Маърузачиларнинг тадбири бўйича бизнинг муаллималаримиз ичида мактаб бошқа-ю сиёсат бошқа, дейдурғон кишилар бор эмиш.
Мактаб қайси синф қўлида бўлса, шу мактабларда шу синфнинг мафкураси тарқалади ва илгари сурилади. Бу гапга кўнмаганларни янглишган, ўжар кишилар деб айтишга жасорат қиламиз. Жадидликка қандай баҳо бериш тўғрисида қуйидаги асосларни келтираман: жадид мактаби қай вақтда ва кимлар қўли билан вужудга чиқди? Мана буни текшириш учун йигирма йил илгарига қараш, албатта лозим. Ҳозирги пайтда ўрта маълумотга эга бўлган кишилар, Масков ва бошқа жойларга бориб ўқишни ҳавас қилса, авваллари саводи чиққан бир киши Бухоро бориб ўқишни ўзи учун бир шараф деб билар эди. Чунки улар илмни фақат дингина деб билар эдилар. Муҳит шуни тақозо қилар эди... Жадид мактаби ташкил қилғонлар ҳам эски мактаб, мадраса ва қорихоналарнинг етиштирган кишилари эди. Улар ёлғиз Боғчасаройда чиқадурғон Исмоил Ғаспринскийнинг газетасини ўқидилар ва шу орқали мактабни яхши тушуниб, китоблар олдирар эди. Буларга баҳо янглиш ва ортиқча берилган. Чунки ўша вақтдаги жадид мактабига уламо, бой, ҳамма ва ҳамма қарши эди. Жадидлар шундай шароит ичида жасорат билан чиқиб иш бошлағон эканлар, буларга бериладурғон баҳо ҳам шундан ортиқ бўлмаслиги лозим. Жадидлар шу мактабга яхши назар билан қарағон кишиларни ўзига дўст кўриб қучоғига тортар эди. Буларнинг бой, руҳоний, савдогар бўлишидан қатьи назар, секин-секин жадидлар дўсти кўпайиб, турли гуруҳлардан иборат бир жадидлар тўдаси ташкил қилдик. Инъомофни жадидларни алоҳида синф қилиб кўрсатиши номаъқул гап. Жадидлар палисанинг қўрқинчи қоттиқ бўлса ҳам, қийинчиликларни ўз устига олиб газет чиқарди ва халққа тарқатти. Жадидларнинг энг азоб тортқон даври Керенский вақти бўлди. Керенский вақтида идораларга уламолар миниб олди. Мактабга ёрдам бериш у ёқда турсин, чор ҳукумати даврида берилиб келган моҳиёналар ҳам берилмади, тўхтади. Уламоларнинг ўша вақтдаги кучи молик бўлганларини жадидлардан думага 11 та, уламолардан 65 та вакил сайланиши билан исбот қиламан. Жадидлар ўз уламолари, бойларга қарши, рус социалистлари билан бирга қўлға-қўл бериб ишлади.
Қўқон мухториятини рус меньшевиклари тузди. Чўқоеф унга жуда яқин эди. Убайдулла Хўжаев ва Низомиддинлар мухториятга қатнашди. Ўша вақтда жаидларнинг отаси бўлиб ҳисобланган мен ўзим лоақал миллат мажлисига аъзо бўлиб ҳам сайланмадим. Жадидлардан Қўқон мухториятига қисман аралашғон кишилар бўлса ҳам кўбчилиги четда турғон.
Яна бир гап борки, жадидлар октябрь инқилобини яхши қарши олмағон эмишлар. Октябрь инқилобини рус ишчилари қилғонини ҳеч яшириб бўлмайди. Биз уларнинг тайёрига айёр бўлиб ишлай бошладик. Октябрдан кейин жадидлар Керенский сиқиндисидан қутулди. Мактабларни ҳукуматга бериб, ўзлари шўро муассасаларида ишлай бошладилар. Октябрь ўзгаришига жадидлар раҳбарлик қилди, дейиш ҳам, октябрни улар яхши қарши олди, дейиш ҳам хато гап.
Жадидлар октябрь инқилобиға ёмон қарағон бўлсалар эди, 20—21 йилларғача шўро идораларида ишлаб келмас эдилар. 21 йилдан бошлаб жадидлар катта хато қилди. Турккомиссия томонидан қилинғон ҳаракатларни мустамлакачилик, дедик. Ҳақиқатан, улар мустамлакачи экан, уларга қарши курашмай, бутун ишни ташлаб, араз қилиб, ўзимизни четга олишимиз катта хато бўлган. Шу ишимизга пушаймон қилиб, шу вақтгача ишлаб келсак ҳам хизматларимиз хатомизни ювиб кетар даражага бормағонға ўхшайди.
Чор ҳукуматини йиқитиш жадидларнинг тилагида бор эди. Сиёсий вазифамиз ва мақсадимиз ҳам шундан иборат бўлиши яширин эмас. Наинки, биз жадид мактаби очиш билан савдо хизматчилари, бошқача таъбир билан айтганда, дўконда ўлтуриб насия ёзадургон ходимлар етказсак? Шу ишки ақлли одам шу баҳони беришдан у ёқ, бу ёқни мулоҳаза қилсин. Жадид мактаби очишимизга сиёсий ва маданий курашчилар тайёрлаш баҳоси берилмаганига таассуф билдиролмай ўта олмайман. Бу ерда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ўша вақтдаги жадид мактабини битириб чиққон баъзи йигитларимиз ҳозир масъул ўринларда туради. Жадидлар чор ҳукуматини йиқитиб, Туркияга ёки Польшага ўхшаш бойлар ҳукумати ташкил қилади, деган назариялар ҳам йўқ эмас эди.
Ўша вақтда бир мажлисда рус мустамлакачилари билан курашамиз, деган эдим. Агар борди-ю, рус ўртоқлар шу гапимга араз қилиб, «Ол мамлакатингни, ўзинг идора қил», деса, мен уларнинг оёғига ёпишиб, энг аввал айтар эдимки, биз сиз билан эмас, сизнинг бойингиз, уламойингиз ва мустамлакачиларингиз билан курашамиз, дер эдим. Жадидларнинг шўро ҳукуматига дўстлигини қуйидаги ҳужжатлар билан исбот қиламан: Январь инқилобида ўн икки соатлик ҳукумат бўлди. Ростовский ва Абдусафийхонлар одам қидириш режасини тузди. Шунда жадидлар қочиб кетди. Қачонки, большевиклар ғолиб бўлди, деган хабар эшитилгандан кейин чиқиб, большевикларга қарши бўлғонларни суд қилиб, отиб юборилди.
Биз халқнинг аҳвол-руҳияси билан ҳисоблашиб, ер ислоҳоти, паранжи масалаларини ўттиз йилсиз ҳал қила олмас эдик. Большевиклар фирқаси бу ишни ўн йилда бажариб қўйди, биз ўша вақтда зиёли деб русларнинг ўрта ва олий мактабларида ўқиғон кишиларни айтар эдик. Жадидлар билан коммунистларнинг ҳаёти маҳқам боғланган эди. Улар ўлса ўлди, тирилса тирилди. Ўлгунича инқилобни ҳимоя қилишга тайёр. Жадидларнинг бир иккитасидан гуноҳ ўтган экан, ҳаммасини қоралаш яхши эмас.
Нашрга тайёрловчи: филология фанлари номзоди Шуҳрат Ризаев |