Саналар
13.12.2024
Баннер
Нажот йўли (Раҳбари нажот) (2)
PDF Босма E-mail

МУҚАДДИМА

ҲАЁТ ВА ҲАЁТ ҒОЯСИ

Коинотнинг ҳаётдан иборатлигига ҳеч шубҳа йўқдир. Ҳаёт бўлмаса, бошқа бирор нарса ҳам бўлмайди. Ўзи коинотнинг асл биноси ҳам ҳаётдир. Шунинг учун ҳам биз рисоламизнинг биринчи баҳсини ҳаёт мавзусига бағишладик.

Ҳаёт нима?

Мутакаллимлар (калом) мазҳабига қараганда, ҳаёт ҳис ва ҳаракатни талаб қилувчи сифатдир. Қадимги ҳукамо фикрига биноан, ҳаёт бу мизожга тобеъ, ҳис ва идрокнинг навъи ва табиатидир.
Асримиз ҳукамолари ҳам айтадиларки, коинот ҳаётдан иборат. Ҳеч бир нарса йўқки, унда ҳаётдан бир асари бўлмаса. Аммо мутакаллимлар мазҳабида бўлган қадимги ҳукамолар қайси бир жисмда ҳис ва ҳаракат бўлса, унда қаёт ҳам бўлади, қайси бир жисмда шу иккаласи бўлмаса, ҳаёт ҳам бўлмайди, деб айтадилар. Аслида ҳис ва ҳаракати бор нарсани «тирик» дейдилар. Лекин бу ҳаёт махлуқий ҳаёт деб аталади. Инсон ҳам аксар махлуқлар билан шу маънода бир хил, фарқ қилмайди. Лекин биз инсон ҳаёти ва аксар махлуқларнинг ўртасида катта фарқ борлигини мушоҳада қилар эканмиз, қуйидаги фикрларга келамиз.
Агарда ҳозирги ўтаётган ҳаётимиз устидан мушоҳада қилсак, жавоб ҳам осон бўлар эди. Лекин ҳаёт маънавий бир соҳадир, уни кўриб ва кузатиб бўлмайди. Шунинг учун бу фарқлар сабабини инсоният тарихи ва ўтмишидан қиди-рамиз. Башарият олами ибтидосидан бошлаб ҳозирги шаклда эдими? Яъни бани Одам ҳозиргидек шаҳарлар, қалъалар, мадрасалар, шунча илму санъат ва салтанатла-ри билан оламга келганмикан? Ҳеч қачон! Бечора ибти-доий одам кучсиз, заиф бир махлуқ эди. Баъзан совуқдан титраса, баъзан қуёш нурида қоврилиб, яшин ва чақмоқ-дан, ёмғир ва қордан, зулмат ва ваҳший махлуқлар ҳамла-ларидан кечаю кундуз қўрқиб жони ҳалқумига келар эди. Бунинг устига соатма-соат очлик ва чанқоқликдан қий-налар эди. Иссиқ-совуқдан муҳофаза қиладиган бир чодири ё чайласи, қоронғуда ёритувчи бир чироғ, ваҳшийлар ҳужумидан муҳофаза этадиган қуроли ҳам йўқ эди. Хулоса шуки, одам халқ бўлишининг ибтидосида заиф ва мискин жондорлардан бири эди. Бошқа махлуқлар кучли чангал ва тишлари ёрдамида манфаатларини таъмин этиб, зарарларини даф қилардилар. Одам эса шунга ҳам қодир эмас эди.
Ажабо, ҳазрати Холиқи ҳаким инсонни шунчалик ожиз яратиб, бу бечорага ҳам бирор-бир қурол, аслаҳа ҳам берганмикан, токи у орқали ўзини ҳимоя этиб, яшаши мумкин бўлса? Албатта берган. Аллоҳ инсонга энг буюк ва энг қиммат қурол ни берган. Инсон шу орқали оламни мағлуб қилиб шикастлаши мумкин. Бу қурол нимадан иборат? У АҚЛдир. Одамзод чорасизлигидан танг қолиб, ақлини ишлатишга мажбур бўлди, унинг соясида аста-секин манфаатларни қўлга киритиб, курган зарарларини даф қилди: уй қурди, табиат офатларидан қутулди. Қурол ясаб даррандалар ҳужумидан озод бўлди. Фақат шулар билан чегараланмай, бора-бора яшину момақалдироқ, сув ва оловдан нажот топиб, уларни олимона панжаси билан тасхир этди. Агар биз башариятнинг аввалги ожиз даври билан бугунги куч-қудратини солиштирсак, бу фарқнинг улканлигидан ларзага тушамиз ва инсоният оламининг ўзгаришини инкор этиш маҳол бўлади.

Инсоният оламидаги бу ўзгаришлар тараққиётмиди ё таназзул? Яъни инсоният олдинга ҳаракат қилибдими ёки орқага? Албатта, олдинга ҳаракат қилган ва ҳозирги кунгача бирор жойда таваққуф қилмаган. Масалан, анча йиллар олдин оташароба (поезд)ни биз нақлиётнинг охирги воситаси деб ўйлар эдик. Бир оз ўтмасдан инсон илмининг кучи билан тайёрани ихтиро қилди ва ўйлаган ақидамизни инкор этди. Бас, маълум бўладики, бани Одам ибтидодан то ҳозирги кунгача тараққий қилиб келган ва тараққий қилади ҳам. Шундай қилиб, одамда ҳаёт ғояси бор экан, яъни ҳазрати Холиқи ҳаким инсонлар учун бир баланд мартабани ва бир аъло манзилни кўрсатган экан, инсон ҳам унга қараб ҳаракат қилади, тараққий этади. Ажабо, бу ҳаёт ғояси, яъни бу аъло манзил нима экан? Бу савол жавобини шу муқаддимадан билса бўлади. Бу муддаони билиш учун тасдиқ назаримизни яна башарият тарихига ташлаймиз. Лекин бу дафъа бошқача усулда муҳокама қиламиз.

Китоби самовий (Қуръон)да мазкур бўлганки, ҳазрати Холиқи ҳалим одам яратишдан бошлаб фахру-л-мурса-лин (Муҳаммад) алайҳиссалом замонигача ҳар бир қавм учун замонларига мувофиқ Пайғамбар ва динини юбориб турган. Масалан, аввал ҳазрат Одамни махсус дини билан юборди. Одам алайҳиссалом фарзандлари бир муддат ижтимоий ишларида бу динни қўлладилар. Бир неча муддатдан сўнг одамлар шу дин доирасидан чиқдилар. Ҳазрати Довари ҳаким янги дин ва бошқа Пайғамбарини юбориб, замона ва вақг тақозоларига риоя қилишни талаб қилиб, олдинги дин ҳукмларининг баъзиларини бекор қилди. Бу тартиб ҳамма самовий динларнинг камоли ва охири бўлган ислом дини зуҳур топган замонгача мавжуд эди. Шу ерда кишининг хаёлига бир савол келади: нима учун Худованд бани Одамни ҳамиша бир дин итоатига амр қилади? Нима учун одамларга махлуқларга ўхшаб ҳаракат қилиб яшаш учун эрк бермайди? Албатта, бу фармон ҳикматсиз бўлмаган. Жаноби қодири ҳаким башарият ҳаётини олий бир ғояга вобаста қилиб қўйган, яъни одамлар учун бир даража тайин этган, токи улар ўзларини бу олий ғояга ва даражага етказсинлар. Башариятга бу йўлдан чиқиб кетмаслиги учун буюк Пайғамбарлар воситаси билан самовий динларни юборган. Бани Одам бу илоҳий шоҳкўчадан чиқиб кетганида янги раҳбар, яъни бошқа Пайғамбарини юбориб янгитдан тўғри йўлни кўрсатган.

Бу муқаддимадан одамзотнинг ҳаёт ғояси мавжуд бўлиб, самовий динлар унинг ҳаётида ғоявий раҳбари эканлиги маълум бўлади. Самовий динлар бизни қаерга олиб борадилар? Тадқиқ қилсак, маълум бўладики, самовий динлар бизни қаерга олиб борсалар, ўша жойда қаётимизнинг ғоясини топар эканмиз. Бас, самовий динлар бизни қаерга олиб борадилар, деб (қайта) сўрашингиз мумкин. Бу саволга диннинг таърифи жавоб беради. Дин нима? Дин ахлоқий ҳукмлардан иборат бўлиб, ўз тобеларини «саодати дорайн», яъни икки дунё саодатига етказади. Шундай қилиб, ҳаёт ғояси, яъни инсон ҳаётининг самараси шу «соадати дорайн» экан. Мана шу жиҳатдан инсон ҳаёти махлуқот оламидан фарқ қилади. Яъни одамлар икки дунё саодатига эришишга лойиқ ва қобилдирлар. Махлуқларда эса бундай истеъдод йўқ. Бу фарқ маълум бўлгач, кимки икки дунё саодатига етиш учун ҳаракат қилмаса, махлуқцан фарқи қолмайди, деб айтиш мумкин.

«Вал-қад каррама бани Одам» ва «Лақад холақно ал-инсона фи аҳсани тақвим» деган оятларнинг маънолари ҳам шундайдир. Демак, одам умрининг самараси, яъни инсоннинг ҳаёт ғояси икки дунё саодати экан, кимки ўзини одамлар қаторидан деб билса, бу дунё ва охиратда ҳам ўзини бахтли ва тинч бўлиши учун ҳаракат қилиши лозим.

Мамлакатимизда икки гуруҳ бахтсиз одамлар борки, ҳаракатлари танқид ва танбеҳга сазовордир. Биринчи гуруҳ ҳаётларининг мақсадлари деб, еб-ичишни биладилар, улар бир луқма таом ва ётадиган жой учун инсоний вазифала-рини эсларидан чиқарадилар, бирон-бир иш ҳақида ўйламайдилар ҳам. Кечаси эрта учун қоринларининг ғамида, кундузи эса ётиш тўшаклари ғамида бўладилар. Хул оса қилиб айтганда, улар бу дунё осойишталигини ўйлаб, бошқа нарса билан ишлари йўқдир. Аллоҳнинг ўзи сақласин, бу пасткаш жамоа ўзларини инсонийликнинг баланд мартабасидан махлуқийлик даражасига тушадилар. Бу жамоанинг асли жойи инсонлар ичида эмас. Бу жамоа жамиятга кўп зарар етказади. Худованд уларни охират саодатидан маҳрум қилган. «Баъзи одамлар Аллоҳ таборак ва таолодан бу дунёни талаб қиладилар. Уларга охират саодати насиб қилмайди».

Иккинчи гуруҳ шундай жамоаки, ҳаёт ғоясини фақат охират саодати деб биладилар, бу дунё саодатига эришиш учун ҳеч ҳаракат қилмайдилар, балки бу дунё саодатини кофирларга хос деб биладилар, бошқача қилиб айтганда, дунёни кофирлар жаннатию мусулмонлар дўзахи деб биладилар. Булар ҳам инсонийлик вазифасини, башарият яратилишининг ҳикматини идрок қилмаганлар, уларнинг фикри ҳам илоҳий ҳукмга тўғри келмайди. Икки дунё саодатини талаб қилган инсонгина комил мусулмондир. Худованди ҳаким ҳам икки дунё саодатини талаб қилганларни мадҳ этиб, «Бақара» сурасида буюрган: «Баъзи одамлар, эй Худо, мени дунё ва охират саодатига етказиб, дўзах азобидан нажот бергин, деб дуо қиладилар. Бу одамлар ўз касбларига яраша, яъни амалига мувофиқ насиба оладилар, Худо сариъ ул-ҳисобдир». Бу ояти каримада баъзи дақиқ ишоралар ва нозик нуқталар мавжудки, уларнинг зикри фойдадан холи эмасдир. Масалан, Худованди карим шу оятда жамоани дуо қилиб, «нимаики талаб қилсалар, топадилар» демасдан, балки «ўзларининг саъй-ҳаракатлари эвазига топадилар» деган. Шундан маълум бўладики, Аллоҳ олдида мустажоб бўладиган дуо биз туркистонлиларнинг дуоларига ҳеч ўхшамайди. Негаки, биз кечаю кундуз вақтимизни беҳуда ишларга сарфлаймиз. Баъд, фалон масжид ёки фалон мозорга бориб, мақсадимизни Худодан сўраймизда, яна чиқиб бемаъни ва нолойиқ ишларимиз билан машғул бўламиз, мақсадимизга етиш учун ўзимиз саъй-ҳаракат қилмаймиз. Бировнинг бирон-бир мақсади бўлса, энг аввал ҳиммат камарини белига маҳкам бойлаб, мақсадига етишиш учун саъй-ҳаракат қилиб, кейин дуо қилса, дуоси ижобат бўлади. Бу ерда баъзи муҳтарам ўқувчиларимиз айтишлари мумкинки, агар биз мақсадимиз ҳосил бўлиши учун саъй-ҳаракат қилсак, унда дуо ҳам керак бўлмай қолади. Балки саъй-ҳаракатларимиз соясида ўша мақсадимизга етармиз. Уларга жавобим шуки, сизлар масъалани нотўғри тушунибсизлар. Кўпчилик мақсадларига етишиш учун ниҳоятда кўп ҳаракат қиладилар, бироқ мақсадларига эришолмайдилар. Саъй-ҳаракатлари натижасиз қолади. Шунда саъй-ҳаракатимиз фойдасиз ва зоеъ кетмаслиги учун дуойи хайр лозим.

Масъалани бир мисол билан шарҳлайман. Фалон бир деҳқоннинг икки таноб ери бор. Яхши ҳосил олишни у жуда хоҳлайди. Агарда бу киши баҳордан ҳўкизлари, қўш, омоч, уруғ ва бошқа асбобларини экишга тайёр қилмай, фалон бир масжиднинг бурчагида ётиб, «Эй Худо, шу еримдан эллик ман буғдой ҳосил бергин», — деса ҳам бу дуо қабул бўлмайди, яъни еридан ўзидан-ўзи буғдой кўкариб чиқмайди. Лекин экин асбоб-анжомларини тайёр қилиб, ерни яхши ҳайдаб, уруғни экса ҳам, сиз ўйламангки, деҳқоннинг иши шу билан тамом бўлди, энди у, албатта, яхши ҳосил етиштириб олади, деб. Бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, сел келиб мазкур ерни бузиши ёки чигиртка келиб кўкарган буғдойини еб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун деҳқон самодан келадиган бало ва офатларнинг олдини олиш учун дуо қилади, ҳазрати Воҳиб ал-атоё унинг дуосини қабул қилиши ҳам мумкиндир.

Яна бир мисол келтираман. Фалон ёш йигит катта олим бўлишни орзу қилади, истеъдодли, қобилияти ҳам камолига етган. Агарда шу йигит мадрасага бормаса, пул сарфлаб китоб олмаса, меҳнат қилмаса, мударрислардан дарс олмаса, балки фалон мозорнинг бир чеккасида чин дилидан нола чекиб, Худо даргоҳидан илми ладунийни талаб қилса ҳам дуоси қабул бўлмайди, ўлимигача у жоҳил ва нодон бўлиб қолади. Аммо китоб олиб, мадрасага бориб дарс ўқиса ҳам уни катта олим бўлишига ҳали ишонманг. Мумкинки, у касал бўлиб ёки нафс ҳавасларига учиб, илм олиш йўлидан тойиб кетиб, охиригача жоҳил қолса. Агар бу йигит ғайбдан келадиган офатларни бартараф қилиш учун дуо қилса, дуоси ижобат бўлиши мумкин. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) ҳам шундай дуо қилар эдилар. Бадр урушида ул зот қурол-аслаҳани тайёрлаб, қўшин тортиб, кофирлар билан рўбарў келиб жанг қилди, сўнгра ғалаба учун дуо қилди. Мазкур ояти кариманинг маъноси ҳам шундадир. Худованди карим шу оятнинг охирида буюрган яъни, «...Худо дуо қиладиганларнинг ишлари ва феълларига ҳамиша назар қилади ва уларнинг ҳеч бир амаллари унинг назаридан четда қолмайди. Агарда улар дуоларига мувофиқ амал қилсалар, яъни мақсадларига етиш учун қаттиқ ҳаракат қилсалар дуолари қабул бўлади, бўлмаса қабул бўлмайди». Бу оятнинг ҳар бир сўзида, балки Қуръони каримнинг ҳар бир оятларида шундай олий сирлар ва буюк ҳикматлар мавжудки, ўқувчиларни ўзига шайдо қилади. Лекин уларнинг барчасини баён этишга имконимиз етмайди. Шунинг учун ҳам юқоридагилар билан кифояланиб, Қуръони карим сир-асрорини биладиганларга мурожаат қиламан, беҳуда сўзларни қўйиб, тезроқ Қуръони карим мутолааси билан машғул бўлинглар!

Энди яна мақсадимизга қайтсак. Айтган эдикки, комил мусулмон ҳам дунё саодатини, ҳам охират саодатини талаб этувчидир. Дунёни тарк этиб охират талабида бўлиш ҳам шаръий ҳукмларга мувофиқ келмайди. «Аллоҳ, ер юзида нимаики бўлса, сизларнинг фойдаларингиз учун яратган зотдир». «Эй одамлар, билмайсизларми, Худо ер ва осмонда бўлган ҳамма нарсаларга сизларни фармонбардор этиб тасхир этган. Худо зоҳирий ва ботиний бўлган неъматларини ҳам сизларга берган. Зеро, само ва ерда бўлган ҳамма мавжудот сизларнинг манфаатларингиз учун яратилди». Шу оятлардан маълум бўладики, Худо бу оламни бизларнинг фойдамиз ва манфаатимиз учун яратибди, оламда мавжуд бўлган ҳамма нарсани бизга маҳкум ва фармонимизга бўйсунувчи қилибди, бас. «Жосия» сурасида эса «Аллоҳ самодаги ва ердаги барча мавжудотни сизлар учун яратди, тасхир ва фармонбардор этди», - деб амр қилган.

«Дунёни мўъминлар дўзахи ва кофирлар жаннати» деб қайси теран ақлимиз билан айтиб, бу хом хаёлимизни илоҳий фармон деб биламиз? Ҳазрати фахри коинот (Муҳаммад) алайҳиссалом муборак умрларини саъй-ҳаракатда ўтказганлар. Аллоҳ ҳукмларини улардан ҳам яхшироқ биламизми? Ҳазрати фахри оламнинг Расуллигига бугун миллиардлаб мусулмон беш марта шаҳодат беради. Улар чўпонлик қилганлар, тижорат билан шуғулландилар, муаллимлик қилдилар, вазъ айтдилар, имомлик қилдилар, баъзан аскар, баъзан сартибб, баъзан хатиб, баъзан табиб бўлдилар. Булар ҳаракат бўлмай нима эди? Улар саъй-ҳаракатда бўлсалар, нима учун биз танбаллик ва ҳаракатсизликни ўзимизга шиор қилиб олганмиз? «Икки олам нажоти ва Аллоҳ ҳидояти иймон келтирган, намоз ўқийдиган ва садақа берувчи мўъминларга етади» дейилган Қуръони каримда.

Диққат қилсангиз, ҳазрат Парвардигор ҳидоят ва нажотни уч ҳолат эгаларига хос қилибдики, бири садақа ва закот берувчилардир. Маълумки, закот ва садақа бериш бойликва қудратнинг нишонасидир. Айтинглар-чи, қайси бир дин эргашувчиларини бой бўлишга даъват этади? Дунёни охират учун ва охиратни бу дунё учун тарк этувчиларнинг фикрларини хато эканини кўрсатиш учун «Ал-жо-меъ ас-сағир»даги мана шу ҳадиси шариф кифоя қилади: «Сизлардан яхшиларингиз охиратини бу дунё учун тарк қилмаган ва бу дунёни охират учун тарк қилмай, оғирлигини бошқаларнинг устига ташламайдиганидир».

Энди бу иккала жамоа: бири дунёпарастлар ва бирлари охиратпарастларга даъволаримизни маълум қилганимиздан сўнг яна бир жамоани ҳам эсдан чиқаришимиз одобдан бўлмайди. Бу жамоа ҳам миллатимиз ўртасида катта мавқега эга. Бизнинг қолоқ ва бахтсиз бўлишимизда уларнинг хизматлари каттадир. Бу жамоа дунё ва охират саодатини талаб қиладилар. Лекин бу мақсадга эришиш учун ҳаракат ҳам қилмайдилар. Улардан шу ҳақда сўрасангиз, ноз-карашма билан «Аллоҳи карим» деб жавоб берадилар. Бу танбаллик ва ҳаракатсизликни улар «таваккал» деб атайдилар. Камбағаллик ва балолардан азоб чексалар дарров бирор масжид ёки фал он бир авлиёнинг қабрига бориб, қанча кучлари бўлса, бошларини ерга уриб дуо қиладилар. Биз бундай дуонинг ижобат бўлмаслигини юқорида баён қилдик. Шу ўринда бу азизларга «таваккал» сўзининг маъносини ва қабрни зиёрат қилишнинг фойдаларини айтиб ўтмоқчимиз.

Биз туркистонлилар сустлигимиз, танбаллигимиз, ишбилмаслигимиз, нодонлигимиз, тажрибасизлигимиз, қисқаси, дунёда қанча ношойиста сифатлар бўлса, ҳаммаси «таваккал» деймиз. Шу сабабли буларни савоб ва машруъ деб қабул қиламиз. Масалан, бир тожирдан «Нима учун ўйламасдан пахтани пўчоғини сотиб оласан?», деҳқондан «Баҳор келди, экиш ва иш асбобларинг қани?» ёки бирор косибдан «Нима учун ҳафтада бир марта дўкон очасан?» ё бир ҳаммолдан «Нима учун кундуз куни ухлайсан, ахир кечки овқатинг йўқ-ку», — деб сўрасак, ҳаммалари «таваккал Худога» деб жавоб берадилар. Минг афсус, шу жавобларнинг биронтасида ҳам таваккал йўқдир. Буларнинг ҳаммаси нодонлик, танбалликдан бошқа нарса эмас. Таваккал ҳам амал билан биргадир, ҳаракатсиз таваккал ҳам ҳаракатсиз дуога ўхшаб фойда бермайди.

«...улар (яъни саҳобаларинг) билан машварат қил, азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил, албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севади», — дейилади Китоби самовийда. Ушбу ояти карима билан Худованд Расулига мурожаат қилиб: «Ишларда аввал саҳобаларинг билан маслаҳатлашиб, бир натижага келингач, бу ишни бажариш учун Худога таваккал қилиб бел боғла», — демоқда.

Албатта, бу ҳаёт жангу жадал майдонидир, унда ҳар бир шахе, ҳар битта қавм ўз турмушларини яхши таъминлашлари учун ҳаракат қилиб курашишлари лозим. Буларсиз бирор нарсага эришиб бўлмайди. Масалан, ҳар биримиз ҳам уйга кириб олиб, неча кун оч-наҳор ўтирсак ҳам, кўчага чиқиб ҳаракат қилмас эканмиз, уйнинг шифтидан бир лаган кабоб ўз-ўзидан келиб тушмайди. Оқибат эса очликдан ҳалок бўлишимиз мумкин. Ким буни инкор қилар экан, демак, тажрибаси йўқ экан. Агар ҳаракатсиз таваккалдан фойда бўлганда эди, Расули соллаллоҳи алайҳи васаллам кофирларга қарши бир жангда ўз қўллари билан ҳандақ қазимаган бўлар эдилар.

Энди эса авлиёлар қабрларининг зиёрати хусусида бир оз тўхталамиз. «Қабристонларни зиёрат қилиб туринглар, зеро, улар сизга охиратни эслатади», — дейилган «Ал-жомеъ ас-сағир» асарида. Бу ҳадисдаги ҳикматни тушуниш учун одам ҳолини диққат билан кузатайлик. Ажабо, одам нега гуноҳ қилади? Китобимиз аввалида ҳам бир баҳона билан баён қилиб ўтган эдикки, «комил иймон гуноҳ ишлар учун ягона тўсиқцир», — деб. Худойи таоло ва қиёматга иймон келтириб, уларнинг мавжудлигини билган одам ҳаргиз гуноҳ қилмайди. Агар билмай гуноҳ қилса ҳам дарҳол тавба қилишга шошилади. Баъзи шахслар жаҳлу ғафлат ё кибру ғурур туфайли охират куни ва ҳисоб-китоб соатини эсларидан чиқарадилар, дилларидаги Аллоҳдан қўрқув ҳисси кўтарилади. Шунда улар гуноҳ қилишга қилиб, пушаймон ҳам бўлмайдилар, тавба ҳам қилмайдилар. Бу тоифа одамларга нисбатан кўриладиган чора охират куни ва унинг қийинчиликларини эсларига солишдир. Зора шу баҳонада улар Худодан қўрқсалар ва турли фасод ишларга қўл урмасалар. Қабрлар зиёрати айнан шу мақсад учун кўзланади. Зеро, инсон ҳар қадар мағрур ва кибрли бўлмасин, қабристонга қадам қўйганда, қанчадан-қанча бани Одамнинг тупроққа қорилиб ётганини кўрганда, балки ғурурини тарк этиб, охират фикрига тушар. Ҳазрати фахри коинотнинг ўз умматларига айтган ҳадисларининг ҳикмати ҳам шундадир. Аммо биз қилаётган зиёратлар эса бу матлабга мувофиқ эмас. Биз қабристонга эмас, балки авлиёлар мозорини зиёрат қилишга борамиз ва улардан ўзимиз учун мадад ва иноят сўраймиз. Билингки, бу зиёратлар бизга ҳеч фойда бермайди, ётган авлиёларнинг бизга ҳеч бир мададлари етмайди. Қуръони каримда «Сизлар учун Аллоҳдан ўзга соҳиб ва мададкор йўқдир». «Вақтики, Аллоҳ бир қавмга ёмонлик етказса, уни даф этиб бўлмайди ва у қавм учун Аллоҳдан ўзга нигоҳбон йўқдир», — дейилгани ҳақдир.

Сониян, бундай зиёрат шаръан манъ қилиниб, ҳаром ҳисобланади. Биз бундай зиёратлардан фақат гуноҳ орттирамиз. Аллоҳ Пайғамбарларининг қабрини масжидга айлантирган (у ерда улар намоз ўқийдилар) яҳудий ва насронийларни лаънатлайди, — дейилган Бухорийнинг «Китоб ал-салот» ва Муслимнинг «Китоб ал-масожид»и-да; яна «Пайғамбарларининг қабрини масжид қилган яҳудийларни Худованд ҳалок қилади», — деган ҳадис ҳам бизга маълум. Ҳушёр бўлинг! Сизлардан аввал ўтганлар Пайғамбар ва авлиёларининг қабрларини маежид қилдилар. Ҳушёр бўлинг! «Сизлар ҳеч кимнинг қабрини масжид қилманг, уларнинг қабрига бориб намоз ўқимангки, мен сизларга буни манъ қиламан», — дейилган Муслимнинг ўша китобида.

Баъзи икромли ўқувчиларимиз айтадиларки, биз авлиёларнинг қабрида матлабимизни ҳосил қилиш учун намоз ўқиймиз, улар Аллоҳ даргоҳида бизнинг матлабимиз ҳосил бўлиши учун шафиъ бўладилар. Шу шафиъликни талаб қилиш ҳам улардан бир навъ мадад тилашдир. Бу каби шафиъ келтириб, тилак тилаш шаръан дуруст эмас, балки гуноҳдир. Зеро, Худованди таборак шунинг учун мушрикларга ғазаб қиладики: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зарар ҳам, манфаат ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана ўшалар бизнинг Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчиларимиздир!» — дейдилар...» Бошқа ўринда эса мушрикларнинг шу ишини ушбу тариқа ҳикоя қилиб, рад қиладики: «Шафоат қилиш фақат Аллоҳгагина хосдир, бандасининг унинг изнисиз бировни шафоат қилишга ҳаққи йўқдир».

Бу оятлардан икки нарса маълум бўладики, бири мушриклар бутларини Худо деб атамас, балки шафоатчи ва воситачи деб билардилар. Бас, биз ҳам фалон-фалон авлиёларни шафоатчи деб гумон қилиб, таъзим қилсак, муваҳҳид ва мушриклардан қандай фарқимиз қолади? Сониян, шафоат сифати фақат Аллоҳга хос экан. Мусулмонларнинг бу тариқа эътиқод қилишлари жоиз эмас, айтганларимизнинг ўзи бунга улкан далилдир. Бухорийнинг «Китоб ул-ҳаж»ида Ҳазрати Умардан шундай ривоят бор: «Бир куни ҳаж маросимида ҳажарул-асвадни (қора тошни) тавоф қила туриб, ҳазрати Умар шундай деган эканлар: «Эй ҳажар-ул асвад! Сен бир фойдаси ҳам, зарари ҳам тегмайдиган тошсан. Агар Пайғамбар сени ўпганини ўз кўзим билан кўрмаганимда, ҳеч қачон сени ўпмаган бўлар эдим».

Бу каби зиёрат ва восита қилишлик бизни икки дунё саодатига етакламайди. Унга етишиш учун ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак. Бизда икки дунё саодатига етишиш учун майл бор экан, қай йўл ва усул билан унга етишиш мумкин? Бу саволнинг жавоби жуда осондир. Бахтга қарши, биз уни шу кунгача қулоғимизга олмаганмиз, икки дунё саодатига эришиш учун эса виждон амру вазифаларини адо этишимиз зарурдир. Виждон амри нимада? Бу — кишиларнинг ўзларига юкланган вазифа ва мажбуриятларини замон ва ўринга қарамай виждонан ва сидқидилдан бажаришларидир. Виждон амри вазифалари ичида ахлоқий вазифалар муҳимдир. Ахлоқ вазифаларини уч қисмга бўлиш мумкин:

1. Вазойифи нафсия.
2. Вазойифи оила.
3. Вазойифи инсония.

Бу уч қисм бир-бири билан шу қадар боғлиқки, бирига халал етса, бошқасида ҳам қусур намоён бўлади. Бу учала қисмни китобимизда бир-бир баён этамиз.

Натижа:

1. Аллоҳ, бизни барча махлуқлар каби бошқа жинслар манфаати учун эмас, балки икки дунё саодатига етишиш учун халқ қилган.
2. Дунё саодатини охират учун, охират саодатини бу дунё учун тарк этиш нотўғридир, бизга икки жаҳон саодати даркор.
3. Икки жаҳон саодатини эса саъй-ҳаракат билангина топиш мумкин.
4. Саъй-ҳаракатсиз дуодан фойда йўқдир.
5. Авлиёлардан мақсад раво бўлишини тилаш фойдасизлигидан ташқари яна гуноҳ ҳамдир.

давоми бор...

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин