Саналар
12.12.2024
Баннер
Ўзбек улуси. Бўривой Аҳмедов
PDF Босма E-mail

Олтин Ўрда давлати ва темурийлар салтанатида феодал бошбошдоқликлар, ўзаро низолар, қирғин-барот жанглар авж олиши оқибатида XV асрнинг 20-йилларида Дашти Қипчоқнинг Шарқий ҳудудларида кўчманчи ўзбеклар давлати таркиб топди. Дашти Қипчоқнинг шарқий қисми Волга бўйларидан то Сирдарё шимолигача бўлган ҳудудларни ўз ичига олар эди. Олтин Ўрданинг Жўчи ва Шайбон улуслари ўрамида истиқомат қилувчи турк ва турк-мўғул қабилалари XV аср форс тилида битилган манбаларда (Низомуддин Шомий, Муиниддин Натанзий, Шарафуддин Али Яздий, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд ва бошқаларнинг асарларида) «ўзбек» деган умумий ном билан аталганлар. Кўчманчи ўзбеклар деганда биз худди шу уруғ ва қабилаларни кўзда тутамиз. Бу давлат 40 йилдан сал зиёдроқ вақт ҳукм сурган бўлса-да, аммо Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларининг кейинги тақдирларига катта таъсир кўрсатдилар. Кўчманчи ўзбеклар давлатининг асосчиси Абулҳайрхон (1428—1468) бўлиб, у темурийлар салтанатига барҳам берган Муҳаммад Шайбонийхон (1450—1510) нинг бобоси эди. XV аср ўрталарига келиб ўзбеклар давлати ҳозирги Қозоғистон ва жануби Ғарбий Сибириёнинг жуда катта ҳудудларини ўз ичига олган эди. Бу давлатнинг қандай таркиб топгани, равнақи ва инқирози, XV асрда шу ҳудудларда кўчманчилик билан тирикчилик ўтказган турк, турк-мўғул қабила ва уруғларининг ижтимоий-сиёсий аҳволи ҳозиргача тарих фанига унчалик маълум эмас. XV асрдаги ўзбеклар давлатининг ички тузуми яхши ўрганилмаган. Шу даврдаги қозоқларнинг аҳволи ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. 1440—50 йилларда турк-мўғул уруғларининг бир қисми Абулҳайрхондан ажралиб чиқдилар ва Хоразм, Чу воҳаси, Еттисувга кўчиб келиб жойлашдилар. Шарқ тилларида ёзилган манбаларда мана шу турк-мўғул уруғлари ўзбек-қозоқлар ёки қозоқлар деб аталади. Кўчманчи ўзбеклар давлатининг ҳудудлари археологик жиҳатдан ҳам етарли ўрганилмаган. Шу давлат ҳудудлари озми-кўпми тилга олинган ёзма манбалар ҳам бизгача жуда кам етиб келган. Хуллас, Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари тарихининг мана шу даври ҳали очилмаган қўриқлигича қолмоқда. Бу муаммони тўла ва узил-кесил ҳал этиш келгусидаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларининг ўрта асрлардаги тарихи билан шуғулланувчи қадимшунослар (археологлар), тарихчилар, этнограф-элшуносларнинг вазифаси бўлиб қолса керак. Энг муҳими, ҳали бу даврга ва шу мавзуга оид янги археологик, этнографик ва ёзма манбалар топилиши муаммонинг узил-кесил ҳал этилишига ёрдам беради.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларининг XV асрдаги тарихига доир археологик ва тарихий асарлардан ҳам унумли фойдаландик.
Ушбу китобда асосан Абулҳайрхон давлатининг сиёсий тарихи ёритилади.   Ушбу сатрлар муаллифи ўзига маълум бўлган ёзма манбалар, сайёҳларнинг хотиралари,  археология ва  этнография маълумотлари  асосида Олтин Ўрданинг   шарқий қисмида   кўчманчи ўзбеклар давлати таркиб   топиши арафасидаги   сиёсий аҳволни мазкур давлатнииг кейинги ривожини,   шунингдек кўчманчи ўзбекларнинг темурийлар, қисман Мўғулистон ва қалмоқлар билан муносабатларининг айрим жиҳатларини ёритишга интилади.
«Ўзбек улуси» китобииинг юзага чиқишига қимматли ёрдам берган устозим И. П. Петрушевскийга, асардаги айрим масалалар юзасидан маслаҳат берган Санкт-Петербург дорилфунуни Шарқ факультети доценти Л. В Строевага, шунингдек, йирик мутахассис олимлар Я. Ғ. Ғуломовга, М. А. Салоҳитдиновага, Р. Ғ. Муқминовага қимматли маслаҳатлари ва мулоҳазалари учун самимий ташаккур айтаман.
Шунингдек, камина Санкт-Петербург дорилфунуни Шарқ факультети, Осиё халқлари институти Санкт-Петербург бўлими, Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти, Сальтиков-Шчедрин номидаги Санкт-Петербур давлат кутубхонаси жамоаларига қўлёзмалар фондларидан бемалол фойдаланишга имкон берганлари учун миннатдорчилик билдиради. Китобдаги жуғрофий атамалар юзасидан фойдали маслаҳатлар берган марҳум Ҳамидулла Ҳасановдан, тарихий хариталарни тузатишда қат
нашган Наим Норқуловдан, китоб ношири Асрор Самаддан миннатдорман.
Қўлингиздаги китоб кўчманчи ўзбеклар ҳаёти ва давлати тарихини ўрганиш соҳасида илк қадамлардан биридир.
Мазкур китоб рус тилида Москвада босилиб чиққанига чорак асрдан зиёдроқ вақт ўтди. Бу орада китоб юзасидан матбуот саҳифаларида бир қатор таниқли олимларнинг фикр-мулоҳазалари эълон қилинди. Мен шу фикр асосида китобни қайта кўриб, уни бирмунча тўлдирдим.
Китобнинг ўзбекча нашрини тайёрлашда ёрдамлашган Шарқ тарихи ва адабиёти ихлосманди Урфон Отажонга ҳам миннатдорчилик изҳор қиламан.

БИРИНЧИ   БОБ
МАСАЛА МОҲИЯТИ. МАНБАЛАР

Ҳожи Тархон (Аштархон, Астрахон), Қозон, Қрим, Манғит улуси хонликлари ва мулклардан кейин вужудга келган Олтин Ўрда тарихини ўрганишда бугунги тарихчилик фани муайян ютуқларга эришди. Олтин Ўрда-нинг инқирози натижасида эса Абдулҳайрхон бошлиқ ўзбеклар давлати ташкил топди. Ўрта Осиё, Қозоғистон, Волга бўйи ва Қрим халқлари тарихи билан шуғулланувчи ҳамма тарихчиларнинг эътироф этишича, бу даврни изчил ўрганишда Б. Д. Греков ва А. Ю. Якубовскийларнинг илмий ишлари катта аҳамиятга эга. Аммо айтиб ўтиш керакки, шу пайтгача Абулҳайрхон давлатининг тарихи на бизда ва на чет элларда илмий жиҳатдан етарли даражада ўрганилган эмас.
Биз тадқиқ қилаётган мавзуънинг баъзи умумий масалалари Н. И. Веселовский, В. В. Бартольд, П. П. Иванов, А. Ю. Якубовский ва А. А. Семёновлар томонидан озроқ ўрганилган.
Н. И. Веселовский Хива хонлиги ҳақидаги машҳур асарида кўчманчи ўзбеклар давлатииинг Абулҳайрхон вафотидан (1468—69 йй.) сўнгги аҳволи тўғрисида қисқача айтиб ўтади ва ўзбеклар, қозоқлар ҳамда қалмоқларга оид этнографик маълумотларни келтиради. В. В. Бартольд «Улуғбек ва унинг даври» («Улугбек и его время») монографиясида Абулҳайрхон ва темурийлар ўртасидаги алоқаларга тўхтаб ўтади. А. Ю. Якубовский ва А. А. Семёновлар ўзбекларнинг шаклланиши ва этник таркиби ҳақида қимматли фикрлар билдиргаидилар.
П. П. Ивановнинг «Ўрта Осиё тарихи очерклари» диққатга сазовордир. Бу асарнинг биринчи боби Дашти   Қипчоқ ўзбеклари ва қозоқларнинг   то Ўрта Осиё ҳудудида тарқалгунларигача бўлган даврига бағишланган. Бу бобда у, кўчманчи ўзбекларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ҳақида бой маълумотлар келтирган.
П. И. Лерхшгаг асарларидан бирида ҳам Абдулҳайрхон тўғрисида қисқача эслатма бор. Кўчманчи ўзбеклар давлати ҳақида бунга ўхшаш эслатмалар, маълумотлар яна бошқа бирқатор тарихий рисолаларда учрайди.
Олтин Ўрда тарихи билан шуғулланувчи чет эллик олимлардан Хаммер — Пургштал, М. Дегин, Г. Ховорс ва Б. Шпулерларни кўрсатиш мумкин. Хаммер Дашти Қипчоқда ҳокимиятни Абулҳайрхон қўлга олганлиги ва темурийларнинг Самарқанддаги тахтини эгаллашда султон Абусаъидга ёрдам берганлиги ҳақида ниҳоятда қисқа тўхталиб ўтади. У Абулҳайрхонни Ўзбекхон сулоласига мансуб деган фикрни билдирадики, бу мунозаралидир. М. Дегин ва Г. Ховорсларнинг маълумотлари баъзан юзаки ва умумий. Дегин султон Абусаъид ва Муҳаммад Жўқийларнииг Абулҳайрхон ҳузурига Самарқанд тахти учун курашга ёрдам беришини сўраб борганларини эслатиб ўтади. Бунипг устига, баъзи жойларда воқеаларнинг саналарини муаллиф хато кўрсатиб ўтади. Масалан, Дегинда, Муҳаммад Жўқий ва ўзбекларнинг Мовароуннаҳрга кириб келиш вақти 1456 йил дейилади, аслида эса бу воқеа анча кейинроқ— 1460 йилда юз берган эди. Ховорс бўлса ҳеч қандай хулосалар чиқармай, Масъуд ибн Усмон Кўҳистонийнинг «Тарихи Абулҳайрхоний» асари сўнгги қисмининг қисқа мазмунини ва Абулғозихонпинг машҳур «Шажараи-турк» асарида Абулҳайрхон тўғрисидаги маълумотларини келтириб қўйган, холос.
XV асрда ўзбеклар билан темурийларнинг муносабатлари ва Абулҳайрхоннинг юксалиши ҳақидаги баъзи умумий маълумотлар Ҳ. Вамберининг кенг кўламдаги «Бухоро тарихи» асарида мужассам бўлган.
Биз дуруст ўрганилмаган Оқ Ўрда ва Шайбоний улусининг сиёсий тарихи ҳамда XV асрдаги Дашти Қипчоқ шарқий қисмининг ижтимоий-иқтисодий тарихига имкон борича тўхталиб ўтамиз. Охирги муаммони ёритиш қўлёзма манбаларнииг ниҳоятда озлиги ва тарихшуносликда кўчманчиларнинг жамоаларидаги патриархал-феодал муносабатлар билан боғлиқ баъзи назарий масалалар ўрганилмаганлиги сабабли анча мушкулот туғдиради. Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг кўчманчи халқларида мавжуд бўлган патриархал-феодал муносабатлар   масаласи ҳали   яхши ёритилмагани  учун ҳам вақт-вақти билан жўшқин тортишувлар ва баҳслар бўлиб туради. Бу масала 1933 йил июнида ИГАИМК нинг мажлисида, 1954 йили эса Тошкентда ўтган тарихчилар илмий анжуманида муҳокама қилинган эди.   Бу анжуманларда баъзи муҳим масалалар ҳал бўлди, аммо кўчманчи ва ярим кўчманчи  халқлардаги патриархал-феодал муносабатлар муаммоси бўйича турли фикрлар билдирилиб,   олимлар муайян бир   фикрга келолмадилар. Айтиб ўтиш керакки,  Тошкент анжуманидан кейин илмий мажаллаларнинг   саҳифаларида мунозаралар ташкил  этилди,  уларда   мутахассис-олимлар  ўзларининг фикрларини билдирдилар. 
Китобнинг учинчи бобида биз XV асрда кўчманчи ўзбеклардаги патриархал-феодал муносабатлар ҳақида дастлабки мулоҳазаларимизни айтиб ўтамиз. Улар XV— XVI асрлардаги Дашти Қипчоқ кўчманчи аҳолисининг турмушидан хабардор бўлган сайёҳларнинг ахбороти, қадимшунослар (археологлар) изланишлари натижалари ва асл маибаларга асосланиб билдирилган.
Энди, кўчманчи ўзбекларнинг ўзлари аслида ким бўлганликлари, этник таркиби қандай эканлиги масаласига қисқача тўхталиб ўтайлик.
Ўзбекларнинг келиб чиқиши ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзи олимлар   кўчманчи ўзбекларнииг келиб чиқишини Олтин Ўрда хони Ўзбекнинг (1312—1342) номи билан боғлайдилар. Н. А. Аристовнинг фикрича, Ўзбекхонгача ўзбек номи тарихда учрамайди, шунинг учун ҳам бу ном шу подшонинг номидан бошланган, дейиш мумкин. А. Якубовский «ўзбек» иборасининг пайдо бўлишини «ўзбеклар», «ўзбеки», «ўзбекийлар» сўзлари билан боғлайди ва ўзбеклар ўз номларини   Олтин Ўрда хони Ўзбек   номидан   олганлар,  деган фикрни   билдиради. И. П. Иванов ҳам шундай нуқтаи назарни тўғри деб билади. «Ўзбек» сўзининг пайдо бўлиши, — ёзади у, — Олтин Ўрда хони номи билан боғлиқ бўлса керак». Четэллик тарихчилардан М. А. Чапличка ва Хильда Хуккэмлар ҳам ўзбекларнинг келиб  чиқишини Ўзбекхон номи билан   боғлайдилар.   Уз   пайтида   бундай   фикрларга В. В. Григорьев қарши чиққан эди.  А. А. Семёнов ҳам бу фикрнинг асоссиз эканлигини кўрсатиб ўтган. унинг айтишича,   «ўзбек» ибораси Оқ Ўрдада   пайдо бўлгач, Эрон, Ўрта Осиё тарихчилари томонидан XIV—XV асрларда Оқ Ўрдадаги турк-мўғул қабилалари номига қўшиб ёзилган, Ўзбекхон эса Кўк Ўрда, яъни Олтин Ўрданинг подшоси бўлиб, кейинчалик «ўзбеклар» деб аталган қабилалар унга бўйсунмаганлар. Биз А. А. Семёнов ҳақ бўлса керак, деб ўйлаймиз.
Ҳ. Вамбери, X. Ховорс ва М. П. Пеллиоларнинг фикрича, Дашти Қипчоқнинг турк-мўғул қабилалари бу номни ўзларининг эркинликлари сабабли олганлар (ўз-ўзига бек). Ҳ. Вамберида қуйидаги қизиқ маълумот мавжуд: «Ўзбек» сўзининг туб маъноси — «ўз ўзига бек, хўжайин, мустақил». Ажабо, бу сўз қадимги можорларда (венгрларда) ҳам мартаба, унвон сифатида учрайди ва шу маънода 1450 йилга мансуб ҳужжатларда қайд этилган.
«Ўзбек» сўзи XIII—XIV асрларда, Жувайний ва Рашидиддинларнинг асарларидан ҳам маълум эди. Бу сўз, Элхон Обоқа (1265—1282) замонида Эронда яшаган Пури Баҳонинг (Тожиддин ибн Баҳоуддин достонида ҳам учрайди. «Тарихи гузида» нинг Зайниддин Қазвиний томонидан ёзилган давомида «ўзбекиён» (ўзбек-чилар»), «мамлакати ўзбек» ва «улуси ўзбек» сўзларини учратамиз. Бу ерда сўз Оқ Ўрда кўчманчилари эмас, Ўзбекхон ва унинг давлати ҳақидадир.
Шундан кейин, то XIV асрнинг 60-йилларигача «ўзбек» сўзи манбаларда учрамайди. ХIV асрда яшаб ижод этган   араб   муаррихлари: Носируддин   ибн   Фурат (1361—1404),   ал-Асадий    (1377—1447),   ал-Айнийлар (1361 —1451) Ўзбекхон ва ундан кейинги Олтин Ўрдада ҳукмронлик  қилган  хонларни   «шимол даштларининг подшоҳлари», «дашт султонлари»,   «дашт мамлакатларининг подшоҳлари»   ва «қипчоқларнинг  подшоҳлари» деб атаганлар. Бу ерда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бошқа бир араб тарихчиси ал-Калкошондий (1418 йилда вафот этган) Тўхтамишни ўзбеклар подшоси дейди. Низомуддин Шомий (XIV аср охири, XV аср) ўз рисоласида Тўхтамиш ўғлоннинг Дашти Қипчоқдан Самарқандга келгани тасвирланган ўринда бундай деб ёзади: «У (Темур)   Тўхтамишга   Ўтрор   ва   Саврон  вилоятларини иноят қилди  ва уни ўша  ерларга юборди.   Бир қанча вақт ўтгандан кейин ўзбек подшоси Ўрусхоннинг ўғли Қутлуғ Буқо қўшин билан келиб Тўхтамиш ўғлон билан жанг қилди».
Маълумки, XIV асрнинг 80-йиллари охирларида, бундан аввалроқ Оқ Ўрданинг хони бўлган Тўхтамиш Темурнинг фаол ёрдами билан  Мовароуннаҳриинг шимолий томонларини талон-торож қилиб турарди. 1389 йили Темур унга қарши қўшин сурди.   Темур қўшини Сариғўзан деган ерга етиб келганида, «нўёонлар ва амирлар йиғилишиб,   «агар биз аввал   Анқо Тўра устига юриш қилиб у газандани янчиб ташласак, сўнгра ўзбеклар диёрига («Диёри ўзбак») ўтсак маъқулроқбўларди»,   деб (Темурга) арз қилдилар.   Темур ушбу режага рози бўлиб, Бўрибоши орқали Анқо Тўрага қарши юриш қилди. Абдураззоқ Самарқандий Темурнинг Анқо Тўрага қарши юришини батафсил баён қилади, дарвоқеъ асарда бундай дейилади: «ҳижрий 792 йилнинг (милодий 1390) ўзида Темур Мўғулистонга қараб юрди ва йўлда учраган асирлар унга Анқо Тўранинг Мўғулистондан қочиб кетиб ўзбек саҳроларида   (дар саҳрои ўзбак) яширинганлигини айтадилар.   Темур аскарлари қочоқларии уч кунгача ўзбек даштида излаб юрдилар ва, ниҳоят, тўртинчи куни қоровуллар   (разведка) ёғийнинг (душманнинг) шу ерда, яқин жойда эканлиги ҳақидаги хабарни етказишди. Ўтказилгаи қисқа маслаҳат-кенгашдан сўнг Темур   қўшинларини уч   қисмга бўлиб,   Анқо Тўра ва унинг қўшинини излаб топишга киришди. Жамолиддин Ҳамид ва шаҳзода Умар-Шайхнинг аскарлари ёвни ўраб олишга киришди,   Темур бўлса ўртада қолиб,   душман устига юрдилар. Умар Шайх аскарлари Шербат йўлидан бориб, Қора Хужарни кесиб ўтдилар-да, мўғулларнинг асосий чекиниш йўлларини тўсиб қўйдилар.   Қиёс мавзеида Умар Шайх Анқо Тўрани қувиб етиб, мағлубиятга учратди  (Тўра чекинди». Анқо Тўрани қувиб Умар Шайхпинг ўғлонлари Олакўлгача бордилар.
Манбаълар Анқо Тўранинг Тўхтамиш билан алоқалари тўғрисида бирон-бир хабар бермайдилар. Аммо, мўғуллар, қудратли Темурга қарши курашиш ниятида у билан (Анқо Тўра билан) иттифоқ бўлишга интилганлар ва 1388 йили ҳақиқатан ҳам мўғул ҳокими Қамаруддин (1362-63— 1388-89 йй. ҳукмронлик қилган) Тўхтамиш билан иттифоқ бўлишга эришиб, Умар Шайхни Жўлакдаги жангда енгишга муваффақ бўлган.
Юқорида келтирилган далиллар, биринчидан, Дашти Қипчоқнииг чўл қисми Ўзбек дашти деб аталганидан, иккинчидан эса, бу пайтга келиб кўчманчи ўзбеклар Сирдарёнинг шимол томонидаги ерларнинг анчагина қисмида ҳукмрон эканликларидан далолат беради. Тўх-тамиш қўшинларининг аксарияти кўчманчи ўзбеклар эдилар.
Хондамир ҳам   1388—89 йиллар  воқеалари  ҳақида сўз юритганида Тўхтамиш қўшинларини ўзбек қўшинлари (сипоҳи ўзбак) деб атайди. 1391 йили Қундузчадаги жангда қатнашган қўшинларни ҳам Хондамир ўзбек қўшинлари дейди. Муъинуддин Натанзий, Едигей ва Қутлуғ Темурлар бош бўлиб 1399 йили Тўхтамишга қарши  чиққан аскарларни  ҳам ўзбеклар  дейди.  Едигей, унинг укаси Исабек ва Олтин Ўрданинг кўзга кўринган бошқа амирлари ҳамда Шодибек,  Пўлодхон, Улуғ Муҳаммад (ёки Муҳаммадхон) юқорида номлари келтирилган тарихнавислар томонидан  Дашти Қипчоқ ва ўзбек вилоятларининг ҳокимлари (подшоҳи Дашти Қипчоқ ва вилояти ўзбак)   деб   аталганлар.  Бу масала  бўйича Мирзо Улуғбекнинг (1409—1449) «Тарихи арбаъ улус» («Тўрт улус тарихи») рисоласи диққатга сазовордир. Бу асарда Ўзбекхон ўзбек улусига (дар улуси ўзбак) подшоҳ бўлди, дейилади. Сўнгра, 720 ҳ. йилда (1320 мелодий) Саййид Отанинг саъий-ҳаракатлари билан Дашти Қипчоқ аҳолиси мусулмон динини қабул қилдилар. Исломни қабул қилганларни ўзбеклар, қабул қилмаганларни эса қалмиқ (қалмоқ) деб атай бошладилар.
Қелтирилган   маълумотлар   асосида хулоса   қилиб айтиш мумкинки,   «ўзбек» ибораси Дашти Қипчоқдаги турк-мўғул аҳолисининг умумлашган атама номи сифатида XV асрдагина пайдо бўлган. Аммо, ўзбеклар Дашти Қипчоқда фақат XIV аср охирлари, XV аср бошларидагина пайдо бўлганлар, деб ўйлаш хато бўлар эди. Ҳозирги  ўзбеклар,  қозоқлар,   қорақалпоқлар ва  бошқа халқларнипг   аждодлари шу  халқлар ҳозир   яшаётган ерларда қадим замонларда ҳам яшаганлар, лекин ўзбеклар, қозоқлар, қорақалпоқлар деб аталмаганлар. Тарихий, адабий манбаларда Дашти Қипчоқнинг шарқий қисмида қадим  замонлардан бери турк  қабилалари яшаганлари ҳақида   анчагина   маълумотлар   мавжуд. Бу ерларни  XIII аср бошида забт этган  мўғуллар бўлса, Дашти Қипчоқнинг турк қабилалари орасида тез орада сингиб кетганлар ва ҳатто ўз миллийлигини йўқотганлар. Чингизхон қўшинларининг кўпгина қисмини туркий қабилалар ташкил этганлигини  ҳам унутмаслик зарур.
Масъуд ибн Усмон Кўҳистоний шаҳодат беришича, Оқ Ўрда, яъни кўчманчи ўзбеклар таркибига қуйидаги қабилалар кирган: буркут, қиёт, қушчи, қўнғирот, ушун (усун), ўтачи, найман, жот, чимбой, қорлиқ, кенагас, дўрмон, қурловут, туб, ойи, манғит, нўкуз, уйғур, хитой, тоймас, эчкй, туман-минг. Камолиддин Виноийнинг «Шайбонийнома» асарида, XV асрнинг 80-йилларида Шайбонийхонни қўллаб турувчи қабилалар орасида яна шодбоғли ва шунқорли қабилалари ҳам эслаб ўтилади Маҳмуд ибн Валининг сўзларига қараганда, Абулҳайрхоннинг қўшинларида уйғур, можор ва қипчоқларнинг жанговар гуруҳлари бўлган.
Бу қабилаларнинг келиб чиқишлари турли хилда Масалан, қўнғирот, нўкуз ва қиётлар — мўғулга, тангутлар бўлса — Тибетга тааллуқли.
Хитойлар хусусига келсак, уларнинг аждодлари — X—XI асрларда шимоли-шарқий Хитойда яшаб ҳукмронлик қилган кидонлардир.
Рўзбехон XVI аср бошларида «ўзбекларга уч тоифа («халқни»), яъни қабилалар бирлашмасини тааллуқли, — дейди, — булар Шайбон улусига қарашли барча қабилалар, қозоқлар ва, ниҳоят, манғитлардир». Маълумки, Дашти Қипчоқдаги кўчманчи ўзбеклар иттифоқипи ташкил этган кўп қабилалар замон ўтиши билан парчаланиб кетиб, унинг бўлаклари қозоқлар, қорақалпоқлар, бошқирдлар ва бошқаларнинг таркибига кирганлар, аммо ўзларининг қабила номларини сақлаб қолганлар.
XV асрнинг бошларида юқорида айтиб ўтилган қабилаларнинг бир қисми (ўзбеклар; шарқ муаллифлари иборалари бўйича — «ўзбакон») Шайбонинхон атрофида бирлашиб, Қипчоқ даштидан Ўрта Осиёга бостириб кирдилар ва ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида турғун бўлиб қолдилар. Шу пайтдан бошлаб «ўзбек» ибораси этник маъно касб этди ва бу ҳудуддаги туркий аҳоли «ўзбек» номини қабул қилди. Шу ерда таъкидлаб ўтишимиз керакки, кўчманчилар аввал қайси қабилага мансуб бўлсалар, ўша номни сақлаб қолганлар ва то XX асргача аждодий-қабилавий бўлинишларни сақлаб қолганлар. Аммо, бу ўзбек халқининг келиб чиқиши XVI асрга тўғри келади, Деган гап эмас. Бу ерда сўз фақат «ўзбек» иборасининг этник номи сифатида пайдо бўлган вақти ҳақида кетмоқда. Маълумки, қадимдан Ўрта Осиёда туркий ва туркий тилда сўзлашувчи халқлар яшаганлар. Дашти Қипчоқнинг кўчманчи ўзбеклари бўлса, Мовароуннаҳрнинг туркий аҳолиси орасида сингиб кетиб, «охирги қўшилганлар сифатида ўз номларини уларга берганлар».
Энди, асосий манбалар ҳақида. Биз тадқиқ этаёттан муаммога доир асосий манбаларни қисқача баён қилишдан аввал,  Масъуд ибн Усмон   Куҳистонийнинг асаридан бошқа кўчманчи ўзбеклар давлатининг сиёсий тарихини акс эттирувчи рисолалар йўқ эканлигини таъкидлаб ўтамиз. Аввалги Жўчи улуси ғарбий қисмининг тарихи  бўйича турли тилларда  ёзилган манбалар кўп бўлса ҳам, Шайбон улусининг тарихи манбаларда яхши ёритилмаган- Агар Муъиниддин Натанзийнинг қимматли, аммо деярли ўрганилмаган «Мунтахаб ул таворих» номли асарини ҳисобга олмасак, бундай манбалар Ўрда улуси бўйича ҳам йўқ. Шунинг учун ушбу сатрларнинг муаллифи темурийлар даврига мансуб, асосан Шайбонийхон замонида ва   ундан кейинги пайтларда ёзилган асарларга мурожаат этишга мажбур бўлди. Машаққатли изланишлар натижаси ўлароқ, қатралаб зарур маълумотлар тўпланди. Бу манбалар, биттасидан («Таворихи гузида. Нусратнома») ташқари, форс тилида ёзилган: уларнинг тили замон талабига мувофиқ саж билан ёзилган ўхшатишлар, муболағаларга бой, «Қуръони карим» дан ва ҳадислардан кўп кўчирилган (айниқса, «Меҳмонномаи Бухоро») ҳамда шеърлар кўп келтирилган.
Буларнинг ҳаммаси асарни бойитиб безаса ҳам, маълум даражада ўқишни қийинлаштиради.
Бу асарларнинг муаллифлари ерли феодал ҳокимларнинг саройларида хизмат қилувчи шахслар бўлганлари учун уларнинг қаҳрамонликлари ва хайрли ишларини мадҳ этадилар. Бу китобларда ҳоким бўлган феодал олий табақа ғоялари асосий йўналиш бўлганлиги сабабли меҳнаткаш омманинг ҳаёти ёритилмаган, ижтимоий-иқтисодий далиллар кам учрайди. Бу манбаларни танқидий ўрганиш жараёнида уларнинг шундай хусусиятлари ҳисобга олинди.
Уларнинг баъзиларига қисқача тўхталиб ўтамиз. Кўчманчи ўзбеклар ҳақида, аниқроғи уларнинг темурийлар билан XIV ва  XV асрлардаги ўзаро алоқалари тўғрисида  Абдураззоқ Самарқандийнинг   (1413—1482) қимматли, аммо шу пайтгача тадқиқотчилар томонидан кам ўрганилган «Матлаъ ус-саъдайн» асарида анчагина маълумотлар мавжуд.   Тилининг жимжимадорлиги   ва баённинг анъанавийлигига қарамай, Абдураззоқ Самарқандийнинг асари маълум даражада ҳақгўй бўлиб, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг  XV аср тарихини ўрганиш бўйича   бебаҳо тарихий манбадир.   Бу асар мутолааси давомида ўқувчи ташқи ва ички сабаблар таъсирларида давлатлари инқирозга юз ўгираётган пайтдаги Шоҳруҳ ва Абусаъидларнинг даврларини кўз ўнгига келтиради. Зодагонлар ўзаро курашларининг тасвири,   қишлоқ ва шаҳар аҳолисининг аҳволи, оз бўлса-да феодал институтлар ва ер эгалиги (суюрғол, тиюл), солиқлар (тамға, сари шуморо ва б.), темурийларнинг кўчманчи ўзбеклар билан ўзаро алоқалари бутун китобда ўз аксини топган ва фақат диққат билан ўқилгандагина керакли маълумотларни саралаб олиш мумкин бўлади. Абдураззоқ Самарқандийнинг асаридан олинган маълумотлар бу китобга қисман асос бўлди.
Мирхонднииг (Муҳаммад ибн Ховандшоҳ ибн Маҳмуд (1433—1498) машҳур, салмоқдор асари «Равзатус-сафо» («Покиза жаннат боғи»)да кўчманчи ўзбекларнинг темурийлар билан (масалан, Абдураззоқ Самарқандий ва бошқа муаллифларда бўлмаган) ўзаро алоқалари ҳақида баъзи маълумотлар бор. Бу маълумотларга аввало, Жумадуқ номли ўзбек ўғлонининг 1420 йили Самарқандга элчилар юборгани, Шоҳруҳнинг кўчманчи ўзбекларнинг хуружларидан сақланиш учун салтанатнинг шимолий чегараларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширгаи тадбирлари киради. Мирхонд ишини унинг набираси, XV асрнинг охири, XVI асрнинг бошларидаги юксак истеъдодли тарихчи Хондамир (Ғиёсиддин ибн Хумомиддин Муҳаммад Хованд Амир — 1475—1535) давом эттирган. Унинг асари — «Ҳабибус сийар» («Дўстларнинг ҳаётномалари») учинчи қисмидаги маълумотлардан ушбу рисоламизда бир мунча фойдаланилди. Бу асарда Султон Ҳусайн Бойқаронинг (1469—1506) ўзбек хонларидан бири бўлган Мустафо, унинг укаси Шоҳ Будоғ султон ва кейинроқ Абулҳайрхон билан ўзаро муносабатлари батафсил тасвирланган.
Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг (1500—1551) «Тарихи Рашидий»сида ўзбек зодагонларининг XV асрнинг иккинчи ярмидаги ўзаро курашлари ва кўчманчи ўзбеклар давлатининг инқирози озроқ ўз аксини топган.
Муаллифи номаълум бўлган «Тарихи гузида. Нусратнома» да («Сайланган тарихлар. Зафарлар китоби») кўчманчи ўзбеклар давлатининг тузилиши ҳақида фикр юритишга имконият берувчи маълумотлар мавжуд. Китобда ўзбекларнинг қўшини ва бу қўшинни моддий таъминлаб туриш учун аҳолидан олинадиган солиқлар ҳақида ҳикоя қилинади. Бундан ташқари, унда баъзи бир мажбурий хизматлар ва раиятдан олинадиган бошқа солиқлар (хирож, совурин, ошлиғ ва б.) ҳақида маълумотлар бор. «Нусратнома» эски ўзбек тилида ёзилган ва 1505 йилларда ёзилган. Бу асар туркларнинг қадимги афсонавий   аждодлари ва Чингизхондан   тортиб то Шайбонийхон томонидан Андижбннинг забт этилишигача (1504 й.) бўлган катта бир даврни қамраган. «Нусратнома»нинг туркларнинг қадимий аждодлари ва Чингизхон ҳақида ҳикоя қиллувчи биринчи қисми алоҳида қимматга эга эмас, муаллифнинг эътироф этишига кўра, ундаги маълумотлар Жувайний, Рашидиддин ва бошқа аввалроқ ўтган тарихнавислардан олинган. Булардан ташқари, муаллиф Улуғбекнинг «Тарихи арбаъ улус» рисоласидан фойдаланган.
«Нусратнома»нинг фақат икки нусхаси маълум. Бири Шарқшунослик маъхади (институти) нинг Санкт-Петербург бўлими кутубхонасида, иккинчиси —: Англияда, Британия музейида.
Бу асарда Абулҳайрхон вафотидан (1468) кейин кўчманчи ўзбеклар давлатининг аҳволи, Шайбонийхон ва бошқа ўзбек султонларининг Мовароуннаҳрга юришлари батафсил ёзилган. «Нусратнома»нинг Абулҳайрхон вафотидан кейин, то шайбоний ўзбекларнинг Мовароуннаҳргача бостириб киргунларигача бўлган воқеалар ҳикоя қилинган бўлимлари «Шайбонийнома» мазмуни билан деярли бир хил.
Иккала муаллиф ҳам битта асосий манбадан фойдаланган бўлсалар ажаб эмас.
Муҳаммад Солиҳнинг (вафоти 941 ҳижрий, 1534—35 милодий йил) «Шайбонийнома» манзумасида ҳам кўчманчи ўзбекларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётига оид анча далиллар бор. Олимлар томонидан ҳали яхши эътибор берилмаган, аммо жуда қимматли ушбу асарнинг муаллифи Темур ва Шоҳрухнинг юқори мансабли амирларидан бири бўлган Шоҳ Маликнинг авлодидан Муҳаммад Солиҳдир.
Муҳаммад Солиҳнинг «Шайбонийнома»си Шайбонийхоннинг 1500—1505 йиллардаги қозонган зафарлари ва фотеҳлигииинг мадҳиясидир. У эски ўзбек тилида ёзилган бўлиб, ўзида бой этнографик далиллар ва ўзбек қўшинлари ҳамда у пайтлари фуқароларга юклатилган мажбуриятлар, баъзида совурин, омонлик моли (моли омон), ошлиғ каби солиқлар ҳақида қимматли маълумотларни жам этган. Муаллиф ўзбекларнинг мўғуллар билан, айниқса, уларнинг Тошкентдаги ҳокими Султон Маҳмудхон (1487—1503 йилларда ҳукмронлик қилган) билан бўлган ўзаро муносабатлари ва Мовароуннаҳрдаги темурийлар давлатининг XIV аср охирлари — XV аср бошларидаги аҳволи ҳақида муфассал ҳикоя қилади.
Камолиддин Биноийнинг (1453—1512) Шайбонийхонга бағишланган ва унинг кўрсатмаси билан тузилган «Шайбонийнома» деб аталувчи тарихий асарида ҳам кўчманчи ўзбеклар тарихи ҳақида анча қимматли маълумотлар бор.
Биноийнинг ушбу асари кўчманчи ўзбеклар давлатида Шайх Ҳайдархон (1469 й. бошлаб) ҳукмдорлигидан бошлаб бўлиб ўтган воқеаларни ҳикоя қилади ва Шайбонийхоннииг Хоразмни забт этиши (908 х. й. — раббиул охирнинг ўрталари, — 1503 йилнинг октябри, мелодий) билан якунланади. Шайх Ҳайдархоннинг тахтдан тушиши ва шу билан бирга кўчманчи ўзбеклар давлати инқирозининг сабабини Биноий Дашти Қипчоқ аҳолисининг хонга бўлган ишончсизлигида деб тушунади. «Абулҳайрхоннинг вафотидап кейинроқ, — деб ёзади Биноий, — бу пайтни энг қулай ҳисоблаб, вилоятларнинг султонлари Шайх Ҳайдархонга қарши бош кўтардилар». Биноийнинг асарини ўқиш давомида ўзбеклар давлатида хон ҳукмронлиги қанчалик заифлашиб қолгаплиги равшанлаша боради. Биноийнинг айтишича, Шайх Ҳайдархоннинг кўпдан-кўп даъватларига қарамай, ўзининг шахсий навкарларидан бошқа ҳеч ким қароргоҳга келиб қўшилмади, натижада у Аҳмадхон, Ибоқхон, Бурка султон ва манғитларнинг бирлашган қўшинларига бардош беролмади. Бу маълумотлардан, Абулҳайрхондан кейин ўзбек давлатида улуслар тарқоқлиги қанчалик кучайиб кетгани маълум бўлади. Шайх Ҳайдархоннинг уларни бирлаштириш учун қилган урипишлари беҳуда кетган эди.
Бундан ташқари, Биноийнинг «Шайбонийнома» сида Шайбонийхон ва Абулҳайрхоннинг бошқа авлодлари — Кўчкунчи султон, Суюнчхўжа ва бошқалариинг «қозоқлик»7 йиллари, уларнинг Урусхон авлодлари билан ўзбек улусида ҳукмронлик учун курашлари ва, ниҳоят, кўчманчи ўзбекларнинг темурийлар ҳамда қозоқ хонлари билан аввалида Сирдарё бўйи шаҳаРлари: Ясси, Саврон, Утрор, сўнгра Мовароуннаҳр учун олиб борган курашлари батафсил баён қилинган. Маълумки, Мовароуннаҳр темурий ҳукмдорларининг ўзлари кўчманчи ўзбек зодагонларини шу пайтда Тошкент шаҳри ва вилояти қўл остида бўлган темурийларнинг шимолий чегараларига таҳдид қилаётган мўғуллар билан курашга жалб этдилар. Уз навбатида мўғулларнинг Тошкентдаги ҳокими Султон Маҳмудхон ҳам темурийлар билан курашда кўчманчи  ўзбеклардан  мадад  олиб турарди.   Шайбоний бошлиқ ўзбеклар ҳам гоҳ темурий Оултон Аҳмад мирзо га хизмат қилишар, гоҳида Султон Маҳмудхонга кўмак беришарди. Бу воқеалар ҳақида Биноийнинг биз баён қилаётган асарида муфассал ҳикоя қилинади.
Шуниси ҳам диққатга сазоворки, Мовароуннаҳрда темурийлар ҳукмдорлигининг охирги кунларини тасвирлаётганда Биноий темурийлар давлатининг инқирози сабабларидан бири сифатида шаҳзодалар орасида ва уларнинг хизматидаги амирлар орасида бирдамлик бўлмаганини кўрсатиб ўтади.
Биноийнинг «Шайбонийнома»сида кўчманчи ўзбеклар давлатининг тузилиши ва хусусиятлари, уларнинг қўшинларини ем ва озиқ-овқат билан таъминлаш, кўчманчи зодагонларга катта фойда келтирадиган ҳарбий ўлжалар ҳамда ўлжаларнинг тақсимоти, шунингдак кўчманчи ўзбекларнинг Мовароуннаҳр обод мавзеъларига мунтазам ҳужумлари ва бу юртнинг тинч аҳолисини талаганлари ҳақида маълумотлар мавжуд. Бундан ташқари, Шайбонийхоннинг ўзбек улусидаги ҳокимият учун кураш йилларида ҳам, Мовароуннаҳрда темурийлар билан кураш йилларида ҳам қўллаб-қувватлаган қабилаларнинг номлари ва уларнинг йўлбошчилари исмлари келтирилган.
Сирдарё бўйидаги ўша даврларда мавжуд бўлган қалъа-шаҳарлар: Аркўк, Узганд, Сиғноқ, Ясси (Туркистон), Саврон ҳамда Хоразмнинг баъзи шаҳарлариТирсак, Вазир, Булдумсоз, Адоқ ва ҳозирги кунларда вайронаси қолган шаҳарлар ҳақидаги Биноийнинг маълумотлари эътиборга лойиқдир.
Биноийнинг асари ўқимишли, равон форс тилида ёзилган. Шайбонийхоннинг мирзоси Мўмин мунший томонидан китобат этилган ва баъзи саҳифаларини (За, 24а, 31 а саҳифалар) Шайбонийхоннинг шахсан ўзи кўчирган энг қадимги нусха (тартиб № 844) ҳозирги пайтда Ўзбекистон ФА сининг кутубхонасида сақланади. Шу ернинг ўзида сақланадиган бошқа нусхалар (улар 6 та) эса, XX асрнинг биринчи чорагига мансуб бўлиб, деярли ҳаммаси тўла эмас ва баъзи нуқсонларга эга.
Биноийнинг асари Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг ўрта асрдаги тарихини ўрганиш учун қимматли манба бўлса ҳам шу пайтгача нашр этилган эмас. Ўзбекистон республикаси ФА нинг Шарқшунослик институтида унинг матни ва таржимаси изоҳлари билан нашрга тайёрланган. Аммо афсуски, шу пайтгача бу нашр амалга оширилган эмас. Айтиб ўтишимиз керакки, Биноий «Шайбонийнома»сининг мавжуд бўлган ҳамма нусхалари ҳам ҳажм жиҳатидан кичкина — ҳар бири 40—41 саҳифадан ошмайди. Яқинда биз шу пайтгача номаълум бўлган, 104 саҳифадан иборат нусхани топишга муваффақ бўлдик. У, Ҳофиз Таниш Бухорийнинг Бокуда сақланаётган «Абдулланома» асарига киритилган экан. Унда Абулҳайрхоннинг вафотидан сўнг (1468) кўчманчи ўзбеклар улусига ҳукмронлик қилган Шайх Ҳайдархон давридан бошлаб кўчманчи ўзбекларнинг тарихи ва Шайбонийхоннинг Самарқанд ҳамда бошқа вилоятларни босиб олишигача бўлган (1501 й.) воқеалар батафсил баён қилинган.
Рўзбехоннинг (Абулҳайр Фазлуллоҳ ибн Рўзбехон ал-Хунжий ал-Исфаҳоний ал-Аминий, 1457—1530 йй.) уича машҳур бўлмаган ва мутахассислар томонидан кам эътибор берилган «Меҳмонномайи Бухоро» асарида ҳам кўчманчи ўзбеклар иқтисодий-ижтимоий ҳаётининг тарихини акс эттирувчи қимматли маълумотлар бор.
«Меҳмонномайи Бухоро» — Шайбонийхоннинг қозоқ султонлари Бурундуқхон (1480—1511 йй.), Қосимхон (1511—1518 йй.), Жониш султон (1509 й.) ва бошқаларга қарши ҳарбий юришларига бағишланган тарихий-ахлоқий асар. Ҳарбий юриш 1508—1509 йй. қишида амалга оширилиб, юқорида номлари келтирилган султонларнинг улусларини8 талон-торож ва вайрон этилиши билан якунланди. Бу ҳарбий юришларга қозоқ султонларининг 1503—1507 йиллардаги бирнеча бор Мовароуннаҳр воҳаларига, айниқса, Қосимхоннипг набираси Аҳмад султоннинг 1508 йил Самарқанд ҳамда Бухоро атрофидаги қишлоқларни вайронага айлантирган босқинлари бир баҳона бўлди.
Рўзбехон ўз замонасининг йирик диний арбоби бўлиб, кўпгина шарқ ҳокимлари: Султон Еқуб Оққўюнли (1478—1490), темурийзода Султон Ҳусайн мирзо, Шайбонийхон (1501 —1510) ва, ниҳоят, Убайдуллахонларнинг (1533—1539) саройларида юқори мансабларни эгаллаб турган.
Рўзбехон қаламига «Меҳмонномайи Бухоро»дан ташқари Султон Ёқуб Оққўюнлининг ҳукмронлигига бағишланган «Тарихи оламоройи Аминий» номли тарихий асар, «Сулук ал мулук» номли сиёсий рисола, Ироқ ва Бухорода ёзган бир неча диний асарлар мансубдир.
Рўзбехон ўз асарини Шайбонийхоннинг ҳарбий юришидан анча илгари бошлаган ва Ҳиротда 1509 йили август-сентябрь ойларида битирган.
«Меҳмонномаи  Бухоро»   ҳақида   биринчи   марта П. Иванов ва А. Н. Болдиревлар эслатиб ўтганлар, улар Рўзбехои тўғрисида ҳам маълумотлар берганлар. Кейинроқ, 1954 йили М. А. Салье1 бу асар ҳақида мақола эълон қилиб, унда Рўзбехон тўғрисида муфассал маълумотлар берган. Аммо, М. А. Салье бу асарнинг мазмунини қисқача бўлса ҳам ёритмаган, фақат боблар помининг таржимасини бериш билан чегараланган, холос. С. К. Иброҳимовнинг шу асарга бағишланган мақоласида «Меҳмонномайи Бухоро» даги Қозоғистоннинг XV—XVI асрлардаги тарихига оид сатрларга алоҳида эътибор берилади.
«Меҳмонномайи Бухоро»дан маълум бир даражада А. А. Семёнов ҳам фойдалангани маълум. Шундай бўлса ҳам, Рўзбехоннинг бу асари шу пайтгача яхши ўргапилмаган ва қимматли манба сифатида ундан яна анча самарали фойдаланилса бўлади. Унда XV—XVI асрлардаги Ўрта Осиё ва Қозоғисатон хлқлари ҳаётининг маданий ва сиёсий жиҳатларини акс эттирувчи мааълумотлар кўп.
Рўзбехон ҳукмдор зодагонлар олий табақасининг гояларини ифода этувчи бўлганлигидан, унинг асарида ҳам меҳнаткаш оммаиинг аҳволи етарли даражада акс этмаган. Шундай бўлса ҳам, диққат билан ўргаиилганда, ҳозирги Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон ерларида биз ўрганаётган даврдаги ҳаёт тўғрисида умумий тасаввур ҳосил қилса бўлади.
«Меҳмонномайи Бухоро» да қул савдосининг мавжудлиги ва кўчманчи зодагонлар томоиидан хўжаликда ҳам, урушларда ҳам қуллардан фойдаланиш ҳақидаги далиллар бор. Бу асарни ўқиб, кўчманчи ўзбеклар шариатга хилоф равишда, асирларга фақат ҳарбий ўлжа сифатида қараб, ўзлари асир олган мусулмонларни қул сифатида сотганларидан хабардор бўламиз. Рўзбехон бу асарида Дашти Қипчоқ кўчманчиларнинг турмуши, кўчманчи киборларнинг (аристократия) ҳаёт тарзи, ўша замонларда Сирдарёнинг ўрта оқимида, икки қирғоқ бўйида жойлашган шаҳарлар — Аркўк, Узганд, Сиғноқ, Ясси, қозоқ султонларининг ёзлик ва қишлиқ қароргоҳлари ҳамда Саврон ҳақида жуғрофий маълумотлар келтирилади. Бундан ташқари, асарда ўзбекларнинг қўшинлари ва уларни озиқ-овқат, отларини ем-хашак билан таъминлаш, Шайбонийхоннинг молиявий сиёсати ҳақида баъзи маълумотлар мавжуд.
«Меҳмонномайи Бухоро»нинг яна бир қимматли томони, фазилати, унинг XVI асрдаги Дашти Қипчоқнинг сиёсий аҳволини ва ўзбеклар билан қозоқларнинг ўзаро муносабатларини нисбатан ҳақгўйлик билан ёритишидир. Асарда воқеалар қизиқарли қилиб, жозибадор ёзилган. Бунинг устига, Рўзбехон Шайбонийхоннинг қозоқларга қарши 1508—1509 йиллар қишидаги юришида қатнашган, яъни, унинг ҳикоялари-воқеалар шоҳидининг баёнидир.
Буларнинг ҳаммаси асарни энг ишончли манба сифатида кўришга асос бўла олади.
«Меҳмонномайи Бухоро»нинг тили мураккаб ва жимжимадор: тарихий воқеалар тез-тез баҳс, мунозаралар, турли панд-насиҳатлар ва шеърлар билан уйғунлашган.
«Меҳмонномайи Бухоро»нипг дастхат қўлёзмаси бўлмиш нусхаси Ўзбекистон ФАнинг Шарқшунослик институтида сақланади (№ 1414; 135 варақ). Бошқа бир (915 ҳ. й.— 1509 м. йилга мансуб) нусхаси Истамбулдаги Нури Усмония мачитининг кутубхонасида 3451 тартиб рақами билан ҳисобда туради. Биз Ўзбекистон ФА ШИ да сақланувчи, шу қўлёзманинг кўчирмаси (копия)дан (№ 5885, 222 варақ) фойдаландик. Бу иусха, 1939 йили, шу институтнинг илмий ходими, марҳум Ибодулло Одилов (1872—1944) томонидан кўчириб олинган.
Бу асар ўзбек тилига таржима қилинса, Ўрта Осиё ҳамда Қозоғистон ўрта асрлар тарихииинг кўп муаммоларини ҳал этиш ва аниқлашга ёрдам берарди.
Кўчманчи ўзбеклар тарихи бўйича шайбонийларнинг сарой тарихчиси Масъуд ибн Усмон Кўҳистоний томонидан Абдуллатифхон (1540—1551) топшириғига кўра ёзилгаи ва кўчманчи ўзбеклар давлатининг асосчиси Абулҳайрхонга бағишланган «Тарихи Абулҳайрхоний» («Абулҳайрхон тарихи») номли асар асосий ман-бадир.
Масъуд ибн Усмон Кўҳистоний ҳақида баъзи бир ўзи қолдирган маълумотлардан бошқа маълумотлар йўқ. Ўзбеклар томонидан 834 ҳ. й. (1431 м. й.) Хоразмнинг олиниши ҳақидаги бобда у ўзини Абулҳайрхоннииг ўғли Суюнчхўжахоннинг мирзоси бўлганини, сўнгра, унинг вафотидан9 кейин юқорида номи эслатилган Абдуллатифхоннинг саройида хизматда бўлгани ва у ерда қадр-эътибор қозонгани ҳақида айтиб ўтади. Масъуд Кўҳистоний қачон ва қаерда вафот этганини аниқлаб бўлмади. Ҳар  ҳолда,  унинг асари  аввалги нусхаларидан  бири 1590 йил 10 декабрда кўчириб битирилганда у ҳаёт эмас эди. Бу ҳақда ҳаттотнинг қуйидаги сўзлари далолат беради: «Масъуд ибн Усмон Кўҳистоний қувваи саодат ва беқиёс қудрат ила, юксак мартаба ва буюклик билан қазога бўйсуниб, Аллоҳнинг номини ва амрини эслаб, унинг (Аллоҳ таолонинг) марҳамати билан ушбу фоний дунёни тарк этди».
— «Тарихи Абдулҳайрхоний» — аслида «умумий тарих», тарзидаги асар, шунинг учун ҳам у «оламнинг яратилиши»дан то XV асрнинг 60-йилларигача бўлган даврни қамраб олади. Унинг охирги, 32 варақдан иборат қисмида Абулҳайрхон даврида кўчманчи ўзбеклар ва улар давлатининг сиёсий тарихи баён этилган. Масъуд ибн Усмон Кўҳистоний асаринипг кўп қисми (16—214 варақлар) бошқа китоблардаи олинган маълумотлардан иборатдир (компилятив тарзда). Уни тузишда муаллиф ўз давригача тарихнавислар томонидан ёзилган асарлардан кенг фойдаланган, булар Жувайний, Жузжоний, Банокатий, Шарафуддин Али Яздий ва бошқаларнинг асарларидир. Асарнипг якунловчи қисми эса, бизга номаълум бўлган расмий ҳужжатлар (сарой солномаси бўлиши мумкин) асосида тузилган бўлса керак. Академик В. В. Бартольднинг фикрига кўра, бу боб Абулҳайрхоннинг сафдошлари — воқеалар шоҳидларининг, бириичи навбатда отасининг кўп юришларида қатнашган Суюнчхўжахоннинг эсдаликларига асосланган.
«Тарихи Абулҳайрхоний»нинг сақланиб қолган нусхалари анчагина. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтииинг ўзида учта нусхаси мавжуд. Уларнинг биринчиси (№ 1512, 268 варақ, настаъликда ёзилган) А. А. Семёновнинг шаҳодат беришича, XVIII асрда кўчирилган. Бу қўлёзманинг бошланиш ва охирги қисмлари йўқ, бунинг устига намликдан вақт ўтиши билан шикастланган. Иккинчи нусха (№ 5392, 43 варақ, настаъликда ёзилган) шу номдаги қўлёзманинг фақат охирги қисми бўлиб (1900—1901 м. й.), 1318 ҳижрий йилда кўчирилган. Охирги, учинчи қўлёзма мукаммал (№ 9989) бўлиб, нозик расмлар билан безатилган ва 1825—1826 йилларда тузилган. Сапкт-Петербург давлат дорилфунунининг кутубхонасида «Тарихи Абулҳайрхоний»нинг яхши бир қўлёзмаси (№.852, 479 варақ) (сақланади, у 1818 йил 3 майда кўчириб битирилган. Масъуд ибн Усмон Кўҳистоний қўлёзмасининг энг қадимги нусхаси Русия ФА Шарқшунослик институтида сақланади (с. 478, 248 варақ). «Тарихи Абулҳайрхоний»нинг бир нусхаси Британия музейида, аммо у мукаммал эмас. Унинг бошланиши ва охирги қисмининг деярли ярми йўқ. Унда воқеалар баёни Абулҳайрхоннинг Мустафахон билан олиб борган жангидан бошланади. Қўлёзмадаги бу камчилик асардан илмий фойдаланиш имконини бермайди. Ушбу риеоламизга биз Санкт-Петербург Шарқшунослик институти кутубхонасидаги нусхани асос қилиб олдик, чунки у юқорида айтиб ўтганимиздек, энг қадимий мукаммал ва ишончли нусха ҳисобланади.
«Тарихи Абулҳайрхоний»нинг ҳам тили жимжимадор, сержило ва кўп шеърлар билан музаййан этилган. Асар ҳукмрон зодагон киборларнинг ғоялари билан суғорилган, унда Абулҳайрхон, унинг авлодлари ва атрофидаги зодагон-саркардаларнинг донишмандликлари, сезгирликлари, узоқни кўрабилишлари, сахийликлари ва жасур-ликлари мадҳ этилган. Воқеалар қиссагўйлик тарзида баён этилган бўлиб, одатдагидек кўчманчи ўзбекларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва зодагоиларнинг эзиб ишлатишларидан азоб чекувчи, беҳисоб урушлар, улуслар орасидаги келишмовчиликлардан хонавайрон бўлган оддий кўчманчиларнинг аҳволи ўз аксини топмаган. Албатта, сарой тарихчиси мукаммал ва ҳақгўй асар ёзади, деб ўйлаш соддадиллик бўлур эди. У замон тарихнавислиги у ёки бу даражада анъанавийлик ва бирёқламаликқа мойил эди. Масъуд ибн Усмон Қўҳистонийнинг асари ҳам улардан афзал эмас. Аммо шунга қарамай, ўша пайтлардаги Дашти Қипчоқ аҳолисининг кўчманчи ҳаёти, кўчманчилар давлатининг хусусиятлари ва зодагонлар орасидаги кураш ҳақида бирмунча қимматли маълумотлар олса бўлади.
Масъуд ибн Усмон Кўҳистонийнинг бу асаридан олимлар жуда кам фойдаланишган. Шунинг учун Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларининг ўрта аср тарихини ўрганишда тадқиқотчиларга у ҳали кўп ёрдам беради.
Кўчманчи ўзбеклар давлатининг сиёсий тарихи бўйича, XVII асрда яшаган балхлик Ўрта Осиё тарихнависи Маҳмуд ибн Валинииг катта тарихий асарида қимматли маълумотлар бор. Муаллифнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида афсуски маълумотлар жуда кам. Асарнинг бошланиш қисмида қайд этилишича, у ўз даврининг ўқимишли одами бўлган. Ахлоқий, панд-насиҳат, диний ва адабий мавзуларга бағишланган бирнеча асарлар унинг қаламига мансуб: булар «Равойихи таййиба» («Хуш ислар»), «Муҳаббатнома», «Нажми сойиб», «Ёрқин юлдуз», «Рисолаи баҳория», «Ахлоқи Ҳусайний» ва 50 минг байтли девон.   Маҳмуд ибн Вали 1595—1596 йилларда Балхда туғилган, шу ернинг ўзида ўқиган, 1624— 1630 йилларда Ҳиндистонда яшаган, сўнгра яна Балхга қайтиб келган ва то умрининг охиригача (қачон вафот этгани номаълум) шу ерда (Балхда) яшаб, аштархоний Надир Муҳаммадхон ҳузурида кутубхонача бўлиб хизмат қилган (1635—1642).
Маҳмуд ибн Вали йирик асарининг номи «Баҳр ул-асрор фи маноқиб ал-аҳёр» («Ҳимматли кишиларнинг яхши сифатлари ҳақида (ҳикоя қилувчи) сирлар денгизи») бўлиб, қомусий мазмундаги китобдир. Китобда фазо илми, жуғрофия ва умумий тарихга оид маълумотлар бор. Асар, аввал Балх ноиби, сўнгра Бухоро ҳамда Самарқанд ҳукмдори Аштархоний Надир Муҳаммадхонга бағишланган.
Маҳмуд ибн Вали ўз асарини ёзишга 1631 йили киришди ва уни 1640—41 йиллардан сўнг тугатди. «Баҳр ул-асрор» етти жилддан иборат бўлиб, ҳар бир жилд ўз навбатида тўрт рукндан (бўлимдан) иборат. Олтинчи ва еттинчи жилдлар умумий тарихга бағишланган. Афсуски, бизгача асарнинг фақат биринчи (фазо илми) ва олтинчи (мўғуллар, темурийлар, шайбонийлар ва аштархонийлар тарихи) жилдлари етиб келган. Олтинчи жилднинг биринчи уч рукни Ўзбекистон ФАда сақланади, унинг охирги рукни хулосавий, боби билан бирга, чет элда, Лондондаги «Индия Оффис» кутубхонасида (тартиб № 575) сақланади (эски тартиб № 1496).
Асар (6 жилди)нинг биринчи рукни мустақил қимматга эга эмас, чунки у Жувайний, Рашидиддин ва Вассофларнинг асарларига асосланиб ёзилган. Умуман, иккинчи ва учинчи рукнлар ҳам асосан кўчирилган маълумотлардан иборат. Лекин айтиб ўтиш керакки, бу рукнларда Чиғатоийлар тарихи, айниқса Элчиғатой (1321 — 1322) ва Кепакга қарши исён кўтарган, Хуросонга юришлари билан машҳур бўлган шаҳзода Ясавур (1309 — биринчи ҳукмдорлиги, 1318—1321 йиллар — иккинчи ҳукмдорлиги) даври, Жўчилар сулоласи тарихи муфассал келтирилган. «Баҳр ул-асрор»нинг охирги, тўртинчи рукни мустақил қимматга эга бўлиб, XVII асрнинг биринчи ярмидаги Ўрта Осиё тарихи бўйича мўътабар манба ҳисобланади.
Араб муаллифларидан биз ал-Умарий, ибн Батутта, ал-Мақризий, ал-Айний ва бошқаларнинг В. Г. Тизенгаузен таржимасидаги асарларидан фойдаландик.
Олтин Ўрданинг XIV ва XV асрлардаги сиёсий тарихи бўйича кўп маълумотлар рус солномаларида бор. Бу манбаълар бизга бир томондан, Олтин Ўрда олий ҳокимияти учун ўзаро, бошқа томондан — Жўчи улуси ва Русия билан курашган Ўрда, Шайбон ва Туға Темурлар авлодларининг ўзаро муносабатларини ўрганишга имконият бердилар.

давоми бор

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин