Саналар
13.12.2024
Баннер
Маорифимиз, нашриётимиз. Вадуд Маҳмуд
PDF Босма E-mail

Инқилоб тўлқунининг мудҳиш зарбалари билинарлик даражада секинлашган шу замонда ишлар ўз табииий йўлига кирган кабидир. Шу қаторда табиий ўлароқ мактаб ва талабалик жараёни ҳам асосий чизиқларға туша бошлади. Энди битта-яримта тузуккина мактаблар кўринмакда, турли шаҳарларда жиддий ўқуш толиблари давом этмакдадир.
Самарқанд вилоят билим юрти эшитганимизга кўра бу йил кенгайтирилиб, уч юзга яқин талаба қабул қилиб, тўққиз йиллик бир иш мактаби қурулмоқчи ва ҳоказо.
Мактаб ҳаётининг энг муҳим нуқтаси бўлғоп илмий тарафи ҳам бултургиларга қарағонда оз-моз жонланмоқда ва баъзи ташаббускор маорифчиларнинг ҳаракатлари соясида ташқаридан муаллимлар кетурмақда ва уларнинг таъмини учун тиришилмоқдадир.
Буларнинг устига Қофқозёга ва ички Русияга талабалар ҳар йилгидан кўбрак юборилмоқда, ҳатто Бакуда Самарқанд вилояти ўқуғувчиларининг таъмини учун ўттиз кишилик ётоқхона тузулмакдадир. Бу сўнгги воқеа Туркистоннинг ўқуғувчи ҳаёти йўлида жуда катта қадам саналиши мумкин. Чунки барчаси маълумки, Туркистоннинг ўзида бошланғич мактабларимиз бўлса-да, бу кунги олий таҳсил кўриш орзусида бўлғон ёшларнинг эҳтиёжини қоплаб олатурғон мактабларимиз йўқ. Бунинг учун бирдан-бир чора, табиий, хорижга талабалар юборишдир.
Масковда Туркистон ҳукумати таъминоти билан яшайтурғон ўқуғувчилар бўлса ҳам, ҳалигача Қофқозё учун йўқ. Кўб ташаббуслар бўлғон бўлса ҳам, маатаассуф, натижасиз қолғон эди. Бу кунги Самарқанд вилояти талабалари учун тузилган ётоқхона камбағал талабаларнинг бир оз роҳатда ўкушға давом этишларини таъмин қила олса жуда катта хизмат қилғон бўлур. Бу ўрунлик қилинғон ҳаракатни жуда олқишламоқ керақдир. Бундан бошқа Туркистоннинг бошқа шаҳарларида қачонлар бошланғич янги мактаб бинолари қуриш ҳаракати кечрак бўлса ҳам, бошланғич каби кўринадир. Самарқандда авқоф шўъбасининг ва маориф бюросининг ташаббуслари диққатга шоёндир. Қизлар маорифи ҳам бу йил ўтганлардан кўра жиддийлашгандир. Ёздаги курсдан истифода этган хотин-қизлар борлиғи кўриладир. Бу йил эса қизлар мактабининг ададини ортдирмоқ ҳаракати кўриладир.
Юқоридағи сатрларни ўқуғонлар албатта сезадирларким, маориф ишлари тўғрисида ҳалигача ёзилғон нарсаларга қарағонда бу кунгиси бошқачароқдир.
Ҳалигача биз у керак, бу керак деб эдик. Бугун эса қилғон ишларимизнинг натижасини кўриш билан қувонамиз. Албатта, бу ишларга фаолият билан киришган маориф доираларини қутлаймиз.
Энди келамиз нашриёт ишларига: Бу йил бу майдонда қилинатурғон муҳим ишлар бор. Фурсатни қўлдан қочирмаслиқ ва ташаббусни бир оз ортдириш соясинда албатта кўб ишлар қилиш мумкиндир. Мактаб китоблари ҳозирлаш масаласи илмий ҳайъат томонидан кўрилаётган бўлса ҳам ҳалигача майдонға чиқғони кўрилмайдир. Тайёрланғон мактаб китобларини тезроқ босдиришга ҳаракат қилиш керакдир. Буни эса ёлғиз илмий ҳайъатга топшуруб ўлтириш хатодир. Ҳар ердаги маориф бюролари бунинг оддий жиҳатини таъмин қилишга ёрдам берсалар, биз аминмизким, илмий ҳайъатнинг ишлари тезрак майдонға отилғон бўлур. Чунки бизнинг илмий-адабий соҳамиз ҳозир жуда қийин ва ишламаган ҳолдадир. Буни ишлаш кўб заҳматларга ва бу заҳматлар эса, табиий, моддий таъминотга боғлиқдир.
Биз доимо хгшқни оқартиш кераклигини такрор қиламиз. Фақат бу тўғрида жиддий ҳаракат қилмаймиз. Бир ёқдан халқни хат ва саводли қилишға тиришамиз. Фақат хат ва саводликларимизнинг қандай нарсалар ўқушларини хотирга келтурмаймиз. Қанча кам бўлса бўлсун бизда хат ва саводлик кишилар бор. Уларнинг мутолаа қилатурғон нарсалари эскидан бизга маълум. Инқилобдан илгари Туркистоннинг ҳар қайси шаҳрида шу мутолаачиларни таъмин қилатурғон асарлари узулмасдан босдирилиб, тарқатилиб турар эди. Ҳолбуки, бу етти йилда ҳеч бир мутолаага яроқлиқ нарса ҳеч бир ерда босилмади. Яримчиқ газеталар, бир чиқиб ётатурғон бир неча сон мажаллалардан бошқа ҳеч нарса бўлмади. Ҳолбуки, ўтган йилларга қарағонда ҳозир мутолаага ҳавасли кишилар кўпайган ва кундан-кун кўпаймакдадир. Ҳозир эски вақтда бўлмағон бир муаллимлар зумраси борким, булар учун мутолаа китоблари ҳаёт масаласидир. Мажаллаларимизда таълим-тарбияга оид арзимас, илмий бўлмағон мақолалардан бошқа нарса йўқдур. Ҳалигача муаллим
қўлида раҳбар бўларак нарса йўқдир. Бизда асар ёзатурғон киши йўқ экан, таржима қила олатурғонлар ҳар вақт топиладир. Энг муҳим нарсаларни чет тиллардан таржима қилиш керакдир. Бу кун мактабларни тузатиш учун энг биринчи масала, муаллимларни кучайтиришдир. Бу эса таълим-тарбияга оид илмий асарлар билан ва махсус бир таълим-тарбия мажалласи воситаси билан бўлиши мумкин. Буни очиқ билиш керакдирким, Туркистоннинг бошига келган балолардан қутулиш ёлғиз маориф орқасидағина бўладир. Бу муаллимлар зумрасидан бошқа ҳукумат доираларида ишлайтурғонлар, талабалар, янги хат ва саводлари чиқғон ишчилар кўпаймакдадирким, буларға ҳам табиий ўлароқ, эҳтиёжларини таъмин этарлик мутолаа китоблари керакдир. Овруполикларда ҳукумат идораларидан бошқа хусусий ширкатлар тарафидан ҳам кўб яхши нарсалар босдирилиб тарқатилмоқдадир. Биз шулар орасида бизга ва бизнинг маишатимизга тўғри келадиган рўмонлар, ҳикоялар ва турли-турли китобчалар олсоқ мумкиндир. Буларни таржима қилиш ва б
осдириш лозим. Ман ўйлайманким, ҳозирда бундай нарсалар кўб тарқаладир. Ўтканларда бўлғон каби зарар қилинмаса керак.
Ҳалигача Туркистоннинг бир тарихи ва жугрофияси босилмағондир. Бутун туркистонлилар учун биринчи даражада ўз мамлакатларини танишлари лозим бўлса, ҳали бундан маҳрумдирлар. Бухоро назорати тарафидан бир-икки тарих китоби таржима қилинғон ва ёздирилғон бўлса ҳам ҳалигача босдирилмағони қизиқдир. Туркистонда таржима қилдириш қийин экан, Бухорода тайёр асарни тайёр матбаа ва асбоб бор экан, босдирмай туриш жуда катта жиноятдир. Айниқса, Бухоро инқилобига оид Туркистонда бирдан-бир ёзилғон асарким, унинг Туркистон учунда аҳамияти буюкдир. Ҳалигача босилмай туриши нашриёт ишлари билан машғул кишиларнинг тушунмасликлари бўлмаса нима бўла олур? Истар Бартолд ва Вамбери асари бўлсун, истар С. Айний асари бўлсун, мукаммал бир Туркистон тарихи бўла олмасалар ҳам муҳим материаллар бера оладирлар. Бухоро ҳукумати ўз асарларини босдириш билан ўз тарихида энг муҳим бир иш қилғон бўла олади. Фақат афсуским, бу соҳада жуда кеч қолди.
Бу йил тағин бошқа бир қилинадурғон иш бор. Буда Навоий эсдалигидур. 1925-нчи йилда шу чоқларда машҳур шоиримиз Навоийнинг туғилганига беш юз йил тўладир. Унинг шарафига бир тантанали тўй ясаш керакдир. Бу бир йил муддатида Навоийнинг мукаммал таржимаи ҳоли ёзилиши ва ясалиши лозим. Унинг аслига мувофиқ расмини тайёрлаш керакдир. Мумкин бўлса, жуда топилмайтурғон бир асарини билдириш ва Навоийнинг кичик, қўлда бир мунтаҳаб шеър мажмуасини тарқатиш керакдир.
Ҳар миллат ўзини буюк кишилари билан исбот қиладир. Ҳозирги вақтимизда фахр қилатурғон кишиларимиз йўқ экан, бир оз тарихимиздагиси билан мақтанайлик. Бу мақтаниш бўш бир нарса бўлиб қолмас. Ўшал буюк кишиларни етишдирган ўлка ҳозир ҳам бор. Ўшал истеъдод ҳозир ҳам яширин хазина каби ўлкамизнинг бурчакларида турибдир. Биз бошларимизни бир оз қарасак, юзидаги зангларни, доғларни силасак, яна ҳаёт майдониға чиқамиз. Мана шу «баъс баъдалмавт»га (қайта тирилишга — Б.К.) эришмак учун бир оз ҳаракат керакдир. Шу ҳаракатни буюк кишиларимиздан оламиз. Ва шу йўлга ишониб кирамиз. Бу йўлда ишлаш учун ҳар шаҳарда — Бухоро ҳам шунинг ичида - турлик комиссиялар тузилиши керакдир. Буларнинг биргалашиб, бир хатти-ҳаракат билан ишга киришишлари керакдир. Муваффақият ташаббусга боғлиқдир.

_____________
Вадуд Маҳмуд «Маорифимиз, нашриётимиз» деган мақоласини Москвадалиги пайтида ёзган бўлиб, сарлавҳадан кейин қавс ичида «Масковдан мактуб» деган қўшимча бор. Мақола В.М. имзоси билан «Зарафшон» газетасининг 1924 йил 14 октябр сонида босилиб чиққан.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин