи Тангри таолонинг ғазабига дучор бўлмайин ва ишимни бузиб, ҳолимни танг айламасин деб. Одам Атодан бошлаб Хотам ул- анбиёгача, улардан ҳозирги дамгача ўтган султонларнинг қонунлари ва туриш-турмушларини донолардан сўраб-суриштирдим. Ҳар қайсиларининг йўл-йўриқлари, туриш-турмушлари, қилиш-қилмишлари, айтган гапларини хотирамда сақладим ва яхши ахлоқлари, маъқул сифатларидан намуна олиб, унга амал қилдим. Давлатларининг таназзулга учрашй сабабларини суриштирдим ва давлату салтанат заволига сабаб бўлувчи ишлардан сақландим. Наслни бузувчи, очарчилик ва вабо касали келтирувчи зулм ва бузуқчиликдан сақланишни ўзимга лозим билдим.

Тўққизинчиси — раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. Ҳар бир ўлка ва шаҳар аҳолисининг ашроф- улуғлари ва бузурглари билан ошна тутиндим. Уларнинг мизожларига, табиатига тўғри келган, ўзлари тилаган одамларини уларга ҳоким қилиб тайинладим. Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш-турмушларини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни ёзиб, менга билдириб туриши учун диёнатли, тўғри қаламли кишилардан воқеанавислар (ахборнавис- хабарчилар) белгиладим. Бордию нотўғри нарса ёзганлари менга маълум бўлиб қолса, бундай воқеанависларни жазоладим. Ҳокимлар, сипоҳ ва раиятдан қайси бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим.

Ўнинчидан — турку тожик, арабу ажамнинг турли тоифа ва қабилаларидан бўлган ва менинг паноҳимга кирган кишиларнинг улуғларига ҳурмат кўрсатдим, қолганларини ҳам ўз ҳолига яраша сийладим. Яхшиларига яхшилик қилдим, ёмонларини эса ўз ёмонликларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса, дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим. Кимки менинг хизматимни қилган бўлса, хизмати ҳаққини адо этдим. Кимки менга душманлик қилса-ю, кейин пушаймон бўлиб, илтижо билан ҳимоя истаб, тиз уриб олдимга келса, душманлигини унутиб, мурувват ва дўстлик кўрсатдим. Чунончи, улус амири Шер Баҳром аввал менга ҳамроҳ эди, бошимга [оғир] иш тушганда мени ташлаб кетди ва душманларимга қўшилди, менга қарши қилич кўтарди. Охири берган тузим ҳаққи тизза уриб, яна илтижо қилиб келди. Асл эр-йигит бўлганлиги ва жанг-жадал билан суяги қотган мардлардан эканлиги боисидан ёмон ишларининг барисидан кўз юмдим. Олдимга келгач, ўзини ҳурматлаб, мартабасини оширдим. Уни марду мардоналиги учун кечирдим.

Ўн биринчиси — фарзандлар, қариндошлар, ошна-оғайни, қўшнилар ва мен билан бир вақтлар дўстлик қилган барча одамларни давлату неъмат мартабасига эришганимда унутмадим, [молу мулк ва накд пул билан] ҳақларини адо этдим. Ўз фарзандларим, қавму қариндошларимдан қариндошлик меҳрини узмадим. Улардан нораво иш ўтган бўлса, дарҳол боғлаб, ўлдиришга буюрмадим. Ҳар кимни [туриш-турмушнинг пасту баландларида] турли йўллар билан синаб билиб олдим ва уларга шунга яраша муомала қилдим. Ҳаётнинг кўп иссиқ-совуғини кўриб, улардан сабоқ олиб, тажрибамни оширдим. Шунинг учун дўсту душман билан келишиб яшадим.

Ўн иккинчиси — дўст-душманлигига қарамай, ҳар жойда сипоҳийларни ҳурмат қилдим, чунки улар боқий мато бўлган жонларини фоний дунё моли учун сотадилар. Ўзларини маърака-майдон, ҳалокатга отиб, жонларини қурбон қиладилар. Агар ғаним сипоҳидан бирор одам ўз валинеъматига сидқидилдан хизмат қилиб уруш кунларида менга қарши қилич кўтарган бўлса ҳам, ундай одамга нисбатан лутф-марҳаматлар кўрсатдим. Қошимга [паноҳ истаб] келганда, уни қадрлаб, ишончини қозондим, вафодорлиги ва ҳақиқат билан хизмат қилишига ишондим.

Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим. Чунончи, Тўхтамишхон билан бўлган урушда унинг амирлари менга хабарлар ва шикоят-аризалар ёзиб, ўз ҳукмдорлари, яъни менинг душманим бўлмиш Тўхтамишхон берган туз ҳақини унутдилар. Вафодорлик ва ҳақиқатни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, менинг ҳузуримга паноҳ истаб келганлари . учун уларни лаънатладим, ўзимча, «булар ўз соҳибига вафодорлик қилмагач, менга қилармиди?» деб ўйладим.

Яна тажрибамда кўриб билдимки, давлат агар дину ойин асосида қурилмас экан, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшарким, уни кўрган ҳар кимса, назарини олиб қочади. Ёхуд касу нокас тап тортмай кириб чиқадиган томсиз, эшиги — тўсиғи йўқ уйга ўхшайди.

Шунинг учун ҳам мен ўз салтанатим биносини дини ислом, тўра ва тузук асосида мустаҳкамладим. Салтанатни бошқаришимда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тўра ва тузук асосида бажардим.

Дилимнинг машриқидан кўтарилган биринчи тузук шундан иборат бўлдики, ислом динини ёйиб, Муҳаммад, унга тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, шариатини қувватладим. Жаҳоннинг турли мамлакатлари, катта ва кичик шаҳарларида ислом динини ва одамларнинг энг хайрлиси (ҳазрати Муҳаммад)нинг тўғри йўлларини тарғиб этдим. Ўз салтанатимни шариат билан безадим.

Равшан динга ривож беришда қўллаган биринчи тузугим шу бўлдики, саййидлар орасидан лаёқатли биттасини аҳли исломга садр этиб тайинладим. Тамом вақфларни бошқариш ва назорат қилиш учун мутаваллий танлашни, ҳар бир шаҳар ва вилоятда қозий, муфтий, муҳтасиб тайинлашни унинг ўзига ҳавола этдим. У саййидлар, уламо, шайхлар ва бошқа диний арбобларга суюрғол белгилаб, ҳар бирининг вазифасини тайин қилсин, дедим.

Лашкарлар учун махсус қозий ва раият учун алоҳида қозий тайинладим; ҳар мамлакатга шайхулислом юбордимки, токи мусулмонларни гуноҳ ишлардан қайтариб, уларни яхши ва савоб ишларга ундасин.

Ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақолар қуришни, йўловчи мусофирлар учун йўл устига работлар бино қилишни, дарёлар устига кўприклар қуришни буюрдим.

Мусулмонларга диний масалалардан таълим бериб, шариат ақидалари ва ислом дини илмлари: тафсир, ҳадис, фиқҳдан дарс берсинлар деб, ҳар бир шаҳарга олимлар ва мударрислар тайин қилдим. Турли мамлакатлардаги садрлар ва қозийларга шариатнинг асосий талаблари қандай бажарилаётганлиги хусусида менга хабар қилиб туришни буюрдим. Шунга ўхшаш ҳар эл ва ҳар шаҳарда сипоҳ ва раият орасида урф-одатларга оид жанжалли ишлар ҳақида менга маълумот бериб турсин деб адолат амирини тайинладим.

Шу тариқа ислом динини ривожлантириб, шариатни мусулмон мамлакатларига ёйдим. Ислом динини ёйиб, унга равнақ берганим ҳақидаги овоза каттаю кичик аҳли мўминнинг қулоғига етгандан кейин, ислом олимлари: «Тангри таоло ҳар юз йилда Муҳаммад, унга тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, динига ривож бериш ва янгилаш учун бир кишини ислом динининг ёйувчиси ва янгиловчиси сифатида ихтиёр этади. Бу саккизинчи юз йилликда Амир соҳибқирон ислом динини жаҳон аҳлига тарқатди. Шунинг учун бу юз йилликда Муҳаммад динининг янгиловчиси шу киши бўлғай» — деб фатво бердилар.

Замон уламосининг улуғи бўлмиш Мир Саййид Шарифбу хусусда менга мактуб йўллаб ёзган эдиларки, илгариги ва кейинги авлод ислом олимларининг барчаси бир оғиздан иттифоқ бўлиб деганларки, Аллоҳи таоло ҳазрати рисолатпаноҳ пайғамбаримиз, унга тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, унинг динини тарқатиш учун ҳар юз йилда бир ккшини динни янгиловчи сифатида ихтиёр этади. Саккизинчи юз йилликнинг бошида Амир .соҳибқирон ҳақиқий динни ривожлантирди ва ҳар томонга ёйди. Дини ислом оламнинг турли ўлкалари ва шаҳарларида равнақ топди. Ҳақли равишда [бу асрда] диннинг тарқатувчиси Амир соҳибқиронлиги тасдиқланди. Ушбу мактубнинг нусхаси будир: «ё, Аллоҳ! Кимки Муҳаммад динини қўллаб-қувватласа, Сен ҳам уни қўллагил, кимки Муҳаммад динини хор қилса, Сен ҳам уни хор тутгил» (дуо).

Рисолатпаноҳ пайғамбаримиз ҳижрат этганларига ҳам саккиз юз йилдан ошди. Ҳар юз йил бошида Аллоҳи таоло ва тақаддус ўз элчиси ва ҳабиби Муҳаммад динини унинг умматига тарқатувчи ва янгиловчини ихтиёр айлайди. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, саккизинчи юз йиллик бошида Аллоҳи таоло Амир соҳибқиронни ислом динининг янгиловчиси ва ривожлантирувчиси сифатида ихтиёр айлади ва у турли ўлкалар ва мамлакатларда аҳолига дини Муҳаммадийни қабул қилдирди. Илк ислом олимлари динни янгиловчилар аҳволини ўрганиб, ўз китобларида бу ҳақда маълумот берганлар. Бу янгиловчилар қуйидагилардир:

Ҳижратдан кейинги биринчи юз йилликда динни янгиловчи киши Умар ибн Абдулазиз эдилар. У хорижийлар минбардан туриб, ҳазрати Алига таъна қилишиб, лаънатлар ёғдиришиб, ислом динини заифлаштирганда, бу [низони] бартараф қилди. Ўша вақтда ислом аҳли иттифоқи бузилиб, кинаю адоват пайдо бўлган эди; бир тоифа одамлар тўғри йўлдан борган халифалар (хулафо ар-рошидин) ни лаънатлаб, уларга таънаю дашном ёғдирдилар; бошқа бирлари эса мўминлар амири ҳазрати Али [бошлиқ] имом Ҳусайн ва ҳазрати Аббосни лаънатлар эдилар. Бу икки гуруҳ ҳам ўзаро адоватда бўлиб, ўта мутаассиб эдилар. Умар ибн Абдулазиз бу низоларни бартараф қилиб, дини исломни янгалади.

Иккинчи юз йилликнинг бошида келган дин янгиловчиси халифа Маъмун ибн Хорун ар-Рашид эди. У ислом динида пайдо бўлган етмиш икки турли ботил мазҳабларни йўқотиб, ҳақ мазҳаби аҳли суннат ва жамоатни ривожлантирди. Али ибн Мусо Жаъ- фар'ни, ундан Аллоҳ рози бўлсин, Хуросондан олиб келиб, уни ўзига валиаҳд деб эълон қилди. Унинг изни ва маслаҳати билан мамлакатда ҳукмронлик қилди.

Учинчи юз йиллик бошида дини Муҳаммадийни янгиловчиси халифа Муқтадир биллоҳ Аббосий эди. Абу Тоҳир бошчилигидаги қарматлар Маккад муаззамани босиб олиб, арафа куни ҳажга борганлардан ўттиз мингтасининг жонига қасд қилдилар ва уларни шаҳид этдилар. Муқаддас қора тош (ал-Ҳажар ал-асвад) ни Каъба ичидан кўтариб олиб кевдилар. Ислом мамлакатларини вайрон этиб, қатли ом ва талон-торож қилдилар. Шу сабабдан ислом дини заифлашиб қолди. Муқтадир биллоҳ бу қавм. устига лашкар тортиб, уларни улоқтириб ташлади [ва фитнани бостирди]. Бу билан ислом дини ва шариатга ривож берди.

Тўртинчи юз йилликнинг бошида дини Муҳаммадийни ривож эттиргай киши Иззуддавла Дайламий эди. Шу даврнинг халифаси аббосий Мутиъ амриллоҳ5 [ҳукмронлиги вақтида бўлган] фисқ- фужурлар ва унга тобеъ кигдиларнинг зулми орқасида дини ислом заифлашган ва ислом мамлакатларида турли-туман фисқ-фасод кўпайганди. Иззуддавла бу халифани тахтдан йиқитиб, ўрнига ўғли Тоиъ биллоҳни валиаҳд қилди. Иззуддавла шахсан ўзи бу динни тарқатиш ва тозалашда, бидъатни йўқотишда, ношаръий ишларни бартараф қилишда, жабр-зулмни тугатишда мутасадди бўлди. Дини Муҳаммадийга ривож берди.

Бешинчи юз йиллик бошида дину шариатни ривожлантирган одам султон Санжар ибн султон Маликшоҳ эди. Шайх Аҳмади Жом ва. ҳаким Саноий унинг замондошлари бўлиб, султон уларнинг муриди эди. Бу даврда динсизлар ва жоҳиллар ислом динини заифлйштирган эди. Султон Санжар динсизларни йўқотиб, ислом динини ривожлантиришга киришди. Дини Муҳаммадийга итоат ва тобеъликда шундай даражага эришдики, шариатга хилоф бўлган ҳеч бир иш қилмади.

Олтинчи юз йилликнинг бошида дин янгиловчиси Ғозонхон ибн Арғунхон ибн Халокухон эди. Ислом дини туркистонлик кофирларнинг истилоси натижасида заифлашган эди. Аллоҳи таоло дин ривожи учун Ғозонхонни юз минг аскари билан қўзғади. [Тангри таолонинг иродаси билан унга топширилган] юз минг аскар Лор саҳросида шайх Иброҳим Ҳамавий раҳнамолигида Аллоҳга имон келтириб, мусулмон бўлдилар. Тилларини: «Аллоҳдан бошқа худо йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг [ердаги] элчисидир», деган имон калимасига келтирдилар ва куфр-бидъат ишларини ташладилар. Мамлакатда ва шаҳарларда шариатга ривож бердилар.

Еттинчи юз йилликнинг бошида келган Ўлжойту Султон ибн Арғунхон, лақаби Султон Муҳаммад Худобанда эди. Мазкур санада оғаси Ғозонхондан сўнг салтанат тахтига ўтирди. [Бир куни] унинг қулоғига дини Муҳаммадий шу қадар бўшашганки, намоз вақтида мусулмонлар ташаҳҳуддан сўнг Муҳаммадга, унинг авлодига салавот айтмай қўйибдилар, деган гап етказилди. У ўрнидан туриб Султония жомеъ масжидига борди ва у ерга ислом уламоси ҳозир бўлишини буюрди. Сўнгра султон улардан «Намоз вақтида Муҳаммадга ва унинг насли авлодига салавот айтишнинг нима фазилатлари бор?» деб сўради. Улар бир овоздан: «Худойи таоло ҳукмига кўра намозда Муҳаммад ва унинг авлодига салавот айтиш лозимдир»,— деб жавоб бердилар. Ўша пайт бир гуруҳ уламо: «имом Шофиъий, Муҳаммадга ва унинг авлодиГа салавот айтмасдан ўқилган намоз бузилган ҳисобланади, деб айтганлар», деб ўз фикрини билдирди. Яна бир гуруҳи айтдилар- ким: «Имоми Аъзам демишдирки, Муҳаммадга ва унинг авлодига салавот айтилмай ўқилган намоз макруҳдир». Шунда султон уламодан сўради: «Нега салавот айтганда пайғамбаримйз насли авлодидан бўлган ҳар бир кишининг исми [алоҳида] зикр этилмайди-ю, [фақат] хотам ул-анбиё бўлмиш пайғамбаримизга салавот айтгандагина «ва унинг авлоди...» деб қўшадилар?». Бутун уламо бу саволга жавоб беришга ожизлик қилиб, ўйланиб қолишди. Шунда султон айтди: «Бу саволга жавоб беришда хотирамга икки далил келади. Биринчиси шулки, душманлар пайғамбаримиз Муҳаммадни ўғилсиз (абтар) деб атадилар. Тангри таоло наслсизликни уларнинг ўзига раво кўрди. Дунёдан насллари узилди. Агар насл қолган бўлса ҳам ном-нишонсиз бўлиб, уларнинг номини бирор киши тилга олмайди. Аммо пайғамбаримиз оиласининг зурриётлари сони шу қадар ўсдики, уларнинг ҳисобини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Пайғамбаримизга, унга Аллоҳнинг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, салавот айтгандан кейин уларга ҳам яхшилик тилайдилар. Иккинчиси шулки, жами ўтган пайғамбарларнинг динлари, қилган ишлари ё йўқоларди ёки ўзгарарди. Улар динининг аҳкомлари доимий эмас эди. Аммо ҳазрати Муҳаммад, унга оллоҳнинг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, дини ўзгаришдан омон бўлиб, қиёматгача шу йўлда сақланур. Шундай бўлгач, онҳазрат (пайғамбар) нинг умматлари салавот айтиш вақтида унинг муборак номини зикр этган пайтда, унинг авлодини ҳам эслашлари лозимдир. Умматларга маълум бўлсинким, Муҳаммад динининг ҳомийлари, Қуръони каримни шарҳловчилар, мақтовга лойиқ шариат илмининг ҳофизлари, анбиё ва мурсаллар илмларининг ворисидирлар. Мусулмон динининг илмлари ва исломнинг фарзу2 вожибларини улардан ўрганадилар, дин ишларида шуларга эргашиб, уларни ҳурмат қилишни ўзларига лозим деб биладилар», деди.

Султон шу сўзларни айтгани ҳамоноқ, масжидга тўпланган уламо ва одамлар бирданига гулдиратиб, пайғамбарга ва унинг авлодига салавот ўқидилар. Шунда султон айтди: «Муҳаммад авлодидан биринчиси — ҳазрати Али, сўнггиси — имом Муҳаммад Маҳдий охирзамондир. Шундай бўлгач, пайғамбаримиз авлодининг изни ва рухсатисиз унинг мулкига қўл теккизмаслигимиз зарур, акс ҳолда босқинчилик қилган бўламиз». Султоннинг бу сўзлари хосу омнинг қулоғига эшитилгач, барча уламо унинг  айтганларини қабул этди. Гаплари инобатга олинганидан сўнг, султон амр қилди: «ҳақиқат шул эркан, аҳли Байт номига хутба ўқиб, уларнинг номи зарбланган пуллар чиқариш лозим». Бу гапларни эшитган, кўрган уламо унинг фикрини тасдиқлаб Аллоҳга имон келтирдилар ва «Ўлжойту Султон — дину шариатга ривож берувчи», деб фатво ёздилар.

Саккизинчи юз йилликда чиққан дин янгиловчиси Амир Соҳибқирондирки, оламнинг турли мамлакатлари ва шаҳарларида дину шариатни ривожлантириб, саййидлар ва уламони иззату икром қилди. Пайғамбар хонадони зурриётларининг маслаҳати, изни билан унинг мулкини тасарруф қилди.

Мир Саид Шариф ёзган ушбу мактуб менга етгач, Тангри таолога шукр айтиб, Муҳаммад ва унинг хонадонига илтижо қилиб, Тангри таолога ёлвордим: «Менга дину шариатни янгилаш ва унга ривож беришда мадад бергил!» Сўнг бу мактубни олиб, пирим [Абу Бакр Тойбодий] нинг ҳузурларига юбордим. [Ул зот] мактуб четига мана бу сўзларни ёзиб меНга қайтардилар: «Дину шариатга ривож берувчи [Амир] Темур соҳибқиронга Аллоҳ уни қўлласин, маълум бўлсинким,. бу иш ул қутби салтанатга Аллоҳи таоло тарафидан берилган жуда катта эҳсон ва буюк ёрдамдир. Дин янгилаш, шариатга ривож беришдек улкан ишда Тангри таоло сенга ёрдам бағишламишдир. [Вафодорлигинг ва яхши ишла- рингни] қанча оширсанг, Аллоҳ ҳам сенга [иноят ва карамини] шунча оширгай».

Пиримга юборган ушбу мактуб, унинг хати билан зийнатланиб менга қайтгач, саййидлар ва уламони иззату икром этишни бажо келтириб, шариат ривожи учун илгаригидан ҳам кўпроқ саъйи ҳаракат қилдим. Бу мактуб мазмунини менинг воқеаларим тўпланган тарих дафтарига ёзишларини буюрдим.

Дину шариат ишлари тузукини тартибга келтирганимдан сўнг, салтанатим корхонасининг тузукини тузишга киришдим. Салтанат ишларини қонун ва қоидалар (тўра ва тузук)ка солиб, унинг мартабалари (аҳволи)ни мустаҳкамладим. Салтанатнинг мартаба- лари тузукини қуйидагиларга таяниб туздим:

Биринчидан, салтанатим қонун-қоидаларини ислом дини ва кишиларнинг энг хайрлиси (ҳазрати Муҳаммад) нинг шариатига боғлаб, иззату ҳурматлаш вожиб бўлган онҳазратнинг авлоди ва саҳобаларига муҳаббат билдирган ҳолда уларни мустаҳкамладим. Салтанатим мартабасини қонун-қоидалар асосида шундай сақла- димки, салтанатим ишларига аралашиб, зиён етказишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди.

Иккинчидан, сипоҳу раиятни умид ва қўрқув орасида сақладим. Дўст-душманни муросаю мадора мартабасида тутдим. Қилмишла рини, айтган гапларини гоҳида сабр-тоқат, гоҳида билиб-билмас- ликка олиш билан ўтказдим. Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келгудек бўлса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, уларнинг душманлиги дўстликка айланди.

Менда бирон кимсанинг ҳақи бўлса, ҳақини ҳеч вақт унутма- дим. Бирон кимса билан танишган бўлсам, уни ҳеч вақт назарим- дан четда қолдирмадим.

Давлатим ва салтанатим қуёши кўтарилиб келаётган вақтда менга илтижо қилиб келган никукор ва бадкирдор одамлар, хоҳ менга яхшилик қилган бўлсинлар, хоҳ ёмонлик, салтанат тахтига ўтирганимдан кейин уларни хайр-эҳсонларим билан хижолатга қўйдим. Менга қилган ёмонликларини қилмагандек кўриб, уларни ёмон қилмишлари дафтари устига афв қаламини тортдим.

Учинчидан, ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим. Тузимни тотиб, менга ёмонлик қилганларни парвардигори оламга топшир- дим. Иш кўрган, синалган, шижоатли эр-йигитларни қошимда тутдим. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳим доим очиқ эди. Нафси ёмон ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ қўрқоқларни мажлисимдан қувиб юбордим.

Тўртинчидан, очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим.

Шу пайтда пиримдан хат келди. Улар: «Буюк зафарлар соҳиби Темурга, Аллоҳ уни ҳамиша қўлласин, маълум бўлсинким, [унинг] салтанати корхонаси Тангри таоло корхонасининг бир [кичик] нусхасидирки, унда турли мансабдаги ходим ва хизматкорлар (амале ва фаъле), ноиблар, эшик огалари (ҳужжоб) бордир, уларнинг ҳар бири мартабасига яраша ўз юмуши билан машғулдир, ҳеч бири ўз мартабасидан четга чиқмайди ва доимо Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб турадилар. Шундай бўлгач, сен ҳамиша ҳушёр ва эҳтиёткор бўлгин, токи вазирлар, лашкарбошилар, амалдорлар, иш бошқарувчилар, сипоҳсолорлардан ҳеч бири ўз мартабаси чегарасидан чиқмасин ва доимо сенинг ҳукмингга мунтазир бўлиб туришсин. Ҳар тоифа ва ҳар қавмни ўз мартабаларида тутгинки, салтанатинг низомга келиб, давлат интизомга киргай. Агар ҳар нарсани ва ҳар кимни ўз мартабасида сақлай олмасанг, салтанатингга бундан кўп халал ва зиён етгай. Демак, ҳар кимнинг қадр-қийматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак. [Ҳазрати] Муҳаммад авлодидан бўлганларнинг мартабаси- ни бошқалардан юқори кўтариб, уларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйгил. Уларга қанча кўп муҳаббат билдирсанг ҳам, уни исроф деб ўйлама, чунки қайси иш худо йўлида бўлса, унда исроф йўқдир. Ўн икки тоифа билан 'давлатингга зийнат бериб, шулар билан салтанат қургил. Вассалом», деб ёзибдилар.

Пиримнинг ушбу хати менга етишгач, унда буюрилган ҳар бир нарсани бажо келтирдим. Салтанатим ишларини қонун-қоида ва интизомга солиб, салтанатим мартабасига зебу зийнат бердим. Салтанатимни ўн икки тоифага бўлиб, уларга таянган ҳолда. иш юргиздим. Салтанатим қонун-қоидаларини ҳам шу ўн иккй тоифага боғлаб туздим. Бу ўн икки тоифани салтанатим фалакининг ўн икки буржи ва давлатим корхонасининг ўн икки ойи деб ҳисобладим.

Биринчи тоифа — саййидлар, уламо, шайхлар, фозилларни ўзимга яқинлаштирдим. Улар менинг саройимга доимо келиб- кетиб, мажлисимни безаб туришди. Диний, ҳуқуқий, ақлий

масалаларни ўртага ташлаб, қимматли фикрлар билдиришарди. Ҳалол ва ҳаромга оид масалаларни мен улардан ўргандим.

Иккинчи тоифа — ақлли кишилар ва кенгаш соҳиблари, эҳтиёт- кор арбоблар, сергак ва кейинини ўйлаб, олисни кўриб иш юритувчи, кекса ва тажрибали кишиларни хос мажлисимга киритиб, суҳбатларидан, ишларидан нафъ олиб, тажриба ҳосил қилардим.

Учинчи тоифа — дуогўй кишиларни қадрладим. Улар билан хилватда суҳбат қуриб, кўнглимдаги мақсадимни айтиб, дуо тилардим. Мажлисларда, базмларда, жанг майдонларида улардан кўп баракатлар топдим. Тўхтамишхон билан бўлган жангда ғаним лашкари кўплигидан ва менинг лашкарим эса озлиги, очлигидан кўп азият тортган эдим. Шу пайт соҳиби дуо бўлмиш Мир Зиёвуддин Сабзаворий бошидан салласини олди, қўлларини дуога очиб [мен учун] Тангридан зафар тилади. Ҳали дуоси тугамай туриб дуо таъсири кўриниб, [лашкарларим ёғийни қочирдилар]. Яна бир мисол шулки, саройим ҳарамидагиглардан бири қаттиқ оғриб, ўлими яқинлашди. Дуогўй саййидлардан ўн икки киши йиғилишиб келдилар. Ҳар бири ўз умридан бир йилни унга бағишлади ва у соғайиб яна ўн икки йил яшади.

Тўртинчи тоифа — амирлар, сарҳанглар, сипоҳсолорларга мажлисимдан ўрин бериб, мартабаларини юқори кўтардим. Улар билан суҳбатлашиб, маслаҳатлар олдим. Жанг майдонларида мардона қиличлашган шижоат аҳлини дўст тутардим. Жанг майдонларига от чоптириб кириб-чиқиш усулларини, ғаним лашкари тўпини бузиб, сафларини синдиришни, найза санчиб, қилич чопқилашни, бутун уруш-талаш ишларини улардан сўрар эдим. Сипоҳгарлик ишларида уларга таяниб, улардан кенгаш тилар эдим.

Бешинчи тоифа — сипоҳ ва раият бўлиб, ҳар иккисига бир кўз билан қарадим. Сипоҳийлардан чиққан баҳодирлар, довюракларга махсус фахрли ўтоға, камар ва таркаш тақдим этиб, мартабаларини кўтардим. Ҳар эл ва ҳар мамлакатнинг улуғларини, бошлиқ- оқсоқолларини қадрладим, уларга совға-саломлар бериб, хизматларидан фойдаландим. Сипоҳийларимни ҳамиша жангга тайёр ҳолда тутдим, ойлик ҳақларини сўраттирмай вақтида берардим. Чунончи, Рум юришида сипоҳийларимга ўтган ва келажакда қиладиган хизматлари учун етти йиллик озуқаларини бирданига бердим. Сипоҳ ва раиятни шундай тутдимки, биронтаси иккинчисидан устунлик қилиб, қаттиқ гапиролмас эди. Бошқа сипоҳийларни ўз мартабаларига ва даражаларига қараб шундай сақладимки, ҳаддидан ташқари бирон қадам қўёлмас эди. Уларнинг мартабаларини на кўп кўтариб, ҳовлиқтирмадим ва на кўп тушуриб юбориб, кўнгилларини чўктирмадим. Қайси бири кўзга кўринарли бирор хизмат кўрсатар экан, инъомлар бериб, бошқалардан айрича ҳурматладим. Кимнинг ақли ва шижоатини синов тарозусида тортиб кўриб, бошқаларникидан ортиқроқ кўрсам, уни тарбия қилиб, амирлик даражасига чиқарар эдим. Сўнгра кўрсатган хизматига яраша мартабасини янада кўтарар эдим.

Олтинчи тоифа — ақлли, тажрибали, энг ишончли кишиларки, салтанат ишларини, сирларини уларга очиб, [улар билан] кенгаш қилишимга лойиқ кишилар эди. Булар билан сирдошлик қилиб, яширин ишлар, махфий сирларни шуларга топширдим.

Еттинчи тоифа — вазирлар, бош котиблар, девон муншийлари- ки, салтанатим саройини шулар билан безатдим. Буларни менга тобеъ мамлакатлар [уйлари] нинг кўзгуси деб билдим. Чунки улар эл орасида ва мамлакатда бўлаётган кундалик воқеаларни, сипоҳ ва раият туриш-турмушини менга билдириб турар эдилар. Булар давлат хазинаси, сипоҳ ва раиятга оид ишларни тартибга солиб юритдилар. Салтанат мулкига тушган рахналарни бекитишнинг лойиқ чораю тадбирларини кўрдилар. Салтанатим корхонаси хазинасининг кирим ва чиқимига оид ишларни тўғри олиб бордилар. Ҳамиша мамлакат тўкинчилиги ва ободлиги учун ҳаракат қилишарди.

Саккизинчи тоифа — ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар ва муҳандисларки, улар салтанат корхонасига ривож берувчилардир. Уларни ўз атрофимга тўпладим. Ҳакимлар ва табиблар билан иттифоқда беморларни даволатар эдим. Мунажжимлардан сайёралар (кавокиб)нинг қутлуғ ва қутсиз кунлари, уларнинг ҳаракати ва осмонда айланишини аниқлаб олардим. Муҳандислар билан иттифоқда олий иморатлар барпо этиб, боғу бўстонларнинг лойиҳа-тарҳини чиздирдим.

Тўққизинчи тоифа — муҳаддислар, пайғамбар, унинг авлодлари ва саҳобалари ҳақида ривоятлар нақл қилувчилар (тарихчилар) ҳамда қиссахонлар бўлиб, уларни ҳам ўзимга яқинлаштирдим. Пайғамбарлар ва авлиёлар ҳақидаги қиссаларни, ўтган подшолар тўғрисидаги хабарларни, уларнинг салтанат тахтига қандай етишганликларини, давлатларининг қандай сабабларга кўра завол топганлигини булардан сўраб билардим. Ҳар қайсисининг қиссалари ва хабарлари, ишлари ва сўзларини эшитиб тажрибам ортди. Оламда бўлаётган воқеаларни улардан эшитардим ва олам аҳволидан хабар топар эдим.

Ўнинчи тоифа — машойихлар, сўфилар, худони таниган орифлардир. Уларнинг хизматларида бўлиб, суҳбатлар қурдим ва охират фойдаларини олдим. Улардан Тангри таолонинг сўзларини эшитиб, кароматлар кўрдим, фавқулодда одатларини мушоҳада этдим ва суҳбатларидан роҳатланиб, ҳузур қилдим.

Ўн биринчи тоифа — касбу ҳунар эгаларидир; буларнинг ҳар тоифа ва синфидан бўлганларини давлатхонамга олиб келиб, ўз ўрдамдан ўрин белгиладимки, сафарда ва ҳазарда сипоҳимга керак яроқлар ва бошқа нарсаларни ҳозирладилар.

Ўн иккинчи тоифа — ҳар мамлакат ва диёр саёҳатчиларию мусофирларининг бошини силадимки, турли мамлакатлардан менга хабар келтириб турдилар. Ҳар бир мамлакатга ва диёрга савдогарлар ва карвонбошилар тайинладимки, улар қаерга боришмасин: Хитой, Хўтан, Чину Мочин, Ҳиндистон, араб мамлакатлари, Миср Шом, Рум, Жазоир, Фарангистон (Европа) у ерларнинг нафис матолари ва муносиб туҳфаларидан келтиришсин. Ўша мамлакатларда яшовчи кишиларнинг ҳол-аҳволи, туриш-турмушлари ҳақида менга хабар олиб келсинлар. Ҳар бир мамлакат ҳукмдорининг ўз раиятига қандай муомалаю муносабатда эканлигини аниқласинлар.

Давоми бор...

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин