Саналар
20.12.2024
Баннер
Фасиҳ Ҳавофий (1375-1442)
PDF Босма E-mail

Темур ва Темурийлар даврида яшаб ижод этган алломалардан бири Фасиҳ Аҳмад Жалолиддин Муҳаммад Ҳавофий 1375 йилнинг 28 сентябрида Хиротда туғилиб, шу ерда таълим-тарбия олгандан сўнг, 1405 йили давлат ишлари билан Самарқандга жўнатилгач, 1415 йилгача нуфузли амирлардан Алоуддин Али Тархон, кейин Шоҳрух Мирзо саройида хизмат қилган.

Таржимаи ҳол

Ҳаётининг сўнгги йилларида Шоҳрухнинг ўғли Бойсунқур Баҳодирхон саройида девонлик мансабига тайинланган. Бироқ кўп вақт ўтмай Темурийлар саройидаги хизматдан бутунлай четлаштирилган ва бизга маълум бўлган бирдан-бир асари "Мужма ут-таворих" ("Тарихий саналар йиғиндиси")ни ёзишга киришган. (Бу асар "Мужмаи Фасиҳий" ҳам деб юритилган).

Гарчи Ҳавовий ушбу тўпламни сарой ишларидан четлатилгандан кейин, яъни 1433-1442 йилларда тузган бўлса-да, бироқ китоб дебочасидаги ёзувда асардаги маълумотларни муаллиф илгарироқ тарихий китобларни ўқиб юрган кезларида қисқа-қисқа тарзда қаламга олиб юрган. "Бу нусхани, - дейди муаллиф дебочада, - узоқ йиллар давомида улуғларнинг тарихларидан ва салафларнинг китобларидан жамладим".

"Мужма ут-таворих" бизнинг давргача кам нусхада етиб келган. Шундай асар мавжудлиги ҳақида фақат XIX аср охирларидагина илмий адабиётда қисқача маълумотлар келтирилган. Бу асар В. В. Бартольд, Э. Браун, В. Розен, Дорн, X. Раверти сингари олимлар эътиборини тортган эди. Китоб муқаддима, икки мақола ва хотимадан иборат бўлиб, муқаддима Одам Атодан тортиб Муҳаммад пайгамбарнинг таваллудигача (570-580) бўлган тарихни ўз ичига олади.

Биринчи мақола "Муқаддима"нинг бевосита давоми бўлиб, "Пайғамбарнинг 53 ёшигача, яъни унинг Маккадан Мадинага қилган ҳижратига (622 йил) қадар бўлган тарихдан ҳикоя қилади. Асарнинг асосий ва катта қисми иккинчи мақола бўлиб, 622 йилдан 1442 йилгача бўлган воқеалар шарҳидан иборат.

Бизга маълум бошқа қўлёзма нусхаларда хотима учрамайди. Бу қисм муаллиф ватани бўлмиш Хирот шаҳри ҳақидаги баъзи маълу¬мотларни ўз ичига олиши кўзда тутилган.

Шунингдек, "Мужма ут-таворих"да Амир Темур авлодига бағишланган "Фойда" деб аталувчи бўлим бор. Асарда тарихий фактлар ўзига хос бир йўсинда шарҳланганки, воқеалар жараёни бир-бирига узвий боғланган, турли-туман тафсилотлар жуда қисқа тарзда баён қилиниб, содир бўлган йиллари тартиби билан жойлаштирилган. Биз учун "Мужма ут-таворих"нинг Ҳавовий яшаган даврга ва бунга бевосита яқин бўлган йилларга оид маълумотлари, яъни асар иккинчи мақоласининг охирги қисми қимматлироқдир. Шунинг учун бўлса керак, асарни нашрга тайёрлаган Маҳмуд Фарруҳ асар¬даги 1301-1442 йиллар воқеаларинигина ўз нашрига киритган. Шу йилларда содир бўлган сиёсий воқеаларга келсак, асарда Марказий Осиё ва Ўрта Шарқ мамлакатларида муғуллар ҳукмронлигининг инқирозга учраб, аста-секин емирилиб бориши, ажнабий ҳукмдорлар зулмига қарши ерли халқлар орасида норозлик ҳаракатлари акс эттирилган. 1365 йили Самарқандда тарқалган сарбадорлар ҳаракати тобора кучайиб, муғуллар ҳукмронлиги инқирозини тезлаштирганлиги, муғуллар давлати ўрнида Темур давлатининг ташкил топиши ва юксалиши каби муҳим воқеаларнинг хулосаси қисқа-қисқа баён этилиб, ой ва йиллари билан кўрсатилган.

"Мужма ут-таворих"да маданий турмушга, шоирлар, олимлар каби ўз даврининг кўзга кўринган зиёлилари ҳаётига оид маълу¬мотлар ҳам жуда куп учрайди. Ҳавовий айрим шахслар тўғрисида гапирар экан, уларнинг ёзиб қолдирган асарлари, вафот қилган йили, баъзан туғилган йилларини ҳам албатта эслатиб ўтади. Масалан, "Нузҳат ал-арвоҳ" ("Руҳлар ҳузурида") асарининг муаллифи Амир Саййид Олим ал-Ҳусайний вафот қилган йилини (1318 йил, 11 де¬кабрь) келтириб, шу билан бирга Хиротда ўлганлигини айтади унинг тасаввуфда шуҳрат топганлигини, Баҳовуддин Закариё Мултонийнинг муриди бўлганлигини ва бир қанча асар ёзганлигини эслатади.

Темур ва Темурийлар даврида олиб борилган ободончилик ишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам диққатга сазовордир. Бу даврда бунёд этилган йирик мадрасалар, қазилган ариқлар ва бошқа ишларнинг бажарилган йилларини ҳам Ҳавовий мунтазам равишда қайд қилиб боради. Унинг маълумот беришича, Амир Темур Чингизхон даври¬да харобага учраган Банокат мавзеидаги шаҳарни 1382 йилда қайтадан тиклаб, унга Шоҳрухия деб ном берган. Шунингдек, 1403 йили Темур Байлакон шаҳрини (Аракс дарёсининг Курага қўшиладиган ерида жойлашган) ҳам қайтадан тиклаган ва у шаҳарга сув келадиган Барлос каналини қаздирган. 1404 йили эса Шоҳрух фармони билан Хирот шаҳри, унинг дарвозалари ва буржлари қайта тикланган.

Булардан ташқари, ҳар хил табиий офатлар, халқ бошига тушган қийинчиликлар ҳам алломанинг диққатидан четда қолмаган. "Мужма ут-таворих"да 1337 йили Хирот вилоятларидан бири бўлмиш Ҳавофда, 1363 йили Хиротда, 1405 йили Нишопурда содир бўлган зилзилалар, 1350 йили Яздда, 1388 йили Табризда, 1406 йили Хиротда воқе бўлган очарчилик ва қаҳатчилик, 1345 йили Хоразмнинг Журжониясида (Кўҳна Урганчга яқин), 1346 йили Табризда, 1459 йили Озарбайжонда тарқалган вабо касаллиги ҳақидаги маълумотлар ҳам келтирилган.

Шуниси эътиборга сазоворки, "Мужма ут-таворих" муаллифи ўзи яшаган даврга оид маълумотларни кўп ҳолларда кўриб-билганлари асосида ёзган, чунки у умрининг анчагина қисмини Темурий ҳукмдорлар хизматида ўтказганлиги учун, ўз даври ҳаёти билан яқиндан таниш бўлган, Темурийлар қўли остидаги вилоятларнинг аксариятини иш жараёнида бориб кўрган.

Ҳавовий воқеаларни бетараф туриб ёритишга ҳаракат қилганлигини тадқиқотчилар бир неча бор қайд этиб ўтганлар. В. В. Бартольд бу ҳақда шундай ёзган эди: "Шоҳрух даврида Аҳмад ибн Муҳаммад Фасиҳ ал-Ҳавовий ўзининг сарой кирдикорларидан холи бўлган "Мужмаи Фасиҳий" номли асарини яратди. Бу асар... катта бир тарихий жараённи ўз ичига олган бўлиб, унда воқеалар йилма-йил, бирин-кетин баён этилган. Асар мухтасар бўлишига қарамай, жуда фойдалидир, у бизга Ўрта Осиё ва Эрон шайхлари ҳамда адиблари ҳақида янги маълумотлар беради".

Шундай қилиб, Ҳавовийнинг "Мужма ут-таворих" асари XIV- XV асрдаги Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий ва маданий ҳаётига оид қимматли манбадир. Унда келтирилган тарихий воқеалар, саналар ва бошқа маълумотлар Темур ва Темурийлар даврини янада ойдинлаштиришга, бу давр тарихини янада яхшироқ билишга катта ёрдам беради.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин