Саналар
11.12.2024
Баннер
Тошкент дарвозалари ва кўчаларининг тарихи
PDF Босма E-mail

 

Тошкент муҳим географик  ўринда – Шарқ ва  Ғарб мамлакатлари      билан савдо- сотиқ йўлида    жойлашганлиги  туфайли бу ерга  узлуксиз савдо  карвонлари  келиб- кетиб  турган.  Бу эса шаҳарни етти  иқлим  билан туташган  масканга  айлантирган.

Ўрта  Осиёдаги бошқа шаҳарлар  каби, Тошкент ҳам  Х асрда  баланд  мудофаа  деворлари билан ўраб олинган.  Маълумки,  шаҳар  қадимда  бирор режа  асосида қурилмаган.  У  табиий  равишда  бозор  атрофидан  ҳар  томонга  кенгая борган. Шаҳар ўсган сари деворлар сурилиб,  катта  йўлларга  туташган  жойларда  янги  дарвозалар қурилиб, уларнинг сони ҳам  орта борган.  Шунингдек,  айрим  дарвозалар номи ҳам  ўзгариб борган.  Ҳар  бир  дарвозадан ташқарида   қабристон бўлган.  Албатта, бунинг ўз  рамзий  маъноси бўлган.  Шаҳарга кирган ва  чиққан  кишиларнинг  қалбида қабристонни  кўриб,  ёвузлик ўрнига  яхшилик ҳисси уйғонган.

Шаҳардаги мавжуд қабристонлар шаҳар дарвозасидан ташқарида  жойлашганлиги, шаҳарнинг  чегарасини  аниқлаб беради.  Жумладан,  ҳозирги  кунда  шаҳарнинг  марказий  қисмига тўғри келиб қолган  Шайхонтоҳур  зиёратгоҳи   (қабристони) ўрта  асрларда шаҳарнинг  шарқий дарвозасидан ташқарида  жойлашган.  Археологик  текширувлар бу  жойларда боғ –роғлар бўлганлигидан  далолат  беради.

Ҳозирги   Пахтакор  стадиони ва  А.  Навоий  номидаги санъат саройи   ўрнида  1956 йилгача Қорёғди   номли   маҳалла  бўларди.  Х–¬¬¬Х1  асрда шаҳар ташқарисида вужудга келган бу  турар  жой    «қариядеҳ» яъни қишлоқ деб  аталган. XVI–¬¬¬  асрнинг  иккинчи  ярмида  маҳалла  cифатида  шаҳар  таркибига  кирган.  Шаҳар таркибига киргач   «қарядех»  қорёғди   кўринишини олганди.  Х1Х асрнинг ўрталарида,  яъни  Қўқон хонлиги  даврида  хоннинг  Тошкентдаги  ноиби  Бекларбеги  томонидан  Тошкент   мудофаа  деворлари  ва  дарвозалари  таъмирланади,   Шунингдек,  қўшимча  мудофаа  деворлари  қурилиб, янги  дарвозалар ўрнатилади. Бу  пайт   дарвозалар сони  «Тешикқофқа» ва «Янги маҳалла» каби ўтиш жойларидан ташқари ўн иккитага етади. Булар  Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча,  Самарқанд,  Камолон, Бешёғоч,  Қўймас,  Қўқон,  Қашқар каби  дарвозалари  бўлган. Булардан  Лабзак,  Қашқар,  Қўқон,  Қўймас каби  дарвозалар  Шарқ  томондан  кейинчалик  шаҳарга  қўшиб  олинган  қисмига  қурилган,  айримларнинг  ўрни   сурилган.  Ўрни   сурилиши  муносабати билан    номлари  ҳам   ўзгарган.   Шаҳар  дарвозалари қоронғи  тушиши  билан  ёпилган  ва  эрталаб тонг   саҳарда  очилгунга  қадар  ҳеч  ким  шаҳарга  киритилмаган, ҳеч  ким  шаҳардан  чиқиб  ҳам  кетолмаган.  Дарвозахоналар устида  махсус қоровулхоналар ва  дўмбиралар сақланадиган хоналар ҳам  бўлиб, хавф-хатар сезилганда дўмбиралар чалиниб халойиқ огоҳлантирилган. Ҳар бир дарвозада шаҳарга кирувчи ва  чиқувчи карвонларни қайд қилиб  турувчи  божхона бўлган. Дарвозалар олдида амалдорларни кутиб  олиш  маросимлари ҳам  бўлиб турган.

Дарвозалар одатда арча, қайрағоч дарахтлари ёғочидан ясалиб, усти темир ҳошия билан қопланган, турли зулфинлари бадиий нақшлар билан безатилган. Дарвозаларнинг юқори қисми кўпинча панжарали бўлган. Шаҳар, қалъа, сарой кабиларнинг дарвозаларини махсус дарвазабонлар қўриқлаб турган.

Амир  Темур даврида  дарвозалар масъуллиги шу яқин атрофда яшайдиган маҳалла зиммасига юклатилган. Шунинг учун, кўп ҳолларда  дарвозалар шу маҳалла номи билан аталган: Қашқар, Сағбон кабилар. Айрим ҳолларда дарвозалар йўналишларга қараб номланган: Қўқон, Самарқанд кабилар. 1865 йилда Тошкент мустақиллиги  тугагач  дарвозалар бирин кетин бузиб  ташланди.

Бешёғоч  дарвозаси Қўймас ва  Комолон  дарвозалари  оралигида  бўлган, XV – XVI асрларда  Тошкент  Бешёғоч ва  Урда  томон  кенгайиб  боради.  Жумладан, Тошкент  хонининг  эски  шаҳарнинг  ҳозирги  Гулбозор  маҳалласидаги ўрдасидан Бешёғоч  даҳасининг ҳозирги  Қоратош  маҳалласи  ўрнида қурилган янги ўрдасига  кўчиши  муносабати билан шаҳар  ҳудуди  кенгайтирилиб,  мудофаа  деворлари  қурилади.  Шу  муносабат  билан  Бешёғоч  маҳалласи  ҳудудида,  Жанубга  олиб  борадиган  катта  карвон  йўлига  янги  дарвоза  қурилиб,  шу  маҳалла  маъсуллигига  топширилади. Номи  шундан.  Х1Х асрнинг  70-  йилларида  дарвоза  ва    мудофаа  деворлари  бузилиб, ўрнида Бешёғоч    майдони  барпо  бўлган.

Комолон  дарвозаси  Бешёғоч  даҳасининг қадимий  дарвозаларидан  бири  бўлиб,  Бешёғоч ва  Самарқанд дарвозалари  оралиғида,  Комолон   маҳалласи  ҳудудида ва   маҳалла  масъуллигида  бўлган.  Номи  шундан.    Муҳаммад  Солиҳ  «Тошкентнинг  янги   тарихи»  номли  асарида  Комолон  маҳалла  сифатида  тилга   олингин бўлиб,  дарвоза   эса  Комондарон  кўринишида ёзилган. Шунингдек,   комондаронларнинг  Бузуқ  қабиласидан  бир  тоифасига  мансублиги кўрсатиб  ўтилган.  Табиийки  маҳаллада яшаган,  бу  тоифанинг  асосий  касб-корлари  комон  ва комон  ўқи  ясаш  бўлган. Комондарон( комонгорон)  яъни  комонсозлар,  кейинчалик  оғзаки  тилимизга Комолон  талаффузида  етиб  келган.  Тарихдан  маълумки  Тошкентда  ясалган  ўқ-ёйлар  Шарқда  «Комони  Шоший»  номи  билан  машҳур  бўлган ва    Шарқ  адиблари  асарларида  таърифланган.

Самарқанд дарвозаси  Бешёғоч  даҳасининг  қадимий  дарвозаларидан бири.  Комолон ва  Кўкча  дарвозалари  оралиғидаги  Самарқанд йўли кўчасида  бўлган. Дарвоза масъуллигини олган  маҳалла ҳам  шу ном  билан,  яъни  Самарқанд  дарвоза номи билан  аталган. Самарқанд  дарвоза  кўчасининг  давоми  Чилонзор  туманидаги  Қатортол кўчаси  бўлиб, Самарқанд,  Бухоро ва  Хоразмга  олиб  борадиган  катта  Карвон   йўли  бўлган.     Маҳаллада  ўзбек  ромончилик  мактабининг асосчиси А. Қодирий яшаган.

Қашқар  дарвозаси даврига, йўналишига қараб, Хитой, Оққўрғон, Шайхонтоҳур номлари билан ҳам аталиб келинган:

-  Дарвозанинг Хитой деб  номланиши  Тошкентнинг географик жойлашиши билан боғлиқ бўлиши керак, чунки Буюк Ипак йўлининг бир тармоғи шаҳарнинг шу  қисмига яқин жойдан ўтган;

-    Оққўрғон  дейилишига  сабаб, Хожа  Аҳрор  мадрасасининг вақф ерлари Оққўрғон деб  аталган. Оққўрғонга шу дарвоза орқали ўтилган;

-   Шайхонтоҳур  дейилишига сабаб,  дарвоза XIV-XV асрларда Тошкент  мудофаа  деворларининг кенгайтирилиши  муносабати  билан, дарвоза Шайхонтоҳур қабристонига яқин жойда, таҳминан А.  Навоий ва  Б. Зокиров  номидаги кўчалар  кесишган  жойда бўлган.  XVII асрнинг  иккинчи  ярмида  шаҳар  ҳокими  Юнусхўжа  ҳукмронлиги даврида дарвоза  Тошкентнинг туртинчи ўрдаcи қурилиши   муносабати билан Анҳор  каналининг ўнг  тарафида,  таҳминан  ҳозирги   Қишлоқ  Хўжалиги  вазирлиги  биноси яқинида  ўрнатилган.  Номи  Шайхонтоҳурлигича қолган.

Тошкент  Қўқон   хонлиги  тасарруфига ўтганидан кейин   шаҳар ҳудуди  кенгайтирилиши  муносабати билан 1820 йилларда  Анҳорнинг чап  тарафига дарвоза   қурилади. Дарвоза Лабзак ва Қўқондарвозалари оралиғида, Қўқон хони ўрдаси ва  Қашқар   маҳалласини ажратиб  турувчи  ҳозирги  А. Навоий  кўчасининг  Буюк Турон кўчаси билан   кесишган  жойида  бўлган. Дарвоза  1829 йилда  Қўқон  хони  Муҳаммад Алихон  даврида  ўз  ватани   Қашқардан  қувилиб,  Қўқон хонлигидан  паноҳ  топган  мусулмонлар жойлашган  маҳалла  масъуллигига  топширилган. Дарвозанинг  Қашқар   деб  номланиши  шундан.        

Қўқон  дарвоза  Қашқар ва  Қўймас  дарвозалари  оралигида  Қўймас  ва  Маҳрам  номларида келган ҳозирги Ўзбекистон  ва  ҳозирги  Буюк  Турон   кўчалари  кесишган  жойда  бўлган.  (Бу кўча қадимда карвон  йўли  бўлиб,  катта  кўча  дейиларди.  Манбаларда  1875  йилгача Большая,  кейинроқ  Базарная, 1918  йилгача  Д.  И.  Романовский,   1992 йилгача  Ленин  номларида келган).  1820  йилларда Қўқон хонлиги  томонидан қурилган  бу  дарвоза  шаҳарнинг  бошқа  дарвозаларига  нисбатан  анча  ҳашаматли  бўлиб,  табақалари  темир ва  мис  билан  қопланган.  Кондакорлик  безаклари  билан  безатилган. Дарвозадан  фақат ўрдага  кирилган.  Қўқон  хони Тошкентга  келганида дарвоза олдида карнай-сурнайлар  билан  тантанали  кутиб  олинган.

Қўймас  дарвозаси  Қўқон  хони ўрдаси  билан  Бешёғоч  дарвозалари  оралигида, Анҳорнинг  чап  томонида,  Қўймас (манбаларда Тали қўймас тепалиги)   истеҳкоми  харобалари      ёнида  бўлган. Истеҳқом ташқи душмандан шаҳарни ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнаган. Номи  шундан.  Машҳур   қадимшуносларимиздан  Яхё  Ғуломов ўз  маърузаларидан  бирида  1485-87  йилларда  Тошкент  ҳокими  Юнусхон  томонидан  қурдирилган  истеҳкомлардан  бири  бўлиши  керак  деган  фикрни  айтган  эди. Дарвозанинг  ўша  давргача  бўлган  ўрни  Анҳорнинг  ўнг томонида  бўлган.  Айрим   қадимшуносларнинг   тадқиқотларига  кўра  бу  дарвоза  Темур  даврига хос дарвозалар  рўйхатида   Қатағон  дарвозаси деб  аталган. Қатоғон ўзбеклар  таркибига  кирган  йирик  қабилалардан бири.

1865 йилда Россия томонидан Тошкент босиб олингач, Черняев бу “Таликоймас” тепалигини тўрт тарафидан девор олдириб, қўрғон қурдирган. Эл оғзида бу жой Тупроққўрғон номи билан қолган. Бу қўрғоннинг тўплари Эскишаҳарга қаратилган бўлиб, шаҳарнинг руслар яшайдиган қисмини мудофаа қилиб турган. 1867 йилдан 1883 йилгача бу қўрғондан ҳар куни соат 12.00 да тўплар отилиб, гуё маҳаллий халқни даҳшатга солиб турган. Маҳаллий халқда “Тўпотар” ибораси шундан келиб чиққан.

Кўкча  дарвозаси  қадимий  дарвозаларидан  бири  бўлиб,  Чиғатой ва Самарқанд  дарвозалари оралиғида,  ҳозирги М. Уйғур  кўчасининг  тўхташ  жойида (бекатида) бўлган.  Дарвозанинг  масъуллигини   олган  маҳалла   номи  ҳам Дарвоза  деб аталган. Тадқиқодчиларнинг  фикрича  Кўкча  номи  Кохча,  яъни  қалъача  сўзидан  келиб  чиққан. Бу  атама  V–¬¬¬XI   аср археологик  ёдгорлиги  Кўкча оқтепасига  нисбатан айтилган. Бу ёдгорлик ўтган  асрнинг  80-йилларида  текистланиб  ташланган.

Сағбон  дарвозаси  Кўкча  даҳасининг  қадимий  дарвозаларидан бири  бўлиб, Чиғатой  ва  Қорасарой дарвозалари оралиғида, Сағбон  маҳалласи  ҳудуддида  бўлганлиги  учун  шу  маҳалла  масъуллигида  бўлган.  Номи   шундан. Асл  номи  Суқбон   ( суқ – арабчада  бозор, бон  –  қоровул),  яъни  бозор   қоровули.  Маҳалла аҳлининг   асосий  тирикчилиги   Дашти  қипчоқдан  ҳайдаб  келинган отарлар, қорамол  ва  йилқиларни  қўриқлашган. Шунингдек, жаллоблик  билан  ҳам  шуғилланишган.

Чиғатой  дарвозаси  Кўкча  ва  Сағбон  дарвозалари  оралиғида, Кайкобус  ариғи  бўйида, Чиғатой  маҳалласи  ҳудудида  ва  шу  маҳалла  масъуллигида  бўлган.  Номи  шундан.   Чиғатой  улусини    идора  этган    сулола  (1224–370)  Чингизхоннинг  иккинчи  ўғли  Чиғотой  (1242 йилда  вафот  этган) номидан  келиб  чиққан  деган  сабаб  билан   ўтган  асрнинг  80 –  йилларида    маҳалла  ва  кўча  номлари  ўзгартирилган.  Айрим  тадқиқотчиларнинг  фикрича  Туркий  Чиғотой  улуси   ўзбеклар  таркибидаги  йирик  қабилалардан  бири  бўлиб,  Чингизхоннинг  ўғли  Чиғотойдан анча  илгари  ҳам    мавжуд   бўлган.  Чиғотой  тили,  Чиғотой  адабиёти каби  атамалар  шу    қабила  номига  мансуб.

Қорасарой  дарвозаси  Себзор  даҳасининг  қадимий  дарвозаларидан  бири    Сағбон  ва  Тахтапул  дарвозалари  оралиғида  Кайкобус  ариғининг  бўйида, Қорасарой маҳалласи ҳудудида ва шу  маҳалла  масъуллигида  бўлган.  Номи  шундан.  Дарвозадан  ташқарида  Қорасарой  қабристони  бўлган.

Тахтапул дарвозаси Себзор даҳасининг  Қорасарой ва  Лабзак  дарвозалари оралиғида,  Кайкобус  ариғининг  бўйида, Тахтапул  маҳалласи  ҳудудида бўлган. XVIII асрнинг  80–йилларида  Тошкент  ҳокими  Юнусхўжа  ҳукмронлиги  даврида  шаҳар  ҳудуди бирмунча  кенгайтирилиб,  янги  мудофаа  деворлари ва қўшимча  дарвозалар  қурилади.  Жумладан,  Себзор  маҳалласидаги   кичик  дарвоза  ва  мудофаа  деворлари  бузилиб, ўрнига  Кайкобус  ариғи бўйида янги  мудофаа  девори,  дарвоза  ва  Кайкобус  ариғига    Тахта  кўприк қурилади.  Дарвоза,  маҳалла  ва   кўчанинг  Тахтапул (Тахтакўприк) деб  номланиши  шундан.

Лабзак  дарвозаси Себзор  даҳасининг уч  дарвозасидан  бири  бўлиб,  Тахтапул ва  Қашқар  давозалари  оралиғида  жойлашган  эди. Манбаларда  ўзбеклар  дарвозаси  деб  ҳам  юритилган.  Маҳалла  ҳудудидан ўтган  ариқ  Бузсув  тармоқлари  бўлмиш  Анҳор  ва  Кайкобус  каналларига  яқин  бўлганлиги  сабабли  сув  доим  тўлиб–тошиб  оққан.  Шунинг  учун,  ариқ  бўйлари  нисбатан  захроқ  бўлган,  Маҳалла,  ариқ  ва  дарвозанинг  Лабзак  (яъни,  зах  ариқнинг  бўйи)  деб  номланиши  шундан.  Дарвоза  1820 йилларда Қўқон  хонлиги  ҳукмронлиги  даврида  шаҳар ҳудудининг  кенгайтирилиши  муносабати  билан   қурилган.

Тошкент  тарихида  юқорида  номлари  келтирилган  шаҳарнинг 12  дарвозасидан  ташқари  Наршахий ва  Макдусий  каби  қадимий  тарихчиларнинг  асарларидан ўрин  олган  қадимий  Тошкент  ўрдасининг  икки  дарвозаси  ва  шаҳристонининг  Абул  Аббос, Каср (Кеш), Гумбаз  (Жунай)  номлари  билан  келган  уч  дарвозаси  бўлиб,  булар ҳозирги  Эскижўва  бозори,  Зарқайнар,  А. Навоий ва  Чорсу  кўчалари  оралиғида бўлган.  Бу  дарвозаларнинг баъзилари  тахминан ҳозирги  А. Хидоятов номли  театр ва Кўкалдош  мадрасасининг орқа  томонида  бўлган.  Шунингдек,  ҳозирги А. Навоий  ( илгариги  номи  Шайхонтоҳур)  кўчасидан  Шайхонтоҳур  зиёратгоҳига  киришдаги  машҳур  Шайхонтоҳур  дарвозаси  бўлган. Дарвоза  ўтган асрнинг  40–¬¬¬ йиллирида  Навоий  кўчасини  кенгайтирилиши  муносабати  билан  буздириб  юборилган.

БОЗОРЛАРИ

Тошкент Буюк Ипак йўлида жойлашган ЎртаОсиёнинг қадимий, сиёсий, иқтисодий, маданий ва маърифий марказларидан бири бўлган. Шаҳар муҳим географик ўринда – Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан савдо-сотиқ йўлида жойлашганлиги сабабли, бу ерга ҳар йили юзлаб савдо карвонлари келиб турган.

Тошкентни истило қилишда қатнашган рус рассоми В. Верешчагиннинг ёзишича, «Мен кўрган Шарқ шаҳарларининг ҳеч бирини кенглиги жиҳатидан Tошкентликларнинг бозорига тенглаштириб бўлмайди. Ундаги дўконлар кичкина бўлсада, сон-саноқсиз. Айтиш қийин, Тошкентда дўкондорлик ҳунари билан шуғулланмайдиган бирон-бир киши бормикан? Тушда бозор роса қизийди, савдо ишлари янада жонланади, одам жуда тиқилинч бўлиб кетади, кўчаларда эшак, от ва туяларнинг кўплигидан юриш қийинлашади….»

“Умуман савдо масаласига келсак,” – деб ёзади Верешчагин  “Тошкентнинг рақиби йўқ. У Ўрта Осиёнинг асосий савдо йўли устида жойлашган бўлиб, Бухоро ва Қўқондан Россияга ва аксинча ўтадиган карвонлар тўхтаб ўтадиган шаҳардир.”

1813 йили Тошкентда бўлган элчи Филипп Назаров эса шаҳарни турли мамлакатлардан тинмай карвонлар келиб-кетадиган йирик савдо пункти деб таърифлайди.

Рус тарихчиси В. Масалский Эскишаҳар бозорининг 1908-1910 йиллардаги кўринишини қуйидагича тасвирлайди. Бир қисми тимдан иборат бозорда 4500 та дўкон, чойхона, ошхона, устахона ва карвонсарой борки, улар бозор кунлари ниҳоятда тиқилинч бўлади. Бозорга туташган кўчалар ва бозорнинг ўзи шаҳарликлар, даладан келган деҳқонлар, туя карвонлари, отлиқлар, аравалар билан шу қадар тўлиб кетганки, юришга илож бўлмай қолади. Аллофу қандолатчи, каллапазу кабоппаз, баззозу сомсапаз, мисгару чилангар, новвой-ю ҳолвафурушларнинг бақириқ чақириғи, гадоларнинг хайру садақа тилаши, қаландару маддоҳларнинг қироатли ўқишлари, туяларнинг бўкириши-ю, эшакларнинг ҳанграши аралаш-қуралаш бўлиб кетадида, бу маҳобатли гулдирос бозордан олис-олисларгача эшитилиб туради.

Бозор фақат савдо-сотиқ билан хизмат қилибгина қолмай, шаҳар халқи ҳордиқ чиқарадиган жой ҳам эди. Шаҳар ҳокимининг турли фармонлари масжидларда маълум қилингандан ташқари, яна бозорда жарчилар томонидан эълон қилинарди. Ўрта Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида бўлгани каби бу ерда ҳам, ҳайит ва рўза кунлари бозоршаб (кечки бозор) ўтарди. Бозоршабда шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири, ёки майдони безатилиб, кўчанинг икки четидаги чойхона ва дўконлар олдига чорпоялар қўйилиб, ҳар хил мева-чева, озиқ-овқатлар сотилган. Карнай-сурнай ва ноғоралар чалиниб, махсус жарчилар одамларни бозоршабга чорлаб турган. Бир томонда дорбозлар, масхарабозлик ва кўғирчоқбозлик, бир томонда кураш ва ўргатилган ҳайвонлар томошаси бўлиб турган. Чойхоналарда созанда, хонанда, аскиячи, қизиқчи ва раққослар ўз ҳунарларини намойиш қилганлар.

ХIХ асрнинг ўрталарида Россия ва бошқа Европа савдогарларининг Тошкент бозорига интилиши натижасида Эскижўва бозори янада гавжумлашади. Натижада, турли савдо фирмалари бу бозорда ўз идора ва магазинларини қурадилар. Жумладан, савдогар Яушевларнинг Маҳсидўзлик кўчасидаги  маҳаллий фирмаси ва улар билан иш олиб борган (2005 йилда бузилиб кетган) Эмиль Цинделнинг газлама фирмасининг идораси учун қурилган биноси кабилар. Бино кейинчалик халқ орасида «Синдел дом» номи билан машҳур топган. 1928 йилда «Циндел» фирмаси жойлашган бинода «Ёш томошабинлар театри» ташкил қилинди.

Шунигдек, Эскижўва бозори ҳудудида Граховский, Никифров, Захо, Ю.Давидов ва Шамси Асатулла ўғилларининг турли маҳсулотлар билан савдо қилувчи магазинлари ва идоралари ўз ишларини бошлайди. Эскижўва бозори даврига қараб турли номлар билан аталган. Қуйида ана шу Эскижўва бозорининг турли даврдаги номларини изоҳлашга ҳаракат қиламиз:

Регистон (форсча) – Ўрта Шарқ шаҳарларидаги майдон. Туркийда қумлоқ маъносини англатади. Номига кўра бу бозорнинг дастлабки номи. Чунки Ўрта Осиёда одатда бозорлар унумсиз қумлоқ ва тошлоқ жойларда ташкил қилинган. Лабзак ёки Жангоб ариғининг ҳозирги бозор марказидан ўтадиган жойлар пастлик ва тошлоқ жойлар бўлган. Шунингдек, Ўрта Осиё шаҳарларида марказий майдонлар Регистон деб юритилган. Бу бозор ҳақида X аср тарихчиси Макдусийнинг ёзишича, “Тошкентдан бошқа шаҳарларга темир буюмлар, эгар-жабдуқлар ва бошқа ҳунармандлик маҳсулотлари олиб кетиларди, Тошкент камонлари ва нафис идиш-товоқлари билан шуҳрат қозонган эди.

Қўшбозор. ХV-ХVI асрларда шаҳар ҳудуди ҳозирги Ўрда ва Бешёғоч томон кенгайиб боради. Бинкат номи билан келган Тошкентнинг шаҳристони нураб борарди. Натижада, ўз даври талабларига жавоб бера оладиган янги хон ўрдаси ва шаҳристони ҳозирги Қоратош ва Олмазор маҳаллалари ўрнида қурилади. Бўшаб қолган эски ўрда ва шаҳристон ўрнида янги бозор вужудга кела бошлайди. Янги бозорда кулоллар, мисгарлар, тақачилар, тўқимачилар каби қатор устахоналар жойлашиб, Ре¬гистон бозори билан параллел равишда савдо-сотиқ ишларини давом эттира бошлайди. Бу ҳар икки бозор қўшилиб, бир қанча муддат Қўшбозор номи билан атала бошланган.

Чорсу – дастлаб Бешёғоч даҳасининг қадимий маҳаллаларидан бири бўлган. Маҳалла сифатида XI асрда вужудга келган. Унга шаҳарнинг асосий дарвозаларидан йўллар келиб туташган.

Ўрта аср шарқ шаҳарларида 2 йирик кўча кесишган жой – Чорсу дейилган. Бундай жойларда одатда савдо расталари, косибларнинг дўконлари жойлашган. Табиийки, бозор билан чегарадош бўлган бу маҳалла ўз-ўзидан Регистон бозорига қўшилиб кетган. Қадимий манбаларда Човурсук (тўрт томонлама), Чорсук, Чорбозор кўринишларида ҳам учрайди. Суқ сўзи арабчада бозор маъносини англатган. Кейинчалик оғзаки сўлашувда Чорсу шаклини олган.

Эскижўва Себзор даҳасининг қадимий маҳаллаларидан бири бўлган. Маҳсидўзлик кўчасида маҳалла ҳунармандларининг асосий қисми жой¬лашган бўлиб, савдо-сотиқ қайнаган жойлардан бири ҳисобланган. Вақтлар ўтиб бу қадимий маҳалла ҳам марказий бозорнинг бир қисми ва кейинчалик бозорнинг асосини ташкил қилиб, Эскижўва номи билан атала бошланган.

Проф. Х.Х. Хасанов “Эскижўва” – маҳалла номи, ҳарбий аслахалар омбори (жўвахона) бўлганидан бу жой шундай ном олган дейди. Хақиқатан ҳам жиба “совут” деган сўз. (С.Қораев).

Қадимшунос олима В.А. Булатова эса таниқли олима О.Смирнова асарларида “эски” – сўзи сўғд тилида “баланд” деган маънони англатишини учратиб қолганлигини ёзади. Бу термин қадимий Тошкентга жуда мос деган хулосага келиб, Эскижўва – “баланд бозор” дегани дейди ва исботи тариқасида “Тошкент” етти сой ва етти тепаликдан қад кўтарган, деган афсонани келтиради.

ХVI асрда Тошкентнинг ўрдаси эски шаҳар қисмидан Бешёғоч тарафга кўчирилди. Табиийки, унинг қурол-аслаҳа сақлайдиган омбори ҳам янги жойга кўчирилади. Эски  омборхона эса эски жиба, яъни эски омборхона номида қолади. Вақтлар ўтиши билан жиба, жўва кўринишини олиб Эскижўва деб атала бошланган.

Пастбозор. Бозорни халқ ҳозирги кунларда ҳам “Пастбозор” деб айтади, сабаби бозор пастликка жойлашган. Қадимий туркий тилимизда сувлоқ пастлик ерни “Чоч” деб аташган, шаҳарнинг Чоч деган номи ана шу ҳолатдан келиб чиққан, деган хулосага келади А.Иброҳимов.

Октябрь бозори. Шўролар даврида бозорнинг қоқ ўртасидаги ресторан Октябрь номи билан аталди. Сўнг Эскижўва маҳалласи ўрнида Кали¬нин ҳайкали ўрнатилиб, майдон номи Калинин номи билан ўзгартирилган эди. Хуллас, бозор номи ҳам Октябрь номи би-лан атала бошланди. Аммо, 70 йил давомида бу ном халқ онгига сингмади. Барибир Чорсу, Эскижўва ёки Пастбозор номи билан аталиб келинаверди.

Олой бозори (Амир Темур кўчаси). Дастлаб бир неча йиллар давомида норасмий кичик чакана бозор сифатида чорва ва деҳқончилик маҳсулотлари билан олди-сотди қилиниб туpган жой. 1928 йилдан Олой бозори номи билан расмий равишда бозорга асос солинган ва кейинги мустақиллик йилларида замонавий бозор тариқасида қайта қурилган.

Айрим қадимшуносларнинг фикрича, ХIХ асрнинг   80 - йилларида Ўрта Осиё аёлларидан биринчи бўлиб «додхо» унвонини олган, «Олой маликаси» номи билан машҳур бўлган, Олой вилоятининг ҳокими Қурбонжон додхо ўз ўғиллари  билан мустақилликка эришиш мақсадида «Пўлатхон» қўзғолони иштирокчилари томонига ўтади. 1876 йил 25 апрелда М.Д. Скобелев қўшинига кучли зарба берган, бироқ, кейинчалик хоинлик натижасида мағлубиятга учраган. Одамларининг айримлари асирга тушган, айримлари турли томонларга қочишга мажбур бўлган. Шуларнинг бир қисми ҳозирги Тошкентнинг Олой бозори ҳудудидан манзил топган ва савдо-сотиқ билан шуғулланишган. Бозорнинг Олой деб номланиши шундан.

Аммо, айрим ҳаваскор атамашунослар матбуот саҳифаларида эълон қилинган мақолаларида келтиришларича – Олой сўзи Алоэ  ўсимлиги номидан келиб чиққан дейишади. Айтишларича, бир вақтлар бу ерда алоэ ўсимлиги билан савдо қилишган. Шу сабаб бўлса керак, Олой бозори, яъни “Алайский рынок” бўлиб кетган, – деган фикрни билдирадилар.

Пиёнбозор – 1866 йилда ўша даврдаги шаҳарнинг руслар яшайдиган қисми чеккасида Якшанба бозор (Воскресенскый базар) очилади. Савдонинг асосий қисмини спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўконлар, майхоналар ташкил қилган. Маҳаллий аҳолининг айрим бойваччалари, бу жойга келиб кайфу сафо қилиб туришган. Маҳаллий халқ ибораси билан Пиён бозор деб номланиши шундан. Бозор 1930 йилгача мавжуд бўлган. Кейинчалик бу ҳудудда Алишер Навоий номли театр қурилган. 1947 йилдан бу ҳудуд Театр майдони номи билан атала бошланган.

Қаймоқбозор – Эскижўва бозоридан кейинги энг катта бозор ҳисобланган. Тoшкент ҳокими Юнусхўжа ҳукмронлиги даврида қурилган ва 1810 йилда Қўқон хонлиги босқини даврида вайронага айлантирилган Кичик ўрда деб номланувчи ўрда вайроналари тепалиги ўрнида бўлган. Шайхонтоҳур дарвозасига яқин бўлган. Асосий савдоси чорва маҳсулотлари бўлган. Бозорнинг «Қаймоқбозор» деб номланиши шундан. Бозор таҳминан Шайхонтохур, А.Навоий, А.Қодирий ва Анҳор канали оралиғида бўлган.

 

СУВ ТАРМОҚЛАРИ


Афсоналарда айтилишича – Тошкент етти сой ва етти тепалик бор жойда қад кўтарган. Кўпинча афсона ва ривоятлар мазмунида рационал маъно ва халқ фантазиясининг реал асослари ҳам ётади. Ҳар ҳолда Тошкент Ўрта Осиёдаги бошқа шаҳарларга қараганда сувга сероб ва боғ-роғларга бурканган шаҳар бўлган. Халқимиз суғориш маданиятида усталик даражасига эришган. Бу борада бундан 1200 йил бурун Нил дарёси сувини ўлчайдиган «Миқёс-ул-жадид»ни яратиб, минг йиллар давомида мисрликлар ечолмаган муаммони ечиб берган Аҳмад ал-Фарғоний билан фахрлансак арзийди.

Тошкентда суғориш шохобчалари яхши йўлга қўйилганлигини кўпчилик ёши улуғларимиз яхши биладилар: шаҳарда оқар сувли ҳовузсиз маҳалла ёки гузар бўлмаган. Бу ҳовузлар сув таъминотини яхшилаш билан бирга жазирама ёз чиллаларида шаҳар ҳароратини яхшилаб турган. Маълумотларга қараганда шаҳарда 500 дан ортиқроқ ҳовуз бўлган. Баъзи ҳовузларнинг номи ҳамон эслатиб турилади. Катта ҳовуз, Ҳовузбоғ, Лангар ҳовуз ва бошқалар. Нисбатан баландликка жойлашган маҳаллаларга ҳам физика фанидаги туташ идишларда сув сатҳи бир текисликка кўтарилади, деган қонун бўйича кўтарма ва қайнама деган сув иншоотлари ўтказилган ёки чархпалак сув узатгичи ўрнатилган. Ҳар бир тошкентлик, ёшу қари сувни муқаддас билиб, унга туфламаслик, ҳовли ёки кўча супурилганда эҳтиётлик билан ариқ томондан бошлашган. Сувга нисбатан бундай ҳурмат ва фойдаланиш усулларига лол қолган дўсту душманларимиз ўзларидан қолдирган хотира ёки асарларида тан бериб эътироф этишган. Жумладан,                А. Добромислов 1912 йилда ёзган «Ташкент в прошлом и в настоящем» асарида кўп нарсада жумладан, суғориш системасида ўз ҳайратини яшира олмаган.

Қадимшунос олим академик Яҳё Ғуломовнинг ташаббуси билан 1966 йилда ташкил қилинган Тошкент археологик гуруҳининг тадқиқотларига кўра бундан уч минг йиллар илгари аждодларимиз Чирчиқ дарёсини тўсиб, кетмон билан ариқ қазиб Тошкентга сув олиб келганлар,  воҳани обод қилганлар.

Қуйида аждодларимиз томонидан бунёд қилинган сув манбалари атамаси ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Чирчиқ – Сирдарёнинг ўнг ирмоғи. Абдуллахон тарихида Чир дарёси Чирчиқ номи билан машҳур дейилади. Бобур бу дарёни Чир суйи деб тилга олган. Чирчиқни Сир-чиқ, яъни «Кичик сир» (дарё) деб изоҳлаш тўғридир, – деб ёзади атамашунос олим С. Қораев. 713 йили Араб халифалиги босқини туфайли гуллаб яшнаётган Чоч катта талофат кўрди. Суғориш шохобчалари, шаҳар вайрон бўлди. IX асрда Араб халифалиги Чоч суғориш шохобчаларини қайта тиклаш учун 2 миллион дирҳам ажратгандан сўнг Тошкент тиклана бошлади. Янги Бўзсув суғориш  системаси асосида қайта вужудга келган шаҳар Бинкент ва Тошкент номлари билан атала бошланди.

Бўзсув  – Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилидаги магистрал канал. Чирчиқ шаҳрида Чирчиқ дарёсидан сув олиб, Чиноз шаҳpи ёнида Сирдарёга қўшилади. Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан ўтади. Бўзсув – лойқа, сариқ тусли сув дегани. Дарё юмшоқ жинсларни ювиб оққанда сув бўз рангда бўлади. Ривоятларда Фирдавсийнинг  «Шоҳнома»сидаги Барзуйи деган деҳқон номи билан боғлиқлиги ҳикоя қилинади.

Захариқ – Чирчиқ дарёсидан сув оладиган канал. Ҳужжатларда Зоғариқ, баъзан Золариқ шаклида учрайди. Халқ орасида Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сида тасвирланган Зол номли подшонинг номи билан боғлиқлиги ҳикоя қилинади.

Кайкобус – Бўзсувнинг ўнг тармоғи. Шайхонтоҳур ва С.Раҳимов туманлари ҳудудидан ўтади. VIII асрда Бўзсув канали кенгайтирилиб, ундан Кайкобус ариғи чиқарилган ва Қорақамиш жарлигигача етказилган. Шайбонийлардан бўлган Суюнчухўжахон  XVI асрда  Тошкентнинг Себзор даҳасида, ҳозирги Калковуз канали атрофида ажойиб бир сўлим боғ барпо қилиб, уни Кайкобус чорбоғи деб атаган.

Халқ орасида Кайкобус ариғи (сўзлашувда Калковуз) қадимий Эрон Қаёнийлар сулоласидан бўлган подшо Кайкобус томонидан қаздирилган деган ривоятлар ҳам юради. Номи шундан.

Салор Тошкентнинг шарқ ва жанубий қисмидан ўтган Бўзсув каналидаги Салор ГЭСидан бошланиб, Чирчиқ дарёсига қўшилади. Хожа Аҳрорнинг вақф ҳужжатларида бу канал Рудак (тожикча-дарёча) номи билан юритилган. Салурлар Хитойнинг Цинхай вилояти Сюнхуа туманида яшайдилар. Аҳолиси 90 минг кишини ташкил қилади. Ўзбек урф одатларини сақлаб қолганлар. Қибрай туманидаги 1978 йилда барпо қилинган шаҳарча ҳам Салар деб аталади. Республикамиз ҳудудида Салоp номли туркий қабила бўлган. XIV асрнинг 60-йилларида  Мовароуннаҳрдан Хитой томонларга кўчиб кетишган. Мазкур атама Ўғузлар хони Дегихоннинг олтинчи ўғли Салур номи билан боғлиқ. Салор сўзи – форсийда лашкарбоши маъносини ҳам англатади.

Бўрижар – бўзсувнинг чап тармоғи. Оқтепа ГЭСи юқорисидан бошланиб, Салор каналига қўйилади. Чилонзор ва Яккасарой туманлари ҳудудларидан оқади. Каналнинг ўзани чуқур бўлиб, қирғоқлари тиклиги ва атрофи кенг чакалакзор бўлганлиги туфайли ёввойи ҳайвонлар ҳам учраб турган. Бўрижар деб номланиши шундан.

Қорасув – Бўзсувнинг сўл ирмоғи. Бўзсув ГЭСининг пастки қисмидан бошланади. Тошкентнинг жанубий шарқини сув билан таъминлаб турган. Топонимик терминларда Қора ер қуруқлик маъносида келади. Шунга кўра, Қорасув (ердан чиққан сув), яъни сизот суви, деб тушунмоқ мумкин. Қадимдан халқимиз сизот сувлар ва булоқлардан ҳосил бўлган сой ва анҳорларни «Сиёҳ-об», ёки қисқартириб Сиёб, яъни Қорасув деб юритиб келган. Археологик маълумотларга кўра, қадимда Чирчиқ дарёси тошқинлар ва сизот сувларидан Салор, Корасув, Жўнариқ каби табиий сув манбалари ҳосил бўлган деган маълумотлар учрайди.

Қомусий адабиётларда эрамиз бошларида Сибирь ва Қозоғистон, қисман Ўзбекистон ҳудудларида Корасуг (сўзлашувда Корасув бўлиб кетган бўлиши ҳам мумкин) қабиласи яшаганлиги ва Ўрта Осиё халқлари билан маданий алоқада бўлганликлари ҳақида маълумотлар бор.

Дархон – Салор каналининг ўнг қирғоғидан бош олувчи қадимий ариқ. Ўтган асрнинг 50-йилларида юқори ўзани текислаб юборилгач, қолган қисми Оққўрғон каналининг чап шохобчасига айлантирилган. Шайхонтоҳур даҳасидаги Дархон маҳалласининг  боғлари шу ариқ ёқасида бўлган. Шу сабаб ариқ маҳалла номи билан Дархон деб аталган. Тошкентда Дархон номли маҳаллалар бошқа даҳаларда ҳам учрайди. Айрим қадимшуносларимизнинг фикрига кўра Дархон мўғулча сўз бўлиб, мажбуриятлардан озод қилинган демакдир. Қозоқ уруғларидан бирининг номи ҳам Дархон деб аталган.

Чоули – Тарихчи Муҳаммад Солиҳ «Тошкентнинг янги тарихи» асарида Шайх Шибли (Чоули) ариғи Ўзбеклар дарвозасидан (Лабзак дарвозаси М.Солих даврида шу ном билан аталган бўлиши керак) шаҳарга кириб, Қиёт дарвозасидан ташқарига оқиб чиқади, дейди. Айрим рус қадимшунослари «Шиблини руслар човли деб ўзлаштирганлар», деган фикрдалар. Айрим атамашунослар бу қабила номи билан аталиб келган деган фикрдалар. Чунки, ўзбекларнинг Қорахитой ва Қўнғирот қабилалари таркибида Чойўли уруғи бўлган.

Анҳор – (арабча «наҳр» - дарё, деган сўзнинг кўплиги) – катта канал, ариқ. Шаҳримизнинг Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан оқиб ўтадиган бу сув оқими Бўзсувнинг ўнг тармоғи бўлиб, узунлиги 9,1 км. 1865 йилда янги турдаги бежамдор кўприк қурилган. Кўприк 1913 йилгача Тошкентнинг эски шаҳар қисмини янги шаҳар қисми билан боғлаб турган. 1913 йилда Трамвай йўли қурилиши муносабати билан ғишткўприк, 1940 йил ҳозирда ҳам фойдаланиб келаётганимиз темир-бетон кўприк қурилган.

Жўнариқ – Салор ва Қорасувнинг тармоғи бўлмиш бу ариқ Сергели туманидаги Шоштепа ва унинг атрофини сув билан таъминлаб турган. Ҳозирги пайтда Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ариқ, баъзан кичикроқ канал ҳам “Жўй” деб аталади. Ҳозирги ўзбек адабий тилида бу сўзнинг кичрайтирилган шакли “Жўяк” сақланиб қолган. XVI асрларда шаҳар доирасидаги сув тармоқларининг айримлари Жуйи ариқ (тожикча) яъни шаҳар ариғи дейилган. Бу атама халқ тилида Жўнариқ бўлиб кетган деган фикрлар бор.

 

Тошкентнинг собиқ янги шаҳар деб аталган қисми


Тошкент Россияга қўшиб олингандан кейин Анҳор билан Салор каналлари оралиғидаги ерларда яъни Шайхонтоҳур даҳасига қарашли Оққўрғон, Миробод, Мингўрик каби мавзелар ҳудудида янги шаҳар қурилиши авж олиб кетди. Қўқон хонлигининг ўрдасига қарашли ҳудуд ҳам янги шаҳар доирасида қолди. Чор ҳокимиятининг амалдорлари мустамлакачилик тузумининг абадийлигини ва ўзгармаслигини ҳар тамонлама таъкидлашга ҳаракат қилди. Янги қурилган шаҳар кўчалари ва майдонларига Николай, Духовский, Романовский, Констан¬тин, Черняев, каби истилочи генераллар номи, ҳарбий қисмлар жойлашган кўчаларга Сапёрная, Конвойная, Стрелковая каби номлар, Туркистонни истило қилиш даврида босиб олганлари шарафига ўша шаҳарларнинг номлари билан Асакинский, Хивинский, Самарқанд, Жиззах Маҳрам, Зирабулоқ деб атала бошлади. Шунингдек, Тупроққўрғон атрофидаги кўчаларга 1865 йилгача босиб олган шаҳарлари номи билан Чимкентская, Туркестан¬ская, Аулиятинская деб атала бошланди.

Тошкентга бирин кетин рус капитали кириб келаверди ва шу тариқа саноат ривожлана бошлади. Биринчи завод эгалари ва фабрикантлари пайдо бўлди. Янги пайдо бўлган «Тошкентлик» бойлар жойларга ўз номларини қўйиб хотира қолдирашарди. Рядов, Ляхтин, Косянов, Первушин, Иванов, Да¬видов кабилар шулар жумласидан эди.

Совет даврига келиб, юқоридаги номлар шўро хукуматининг асосчилари номлари билан алмаштирилди. Бу янги номлар орасида ҳам маҳаллий халқни ҳурмат билан эслатувчи номлар деярли йўқ эди.

Шаҳар маъмурлари бутун эътиборларини янги шаҳарни обод қилишга ҳаракат қилиб келди. Эски шаҳарга деярли маблағ ажратмади. Натижада, Эс¬ки шаҳар аввалги файзли қиёфасини йуқотиб бораверди.

Мустақиллик(Собиқ Соборный, Ленин) майдони. Тошкент Россияга қўшиб олинганнинг дастлабки йилиданоқ Анҳор бўйидаги Қўқон хонининг ўрдаси бузилиб, ўрнига Туркистон генерал-губернаторининг резиденцияси қурилади ва у Оқ уй деб атала бошланади. 1888 йилда Оқ уй яқинида Спасо-Преображенский собори қурилади. Натижада, шаҳарнинг бош майдони, яъни эски ва янги шаҳар чегараси бунёдга келади. Майдон шу бино номи билан “Соборный” деб атала бошланади. 1930 йилда бу бино бузиб ташланади. Совет даврида шаҳарни реконструкция қилиш бош режасига асосан бу ҳудудда ҳукумат уйи қад кўтаради. Мустақиллик йилларида майдон томоман бошқача тус олиб, халқимизнинг севимли зиёратгоҳига айланди.

Амир Темур хиёбони. XIX асрнинг 70-йилларида ҳарбий муҳандис Макаров лойиҳаси асосида бу ерда марказий майдон ташкил қилиниб, у Константин майдони деб атала бошланди. Майдонни кесиб ўтган Российский ва Кауфманский кўчалари майдонни тўртга бўлиб турган. Кейинчалик бу ҳар икки кўча 4 алоҳида кўчаларга бўлиниб кетади. Булар:

-марказий майдондан шимолий вокзалгача бўлган қисми (Российкий, совет даврида Пролетарский) ҳозир Моворауннаҳр

-марказий майдондан Юнусобод йўналишидаги  қисми (Московский, совет даврида Ф.Энгелс,) ҳозир Амир Темур шоҳ кўчаси

-марказий майдондан Мустақиллик майдонгача (Кауфманская, Саборний, совет даврида К.Маркс) ҳозир Сайлгоҳ кўчаси.

-марказий майдондан Салор йўналишидаги қисми (собиқ Саларская, Ҳамза, Мусахонов, Паҳлавон Маҳмуд) 2008 йилдан Тараққиёт деб номланди.

1883 йилдан бу майдон ўрнида марказий хиёбон барпо қилиниб, генерал губрнатор Кауфман номи билан атала бошланди. Шу билан бирга хиёбон атрофидаги айланма йўлдан бошқа янги кўчалар пайдо бўла бошлайди. Жумладан,:

-Мустақиллик кўчаси (собиқ Лагерний, Пушкин);

-Матбуотчилар кўчаси (собиқ Петроград, Ленинград);

-Истиқлол (собиқ Воранцов, Сталин, Братская, Х.Сулаймонова)

-Фарғона йўли (собиқ Куйбышев, Қўйлиқ).

Хиёбон марказида:

-1913 йил 4 май генерал губернатор Кауфман хайкали;

-1918 йил Озод меҳнат ёдгорлиги (ёғоч ва фанердан ишланган);

-1927 йил Октябрнинг 10 йиллиги ёдгорлиги;

-1950 йил Сталин хайкали 1954 йилда олиб ташланган;

-1968 йил К.Маркс бюсти;

-ниҳоят президентимиз ташаббуси билан марказий майдонда Амир Темурга хайкал ўрнатилди. Майдон Амир Темур номи билан аталабошланди.майдон чеккасида Темурийлар даври музейи барпо этилди.

Марказий хиёбон атрофидаги бинолар.

1817 йилда хиёбон қаршисида ҳозирги Мустақиллик ва Ҳамза кўчалари оралиғида почта канторисининг биноси қурилади.

1887 йил 1 июлда почта кантораси телеграф билан бирлаштирилади ва у “биринчи даражали Тошкент почта-телеграф кантораси” деб аталадиган бўлди. Ҳозир бу бино ўрнида Ўзбекистон меҳмонхонаси жойлашган.

1881 йилда Российский ва Петроград кўчалари оралиғида полковник Тартаковскийнинг 1870 йилда қурилган уйи Туркистон ўқитувчилар семинариясига олиб берилади. Охирги йилларда бузулгунга қадар бу бинодан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси фаолият олиб борган. XIX асрнинг 90 йилларида архитектор  Бенуа лоиҳаси асосида ўқитувчилар семинарияси биноси қаторига семинарлар церкови қурилади: Бу церков биноси ҳозир ҳам мавжуд.

1882 йилда хиёбон қаршисида Қўйлиқ ва Россия кўчалари оралиғида 7,5 гектар жойни эгаллаган шаҳар боғи барпо қилинади. Кейинчалик боғ ҳудудида Хава, Турон каби ёзги кинотеатрлар ва яшил театр қурилади. 1890 йилда Тошкентнинг Россия томонидан босиб олинганининг 25 йиллиги муносабати билан боғда кўргазма ташкил қилинади. Гороской сад, Горький, Меҳржон номлари билан келган бу боғ ўрнида ҳозир Тошкент шаҳар ҳокимиятининг биноси жойлашган.

XIX асрнинг 70-80 йилларида ҳозирги сайлгох кўчасининг ҳар икки томонига, ҳиёбонга қаратиб эрлар ва аёллар гимнизияси қурилади. Бинолар ҳозир ҳам мавжуд. Унда Тошкенд Давлат Юридик институти жойлашган.

1895 йилда хиёбон  рўпарасида, ҳозирги Амир Темур ва Мустақиллик кўчалари оралиғида давлат банки  биноси қурилган. Банк ҳозир ҳам мавжуд.

Сайилгоҳ (1912йилгача Соборный, 1918 йилгача Кауфманский, 1992 йилгача Карл Маркс кўчаси). Соборний, Константин майдонларини боғлаб турганлиги учун кўча Соборний деб аталган. Соборний кўчаси ўша пайтларда ҳам Тошкентликларнинг сайилгоҳ кўчаларидан бири бўлиб келган.

Кўчада Дорожновнинг газлама магазини, Соберейнинг китоб магазини, Савдогар Д.Т.Захонинг гастрономик магазини, шаҳар думасининг аъзоси Орифхужабой Азизхоновнинг катта савдо растаси бўлган. Бу бино XIX асрнинг охирида бутун Россияда расм бўлган «немис уйғониш даври» деб аталган услубда қурилган бўлиб, нафақат Тошкентда балки бутун Ўрта Осиёда катта ва кўркамлиги бўйича ягона ҳисобланган. 1966 йил Тошкент зилзиласига қадар Тошкентнинг Бош универмаги вазифасини ўтаб келган.

XIX асрнинг 80-йилларида Соборная кўчасининг Романовский кўчаси билан кесишган қисмининг чап томонида князь Л.А.Романовга атаб сарой қурилади. Бу бино архитектор И.С.Гейнцельман томонидан роман услубининг деталларидан фойдаланиб эклектик услубда қурилган. Саройнинг олд томони ўзбек миллий услубида ишланган бўлиб, унинг ҳамма безаклари маҳаллий халқ усталари томонидан ясалган. Бинода 1918 йилдан Санъат музейи 1935 йилдан Республика пионерлар саройи ва, ниҳоят, ҳозирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг қабулхонаси фаолият кўрсатиб келмоқда.

1912-16 йилларда Соборная кўчасининг Рома¬новский кўчаси билан кесишган жойида, князь Ро¬манов саройи қаршисида князга қарашли театр биноси қад кўтаради. Айрим ноқулайлиқ сабабларига кўра қайта тузатишлар киритилиб, кинотеатрга мослаштирилади. Кинотеатр Россиянинг Хи¬ва хонлигини босиб олганликлари шарафига Хева деб номланиб, Совет даврида бузилгунга қадар Ёш гвардия номи билан ишлаб келди. 1928 йилда кинотеатр қаршисига телеузатгич ўрнатилиб, 30-40 метр нарига қабул камераси қўйилади. Экранда юриб кетаётган одамлар ва трамвай тасвири кўринади. Шундай қилиб, дунёда биринчи жонли тасвирни қабул қилувчи телевизорга Тошкентда асос солинган эди. Уни Ўрта Осиё Давлат университетининг физика акультети лаборанти Б.П.Грабовский ўз ҳамкасабалари билан ихтиро қилган эди.

Мустақиллик кўчаси. (собиқ Латерная, А.С.Пушкин) Бу кўча XIX асрнинг 70-йилларида очилган. 1871 йили кўчанинг икки томонида дастлабки уйлар қад кўтара бошлайди. Булар асосан амалдорлар, офицерлар, савдогарлар ва маҳаллий бойларнинг уйлари эди.

Дастлабки йиллардан бошлаб, кўчада ҳаммомлар, почта биноси, вино ва тамаки заводлари пайдо бўлади. 1890 йилда шаҳар думаси аъзоси Д.П.Петров кўчада Тошкентда биринчи бор гугурт фабрикасини очади. Филипп Капланнинг икки қаватли Аптека биноси ҳам ўша йилларда қурилган.

1903 йилдан собиқ Романовский кўчасидан А.С. Пушкин кўчаси бўйлаб, Сергиевский черкови (ҳозирги метронинг Ҳамид Олимжон бекати)гача кўнка қатнай бошлайди. Тошкентнинг манаман деган бойлари 1903 йилнинг 5-апрель куни ана шу кўнкада биринчи бор сайр қилишади. Тошкентда кўнка қатновининг йўлга қўйилиши Бельгиянинг номи яширин жамияти томонидан амалга оширилган эди. Кўнканинг яна бир йўли вокзал майдонини Эски шаҳар билан боғлаб турган. Дастлабки ҳар иккала йўлнинг узунлиги таҳминан 10 километрга яқин бўлган. 1916 йилнинг маълумотига кўра кўнкага 230 та от хизмат қилар ва у 30 вагондан иборат эди.

Шаҳар думасининг 1908 йилда Бельгия жамияти билан шаҳарда электр трамвайини йўлга қўйиш шартномасига биноан янги қуриладиган трамвай йўли 1952 йилдагина шаҳар мулкига айланиши керак эди.

Бухоро кўчаси. Ўтмишда Жиззах, Правда Восто¬ка номлари билан келган бу кўча Тошкентнинг гавжум жойларидан бири бўлиб келди. XIX асрнинг 70-йилларида рус қўшинлари томонидан босиб олиниши шарафига Жиззах шаҳри номи берилган эди. 1928 йилда Правда Востока газетасининг 1500-сони чиқиши муносабати билан кўчага ушбу газета номи берилди.

Матбуот уйи Романовский кўчаси билан Жиззах кўчаси бурчаги Марказий аптека билан Пиёнбозор рўпарасида бўлган.

Зингер компанияси биноси. Кўчанинг Пиёнбо¬зор (Воскресенский рынок) қаршисида «Кампания Зингер» деган немис фирмасининг идораси жойлашган бўлиб, фирма билан ёнма-ён савдо расталари ҳам мавжуд эди. Ўтган асрнинг 60-йилларида бу бино бузиб юборилган. Ўрнига ҳозирги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг биноси қурилган.

Колизей. 1913 йилда Тошкентлик капиталист Цинцадзе бинони цирк учун қурган эди. Лекин бинода цирк томошалари кўрсатилмади. Ниҳоят, бино «Колизей» театрига айлантирилди. Совет даврида бинода Ўзбекистан давлат филармонияси фаолият олиб борди. Ҳозир бино бутунлай қайта рекон¬струкция қилиниб, унда Республика Кўчмас Мулк биржаси фаолият олиб бормокда.

Собиқ «Националь» ва «Шарқ» номлари билан аталиб келган меҳмонхона биносининг ҳозир  бузилмай қолган қисмига республика «Нуроний» жамғармаси жойлашган.

Буюк Турон кўчаси (1875 йилгача Большая, ёки Базарная, 1918 йилгача Д.И. Романовский, 1992 йилгача Ленин). Кўчага шаҳар бош режасига кўра 1866 йилда асос солина бошланган. Ўз даврида шаҳарнинг чекка қисмини Воскресенский бозори (Пиёнбозор) билан боғлаб турган ягона катта кўча бўлган. XIX асрнинг 70-йилларида кўчага расмий равишда Туркистон генерал-губернатори Д.И.Романов¬ский номи берилган эди. Кўчада 1966 йилгача шаҳар марказий аптекаси; Ф.А.Юпатовнинг 1913 йилда қурилган цирк биноси; 1914 йилда қурилган «Аполло» (Совет даврида «Искра») кинотеатри бўлган. Ҳозир бу бинолар ўрнида Ўзбекистон Давлат Тарихи музейи жойлашган. Кўчанинг Соборная кўчаси билан кесишган қисмида князь Романовнинг муҳташам саройи ва унга қарашли Хева, Совет даврида Ёш гвардия номли кинотеатр бўлган.

Мовароуннаҳр кўчаси. Собиқ Российская ёки Московская, айрим манбаларда Духовский, Совет даврида Пролетарский номларида келган. Тошкент вокзалининг эски биноси. 1899 йилда Тошкент те¬мир йўл вокзали биноси қурилиши битгач, Ўрта Осиё темир йўли бўйлаб, мунтазам равишда поездлар қатнай бошлаган эди. Бу кўча темир йўл вокзали билан шаҳар марказини боғлаб турган.

Народный дом. Тошкентда театр томошалари учун доимий бино бўлмаганлиги сабабли сайёр гуруҳлар тўғри келган бинода томоша кўрсатаверар эдилар. 1877 йилда шаҳар ярмаркаси ҳудудидаги биржа биноси театрга мослаштирилиб таъмирланади. 1915 йилда эса, Народный дом (Халқ уйи) га мослаштирилиб қайта таъмирланади. Совет даври¬да санъат музейи вазифасини ўтаб келган бу бино 1967 йилда бузилиб, ўрнига ҳозирги давлат санъат музейи қурилади.

Красная мельница. Ҳозирги Мовароуннаҳр кўчасидаги “Пойтахт” мехмонхонаси ўрнида Шамол тегирмони бўлган бўлиб, у “Красная мельница” номи билан машҳур эди. “Пойтахт” меҳмонхонасининг биноси ўтган асрнинг 30-йилларида ҳукумат ходимлари учун қурилган дастлабки кўп қаватли турар жой биноси ҳисобланарди.

Истиқлол кўчаси. (Собиқ Ворон¬цов,  Сталин, Братская, Х.Сулаймонова). Кўча Марказий хиёбон билан Романовский кўчасини бирлаштириб турган. Кўчада давлат думасининг биноси ва Советлар даврида Тошкент шаҳар кенгаши жойлашган.

Форғона йўли кўчаси. (Совет даврида Куйбышев). Кўча Марказий хиёбон билан Қўйлиқ мавзесини бирлаштириб турган.

1902 йилда қурилган Казенная палата (Чор Россияси губернияларининг солиқлар бўйича давлат ташкилоти) бўлган. Фарғона йўли ва Хоразм кўчалари бурчагида жойлашган. Совет даврида Республика тарих музейи сифатида фойдаланилган. Ҳозир   Тошкент вилояти ҳокимлигининг турли бўлим ва бошқармалари жойлашган.

Манба: tashkent.uz

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин