(1394-йил 22-март, Султония шаҳри, Эрон Озарбайжони - 1449-йил 27-октабр, Самарқанд) (1409-1449)
Улуғбек ўзбек халқи тарихида буюк астроном ва математик, давлат арбоби сифатида из қолдирган. Шоҳрухнинг ўғли, Амир Темурнинг набирасидир Соҳибқироннинг “беш йиллик юриш”ида (1392-96) Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилиш чоғида туғилган. Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарида ёзишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади. Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади. Унинг ўз набирасига Муҳаммад Тарағай ва Улуғбек деб исм қўйганини ҳам мунажжимларнинг юқоридаги башорати билан боғлаш мумкин. Амир Темур Улуғбек тарбиясига алоҳида эътибор берган ва уни давлат аҳамиятига молик тадбирларда қатнаштирган. Клавихонинг қайд этишича, Улуғбек бобосининг хорижий элчиларни қабул қилиш маросимларида иштирок этган. 1404-йил Конигилда ўтказилган тантаналарда Амир Темур олтита набирасининг (жумладан, Улуғбекнинг) никоҳ тўйларини ўтказган. Тўйда Соҳибқирон Улуғбекка Тошкент, Сайрам, Янги (ҳоз. Тароз), Ашпара ва Мўғулистонни то Хитой ҳудудигача суюрғол қилиб берган. Амир Темур Ўтрорда вафот этган чоғда Улуғбек ҳам ўша ерда бўлган. Темурийлар ўртасида тожу тахт учун кураш бошланган. Ўтрордан қайтган Шоҳрух фарзандлари - Улуғбек ва Иброҳим Султонни амирлар пойтахт Самарқандга киритмайдилар, улар Бухородан паноҳ топишган. Самарқанд тахтини Халил Султон эгаллаган. Хуросонни бошқариб турган Шоҳрух Улуғбекка дастлаб Андхўй билан Шибирғонни, кейинчалик Хуросоннинг Тус, Хабушон, Калот, Бовард, Насо, Ёзир, Сабзавор ва Нишопурдан иборат қисмини бошқаришни топширган. 1410-йил Шоҳрух Мовароуннаҳрни ўз тасарруфига киритгач, уни идора этишни Туркистон вилояти билан бирга Улуғбекка топшириб, Соҳибқирон васиятини қайта тиклаган. Улуғбек ёш (15 ёш) бўлгани сабабли амир Шоҳмалик унга ҳомий этиб белгиланган. Лекин Шоҳмаликнинг рақиби - Ўтрордаги Шайх Нуриддин ва Муҳаммад Жаҳонгирнинг Ҳисордаги волийлари 1410- йил баҳорида Улуғбек ва Шоҳмаликка қарши чиққанлар. Шу йилнинг ёзида Шоҳрух иштирокида бўлган жангда Шоҳмалик ва Улуғбек ғалаба қилганлар. 1411-йил сентабрда Шоҳрух Самарқандга келиб, Шоҳмаликни ўзи билан Ҳиротга олиб кетган ва кейинчалик Хоразмга ҳоким қилиб юборган (1413). Шу вақтдан бошлаб Улуғбек Мовароуннаҳрни мустақил идора этишга киришган. Шоҳрух Мовароуннаҳрда бошқа темурий шаҳзодаларга ҳам мулк ажратган эди. Чунончи, Ҳисори Шодмонни Муҳаммад Султоннинг ўғли Муҳаммад Жаҳонгир мирзога, Ўзганд вилоятини Умаршайхнинг ўғли Амирак Аҳмадга суюрғол қилган эди. Бироқ улар Улуғбекка тобе эдилар. 1414-15-йил улар ўртасида ихтилоф чиқиб, Улуғбек Амирак Аҳмад устига қўшин тортган ва уни енгган. Шоҳрух Амирак Аҳмадни Хуросонга чақиртириб олган; Қашғар ҳам то 1428-йилгача Улуғбекка тегишли бўлган. Улуғбек ўз ҳукмронлиги давомида 2 марта йирик ҳарбий юриш қилган. Биринчисида 1425-йил Мўғулистон хони Шермуҳаммад ўғлон (1421-1425) ўзини мустақил хон деб эълон қилганда, Улуғбек унга қарши юриш қилиб зафар қозонган. Улуғбекнинг 2-юриши Сиғноқ шаҳри томон бўлган. Сирдарёнинг қуйи ҳавзаси Улуғбек тасарруфида эди. Улуғбек 1427-йил Сиғноқ яқинида унинг мулкига таҳдид қилган Бароқ ўғлон билан тўқнашган ва мағлубиятга учраган. Душман Улуғбекни таъқиб қилиб, Самарқанд остоналаригача келган. Мовароуннаҳр хавф остида қолганлиги туфайли Шоҳрух Хуросондан катта лашкар тортиб келиб хавфни бартараф этади. Шоҳрух вафоти (1447, 12 март)дан кейин Улуғбекнинг катта ўғли Абдуллатиф ворис сифатида Темурийлар ҳукмдори бўлиб қолади. Лекин Шоҳрухнинг қаттиққўл хотини Гавҳаршод бегим бу ҳақда ўз фикрига эга эди. У Шоҳрух даврида Темурийларнинг пойтахти бўлиб қолган Ҳирот тахтига марҳумнинг 3-ўғли бўлмиш Бойсунғур мирзонинг ўғли ва суюкли набираси Алоуддавла мирзони ўтқазиш тарафдори эди. Гавҳаршод бегим Ҳирот тахтига Алоуддавлани ўтқазганини Улуғбекка нисбатан исён деб қаралмоғи керак эди. Шунинг учун Улуғбек 1448-йил баҳорида Абдуллатиф билан биргаликда 90 минг аскар билан Хуросонга келиб, Ҳирот яқинида бўлган жангда Алоуддавлани тор-мор қилади. Ғалаба Абдуллатифнинг шахсий шижоати ва лашкарбошилик истеъдоди туфайли эришилган бўлса ҳам, Улуғбек фатҳномани кичик ўғли Абдулазиз номидан эълон қилади. Ундан ташқари, бобоси Шоҳрух томонидан Абдуллатифга васият қилинган Ҳиротдаги Ихтиёриддин қалъаси ва унинг ичидаги бойликларини ҳам Улуғбек Абдулазизга беради. Шундан сўнг Улуғбек билан Абдуллатиф ўртасидаги муносабат очиқ душманлик тусини олади. Улуғбек Самарқандда Абдулазизни қолдириб, лашкар билан катта ўғлига қарши жангга юради. Абдуллатиф ҳам ўз лашкари билан Амударё ёқасига келиб туради. Иккала лашкар ҳам дарёнинг 2 соҳилида узоқ муддат туриб, сувни кечиб ўтишга ботинмайди. Бу орада Улуғбек, Абдулазиз лашкардаги амирларнинг оилаларини таъқиб этаётир, - деган хабарни эшитиб, Самарқандга қайтиб келишга мажбур бўлади ва шаҳар аҳолисининг Абдулазизга қарши исён кўтарганининг гувоҳи бўлади. Тезда шаҳарни тартибга келтириб, яна Абдуллатифга қарши жангга йўлланади, лекин Самарқанд яқинида ундан мағлубиятга учрайди. Орадан кўп ўтмай, Улуғбек Абдуллатиф буйруғи билан қатл этилади. Унинг жасади Гўри Амир мақбарасига дафн этилган. Улуғбек отаси Шоҳрух даврида сиёсий ҳукмдор сифатида ички ва ташқи сиёсат бобида бирмунча мустақил бўлган. Бошқа давлатлар билан бевосита савдо ва элчилик муносабатлари олиб борган. Улуғбек даврида Самарқанд шаҳри янада равнақ топган. Шаҳарда ҳунармандчилик, меъморлик, адабиёт, умуман илм-фан юксалди, савдо тараққий этди. Бухорода (1417), Самарқандда (1420), Ғиждувонда (1432-33) мадрасалар ва Марвда хайрия муассасалари қурилди. Мадрасаларда диний фанлар билан бирга дунёвий фанлар ҳам ўқитилди, кўпроқ аниқ фанларга аҳамият берилди. Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳизинда ва Регистон мажмуалари қурилишлари поёнига этказилди. Бундан ташқари, мамлакатда кўплаб жамоат иншоотлари (карвонсарой), тим, чорсу, ҳаммомлар ва бошқа ҳам бунёд этилган. Улуғбек Ўрта Осиё халқлари илм-фани ва маданиятини ўрта аср шароитида дунё фанининг энг юқори поғонасига олиб чиқди. Унинг қилган энг буюк иши - Самарқанд илмий мактабини ўша давр академиясини барпо этганлиги бўлди. Бу илмий мактабда 200 дан ортиқ олимлар фаолият олиб борган. Улар орасида энг йириклари Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший эди. Улуғбекнинг илмий мактаби ўз фаолиятида ўртаосиёлик машҳур олимлар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абул Аббос ал-Жавҳарий, Ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Марвазий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Берунийлар бошлаб берган илмий анъанага асосланар эди. Улуғбек Самарқанд яқинида расадхона барпо қилди. Улуғбек академиясидаги йирик олим - Али Қушчини Улуғбек “Зижи”нинг сўзбошисида “фарзанди аржуманд”, яъни “азиз фарзандим” дейди. Аслида у Улуғбекнинг садоқатли шогирди бўлиб, “Зиж” устида ишлар поёнига етказилгунига қадар устозига ёрдам берган. Улуғбек Самарқандда 2 та мадраса: бири - Регистон ансамбли таркибида ва иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида барпо қилган. Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган. Бошқа вақтини кўпроқ астрономик кузатишларга, “Зиж” устида ишлашга ва давлат ишларига бағишлаган. Улуғбекнинг яна бир математик асари “Рисолаи Улуғбек” деб аталади ва унинг 1-нусхаси Ҳиндистонда Алигарх университети кутубхонасида сақланади, ҳали ўрганилмаган. Фан ва маданият тарихида сўнмас из қолдирган Улуғбекнинг илмий мероси унинг “Зиж”идир. Бу асар сайёралар, Қуёш ва Ой ҳаракатини талқин қилиш, юлдузлар каталоги ва унда қўлланилган математик усуллари бўйича ўрта асрлардаги астрономик асарларнинг энг мукаммали бўлганлиги учун авваламбор у мусулмон мамлакатларидаги олимларнинг диққатини жалб қилган. “Зиж”га илк шарҳни Улуғбекнинг шогирди Али Қушчи “Чарҳи Зижи Улуғбек” номи билан ёзган. Ўша ХВ асрнинг ўзида қоҳиралик мунажжим Шамсиддин Муҳаммад ас-Сўфий ал-Мисрий “Ташил Зижи Улуғбек” (“Улуғбек “Зиж”ини осонлаштириш”) номли асар ёзиб, унда Улуғбек жадвалларини Қоҳиранинг географик кенглигига мослаштирди. Улуғбек “Зиж”ига ёзилган энг мукаммал шарҳ Самарқанд илмий мактабининг энг сўнгги намояндаси Низомиддин Абдул Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Биржандийнинг 1523-йил ёзиб тугатилган “Шарҳи Зижи Улуғбек” асаридир. Улуғбекнинг номи Европада ва умуман Ғарб мамлакатларида буюк бобоси Амир Темурнинг шуҳрати туфайли анча илгари маълум бўлган. Европа Амир Темур ва унинг оила аъзолари ҳақида 1-бўлиб Самарқандга 1403-1405-йиллар саёҳат қилган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавиходан эшитган. Клавихонинг “Кундаликлар”и 1582-йил Севиляда ва 1607-йил Парижда нашр этилганидан сўнг европаликлар дарҳол Амир Темур ва унинг оила аъзолари билан қизиққанлар. Улуғбек номи ХВИИ аср бошиданоқ (1601-йилдан) Амир Темурга бағишланган драматик асарларда эслатилади. Бевосита Улуғбекка бағишланган Европадаги 1-нашр инглиз астрономи Жон Гривс (1602-52) қаламига оид. Унинг 1648-йил нашр этилган асарида Улуғбек юлдузлар жадвалининг бир қисми (98 та юлдуз) илова қилинган. 1665-йил яна бир инглиз олими Томас Хайд (1636-1703) Гривс билан боғланмаган ҳолда “Зиж”даги юлдузлар жадвалини форсий ва лотинча таржимада нашр этган. 1690-йил Гданскда поляк астрономи Ян Гевелий чоп эттирган “Юлдузлар осмонининг атласи”даги иккита гравюрада ўша даврнинг машҳур астрономлари орасидан Улуғбекка фахрли ўрин берган, унда Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Риччиоли, Вилгелм ИВ ва ўзининг жадваллари билан солиштирган. 1711-йил Оксфордда Улуғбекнинг географик жадвали 3-марта нашр этилган. 1807-йил ўша ерда бу жадвал янги грек тилида ҳам нашр этилган. 1725-йил инглиз астрономи Д. Флеметид (1646-1719) Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Вилгелм ИВ, Ян Гевелий ва ўзининг жадваллари билан бирга нашр этган. 1908-09-йиллар В.Л. Вяткин Улуғбек расадхонасининг харобаларини ва унинг асосий асбоби - квадрантини кавлаб топгандан сўнг, Самарқанд олимларининг фаолиятига янгидан қизиқиш бошланади. Натижада 1918-йил В. В. Бартолднинг “Улуғбек ва унинг даври” асари нашр этилган. Совет даврида Улуғбекнинг ҳаёти ва ижоди билан мамлакат жамоатчилигини таништириш бўйича Т.Н. Қори-Ниёзий кўп саъй-ҳаракат қилган. Улуғбек ижодини тарғиб қилишда Ғ. Жалолов ва В. П. Шчегловларнинг нашрлари ҳам диққатга сазовордир. ХХ асрнинг 80-йиллари бошига келиб Улуғбек “Зиж”ининг тўлиқ ва мукаммал ҳолда, илмий изоҳлар билан таъминланган таржимасини А. Аҳмедов 1994-йил амалга ошириб, нашр эттирди. Яқин йилларгача Улуғбек фақат астроном ва математик деб ҳисобланарди. Лекин ХХ аср охирида унинг ижоди серқирра бўлиб, у тарих, шеърият ва мусиқа бобида ҳам қалам тебратгани аниқланди. Тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар “Тарихи Рашидий” асарида “Мирзо Улуғбек тарихнавис донишманд (ва) “Тўрт улус” (тарихи)ни (ҳам) ёзиб қолдирган эди”, деб ёзган. Улуғбекнинг туркийда ёзган “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”) асари Чингизхон босиб олган мамлакатларнинг ХИИИ-ХИВ асрлар 1-ярмидаги сиёсий ҳаётини ўрганишда муҳим манбадир. Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” ва Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарларида ҳам унинг шеърларидан намуналар келтирилган. Унинг даврида кўпгина асарлар араб ва форс тилидан эски ўзбек тилига таржима қилинган. Улуғбек ташкил этган бой кутубхонада турли фанларга оид 15 мингдан ортиқ жилдли китоб бўлган. Улуғбек ёшлигидан ўзга фанлар қатори мусиқа илмидан сабоқ олиб, бир қатор куй ва усуллар яратган, бу соҳага оид 5 та рисола ҳам ёзган. “Рисола дар илми мусиқа” номли асари мусиқа тарихига бағишланиб, унда “12 мақом баёни”га доир махсус боби ҳам бўлган. Улуғбек “булужий”, “шодиёна”, “ахлоқий”, “табризий”, “усули равон” ва “усули отлиг” куйларини ижод қилади. Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги 1994-йил апрелда Парижда, октабрда Тошкент ва Самарқандда тантанали равишда нишонланди ва халқаро конференсиялар ўтказилди. Шу йили Тошкентда Улуғбекка ҳайкал ўрнатилди. Улуғбек сиймоси Пулково расадхонаси, Москва университети конференс-залларида дунёдаги машҳур олимларнинг портретлари қаторидан жой олган. Самарқандда Улуғбекнинг мемориал музейи ташкил этилган. Тошкентда Ўзбекистон миллий университети, туман, кўча, маҳалла, метро стансияси, истироҳат боғи, шаҳарча Улуғбек номи билан аталади. Фарғона педагогика университетига, Самарқанд архитектура-қурилиш институтига, Китоб халқаро кенглик стансиясига, қишлоқ, мактаб ва бошқага Улуғбек номи берилган. Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида песа (М. Шайхзода, “Мирзо Улуғбек” трагедияси), роман (О. Ёқубов, “Улуғбек хазинаси”; С. Бородин, “Самарқанд осмонида юлдузлар”), опера (А. Козловский, “Улуғбек”), поема (М. Бобоев, “Улуғбек”), балет (М. Бафоев, “Улуғбек буржи”), филм (Реж. Латиф Файзиев, “Улуғбек юлдузи”, 1965) ва бошқа яратилган.
|