Саналар
21.12.2024
Баннер
Абулғози Баҳодирхон
PDF Босма E-mail

(1603-йил 23-август, Урганч – 1663-йил апрел, Хива)
(1644-1663)

Хива хони, шайбонийлар сулоласидан, тарихчи ва табиб. Абулғози Баҳодирхоннинг оғалари Ҳабаш султон ва Элбарс султон оталари Араб Муҳаммадхонни енгиб, уни Қум қалъасига қамадилар. Отасининг тарафдорлари бўлган катта оғаси Асфандиёр Эронга, Абулғози Баҳодирхон эса Бухорога Имомқулихон ҳузурига қочди. 1623-йилда акаси Асфандиёрхон Хива тахтини эгаллагач, Абулғози Баҳодирхон Урганчга ҳоким қилиб тайинланди. Лекин Асфандиёрхон билан ўрталарида низо чиқиб, Абулғози Баҳодирхон 1627-йилда қозоқ хони Эшимхон ҳузурига қочди; кейин икки йил Тошкент ҳокими Турсунхон билан бирга бўлди. Кўп ўтмай, туркманларнинг таклифига биноан у яна Хоразмга қайтди. Асфандиёр уни Хива ҳокими қилиб тайинлашга мажбур бўлди. 1629-йилда туркманлар Эронга тобе бўлган Нисо ва Дорунни босиб олдилар. Асфандиёрхон Эрон билан муносабатларнинг тамоман жиддийлашиб кетишидан чўчиб, айбни Абулғози Баҳодирхонга тўнкади ва уни 1630-йил қишида Эрон подшоҳи ҳузурига гаров тариқасида юборди. Абулғози Баҳодирхон шу тариқа 10 йил Эронда, Исфахон яқинидаги Таборак қалъасида қамоқда яшади. 1639-йилнинг ёзида у тутқунликдан қочишга муваффақ бўлди. Абулғози Баҳодирхон бир неча йил тахт учун кураш олиб бориб, ниҳоят 1644-йилда ҳокимиятни ўғли Анушахонга топширди. Абулғози Бухоро хони Абдулазиз билан Субҳонқулихон ўртасидаги рақобатга ҳам аралашди, чунки, Субҳонқулихон Абулғозининг жиянига уйланган эди. Бухоро хони билан сулҳ тузишга эришилди. Шунга қарамай, Абулғозихон 1663-йили етти марта Бухоро хонлиги устига юриш уюштирди: Қоракўл, Чоржўй, Вардонзе туманларини талон-тарож қилди. У Бухоро хони Абдулазизхон даврида Бухорога кўпгина талончилик юришларини олиб борган. Унинг босқинчилик юришлари Бухоро хонлигининг сиёсий ва иқтисодий аҳволига ёмон таъсир кўрсатди ва ижтимоий-сиёсий аҳволни мураккаблаштириб юборди. Абулғози қабила бошлиқлари нуфузини ошириш билан уларнинг марказий ҳокимиятга қарши хатти-ҳаракатларига барҳам бермоқчи бўлди. У хонликдаги барча қабилаларни тўрт гуруҳга бўлди: қиёт-қўнғирот, уйғур-найман, қанғли-қипчоқ, нукуз-манғит. Бунда қабилаларнинг урф-одатлари, турмуш тарзи ва қариндошчилик алоқалари ҳамда жойлашган ери ҳисобга олинди. Мазкур тўрт гуруҳ яна ўн тўрт майда уруғлар ҳам қўшилган. Ҳар бир қабилавий гуруҳга боғлиқ – иноқ тайинланиб, хон шу иноқ орқали қабилага тегишли масалаларни ҳал қилган. Иноқлар хоннинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида саройда истиқомат қилганлар. Абулғози Баҳодирхон саройида хон ҳашами 32 қабила бошлиғи – иноқлардан иборат эди.
Абулғози Баҳодирхон йирик тарихчи олим сифатида ҳам эътиборга сазовор. Унинг 9 бобдан иборат “Шажараи Турк” ҳамда “Шажараи тарокима” (“Туркманлар шажараси”) асарлари Ўзбекистон, умуман Ўрта Осиё тарихига оид қимматли манбалардан ҳисобланади. Абулғозихон “Шажараи турк” асари билан «Хоразм тарихчилик мактаби»га асос солган. Абулғози Баҳодирхон тиббиёт илмига оид “Манофиул инсон” (“Инсонга фойдали тадбирлар”) номли асар ҳам ёзган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин