Саналар
21.12.2024
Баннер
Рисқулов Турор
PDF Босма E-mail

(1894-йил 14-декабр, Еттисув (ҳоз. Олмаота) вилояти Верний уезди Шарқий Тўрғай волости - 1938-йил 10-феврал, Москва)

Туркистон халқининг таниқли давлат ва жамоат арбоби бўлган Т. Рисқулов камбағал қозоқ чорвадори оиласида туғилди. унинг отаси Рисқул Жилҳайдаров волост бошқарувчиси Учкемпировни ўлдиргани учун аввал Верний шаҳридаги қамоқхонагага ташланади, сўнгра Сибирга сургун қилинади (1904-05). Ёш Т. Рисқулов отасининг хоҳиши билан қамоқхонага кетади. У илк сабоқни турмадаги савод чиқариш мактабида олади. Сўнгра у Авлиё уезди Мерки шаҳридаги рус-тузем мактаби ва Бишкекдаги қишлоқ хўжалик ўқув юртини тугатади (1907-1914). Т. Рисқулов 1914-йили Тошкентга келади ва турли юмушларни бажаради. У 1916-йилда чор Россиясига қарши кўтарилган миллий-озодлик курашида фаол қатнашди. 1916-1917-йилда Тошкент ўқитувчилар институтида ўқиди.
1918-1924-йилларда Т. Рисқулов Туркистон Автоном Республикасида муҳим вазифаларни бажарди: Туркистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссари (1918-19), Очарчиликка қарши кураш Марказий Комиссияси раиси (1918-19), РКП(б) ТКП Мусулмонлар бюроси (1919-20), Туркистон АССР МИК раиси (1920-йил январ-июл), Туркистон АССР ХКК раиси (1922-йил сентабр - 1924-йил январ) лавозимларида ишлади. Т. Рисқулов Туркистондаги очарчилик ва унинг даҳшатли оқибатларини тугатиш учун курашди, болшевикларнинг маҳаллий халқларнинг очликдан қирилишига бефарқ, менсимаслик муносабатини очиқ танқид қилди. Т. Рисқулов бошчилигидаги айрим миллий коммунистлар Марказнинг шовинистик сиёсатини, Туркбюро ва Турккомиссиянинг зўравонлик кирдикорларини, қизил аскарларнинг босқинчилик ва талончиликларини очиб ташладилар. Ўлка мусулмонлари Бюроси раиси сифатида у “Турк Республикаси” ва “Турк Компартияси” тузиш ҳақидаги масалани Марказ сиёсий раҳбарияти олдига қўяди. Бироқ Марказнинг топшириғи билан Турккомиссия Туркистон халқлари бирлашишига йўл қўймади. Аксинча, уларни ажратиш чора-тадбирларини кўради.
Туркистон халқларини бирлаштириш тарафдори бўлган Рисқулов лавозимидан бўшатилиб Марказга чақириб олинади. У Марказнинг назоратида: РСФСР Миллатлар иши халқ комиссарининг иккинчи ўринбосари, ушбу комиссарликнинг Озарбайжондаги Мухтор вакили лавозимларида ишлади (1920-1922). Бироқ, Туркистонда истиқлолчилик ҳаракати кучайиб, сиёсий вазият кескинлашгач, у Туркистонга яна қайтарилди. Т. Рисқулов исқтиқлолчилик ҳаракатига қарши курашга раҳбарлик қилган совет давлат арбобларидан бири бўлишга қарамасдан, у истиқлолчилар курашининг моҳиятини тўғри тушунган ва уларга хайрихоҳлик билан қараган эди.
Марказ 1924-йил бошидан Туркистон халқларини бўлиб ташлаш мақсадида Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегаралаш ўтказиш учун тайёргарлик ишларини бошлаб юборди. Туркистон халқларининг бирлиги, Турк Республикаси ташкил қилиш тарафдори бўлган Т. Рисқулов Туркистонда туришидан Марказ манфаатдор эмас эди. шунинг учун у 1924-йил февралда Марказга яна чақириб олинади. Т. Рисқулов Коминтерн Ижроия Қўмитасининг Ўрта Шарқ бўлимида ишлади, Мўғулистон Республикасида ўз тажрибасини ўртоқлашди (1924-1926), РСФСР Халқ Комиссарлари Кенгаши раисининг муовини (1926-1936) лавозимларида фаолият кўрсатди. У қайси лавозимда ишламасин, ҳар доим Ўрта Осиё республикалари, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон манфаатларини ҳимоя қилди.
Т. Рисқулов Туркистондаги 1916-йил қўзғолони ва истиқлолчилик ҳаракати тўғрисида ва бошқа мавзуларда бир қатор мақолалар, асарлар ёзди. Жумладан, унинг “Инқилоб ва Туркистоннинг туб аҳолиси” (1-қисм, Тошкент, 1925) асари ҳозирги кунда ҳам қимматлидир.
Т. Рисқулов 1937-йилда Москвада қамоққа олинади ва мустабид совет тузуми томонидан 1938-йилда отиб ташланади.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин