Саналар
28.03.2024
Баннер
Худоёрхон
PDF Босма E-mail

(1831, Қўқон – 1884, Каррух, Афғонистон)
(1845-1858; 1862-1863; 1865-1875)

Минглар сулоласига мансуб бўлган Қўқон хони (1845-1875- танаффуслар билан). Шералихоннинг ўғли. Қайнотаси Мусулмонқул томонидан тахтга ўтқазилган. Аммо ёш бўлганлиги туфайли амалда давлат ишларини Мусулмонқул бошқариб борган. Энг муҳим лавозимлар қипчоқлар қўлига ўтади ва улар ҳоҳлаганича бебошликлар қила бошлаганлар. Натижада ички курш кучайиб, 1853-йилда қипчоқлар қирғини бошланган. Бунинг оқибатида 20 мингга яқин қипчоқлар ўлдирилган, Мусулмонқул эса Қўқонда дорга осилган. Шу йилдан Худоёрхон давлатни мустақил идора қила бошлаган. Аммо, тажрибасизлиги туфайли кўп хатоларга йўл қўйган. Бундан фойдаланган акаси Маллабек тахт учун курашни бошлаб юбориб 1858-йилда ўзини Қўқон хони деб эълон қилган. Худоёрхон Бухорога қочишга мажбур бўлган. 1863-йилда Бухоро амири Музаффар ёрдамида Қўқон тахтига қайта ўтирган. Аммо Мусулмонқулнинг ўғли мингбоши алимқул хонзодалардан бўлмиш ёш Саид Султонмуродни хон деб эълон қилади ва Худоёрхонни яна Бухорога қохҳишга мажбур этган. Алимқул амир ул-умаро бўлиб амалда давлат ишларини якка ўзи бошқариб борган.
Қўқон хонлигидаги ички курашлардан фойдаланган Россия империяси хонликка тегишли Туркистон, Чимкент (1864-й) ва Тошкентни (1865-й.) босиб олган. 1865-йилда Қўқон тахтига Худойқул («Белбоқчихон» деган лақаби ҳам мавжуд) ўтирган. Аммо у 14 кундан сўнг хазинани ўзи билан олиб Қашқарга қочиб кетган. Бундан фойдаланган Худоёрхон яна тахтга чиққан.
Худоёрхон даврида қишлоқ хўжалигига эътибор берилган, янги анҳор ва ариқлар қазилган. Қўқонда 1873-йилда хон ўрдаси битказилиб ниҳоясига етказилган. Бундан ташқари, Худоёрхон даврида “Мадрасаи Олий”, “Мадрасаи Ҳоким ойим”, “Мадрасаи Султон Муродбек”лар қурилган. Худоёрхоннинг фармони билан маҳзун (Зиёвуддин Ҳўқандий) 1696 саҳифалик “Шоҳнома” асарини ёзган (қўлёзма Истамбулда сақланмоқда).
Худоёрхон даврида хонлик ҳудуди анча қисқариб, турли солиқлар ўйлаб чиқилган. Бунинг устига 1868-йилги Туркистон генерал-губернатори К.П.Кауфман билан тузилган “тенг ҳуқуқли” шартномага мувофиқ, рус савдогарларига хонликнинг ҳамма шаҳар ва қишлоқларида бўлиш ва карвонсаройлар қуриш, рус товарларини хонлик ҳудуи орқали бошқа давлатларга бож тўламасдан бемалол олиб ўтиш ҳуқуқи берилган; рус савдогарлари қўқонлик савдогарлар билан бир миқдорда бож тўлайдиган бўлган. Худоёрхон Туркия ва Бухоро билан яхши алоқага бўлишга, англия эмиссарлари билан учрашиб, улардан мадад олишга интилган. Аммо, юзага келган сиёсий вазият туфайли у К.П. Кауфман билан кўпроқ яқинлашишга мажбур бўлган.
Тахт учун курашлар, ўзаро урушлар, солиқларнинг кўпайиб кетиши аҳоли турмушини оғирлаштирган. Натижада хонликда тез-тез қўзғолонлар бўлиб турган. Шулардан энг каттаси 1873-йилда бошланган “Пўлатхон қўзғолони” бўлган. Қўзғолонни бостиришнинг иложини топа олмаган Худоёрхон, барча хазинани олиб К.П.Кауфмандан ҳарбий ёрдам олиш учун Тошкентга қочган, сўнгра Оренбургга сургун қилинган. У бу ердан қочиб Маккага борган. Кейинчалик, Қўқон хонлигининг қолган ҳудудларини ҳам Россия босиб олганидан сўнг, Худоёрхон К.П. Кауфманга расман мурожат қилиб сиёсий ишларга аралашмасликни ваъда қилиб Қўқонга қайтишга рухсат сўраган, аммо рад жавобини олган. Худоёрхон иккинчи марта мурожат қилган. Бу ариза сенатда кўриб чиқилиб Худоёрхонга Қўқонга қайтишга рухсат берилган. Аммо бундан хабарсиз Худоёрхон яширин ҳолда Қўқонга қайтмоқчи бўлган. Йўлда вафот этган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин