Саналар
21.12.2024
Баннер
Қодирий, Чўлпон ва бошқалар
PDF Босма E-mail

Адабиётшунос олимларимиз-мунаққидларимиз Абдулла Қодирий, Чўлпон, Элбек, Усмон Носирнинг ноёб қобилиятлари ва ўлмас асарлари ҳақида авлодларимиз учун жуда қимматли маълумотларни ёритмоқдалар. Бунинг учун уларга ҳар қанча таҳсин ўқисак-да, озлик қилади. Лекин биз адибларимизни инсон сифатида нечоғлик биламиз? Мен ўз сўзимда у зоти-шарифларнинг баъзи фазилатлари ҳақида гапирмоқчиман.
Абдулла Қодирий бағри кенг, садоқатли, халқимизга ўта меҳрибон, баркамол, ҳожатбарор, чин инсон эдилар.
У зотнинг ўзлари меҳмон чақиришни яхши кўрсалар-да, шоҳона зиёфатларга боришни, тантанали мажлисларда иштирок этишни ва баландпарвоз гапларни тинглашни ёқтирмас эдилар. Машҳур ёзувчимиз кишилар бойлиги ва лавозимини писанд этмай, фақат одамийлигига қараб муомала қилардилар.
Дўстларининг аксарияти адабиёт, дин арбоблари, ишчилар, деҳқонлар, косиблар, кўнчилар ва бошқа касбдаги шинаванда чапанилар эди. Ўзларида ҳам сезиларли даражада чапанилик бор эди. Машҳур боғбон Иноғомжон ота билан яқин муносабатда бўлганига кўп бор шоҳидман. Боғ парвариши ҳадисини у кишидан олган бўлсалар ажабмас.
Абдулла Қодирийнинг топиш-тутишлари яхши, қўллари ҳамиша очиқ, сахий эди, шунданми турмушлари ҳам ўртача кечар эди.
1933 йили мамлакатда очарчилик ва қаҳатчилик юз берди. Мен ёзги таътилга чиқиб, Москвадан Тошкентга келдим ва ўша куниёқ Абдулла Қодирийни кўргани уйларига бордим. У киши қопчиқ кўтариб дарвозаларидан энди чиққан эканлар. Мени кўриши ҳамоно қопчиқни ерга қўйиб:
— Э, қадаминг қутлуғ бўлсин, қанчадан бери соғиниб юрган эдим. Кел, жигарим, — дея мен билан қучоқлашиб кўришдилар (авваллари қўл бериб кўришардилар). — Қани, ичкарига юр!
Мени шийпонга бошладилар, чой устида ҳол-аҳвол сўрашдик. Чўлпонни суриштирдилар. Мен Чўлпон бериб юборган икки бўлак ширин кулча (печенье) ва мактубни бердим. Мактубни ўқигач, узоқ хўрсиндилар-да:
— Чўлпоннинг ўз таъбири бўйича айтсам: «фақат мажнун бўлиб элни севаман», деганлар учун ғурбатда яшаш оғирлик қилади, — дея хатни менга узатдилар.
Мактуб мазмуни ниҳоятда ғамгин бўлиб, унинг ниҳоясида қуйидаги тўртлик ҳам ёзилган экан:
Ватандан дарбадар бўлдим, ғарибман, ошиёним йўқ,
Паришон ҳолимни сўрғучи руҳи равоним йўқ.
Тирикман, ўлмаганман, лекин инсонликда соним йўқ,
Агар қатл этсалар, девона Машрабдек тавоним йўқ.
— Сен бунда дам олиб ёт. Уйда егулигимиз охирлаб қолибди, мен бултурги ҳосилдан қолган маккани ун қилдириб қайтаман, сўнг мазза қилиб гурунглашамиз, — дедилар.
Мен унамадим. Бирга Чуқуркўприкдаги Маҳмуд Сариқнинг тегирмонига бориб, ун қилиб қайтдик. Ўша бир пуд чамасидаги ундан тўрт коса унни олиб, тўрт қўшнисиникига чиқариб юбордилар.
— Нима қиляпсиз? — деб ҳайрон бўлиб сўрадим.
— Бу қўшниларимга берилаётган кафсан, — дедилар.
— Унда менга берадиган кафсанингиз қани? — дедим ҳазил аралаш.
— Сен кафсанга муҳтож эмассан-да.
— Мен берган кафсанингиз савобига муҳтожман, — дедим.
— Ҳа, майли, савобига сен шерик бўлақол, — деб жилмайиб қўйдилар. Хулоса қилиб айтганда, бундайин саховат, олийжаноблик, бундайин чин одамийлик ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди, айниқса, очарчилик йилларида! Айнан шундай ноёб фазилатлари учун Абдулла Қодирийни туғишган акамдан кўра зиёдроқ ҳурматлар эдим.
...1936 йилнинг ёз кунларидан бирида, Абдулла Қодирий бир болага мени зудлик билан айтиб кел, деб тайинлаб юборибдилар. Тезда уйларига етиб борсам, ёлғиз ўзлари шийпонда чой ичиб ўтирган эканлар.
— Хайриятки уйда экансан, зап вақтида етиб келдинг. Энди, гап бундоқ, иним. Чойдан сўнг тайёргарлик кўрамиз. Кечга меҳмонлар келишади.
У кишининг меҳмондўст одам эканлигини билардим. Рўзғорбоплиги ҳам ҳавас қилса арзигулик эди. Аммо меҳмон кутишда асло исрофгарчиликка йўл қўймасди.
Ҳаял ўтмай эшикдан кўркам, салобатли бир киши кириб келиб, Абдулла Қодирий у билан ҳазил-мутойиба қилишганча, қучоқлашиб кўришдилар. Сўнг мени:
— Бу йигит менинг тутинган иним, Москвада ўқийди, таътилга келган, — дея таништирдилар.
Чойдан сўнг Абдулла Қодирий қўрғончага кириб, ҳадеганда қайтиб чиқавермадилар. Бу орада мен меҳмон билан гаплашиб ўтирдим. Меҳмон Ниҳоятда сўзга чечан экан. Мен ийманиброқ турдим. Меҳмон мени қайси институтда ўқишимни сўраб билгач: «Ҳа, мен сизни ғойибона танийман, сиз иккинчи курсни битириб, учинчи курсга ўтдингиз. Шундайми?» деди. Бу ҳам етмагандек, Москвада талабаларнинг қайси институтда, қайси курсда таълим олаётганини ҳам янглишмай айтиб берди. Мен ҳанг-манг бўлиб қолдим. Шу аснода Абдулла Қодирий бир лаганда қўрада пиширилган дунбул жўхорини олиб чиқиб, ўртага қўйдилар. Зўр иштаҳа билан едик, ундан сўнг мошхўрда олиб чиқдилар. Меҳмон мошхўрдани мақтай-мақтай биз билан бирга тановул қилди. Сўнг Қодирийдан изн сўраб, хайрлашди, биз кузатиб қолдик. Мен Абдулла Қодирийга бу ўртоғингиз фолбинми дедим-да, у киши билан бўлган суҳбатимизни сўзлаб бердим.
— Бу меҳмон Москвада, Миллатлар халқ комиссарлигининг юқори лавозимида кўп йиллар ишлаган Абдулҳай Тожиев деган киши. Жуда зийрак, хотираси зўр, ақли расо, дилкаш, бутун умрини халқимиз, ватанимиз равнақи йўлига тиккан, юрт бойлиги, мунавварлиги учун жонини аямайдиган одам, — дедилар.—У ҳозир Тошкент шаҳар ижроия қўмитасига раис қилиб тайинланган. Келгусида Файзулла Хўжаев ўрнига ўтса ҳам ажаб эмас.
Мен, Абдулла Қодирийнинг Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев билан яқин дўст бўлганларини сезардим, лекин улар тўғрисида ҳеч нарса гапирмас эдилар. Негадир шу дамда жуда очилиб кетдилар шекилли: «Хўб, яхши раҳбарларимиз бор», деб яна бир воқеани гапириб бердилар.
— Яқинда Акмал Икромов мени чақириб, «Ўтган кунлар» романингизни қайта нашр қилсак, шу шарт биланки, сиз Юсуфбек ҳожининг руслар улуғ ёвимиз, деган жойини ҳамда Отабекнинг русларга қарши жангларда ҳалок бўлгани каби ўринларини таҳрирдан ўтказсангиз, сизга ўттиз минг сўм берар эдик, деди. Мен агар сиз айтган ўринлар олиб ташланса, роман романликдан чиқиб, сариқ чақалик ҳам қиммати қолмайди, деб жавоб қилдим. Акмал Икромов фикримга қўшилди.
Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев ва Абдулҳай Тожиев сингариларни аксилинқилобчи, миллатчи ташкилотларнинг аъзолари деб қораладилар. Халқ дўстларини — халқ душманлари дея бадном қилиб отиб ташлаган замон, ахир қандайин замон? Сталин замонасининг қонхўрлик кирдикорлари халқимиз юрагида битмас-туганмас жароҳат бўлиб қолди.
Кечки пайт Ғулом Зафарий, Ғози Юнус, Чўлпон, Элбек, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ғайратий, Санжар Сиддиқ, Юсуф Латиф ва Собир Абдулла кириб келишди. Шийпонда ўтириб қурган суҳбатимиз аста-секин қизий борди. Чўлпон йиғилганларга қарата:
— Эй, менинг майпараст дўстларим! Мана, майхонага жам бўлдик. Ихтиёрни соқийга берамиз. Май соқийдан, сархушлик биздан, — деб Ғулом Зафарийга таъзим қилди.
Чўлпон шийпонни майхона, суҳбатни май, йиғилганларни майпарастлар, мажлис бошлиғини соқий, деб ўхшатиш қилган эди. Суҳбат Ғафур Ғулом, Ғайратий, Собир Абдулла ва Элбек шеърларини ўқиш билан бошланди. Сўнгра Собир Абдулла халқимиз руҳига сингишимли бўлган аруз вазнида шеърлар ёзишни кенг тарғиб қилиш кераклигини таъкидлади.
Юнус Латиф янги усулда шеър ёзиш ҳозирги замонамизга мос тушади, аруз вазни эскириб қолди, деб эътироз билдирди. Ғози Юнус, Юнус Латифни қаттиқ танқид қилди. Абдулла Қодирий билан Ғози Юнус бир-бирларига қарама-қарши мақолалар ёзишса ҳам, аслида ҳар иккови бир-бирига меҳрибон кишилар эдилар.
Абдулла Қодирий ҳам Ғози Юнуснинг фикр-мулоҳазаларига юз фоиз қўшилиб. Юнус Латифнинг хатб йўлдан бораётганини айтди ва Ғози Юнусдан сабоқ олишга ундади.
Чўлпон Навоий даврида Ҳирот шоирлар масканига айланганлигини завқ билан гапирди. Бизда ҳам зўр истеъдодли шоир, ёзувчилар етишиб чиқишига аминлигини изҳор этди. Ниҳоят, Усмон Носир ижодига тўхталиб, замонамизнинг етук шоири, деб баҳолади ва унинг шеърларидан айримларини ўқиб, бу шоирга тан берса бўлади, деди.
Таржима соҳасининг билимдони, журналист Санжар Сиддиқнинг фикр-мулоҳазаларини диққат билан тинглаб, ҳаммалари ундан мамнун бўлдилар, ўтириш ниҳоясида Ғулом Зафарий:
— Ҳозирги вақтда ижодкорларимиз бироз бўлса-да, енгил нафас ола бошладилар. Ёзажак асарларимизни тилдан эмас, дилдан ёзайлик. Муросаи мадора деб, буюртма асар ёзишни бас қилайлик, — дея Абдулла Қодирийнинг «Обид кетмон» асари ва Чўлпоннинг айрим шеърларини танқид қилди.
Абдулла Қодирий билан Чўлпон Ғулом Зафарий фикрига қўшилдилар шекилли, унга ҳеч қандай эътироз билдирмадилар.
Абдулла Қодирий йиғилганларга миннатдорчилик билдириб, келтирилган овқатга ундади. Овқатдан сўнг яхши ниятлар тилаб тарқалишди. Абдулла Қодирий ҳар йили, ёзнинг айни пишиқчилик палласида диний арбоб, арабшунос Заҳриддин Аълам, бедилшунос Аловиддин махсум, навоийшунос Нодирхон махсум ва кекса авлодга мансуб бўлган шоирлардан Тавалло, Хислат, Мискин, Тошқин ва шу каби яқин биродарларини меҳмонга чақириб тарих, тиббиёт, мантиққа оид масалалар ҳақида суҳбатлашардилар. Заҳриддин Аълам Муҳаммад пайғамбар ҳадисларини, Саҳиҳ Бухорий ва ат-Термизий асарларини муҳокама қилар, Аловиддин махсум ва Нодирхон махсум Бедилу Алишер Навоий асарларини, улардаги ислом динига тааллуқли жойларини ўқиб тафсил қилишарди. Халқимиз тарихини пухта билган адиб диний урф-одатларга ҳурмат билан ёндашарди. Аммо бидъату хурофот билан асло ,чиқиша олмасди. Адибнинг бу фазилати асарлари қаҳрамонлари табиатига ҳам кўчган.
Менинг мазкур соҳадаги маълумотим оз бўлганлиги учун сукут сақлаб тинглардим. Абдулла Қодирий эса, улар билан бемалол баҳслашар ва баъзан ўзининг билимдонлигидан дўстларининг олқишларига ҳам сазовор бўлар эди. Уларга дастёрчилик қилишдаги нозик хатти-ҳаракатларни Абдулла Қодирийдан унча-мунча ўрганган бўлсам-да, мавлоноларга бекаму кўст хизмат кўрсатиш менга хийлагина оғир кўчар эди. Чунки Абдулла Қодирий ҳар бир суҳбатга бутун вужуди билан берилиб, меҳмонларни қай тариқа кутишни тамомила менинг ихтиёримига ташлаб қўярдилар. Уларнинг йиғилишлари жума куни эрта билан бошланиб, шом намозидан сўнг тугар эди. Намозларини ҳам шийпонда ўқишар эди. Шу аснода бир нарса эсимга тушиб қолди. Мўминжон Муҳамаджон ўғли Тошқинни дўстлари орқаворатдан Мўмин кофир дейишар эди, бир гал у кишиям намоз ўқигани гувоҳи бўлганман. Унга Абдулла Қодирийнинг даъватлари кор қилган бўлса ажабмас.
..,.1937 йилнинг охирларида Тошкентга келсам, юрт алғов-далғов. Қама-қама авжга минган экан. Маҳалламизда Миромил деган дўстим бор эди, у менга: «Сени уч-тўрт марта сиёсий идора ходимлари сўраб келишди. Мен ва маҳалла фаоллари сенинг бу ерда эмаслигингни айтганимиздан сўнг, мабодо келиб қолгудай бўлсанг, уларга хабар қилишимиз тўғрисида тилхат олиб кетишди. Сен ҳеч кимга кўринмай шу бугуноқ Тошкентдан чиқиб кет», деди. Мен ўша заҳотиёқ Мирзачўлнинг овлоқ бир қишлоғида яшайдиган танишимни қора тортиб, Тошкентдан чиқиб кетдим ва ўша ердаги бошланғич мактабда ўқитувчилик қилдим. Ниҳоят, эл-юрт бир оз тинчигач, яна Тошкентга қайтиб келдим. Сочимни тақир олдириб, кийим-бошларимни ҳам ўзгартириб, муллавачча сифат ўқитувчи бўлиб ишлаб юрдим. Шу-шу Қодирий ҳазратларини бошқа кўрмадим.

Мен, Абдулла Қодирий ҳақида ўйласам, дарҳол Чўлпон кўз ўнгимда гавдаланади. Назаримда, уларнинг маслаклари ҳам, қаро тақдирлари ҳам бир-бирига эгизакдек: ҳар иккисининг азиз бошлари туҳмат ва маломат тошларига нишон бўлди. Мумтоз қаламкашларга ғаразгўй, имонсиз, виждонсиз кимсалар тегиб ўтдилар, тегмаганлари кесак отиб ўтдилар. Илондан қўрққан ола арқондан чўчийди, деганларидек ҳозирги кунда ҳам Чўлпон ижодини холисона талқин этишдан чўчийдиганлар орамизда йўқ эмас. 20—30-йилларда ҳақ ва ҳақиқат кўзига тик қараб Чўлпоннинг бетакрор қобилият соҳиби экани, асарлари, айниқса бадиий жиҳатдан юксаклигини ошкора айтган диёнатли олим-мунаққидларимиздан Абдулла Авлоний, Вадуд Маҳмуднинг фикр-мулоҳазалари бу кунларда ўз ифодасини топди, деб баралла айта оламиз. Унинг асарлари халқимиз дилига Чўлпон — тонг юлдузидек нур сочиб турибди.
Мен Чўлпон билан 1929 йили танишган бўлсам-да, 1932—1935 йиллари Москвада ўқиб юрганимда у билан дўстлашиб: қолган эдим. Ҳафтада икки-уч марта кўришиб, эзилиб-ёйилиб суҳбатлашардик.
Чўлпон оддий кийингани билан салобатли кўринарди, қадди-қомати келишган, теран фикрлайдиган зўр қаламкаш сифатида танилган эса-да, мен билан сирдош эди, хуш муомалада бўларди. Чўлпоннинг унча-мунча санъаткорлик қобилияти ҳам бор эди. Чўлпон менга «Гамлет» асари таржимасини ўқиб берган ва Ҳамза номидаги академик драма театрининг қайси актёри қайси ролни ижро эта олишини айтган эди. Мен Тошкентга келиб «Гамлет»ни кўргач, Чўлпоннинг дидига қойил бўлдим. Чўлпон ўзининг «Қаландар ишқи», «Галдир» деган шеърларига ўзи куй басталаган эди. Хонандаликдан ҳам бироз хабари бор эди. Ўзаро суҳбатларимиз асносида паст пардада, айниқса, «Шашмақом»дан хиргойи қилишардик. Аммо гурунгимизнинг кўпроқ қисми шеърият бобида кетарди.
Бир суҳбатда Чўлпон менга:
Вафо расмин билиб билмазлига солмоқда жононим,
Жафо расмин қилиб қилмазлига солмоқда ҳоқоним, —
деб бошланадиган шеърини ўқиб берди. Шубҳасиз, шеърдаги ҳоқон золим Сталин эди.
Чўлпон Сталин сиёсатидан зорланиб ёзган шеърларини менга ўқиб берар ва дарҳол йиртиб, ёқиб юборарди. Сўнг дафтар ҳошиясига «бу шеърнинг мазмунини оловлардан сўра!» деган жумлани ёзиб қўярди. У, Абдулла Қодирий билан бир қаторда Абдулла Алавий билан ҳам жуда яқин сирдош-дўст эди, шу боисдан, унинг бевақт вафоти шоирга ҳаддан ташқари оғир мусибат келтирди.
Чўлпон Абдулла Алавий вафотидан сўнг ҳам унинг онаси ва жияни Музайяна Алавия билан хат орқали мунтазам алоқада бўлиб турди. Кунлардан бирида ўғлининг вафотига бағишлаб онаси ёзган марсияга Чўлпон мухаммас боғлаб, менга ўқиб берган эди. Тўхтасин Жалолов ўзининг «Ўзбек шоиралари» деган китобида мухаммасни Абдулла Алавийнинг онаси ёзган дея эълон қилибди. Мен бундан ҳайрон қолиб, у кишига:
— Домла, бу мухаммас Чўлпонники-ку, нега уни инкор этдингиз, ахир!
Чўлпон қошида ой эди, юлдуз эди, у бир
Шўрлик она ҳар қанча куйиб йиғласа арзир, —
деган жойини Чўлпон эмас, «дўстлар» деб босмага берибсиз!—дедим.
— Ука! Чўлпон номини тилга олсам мухаммас босилмас эди, — деди у киши.
— Барибир бу ишингиз яхши эмас, — дедим-да, хайр-маъзурни насия қилиб кетди. Менда мухаммаснинг асл нусхаси бўлмагач, шу кунгача сукут сақлаб юрдим. Хайриятки, Чўлпоннинг жиянида ўша шеърнинг асл нусхаси бор экан, у матбуотда эълон қилди. Энди ҳассос шоирнинг матбуотда босилмаган, аммо халқ қулоғига етиб борган икки шеъри хусусида тўхталмоқчиман.
— Мен Ҳамза номидаги академик театрида адабий эмакдош эдим. Театр аҳли билан пахтакорларга концерт бериш учун колхозга чиқдик. Вақтдан фойдаланиб, мен деҳқонлар билан суҳбат қурдим. Улар, оғир меҳнатимиз эвазига етиштирадиган пахтамизга оз ҳақ тўлайди, шунинг учун турмушимиз ниҳоятда ночор, деб менга шикоят қилишди. Шунда уларни фикрига ҳамоҳанг мана бу шеърни ёзган эдим, — деб Чўлпон менга қуйидаги шеърни ўқиб берди:
Пахтажон,
пахта пахтаки
махта олувчи айғир,
сотувчи ахта.
—- Санъаткорлар билан Свердлов номидаги театр биносида делегатларга томоша кўрсатиш учун бордик. Мажлис чўзилиб, артистлар зерикиб қолишган эди. Шунда мен ерда ётган «Эпоха» папиросининг бўш қутисига мана бу:
Бундай «Эпохани чекиб тугатинг!
Куллари кўкларга соврилиб кетсун.
Бу, тутқин эзилган ўзбек боласи
Оловсиз, тутунсиз кунларга етсун!
шеърини ёзиб, уларни хушлаш учун ўқиган эдим. Бу икки шеър учун бошимда сон-саноқсиз калтаклар синган, — деди шоир хўрсиниб. Қизиққанлигимни англаган шоир, давом этди:
— Бир куни мени Московдаги Ўзбекистон ваколатхонасига чақириб, Файзулла Хўжаев раислигида ўртоқлик суди қилишди. Московдаги коммунистлар университетининг бир талабаси, айниқса, «Эпоха»га ёзган шеъримни қаттиқ қоралади, Ниҳоят, менга сўз берилгач; «Шеърни папирос қутисига «Эпоха» номи қўйилганига норози бўлиб ёзган эдим», деб Файзулла Хўжаевга юзландим. «Сиз ҳамда ўртоқ Охунбобоёвнинг номи ва сувратларингиз туширилган папиросларни кашандалар: Файзулла Хўжаев 5 тийин, Охунбобоев 4 тийин, деб кўчаю бозорда бақириб-чақириб юрибдилар. Менинг бир айбим бор, у ҳам бўлса Ўзбекистонда туғилганим», дедим. Суд менга огоҳлантириш берди. Суддан сўнг Файзулла Хўжаев ёнимга келиб: «Сиз бу ишимиз учун ранжиманг! Мен сиз тўғрингизда уюштирилган шафқатсиз ҳужумларни юмшатиш учун бир тадбир тариқасида, бу ўртоқлик судини шахсан ўзим уюштирган эдим», дея кўнглимни кўтариб қўйди. Шундан сўнг Чўлпоннинг Ўзбекистонга қайтишига йўл очилган бўлса ажаб эмас.
1933 йили Москвадаги Катта театр филиалида Лермонтовнинг «Демон» асари асосида қўйилган операни Чўлпон билан бирга томоша қилдик. Шунда Чўлпон менга «Демонини таржима этиш нияти борлигини айтган эди. Бир гал Чўлпондан:
— «Демон»ни таржимаси нима бўлди, — деб сўрадим.
— «Демон»ни Усмон Носир шундайин қиёмига келтириб таржима қилибдики, ўқиб бошим кўкка етди. Хоҳласанг сен ҳам ўқиб кўр! — деб таржимани қўлимга тутқазди.
Чўлпон Шекспир ва Рабиндранат Тагор руҳиятини яхши тушунгани каби Усмон Носир ҳам Лермонтов асари руҳини пухта ўзлаштириб, Лермонтов бўлиб ўзбекчага ўгирган экан. 1931 йили Чўлпон тўғрисида дўстларидан бирининг мақоласи матбуотда босилган эди. Унда Чўлпоннинг ижодига, қобилиятига, услубига юқори баҳо берилган, аммо мақола охирида Чўлпонни ноҳақ қоралаган эди. Шунда Чўлпон менга мақолани ўқиб бериб:
— Тош бўронларга бардош бериб келаётган шўрлик бошимга бу ҳам кесак ёғдирибди, — дедида, Фузулийнинг:
Мени расволиғимда дўстлар таън этди, душман ҳам,
Бу етмазмики, бир дард орттурурсан дардима сан ҳам,—
деган шеърини ўқиб, чуқур уҳ тортган эди.
Чўлпон ҳар қанча тушкунликка тушса ҳам, халққа суянарди. Шунинг учун ҳам ўқтин-ўқтин «хўб яхши хислатларга бой бўлган ажойиб халқим бор», деб фахрланиб қўярди.
Дарвоқе, Чўлпон Фузулий шеъриятининг чин ошиқларидан эди. Унинг халқ орасида Навоий каби машҳурлигини эътироф этиб, «Фузулийнинг пичинглари» деган бир мақоласида ўзининг фикрларини билдирган эди. «Мен ўйлайманки, турк тилида ёзган ва биз билган (ўзбекларга танилган) классик шоирлар орасида Фузулий ўзининг самимийлиги, куйуб, кўнглидан олиб ёзиши билан алоҳида ўрин тутади. Фузулий ғазалларининг самимийлиги, ёниқлиги ва оташинлигини унинг ижоди ҳақида ёзганлар бир оғиздан деярлик тасдиқ қиладилар. Лекин мен унинг шу ёниқлиги ва оташинлигини янада олдинга қўймоқчиман. Фузулийдан гапирганда, унинг дард-аламидан, унинг чанги осмонга чиқишидан, чуқур маъноларга эга бўлган фалсафий нолишларидан бўрттириброқ гапириш лозим келади. Мана тўрт йўл нарсасини (рубойисини) кўринг:
Ҳар дамки баҳор қилди оройиши боғ,
Новмидлик урди лолаваш бағрима доғ,
Зеро тиқон узра дутди булбул маскан,
Гул бод гузар чоҳида ёндирди чироғ.
(Кўклам боғларни ясантиришга бошлаган чоқларда, ҳамма вақт бир умидсизлик келиб менинг кўксимга лоланики сингари доғ уради. Нега десангиз, булбул ўз масканини тиконлар орасига қуради-ю, гул бориб ўз чироғини шамол ўтадиган йўлда ёндиради.)
Идеалист фалсафа тарафдорлари, айниқса билимдон мутасаввуфлар нима деса десинлар, бу тўрт йўлдаги шикоят, ўз даврига кўра, дунёнинг текиссизлигидан қилинган шикоятдир».
Ҳассос шоир ҳам Абдулла Қодирий каби йиғинларда айтадиган фикр-мулоҳазаларини ақл торозусида ўлчаб, сўнг муҳокамага ташлар эди. Аксари ҳолларда ҳар қанча қаршиликлар бўлса-да, ўз фикрида собит қолар, пировардида билдирган фикри тасдиқланар эди. Тахминан 1938 йилнинг охирлари эди. Қариндошларни кўргани Тошкентга келган эдим. Ўша куниёқ қайтиш учун кечки пайт вокзалга яёв кетаётганимда Горький номидаги истироҳат боғи олдида Чўлпоннинг аёлини учратиб қолдим.
Катя мени кўргач, холироқ жойдаги ўриндиққа бориб ўтирди. Мен бориб сўрашдим. У, мендан:
— Акангни қамалганидан хабаринг борми? — деб сўради.
— Хабарим бор, бироқ уйингга бориб, ҳолингни сўрашга ботина олмадим,— дедим мен.
— Яхши қилгансан, бизникига борганларнинг ҳаммасини таъқибга олишди. Ҳатто бизга сут келтириб берадиган оддий аёлни ҳам олиб бориб сўроқ қилишибди. Хуллас, аканг туҳмат-бўҳтонлар балосига гирифтор бўлди. Мени ҳам неча бор сўроққа чақиришди. Мен, эримга қўйилган айбларнинг барчаси ёлғон-уйдирма, унинг ҳеч қандай айби йўқ, деб ҳақ гапни қайта-қайта такрорласам-да, ишонишмади, — дея қамалиш воқеасини сўзлаб берди. — Бир куни Чўлпон кечаси соат ўн иккиларда уйга қайтди, кайфияти жуда тушкун эди. Мен овқатини олдига қўйиб, дам олгани нарига хонага кириб кетдим. Бир ухлаб, тахминан кечаси соат уч-тўртларда турсам, у қўйиб кетган овқатимни ҳалигача емай хаёл суриб ўтирган экан. Мен: «Тинчликми?» деб сўрадим. У: «Мени бир неча ёзувчию шоирлар тўғрисида уюштирган уйдирма айбларга гувоҳ тариқасида НКВДга чақиришган экан. Сиз фалончи-фалончилар ҳақидаги фикрларимизни қувватлаб гувоҳлик берсангиз, сизни биз мудофаа қиламиз. Сиз ҳамма вақт озодликда бўласиз! Акс ҳолда устингиздан жиноий иш бошлашга тўғри келади. Сизни осмонга кўтариш ҳам, ерга киргизиб юбориш ҳам қўлимиздан келади, дейишди. Мен, ҳатто душманимни ҳам қоралаш учун сохта гувоҳлик беришдан ҳазар қиламан, гуноҳсизларни гуноҳкор этиш сизларнинг қўлингиздан келади. Аммо мен бундай қила олмайман, чунки менда имон бор, менда виждон бор, дедим. Майли, ихтиёр ўзингизда, биздан хафа бўлманг, деб мени бўшатиб юбордилар, деди. Орадан уч кун ўтгач, Чўлпонни қамаб қўйишди.
Менинг узоқ қишлоққа кетиш фикрим Катяга ҳам маъқул тушди.
— Балки бир-биримиз билан умрбод кўришмасмиз. Фақат бир-биримиздан рози бўлайлик, — деб йиғлай-йиғлай хайрлашдик.
Элбекнинг Ғулом Зафарий, Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Абдулла Алавий билан яқин дўст эканлигини биринчи кўрганимдаёқ ҳис этган эдим. У суҳбатдош дўстлари доирасида катта обрўга эга эди. Ўзбек, умуман турк ва форс адабиёти тарихи ва наза-рияси билимдони экани гурунгларимизда билинар эди. Элбек қочирма, киноялар билан сўзлашганда, қайси сўзнинг қандай талаффуз қилинишига аҳамият берар, бунинг устига суҳбат чоғларида содда тилда гапиришни ёқтирар эди. Элбекнинг билимдонлигига Қодирий ҳам, Чўлпон ҳам тан берарди. Шоир Элбек турк ва форс адабиёти ва назариясини пухта билган алломаларимиз — Фитрат ва Абдулла Алавий каби олим ҳам эди. Мен 1930 йили Элбек билан иккинчи марта ҳам Абдулла Қодирийникида кўришдим. Бу сафар у мен билан узоқ суҳбатлашгач:
— Сени отангни танийман, отанг Бедил шеъриятига муккасидан кетган шинаванда эди, мана сен билан дўст бўлиб қолдик. Хўп десанг, ҳафта сайин кўришиб, суҳбатлашиб турамиз, сен менга адабиёту тарихга доир ечими мушкулроқ саволлар берасан, мен баҳоли қудрат жавоб бераман. Навоий бобомиз айтмишлар: «Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим». Ана шунда кишининг фикрлаш туйғуси камолга ета боради. Вақти билан ўзим ҳам саволлар ёзиб бераман, жавобини топишда эса қайси китобдан фойдаланишингни айтаман, — деди.
Биз келишиб олдик.
Абдулла Қодирий кишиларга хайрли иш қилсалар, ўша одамга сездирмас ва миннат қилмас эдилар. Менимча, у зот Элбекдан менга маънавий ёрдам кўрсатишни илтимос қилган бўлсалар керак. Буни Элбекнинг мени ўзига яқин олгалигидан ва гап-сўзларидан сезардим. Шундай қилиб, мен Элбекдан бир йил чамаси сабоқ олдим.
Элбек, айниқса аруз вазнининг билимдони эди. Ҳатто Чўлпон ҳам аруз вазнида ёзган байтларини унга ўқиб бериб, фикрини сўрар эди. Элбекнинг машқ дафтаридаги шеърларининг аксарияти аруз вазнида ёзилган бўлар эди. Мен Элбекка:
— Нега аруз вазнида кўпроқ шеър ёзасиз? Барибир буларни матбуотда чоп этмайдилар, — дедим,
— Қўябер, яхши ният ярим мол дейдилар-ку, — деб жавоб берди у киши. Элбекнинг кўп хусусиятлари Чўлпонга ўхшаб кетарди, шу боисдан бўлса керак, уларнинг орасидан қил ҳам ўтмасди,
1936 йилнинг август ойлари эди. Чамаси Элбек Хумсондаги дала ҳовлисига Ғулом Зафарий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Берегин ва Ғайратийларни зиёфатга таклиф этиб, мени Усмон Носирга тайинлаган экан. Ўша куни Усмон Носирнинг бетоблиги хуружга миниб, ўзи ҳам боролмаган ва менга ҳам айтмаган экан, бундан хабарим бўлмаганидан Элбекка гинахонлик қилиб, қуйидаги шеърни ёзиб юборган эдим:

Мени бир бенаво дўст бор эди, деб йўқламайсиз-ку,
Ғарибу бекасу афкор эди, деб йўқламайсиз-ку.
Сиза дўст бўлганимга неча йиллар бўлди дарвоқе,
Дилида севгиси бисёр эди, деб йўқламайсиз-ку.
Азалдан қисматим ушшоқ элига бўлди ҳамдардлик,
Жунун водийсида чин ёр эди, деб йўқламайсиз-ку.
Йиғилгач аҳли ашъор, дўстларингиз анжуманларга,
Иним ҳам толиб ашъор эди, деб йўқламайсиз-ку.
Афандим! Сиз бу Мэқсудийга устоз, элга Элбексиз,
Элатлар базмига хуммор эди, деб йўқламайсиз-ку.

Орадан беш-олти кун ўтгач, Элбек билан учрашдик. У киши менга:
— Мендан ноўрин гинахонлик қилибсан. Мен сен билан Усмонни зориқиб кутдим.
Меҳмонларни бошқариш ўзимга қолди. Жуда қийналдим. Ҳа, майли, шу баҳона билан тузуккина шеър дунё юзини кўрибди,—деди.
Элбекнинг зиёфатига Абдулла Қодирий ҳам бормаган экан, мен у кишидан сабабини сўраганимда: «Меҳмонлар орасида жинимга ёқмайдирган одамлар бор экан, шунинг учун бормадим», деб Навоийнинг:
Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишини суҳбатин кўнглим писанд этмас,—
деган шеърини ўқиди.
Элбек содда, камтарин, ёшларга меҳрибон мураббий эди. Ўзи ростгўй бўлганидан ҳаммага ишонар эди. Кейинчалик ўзига дўст деб билган айрим «дўстллари душман бўлиб чиқди.
Ана шундай кимсаларнинг туҳмат, таъна ва дашномлари Элбекнинг азиз бошига бало бўлиб ёғилди. Элбек шаҳид бўлди.
Усмон Носир билан тезда яқин дўст бўлиб қолдик. Қибрайдаги дала ҳовлиларда бир неча кун дам олиб қайтганимизнинг эртасиёқ Усмон Носир мени йўқлаб, уйимизга кириб келди. Ҳол-аҳвол сўрашгач:
— Сен Навоий, Фузулий шеърияти билан яқиндан танишсан, иложи бўлса, уларнинг ижодлари ҳақида менга ёрдам берсанг, — деб қолди.
— Сен нима деяпсан? Ўзимга энг бўлмаган, қандай қилиб сенга бўй бўламан? У ёғини суриштирсанг, уларни баъзи бир шеърларига умуман, тушунмайман, агар бунга жиддий киришган бўлсанг, сени бир олим-фузало киши билан таништираман, у аллома сенга Навоий, Фузулий, Бедил, умуман, шарқ адабиётидан сабоқ берадилар. Сенга умр бўйи раҳнамолик қилиш ҳам қўлларидан келади, — дедим.
Усмон жуда ҳам севиниб, шошилиб қолди ва ўша заҳотиёқ иккимиз, арабшунос олим Нодирхон махсум ҳузурларига йўл олдик.
Нодирхон махсум бизни очиқ юз билан кутиб олдилар ва Усмонни у кишига таништирдим. Дастурхон тайёрлаш учун куйманаётган Нодирхон махсумнинг рафиқалари — қариндошим Лутфихон аяга қарашиб турдим, бироз вақт ўтиб, уларнинг ҳузурларига келсам, Усмон Носир Нодирхон махсум билан қадрдон дўстлар каби суҳбатлашиб ўтирган экан. Шу ўринда яна бир нарсани эслаш жоиз кўринади. Усмон Носир хуш табиатли, кишиларга меҳрибон, муомалани ўз ўрнига қўя биладиган, хатти-ҳаракатлари ўта ёқимли, суҳбати ҳар қандай кишини ўзига ром қилар эди. Мен Усмон Носирнинг илтимоси ва мақсадини Нодирхон махсумга айтган эдим, у киши холисанилло ёрдам беришларини билдирдилар ва машғулот вақтларини белгилаб қайтдик. Орадан ўн-ўн беш кун ўтгач, Усмон Носир менга:
— Дўстим, Нодирхон махсум жаноби олийлари билан таништириб, менга битмас-туганмас хазина бахш этибсан, бу хайрли ишинг учун сендан умрбод миннатдорман, — деди-да, қўшиб қўйди: — Нодирхон махсумнинг Чўлпонга ўхшаш яна бир фазилатлари, камчилигингни шартта бетингга айтиб, кўзингга қараб тураверар эканлар.
— Бўлмаса, сенга улар лаганбардорлик қилишлари керакми? — деб жўрттага унинг ғашига тегдим.
У астойдил куйиб-пишиб:
— Ҳой эсипаст! Мен уларнинг бу фазилатларини сенга мақтаб, ардоқлаб айтаётибман, — деди.
— Авваллари-чи?
— Авваллари, ҳарҳолда, тўрт мучанг тўкис эмас эди.
— Тўғри айтдинг, — дея у бор овози билан хохолаб кулиб юборди. Мен, Ўсмон Носирга:
— Нодирхон махсумнинг илмидан Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек каби қаламкашлар баҳраманд бўлишган. Сен у зоти шарифнинг этакларини маҳкам тут, — дедим.
— Нималар деб валдираяпсан? Мен у зоти шарифнинг этакларини қўйиб юборадиган анойилардан эмасман, — деб ҳазил қилди.

Кўп ўтмай, мен ўқишимни давом эттириш учун Москвага кетдим. Шундан сўнг бир-биримиз билан дийдор кўриш бахтига муяссар бўла олмадик.
1938 йил ёз ойида Нодирхон махсумни зиёрат қилгани уйларига бордим. Ҳол-аҳвол сўрашгач, мен Усмон Носир ҳақида сўз юритмоқчи бўлиб эдим, Нодирхон махсум унинг номини эшитишлари биланоқ кўзларидан шашқатор ёш оқди. Сассиз-садосиз йиғлашиб олганимиздан сўнг, Нодирхон махсум: «Усмон Носир ўз фарзандим каби менга яқин, ғамхўр бўлиб қолган эди. Бу шўрлик бошимга қандай оғир кунлар тушди-я, дея афсус-надоматлар билан гап бошладилар. Навоий ва Фузулий ижодларидан бехабар бирор кишига унинг таъриф ва тавсифларини баён қилсам, муболаға қиляпти, дея шубҳаланиши мумкин. Сенга Усмон Носирнинг ноёб қобилиятини, зўр иқтидорини, англаш ва фикрлаш салоҳиятини билганинг учун гапирганим билан ажабланмайсан», деб бир воқеани айтиб бердилар.
— Бир куни Усмон Носирга Навоий ва Фузулийнинг «Лайли ва Мажнун» асарини ўқиб, уларнининг ижодларини таққослаб, бу улуғ алломалар тўғрисида мулоҳазалар юритишини топширдим ва бунинг учун ўн кун муҳлат бердим. Орадан роппа-роса икки кун ўтгач, Усмон олдимга ранги синиққан ҳолда келиб, менга таъзим бажо келтирди (ҳар гал кўришганларида тизза тушиб, бош эгиб саломлашар экан). Ўзи гап бошлади: «Мен «Лайли ва Мажнун» билан қўшилиб, қоришиб кетдим, воқеалар тушимда ҳам, ўнгимда ҳам, бир дақиқа ҳаловат бермаяпти», деди.
Усмон Носир алломаларнинг шоҳ асарларини шундайин синчковлик билан мутолаа қилибдики, бу асарлардаги аксари сатрлар уйга ёд бўлиб қолибди, ажабо! Усмон Носир ҳар иккала асарнинг алоҳида-алоҳида қимматга сазовор эканини таъкидлаб, Абдулла Алавийнинг «Навоий мавж ўрган денгиз бўлса, Фузулий жўшқин шалола», деган юксак баҳосини мамнуният билан тилга олди. Ўша вақтларда Усмон Носир аруз вазнида шеърлар ёзишга унча-мунча киришган эди. Навоий ва Фузулийнинг «Лайли ва Мажнун»идаги биттадан шеърига мухаммас ёзиб ҳам улгурибди. Маълумки, ҳар қандай шоиру санъаткорларнинг асарларига кўнгилдагидек мухаммас яратолмайди. Аммо Усмон Носирнинг мухаммаси анча яхши, узукка кўз солгандек. Мен, Усмон Носирга ўхшаш хотираси зўр, шеъриятнинг нозик нукталарига тез ва тўғри тушунадиган бирорта кишини учратган эмасман. Унга олти-етти ойча Навоий, Фузулий, умуман Шарқ адабиётидан сабоқ бердим. Сўнг Усмон Бедилни ўрганмоқчи бўлди. Бир галги машғулотимиз давомида Чўлпон ижоди ҳақида ҳам фикрлашдик. Қўлимизда Чўлпоннинг бирорта ҳам асари йўқ эди, бироқ Усмон Носир, Чўлпоннинг шеърларини ёддан билар экан, ўқиди. Ҳар икковимиз ҳам Чўлпоннинг ноёб қобилиятига тасаннолар ўқидик. Усмон: «Чўлпонга меҳрим-муҳаббатим ва ихлосим бениҳоя. У кишининг асарлари фикримни чархлайди, ижодимга равнақ тилайди. Ҳа, Чўлпон шундайин оқ кўнгилли ажойиб инсон», деди.
...Бедил ижоди билан шуғулланмоқчи бўлиб, аҳдлашдик. Орадан ўн беш-йигирма кун ўтгач, каттакон тугун кўтариб Усмон Носир эшикдан кириб келди. Мен унга тугунни ишора қилиб: «Тўйга кетаяпсанми?» деб ҳазиллашдим. «Ҳа, тўйга арзимас тўёна билан келдим», — деб тугунни еча бошлади, унда Хитой жужунидан тикилган яктак, чопон, пешмат, нимча, шим, амиркон махси, ковуш, шоҳи салла, тагдўзи дўппи, шоҳи белбоғ, жойнамоз—гиламча, кўзгу, қаламтарош, атир ва ҳоказолар бор экан, унинг раъйини қайтаролмай олдим. Саруполарни ўзининг тўйида кийиб бораман, деб ният қилган эдим, у ҳам бўлмади. Шу вақтгача бу совғаларнинг бирортасини ишлатмадим, сандиқда сақладим. Уларни кўришга тоқатим дош бермади.
Мен, Нодирхон махсум билан сўнгги вақтларда ҳам кўп мулоқотда бўлдим ва ҳар галги мулоқотдан сўнг, Нодирхон махсум Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Усмон Носирнинг руҳи-покларига бағишлаб Қуръон тиловат қилар эдилар. Илоё, уларнинг охирати обод бўлсин!

Юнус Мақсудий

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин