Саналар
13.12.2024
Баннер
Тарихи Жаҳоннамойи (2)
PDF Босма E-mail

ҲЎҚАНДИ ЛАТИФ ШАҲРИДА ҚИПЧОҚЛАРНИНГ ЎЗЛАРИГА ХОН КЎТАРИШЛАРИ. БУХОРО ПОДШОСИ ВА ХУДОЁРХОННИ (ФАРҒОНАГА) КЕЛИШЛАРИ ВА ДАВЛАТ САЛТАНАТИГА ХУДОЁРХОН ВАЛИНЕЪМАТНИНГ ЎТУРГАНИ ҲАҚИДА

Сўз гулистонининг чаманороси, минг достоннинг булбули бўлган мусанниф воқеа дуру гавҳарини шундоғ баён этади. Ул замон ва ул вақтларда бесару сомон қипчоқлар ўз лашкарлари ила келиб Сайҳун дарёси бўйидаги Сарой деган қишлоқда тўхтадилар. Қирғиз ва қипчоқ улусининг улуғлари бир неча кун шул жойда қолиб, ўзаро маслаҳат қилиб шундай қарорга келдилар: «Бирор-бир мирбачани топиб уни хонлик салтанатига кўтариб, шаҳар (Ҳўқанд)га кириш керак». Шу фикр ҳаммага маъқул бўлди. Мирзо ибни Норқўзи додхо қирғизни Худойқул бек ибни Мақсудбекка маҳалладош ва қўшни бўлгани учун унинг олдига юбордилар. У шамолдек тез шаҳарга келиб, энди ўн олти ёшга кирган, аслзода мир авлодидан бўлмиш Худойқулбек ибни Мақсудбек ибни Бекбўтабек ибн Сулаймонбек ибни Шодибекни олиб, (Сарой) мавзеига етказди. Халқ мирбачанинг малоҳатли суратига ошиқи шайдо бўлиб, 1282 йил, душанба куни, муҳаррам ойининг бешинчисида уни салтанат ва шоҳлик маснадига хон қилиб кўтардилар.
Арбобу шариф, фақиру ғаний муборакбодлик учун дуога қўл кўтариб, масрурлик ва шодиёналик фотиҳасини ўқидилар. Шундан кейин аркони давлат ва салтанат аъёнлари ва бошқалар жам бўлуб шаҳарга келиб кирдилар. Улар Султон ўрдасига жойлашдилар.
Хон жаноби султонлик тахтига ўтуруб, Бек Муҳаммад қипчоқни мингбоши мансабига сарафроз қилди. Мирза Аҳмадга дастурхончилик (мансабини) ҳадя қилди.
Шу вақт давомида аҳли қирғизия ва қипчоқия ўн тўрт кун ўрдада яшади, душанба куни кечқурун эса фуқародан хавф олиб, подшолик салтанатини ташлаб, шаҳардан бир фарсаҳ нарига қочдилар. Бу хабарни баъзи бебошу авбошлар эшитиб, кечаси бориб ўрда ичини талон-тарож қилдилар. Буни шаҳарнинг баъзи улуғлари эшитиб, ул одамларни тафтиш ва таҳқиқ қилиб, олиб кетган нарсаларидан бир қисмини топдилар. Шаҳар фуқароси ва уламолари қипчоқлар аҳволини кўриб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб улар олдига бориб, шаҳарга қайтишни сўрадилар. Аммо бу ҳимматсиз кишиларда шаҳарга қайтиш учун юрак йўқ эди.
Ғамойил қишлоғини (қирғиз, қипчоқлар) ўзларига турар жой қилиб олдилар. Улар куффорга қарши ғазовот учун деб фуқарога солиқ солиб, юз минг тилла пул тўплаб олдилар. Уларнинг касофатли қилмишларига қарамасдан шаҳар аҳолиси сабр-тоқат айлаб, уларга ёрдам бердилар. Аммо бу иш шаҳар ва саҳро ўртасида бир неча кун давом этиб, икки томоннинг ҳам нафратига сабаб бўларди. Масал бордурким, унда айтилишича: «Йўлини йўқотган киши (гумроҳ)дан сўрадиларки, сенинг номинг нима?»— «Номим раҳбар (йўловчи)дир» деб жавоб берибди у. Қипчоқларнинг бу қилмишлари ва ҳамоқатлари жаноби бахтиёр Худоёрхон валинеъматга маълум эди. Жаноби валинеъмат воқеалар баёнини Бухоро подшоси амир Музаффарга дарҳол етказиб турарди. Шу орада амир ўрусларга элчи жўнатишни баҳона қилиб, Ҳўқандга келмоқчи бўлди. Нажмиддин хўжа деган бир бухороликни Россияга элчи қилиб кўп туҳфалар ва ҳадялар, яъни улкан бир фил, амир Темур васиқаларини қўлига бериб, Петербургга — ўрус оқ подшосига жўнатиб, ўзи беҳисоб лашкар ила Бухородан Жиззахга келиб, манзили жалол қилди. Бу ердан Бухорога тижорат учун келаётган бир бой ўрусни саккиз юз туяга юкланган қимматбаҳо матолари, бир неча туя ўрусия олтин-кумуш пуллари ила қўлга тушириб, ҳамма молу матони олиб, ўзига хавф солиб, Тошкандга — ўрус жинироли  олдига ҳайдади.
Амир Худоёрхон жанобларини ўзига ҳамроҳ ва қўлига ўйинчоқ қилиб Ҳўқанди латиф сари йўл олди. Хўжанд шаҳрига келиб осойиш топти. Жаноби валинеъматга (Худоёрхонга) ишониб, уни лашкарга сардор қилиб Хўқанди латифга жўнатди. Худоёрхон, Оллоёрбек парвоначи, Яъқуббек ғулом, Самарқанд ҳокими Шер Али ғулом саноқсиз лашкари ила Ҳўқанди латифга йўл олдилар.
Қипчоқлар уларга муқовамат қилмасдан якшанба куни Мўйи Муборакка келдилар. Кечани бир илож қилиб ўтказиб, душанба куни, лашкар келишидан олдинроқ пешин намози вақтида Марғилон йўлига чиқиб кетдилар. Шу куни кечаси манғит лашкарининг илғор қисми Ҳўқанди латифга жангу жадалсиз кириб келди. Сешанба куни пешингача лашкарнинг ҳаммаси шаҳарга дохил бўлди. (Худоёрхон) кетма-кет подшоҳ (Музаф-фар) хизматига хушхабарлар жўнатди. Амир (Музаффар) кўнглини чоғ қилиб, 1281 йил, сафар ойининг йигирманчи, панжшанба куни шаҳарга кириб келди. Аммо бу золимнинг авбош ва бебош сарбозлари шаҳар атрофидаги жойларни талон-торож қилдилар. Бир муддат Ҳўқанди латифда истиқомат қилиб (амир) Оллоёрбек манғитни лашкарга сардор тайинлаб, қирғиз ва қипчоқлар орқасидан юборди. Иккала қўшин ҳам изма-из борардилар. Қипчоқлар Моди мавзеига бориб тўхтаб дам олдилар. Оллоёрбек эса манғит лашкари ила Аробон қалъасини манзил қилди.
Бир кундан кейин эрталаб қипчоқ ва қирғизлардан олти юз киши ўз сардорлари Юсуфбой Мирзо, Элтаркуб баҳодур ва Хол понсод қирғиз ила Ахси мавзеига келиб, манғитларнинг йўлини пойладилар. Икки томон тўқнашиб, жанг бошланди. Баъзан қипчоқлар Гулбаҳор майдони саҳнидан манғитларни сиқиб, Аробон мавзеига қадар чекинтирардилар. Гоҳи манғитлар ғалаба қилиб, қипчоқларни жангоҳга қайтарардилар. Бир неча бор улар шундай бориб келдилар. Бу бечоралар (қипчоқлар)га Бек Муҳаммад ҳезалакдан ҳеч қандай мадад келмади. Манғитларнинг қўли баланд келиб, улардан 15 минг киши қипчоқлар атрофини ўраб олиб, бир тор жойга сиқиб қўйдилар. Эртадан-кечгача бўлган уруш ҳеч қандай фойда келтирмади. Ниҳоят, қипчоқ сардорлардан Хол понсод қирғиз, Юсуфбой Мирзо, Элтаркуб қипчоқ ва яна юзта сарбоз қўлга тушдилар. Қолганлари манғит сафини ёриб қочиб кетдилар...
Шундай қилиб, манғитларнинг қўли баланд келиб, амирларни (Бухоро) подшоҳи хизматига жўнатдилар. Оллоёрбек парвоначи эса Ўш томонга кетиб, Моди мавзеида қарор топди. Қипчоқ лашкари эса Кулжага кетиб қолди. Улар бир-биридан ваҳм қилиб, анча муддат жойларида турдилар. Можаро бир ёқли бўлмай туриб, Оллоёрбек манғит қайтишга амр қилди ва Марғилонга келди. Қипчоқлар ҳам Арабон (қишлоғи)га келиб турдилар. Разил манғитлар аҳволларини ўз подшоҳларига маълум қилиб, маслаҳат сўрадилар. Тадбирсиз (амир) айтди: «Биз» шу ерда қоламиз. Ору номус деб биз бу ерга келганмиз. Бу мамлакат Худоёрхоннинг мулкидир, ўзи қирғизу қипчоқни дафъ қилиш йўлини топсун.» (Амир Музаффар) жаноби Худоёрхонга бир неча минг манғит ва Ҳўқанд сарбозларини жўнатди. Қочоқлар (қирғизу қипчоқлар) Худоёрхоннинг келишини эшитиб, тоқат қилмасдан Қошғар вилояти томон йўл олдилар. Жаноби султон ул бадбахтларни Тирак довонига таъқиб этиб борди. Уларнинг қанчасини банди қилди, учта тўп ва кўп асбоб-ускуна, қурол-яроғларини қўлга киритди. Катта иззат ила қайтиб, 22 рабби-ус-сонийда Ҳўқанди латифға етиб келди ва Бухоро амири ҳузурига- обрў билан ташриф буюриб, давлат маснадида қарор топди. Бухоро амири ўрдадан кўчиб, ҳазрати Мўйи Муборак боғига келди. У фалокат (амир Музаффар) шу ердан ҳамма подшоҳлик асбоб анжомлари, тўпу тўфанг, қурол-яроғларни, гилам ва бошқа бойликлар ҳамда тўрт юзга яқин хотин-қизларни олиб сешанба куни эрталаб Бухоро сари йўлга тушди...
Валинеъмат хон жаноблари давлат ва салтанат такягоҳига ўтуруб, қайғуларини унутиб, зафар топди. Бадбахт ва кулфатзада қирғизу қипчоқлар замона жафосидан қочиб, тоғу саҳролардан ўтиб, Яъқуббек олдига (Кошғарга) келдилар. Улардан қолганлари ўз сардорлари ила, хусусан, Абдураҳмон офтобачи ўз уруғи ила, Муҳаммад Диёр қушбеги ўғли ўз қабиласи ила, Тошқора ўз тобеълари ила, Саримсоқ додҳоҳ қирғиз ўз лашкари ила тўп-тўп бўлиб тортуқ ва ҳадялар олиб ҳазрат хон олдига узр сўраб келдилар. Жаноби валинеъмат ҳам уларга марҳамат айлаб, ҳар бирининг мартабасига қараб инъом- эҳсонлар берди. Шу аснода бир неча кун ичида уларнинг қолганлари ҳам келиб султон илтифотини ҳис қилиб, таслим бўлдилар.
Бир куни кечаси қирғиз ва қипчоқларнинг бир гуруҳи ваҳимага тушуб ўзлари интихоб қилган жойга қочиб кетдилар. Хусусан, амирлашкарнинг жияни Муҳаммад Аюббий Чимён томонга қочди, 200—300 қирғизни ўзига ҳамроҳ этиб, Ўш вилоятига қараб кетди.
Жаноби Султон Муродбек, хон ҳазратнинг акалари — Марғилоннинг ҳокими эди ва у бир неча вақтдан буён Ўш вилоятида закот йиғувчи эди. Муҳаммад Аюб унинг олдига келиб сурбетларча, «Амирзода, туринг, акангизни ўлдуруб, сизни уларнинг ўрнига хон кўтардилар. Мен шунинг учун олдингизга келдим», деб айтди. Амирзода ул аҳмоқни алдаб, қирғиз ва қипчоқ сардорлари қўли орқали ушлаб зиндон қилди. Тезда бир чобуксуворни хон ҳазрат олдига хабар бериш учун юборди. Ул чопар кечаю кундуз от суриб Худоёрхон олдига келди ва хоннинг соғлиғини ўз кўзи билан кўриб, амирзода номига бир иноятнома ҳам олиб қайтди ва амирзодага ҳамма кўрган-эшитганини айтди. Муҳаммад Аюбнинг ёлғончилиги маълум бўлди. Ундан ҳамма ғазабланиб, қатл қилинишига розилик бердилар...
Алқисса, унга ўлим мукофот бўлди ва фармони олийга кўра Марғилонга олиб келиб қатл этдилар.
Душманлардан яна бири Саримсоқ додҳоҳ қирғиз бўлиб, у Наманганга келган эди. Хон (Худоёр) Наманган ва Косон ҳокимлари лашкарларини унинг орқасидан юборди. Унга ета олмадилар ва у (Саримсоқ додҳоҳ) осонлик билан Чотқолга ўтиб кетди. Қолган қирғиз ва қипчоқлар хон марҳаматига сазовор бўлуб, тавба қилдилар. Фақат Тошқора қипчоқ ўрусларга қўшилиб кетган эди...

КИТОБНИНГ ХОТИМАСИ ЖАНОБ ХУДОЁРХОН ВАЛИНЕЪМАТ ВА БУХОРО ПОДШОҲИ ЗАФАРСИЗ МУЗАФФАРГА БАҒИШЛАНГАН БЎЛИБ, УЛАРНИНГ ДАВРИДА ЮЗ БЕРГАН ВОҚЕАЛАР БАЁН ЭТИЛАДИ

Фатонат арбобларининг гули, наво ва аҳли саноат нуктадонлари, соҳибфасоҳат ва зукко эшитувчилар жамоатига маълум ва равшан бўлсинким, ул вақт ва замонда Бухоро амири кўп лашкар билан келиб, қипчоқлар ишини саранжом этиб, Худоёрхонни унга мерос қолган мамлакати салтанатига қўйиб, ўзи Бухорога қайтиб, давлат қароргоҳига ором бўлган эди. (Амир Музаффар) ўзбилармонлик ила кеча-кундуз айш-ишратга машғул бўлиб, хотинбозлик қилиб, оламдан ғофил ва ҳатто ўзидан кетиб қолиб, ўзини Фиръавну Намруд деб биларди. Дўстни душмандан фарқ этмасди. Шундай аҳвол бир неча вақт давом қилди. Қиш ҳам кириб келиб, тўқсон тўққиз хил тортуқларни олиш вақти ҳам бошланди. Бу иш шу мамлакат подшоҳлари учун расм бўлуб, унга риоя қилиб, ўлканинг ҳар ёнидан саркардалар тортуқ ва туҳфалар билан Бухорога келардилар.
Жаноб хон ҳазрат ҳам шу удумга амал қилиб, Баҳодурхон тўра Косоний орқали кўпдан кўп ҳадя ва туҳфаларни Бухорога жўнатди.
Шу воқеаларни нақл қилиш пайтида 1282 йил, рамазони шариф ойининг охирги ўн кунлигида ўрус кофирлари Тошканд вилоятидан Жиззахни забт этиш учун лашкар йиғиб, қишнинг ўртасида ҳаракат бошладилар. Сайҳун дарёси бўйига келиб, ундан кемада сузиб ўтиб, бир муддат лашкар камчилигини тузатиб, Жиззах сари йўл олдилар. Рамазон ойининг охирларида кофирлар Жиззах яқинида жойлашган Учтепа мавзеига келиб нузул қилдилар.
Жиззах қалъасининг ҳокими Яъқуббек деган бир ғулом қалъа ҳимоясига тушуб, кутуб турди. Подшоҳ (амир Музаффар) Самарқандга келиб, шу ердан кетма-кет илғор дасталарни жўнатиб, Жиззахни беҳисоб лашкар ила тўлдириб юборди. Шунга қарамасдан кофирлар бу лашкарни ғафлатда қолдириб, шаввал ойининг бешинчисида, душанба куни 20—80 кишидан иборат гуруҳлар билан қалъа олдидан бозорга келиб, ҳийлаю найранг қўллаб шаҳарга кирмоқчи бўлдилар. Шу пайт одамлар бетаравот наҳс босган малъунларни таниб қолиб, шовқин солиб, уларни тўрт томондан иҳота қилдилар. Кофирлар манғитларнинг журъатсизлиги ва ҳимматсиз эканликларини билиб, тўпу тўфанглардан ўқ уздилар, кейин халос бўлуб орқага чекиниб, соғ-саломат ўз қўшинларига қайтдилар. Учтепа қишлоғига, ўз қароргоҳларига келиб, ўн беш кунча яшадилар. Икки томон ҳам урушга жазм қилмадилар. Шундан сўнг Яъқуббек ғулом замонасозлик ва одамийлик юзасидан туяларга озиқ-овқат ва ему хашак ортиб кофирларга жўнатди. Кофирларнинг аҳволлари танг бўлиб қайтишга фармон бўлди, (улар) Сайҳун дарёсининг бўйида жойлашган Бўёқчикўл мавзеига келдилар. (Ўрусларнинг саркардаси) бир неча сарбози билан Тошкандга қайтди.
Шу воқеалар юз бераётган чоғда валинеъмат (Худоёрхон) ёрлиғига биноан жоҳил Рустамбек Тошкандий Қурамага келиб, Тиловга кирди, Ботурбек қурама эса Бўка қалъасидан жой олди. Фармон додҳонинг ўғли Овлиқ вилоятига нузул қилди. Мусулмонларнинг бу ишлари кофирларнинг қулоқларига нохуш тегиб, улардан 300 киши дабдаба ила Тўйтепага яқинлашди. Бу даҳшатли хабар шижоатли мусулмон сарбозларига етиб-етмасдан, қўрқуб, ваҳимага тушиб, ҳар бири ўз туғи билан қочиб кетдилар. (Мусулмонларнинг) бир гуруҳи Кандир довонидан ўтиб, бир қисми Саримсоқлиқ тоғидаги бир биёбонда истиқомат ихтиёр этдилар.
Шу вақтда Бухоро подшоҳи зафар кўрмаган амир Музаффари безафар ўзининг қўполлиги, мумсуклиги ва ақли кўрлиги билан ғазавот деб, шум ва номуборак ниятини яшириб, Ҳўқанди латифга юришдек фосид хаёлни бошдан кечирди. Бир неча минг авбошу бебош безори-дайди одамлардан лашкар йиғиб, катта дабдаба ва салтанат билан Жиззахга келди.
Ҳозиру ғойибдан ҳамма умид қилар эдиким, иншооллоҳ, энди- замона амири кофирларга етиб бориб, ҳаммаларини журъату диловарлик ва шижоату мардлик ва баҳодурлик кучи бирла барбод қилади ва вилоятни озод этади деб.
Аммо ул номард ва ҳезтарош амир номуносиб фосид хаёлларга ботиб баҳона қидирарди. Хон Худоёр ҳам салтанат тахтида ўтуруб, ҳали мурод гулини ҳидламасдан, осойишталик дамини сурмасдан туриб, тинч Ҳўқанди латиф вилоятида катта фатарот юз берди.
Йигирма етти йил мобайнида йил сайин, ой сайин, кун сайин қотиллик, биродар-кушлик жанжаллари авжига чиқади. Ҳатто душманга қарши чиқадиган бир мард киши топилмайдур. Ўн уч йилдурки, ўрус кофирлари бостириб кириб Оқмасжид, Қозонлидан то Авлиёота, Марка, Бишкек, Олма-ота, Чулек қўрғонларигача забт этдилар. Кўп
одамлар кофирлар билан бўлган жангда талафот кўрди ва вилоятнинг шундай харобага айланиши олам аҳлига маълум ва равшандур. Бундан ташқари, шу йил қаҳатчилик келиб, одамларнинг тоқати тоқ бўлди. Ҳўқанди латиф вилоятининг аҳолиси давр жафоси кулфатига гирифтор бўлдилар. Алар Худоёрхон қадамини муборак билиб, жонларига янги руҳ кирган ҳолатда турардилар. Бу воқеаларга қўшимча куффор уруш бошланиб, ўруслар ҳўқандликларга ҳар томондан ҳужумга ўтдилар. Бу сўзлардан ғараз шулким, ул ножинс (амир Музаффар) Ҳўқанди латиф лашкарини олдинги сафда куффор урушига жўнатиб, ўзи бир-икки кунлик масофада туруб, «зафар тегса фақат ҳўқандликларга тегсун, улар нобуд бўлсун, мен безарар қолай» дерди. Маҳрами хосларини ва саноқсиз ясовулларини номалар ила дўқ-пўписа билан кетма-кет Худоёрхон олдига жўнатарди,
Худоёрхон амирнинг ношуд муддаосини фаросат ила тушуниб, замонасозлик қилиб, бир неча минг сарбоз, маҳраму ясовул ва бир нечта тўпларни олиб, шаҳардан ярим фарсангча узоқроқдаги Ермасжид қишлоғига келди. Ўн беш кунча шу жойда истиқомат қилиб турганда, яна амир ясовуллари етиб, уларни ҳол-жонига қўймасдан Қайрағоч қишлоғига олиб келдилар. Уч кун шу ерда туруб, зу-л-қаъда ойининг 26-сида сешанба куни ўрусларға қарши ғазавот учун Сайҳун дарёси соҳилиға етиб келдилар. Жаноб Султон икки навбатда дарёдан лашкари ила ўтиб, Оқжар мавзеида тўхтадилар.
Бўхоро амири кўрдики, валинеъмат хон унинг сўзига кирмасдан бошқа йўлни ихтиёр этди, шунда у кофирлар урушини бир томонға қўюб, қаҳру ғазаб ила Ҳўқанди латиф сари йўл олди.
Бўхоро вилоятининг юзи қаро уламолари Ҳўқанд аҳолисини ўлдириш ва хотину болаларини асир олиб сотиш ҳақида ривоят чиқариб, фатво бердилар. Шундай фатво берганлари учун уларнинг қўллари синсин!
(Амир Музаффар) кўзойнакли илондек ҳаракат қилиб, Ўратепадан ярим фарсанг келадиган Лаккат мавзеига келди...
Икки ой ичида шу мавзеда истиқомат (қилиб) ва ҳар куни ўз ҳарамида қизлар билан вақтини ўтказиб, бачабозлик қилиб, оламдаги бор фисқу фужур ила ҳаётини мурдор қилди. (Амир Музаффар) жаҳлу жоҳиллик ва фаросатсизлиги туфайли, кофирлардан атиги беш фарсанг нарида туриб, шундай номаъқулчиликлар билан шуғулланарди. Ҳар кун аҳолининг қиз ва хотинларини зўрлаб олиб (келиб) маишат қилиш шул бетавфиқнинг иши эди. Қатъа (мазмуни):
Мулк арбобининг мает бўлиши адабдан эмас,
Шоҳ салтанатиға ҳушёрлик ойини яхшидур.
Шоҳ посбондир, шунда мулк ширин уйкуда бўлар,
Посбонға ҳушёрлик яхшию, ғафлат лойиқ эмасдур.
(Амир Музаффар) валинеъмат хон хизматиға ҳар кун кишиларини юборуб, уларни куффорлар билан жанг қилишға мажбур этарди. Худоёр (хон) валинеъмат сомон тиқилган қоп ва кундага ўхшаган бу кишининг (амирнинг) сўзига кирмасдан, элчиларни яхши сўз ила қайтариб юборарди. Бундай муносабатни кўрган амир қаҳр-ғазабдан ўлимга ҳам рози бўларди. Ноилож ўзинй кару кўрликка олиб, шу йил йигирма тўртинчи зул-л-ҳижжада уч фарсанглик масофани қийинчилик билан босиб ўтиб, Сайҳун дарёси соҳилидаги Майда лулғун деган мавзега етиб келди. Шу ердан Абдуғаффорбекни 5 гуруҳ туғли қўшинга сардор қилиб, Қурама вилоятиға жўнатди. Ўзи шу ерда (Майда лулғунда) қолиб, Оллоёрбек манғит, Яъқуббек ғулом, Шер Али ғулом ва бошқа сар-карда — понсодларни кўп минг лашкари билан ўрусларга қарши урушга боришга буюрди. Улар ҳар кун чиқиб, ўруслар билан урушиб қайтардилар. Бу маънони билиб олиб муҳаррам ал-ҳаром ойининг бир шанбасида кофирлар келиб (манғитлар билан) жанг қилиб қайтиб кетдилар. Бу воқеадан манғитлар хабар топиб, кофирларни заифу фақир деб, назарлари илмади ва улар билан катта тўқнашувни кутиб турдилар. Як-шанба куни кирди. Қуёш шарқ буржидан малики фарҳанг амри-ла улуғ дабдабалар билан осмон гиламиға қадам босиб, содиқ кишиларнинг қалбидек оламни равшану намоён, софу мусаффо қилди. Ислом лашкари ҳаракатга келиб уруш майдонига жасорат билан кирдилар ва тўпу тўфангларни ҳозирлаб, сафларини Садди Искандарийдек маҳкам қилиб, кофирларни кутдилар. Якшанба кофирлар учун ибодат куни эди. Пешиндан сўнг ибодатдан фориғ бўлган ўруслар келиб ислом лашкарига қарши бирдан ҳужумға ўтдилар. Икки томон бир-бири билан учрашиб кўрган ва эшитган кишининг ақли ҳайратда қоладиган урушни бошлаб юбордилар.
Манғитлар эса кўп йилдан буён халқ нонини туя қилиб еб, на ўзлари ва на ота-боболари уруш кўрмаган эдилар. Ҳаммалари олд-орқаларига қарамасдан қочиш йўлини қидирардилар.
Нима бўлсанг ҳам, фақат ҳез бўлма дегандек, Бухоро подшоҳи бир фарсах масофада туриб дурбин орқали урушни томоша қиларди. Кофирлар ҳушсиз манғитларни тўпу тўфанг билан отардилар. Лашкари ислом паришон ва пароканда бўлиб, чўлу биёбонга қочиб кетдилар.
Ҳезалак подшоҳ (Амир Музаффар) дурбинда бу аҳволни кўрди ва шундай ҳез кишида ҳам тоқат қолмади ва кийиниб улгурмасдан минг ҳасрат ила отга миниб, намози аср вақтида Жиззах томон йўл олди. Унинг лашкарига путур етди ва паришон бўлиб жанг майдонидан қочиб қолдилар. Ҳеч ким бундай бесаранжомлик ва номардликни бундай тўнкабадан кишидан, амири ҳездан ҳозиргача кутмаган эди. Аждодларидан мерос қолган шундай салтанатни, бухоролик баъзи бир мағрур кишилар учун ифтихор бўлган муфохиротни, қурол-яроқ, подшоҳлик анжомларини, хусусан, бир неча дилбанд маъшуқаларини бегоналарга ташлаб кетди.
Бувоқеа 1283 йил якшанба куни, муҳаррам-ал-ҳаром ойининг 7-сида юз берганди. Катта ҳез жаноблари (амир Музаффар) шу қочишда жони ҳалқумига тиқилиб, ке«қурун Жиззахга етиб келди. Унинг мулки бесоҳиб, беҳоким қолди. Абдул Ғаффорбек юз Ўратепага кириб, музофот ила эгаллаб, мустақил бўлди. Ҳўжанд аҳолиси жаноб (Худоёр) валинеъмат хон ҳузурига келиб, ундан сардор бўлишини илтижо қилиб сўради. Жаноб Шаҳриёр Мулло Тўйчи додҳоҳ қирғизни бир неча ишончли кишилар билан Хўжандга юборди. Ўзи ҳам келиб шаҳарга кирди. Хўжандга тобеъ бўлган жойлардан Нов қалъаси, Қўштегирмон, Ғўлакандоз, Оқтепа, Далварзин, Маҳрам, Кароқчиқум, Конибодом ва бошқалар амири валинеъмат (Худоёрхон),таоарруфига ўтиб, олам-тимч ва осойиш бўлди. Туркистон шайхлари орасида шундай бир гап бор: «Отилмаган сопқон ҳам бошга тегар, ҳам кўзга». Уларнинг яЯна кўп масаяляри амири (Музаффар)га қарата айтилган. У Жиззахда ҳам тўхтамасдан Самарқандга қочиб кетган эди. Амир Музаффарга ўлим ваҳимаси тушиб, бир неча кун шу ерда (Самарқандда) истиқомат қилди.
Оллоёрбек манғит эса Жиззахга кириб келди. Қолган молу хазина, тўпу тўфанг ҳаммаси кофирларнинг қўлига тушди. Неча йиллаб жамланган бойлик бир зумда нобуд бўлди. Шундан кейин баттол кофирлар Ўратепа ва Жиззахни қўйиб, ғайрат жиловини Хўжанд томон буриб, бир неча кун ичида етиб келиб, шаҳарни қамал қилдилар.
Баъзи бедин ва дунёфуруш молпараст уламо, оқсоқоллару арбоблар бирлашиб, озгина пул-маблағ деб қанча одамларнинг қонидан ҳам қўрқмай, қалъа дарвозасини кофирларга очиб бердилар.
Хулосатул-калом шулким, амир валинеъмат (Худоёрхон) Баҳодур хожа понсодни қўшини билан (Хўжандга) юборди. Унинг юз кишидан кўпроқ қўшини кофирлар сафини ёриб ўтиб, шаҳарга кирдилар. Шунга қарамасдан, кофирлар Ҳўқанд дарвозасига яқинлашиб, жанг бошладилар. Хўжандликлар ғайрат камарини белларига боғлаб, уларни орқага қайтардилар. Шу пайт мазкур йил муҳаррам ал-ҳаром ойининг йигирма учида ул хиёнаткорлрр кофирларга бошқа дарвозани очиб бердилар, Хўжанд қалъасини олиш кофирларга осон тушди. Хўжанд фуқароси кофирларнинг шаҳарга киришларини кўриб ғайрат ва шижоат ила ўрусларнинг йўлини тўсиб, қатъий ҳаракатлар билан жангга кирдиларки еру осмон, доно ва нодон кишилар афсус бармоқларини ҳайрат тишлариила ташлаб; таҳсин ва офаринлар айтдилар. Ҳар икки тараф тўпу тўфанг, чўбу таёқ ила бир-бирларини уриб (ўлим ила) яксон қилардилар.
Хусусан, мусулмонлар кўпроқ тўпу тўфанг қурбони бўлуб, орқага қайтиб, ҳар бири кўча, маҳалла ва боғлар ичидан қочиб қолдилар. Кофирлар ҳам улар орқаларидан қувлаб кетдилар, кўча, маҳалла ва бозорларда одам қолмасдан, аёлу бола демасдан кўп кишиларни милтиқ билан отиб шаҳид қилишди.
Файзосор шайх Муслиҳиддин ҳазратларининг мозорларида паноҳ топган ғарибу бекаслар, кўру чўлоқлар, гадою дарвешлар, майибу мажруҳлар ҳаммалари бирор киши қолмасдан нобудлик оламига кетдилар.
Мадраса ва саройларда кўплаб одамлар талон-тарож қилиниб, қатл этилдилар.
Икки томон ҳам тинчиб, қиёматсар можаролар тўхтагандан сўнг ҳар бир тоифа ўз ўликларини топиб, уларни санаш билан машғул бўлдилар. Мусулмонлардан 2600 киши эркагу аёл, кабиру сағирдан шаҳодат даражасига етиб эканлар ва куффордан эса 1200 киши — дўзах ва жаҳаннам даргоҳига кетган экан. Шундай фожиа ила Хўжанд фуқаролари кофирларнинг зулм ситамиға гирифтор бўлдилар. (Хўжанд) вилоятининг мўътамадлари минг ажзу дард ила жаноб хон (Худоёрхон) валинеъматға кетма-кет элчи билан хат юбориб, ислом (аҳли)дан мадад сўрадилар.
Жаноб хон узоқ муддат андиша денгизига ғарқ бўлиб, кофирларга қарши бирон журъат қилмади.
Куффор аҳли саъй ва тараддудга тушди, аслаҳа-анжомини шай қилиб, 1263 йил, жумодул-аввал ойининг учинчисида жабру ситам хаёлини Ўратепа томон бурди. Кўп лашкар ила Оқсув дарёсининг соҳилига етиб келиб тушдилар. Шу ерда истиқомат қилишни ихтиёр этиб, уч юзга яқин қозоқ ва ўрис баттолларини илғор тариқасида Ўратепа томон юбордилар.
Абдул Ғаффорбек Ўратепа вилоятининг ҳокими ва етакчиси эди. У бир қанча мард ва жасур одамларини йўл қўриқлашга юборган экан. Йўлда бу икки гуруҳ бир-бири билан тўқнашдилар. Мусулмонлар катта куч билан кофирларга шундай ҳамла қилишдики, аҳли куффорда тобу тоқат ва сабру сабот қолмади ва келган йўлларига қайтиб, минг найранг ила қочиб кетдилар. Ўктам йигитлар чаққонлик билан кофирларга етиб олиб, пўлатсимон найзалар отиб, ёмғирдек ўқ ёғдириб, қўшларигача қувиб бориб, қайтиб келдилар. Мусулмонларнинг журъати аҳли куффорга маълум бўлди. Беқарор юракларида сабру тоқат қолмади ва улар пайшанба куни, эрталаб ўз жойларидан кўчиб, Кўркат мавзеига келдилар. Ислом лашкари кофирларнинг йўлини тўсиб, саъйу кўшиш ила жанги азим қилдилар. Кофирларнинг ҳарбий қудрати зўрлиги туфайли аҳли ислом мағлуб бўлиб, уруша-уруша орқага қайтдилар. Навканд мавзеигача келиб, отларини тўхтатиб, яна шундай бир қаттиқ жангга киришдилар. Ҳар бир мавзе ва қароргоҳ учун бетиним жанг қила-қила Маховзор мавзеига яқинлашдилар...
Шу куннинг эртаси аҳли куффор қалъани эгаллаш қасди ила йўлга чиқди. Мусулмонлар ҳам бир қанча мерганларни қалъа атрофига жойлаб қўйган эканлар. Мерганлар баттол кофирлар яқинлашиши биланоқ уларнинг атрофларини ўраб олиб, тўпу тўфангни жўшу ҳуружга келтириб, тўрт томондан муҳоботсиз отдилар. Кофирларда тоб-тоқат қолмади ва улар катта зарар кўриб, қаттиқ зарба еб қайтдилар. Кундан-кунга жангу жадал кучайиб борарди. Якшанба кечаси, жумодул-охир ойининг 4-си ё 5-сида кофирлар учта дарвозага одамларни таъйинлаб Муғ дарвозасининг чуқур ҳандақини хас-хашак билан тўлдириб, шундай васиъ жойни бир кечада текис қилиб, ўзларига йўл очиб, тонгни кутиб турдилар.
Шу пайт шаҳар аҳолиси ғофил ва ўз аҳлу ҳолига машғул бўлиб, оламдан бехабар уйқуда ётар эдилар. Бироз вақт ўтгач, саҳар пайтида шаҳар дарвозаларига бир минг-икки минг кишини қўйиб, ўрусларнинг губурнот (ури) ва жинироли (генерали — Ш. В.) кўп сонли тўда ила Муғ дарвозасида ҳозир бўлди. Тўсатдан ўзлари текислаган йўлдан ўтиб, шаҳар дарвозасидан кириб туғ санчиқини Муғ қалъасига ўрнатишни буюрди. (Муғ қалъаси) шу вилоят ҳокимининг жойи эди. Кофирларнинг қолган лашкари шаҳарга ҳар бир дарвозадан фирқа-фирқа, тўб-тўб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб қичқириб шовқин-сурон кўтариб кирдилар ва оламни тўс-тўлолонга кўмиб бозорга яқинлашдилар. Аҳли ислом мусулмонлик ҳамиятини дилига жойлаб, Садди Искандардек устувор туриб жанг қилардилар. Улар ўз юртининг ҳокими Абдул Ғаффорбек юз кофирлар келиши биланоқ жуфтакни ростлаганини эшитиб, заиф ва бемадор бўлиб, қочишни мўлжал қилдилар. Одамлар хилват жойларга яшириниб, кофирлар назаридан махфий бўлдилар.
Қишлоқдан ва саҳродан шаҳарга келган аҳоли пана жой топмасдан ноиложликдан жангга тушиб, ўрусларнинг тўфу тўфанглари сочган оташ балосидан нобуд бўлиб, шаҳодат даражасига етуб, охират оламига кетардилар. (Ўруслар) уч соатга яқин вилоятни талон-тарож ва аҳолини қатл қилиб, замона мардумига омонлик бердилар. Шу даҳшатли жанг жараёнида мусулмонлардан саккиз мингдан кўпроқ киши кофирларнинг тўфанг ва шамширлари тиғидан ажал топди. Кофирлардан ўлганларнинг сони беш мингдан ошиб, дўзах оташига сазовор бўлдилар. (Ўруслар) куч ила Ўратепа мамлакатини ўз қўлларига олдилар.
Абдул Ғаффорбек хотин ва болалари билан Самарқандга қочиб кетди. Аҳли куффор етти кун Ўратепада туриб, вилоят ишларини саранжом қилиб, якшанба куни маз-кур (жумодул охир) ойининг ўн учинсида Жиззах томон боришга амр этди. Неча йўл босиб, манзили муддао сарҳадиға етдилар. Шаҳарга бир ярим фарсах келадиган масофага қўниб, одамларнинг ҳафсаласини пир қилди ва бир неча кундан кейин, эрта тонгда қалъа дарвозаларига ҳужумга ўтди. Губурнот (ур) қалъа муҳосарасига буйруқ бериб, ўзи Бухоро дарвозаси олдида турди.
Лашкари ислом қалъа ичидан туриб тўпу тўфангни ишга солдилар. Кофирлар эса ташқаридан ўқ отиб, талотўб билан шаҳарга кирдилар. Мусулмонлар бесаранжом бўлиб, ҳар томонга паришонлик билан югурар ва нажот йўлини қидириб тополмасдилар. Кофирлар мусулмонларни уч томондан тўсиб, тўпу тўфанг зарби ила шундай урушардиларки, ўлганларнинг ҳисоби йўқдур. Манғит сипоҳидан тахминан 15—16 минг киши ўз сардорлари ила шаҳодат даражасига етган эди. Манғитлар ўз журъатсизликлари туфайли шундай балога гирифтор бўлдилар. Акс ҳолда, шунча одам жасорат кўрсатганда, кофирларнинг терисини шилиб олардилар. Вилоят ичи аҳли куффорга тўлиб кетди.
Жиззах забт этилгандан сўнг уч кун ўтиб, амир (Музаффар) Бухородан, Самарқандга келди. Унинг табиатида ғайрату ҳамият йўқлиги учун Самарқандда ҳам бемаза ва бемаъни амаллар билан шуғулланиб юрди.
Қиш келиб, далв ойи кирди. Оренбург волиси Киржижановски жинирол ва Русиянинг амирлашкари эди, Русияға кетди. Шундан кейин Бухоро амири Содиқ Тўра ибн Кенесари тўраниким, Дашти қипчоқ салотинларининг авлодидандир, бир неча минг
суворий сипоҳ билан Оқмасжид сарҳадини чаповул қилиш (бостириш) учун жўнатди. Жавзо (май) ойининг бошларида ўруслар ҳам 200 га яқин сарбози билан Оқмасжид қалъасидан чиқиб, Бухоро чегарасида жойлашган Сариқ бўлоқ мавзеига келдилар. Улардан бир фавж сарбоз ажралиб, Содиқ тўра мулозимлари билан тўқнашдилар. Уруслардан 13 киши ўлдирилди, 6 сарбоз асирликка тушди, қолганлари эса қочиб, халос бўлдилар. Содиқ тўра хушхабар билан асирларни Бухорога жўнатди ўзи эса Оқжаргача бориб қайтиб келди.
Бухоро амирининг фармонига биноан Самарканд волиси бир неча минг сарбозни (Жиззахга) жўнатди. Улар Жиззах қалъасига озуқа жўнатишга қаршилик кўрсатиб, шу жиҳатдан ўруслар вазиятини оғирлаштириб юбордилар. Бошқа томондан (Бухоро амири ўрусларга) элчи жўнатди. Бухоро амири элчиси ва вакили Оренбурғ вилоятида сулҳ тузди. Шартнома асосида ўруслар томонидан забт этилган Янгиқўрғонни Бухоро амирига қайтарилди. Бухоро амири эса Жиззахни ўрусларга берди. Бухоро томонидан элчи Абдуллахон...тўра эди.   
Шу воқеалар айтилаётган замонда (Бухоро) вилояти хароб бўлди. Шаҳрисабз ва Қарши вилоятининг элот ва аҳолиси (амирга) қаршилик кўрсатиб, Жўйбор хўжазодалари ва тўралариниким, Бухоро амирига жиян бўладилар, Шаҳрисабзға олиб келдилар. Амир (Музаффар) Самарқандда бу одамларнинг журъатини эшитиб, ғазабладб, уларни камситди.
Шу воқеалар давомида хитой-қипчоқ қабиласи Миёнколотда қўзғолон кўтариб, Дубус, Челак ва Каттақўрғонгача бўлган бир қанча қишлоқларни босиё олдилар.
Амир шундай жасоратлардан кўп маъюс ва мағмум бўлиб, қипчоқларга қарши қўшин ташлашга ботинмади. Қипчоқлар бу кўзёшларга аҳамият бериб, хитой қабиласининг бир нечта улуғларини ушлаб амирга бердилар. Самарқандда уларни қатл этиб, лашкар ила Шаҳрисабз томон юриш қилди.
Мароҳилларни босиб ўтиб, Жом қалъасиға етиб келганда тўхташга буйруқ берди. (Жом мавзеи) Шаҳрисабздан қарийб уч фарсах келади. Амир Музаффарнинг) табиатида ғайратдан ҳеч асорат қолмади ва аҳволи оғирлашиб, шу ерда қолди Биринчи дафъадагидек сиёсат қилиб, дўқ-пўписа билан бир элчи юборди, аммо фойдасиз эди. Охири амир ярашишга мажбур бўлиб, орқаға қайтди ва қарши томон йўл олди. Шу давру замонда Оренбурғ вилоятидан то Ҳўқанду Бухоро вилоятларигача бўлган ҳудуд рус подшоси қўлиға ўтди. Шу ерлар бир) аёлотга (генерал-губернаторликка) бирлаштирилди ва Русия пойтахтидан Кауфман номли киши волий-амирлашкар тайин этилди. Янги Русия волийси олдинги амирлашкар ва амир ўртасида тасдиқланган битимни қабул қилмади, аксинча уни бузиш йўлидан борди.
(Кауфман) Бухоро амирига биринчи шартномадан ҳам оғир бўлган, ўзи тартиб ва танзим берган янги аҳдномани жуда оз муддатда кўриб чиқмоқ учун юборди.
Агарда Бухоро амири шу аҳдномани қабул қилмаса урушишга тайёр бўлсин, деб шарт ҳам қўйди. Бухоро амири бу аҳднома шартларини ўз давлатига оғир билиб, шундай жавоб юборишни буюрдиким, «Русия арбобларининг аҳду паймонлари барқарор эмас экан. Ҳар қайси янгитдан амирлашкар ва волий бўлиб олса, энг аввал янги аҳдно-малар қабул қилишга интилар эканлар. Аҳдноманинг шартлари бизнинг ҳукуматимизга зарари куллий етказади ва кунлар ўтиши ила бизнинг сабр-тоқатимизни тўлдиради. Биз ўз ихтиёримиз ила биринчи тузган аҳдномани бузиб табдил этмаймиз. Агарда Кауфман олдин тузган битимни қабул қилмасдан унинг бекор қилишга кўшиш этса, унда бузмакор ва аҳду паймонсиз номини олади». Шу мажлис-машварат охирига етмасдан ве Кауфмандан жавоб олмасдан бурун милодий 1867 йил, жаддий ойининг охирларида ўрус аскарларининг сардори Жиззахдан Бухоро ҳудудиға кириб, Ухум қасабасининг ерларигача босиб келди. Бу ерларнинг аҳолиси Бухоро раъияси ҳисобланар эди. Ўруслар уларнинг манзилларига ўт қўйиб, мол-ҳолларини талон-тарож қилиё, кейин Жиззахга қайтиб кетдилар.   
Милодий 1868 йилда қуёш ҳамал буржига кирган маҳал Ўрусия аскарлари Ухум қасабасига иккинчи марта тажовуз қилиб, бухоролик қоровул тўдаларни босди ва уларни паришон қилди. Челак ҳокими бухороликлар мададига етиб келиб, ўруслар билан урушга тушди.
Қуёш савр буржининг 18 даражасида эдиким, Туркистон сипоҳсолари Кауфман тахминан 5 минг сараланган Ўрусия аскарлари билан Самарқандни забт этишни ўзиға мақсад қилиб, Тошканддан йўлга чиқди. Бир неча муддат Жиззахда туриб, жавзо ойининг бошларида Зарафшон дарёсиға яқинлашдияар. Шу ерда амирдан элчи келиб, Кауфман томонидан янгитдан тартиб ва танзим бериб амирға юборилғон аҳдномани олиб кетди. Амир (Музаффар) аҳдномани ўқиб, қўйилган шартларға мослаб қабул қилиб, Кауфманға жўнатган эди, Кауфман элчига айтдиким: «Бугун мен юруш учун энди отга минганман, кечқурун манзилга етсам, аҳд шартлари борасида музокара қиламан» Кауфман яқинлашиб, Зарафшон бўйида Тали сиёҳ тепасида Бухорони кўрди. Ўрус сипоҳсолари Кауфман элчига айтдиким: «Сенга 2 соат муҳлат, чопар жунатиб, бухороликларни нариги соҳилдан қайтарасан, биз ҳеч қандай тўсиқсиз дарёни кечиб ўтсак, шу ерда сен билан сулҳ ҳақида гаплашамиз». Элчи чопар юбориб, бу шартни Бухоро амирига маълум қилди. Улар шу ваъдага ишониб, ўруслар Зарафшон дарёсидан кечиб ўтаётган пайтда уларга ҳеч қаршилик кўрсатмадилар. Кауфман бошлиқ ўрус аскарлари сувдан талафотсиз ўтиб, музокара ва сулҳни кутиб турган бухоролиқларга тўсатдан ҳужум қилиб, уларга талафот етказдилар. Шундан кейин Кауфман сулҳ таклифини қабул қилмаслиги ҳақида қатъий жавоб бериб, элчини қайтарди. Фирибга дуч келган содда элчи маъюс бўлиб Бухорога қайтди...

давоми бор...

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин