Саналар
12.11.2024
Баннер
Дукчи Эшон ва Николай иккинчи
PDF Босма E-mail

17 май куни Дукчи эшон раҳбарлигидаги халқ исёни бошланганига 115 йил тўлади. Мустақилликкача бу исён ва унинг раҳнамоси ҳақида бирон бир ҳақиқатга яқин маълумот олишнинг ўзи қийин эди. Мустақилликдан кейин Дукчи эшон ҳаёти ва фаолиятига оид юзлаб мақолалар,ўнлаб китоблар нашр этилди. Аммо,ҳанузгача Дукчи эшон шахсияти ва фаолияти қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.Агар бир тараф уни она юрт истиқлоли учун муҳораба майдонига чиққан фидойи деб баҳоласа,иккинчи тараф уни ўйламай иш тутган,қанча бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлишига сабабчи бўлган, халифалик тузишни кўзлаган чаламулла сифатида қоралайди. Менинг ўйлашимча, ҳар икки тарафнинг гапида муайян ҳақиқатлар мавжуд. Аммо,рад этиб бўлмас ҳақиқат шундаки, Дукчи эшон,энг аввало, мустабидликка қарши,миллатининг эрку озодлиги учун майдонга чиққан эди. Бу кундай равшан  ҳақиқат. Унинг исёнчи сифатидаги дунёқарашида ноқисликлар мавжуд бўлгани ҳам шундай очиқ ҳақиқатдир. Айтиш лозимки, биз бугунги кундан туриб, юртимизнинг мустамлакага айланишидан анча аввал бошланган (буни англаш учун Ҳакимхон тўранинг «Мунтахаб ат-таворих» асарини ўқиш кифоя) , мустамлака даврида кучайган жаҳолат ва таназзул даврида яшаган шахсга баҳо бермоқчи бўламиз. Уни анча илғор халқлар тарихида рўй берган ҳурриятга интилиш ҳаракатлари раҳбарлари билан хаёлан солиштирамиз ва хато хулосалар чиқарамиз (Сизга тақдим этилаётган мақолада айни шу баҳслару мунозаралар ҳақида фикр юритилади). Яна бир аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, Дукчи эшон хусусда бир қарорга келолмаслигимиз  оқибатида ( бунинг осон ва аниқ иложи борлигига ҳам ишончим йўқ) , унинг эрк ва истиқлол ҳақида айтган гапларидан руҳланиб,майдонга чиққан  инсонлар хотираси олдида уятдан бош эгиб туришдан бошқа ишга ярамаймиз. Тўғри, ҳар қандай инқилоб ва исён майдонга чинакам фидойи инсонлар қаторида кўр оломонни ҳам олиб чиқади. Аммо, кўр оломонни деб  юрт учун бошини дорга тиккан фидойиларда нима айб?
Қўзғолон халқ томонидан қўллаб қувватланганини тергов ҳужжатлари ва ҳарбий суд қароридаги ушбу сўзлар исботлайди: «Прискорбные события в ту трагическую ночь,ясно показали, кто есть кто: из местного населения нашлось всего три человека, осознавших свой долг перед великой Россией» («Ўша фожиали кечада рўй берган ҳалокатли воқеалар кимнинг ким эканлигини ёрқин кўрсатди, маҳаллий халқ орасидан бор йўғи уч кишигина буюк Россия олдидаги бурчини англаган чиқди»).
Исён бостирилгач, Туркистон ўлкасининг ҳарбий губернатори Духовский Андижон майдонларидан бирида мажбуран олиб келинган халойиққа қарата шундай деган эди: «Ужели не понимали вы, что песчинке не пристало бороться с великой горою?» (Наҳотки,сиз қум зарраси қудратли тоғ билан курашиши мумкин эмаслигини тушунмадиларинг?»
Исёндан ларза тушган «қудратли тоғ»  уятсизлик ва пасткаш эди.  Ҳар қaдамда (то ҳозиргача)  »Биз бу ўлкага цивилизация олиб келдик» деб кериладиган империя малайлари  энг  ёвуз  кимсаларгина қилишга қодир ишлардан қайтмади:    қўзғолон раҳбарларини қатл қилаётган майдонга ёш болаларни олиб келиб,олдинги сафларда тизиб қўйишдан орланмади,уялмади. 380 кишини ўлимга ҳукм этиш билан халқ юрагида қўрқув уйғотишга  уринди.  Аслида буларнинг барчаси «қудратли тоғ» вужудида қўрқув уйғонганидан далолат эди.
Гувоҳ бўлганларнинг сўзларига кўра, қатл олдидан Дукчи эшон қўллари титраётган бўлса-да,руҳан ўта хотиржам бўлган. Қўлларининг титроғи эса жаллодлар ва ўлим билан юзлашганидан эмас, Яратган олдида бўлажак имтиҳон ҳаяжони ва қўрқуви эди.

Хуршид Даврон

Мансурхон  Тоиров
ДУКЧИ ЭШОН ВА НИКОЛАЙ ИККИНЧИ

Тарихий хотираси бор инсон – иродали инсон. Такрор айтаман, иродали инсондир. Ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди.

Ислом Каримов

Ровийларнинг айтишича, шоҳ аввал қароқчилик қилган-у, сўнгра бу йўлдан қайтган, қизиқ-қизиқ ҳикоят ва латифалар айтиб дилларни овлашга моҳир бир кишини мусоҳиблари сафига қўшган экан. Бир зиёфатда ошпазлар дастурхонга қирғовул гўшти тортаётганини кўриб, собиқ қароқчи мийиғида кулиб қўйибди. Бунга иттифоқо кўзи тушган шоҳ ундан нима сабабдан кулганини сўрабди. Қароқчи тўғри жавобдан бўйин товлай олмай бундай дебди: “Шоҳим, қароқчилик қилган кезларим қай кун даштда бир кишининг йўлини тўсдим. У ҳеч бир қаршиликсиз ҳамёнидаги бор ақчасини қўлимга тутқазди. Лекин мен бу воқеани кейин гуллаб қўймасин, деган ҳадикда уни ўлдирмоқчи бўлдим. Шунда, у “Биродар, жонимга қасд этмай мени қўйиб юбор. Оллоҳга қасам, сенга ҳеч бир даъвойим йўқ. Оилам ёнига омон қайтсам, шунинг ўзи кифоя…” дея ялина бошлади. Мен бу илтижога парво қилмай, қилични даст кўтардим. Шу чоқ у талваса-ла ён-атрофга аланглади-да кўкда учиб бораётган бир гала қирғовулга қарата “Эй қирғовуллар, сизлар шоҳид, мени ноҳақ ўлдираётир”, деб бақирди. У шу сўзларни айтишга улгурдию қилич зарбидан жон берди. Умрим бино бўлиб бундай нодонни учратмаган эдим, шоҳим. Ахир, ҳеч замонда қирғовул ҳам гувоҳликка ўтадими?! Ўша нодоннинг гапи ёдимга тушиб, мийиғимда кулиб қўйган эдим”. Собиқ қароқчи ана шу сўзларни айтиб шоҳга боқса, ҳукмдорнинг авзойи бузилган, зиёфат аҳли эса кўзини ерга қадаб сукутга чўмганмиш. Шунда шоҳ “Қирғовул шоҳидлик берди! Жаллод, олиб чиқ буни!” деган экан…
Оқ подшо ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати оқибатида миллий камситилишнинг чуқурлашиб бориши, солиқ юки ва ижтимоий зулм ҳаддан зиёд ортиши, айниқса, Русиядан кўчириб келинган “мужик”ларга катта ер майдонлари тақсимлаб берилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун полиция ташкил этилиши маҳаллий аҳолининг хўжалик юритишини қийинлаштириш баробарида иззат-нафсига ҳам оғир ботди. Ана шу сабабларга кўра, Каттақўрғон, Самарқанд ва Тошкентда кўтарилган қўзғолонлар шафқатсизларча бостирилганига қарамай, 1898 йили Андижоннинг ерли аҳолиси ҳам чор Русияси ҳукуматига қарши Дукчи эшон бошчилигида оёққа қалқди.
Дукчи эшон нақшбандия тариқатининг минтақадаги бообрў шайхларидан бўлиб, асл исм-шарифи Муҳаммад Али халфа эди. Уни Шайхи дуктарош ёки Дукчи эшон деб аташларига сабаб, урчуқ – дук ва беланчак ясаб, “Дилинг Оллоҳда-ю, қўлинг ишда бўлсин” (”Дил ба ёру даст ба кор”) ақидаси бўйича тирикчилик қилганидир.
Тарихчи олима Д.Алимова интернет сайтларидан биридаги “История и время” (“Тарих ва замон”) номли мақоласида Дукчи эшон қўзғолонига мана бундай баҳо берган (мақола рус тилида ёзилган бўлиб, иқтибосни аслиятда келтирмоқдамиз): “Приведу лишь один только пример – касательно истории известного Дукчи Ишана, возглавившего выступление населения Андижана в 1898 г. против царской администрации. Конечно же, это было национально-освободительное движение. Однако возведение Ишана в исторической публицистике в национального героя не правомерно. Ведь здесь необходимо углубленное изучение его взглядов и позиций. Исследование произведения самого Дукчи Ишана “Ибрат ал-Гофилин” показывает его узкое мировоззрение и скудость интеллекта, выявляет разнохарактерность целей участников восстания и его предводителя. Амбиции Дукчи Ишана, реализованные посредством религии и экономических требований участников восстания, уставших от беспредела колониальных властей, вынудили его возглавить выступление, а не отнюдь высокие мотивы освобождения Родины. Сам он мечтал о создании внеэтнического суверенного исламского государства, возрождении истинного ислама и призывал к газавату. К счастью, сейчас в этом вопросе поставлены точки над i публикацией Б.Бабаджанова (Б.Бабаджанов. “Андижанское восстание 1898 года: Дервишский газават или антиколониальное выступ­ление?”) // “O‘zbekiston tarixi”, 2001, №2.)”
Мен ушбу парчани диққат-ла ўқиб чиққач, “i” устига нега нуқта қўйилди экан, олима бу билан нима демоқчи бўлади, дея мушоҳадага толдим. Бу Дукчи эшон тарихини тадқиқ этиш ниҳоя топди деганими ёки Муҳаммад Али халфани миллий қаҳрамон аташга чек қўйдик деганими? Ваҳоланки, она-Ватанимиз ўтмишига – унинг дукчи эшонлари тарихига бот-бот қайтмоғимиз зарур ва, демакки, бу масалага на Д.Алимова, на Б.Бобожонов нуқта қўя олади. Дарвоқе, бир замонлар анча-мунча “ажнабий”лар шундай нуқта қўймоққа чоғланган ва баъзи масалаларда озми-кўпми ниятига етган ҳам эди. Д.Алимова тарихчи сифатида бунга биздан-да кўпроқ мисол келтира олишига шубҳа йўқ. Ушбу аччиқ тажриба ҳам даъват этадики, тарихимизни англашга дарров нуқта қўя қолмаганимиз маъқул. Зеро, халқимиз кечмишини ҳаққоний ўрганиш фурсати энди келди! Ўтмишимиз қандай бўлмасин ўзимизники ва уни рўй-рост халққа етказиш тарихчиларимиз бурчидир. Курраи арзда шахсий амбицияси – иззат-нафсини деб лак-лак одамларни оёққа қалқтирган не-не тарихий шахслар ўтган ва бундан кейин ҳам албатта ўтади. Тарих фани амбицияси – иззат-нафси бўлмаган шахслар билангина шуғулланмоғи зарур деган гапни ҳеч ерда эшитган ҳам, ўқиган ҳам эмасман…
Ҳақиқатан ҳам, Дукчи эшон қўзғолон раҳбари сифатида баъзи хатоларга йўл қўйган ва буни исботловчи аниқ далиллар бисёр. Аммо менимча, унинг энг катта нуқсони ўзи бошқарган қўзғолонда мағлуб бўлганидир. Дукчи эшон ғолиб келганида, унинг амбицияси – иззат-нафсига ҳам ўзгача баҳо берилармиди?! Спартак Рим қулларини озодлик сари курашга бошлаганида, авваламбор, ўз эркию иззат-нафсини кўзлагандир?! Ёки фақат ўзгалар ҳурлигини мақсад қилиб олганмикан? Емельян Пугачев-чи? Степан Разин-чи? Нима, уларда иззат-нафс бўлмаганми? Нега улар ҳақидаги ҳукм Дукчи эшонникидан бошқача? Тарих, жиллақурса, сўнгги нуқтасини қўйишу саҳифасидан номини ўчиришга шошмаяпти-ку!
“Дукчи эшон қўзғолони иштирокчиларидан 777 нафари ҳибсга олиниб, тергов қилинади. Кўплари калтаклаш ва бошқа қийноқларга чидолмай қамоқхоналарда жон беради. Терговдан сўнг 415 киши суд қилинади, улардан 32 нафари айбсиз деб топилиб оқланади, 380 нафари эса айбдор деб топилиб ўлим жазосига ҳукм этилади. Бир кишига умрбод қамоқ жазоси, уч кишига ахлоқ тузатиш лагерида муддатни ўташ билан боғлиқ жазо белгиланади. Бироқ император авфи билан юқорида зикр этилган 380 кишидан фақат 18 нафари (бошқа бир маълумотга кўра, 21 нафари) осиб ўлдирилади. Қолган 362 нафарига тайинланган жазо енгилига алмаштирилади: 3 киши – умрбод сургунга, 147 киши – 20 йилга, 41 киши – 15 йилга, 1 киши – 13 йилга, 1 киши – 8 йилга, 47 киши – 7 йилга, 4 киши – 4 йилга, 15 киши – Сибирь сургунига ва 3 нафар вояга етмаганлар ахлоқ колониясига ҳукм этилади.” (“Русский инвалид”, 1898, №127). Бундай фожиага, бир томондан, Дукчи эшон ярим ялонғоч, оч-наҳор, кетмон ва паншаҳа билан “қуролланган” қўзғолончиларни суст бошқаргани, иккинчи томондан, Русия императори Николай Иккинчининг Туркистон ўлкасидаги ғайриинсоний тартиблари сабаб бўлган.
“Эшонни дорнинг тагига олиб келиб, оёғидаги темир кишанни очамиз деб уриндилар, илож бўлмади, шекилли, болға билан уриб синдирдилар ва бошқа рафиқларнинг кишанлари ҳам уруб синдирилди… Дорни тикар вақтида дорнинг тегига одам бўйидан пастроқ чуқурлар қазилиб, устига бўйра ёпиб қўйилган экан. Бир тўп солдатлар келиб, қўлларидаги шофлари билан арғамчиларни кесиб юбордилар. Ҳаммалари ерга чўзулуб тушдилар. Кейин бир арава оҳак келтириб, олти кишини икки чуқурга ташлаб, устидан оҳак ташладилар. Ҳар тарафдан тупроқларни тортиб, бирор газ тупроқ тушгандан яна оҳак солиб, ҳосили тупроқни оҳак билан аралаш қилиб, қаттиқ тепиб кўмдилар…”(Фозилбек Отабек ўғли. Дукчи эшон воқеаси. Т., “Чўлпон”, 1992, 52, 54-55 бетлар).
Дукчи эшон ва унинг яқин сафдошларини дорга осгач, ҳатто суяги ҳам қолмасин дея жасадлар устидан оҳак сочган ҳамда қабрлар изини йўқ қилишга уринган ваҳший тузум Муҳаммад Али халфанинг “дунёқараши тор ва ақл-идроки ночорлигини, қўзғолон иштирокчилари ва улар раҳнамосининг мақсади турлича бўлганини кўрсатади”ган “Ибратул ғофилийн” китоби сақланиб қолишига нечук йўл қўйди экан?! Авваламбор, тарихчиларнинг “Ибратул ғофилийн” асари айнан Дукчи эшонга тегишли эканига қанчалар ишончи комил? Қолаверса, мазкур асар ҳақида Б.Бобожоновга зидма-зид, ижобий фикрлар баён этган муаллифлар ҳам бор. Чунончи, адиб С.Сиёев “Ибратул ғофилийн” асари “дину диёнат нурига ошуфта кўнгилларга ажиб бир зиё элтиб, дилларни илоҳий бир туйғу ила тўлдиришига” имони комил эканини таъкидлайди. (“Юлдуз – Андижон осмонида”. Китобга сўзбоши // Фозилбек Отабек ўғли. Дукчи эшон воқеаси…, 4-бет). Мен Муҳаммад Али халфа ва унинг шахсига Д.Алимова берган салбий баҳо ҳақида ўйлаганимда, қуйидаги шубҳакор хаёлларга бораман. Кўп асрлик тарихимизни обдон сохталаштириб, бизни манқурт қилмоқчи бўлган ўша империя асоратлари ҳали ҳам онг-тафаккуримизни чалғитишда давом этмаяптими?! Шу империя Дукчи эшон жасади узра оҳак аралаш тупроқдан уйган қабр тошига шошма-шошарлик билан мазкур шахс фақат иззат-нафсинигина кўзлаган, деган хулосамизни ёзиб қўймаяпмизми? Мустақиллик йўлида Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон ўзи билганича, Дукчи эшон ҳам ўзи билганича кураш олиб борган-ку?! Ватан озодлиги учун курашлар тарихида ғалабага элтувчи зарур фазилатларга эга бўлмаган йўлбошчи биргина Дукчи эшонми? Ахир серфазилат одамлар кўпинча пана-панада биқиниб юрган ва ҳокимият билан ҳатто муроса ҳам қилиб кетаверган-ку! Д.Алимова талабига жавоб бериши мумкин бўлган Қодирқул мингбошига ўхшаш юртдошларимиз, афсуски, чор Русияси қўлида Туркистон эркини паймол этувчи қуролга айланган. Бундай кимсалар “ватан” деганда бир бурда нон ивитилган ювиндию ит ғажиган бир бўлак суяк тутувчи қўлни тушунган. Балки кимгадир Дукчи эшон дин пешвоси бўлгани ҳолда бундай қўзғолонга бошчилик қилгани ёқмас? Бироқ айни табақага мансуб шахслар ватан ва халқ озодлиги йўлида курашга бошчилик қилгани тарихда кўп учрайди. Бунга мисол сифатида Хоразм халқини Чингизхон босқинига қарши оёққа турғазган шайх Нажмиддин Кубро, бу йил таваллудининг 600 йиллиги нишонланаётган, Франция озодлиги учун кураш алангасида тобланган диндор бокира қиз Жанна д’ Арк, Американинг қора танли аҳолиси ҳақ-ҳуқуқлари йўлида жон фидо қилган руҳоний Мартен Лютер Кинглар номини тилга олиш кифоя қилар?!
Дукчи эшон ва унинг сафдошлари шафқатсизларча жазолангандан сўнг, бир неча йил ўтиб Русия императори Николай Иккинчи ундан-да аянчлироқ ўлим топганига нима дейсиз?
Николай Иккинчи 1894-1917 йиллар мобайнида Русия императори бўлган. У 1917 йилги Февраль инқилобидан сўнг тахтдан воз кечишга мажбур этилади. Сўнгги Романов бошқарувни муваққат ҳукуматга топширгач, Русияда фуқаролар уруши аланга олиб кетади. Уй қамоғида сақланаётган подшоҳни аввал муваққат ҳукумат Сибирга, сўнгра большевиклар Уралга жўнатади. Ундан ҳам кейин Николай Иккинчи Екатеринбург шаҳрида оила аъзолари билан бирга қатл эттирилади. Русиянинг сўнгги тахт соҳибини замондошлари ва муаррихлар турлича тавсифлаган. Кўпчилик унинг салоҳияти Русияни қамраган сиёсий инқирозни даф этиш қадар юксак бўлмаган деган қарашни билдиради.
…Шоҳ ақлли, ўқимишли, билимдон одам эди. У айниқса кишиларнинг исми-шарифини ёдда узоқ сақлаб қолар ва ниҳоятда дилкаш суҳбатдош эди. Шоҳ тарихни яхши билар ва шу соҳага оид жиддий тадқиқотларни ёқтирарди. У жисмоний меҳнатни хуш кўрар, бусиз яшай олмасди…
…Подшоҳнинг хулқ-атворидаги асосий хусусият юмшоқ табиатлилик эди…
…Императорнинг Русияга муҳаббати масаласига келсак, у ватанини шу қадар севардики, сўз билан таърифлаш қийин. Русия унга насронийлик дини қадар азиз эди; у динидан воз кеча олмаганидек, ватанини ҳам тарк эта олмади…
…Шоҳ на салобати, на сўзи билан аскарлар қалбини забт этолган, уларнинг руҳини кўтариш ва мафтун этишга муяссар бўлолган. У қўлидан келган барча ишни қилган ва шу жиҳатга кўра уни айбдор деб санаш қийин, бироқ у халқни юксак марраларга чорлай олмаган (А. А. Брусилов).
У ҳақда касалманд, аҳмоқ, жоҳил… дея ноҳақ сўзлашади. У оддий гвардия офицери эди (А.П.Чехов).
Николай Иккинчи ҳаётидаги асосий воқеалар қуйидагилардан иборат. Бўлғуси под­шоҳга соҳибсалтанат Александр Учинчи буйруғига кўра, диний асосда таълим-тарбия берилади. Николай 13 йил давомида махсус дастур асосида ўқийди. Таълимнинг дастлабки 8 йили чуқурлаштирилган гимназия дастури асосида олиб борилиб, сиёсий тарих, рус адабиёти, инглиз, немис ва француз тили дарсларига алоҳида эътибор қаратилади. Сўнгги беш йил ичида эса у давлатни бошқаришда асқатадиган ҳарбий санъат, ҳуқуқ ва иқтисод фанларини ўрганади. Маърузаларни дунёга машҳур рус олимлари Н.Бекетов, Н.Обручев, Ц.Кюи, М.Драгомиров, Н.Бунге, К.Победоносцев ва бошқалар ўқийди. Пресвитер И.Янишчев валиаҳдга ҳуқуқ асосларини илоҳиёт ва дин тарихига боғлаб тушунтиради.
1894 йили Николай Иккинчи немис маликаси Алиса Гессенскаяга уйланади. Ана шундан сўнг пошшо хоним Александра Федоровна номини олади. Улар аввал тўрт – Ольга (1895), Татьяна (1897), Мария (1899) ва Анастасия (1901) деган қиз фарзанд кўради. 1904 йили Петергофда бешинчи фарзанд, ёлғиз ўғил – шаҳзода Алексей Николаевич туғилади.
Империянинг иқбол қуёши йилдан-йил сўниб, 1917 йил 25 февралда Николай Иккинчи манифести билан Давлат Думаси фаолияти тўхтатилади. Бундай қарор Русиядаги танг сиёсий вазиятни баттар чигаллаштиради. Николай Иккинчи алалоқибат 1917 йил 2 мартда тахтдан воз кечишга мажбур бўлади. Тожсиз шоҳ 1917 йил 9 мартдан 14 августгача оиласи билан Царское Селодаги Александровск саройида уй қамоғида яшайди. 1917 йил 14 августда эса яна оиласи билан 7 нафар офицер ва 337 нафар солдат қўриғида Тьюменга жўнатилади.
Давлат тепасига большевиклар келгач, император оиласи Тьюмендан Екатеринбургга кўчирилади. Улар тоғ муҳандиси Н.Ипатов уйига жойлаштирилади. Император оиласи билан бирга уларга хизмат этувчи яна беш киши – шифокор Е.Боткин (сариқ касалини кашф қилган олим), камерлакей А.Трупп, Александра Федоровнанинг оқсочи А.Демидова, ошпаз И.Харитонов ва ошпаз ёрдамчиси Л.Седнёв ҳам шу ерда истиқомат этган. Шоҳ оиласи ушбу манзилда ҳаётининг сўнгги 78 кунини ўтказган.
1918 йил 12 июлда император ва унинг оила аъзоларини қатл этиш ҳақида қарор қабул қилинади. Ушбу қарорни ким, қаерда, нега қабул қилинганию асл нусхаси қаерда сақлангани ҳануз сир бўлиб турибди. Шоҳ ва унинг оиласи Урал ишчи-деҳқон ва солдатлар кенгаши қарорига кўра қатл этилган деган ясама ҳужжат кейинроқ “пайдо бўлган”. Русия императори, унинг рафиқаси ва фарзандлари, доктор Боткин ҳамда шоҳ оиласи хизматидаги кишилар (ошпаз ёрдамчиси Л.Седнёвдан ташқари, бу гумашта сотқин шекилли, фожиадан бир-икки кун аввал ишдан четлатилиб, уйдан ҳайдалган) “Махсус ваколатли уй” – Екатеринбургдаги Н.Ипатов уйида 16 июлдан 17 июлга ўтар кечаси қатл этилади. Шоҳ оиласига тегишли барча шахсий буюм ва бойликлар қатлдан сўнг талон-тарож қилинади. (Николай Иккинчининг рафиқаси ва қизлари либослари ичига олтин занжирлар, бошқа қимматбаҳо тақинчоқ ва тошларни яшириб олган эди.)
Қатл куни Николай Иккинчининг оила аъзо­лари ва барча хизматчилари, одатдагидек, соат 22 дан 30 дақиқа ўтганда ухлашга ётади. Орадан роппа-роса бир соат ўтганда бу ерга икки киши махсус топшириқ билан келади. Улар қоровуллар бошлиғи П.Ермаков ва уй коменданти Я.Юровскийга қатл ҳақидаги қарорни топшириб, ҳукмни зудлик билан ижро этиш талабини қўяди. Уйқудан уйғотилган шоҳнинг оила аъзолари ва барча хизматчиларига Оқ армия аскарлари шаҳарга бостириб келаётгани, тўқнашув чоғида уй ўққа тутилиши мумкинлиги, шу сабаб дарҳол уйнинг ертўласига тушиш зарурлиги айтилади. Ертўлага тушилгач, ҳукм эълон қилинади ва қатл ижросига киришилади. Ушбу машъум “тадбир” кечаси соат бирда тугайди. (Мазкур сатрларни қалбда изтироб ва кўзда ёш билан ёздим – М.Т.)
Я.Юровский қўлидаги рўйхат бўйича қатлни ижро этган барча аскарлар венгер ўқчилари бўлган. Бу аскарлар рус тилини мутлақо билмаган, улар Я.Юровский билан немис тилида гаплашишган.
Оқлар ҳаракати Русиянинг Олий ҳукмдори деб эълон қилган адмирал А.Колчак изқувар Н.Соколовга Николай Иккинчи ва унинг оила аъзолари қатли юзасидан қидирув олиб боришни топширади. Аммо Колчак отиб ўлдирилгани, Совет ҳокимияти ўрнатилгани ва Н.Соколов Парижда вафот этгани сабаб ушбу қидирув охирига етмай қолади. 1991 йили Н.Соколов маълумотларига асосланиб, император оиласи жасадларининг қолдиғи топилади (ушбу жасадлар МВД ходими Г.Рябов тамонидан 1979 йили топилиб, қайтадан кўмиб ташланган эди). 2007 йил ёзида яна Эски Коптяков йўлида қидирув ишлари йўлга қўйилади. Бу гал шоҳ оиласининг 1991 йили топилмаган икки аъзоси (шаҳзода Алексей ва малика Мария) жасади қолдиқлари изланади. Ниҳоят император кўмилган жой яқинидан 10-13 ёшлардаги ўғил ва 18-23 ёшлардаги қиз жасади қолдиқлари топилади. Екатеринбург археологлари ва экспертлари хулосасига кўра, ушбу қолдиқлар шаҳзода Алексей ва малика Мария жасадига тегишли экани тасдиқланади. Николай Иккинчининг фарзандлари чопиб ташланганидан далолат берувчи из уларнинг елка қисмида аниқланган. Бундан ташқари калла суягида ўқ ҳосил қилган тешиклар ҳам бор. Николай Иккинчи, унинг оиласи ва хизматчилари жасади элтиб ташланган лаҳадга тупроқ аралаш оҳак ва кислота сепилган.
Омманинг вахшиёна қатлга муносабатини ўша даврда яшаган В.Коковцов қуйидагича ифодалайди: “Аянчли хабар эълон қилинган куни мен икки бор кўчага чиқдим, трамвайда шаҳар кездим, аммо бирор ерда озгина бўлсин раҳм-шафқат, ачиниш-қайғуриш аломати кўрмадим. Ахборот баланд овозда, кесатиқ ва мазах оҳангида ўқиларди… Маънисиз бир тошбағирлик, қонсираган бир манманлик руҳи ҳукм сурарди. Теварак-атрофдан “Аллақачон шундай бўлиши керак эди”, “Қани яна бир шоҳлик қилиб кўр-чи энди”, “Николашкага – кришка”, “Эй, биродар Романов, ўйнаб бўпсан-да”, деган жирканч сўзлар эшитиларди…”
Император ва унинг оиласи жасади қолдиқлари 1998 йил 17 июлда Санкт-Петербург шаҳридаги Петропавловск хилхонасига олиб келиб дафн этилди. Николай Иккинчи азоб-уқубат чеккан мўътабар зот дея эълон қилинди. Унинг хотирасини абадийлаштириш учун Екатеринбургдаги Ипатев уйи ўрнида муҳташам ибодатхона барпо этилди.
Эвоҳ, бир давр ва бир давлатда яшаган икки инсон фожиаси нақадар муштараклиги киши этини жунжуктириб юборади. Нақшбандия сулукининг пири ма­қомига эришган ва дукчилик ҳунари ортидан кун кечирган Муҳаммад Али халфа иттифоқо Худоёрхон каби умргузаронлик этишга ҳавас қилиб, шахсий иззат-нафси йўлида халқ бошига фалокат ёғдирган дея хулоса чиқарсак, ноҳақ бўламиз чоғи. Унинг қамоқхонада жабр-зулмга мардона чидагани ва қўзғолон аҳлидан бирортасини сотмагани, айниқса, чор Русияси ҳукумати олдида тавба-тазарру қилмагани бу зотни асл матонатли шахс, чин ватанпарвар инсон дея олишимизга асос беради, бизнингча. Ҳамид Зиёев “Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш” китобида (Тошкент, “Шарқ”, 1998 йил) Фозилбек Отабек ўғли лафзидан ушбуларни баён этади: “Арслонбоб тарафига излаб юргувчи Яъқуб қўрбоши билан Қодирқул мингбошига одамлар эшонни шу тарафда кўрганларини айтганлари учун Арслонбобга яқин Тошкўприк деган тор йўлни тўсиб турганларида, Эшон ўша йўлдан бориб, Тошкўприк устида учраб қолғон. Дарҳол Яъқуб қўрбоши: “Эй, тақсир! Ман сизни кутиб турибман, ёрдам қилмоқ учун” деб, отдан ўзини ташлаб кўришмоқчи бўлиб югурган, эшон ҳам отдан тушиб, йиғлаб қучоқлашиб кўришган вақтда, эшонни кўтариб, тагига босиб олган ва одамларни чақириб, боғлаб олганлар. Орқасидан уч одамни ҳам тутиб, тўртовларини боғлаб қўйганлар. Қодирқул мингбоши дарҳол етиб келиб, эшонни кўриши билан: “Хотинталоқ! Ҳаммани хонавайрон қилдинг-ку!” деган. Эшон буларга: “Икковинг ўлар вақтда жинни бўлиб ўлгин! Бизни русга тутиб берган қўлларинг билан ўзингни уриб, сўккан оғзинг билан ўзингни тишлаб ўлгин!” демакдан бошқа ҳеч гап айтмаган…” (ўша асар, 32-бет). Айни шу муаллиф дуоибаъд этилган икки хоиннинг бири – Қодирқул мингбоши тақдири ҳақида кейинроқ мана бундай маълумот беради: “…Шаҳарнинг катта оқсоқоли Қодирқул мингбошининг зарби ва сиёсати ниҳоят қаттиқ ва бераҳм бўлғони шаҳар фуқароларига маъруф ва машҳур эди… Оқсоқол юртга сиёсат ўтказиш учун “ур” дардига гирифтор бўлғон ва ким бўлса бўлсун, рўбара келса урдирмай қўймас эди. Охирида, бу “ур, ур” дардининг касофати билан бир дўкондор арманининг бойини уруб қўйди, бу армани бой нафсоният қилиб, сармоялар тарафдори бўлғон ҳоким губернаторларға арз қилиб, судга бериб, охири истибдод учун қилғон шунча хизмати мукофотига, ниҳоят, хорлиқ билан ўрнидан бекор бўлди ва Қўқон қишлоққа бориб, амал ҳасратидан бетоб бўлуб, охири Мажнундек бўлуб, ўзини ўзи жароҳат қилиб ўлди. Мустабид ҳукумати бизга эшон ҳодисасида кўб хизмат қилғон эди, деб риоя қилмади. Сармоядор бой арманининг капитал қуввати уни йиқитиб қўйди” (ўша асар,48-49-бетлар).
Биз бу ибратли ҳикоятга таяниб, Қодирқул мингбоши Дукчи эшон қарғишига дучор бўлди, десак эҳтимол кулгига қолармиз. Аммо Николай Иккинчидек император бошига тушган фожиа, унинг жасади устига ҳам Дукчи эшонникидек оҳагу кислота тўкилгани таажжуб ва тавба этгулик бир ҳол, албатта. Айниқса, бизнинг диёр фарзандлари бўлган ва тақдир тақозоси-ла Европага бориб қолган “венгерлар” деб аталмиш халқнинг беш-олти фарзанди шоҳни қатл этиши кишини чуқур ўйга толдиради.
Рус халқи ўз фарзанди ва императори Николай Иккинчини азоб-уқубат чеккан мўътабар зот деб эълон қилиб, қатл этилган жойида муҳташам ибодатхона тиклади. Русиянинг сўнгги императори қолдиқларини Романовлар хилхонасига кўчириб, унга ҳурмат ва эҳтиром бажо келтирди.
Биз ҳам Мингтепа қишлоғидан чиққан оддий халқ чор Русияси ҳукумати зулмига қарши Дукчи эшон бошчилигида қўзғолон кўтаргани ва бу билан чинакам жасорат, мардлик кўр­сатганини холис эътироф этиб, уларнинг номини абадийлаштириш чора-тадбирларини кўрсак, айни муддао бўлармиди…

Манба: «Тафаккур» журнали

 


 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин