Саналар
21.12.2024
Баннер
Муҳаммад Амин Иноқ
PDF Босма E-mail

(тахминан 1730-1790)
(1770-1790)

Хива хонлигини идора қилган қўнғирот сулоласи асосчиси. Иноқлардан Муҳамад Амин иноқлик лавозимига кўтарилган. Туркманларнинг ёвмут ва човдур қабилаларига қарши кураш олиб борган, лекин муваффақиятсизликка учраб Бухорога, Дониёлбий оталиқ ёнига кетган. Хоразмни бутунлай эгаллаб олган ёвмутлар Хива тахтига Гўйибхоннинг ўғли Жаҳонгирхонни кўтарганлар. Унинг даврида (1769-1770-йиллар) беш қалъа (Ҳазорасп, Хонқа, Урганч, Кат ва Шоҳобод)да очарчилик ва вабо тарқалиб ўзбеклар Орол ва Бухорога кетганлар. 1770-йил Муҳаммад Амин иноқ Бухородан қайтиб келиб ёвмутларни Хоразмдан қувғин қилган, тахтга Абулхайрхоннинг ўғли Бўлакайхонни ўтқазган. 1782-йилда Бухоро хони қўшинлари қўшинлари ҳужумини даф этади. Муҳаммад Амин иноқ мустақил бекларни ҳам бўйсундирганидан кейин Хива хонлигида иқтисодий ҳаёт бир қадар жонлана бошлади. Ўзга юртларга қочиб кетган аҳоли аста-секин қайтиб кела бошлади.
Муҳаммад Амин иноқ хон авлодидан бўлмагани учун тахтга қўғирчоқ хонларни ўтқазиб, ҳокимиятни улар номидан бошқара бошлаган. Муҳаммад Амин иноқ 20 йил мобайнида 13 марта Хива хонини алмаштирган. Фақатгина Муҳаммад Амин иноқнинг набираси Элтузар (1804-1806-йиллар) 1804-йилда четдан чақирилган сохта хон Абулғозини тахтдан тушириб, ўзига хон унвонини қабул қилади. Хоразимлик тарихчилар (Мунис, Огаҳий, Баёний ва бошқалар) Муҳаммад Амин иноқ ҳусусида анча илиқ фикр билдирганлар. Муҳаммад Амин иноқ даврида Хива шаҳрида Муҳаммад Амин иноқ мадрасаси қурилди (1765-йил), шаҳарнинг Нодиршоҳ босқинида вайрон бўлган девори ва дарвозалари қайта тикланди (1785-йил), Хиванинг Жоме масжиди қайта қурилиб, унинг ёнида чиройли минора қад кўтарган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин