Саналар
12.12.2024
Баннер
Саёҳатнома (1)
PDF Босма E-mail

Муқаддама

Ибн Баттута жаҳон маданияти ва тафаккури ривожида Ибн Хурдодбеҳ, ал-Яъкубий, ал-Истахрий, ал-Мукаддасий, ал-Масъудий, Ибн Ҳавқал каби ўрта аср араб географлари ҳамда Абу Ҳамид ал-Ғарнотий, Ибн Фадлон, Ибн Жубайрлардек сайёҳлар орасида ўзининг «Саёҳатнома»си билан алоҳида ўрин тутган машҳур араб сайёҳидир. Унинг «Саёҳатнома» асари ўрта аср мамлакатлари, шаҳарлари, уларнинг халқлари маданияти, турмуш тарзига оид ғоят қимматли, кўп ўринларда ягона маълумотлари билан бошқалардан ажралиб туради. Академик И. Ю. Крачковский Ибн Баттутани «Барча мусулмон мамлакатларини кезиб чиккан сўнгги энг буюк сайёҳ», дея эътироф этган эди.

Тасвир ва тавсиф этилган ерлар, мамлакатлар, халқлар микдори ва миқёси жихатидан, ниҳоятда хилма-хил маълумотларнинг кўплиги (география, этнография, маданият, иқтисодиёт, топонимика, антропология, тарих, дин, шаҳарсозлик ва ҳоказо), баёнининг соддалиги, ҳаққонийлиги ва хужжатларга асосланганлиги жиҳатидан Ибн Баттута «Саёҳатнома»си XV асргача бўлган мусулмон географик адабиётидагина эмас, умуман бутун дунё тасвирий географик адабиёти тарихида тенги йўк асардир. Географик кашфиётлар ҳақидаги монументал асар муаллифи Рихард Хеннинг: «XIV асрда яшаган марокашлик Ибн Баттута, шубҳасиз, кадим дунёда ва маълум бўлган барча ўрта аср сайёҳлари ичида энг буюги деб тан олиниши керак. Ҳатто Марко Полонинг муваффақиятлари хам бу саёҳат ишқибози бутун умрини бағишлаган ҳайратомуз меҳнат олдида ҳеч гап эмас... Гарчи ХIV-ХVIII асрларнинг буюк денгиз саёҳатчилари умуман олганда XIV асрда яшаган Ибн Баттута босган йўллардан кўпрок масофани босиб ўтган бўлсалар ҳам, бу марокашликни Магеллангача бўлган барча даврнинг энг буюк сайёҳи деб атасак муболаға бўлмайди», - деганида худди шуни кўзда тутган эди.

Бир карашда у муқаддас шаҳар ва кадамжоларни зиёрат килиб, шу туфайли замондошлари олдида эътибор козониш ёки 1305 йили Дамашқда бўлганидек, фиқхдан ваъзу мунозаралар тинглаб, бирон ҳадис мажмуасидан мударрислик қилиш ҳукукига эга бўлиш ёхуд турли мамлакатларнинг хукмдорлари, нуфузли арбобларидан ҳадялар олиш сингари шахсий манфаатларини кўзлагандек кўринади.

Аммо булар асосий муддао эмас эди. Афтидан, уйғониш даври тонгида Шарқ ва Европадан чиққан кўп сонли сайёҳлар сингари Ибн Баттута ҳам янги ўлкалар очувчи кашшофлар сирасидан бўлган. Уни иқтисодий ва сиёсий сабаблардан кўра кўпроқ дунёни кўриш-билиш ташналиги йўлга чорлади. Дунё кенгайиб борар, бу ҳақда қизикарли маълумотлар бериб, халқларнинг билим доираларини орттиришда сайёхларнинг хизмати кам эмас эди.

Арабларга таниш бўлган «аҳолиси яшайдиган куруқлик» тобора кенгаяр, у билан бирга янги мамлакат ва шаҳарларга кизиқиш ҳам ортар, номаълум элу элатлар билан танишиш орзуси, Ибн Баттутанинг ўзи ёзганидек, «дунё кўриб кўнгил очиш, турли ажойиботларни кўриш, мўъжизалар ҳакида ҳикоялар эшитиш, кенг билим орттириш, қизиқ-қизиқ одамлар билан танишиш, такдирни синаш» истаги кучайиб борди. Ибн Баттутанинг «бир юрган йўлдан иккинчи марта ўтмаслик» ҳақидаги шиори ҳам худди мана шу мумкин кадар кўпроқ кўриш-билиш истаги билан изоҳланади. Сайёҳ йўлида дуч келган тўсиқ ва қийинчиликлар ҳам, турли машаққатлар ва муҳтожликлар ҳам уни аҳдини ўзгартиришга мажбур эта олмаган эди.

Ибн Баттутанинг турли халқлар ҳаёт тарзи, кийиниш маданияти, урф-одатлари ва эътикодлари борасидаги тафсилотларга тўхталиб ўтиши баъзи тадқиқотчилар томонидан уни нафақат сайёҳ, фақиҳ, тарихчи, балки ўрта аср илк антропологларидан, баъзилар томонидан эса этнологларидан бири сифатида эътироф этилишига сабаб бўлган.

Шу жиҳатдан ижтимоий ҳаёт, урф-одатлар, эътиқодлар ва қадриятлар ҳақида жуда бой материални ўз ичига олган «Саёҳатнома» антропологик жиҳатдан ҳам қимматли манба ҳисобланади. Асарда турли халқлар дастурхонига мансуб турли таомлар таърифлари, байрам ва мотам кийимлари, сиёсатдан тасаввуфгача бўлган ўша давр кишисига тегишли барча масалаларда маълумотлар берилган. Тадқиқотчилар «Саёҳатнома»нинг ана шундай энциклопедик жиҳатига эътиборни қаратганлар. «Саёҳатнома» географик тавсиф бўлибгина қолмай, балки мемуар - эсдаликлар, йўл хотиралари сифатида ҳам аҳамиятлидир. Бу ўринда муаллифнинг шахсий кузатишлари, кечинмалари биринчи ўринга чиқади ва асарнинг маълум маънода бадиийлигини таъминлайди.

Китобий таҳсилга унча майли бўлмаган ва ўз билимларини кўп йиллик дарбадарликда, ўзига замондош бўлган олимлар билан мулоқотда жамғарган сайёҳ ўз хотирасини шунчалик ўткирлаштириб, баёнчилик касбида шундай маҳоратга эришган эдики, учратган одамларини, кўрган ажнабий юрт ва шаҳарларининг қиёфаси ҳамда фазилатларини то умрининг охиригача ёдидан чиқармади. Унинг фактик материалларга бой, бениҳоя тафсилотлар билан тўла ҳикоялари кўп вакт ишончсизлик ва гумонсирашларга сабаб бўлиши табиий эди. Фосда, Маринийлар саройида ҳикоя килинган «ажойиб воқеалар»га билдирилган ишончсизлик охир-окибатда сайёхга ижобий таъсир қилди. «Ҳурматли зотлар»нинг бундан кейинги таъналаридан эҳтиёт бўлиб, Ибн Баттута ўз таассуротлари баёнида жуда пухта, аник ва эътиборли бўлишга карор қилди.

Ўз кузатишлари баёнида Ибн Баттута «ўз кўзим билан кўрганман», бошка холларда «буни фалончидан эшитганман», деб таъкидлайдиган бўлди. Вокеаларни баён этишда у ўзи ҳақиқат деб ёзган маълумотларини аниқ далиллаш йўлидан боради, ўзга холларда эса масъулиятни ўзидан сокит қилиб, баъзи манбаларни эслатиб ўтиш билан чегараланади. Бу фазилат Ибн Баттута «Саёҳатнома»сининг назарий ва амалий қимматини янада оширади.

В. В. Бартольднинг таъкидлашича, «араб географик адабиётининг китобий туси ва шу билан боғлик бўлган хронологик ноаниклиги ундан фойдаланишни бирмунча кийинлаштиради. Масалан, агар бир муаллиф X асрда, бошка бири эса XI асрда ижод этганини билсак, бу иккинчисининг хикоялари биринчисиникидан кўра кейинрок даврга мансуб, деган сўз эмас; деярли барча муаллифлар манбаларни санаб ўтмасдан, уларнинг даврини аниқламасдан китобларга караб ёзаверишган кўпинча XI аср асарларида X асрдан анча олдинги манбалардан фойдаланилган бўлиб чикади».

Айтиш керакки. Ибн Баттутанинг «Саёхатнома»си эса араб географик адабиёти тарихида алохида ажралиб туради ва «ўз кўзи билан» кўрган мамлакатларнинг географик тавсифи - риҳла (саёҳат) жанрининг юксак муваффакияти хисобланади. Географик адабиёт жанри - риҳлатнинг биринчи ёркин намунаси Ибн Фадлоннинг «Волгага саёхат»и эди. Аммо уни ҳажми ва микёси жиҳатидан Ибн Баттута «Саёҳатнома»си билан сира тенглаштириб бўлмайди. Бу жанрдаги яна бир ёдгорлик Ибн Баттутанинг мухаррири томонидан фойдаланилган Ибн Жубайр китобидир. Бу китобни хам Ибн Баттута «Саёҳатнома»си билан бир каторга кўйиш мантиқий эмас, чунки Ибн Жубайр географик жанрда эмас, ёзишмалар шаклида асар яратган.

Ушбу сахифаларда тадқик килинаётган «Ибн Баттута саёҳати» (XIV аср) араб сайёҳлари колдирган ёзма ёдгорликлар орасида муҳим ўрин тутади. «ХIII-ХIV аср коинот тавсифлари ва комусларидан кейин, - деб ёзади И. Ю. Крачковский, - умуммусулмон ёзма адабиёти ўз авж нуктасини топади... саёҳатнома жанри микдор жиҳатидан узлуксиз бойиб боради, бу ўринда яна эътиборга лойиқ жойи шуки, барча мусулмон мамлакатларини кезиб чиккан сўнгги буюк сайёҳ ҳам XIV асрга мансуб. У ҳам бўлса машҳур Ибн Баттутадир. Унинг саёҳатномаси араб мактабларида ҳануз ўқитилмоқда... Олтин Ўрда ёки Ўрта Осиё ҳақида бирон асар йўқки, бу зот тилга олинмаган бўлса...»

И. Ю. Крачковский Ибн Баттутани «энг охирги универсал амалиётчи - географ, китобхўр - кўчирмачи эмас, балки ғоят кўп мамлакатларни шахсан кезиб чиқкан сайёҳ», деб атайди. У ўзининг йигирма саккиз йиллик сафари давомида шимолий ва ғарбий Африка, Арабистон ярим ороли, Ҳиндистон ва Испания, Туркия ва Эрон, Ўрта Осиё ва шарқий Европа ҳамда Хитойнинг юзлаб шаҳар ва қишлоқларини кезиб чиқди. Ибн Баттутанинг «Саёҳатнома»сида энг олис элу элатлар тўғрисида қизиқарли ҳикоялар шу қадар кўпки, муаллифнинг замондошлари уларнинг баъзиларига ишонқирамай, хаёлий манзаралар, деб ҳисоблаганлар. Ҳатто Ибн Баттута билан шахсан таниш бўлган машҳур олим Ибн Халдун ҳам «одамлар уни ёлғончиликда айбламоқдалар», деб «Саёҳатнома»даги ҳикоя ва баёнларга жиддий муносабатда бўлмаган. Кўпгина Европа олимлари ҳам Ибн Баттута маълумотларига ишончсизлик билан қараганлар. Бу ҳол эса ўз вақтида «Саёҳатнома»ни муносиб равишда баҳолашга ва унинг матнини тиклашга монелик қилган.

Шарқшунослик фани ва география тадқиқотчилиги ривожланган сари турли мамлакат олимлари Ибн Баттута ёзмалари ўрта асрда яшаб ўтган, турли мамлакатларни кезиб чиққан шахснинг хаёлий хотиралари эмас, балки халклар ва ўлкаларни бевосита кузатган холис ва ҳалол одамнинг таассуротлари эканига тобора амин бўла бошладилар.

«Саёҳатнома»га географик, тарихий, маданий ва бошқа соҳаларга хос хилма-хил маълумотлар манбаи сифатида қизиқиб қараш масаланинг бир жиҳати, холос. Гап шундаки, «Саёҳатнома» ўша замон кишиларининг ўзига хос дунёқараши, фикрлаш доираси, манфаатлари, вокеа ва ҳодисаларга муносабати, урф-одатлар ва қадриятларни баҳолай олиши каби масалаларни ўрганишда даврнинг ҳар хил «маиший ва ахлоқий» тасвирларидан кўра ишончлироқ ва қимматлирок адабий-маънавий бир ёдгорлик ҳамдир.

«Саёҳатнома» мансуб бўлган жанрнинг, адабий-ижодий йўналишнинг муҳим белгилари нималардан иборат? Ибн Баттутанинг ёзмалари сайёҳнинг босиб ўтган йўллари, маълумотларининг ҳакконийлиги нуқтаи назаридан ўрганилиб, тарихчилар, археологлар, чақа танга тадқиқотчилари (нумизматиклар) томонидан кўп фойдаланилган бўлса ҳам, бу жиҳатдан ҳали етарли ўрганилмаган.

Фикримизча, мазкур асар унда берилган воқеий маълумотлар нуқтаи назаридангина эмас, балки адабий-ижодий вокеа сифатида ҳам жиддий эътиборга лойиқ. «Саёҳатнома» тадқиқотчиларининг деярли ҳаммаси якдиллик билан таъкидлайдиларки, бу асарнинг услуби «риҳла» туридаги «Йўллар ва давлатлар китоби» (жумладан, Ибн Хурдодбеҳ, Ибн ал-Факиҳ, ал-Истахрий ёзмалари) каби асарлар услубидан, шунингдек, ажойиб комусчи олим Ёқут ал-Ҳамавий қаламига мансуб бўлган, ўрта асрларнинг энг мукаммал географик мажмуаси «Мўъжам ал-булдон»нинг услубидан ҳам анча фарк килади. Масалан, Абу Ҳамид ал-Ғарнотийнинг сафар баёни услуб жиҳатидан «Йўллар ва давлатлар китоби»га якин туради, «Саёҳатнома»да эса ўша замонларда кенг тарқалган анбиё киссалари ёки «маиший» адабиёт намуналарининг таъсири кузатилади. Бундай таъсир, айниқса, авлиёлар ва сўфий шайхлар кароматлари ҳақидаги кўп сонли кўшимча тармоқ ҳикояларда сезилади.

Гап Ибн Баттутанинг бир «мусулмон аллома» сифатида саёҳат қилганлигидагина эмас (гарчи бу ҳам, айниқса, мусулмон ҳукмдорлар назарида унинг обрў ва эътиборини оширганлиги шубҳасиз), балки даврнинг умумруҳий ҳолатида ҳамдир: форс ва араб тилларида тасаввуф шеъриятининг ривожланиши, авлиё ва анбиё киссаларининг кенг таркалиши, халқ анъаналари билан бевосита боғлиқ бўлган сийра жанрининг тарақкий топиши даврнинг маълум маънавий-руҳий вазиятини белгилар эди.

Ибн Баттута, худди Марко Поло сингари, гоҳида бизга арзимас бўлиб кўринган ходисаларга тўхталади, чунончи, ўзини қаерда кандай кутиб олганликлари, берган туҳфалари тўғрисида батафсил ёзади. Аммо буни муаллифнинг ўзига «ортиқча бино кўйиш» иллатига йўйиш хато бўларди. Ибн Баттута бундай тасвирларни ўзи учун жуда муҳим деб билган, чунки амир ё султоннинг келган сайёҳга ўзининг кайси томонидан жой таклиф этиши ҳам ўша давр расмига биноан катта маъно касб этар эди. Мўъжизалар, шайх ва авлиёларнинг мақбаралари ҳақида кўп сонли ҳикояларни ҳам Ибн Баттута худди шундай сермаъно омил деб ҳисоблаган.

Тадқиқотчи Абдуллоҳ Абдулғани Ғоним Ибн Баттутани илк антропологлардан санаб, «Саёҳатнома»нинг маълумотлари урф-одатлар, иқтисодий ва ҳуқуқий амалиётлар жиҳатидан ўрганиб чиқилганда, тафсилотларга бойлигини алоҳида таъкидлайди. Мисол учун, Ҳиндистон билан боғлик қисмда ўликни ёкиш маросимига алоҳида ўрин ажратилган, Эроннинг Ферузон шаҳрида жаноза маросимлари тўй кўтаринкилигида ўтиши билдирилган, Ийзажда жаноза муносабати билан жамоат кокилларини кесиб дод-фарёд кўтариши баён этилган, Онадўли воҳасида қабрлар уйни ёдга соладиган қилиб - ёғоч томлар курилишига тўхталиб ўтилган.

Ибн Баттута кезган ўлкаларнинг географияси ва иқтисоди ҳақида ҳам тўлақонли маълумотлар беради. Бирок профессионал географ бўлмагани учунми масофаларни маълум килмайди, факатгина сафарининг неча кун давом этганини қайд этади. Асосий эътибори турли китъаларда яшовчи халқлар ҳаёт тарзи, маданияти билан танишишга қаратилган бўлгани учун жуда кўплаб шаҳарларни «бинолари мустаҳкам, масжидлари катта ёки кичик», «кўҳна дарвозаси бор, қалъанинг ички қисми бўм-бўш» тарзидаги жумлалар билан тасвирлаб ўтади.

Ибн Баттута сўфийлар ва зоҳидларни ўзига яқин тутганлиги сабабли уларнинг ўгитларига доимо амал қилган. «Саёҳатнома» асари мана шу жиҳати билан ўша даврнинг тасаввуфий қаёти ҳақида ҳам қимматли маълумотлар тақдим этади. Оддий одамдек кўринишига қарамай унинг услубида ғайритабиий рангинлик ва кишини ларзага солиш хусусияти ҳукмрон эди. Кези келганда у баъзи сўз ва ҳикояларга ишонмаганини билдирса-да, ишончли бир кишидан келган ривоятни рад этмай, уни ўз асарида баён этган.

Ибн Баттутанинг ўзи ҳақида биографик маълумотлар кам. Атоқли сайёҳнинг номи кенг тарқалган бўлишига қарамай, араб тарихий манбаларида у ҳақда иккитагина кичик қайдни топиш мумкин: бири - Ибн Халдуннинг машҳур «Муқаддима»сида, иккинчиси - Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг биографик луғатида. Ал-Асқалоний Ибн Баттута ҳақида сўзлаб, ўз замондошлари Ибн ал-Хатиб (вафоти 1374 й.) ва Ибн Марзук (вафоти 1448 й.) маълумотларига таянганини айтади. Шунга қарамасдан Ибн Баттутанинг ҳаёти ва шахсияти ҳақидаги маълумотларнинг асосий манбаи унинг ўз «Саёҳатнома» асари эканини таъкидлаш лозим.

Ибн Баттутанинг саёҳати ҳақиқий жасорат, шу билан бирга ғоят катта жисмоний ва маънавий матонатгина эмас, ҳушёрлик, турли вазиятларга мослаша билишни ҳам талаб қиладиган оғир ва машаққатли меҳнат эди. Унинг бутун ҳаёт йўли саргардонлик ва дарбадарлик билан ўтганки, уни сафару саёҳатлардан ажратиб баён этиш мумкин эмас. Унинг бутун туриш-турмушига айланган бу саёҳатлардан муддао нима эди? Ибн Баттута ўз шахси, ўз интилишларининг сабаблари тўғрисидаги мулоҳазалардан қочади, бу ҳақдаги маълумотларни сайёҳ ёзмаларининг тўқимасидан топиб теришга тўғри келади.

Қуйида Ибн Баттутанинг «Саёҳатнома» асари, уни тадқиқ ва таржима қилиш жараёнида эришилган илмий хулосалар ҳамда ўша даврда яшаб ўтган бошқа араб ва араб бўлмаган буюк алломалар, сайёҳлар ва тарихчиларнинг асарларига мурожаатларимиз асосида олинган тарихий далилларга таяниб, Ибн Баттутанинг ҳаёти ва ижоди, «Саёҳатнома» асари, унинг тадқиқотларига оид маълумотларни тақдим этамиз.

Н. Иброхимов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин