Саналар
13.12.2024
Баннер
Каллами, кулоҳми? Вадуд Маҳмуд
PDF Босма E-mail

Эскидан «ақл ёшда эмас, бошда» деган оталар сўзи юрадир. Янги ижтимоий эҳтиёжлар тақозасиданмидир, надандир, бу кунги Туркия жумҳурият ҳукумати янги бир мақол ўртаға отмишдир. Уда «Асрийлик каллада эмас, кулоҳдадир!» Эски мақолнинг тўғрилиғини кундалик ҳаётимиз билан исбот қилинмоқда бўлса ҳам, ажабо Туркия ҳукумати бу қазияси учун қандай далил ва исбот кўрсата оладир? Воқеан Туркия ҳукумати ўзининг бу ташаббусига турли далиллар келтирадир. Аввалан, овруполарнинг таҳқиридан қутулиши учун уларнинг пўстига буруниши кераклиги, иккинчи, мамлакатнинг асрий бир ҳаётга кириши учун овруполиқнинг қабули!
Бу масалалар, умуман шарқ ва хусусан ислом дунёси учун энг эски масалалардандир.
Шарқ иқтисодий жиҳатдан тубанлашиб Оврупо сарватининг қўлида қола бошлағон замонлардан бери бу икки масала чиқғон ва уларни ҳал этишга эҳтиёж сезилган эди.
Овруполилар бир мамлакатни истило қилар-қилмас икки жабҳали бир вазият туғуладир. Бир ёқдан овруполи ўзининг ирқининг «нажиблигига» таяниб мустамлака бўлиш жиҳатидан мағлуб ва шунинг учунда «зарил» халқларни тубан кўра бошлайдир. Бу қараш аввало шундан бошланадирким, у истилочи бойдир, булар камбағал! Бой билан камбағалнинг бир-бирови билан муносабат ва муомаласи маълум.
Иккинчидан, улар ғолиблардирлар, булар мағлуб!
Шарқлиларда эса ғолибларнинг талашлари, жабр ва зулмларига қарши бир душманлик туғулғони каби, уларнинг қарашлариға қарши бошқа чоралар бўлмағонидан яхши кўрунмак ва яранмоқ ҳислари пайдо бўладир. Овруполиларнинг галабаси ортган сари нафратида ортадир, чунки бир ёқдан мамлукининг камбағаллана тушганидан «хўжаси»ға «тақдим» қилиб, эвазига «марҳамат» кутатурғон «матои» камаядир.
Иккинчи ёқдан бу мағлубнинг бор ва йўкини берса ҳам, «марҳамат» кутиб юмруқ (мушт маъносида — Б.К.) кўрганидан душманлиги ортадир. Бу ҳол кундан-кун ортадир, сира тўхтамайдир. Окибат кўринадирки, вазият икки ёқдан ўзгармақда бўлса ҳам, бирисининг фойдасиға, иккинчисининг зарарига ўзгарадир, фойда кўрган томон табиий ўлароқ қаққая (гердайиш маъносида — Б.К.) борадир, мағлуб тараф эса бунга бир чора ахтара бошлайдир. Аввал исён қилмоқ бошиға келадир ва исён ҳам қиладир, лекин оч қолғонини ва очлиқ орқасида «ўлум»нинг келганини кўруб қўрқадир, яна итоатга бошлайдир.
«Итоат» учун эса «чидам-сабр» керак бўладир, ҳолбуки устидаги оғир юкка қарши қўюлатурғон «тоқат» бўлмағонидан ва исён билан ҳам иш чиқмоғонидан яна бошқа чоралар излай бошлайдир.
Умуман шарқ, хусусан бу кунги Туркия мана шу вазиятдадир. Ҳиндда, Чинда, Эронда, Арабистонда ҳам шундайдир. Ҳиндистон ўзининг фирқа низолари билан бу вазиятни очиқ кўрсатадир. Бир ёқдан тараққийпарвар, либерал, овруполи аҳмоқ истаганлар йиллардан бери тиришадирлар ва ўзининг хўжаларига қарши вазиятларини яхширтмоқ истайдилар.
Инглизлар эса - ҳар қанча орий ирқни мақтасалар ҳам, ҳиндларга келганда мақтовлар тоқчада қоладир ва ваҳшият кундан-кун ортадир. Ҳуқуқсизлик кун сайин қаттиғ бир тус оладир.
Чиндаги капиталисун масалалари, ажнабийларнинг ерларига қараганда айри ҳуқуққа молик бўлишлари, бу кунги Чин буҳронлари буларнинг шоҳидидир.
Оврупонинг иқтисодиёти орқасида вужудга келган шарқдаги бу ижтимоий ҳаракатлар турлича жараёнлар туғдирадир.
Ҳиндистон ўзининг Ганди ва Тогурлари билан иқтисодиятда бўлғони каби барча ижтимоий муассасаларда, фалсафада, ахлоқтса, одатда — овруполиларга қарши тушадир.
Ганди ва Тогурларча Оврупонинг дини-да бузуқ, дунёси-да! На унинг фалсафаси ҳақиқатга етадир, на ахлоқи саодатга эришдирадир.
Оврупо бир «машина»дир ва унинг темир, қора чамбараклари, панжалари «инсонлиқ» виждонининг энг имонсиз душманидир. Шунинг учун ундан ҳазар этмак, қочмоқ лозимдир. Шунинг учундирки Тогур ўзининг «ҳофизона» ва «бедилона»— ҳайёмона эмас! — назм ва наср-ла шарқнинг қадим руҳини куйлай бошлайдир. Ганди, Оврунонинг мол ва матога қарши кўблашиб куйдириш ва шаҳар корхоналарини ташлаб қишлоқларга чекинишлари билан бирга ўзининг юриш-туриши билан эски «будда»лик ва «барахман»ликини бошлайдир.
Эронда, ҳатто, Эроннинг исломларида ҳам — эски зардуштликка томон жидтсий майл борлиги букун кўзга урулмоқдадир. Туркияда ҳам бу қадимга берилиш жараёни йўқ эмасдир. Баъзи парчалари-ла Яҳё Камол, насрлари-ла Ёқуб Қодирийлар бу мактабнинг бошлиқларидан саналсалар мумкиндир. Лекин бу кунги Туркия жумҳурият ҳукумати бу жараёнга қарши юқорида кўрсатганимизча тамом маъноси-ла овруполик жараёни тарафдоридир. Фақат том маъноси-ла эмас, қўрқоқча бир овруполиқ тарафдоридир.
Чунки: Оврупонинг фалсафа ва фанини қабул қилар экан қўрқоқлиги бўлмаса, Оврупо илм ва фанининг чиқарғон сўсиёлизм ва унинг тўнғич ўғли бўлгон коммунизмга карши бу кадар қаттиқ ҳаракат нечундир. Воқеан бу бир тарафдан майда буржуазиянинг манфаат тақозоси каби иЗоҳ этилса ҳам унинг асосида ўшал қўрқоқлиқ турмайдирми? «Илм ва фан»нинг ҳақиқатларига қарши манфаат қўрқоқлиги! Мантиқан қарангиз! Салла ўрнида шапка кийилса овруполашгон бўлур эканлар ва овруполиларнинг таҳқиридан қутулур эканлар. Бу қўрқоқлиқ эмас, кулунч бир маймунликдир. Бу ақл ва мантиқингиз билан қишдан қандай чиқдингиз, ўртоқлар?
Бу кўрсатадирки: аввало Туркия жумҳурият ҳукумати ижтимоий масалаларни изоҳ қилиш йўлини англамайдир ва ижтимоий тазҳуротга аҳамият бермайдир.
Иккинчидан, мамлакатнинг иқтисодий манофеини асло кўз олдиға келтирмайдир. Унга ёлғиз овруполиларга ёронмоқ лозимдир.
Овруполиларнинг бу кунги шапкалари буйруқ остида туғулмағон каби, мусулмон ва шарқлиларнинг кийимларида ҳеч бир хон ва авлиёнинг талқини билан бўлмағондир. Бу бир ижтимоий муассасадирки, муҳит ва замон таъсири остида туғуладир ва яшайдир.
Сўнгра овруполининг салла ўрагони билан мусулмон бўлмағони қанча аниқ бўлса бир шарқлининг шапка кийиши билан америкалича тушуна олмаслиғи ва ўзининг айри хусусиятларини доимо саклайтурғонлиғи бадиҳдир. Ёронмоқ - хуш кўринмоқ масалаларига келганда ҳам ҳол айнидир. Модомики, Туркия ва шарқ, Оврупо ва Амриқо сарватдорларининг манфаатларига қарши курашадир ва уларнинг жигарига суқулган панжаларини арралайдир, юз оут таққан билан, минг карра калисога кирган билан, худони уч эмас, ўн мингта демак билан ҳам ёронмайди, суюлмайдир.
Қандайки бугунги Оврупо ва Амриқонинг ишчиси шапкаси, дини ва одатлари билан бир рангда бўлса ҳам яна уларнинг ўгай ўғлидир.
Бу ҳақиқатлар кўз оддида экан, бу ҳаракатлар ижтимоий ҳаётни англамаслиқ эмасда надур? Юқорида кўрсатилган каби манфаати бўлмағон ташаббус ва ҳаракатнинг айри бир иқтисодий зарари бордир.
Туркия икки-уч асрлик капиталисун вазияти ва ярим асрлик узулмай келган урушлар билан таланғон ва йиқилгон вайронадан бошқа бир нарса эмасдир. Иқтисодий жиҳатдан тузатиш учун ҳали энг ками чорак асрча бир муддат тинч туриши керак бўлгон бир мамлакат учун — айниқса, Туркия каби майда ҳунар мамлакати учун — бир кийимни ўзгартиришнинг мажбурий бўлиши озми зарар берадир.
12—15 милйўнлиқ фабрикаси бўлмағон бир мамлакатнинг «кийимлик»ларини тайёрламоқ учун қанча одам машғул бўлғон бўлур ва тушунмаган бир буйруқ ижроси билан қанча киши ишсиз қоладир, бир ўйлаш керак эмасмидир?
Бунинг устига бир оз шахсий ҳурриятни ҳам илова қилайлик, бу бир буғов ва занжир бўлмай—нима бўла олур?
Теҳронда чиқатурғон «Оянда» журналида ҳам Эрон ҳукуматига мамлакат ислоҳати учун қилингон таклифлар орасида Эрон миллатининг бир фўрмада бўлиши таклифи киргизиладир. Буда туркиялилар каби тушунишдан келгандир.
Мақоламизнинг охирида шуни айтиб ўтайликки: Шўровий ўлкаларда — душманларнинг бутун норозилиқлариға рағман — бир ҳол кўрсатадирки, уда ижтимоий ҳаётнинг сирларини англашға қўшнилардан кўра жиддийроқ ва чуқурроқ ўйлашдир. Бир тантанали суратда жаҳонга эълон этмак билан фахр этмак мумкиндир.
Шўро ҳукуматида энг асосли ижтимоий масалалар ислоҳи учун киришиладир. Кундалик ёримчиқ - аҳамиятсиз, майда-чуйдалардан умр зое қилинмайдир.
«Кийим-кечак» деб юришдан кўра қишлоқ хўжалигини яхширтиш, мактаблар очиш масалалари мавзуи баҳс этиладир. Чунки деҳқоннинг киссасига пул кирса, бойиса, ўқиш-ёзишни ўрганса, маданий ҳаётга ёқлаш ўз-ўзидан кийими тозаланадир, ўзгарадир. Уйларда теразалар қуруладир.
Диний масапаларда ҳам шундайдир. Шўро идорасида динларга ҳам том маъносида ҳурлик бершшб, Туркияда бўлғони каби хонақоҳларни ёпмай, диннинг асосий хурофатиға қарши илмий, тарбиявий курашлар олиб бориладир.
Қўшниларимиз бу ҳаракатларни биздан ибрат олсалар, тилакларига яна тезрак етар эдилар.

___________
«Каллами, кулоҳми?» Туркия ижтимоий ҳаётидаги воқеликка бағишланган бу мақола «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 10-сонида босилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин