Саналар
21.12.2024
Баннер
Туркистонда майхўрлик
PDF Босма E-mail

Бўза, май ва умуман кайф берадурғон ичкиликларининг зарарли бўлиши тўғрисида сўзлаб ўлтириш ортиқчадир. Унинг қандайин заҳри беомон экани илман собитдир. Яқинда бутун Русия олимларининг Масковда бўлуб ўткан қурултойи ақлсизлик-жинниликнинг ичкиликка жуда яқин алоқада бўлганини исбот этди.
Бу нарса Туркистоннинг бутун шаҳар ва қишлоқлариға ёйилғон. Ҳатто баъзи бир зиёлилар ва хотинлариға ҳуррият тарафдори бўлғон кимсалар ўз оилалари билан ҳам «расман» ичишмакка бошлағонлар.
Кўп кишилар бунинг кўп ичилишини билимсизликдан, зарарини тушунмаганликдан келадир, дейдилар. Лекин бу тўғри эмас. Дўхтурлар ҳам тамаки ва «алкагул»нинг зарарини жуда яхши билатуриб, ўзларини шундан торта олмайдирлар. Бу, тўғриси, тарбиясизлиқдан келгандир. Бундай кишилар ўзларини идора эта олмайдурғон зотлардир. Бунга ўргангандан кейин қутулиш қийин.
«Туркистон» газетининг ўтган сонларидан бирида, Туркистон Хатқ комиссарлар шўросининг кўкнори экишни ман қилиб чиқарғон қарори ёзилди. Биз буни кўруб халқни заҳарлайдурғон моддалардан бирини камайтириш ва битириш йўлиға киришганлигини кўруб жуда севиндик ва олқишладик. Бугун ичкилик тўғрисинда ҳам ўз товушимизни халқнинг ҳомийи ва мураббийи бўлған юқори ҳукумат доираларига эшитдирмакчимиз.
Ичкилик ўзгаришдан кейин бир неча вақтлар ман қилинғон бўлса ҳам, «иқтисодий-сиёсат» билан яна эски ҳолиға қайтди. Самогун ва мусаллас пиширғувчилар билан кураш олиб борғон бўлса ҳам, ул кўп вақт давом этмади. Шундан кейин яна ривож олиб кетди.
Мана бу курашни тўхтатмаслик керак. Юқори доираларимизнинг, айниқса, бўлис ва қишлоқ ташкилотларининг ва халқимизни маданий ҳаётга яқинлаштирмоқ дардида бўлғон ишчиларимизнинг шу масалага жиддийроқ қарамоқларини ўтинамиз.

Вадуд Маҳмуд

Ушбу мақола «Туркистон» газетасининг 1923 йил 24 декабр сонида эълон қилинган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин