Саналар
30.12.2024
Баннер
Соҳибқирони акбар
PDF Босма E-mail
«Темур Кўрагон... агарчи назм  айтмоққа илтифот
қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хўб
маҳал ва мавқеда ўқубдурларким, анингдек бир
байт ўқуғони минг байт айтқонча бор...”
Мир Алишер Навоий

Қуёш нури кирмаган хонадон, унинг нуридан баҳраманд бўлмаган инсон йўқтур бу ёруғ жаҳонда. Қуёш тун ҳукмидаги титроқ табиатни авайлаб уйғотади. Дардларига малҳам беради. Таъбир жоиз бўлса, оқиллик ва адолат билан юрт сўраган ҳукмдорларни қуёшга қиёслаш мумкин. Мамлакатда мавжуд барча соҳалар ҳукмдорнинг меҳр нури билан йўғрилсагина бу юрт доруломон бўлажак. Тарихда жаҳонгирлар кўп ўтган, ҳукмдорлар унданда кўп. Аммо уларнинг саноқлиси бундай фазилат эгаси бўлган. Не шодким, Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони сафдар шундай мартабадаги улуғ ҳукмдор эдилар. Тарих шоҳиддур: ҳеч бир соҳа йўқки, Соҳибқирони акбарнинг меҳрларидан бебаҳра қолса. Туркий тил ва адабиёт шулар жумласидандир.
Тилимиз ва адабиётимизни янада юксак чўққиларга кўтара олган, темурий шаҳзодаларнинг замондоши ва сафдоши Мир Алишер Навоий ҳазратлари Темур Кўрагоннинг муборак номларини «Мажолисун нафоис»нинг еттинчи мажлисида бежиз тилга олмаганлар. Ҳақиқат шулки, муаззам иморат қурмоқ учун мустаҳкам пойдевор зарурдир. Туркий тил ва адабиётнинг муаззам биноси пойдеворининг мустаҳкам бўлишида Соҳибқирони акбарнинг хизматлари улуғдир. Гарчи Соҳибқиронга қадар ҳам аҳли илм ва аҳли шуаро томонидан туркий тил ва адабиёти равнақи учун кўп ҳаракатлар қилинган, чунончи, олимлар тил хусусинда илмий асарлар, шоирлар эса бу тилда гўзал шеърлар ёзган бўлсалар-да, бу ҳаракат айниқса чингизийлар босқинидан сўнг сустлашгани, «туркий тилда давлат юритмак ёки шеър айтмак дуруст эмасдур», деган хато тушунчанинг ҳукм сура бошлагани тарихдан маълумдир. Соҳибқирон Амир Темур замони бу бемаъни тушунчага барҳам берди. Бу хусусда Мир Алишер Навоий ҳазратлари «Муҳокаматул-луғатайн»да айтурларким: «Темур Кўрағон замонидин фарзанди халафи Шоҳруҳ султон замонининг охириғача турк тили била шуаро пайдо бўлдилар. Ва ул ҳазратнинг авлод ва аҳфодидин ҳам хуштабъ салотине зуҳурға келди: шуаро Саккокий ва Ҳайдар Хоразмий ва Атоий ва Муқимий ва Яқиний ва Амирий ва Гадоийдеклар. Ва форсий мазкур бўлғон шуаро муқобаласида мавлоно Лутфийдин ўзгаким, бир неча матлаълари борким, табъ аҳли қошида ўқиса бўлур. Ул жумладин бири будурким:
Улки ҳусн этти баҳона элни шайдо қилғали
Кўзгудек қилди сени ўзини шайдо қилғали».
Ҳазрат Соҳибқирони акбарнинг тил ва адабиёт ривожига бефарқ қарамасликларида жон бордир. Яъниким,  болаликданоқ хуштаъб бўлган Амир Темур ҳазратларининг ҳарб санъати билан бир қаторда илмга, адабиётга рағбатлари юксак эди. Ҳофизалари ҳам ўткир эдиким, Қуръони Каримни уч йилда тўла ёд олганлар. Ҳам ўнг қўлда, ҳам чап қўлда бирдай хат ёза оладиган боланинг зеҳнидан ажабланган устози мулла Алийбек «Бу ўғлунгнинг хуш ҳофизаси, икки қўллаб хат ёзиши қизиқ. Ривоятларга кўра, икки қўллаб хат ёзғон киши дунёга кун чиқардан кун ботарга қадар ҳоким ва фармонраво бўлар, инша Аллоҳ!»- демиш эканлар.
Ҳазрат Соҳибқирон болаликларида бир неча устоздан сабоқ олганлар. Сабоқ бериш маълум нуқтага етгач, устозлар Темурнинг зеҳни олдида ожизликларини англаб, улуғроқ устозларга йўллаганлар. Устоз Абдуллоҳ Қутб номаси билан устоз Амир Кулолга учрашганларида ажиб бир суҳбат содир бўлганини ровийлар ҳикоя қиладилар. Устоз ҳузурларидаги мажлис аҳлиға сўзларини айтиб бўлганларидан сўнг номани ўқиб, Темурни яқинларига чорлабдилар:
«Кел, йигитча, ёнимға ўлтур,-дебдилар устоз,-Сени яқиндан яхшироқ кўрай. Мен отангнинг исмини эшитганман, аммо ўзини кўрганим йўқ. Абдуллоҳ Қутб ёзибдики, сен ҳофизи Қуръон эмишсан ва яна донғи чиқғон араб, ажам шуаросининг шеърларини ўқур эмишсан?»
«Воқеан шундай, устоз ҳазрат»,-дебдилар бўлажак жаҳонгир.
«Аҳсанта! У ҳолда сен Ашъининг шеърларини ҳам билурмисан?»-деб сўрабдилар устоз.
«Билурман, устоз ҳазрат, аммо шеърларини суюб ўқимасман.»
«Ажаб!? Нечун ўқимассан?»
«У зотнинг шеърлари аксари ғазал ва ташбиҳдир. Мен ташбиҳ шеърларидан нафрат қилурман.»
«Сен бир фозил йигит бўла туриб ташбиҳ ғазаллардан нафрат қилишинг қизиқ. Ташбиҳ шеър шуаро урфони асрорлариға бир василадир. Қош, кўз, хол, май, маъшуқ каби истилоҳатларни билмак урафоларға хос бўлуб, бу сулукдан ташқаридаги кишилар бундаги рамузотларға маҳрами роз бўлмаслар.»
Амир Кулол шундай дегач, Ашъи ғазалларидан бирини ўқибдилар. Темур эса ўшал заҳоти ўн байтни ёддан айтиб берибди. Шунда мажлис аҳлидан бир киши туриб: «Эҳтимол Ашъининг мазкур ғазалини бу йигитча аввалроқ ёд олгандир. Мен унга янги шеъримни ўқиб берайин, бир дафъа ўқиғонимда қайтиб ўқиб бера олса, воқеан хориқул одат ёд олиш қобилиятига эга бўлган бўлур»,-деб шеърини ўқибди. Етти байтлик шеърни Темур ёддан қайтариб айтгач, Амир Кулол қўлларини унинг бошига қўйганлари ҳолда дебдиларким:
«Мен бу йигитнинг пешонасида улуғворлик кўрамен. Бу йигит бир мақомға етгайки, мундан илгари ҳеч кишиға муяссар бўлмағон бўлғай. Мен каби яшаган одамга бу йигитнинг сутуват ва азаматини кўрушлик имкони бўлмаса ҳам, аҳли мажлисдан тирик қолғонларидин Темур номли йигитнинг оламгирлигини кўрган ва эшитганлари бўлғай, инша Аллоҳ!»
Шу сўзларни айтгач, Амир Кулол ходимига буюриб, бир табоқда етти кулча олдиртириб келиб, кулчаларни Темурга узатиб яна дебдиларким:
«Кешга борғонингда ушбу тўқочларни ҳар биридан бир тишламдан еб, қолғонини сақлаб қўйғил, келажакда дунёнинг етти иқлими сеники бўлғай, инша Аллоҳ!»
Амир Темур зиммасида улуғ бир вазифа мавжуд эди. Бир пайтлар гуллаб-яшнаган, илм ва маданиятда дунёнинг сарварларидан бўлган, чингизийларнинг босқинидан сўнг эса барча соҳаларда таназзулга юз тутган мамлакат қаддини расо айлашдай машаққатли аммо шарафли вазифани Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони сафдар бажардилар. Ҳазрат Соҳибқирон мамлакат фақат қиличга эмас, балки илмга суянилган ҳолда бошқарилиши лозимлигини англаб иш юритганлар.
Ҳазрат Амир Темур Кўрагон йигитлик даврининг иқтизосига кўра от чопмоқ, ўқ отмоқ, қилич ва найза урмоқ ва кураш тушмоққа ҳарис бўлсалар-да, илм таҳсилидан ғофил турмаганлар. Ўшал онларда мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маснавий», шайх Маҳмуд Шабустарийнинг «Гулшани роз» асарларини мутолаа қилганлар. «Маснавий»ни ўқиғон онларида ёзғувчиси билан фикран баҳс юритар эдилар, сабабки, ундаги айрим баёнларни тўғри деб топмас эдилар. «Гулшани роз»ни ўқиш эса лаззат бағишлар эди. Ровийлар дерларким, бу китобни ўқиғонларидин сўнг орадан кўп йиллар ўтуб, Озарбайжонга мусаллат бўлғонларида Маҳмуд Шабустарий китоби қолдирган таъсирга эҳтироман Шабустар шаҳри аҳлиға риоят қилдилар. Ҳазрат Амир Темур лашкари Шабустарга кириб борганида аҳоли қочиб кетган эди. Ҳазрат Соҳибқирон «Шабустар аҳолисининг моли-жони омондур», деб жар солдирдилар. Шаҳар аҳли Темур Кўрагоннинг ёлғон сўзламаслигига эътиқоди бор учун жойларига қайтдилар. Ҳазрат Соҳибқирон амри билан ҳар бир эр-хотунга беш мисқолдан, жаъми ўн саккиз минг беш юзу беш мисқол олтин улашилди. Вақтики «Гулшани роз» асарини ўқиган чоқларида Ҳазрат Соҳибқиронга яширин ҳикматлар таслим бўлган, ана шу боис улуғ аллома дунёга келган шаҳар аҳли Амир Темур мурувватига етишган эди.
Муаррихлар ёзарларким, Ҳазрат Соҳибқирони акбар болалик чоқларидан то сўнгги нафасларигача донишманд уламо, шуаро, аҳли санъат, ҳунармандларга озор еткурмаганлар. Ҳар вақт бир мустаҳкам шаҳарни жанг билан тасарруф қилсалар-да, аҳли илм, аҳли ҳунарни ўлумдан сақламакка амр берар эдилар. Бирор ғалат билан бу одамларга азият етиб қолмаслиги учун шахсан ўзлари муроқабада бўлур эдилар. Бу одамлар ҳаттоки кофир бўлсалар-да, Ҳазрат Соҳибқироннинг мурувватларидан баҳра олар эдилар.
Ровийлар дерларким, Амир Темур Кўрагон Шерозга доҳил бўлганларида уламолар билан мажлис барпо қилмасларидан бурун Шамсуддин Муҳаммадни олиб келишни буюрдилар. Бир оз фурстадан сўнг қари, бели дол қарияни бошлаб келдилар.
-Шамсуддин Муҳаммад Шерозий сиз бўлурмисиз?- деб сўрадилар Соҳибқирон лутф ила.
-Бале, ўшал мендурман,-дедилар Ҳофиз.
-Мен сизни бир кўрмакни, шунинг баробаринда баҳс юритмакни иҳтиёр эттим,-дедилар Соҳибқирон ва давом  қилдилар:- Сиз ғазалларингизнинг бирида айтибсизки:
Худоро, мухтасиб, моро бо овози дафу най бахш,
Ки сози шаръ з-ин афсона беқонун наҳоҳад шуд.
-Бале, эй амири фотиҳ, мен бу шеърни айтган эрдим.
-Сиз бу шеърингизнинг динга иҳонат келтуришини билурмисиз? Мен бу байтда куфрни кўрмакдамен.
-Эй амири фотиҳ, менинг қасдим иҳонат эмас, бу байтдаги афсонадан муродим - даф ва найнинг овози эди. Даф ва най овози аҳамиятсиз нарсадурки, диннинг арконларига ҳеч қандай тазалзул келтиролмас, демакчиман, халос.
-Аҳли авом бу фикрингизни уқмас. Сиз унда динга иҳонат қилгансиз. Ўзга фикрга ўрун йўқтур. Сиз дебсизки:
Агар он турки Шерози ба даст орад дили моро
Ба ҳоли ҳиндуяш баҳшам Самарқанду Бухороро.
-Бале, шундоқ,-дедилар Ҳофиз итоат ила.
-Мен бу кентларни обод қилмоққа саъй-ҳаракат қилғоним ҳолда, сизнинг осонгина, биргина хол учун ҳадя этуб юбормоғингиз ажаб ҳолдур.
-Эй амири фотиҳ, сиз - подшосиз. Мен эрсам шоирманки, қалбим  ғоят кенгдир.Кўнглум ром этилур экан, икки шаҳар эмас, дунёни инъом этгумки, шу боис ҳам кўруб турганингиз - фақирдурмен. Ҳотамтойлигим мени шу куйга солди.
-Дуруст. Сиз ўз ашъорингизда ёдлаган Самарқанду  Бухорони кўрушга майлингиз борми?
-Эй амири фотиҳ, йигитлик чоғимда Самарқанд ва Бухорони кўрушлик орзусида бўлур эдим. Эмди қаридим. Сафарга чиқсам, мақсадга етолмай ўлуб қолишим мумкин. Етиб борғоч ҳам юртим Шерозни кўролмай қолмоғим эҳтимоли бор.
-Эй Шамсуддин Муҳаммад, сиз Шероздан бошқа жойни кўрмаганингиз учун тасаввур қиласизки, Шероздан гўзалроқ жой дунёда йўқ деб. Сизнинг Шерозингиз менинг Самарқандимга қараганда кичик, аҳамиятсиздир. Самарқанд илгаридан тортиб дунёнинг гўзал шаҳарларидан эди. Сизнинг Шерозингизда биргина каттароқ жомеъ, олтитагина масжид воқе бўлса, Самарқандда икки юздан зиёдроқ жомеъ масжиди мавжуддир.
Шамсуддин Муҳаммад Самарқандга бормоққа ризолик бермадилар. Бу одам зикр этилмиш байт туфайли Амир Темур назарларида муртад кўринишида бўлса-да, унинг аҳволини фақирликдан чиқариб, фаровон ҳаёт кечурмаклари учун бир минг динор тилла бердилар.  
Амир Темур Кўрагоннинг улуғ фазилатларидан бири - Тангри раҳматига етган фозиллар хотирасини ҳамиша шарафлаганлар. Туркистон шаҳрида қад ростлаб турган Аҳмад Яссавий мақбаралари фикримиз далилидур. Бу мақбара ҳазрат Соҳибқирон амри билан қад ростлаган.
Муаррихлар дерларким: Амир Темурнинг Хуросонга келишида уч нуқта бор эди. Бири - Нишопур тасарруфи, иккинчиси - Сабзавор тасарруфи, учинчиси эса Бушравия шаҳрини кўрмак эди. Бушравия халқининг аҳли илмлардан эканликлари, донишмандлари ҳам пешона тери тўкуб маош ўткузиши каби таърифларни ҳазрат Соҳибқирон эшитиб эдилар. Темур Кўрагон Тус шаҳрида икки ҳафтани ўткуздилар. Шунда ёшликларидан тортиб шеърларини ўқуб юрган Фирдавсийнинг Тусда дафн этилганлари хотиралариға келди. Унинг вафотида рофъазийлик шуҳрати борлиги учун мусулмонларнинг қабристониға кўмдуришмаганмиш, деб эшитиб эдилар. Бу сўзларни таҳқиқ қилмоқ учун у зотнинг қабрларини кўрмоқни ихтиёр этдилар. Мусулмонлар тарафдан мувофақат бўлмоғи учун ўз боғиға дафн қилғон эмишлар, деган сўзларнинг рост-ёлғонини билмак учун Фирдавсийнинг боғига бордилар. У ерда боғдин асар кўрунмади. Фақат ўтлар ўсуб ётғон вайрона эрди. Ердан бир озгина кўтарилиб турган туфроқ тўдасини «Шу Фирдавсийнинг қабри»,-деб кўрсатдилар. Вайрон бўлуб ётғон қабрни Тус халқи бирор тош қўюб белгиламаганлиги, агар рофъазий бўлса ҳам, улуғ шоирнинг қабри бундай матрук ва маҳжур қолиши Ҳазрат Соҳибқиронни бир хийла хаёлотга олиб кетди. Дарҳол амр қилдиларки, қабрнинг устиға тош териб, қабр эканлиғини билдириб қўйғайлар.
Ўша йили бир сабаб билан Сабзавор ҳаракати тўхтатилди. Орадан фурсат ўтуб Сабзавор тасарруфи мақсадида йўлга чиққанларида яна Тус шаҳрида Фирдавсий мозорига қўйилган тошни мушоҳада қилмоқға бориб, бу тошга арабча қилиб шоир исм-насабларининг ёзилганини кўрдилар. Дедиларким: «Фирдавсий ўз шеърларини форсий тилда тараннум этқон эрди, ёзув ҳам форсийда бўлмоғи даркор...»
Бу лавҳалардан аён кўринарким, Ҳазрат Соҳибқирон уламоларнинг хотираларини шарафлаб, шуаро ва фан аҳлини мусулмон ё кофир демай, иноят қилур эдилар. Айниқса ўз мамлакатларидаги аҳли назм, аҳли илмга беадад мурувват кўрсатиб эдилар. Дер эдиларким: «Билингким, ҳар бир истеъдод Тангри таоло томонидан берилган атоёлардандир. Аммо сиз уни тарбия қилмоғингиз лозимдур.»
Муаррихлар гувоҳлик берарларки, Ҳазрат Соҳибқирони акбар тил ва адабиёт равнақига ҳам бевосита, ҳам билвосита таъсир этганлар. Шарофиддин Али Яздийнинг айтишларича, амир Темур бош девонида «Манзумаи турк» асари тузилган, асар ёзилаётганида унинг лавҳаларини Темур Кўрагони сафдар шахсан ўқуб, тузатган, таҳрир этган эканлар.
Аввал зикр этганимиз ҳазрат Алишер Навоий ёзганларидек, Соҳибқирони акбар даврларида туркий тил ва адабиёт мислсиз равнаққа етиша бордиким, буни ўнлаб туркигўй шоирларнинг ижоди исбот этади. Ҳукмдорнинг меҳр-муруввати қанотлари остида тил ва адабиётнинг гуркираб яшнаши табиий бир ҳолдир. Бу даврдан эътиборан туркий адабиёт мазмунан ва шаклан ортиқ ривожланди ва бадиий асарларнинг турлари кўпайди. Назмнинг фард, рубоий, туюқ, қитъа, ғазал, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, қасида, маснавий турлари, насрнинг муарро, муражжаз ва мусажжаъ турлари янада кўпроқ қўллана бошланди.
Соҳибқирон ва у зотдан кейинги темурийлар даврида туркий олий даражадаги тилга айланди ва кўплаб моҳир туркигўйлар вужудга келди. Фикрнинг далили учун Мавлоно Ҳожи Абулхасан, Наъимий, Тархоний, Нозукий, Лутфий, Яқиний, Отойи, Муқимий, Латифий, Саккокий, Мирзо Ҳожи Суғдий, Мавлоно Билол, Муҳаммад Алий, Мирзо Алийбек, Мавлоно Осафий...ларнинг номларини эсламакнинг ўзи кифоя. Улар битган сатрлар-чи? Дейлик, Мавлоно Осафийдан:
Юз балолар кўрдум ул ором-и жондин кўрмадум,
Икки кўзумдин йамонлиқ кўрдум, андин кўрмадум.
Ёҳуд Мавлоно Яқинийдан:
Оҳким, жонимға еттим йори нодон илгидин,
Доду фарйод ул жафочи офати жон илгидин.
Гарчи Амир Темурнинг шеър битганлари хусусинда маълумот йўқ эса-да, авлодлари - темурий шаҳзодалар, маликалар орасида шоир ва шоираларнинг кўплиги маълум ва машҳурдир. Абобакр Мирзо, Ҳалил Султон, Бойсунғур Мирзо, Саййид Аҳмад Мирзо, Фаридун Ҳусайн Мирзо, Султон Масъуд Мирзо, Султон Алий Мирзо, Абулғозий Султон Ҳусайн Баҳодурхон, Захириддин Бобур, Зебуннисо бегим, Гулбадан бегим... Шарафли ҳадисда таъкид этилганидек, яхши одатлар, хусусан, муҳаббат ва эзгулик ҳам қондан қонга, яъниким авлоддан авлодга ўтар экан. Шаҳзодалар ва маликалардаги адабиётга муҳаббат ҳам эҳтимол шундан бўлса ажаб эмас.
Темурий шаҳзодалар орасида назм чўққисига  етганлардан бири - шубҳасиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. У муборак зот ўзларининг узоқ йиллик машаққатли курашлари, сафарлари мобайнида ҳам шеърдан узоқлашмадилар.Муаррихлар дерларким, шох Бобур ҳатто фармонлари ҳошиясига ҳам баъзан байт битар эканлар.
Мирзо Бобурнинг «Бобурнома» асари фақатгина жўғрофий ёки тарихий нуқтаи назардан эмас, балки тил ва адабиёт тарихига оидлиги билан ҳам бебаҳо хазинадур. Аввало бу асарда Мирзо Бобур туркий тилнинг насрдаги беқиёс даражадаги имкониятларини намоён этганлар. Ундан ташқари тарихий шахслар хусусинда сўз кетганида унинг адабиётига бўлган муносабати албатта зикр этилганким, кўпгина шаҳзодаларнинг ва умароларнинг назмда қалам тебратганларини айнан шу асардан билса бўлур.
«Ҳусайн Бойқаро... табъи назми бор эрди. Девон ҳам тартиб қилиб эрди. Туркий айтур эрди. Тахаллуси «Ҳусайний» эрди. Баъзи байтлари йамон эмасдур, вале Мирзонинг девони бир вазндадур.»
«Бойсунғур Мирзо. Султон Маҳмуд Мирзонинг иккинчи ўғлидур. Настаълиқ хатини хейли хўб битур эрди. Шеърни ҳам тавра айтур эрди.
Самарқандда Бойсунғур Мирзонинг ғазаллари онча шоеъдурким, кам уй бўлғай эдиким, Мирзонинг ашъори ул уйда бўлмағай эрди.»
Темурий шаҳзодаларнинг аҳли таъби умаролари ҳам назм гулшанини бойитганлар. Бобур Мирзо темурий шаҳзодалар хусусинда сўз юритар эканлар, умароларнинг шакл-шамойили ҳам қаламга оладилар. Хусусан, Султон Аҳмад Мирзонинг умароларини шундай таъриф этадилар:
«...Яна бири Аҳмад Ҳожибек эрди. Хуштаъб ва мардона киши эрди. «Вафоий» тахаллус қилур эрди. Соҳиби девон эрди. Шеъри йамон эрмас  эрди.
Мир Алишер Навоий Ҳирийдин Самарқандға келган фурсатлар Аҳмад Ҳожибек била бўлур эрди.
Яна бири Дарвишбек эрди, Таъби назми бор эрди. Мусиқий илмидин бохабар эрди, соз ҳам чолур эрди.»
Соҳибқирони акбар авлодларига фақат мамлакатни эмас, қалам аҳлига бўлмиш меҳрни ҳам мерос қилиб қолдириб кетган эканлар. Айтурларким, Мир Алишер Навоий ҳазратлари «Хамса»ни ёзиб тугатиб, Ҳусайн Бойқарога тақдим этганларида подшо шоирни «пирим» деб атаб, оқ отга ўтқазганлар. Шоир оқ отда, подшо пиёда Ҳирот кўчаларидан ўтган эканлар. Ҳусайн Бойқаро шоирга бўлган меҳрларини шу  тарзда ифода этган эканлар. Бу воқеани рамзий маънога кўчирсак, темурийлар даврида адабиёт ана шундай эъзозда бўлган ва ана шу эъзоз туфайли ҳам ўзбек адабиёти жаҳон маданияти тарихининг шоҳсупасига кўтарила олган.
Дунё кўп ҳукмдорларни кўрди. Дунёни вайрон қилганлар ҳам кўп бўлди. Обод қилганлар эса саноқлидур. Ана шу саноқлилар сардори ҳазрат Соҳибқирони акбар эканликлари шубҳасиздир. Ажнабий муаррих Херман Вамбери дерки:
«Темур Осиёнинг ҳамма қисмидан ҳадсиз-ҳисобсиз хазина ва бойлик йиғди, лекин уларни хасис одам каби сақламади. Буни биринчидан, саройининг бой ва ҳашаматлилиги, иккинчидан эса ҳам ўз қароргоҳини, ҳам ўз шаҳрини безаб турувчи ғоят улкан ва муҳташам бинолар қурдиргани исботлайди. Шунинг учун ҳам Темурни Чингизхон билан бир қаторга қўйиб уни ёвуз, ўзбошимча, мустабид ҳоким деб атовчиларнинг фикрлари икки томонлама хатодир,»
Афсусларким, ўтмиш жамият халқ онгига ана шу икки томонлама хато фикрни сингдирмоқчи бўлди. Не шодким, ўтмиш жамият бу хато фикрларини ўзи билан бирга кўмилмиш қабрига олиб кетди.
Муаррихлар дерларким:
«Ясугай Баҳодурнинг ўғли туғулғонда қўлу мушти қонли эрди. Яна шуки, муштида бир кафт қотиб қолғон қон бор эрди. Бу шундан далилким, вақт ўтиши билан замон аҳлини қатл этур, кўплаб подшоларни аёқ ости қилур, Худодан бошқа ҳамма унинг қўл остида хор бўлур. Унга Темучин деб исм бердилар. Сўнгра уни Чингизхон атадилар.»
Муаррихлар дерларким:
«Амир Темур Соҳибқирони акбар туғилаётганларида ҳар тўрт мусалласа улуғ юлдузларидан ҳар бир мусалласада ўн икки бор қайтиб қирон қилғон эрди. Шу сабабдин ҳам ҳакимлар у зотни «Соҳибқирони акбар», яъниким, бахти кулғон, бахтли соатда туғилғон деб номладилар.»
Шукрларким, бахтли соатда туғилғон инсон улғайгач, бахти кулғон халққа подшоҳ бўлди.
Замон шамоллари неча довруқли номларни ғуборга кўмиб ташлади. Неча номлар тарих саҳифасига қора билан ёзилди. Замонлар неча табаррук номлар юзига қора чапламоқни ихтиёр этдилар. Аммо балчиқ чаплагани билан дуру гавҳар ўз қимматини йўқотмагани, олтин эса зангламагани каби бу номларни халқ қалбида ардоқлаб асради. Ҳазрат Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони сафдарнинг муборак номлари шулардан биридир. Валлоҳи аълам.
Муножот: Йа, роббимиз Аллоҳ! Фоний дунё саодатини инъом этган бу бандангга боқий дунё саодатини ҳам бергайсан. Омийн!
Тоҳир Малик
 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин