Саналар
12.11.2024
Баннер
Нутқ. Абдулҳамид Чўлпон
PDF Босма E-mail

РКП(б) МКнинг 1925 йил 18 июндаги «Партиянинг бадиий адабиёт соҳасидаги сиёсати ҳақида» деб чиқарган қароридан кейин, адабиётда пролетариат ғоясининг гегемонлиги ва ёт мафкурага қарши курашнинг кескин қнлиб қўйилиши муносабати билан Фитрат, Чўлпон каби ижодкорлар ҳақида адолатсиз танқидий мақолалар босила бошлади (Айн. «Ўзбек шоирлари». «Қизил Ўзбекистон» рўзномаси, 1927, 14 феврал; Комил Алиев, «Ақлли жинни». Ўша рўзнома, 1927, 12 октябр ва бошқалар). Чўлпон бунга жавобан «сўнгги икки-уч йил орасида шоирлик ва ёшлик майллари билан» баъзи бир хатолари бўлганлиги, Москвада ўқиган вақтларида бу хатоларини тушуна бошлагани ва «Ҳақ ҳам ҳақиқатнинг камбағал ва йўқсуллар томонида эканига қаноат ҳосил қилганини (Чўлпон, «Эътироз». «Маориф ва ўқитувчи» ойномаси, 1927, 12-сон) очиқ ёзган бўлса-да, унга бўлган хуружлар сусаймай, аксинча, тобора кучайиб борди (Усмон Ёдгоров, «Ола қарғалар». «Янги Фарғона» рўзномаси, 1930, 27 март; Олтой, «Чўлпончилик кайфиятлари б
илан курашайлик». «Ёш ленинчи» рўзномаси, 1930, 27 июл...)
Партиянинг 1932 йил 23 апрел қароридан ксйингина адабиётдан суриб қўйилган Абдулла Қодирий, Фитрат, Элбек каби ёзувчилар қатори, Чўлпон ҳам адабиёт майдонига тортила бошлади. Лекин бу ғамхўрликнипг умри унча чўзилмай, 1936 йилдан кейин, яна Чўлпон ва Фитратларни шафқатсиз фош қилувчи мақолалар пайдо бўла бошлади. (Н. Тўрақулов. «Ҳамлет»га туҳмат». «Қизил Ўзбекистон» рўзномаси, 1936, 27 июл; Туйғун, «Душманни битта ҳам қолдирмай фош қиламиз», «Ёш ленинчи» рўзиомаси, 1937, 6 апрел ва бошқалар). Бу дағдағали мақолалар кейинчалик мазкур адибларни ўринсиз туҳмат ва ҳужумларга жавоб қайтаришга мажбур этди. Чўлпоннинг 1937 йилнинг 7-8 апрел кунлари сўзлаган бир нутқи шу жиҳатдан диққатга моликдир.
Унда Чўлпоннинг 20-30 йиллардаги ўз ижтимоий, адабий фаолияти, таржимачилик ишлари, бу соҳада бошдан кечирган қийинчиликлари, уларни англашда мазкур давр адабий танқидининг қўпол камчиликлари, адолатсиз баҳолар, ёшлар тарбиясидаги нуқсонлар, бадиий маҳорат ва услуб сирларини эгаллаш, классиклар меросини ўрганиш ва тўғри тушуниш ҳақидаги муҳим фикрлари ўз аксини топгандир. Ўзбекистон ССР Марказий Давлат архивида сақланаётган бу нутқ ҳали матбуотда эълон қилинмаган. Нутқ машинкада жами 14 саҳифадан иборат. «Стенограмма выступления Чулпана на собрании писателей 7-8 апрел 1937 года», деб қўйилган. Стенограмманинг 1-5-саҳифалари рус тилида бўлиб, қолган 6-14-саҳифалари ўзбек тилида (лотин ёзувида). Муқова очилиши билан, бошланадиган биринчи саҳифадан олдин, Ўзбекистон совет ёзувчилари ноҳия қўмитаси (Сталин кўчаси, 25-уй) томонидан Чўлпон номига 1937 йилнинг 6 апрелида юборилган махсус хат ёпиштирилган. Унда:
«Тов. Чулпан! При сем препроваждаем стенограмму Вашего выступления на собрании писателей 7-8 апреля и просим проверит и вернут не позже 25. ИВ апреля в ССПУз.
Управделами РК ССП Уз», дейилади. Чўлпон русча ва ўзбекча стенограмма матнлари билан танишиб чиққач, 14-саҳифанинг орқасига ўз қўли билан сиёҳда фикрини ёзиб, санасини кўрсатади ва имзо қўяди.
Чўлпон нутқининг русча стенограммаси матнига сиёҳда баъзи жузъий таҳрирлар киритган бўлса-да, ўзбекча нутқ матнига қалам тегизмаган. Гарчи адиб айтганидек, ўзбекча матн саводли ва малакали ёзилмаган бўлсада, бизга бирмунча батафсилроқ кўринди. Шу сабабли нашр учун асос қилиб Чўлпоннинг ўзбекча нутқи матнини олиб, ундаги айрим ғализ, мавҳум ўринларни русча матнга солиштириб тўлдирдик. Мутлақо англаб бўлмайдиган ўринларни русчасига солиштириб тўлдирдик ё, бунинг иложи бўлмаганда, ташлаб кетишга тўғри келди. Бошига энаётган қатағон қиличини илғаған улуғ шоиримиз сўзларидаги аччиқ киноя, ўткир истеҳзони зукко ўқувчи англаб олар, деган умиддамиз.

Шерали ТУРДИЕВ, адабиётшунос

17-смена. Неъматуллина. Келгуси сўз ўртоқ Чўлпонга берилади.

Чўлпон: - Ўртоқлар, мени кечирасизлар, мен ўзимда бўлмаған сабаб билан, доимо бошим оғриқ ҳолатда чиқишга мажбурман. Шунинг учун балки, истаган фикримни гапира олмасман. Мен шу ердаги ўртоқ Берегиннинг айтилган сўзларидаги 3 нарсани ўзимнинг жавобимни бериб кетишим керак. Кейин ўзимнинг айтатурғон сўзларимни айтарман. Ўртоқ Берегин, хатоларимни кўрсатиб бериб, яхши иш қилди, мен шу хатоларни шу мажлисда ўз устимга оламан.

Модомики, биз ўзимизни танқид қилар эканмиз, албатта, мен ҳам ўзимнинг айбларимни бўйнимга олишим керак. Ўз-ўзини танқид қилишни шундай англаш керакки, биз ҳеч қайсимиз хатодан холи эмасмиз. Ким бўлмасин, хато қилмайман, деса бу нотўғри бўлади. Бизнинг бу мажлисларимиз ўзимизда бўлган хатоларни айтиб бериш учун чиқарилган, шунинг учун бор хатоларни айтиб, ўз-ўзимизни танқид қилишимиз керак. Бу ерда бир нарсани айтиш керак. Ёзувчилар ўртасида 2 хил хато тушунишлик бор:

1) мажлис;

2) хусусий гаплашиш.

Биз ҳамма вақт ўзаро ўтирганда, бир-биримизнинг камчиликларимизни кўрсатамиз, айтамиз. Лекин бу ерга чиққан вақтда, ҳаммамизнинг тилимиз тутилади, холос. Мен бу ерда ўтрган ўртоқлар орасида Уйғуннинг гапини жуда яхши тингладим. Ул кўп нарсалар айтди. Лекин шунда ҳам, Уйғуннинг айтмасдан қолдирган нарсалари кўп. Чунки, сўзлаганда айтилган нарсаларни мажлисларда чиққанда ҳам очиб ташлаш керак.

...Ғулом Зафарий ҳусусида айтиб ўтишим керак. Бу одам мени Союз боғига борган вақтда излаб келган. У кишини меникига нима учун келганликлари сабабини тушунтириб бераман. Менда қанд касали бор. Мен ўзимнинг касалимни тузатиш устида, Москвада ва бошқа жойларда тиббий масалаларда бўлдим, шу касалимга ҳеч қайда яхши даво топа олмаганимдан кейин, табиблар шотут ейишни тавсия қилдилар. Мен ўзимни зиёли деб ҳисоблашимга қарамай, шу маслаҳатга ишониб, Зафарийдан шу тутни олиб келишни сўраганман. У мен ухлаб қолганимдан кейин, кеч келиб, менга кирмай Сўфизоданинг олдига кирган...

Эртаси куни мени Сўфизоданикига айтиб чиқишди, биз бу ерда суҳбатлашиб ўтирдик. Шу вақт ўртоқ Шамс бу ишнинг ярамаслигини билдирган. Бунинг танбеҳи тўғри эди. Мана шундан кейин, улар билан учрашмадим. Бу сўздан кейин ўртоқ Шамс чақириб менга танбеҳ қилган. Мен ўзимдаги камчиликларни тугатиш учун, одамларнинг танқидига ва ёрдамига муҳтожман, деб ўртоқ Шамсга шу вақтда айтдим. Бу иккинчи мартаба бўлган ўзини тузатиш масаласи.

Агар бизнинг эски хатоларимизни шу икки-уч кундагина тузатиб одам қиламиз, десангиз ёлғон бўлади. Бизни сиз чақириб, англатиб, жамият ичига олиб кириб тузатингиз. Биз турмушга йўл солганмиз. Лекин бу йўлда камчилик бўлса, сизлар жавобгар. Зафарий масаласи шундан иборат. Буни у вақтда ўртоқ Берегин билгани йўқ...

Иккинчидан тситаталар тўғрисида бир нарса айтдилар, мен буни англамадим, билсам эдим, жавоб қайтарар эдим. Мен классик асарларни кўп ўқийман, форс шоирларининг энг гўзал нарсаларини ёзиб олганман. Шунинг баъзи бир жойларини ўқиб бераман. Агар шу зарарли бўлса, мен буни бўйнимга оламан. Мен Ҳофиз ва бошқа шоирларнинг асарларидан ўқийман.

Энди, энг оғир масала - Чўлпон ўзини кўрсатмади, деган нозик масала.

Москвадан келганимга икки йил бўлди. Бунинг 50 протсентини скидка қиласиз. Чунки, мен кўп вақт касал бўламан. Мен ярим одамликдан чиққанман, буни ҳам билиш керак. Мана 2 йил орасида мен нима иш қилдим? «Она»нинг 2 нчи бўлимини таржима қилдим. Бу тўғрида ҳаммадан мақтов эшитаман. Бу ҳам биринчи бўлимча келади. Жуда катта нарса. Ундан кейин Горкийнинг «Егор Буличев»ини, А. С. Пушкиннинг «Дубровский», «Борис Годунов»ини таржима қилдим. «Жўр» деган шеър тўпламимни топширдим. Лоҳутийнинг «Оврупа сафари»ни таржима қилдим. Ундан ташқари, эски шаҳарда чиқатурғон театру газетасига қатнашаман, ундан кейин «Муштум»да ишлайман, агар сизлар шуни ҳам кам десаларингиз, мени халтурага тортган бўласиз. Мен сизлардан тарбия кутаман, халтурага олиб боришни кутмайман. Менинг хатоларим кўп, лекин сизларнинг ташаббусларингиз билан, мен шу хатоларни тузатаман.

Энди мени 21 йилдан берли қандай тарбия қилдиларингиз? Мен ҳозирги кунгача Союзнинг аъзоси эмасман, бунинг сабабини англамайман, ариза берганимга анча вақт бўлди. Бунинг учун менинг асарларимни таҳлил қилиш керак экан, мен келганимдан бир ой кейин «Соз» деган шеърим чиқди. Мен миллатчи бўлсам, қора бўлсам, нима учун шу асарни сўзбошисиз чиқардингиз. Бу ерда сўкиш керак эди, ёшлар Чўлпоннинг асарини бевосита олиб ўқимасдан, восита билан ўқиши керак эди. Мен ўзим бошсўз ёзиб чиқарсам бўлармиди? Бўлмас эди. Нима учун шу милатчининг асари сўзбошисиз чиқди. Ундан кейин менинг романим чнқди. Роман сотилиб ҳам бўлди, ҳозир ҳеч қаерда йўқ. Бу ҳам сўзбошисиз чиқди. Мана шунга ярим йил бўлди, ҳеч қаерда бир оғиз бир нарса йўқ. «Ёш ленинчи»да, бир нарса ўқидим, у ҳам мақтовдан иборат. Мен унга раҳмат айтмайман, чунки менга ҳеч нарса бергани йўқ. Мен Москвадан келгандан кейин, шу асарни Союзда ўқимоқчи бўлдик. Биринчи мажлисда 11 киши, иккинчи маротаба 7
киши, 3-маротаба 4 киши келди. Шунда ҳам раҳбарликдан ҳеч ким бўлгани йўқ. Фақат ўртоқ Ойдин бўлди. Мана бу ҳам эски миллатчини тарбия қилиш. Мен хато қилмасдан, ишлай олмайман. Менинг хатоларимни тузатишларингиз керак. Мен айтдимки, менга фикрларингизни айтиб беринглар, мен буни ўзим тузатиб чиқаман, дедим. Менга яширин мажозларни тузатишни топширди. Мен уни тузатиб чиқдим. Ҳар ҳолда шу роман босилиб чиққандан кейин ҳам шунча замон бўлди. Мана шунинг хусусида бир нарса йўқ. Шунинг учун бир кеча бу тўғрида қолиб, мени яхши танқид қилиш керак эди. Мен ҳам бир кеча қолишга рози турғон эдим, шуни мен ҳозиргача кутаман. Ҳеч нарса бўлмаётир.

19-смена. Неъматуллина.

Энди шеърлар хусусида. Мен қўлимдан келганча шеър ёзиб келаётирман. Бу баъзибир журналларда, баъзи бир газеталарда босилиб келаётибди. Мен такрор айтаман, бу шеърнинг руҳини ўзгартириш тез бўлатурғон протсесс эмас, шу қийинчиликни енгиб олиш керак. Бу нарса, масалан, «Соз»да озроқ бўлса, «Жўр»да кўпроқ. «Октябр инқилобини қарши олганда» тўғрисида ўртоқ Усмонов «дуруст», деди. Лекин босилмасдан ётади. Лекин шу чиққунча сизлар мени сўкиб турасизлар, аммо у чиққандан кейин, бироз масала енгиллик топар, деб ўйлайман (кулги овозлари). Чунки, у кейингида, аввалгига қараганда, хийла ўзгаришлар бор.

Мен Москвадан келганимда, Акмал ака мени қабул қилди. Аайтдики, сиз ҳозир шеърларингизнинг художественной томонини қўйиб, кўпроқ сиёсий томонларга аҳамият беринг деб, шундан кейин сайловларга бағишлаб мен ёзиб олиб борганимда, сиз лирик томонлардан ёзмабсиз, дейишди. Бу қийин бир нарса бўлди. Лекин мен бу қийинчиликларни ҳали ўтаман. Сизнинг танқидингиз, аямаслигингиз орқасида «домулла» деб ул ёғини айтмасдан қўйишингиз орқасида мен тузаламан.

Энди икки оғиз сўз «Ҳамлет» тўғрисида. «Ҳамлет» Лондонда довруғланди. У ҳақда кўп гапирдилар, лекин  ҳеч қаерда таржимоннинг номини эсламадилар. Мен ўзим ҳақимда кўп гапиринглар, деб талаб қилмайман, лекин таржимонни ҳам ранжитяпсизлар, ахир. Кўп  вақтлар ўзим юриб, таржимага фамилиямни қўйинглар, деб юрдим. «Она»нинг таржимасида бўлса, таржимоннинг номини техник редакторнинг фамилияси қаторига қўйишган.

Яна бир нарса устида ўртоқ Берегинга айтаман. «Ҳамлет»ни менга бергандан илгари, бошқа бировга берилган экан, лекин у истамаган экан. Сўнгра «Ҳамлет»нинг таржимасини менга берганлар. Биз уни Уйғур  билан бирга ишладик. Охирида газетага чиқдики, «Ҳамлет»нинг таржимаси Чўлпоннинг ҳеч бир иштирокисиз театрга чиқди, деб тўғри эмасми, Зиё ака (Зиё Саидийга қараб).

Зиё Саидий: - Уйғур билан сиз ўртангизда сўз бўлган.

Чўлпон: - Кейин араб сўзлари устида ҳам гап бўлган, лекин бу ёлғон, мен араб эмасман, мен миллатчи эмасман. Мен арабчани ёмон кўраман, қурсин араб сўзлари (кулги).

«Ҳамлет» театрда қўйилгандан кейин, ҳамма вақт Шекспирнинг асарида таржимоннинг номи чиқмайди. Москвада таржимон хусусида ҳеч бир нарса ёзилмади. Тўғри, менинг тўғримда ёзманглар, лекин ёш ёзувчилар ёзганда, улардаги таржимоннинг номи технический редактор қаторида туради. Охири, ўзларингиз ёзмагандан кейин, мен келиб таржимоннинг номини ёзингиз деб, Зиё Саидийга ялиниб юрдим.

20-смена. 2 нчи мажлис. Стеног, Шораҳмедов.

Мана шу «Ҳамлет» ўйналиб бўлгандан кейин, «Ҳамлет» Ўзбекистонда, Москвада катта муваффақият қозониб турган бир вақтда, ўртоқ Назир Тўрақуловнинг мақоласи пайдо бўлди. Мен русча насрий таржимадан ўгирган бўлсам, у Лозинский таржимасини олиб, таржима ҳеч нарсага ярамайди, деб мени сўкди... Менга эса газетада ўзимни ҳимоя қилишга керакли ўрин бермай, фақат қисқача хатимни босдилар ва ҳатто Союзга жавоб ёзишга ҳам имкон берилмади ...Шундай сўкадики, мени «отбоқар», деб сўкади. Мени «миршаб», деб сўкади. Кейин қарасам, ўртоқ Берегиндан ҳеч бир овоз чиққани йўқ. Ахир, ўртоқ Берегин шу асарнинг редактори эди. Редактор ҳам жавобгарми, йўқми? Мен минг жойга бош урдим, хайрият, Санжар бор экан, топиб, таржиманинг оригинали бошқа эканлигини айтиб берди. Шунинг учун бу ерда редакторларга ҳам «жавобгарлик» деган сўзни тушунтириб қўйиш керак.

Энди, ўртоқлар, ёшлар ижоди хусусида бир нарсани айтмоқчиман. Ҳали ўртоқ Туйғун шундай гапирди. Ўртоқ Туйғун менга бир шеърини берди. Шу тўғрида фикрингизни беринг, мен яқинда бостираман, дейди. Мен ёлғон гапирсам, бу мажлиснинг шаънига келишмас эди. Унинг ижоди бадиий жиҳатдан ииҳоятда паст савияда туради. Агар у вақтда шуни айтиб берсам, у мендан аразлаб қолар эди.

Ўртоқ Туйғун бу ерда, менинг 7 та асарим бор, дейди. Мана, шу ёшларга тарбия бермаслик, ҳали ёш ёзувчилар - энди ёза бошлаган кишиларнинг 7 та асари бостирилади. Ҳолбуки, ёшларга берган вақтда шу ёшлар кўтаратурғон нарса бериш керак. Битта шеър ўйлаб келадими, уни танқид қилмасдан бостира беради. Масалан, биз саноатни қайтадан қурдик. У ерга жуда сложний машиналар келтирилган, уни квалификацияси кўтарилмаган бир рабочийга бериладими?

Шунинг учун шеърни ҳам танлаб, ўйлаб чиқариш керак эди. Мен ўйлайманки, ўртоқ Туйғун асло хафа бўлмайди. Кўпроқ уни тарбия қилиш ўрнига, ҳадеб шеърини нашриётга бериб бостираберган... Шунинг учун бундан кейин ёшларни ҳам текширишимиз, ҳам соз асарларни чиқариш керак. Мана бунда ҳам раҳбарларимизга кўпроқ сўзлашга тўғри келади.

Энди икки оғиз сўз шеър техникаси тўғрисида. Боя Уйғун тарафидан мисолга келтирилган Элбекнинг формалистик тарафларини айтмоқчиман. Биз кўп шоирларнинг шеърини олиб қараган вақтимизда вазн масаласи чатоқ. Ҳатто, Ғ. Ғуломда ҳам вазн масаласида чатоқликлар учрайди, У менга «...» деган шеърини ўқиб берди. Шунда вазнни қаттиқ бузатурғон нарсалар бор. Мен шуни тузатиб чиқинг десам, бу тўпламимни бериб олай, 1937 йилда чиқатурғон тўпламимни хатосиз чиқараман, дейди. Демак, ҳалиги тўплам хато билан кетса мумкин эди. «Бу бўлмайди», десам: «Йўқ, мен буни мана бундай қилиб айтиб бераман», дейди. «Ахир мен ҳам ўқувчиман, мени қийнаманг», дейди. Демак Ғафур Ғуломдек катта бир шоирларимизда ҳам шундай камчиликлар бор, лекин бу ифрот тарафига олиб бормасин.

Мана бундай хиллари ҳам бор (ўқиб беради):

.......... тўқиладир,

.......... сўкиладир.

«Тўқиладир» «сўкиладир» деганда шеърни ҳар хил иборага солиб беришга мажбур. Шеърда қофия, вазн керак. Лекин руҳи ҳам эсдан чиқарилмасдан бирга бориши керак. Руҳдан ажралган шеър - шеър бўлмайди. Менинг ўзимнинг қийналганим шундан бўлса керак.

2-сўз Машраб хусусида. Бу хусусда яхшн нарса чиқди. Машраб ўша жамиятнинг камчиликларини қаттиқ танқид қилган одам. Шу нарсани ҳозирга қадар ёлғон, деб келганлар. Лекин Машраб ҳаммага тарқалди десак, газетадаги мақолалар билан кифояланиб бўлмайди. Ҳозир Союз ва (...) институт бу нарсага аҳамият бериши керак. Унда «Бухоронинг битта дарвозасини қинғир деганлар кофир бўлади», деган шеър бор. Бу шеър мутавозий. Лекин кўриб туриб, ҳар хил таклифларни тўплаб, кўрсатиб, яхшилаб танқид қилиб, ундан кейингина халқнинг қўлиға берилсин. Бўлмаса, халқ адашиб қолиши мумкин. Бу ёшларга ёмон таъсир қилиши мумкин.


Нашрга тайёрловчи: Ш. Турдиев
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.

ИЗОҲЛАР

Қурбон Берегин (1905, Хева —1938)—Ўша йиллари Узкомпартия МКнинг тарғибот ва маданият бўлими мудири. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви аъзоси бўлган. Таржимон ва публитсист. Сталин шахсига сиғиниш даврининг қурбони.
Ғулом Зафарий (1889—1944) — Ўзбек совет драматурги, машҳур «Ҳалима» (1919) номли биринчи миллий мўзикали драма муаллифи. Сталин репрессияси қурбони бўлган.
Ҳусайн Шамс (1903, Қўқон — 1943) — Совет ёзувчиси. 1936 йилдан ЎзССЖ Ёзувчилар уюшмаси котиби бўлиб ишлаган.
Мўмин Усмонов (1904, Қўқон — 1938) — Партия ва давлат арбоби, журналист. 1926—1930 йиллари Москва Шарқ халқлари дорилфунунида ўқиган. 1931—1934 йиллари ЎзК (б) П МК тарғибот ва ташвиқот бўлимининг мудири бўлиб ишлаган. Респрессия қурбони бўлган.
Зиё Саид (1901—1938) — Ўзбек совет драматурги, актёри ва журналисти. Шахсга сиғиниш қурбони бўлган.
Назир Тўрақулов (1892, Қўқон — 1939) — Партия ва давлат арбоби, публитсист, таржимон. Шахсга сиғиниш даври қурбони.
Санжар Сиддиқ (Сиддиқов Босит— 1902, Тошкент — 1938) — Машҳур таржимон ва журналист. Сталин шахсига сиғиниш даврининг қурбони.
Туйғун (тахаллуси; асли исми Шукуржон Худойқулов. 1908, Андижон—1979) — Шоир ва драматург. 1934—1938 йиллари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишчи муаллифлар билан ишлаш мудири бўлиб ишлаган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин