Саналар
28.03.2024
Баннер
Икромов Акмал Икромович
PDF Босма E-mail

(1898-йил, Тошкент - 1938-йил, 13-март, Москва)
(1929-йил декабр - 1937-йил сентабр)

Давлат ва сиёсат арбоби. Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида мактабдор Икром домла оиласида туғилган. Отасининг мактабида савод чиқарган. Ёшлигидан форс ва араб тилларини пухта эгаллаб, шарқ адабиётини чуқур ўрганган. Тошкент шаҳрида ўқитувчи (1918-1919), “Изчиллар тўдаси” ва “Чиғатойг урунги”аъзоси, Элхон тахаллуси билан шеърлар ёзган. Наманган, Фарғона, Сирдарё вилоятлари партия ташкилотларида турли лавозимларда фаолият кўрсатган (1919-1921). Туркистон Коммунистлар партияси Марказий Кенгашининг котиби ва ташкилий инструкторлик бўлими мудири (1921-1922). Туркистон Республикасида янги иқтисодий сиёсат (НЕП) ни амалга оширилишида ташаббускорлик қилган. 1922-1924-йилларда Москвадаги Коммунистик университетда ўқиди. 1925-йил январдан Тошкент вилояти партия комитети котиби. 1925-йил февралдан Ўзбекистон Коммунистлар Партияси Марказий Кенгаши котиби, биринчи котиби (1929-йил декабр - 1937-йил сентабр). 1931-1934-йилларда Бутун иттифоқ коммунистлар партияси марказий кенгашининг Ўрта Осиё бюроси котиби. Бутун Россия Марказий Ижроия Қўмитаси аъзоси, 1925-1937-йилларда СССР Марказий Ижроия Қўмитаси Президиуми аъзолигига номзод. ЎзССР Марказий Ижроия қўмитаси Президиуми аъзоси (1925-1937).
А. Икромов 1919-1924-йилларда имконияти доирасида ўзбек халқи манфаатлари учун Марказ сиёсатига қарши курашган. У моҳир публицист сифатида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини, хусусан пахтачиликни ривожлантиришга, маданий қурулишга доир кўплаб назарий мақолалар, илмия асарлар ёзган. Икромов ўз фаолияти давомида Ўрта Осиё бюроси ва Марказнинг кўрсатмаларига амал қилишга мажбур бўлган. 1925-1927-йилларда ўн саккизлар гуруҳи, иноғомовчиликка қарши ғоявий кураш олиб борган. Ўзбекистонда ер-сув ислоҳати, мажбурий жамоатлаштириш, республикада замонавий саноат асосларини қуриш ва бошқа тадбирларга раҳбарлик қилган. Жадидларни “буржуа миллатчилиги” да айблаган. Икромов гарчи болшевистик ғоядан чекинмаган бўлса-са, мустабид тузум қатағончилари уни аяб ўтирмадилар. 1937-йил сентабрда Тошкентда қамоққа олинди. Cоветларга қарши “Ўнг троцкийчи блок” деб аталган иш бўйича Москвада суд қилиниб, собиқ СССРни бўлиб юбориш, жумладан, Ўрта Осиё республикаларини ажратиб олиш, давлат тузумини ағдариш, капитализмни, буржуазия ҳокимиятини тиклашда айбланди ва отиб ташланди.
1957-йил 3-июнда СССР Олий суди ҳарбий коллегияси А. Икромовни айбсиз деб топди ва у оқланди. Икромов хотираси абадийлаштирилиб, Тошкент шаҳридаги туманга, йирик кўчага, маҳаллалар ва мактабларга унинг номи берилган. Тошкент ва Самарқандда ҳайкали ўрнатилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин